Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон. Қиёмат (ҳикоя)

Жарчи ҳар куни эрта уйғонади.
Раҳматли отаси болалигидан уни шунга ўргатган.
Ювиниб-тозаланиб, ич уйга кириб, тонгги намозга жар солади.
Жарчилик унга раҳматли отасидан ўтган.
Отаси айтишича, унинг ҳам отаси шу қишлоқда жар чақириб ўтган. Ундан олдин катта бобоси…
Бу наслга ўзи жарчиликка дуо кетган. Етти пушт эл-юрт хизматида ўтди. Маҳаллама-маҳалла кезиб бир тўйга, бир азага чақиради. Яёв кезади ё эшакка миниб олади. Бирда ҳашарми ё бошқа йиғинми ‒ уларга ҳам чорлаб қолади.
Энг асосийси ‒ намозга чақиради. Кунда беш маҳал.
Бу музофот мачитлари турли замонларда бу насл жари билан одамга тўлган: намозлар ўқилган, панд-насиҳатлар тингланган.
Минораларнинг тепага ўрлаган ич зиналари ва мезаналари етти пуштнинг товонини ҳидлаган. Етти пуштнинг қадами ялай-ялай зина кирпичлари ейилиб-ейилиб, ялтираблар кетган.
Бошқа ерларни билмадиг-у, эскидан бу атрофда намозга жар чақирган одам тўй-маъракага ҳам жар чақириши анъана бўлиб қолган. Халқ уларни “Палончи жарчи” деб ўрганган. Камдан-кам одам “муаззин” демаса, асосан “жарчи” сўзи машҳур.
Айтганча, ҳов бир замонлар “сўпи” ҳам деб қўйишарди. Қизиғи ‒ юзма-юз турганда ҳар ким ёшига қараб ё “ сўпи”, ё “сўпи ака”, ё “сўпи тоға”, ё “сўпи катта” деб қолади, аммо орқасидан каттаю кичик бирдай отини қўшиб “Палончи жарчи” дейди.
Энг катта бобо хон замонларида шаҳарда жарчи-сўпилик қилган экан. Умри Қўқон аҳлини мачитга, намозга, охират азобларидан қутулишга чақириш билан ўтган, дейишади. Отадан болага, боладан невараю эвараларга ўтиб келган ривоятларга кўра, ўша катта бобонинг азонини эшитиш учун ҳатто Қўқон теварагидаги қишлоқлардан мўминлар атай шаҳарга келишган.
‒ У катта бобомизнинг оталари, яъни, янаям катта бобомиз мураттаб қори бўлган эканлар, ‒ дейди Жарчи қўлтиғида ўтирган тўрт яшар неварасига қулоқ-чаккаси аралаш чап ёнбош-тепадан армонли боқаркан. Ҳар гал ота-бобоси ҳақида эслаганида, одатда, кўзи намланади, овози қалтираброқ чиқади. ‒ Хонлик замонида у кишини “Булбул қори” дейишаркан! Ҳар маҳаллада камида ўнтадан қори бўлган замонлар эл унча-мунча одамни “Булбул қори” деб тан олмайди! Ўҳ-ҳў! Бобомизнинг номлари етти иқлимга кетган экан…
Буларни айтаркан, ҳар сафар ширин бир энтикиб қўяди. Ёшли кўзини узоқ-узоқларга тикади. Худди шу қарашида ўша асрни ва ўша бобосини кўраётгандай, чақираётган азон сасларини ё Қуръон тиловатларини эшитаётгандай бўлади, юраги ҳаприқиб кетади. Аллапайтгача кўзини уза олмай қолади ўша узоқ томонлардан.
