Одил Ёқубов. Фотиҳа (этюд)

Қишлоқда расм бор: олти-етти ой, ҳатто бир йилдан кейин борсангиз ҳам бу орада вафот этган таниш-билишларга фотиҳа ўқиб, оила аъзоларига таъзия билдиришингиз керак.
Қишлоққа бир борганимда, бизнинг сой маҳалладан ёш бир йигит вафот этганини айтиб қолишди. Мўйсафид амаким ва ўқитувчи жияним билан марҳумга фотиҳа ўқигани бордик.
Мен марҳумни болалигидан танир эдим. У эри фронтда ҳалок бўлган, муштипар бир беванинг ёлғиз ўғли эди.
Йигит армия сафида уч йил хизмат қилиб, у ердан яхшигина монтёр бўлиб, рус қизига уйланиб қайтган, лекин кўп ўтмай, тўғон қурилишидан ток уриб ўлган эди.
Бу воқеа мен боришдан қарийб бир йил аввал содир бўлган, бу орада келин ҳам Россияга кетиб қолган эди.
Муштипар она қизининг уйига кўчиб ўтган экан, бизни куёв бола бўлса керак, олифталарча кийинган, ёш, қувноқ бир йигит қарши олди ва деразалари тоққа қараган катта чорси хонага бошлаб кирди.
Уйнинг тўрида, бошида кўк дока рўмол, озғингина бир хотин кўрпа қавиб ўтирарди. Биз киришимиз билан аёл ўрнидан турди ва рўмолини юзига тортганича четлаб юриб, тоғ томондаги ичкариги уйга кириб кетди.
Амаким фотиҳа ўқиди. Кейин дастурхон ёзилди. Чой устида гап-сўз, ҳар хил ҳангомалар. Куёв бола ҳам хушчақчақ йигит экан, у ёқ-бу ёқдан гапириб, кулдириб ўтирди. Ниҳоят, бир-икки пиёла чой ичилгач, қўзғалдик.
Биз ҳовлига чиқиб, кўчага бурилганимизда қаердандир орқадан, боғ томондаги уйдан, ҳазин бир куй қулоғимга чалингандай бўлди. Беихтиёр қадамимни секинлатдиму аъзойи-баданим қақшаб кетди. Мен куй, деб ўйлаган товуш куй эмас, она йиғиси эди!.. Она секин, гўё биздан иймангандай, гўё хушчақчақ куёв боласи эшитиб қолишидан қўрққандай, оҳиста йўқсаб, нималарнидир айтиб йиғларди. Унинг сўзларини тушуниб бўлмас, лекин нима деяётганини ҳазин куйдай мунгли овози ўзи айтиб турар, у кимгадир зорланар, фарёд чекар, нола қилар эди.
Нега биз бу остонага келдик? Нега муштипар онанинг битмаган ярасини қайта тирнадик? Нега дастурхон устида гурунглашиб ўтирдик, ҳиринглашиб кулишдик? Ахир биз учун у йигитнинг ўлганига бир йил ўтган бўлса ўтгандир, лекин она-чи? Она учун ўғлининг ўчмас сиймоси кўз олдида ҳанузгача тургандир, ахир?
Шу-шу бирор жойга фотиҳага борсам, бўлакча мунгга, қандайдир юксак мусибат, овунчсиз нолага тўла ўша товуш эсимга тушади. Бу товуш бировларнинг мусибатини чуқурроқ ҳис қилишга, сукут сақлашга даъват этади.