‒ Лекин жарчиликни ҳам ташламаганлар. Оллоҳ ҳар кимга бир нарса беради, болам, бизнинг авлодга овоздан берган!
Гал бобога келганида Туркистонга ўрис бостирган, талотўп бошланган даврлар эди. Бир кунда олти (таҳажжудга ҳам), айрим кунлари етти, саккиз… ҳатто ўн маҳал азон чақиришга тўғри келган. Шундан олти маҳали намоз учун бўлса, қолганини одамларни мачитга тўплаш учун чақирган. Мачитларда қавмга муҳим хабарлар етказилар ё Хон олий ҳазратларининг янги фармонлари ўқиб эшиттирилар эди.
Мамлакатдаги ҳамма мачитда шу иш: эркак зотини ўрисга қарши оёқлантириш учун миноралардан азон айтилар ёки кўчама-кўча юриб жар чақирилар эди.
‒ Намоз вақти одамлар бу чақириқ намозга эканини билган. Келиб намозини ўқигану уй-уйига ё иш-ишига тарқаб кетаверган. Аммо бошқа вақтлари чақирилса, демак, бошқа нарсага эканини сезган. Кўплар мачитга биратўла тайёрланиб келиб, икки ракат намоз ўқигану юртни кофир нажасдан қўриш учун ўша ердан тўғри урушга жўнаб кетаверар экан, ‒ деб ҳикоя қилади Жарчи. Сўзларкан, неварасининг жингалак сочларини силаб-силаб қўяди. Овозида қандайдир чексиз армон аломатлари сезилади. ‒ Лекин у боболаримиз юртни ўрисдан асраб қолишолмади. Ўзимизнинг хон тахтдан кетиб, ўрнига оқпошшо келди. Кофир ютди, мусулмон ютқизди, мамлакат ўрис қўлига ўтди. Шунда ҳам бобом умрининг охиригача азон айтиб, жар чақириб ўтган, болам…
Жарчилик отасига ўтганида пошшо яна ўзгаради. Энди ҳокимиятга динсиз биттаси келади.
‒ Оқпошшо кофир бўлгани билан Худони йўқ демади, динимизни қўйиб берди, аммо Лелин дегани ғирт кофир экан. Булар ўзини “шўро-совет” деб атарди. Оғир паллалар бошланди, ‒ дерди Жарчи кўзидан росмана ёш думалатиб.
Невара қўлтиқда худди эртак эшитаётгандек берилиб ўтираркан, ҳар-ҳар замон бобосининг соқолидан тортқилаб-тортқилаб қўярди.
‒ Ҳа, ўрис пошшоси давлатимизни йиқди, еримизни босди, бойлигимизни талади, лекин намозга тегмади, мачитни ёпмади. Аммо “совет” дегани ёмон чиқди, болам, совет молимизга ҳам, жонимизга ҳам чанг солди… Уйимиздан ҳўкизимиз-молимизгача тортиб олгани етмагандай, юрагимиздан динимизни ҳам суғуриб-чиқариб ташлади. Туппа-тузук мўмин-мусулмонни ўзига ўхшаган “ўрис” қипқўйди. Намоз қолмади… мачитимизни ҳаром оёқлар топтади… “мусулмон уммати” эдик, бир думалаб “совет кишиси”га айландик…

* * *

Албатта, юрт бошига бу кулфатлар бирданига ёғилмаган. Совет давлати илк йиллари динга тегмай турган, ҳаёт худди илгаридагидек давом этган. Тўғри, айрим имони кучсизлар тойди, лекин миноралардан жарчилар одамларни ҳали ҳам намозга чақирар, юрт осмони азонсиз қолмаган эди. Мачитлар тўлибми-тўлмайми ҳарҳолда намоз ўқиларди.
Сўнгра…
Ҳокимияти кучайган сари совет қутурди ‒ динни чўпчак деди, Қуръон ўқиганни қамади, сургун қилди. Бор нарсамизни эскилик сарқити деб эълон этди. Ўзимизни ўзимизга бегона қилиб, ўзимизнинг ҳаётимизни ўзимизга хунук кўрсатиб қўйди.
Бора-бора Оллоҳга қарши уруш очди: мачитларни ёпди, чўчқахоналарга айлантирди, минораларни қулатди. Омон қолганлари тутунсиз мўри каби тумшайиб қолди. Азон, намоз бекор қилинди.
Бир куни шундай бўлди ‒ ота жарчига иш қолмади. Жар чақирса, ўликка ё тўйгагина чақирадиган бўлди.
Уйига биқинди. Намозга жарни ҳам уй ичида айтадиган бўлди. Пастгина товушда… Биров эшитиб қолмасин деб…
Ўрганган. Қандай ташлайди? Ўртада отасининг васияти бор. Минг йилдан бери суриб келаётган оила ипи унга келганида узилсинми? Асрлар қаъридан оғиздан-оғизга, қўлдан-қўлга ўтиб келган омонатга у хиёнат қиладими? Наҳот энди ҳаммаси тўхтайди?!
Бундай бўлишига у сира кўнмайди. Тўртта маймун Оллоҳни йўқ деса, Оллоҳ йўқ бўлармиди! Шунча замондан бери юрт узра янграб келган азон саслари ҳам энди унга келганида сўниб қолмайди!
Ота жарчи қайсарлик билан оёғини қаттиқ тиради: ҳар куни вақтида таҳоратини олар, кимсасиз бир уйига кирар, пардаларни туширар, қиблага юзланар ва… бир ўзи эшитадиган паст товушда ўзига ўзи жар солар эди:
‒ Оллоҳ буюкдир!.. Оллоҳ буюкдир!.. Оллоҳ буюкдир!.. Оллоҳ буюкдир!..
Ташқарида эса, ёввойи бир мафкура қиличини яланғочлаб кўчама-кўча изғигани изғиган эди. Кўзига сал бошқачароқ кўринса, йўлида учраганни қоқ иккига бўлиб ташлар, қонини шамолга совурар, кечаю кундуз тинмайдиган шафқатсиз шамол у қон томчиларини бутун водий бўйлаб сачратиб, юрт юзини қизилга бўяб ташлар эди.
Тирикликдан кўзланган мақсад ўзгарди. Ўзгартирилди. Нигоҳлар бошқа томонга бурилди. Азон ҳам, намоз ҳам кўчада жон сақлай олмай қолди ‒ маҳрамлаша-маҳрамлаша олдин ҳовлиларга, сўнгра уй ичларига кириб кетди…
Энди азон сасини тахмонга йиғилган кўрпалар, деразага осилган пардалар, қўйингки, уйдаги бор нарсалар ва… уни айтаётган одамнинг ўзи эшитадиган бўлди.
Ота жарчи билганидан қолмади. Бир бошга бир ўлим деди.
Катта боболаридан кичик боболарига ва то яқин бобосидан отасига, отасидан ўзига ўтган ип учини энди у ҳам боласига тутқазиб кетмаса, виждонига хиёнат қилаётгандек бўлаверарди. Майли, ҳозирча ўзи ўзини чақирсин, майли, азон товушини битта ўзи эшитсин, лекин чақиради! Чақираверади! Асл ҳақиқатлар ҳеч бўлмаганда ҳаво зарралари, уй деворлари, кўрпа-тўшаклар хотирасида қолади-ку, деди.
Ҳафсала билан, такрор-такрор жар солаверди:
‒ Гувоҳлик бераман: Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!.. Гувоҳлик бераман: Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!..
У оғир замонларда ҳозирда қари чол бўлиб қолган мана шу боласи анча ёш эди. Ота кўчада бегона тугул, ҳатто уйида хотинию шу ёш боласи қулоғига чалиниб қолишидан чўчиб (кўчада ўртоқларига айтса, улар оталарига айтса, улар қаерларгадир бориб кимларгадир айтса, шу азонимдан ҳам қуруқ қолмайин деб), ёлғиз ўзи эшитадиган даражада паст товушда жар соларди:
‒ Гувоҳлик бераман: Муҳаммад Оллоҳнинг элчисидир!.. Гувоҳлик бераман: Муҳаммад Оллоҳнинг элчисидир!..
Қандай кунларга қолдик? Яқин-яқин замонларда, минораларга чиқилиб, товушлар бор бўйига қўйилиб, етти иқлим мачитга чорланар эди. Энди бўлса… пичирлаб… биров эшитиб қолмасин деб…
‒ Намозга шошилинглар!.. Қутулишга шошилинглар!..
Ҳатто уйидагиларни, ҳатто ўз болаларини намозга чақириб бўлмаса-я?!
Юраги эзиларди. Аммо иложсиз эди. Ўзини худди эшик-деразаси йўқ қоронғи уйга кириб қолгандек ҳис этар, зулматдан чиқар йўлни топа олмай баттар ўксир эди. Қўлидан келгани ‒ хилват уйида… тахмон томонга юзланиб…
…йиғлар, танимсиз кўзёш тўкар… туриб йиғлар, ўтириб йиғлар, ётиб йиғлар… бир ўзи, ёлғиз ўзи йиғлар эди…

* * *

Бир куни пионер боласи мактабдан келиб, ҳовлидан ҳеч кимни топмагач, бу ҳилват ҳужрага кириб қолди ва отасини йиғи ичра кўрди. Ғалати бўлиб кетди: отаси, ишонган тоғи, кап-катта одам худди ёш боладай йиғлаб ўтирса!..
Нима қиларини билмай, остонада бирпас туриб қолди. Уялдими, юрак ютиб отасига яқин боролмади. Билдирмайгина ҳужрадан чиқди.
Ҳайрон бўлди: нега йиғлаяптилар? нима бўлдийкан?
Кечки овқатдан кейин секин сўради:
‒ Сизни ким хафа қилди, отажон?! Нимага йиғладингиз?
Ота ўғлига синиқ боқди.
‒ Кейин айтаман, ‒ деди. ‒ Каттароқ бўлганингда айтаман…

* * *

Мактабни битирган йили отаси ётиб қолди. Бир куни ўғлини қошига чақирди.
‒ Энди айтаман, болам, ‒ деди. ‒ Қулоғингни оғзимга яқин тут.
Ўғил ҳайрон бўлди. Хаёлидан: “Отам тилдан қолмаган, товуши дадил чиқиб турибди, шундай гапирса ҳам эшитаман-ку, нимага қулоғимни оғзига яқин тутишимни сўради”, деган ўй кечди. Лекин индамай бўйин сунди.
‒ Янаям яқинроқ кел, ‒ деди касал ота.
Ўғил қулоғини отасининг лабларига босди.
Ота шивирлай бошлади.
Узоқ шивирлади.
Гапи ҳавога тошиб чиқиб увол бўладигандек оғиз билан қулоқ орасида зарра сиққунчалик бўшлиқ қолдирмай, лабларини ўғлининг қулоғи ичига тиқиб шивирлар эди. Бобоси отасига, отаси унга ўтказиб кетган маънавий ип учини давомчисининг, меросчисининг юрагига боғлаб қўйишга ҳаракат қиларди…
Бир дам келди, гўё оғиз билан қулоқ йўқолди, ўртада ёлғиз юрак билан юрак қолди. Шивирлаётган оғиз эмас, юрак бўлди. Эшитаётган ҳам қулоқ эмас, юрак бўлди. Замонлар оралаб аждоддан авлодга ўтиб келган бирнима ота юрагидан ўғил юрагига тўғридан-тўғри, ҳеч қандай воситасиз, шилқ этиб ўтиб олди гўё…

* * *

Ота ўлди.
Ўғил уни кўмди.
Ўша кундан бошлаб ўғил ота ишини давом эттира бошлади. Илк дафъа жар соларкан, саси гўё ўзиники эмасдай туюлди:
‒ Оллоҳ буюкдир!.. Оллоҳ буюкдир!..
Ўзиники эмас, аммо таниш. Худди минг йиллардан бери эшитиб келган қадрдон бир товуш!
Юраги бир ажиб ҳузур топди.
Кейинлар қачон эсига тушса, мийиғида сезилар-сезилмас жилмайиб қўярди. Ажиб бир иш бўлди ўзиям: ўйлаб ўтирмади, ихтиёридан ташқари равишда, ўзидан-ўзи у ҳам тахмон томонга кўз тикди ва товушини пастлатиб жар сола бошлади.
Отадан жарчилик мерос ўтганидек, уни қўрқа-пуса, ёлғиз, ўзига ўзи айтиш равиши ҳам қондан мерос ўтган эди.
Отанинг ҳужраси ўғилга қолди. Тахмони… жари… йиғилари… билан.
Тахмонга у тахмон бўлгани учун юзланилмас экан. У томонларда нимадир улуғ ва жозибали бир нарса бор экан. Отаси унинг қулоғи орқали юрагига бирнималар деркан, ўртадан тахмонни кўтариб, тўсиқларни очиб, ўғлининг нигоҳини узоқ-узоқларни кўрадиган қилиб кетган экан.
Ўғил энди ҳар гал у томонга юзланганида, икки тахмондаги икки сандиқ устига йиғилган кўрпалар, ўрта токчадаги тахлам ёстиқлар тўсиб турган томоннинг у ёғини ‒ узоқ-узоқларни кўргандай бўларди. Шундай пайтлари юраги ҳузурга тўларди.
“Отам ҳам бу томонга бежиз қарамас экан, кўрпа-ёстиқни эмас, унинг орқасидаги, деворнинг нариёғидаги ҳузур уйини кўриб юрган экан-да!” деб тамшанди бир куни.
‒ Оллоҳ буюкдир!.. Оллоҳ буюкдир!.. Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!.. ‒ деб юборди завқ-шавқ билан.
Ва ўзини унутар даражага тушиб, шериги бўлмаган, ёлғиз, Бир ва Бор, Қудратли Зотга топина бошлади. Топиниш унга чексиз бир ҳузур берар, олган ҳузури уни қайта-қайта топинишга ундар эди.

* * *

Шу тахлит йиллар кечди.
Бир куни ўзидан-ўзи йиғлаб юборди.
Отаси бир умр нимага йиғлаб ўтганининг сирини билди.
Йиғи баттар босиб келди.
Аммо бу йиғи унга ғам-алам келтирмади. Аксинча, қандайдир лаззат берди. Йиғидан топган лаззатини бошқаларга ҳам илингиси келди:
‒ Намозга шошилинглар!.. Қутулишга шошилинглар!.. ‒ деб жар сола бошлади у.
Лекин товушини ўзидан бошқа кимса эшитмади. Кўча эшитмаётгани табиий эди. Ҳатто хотини, болалари ҳам унинг жарини эшитишмасди. Жарчининг оғзи ва оғзидан чиқаётган товуши билан хотин-бола-чақасининг қулоғи ораси анча узоқ, узо-оқ эди гўё.
Лекин сира тушкунликка тушмади. Чунки илгарилари отаси жар чақирганида ўзи ҳам эшитмаган. Умуман, отаси нимага кўпинча ўзи билан ўзи бўлиб кетиши сабабларини ҳам у пайтлар билмаган.

* * *

Жарчи тобора одамлардан узила бошлади.
Қишлоқчилик, ҳар хил йиғинларга жар чақириб турди, аммо ўша йиғиннинг ўзидан оёғини тортадиган бўлиб қолди. Бора-бора кўчада ҳам жар чақирмай қўйди.
Қишлоқ “Бор-э!” деб навбатдаги дарвишанада ўзига бошқа жарчи сайлаб олди.
Энди кўча-кўйда, ўнгда-сўлда овози дўрилдоқ довдир-совдир бир йигит валасапидда юриб жар чақирадиган бўлди.
Одамлар аста-секин эски жарчининг товушини унутиб юбораёзди. Қулоқларга янги жарчи товуши ўрнашди.
Неча замонлардан бери бу оила жарчи бўлиб келганини кексалар эсламаса, кейингилар деярли унутди. Зотан, ёшлар у томорқасида бодринг-памилдори экиб, деҳқончиликдан тирикчилик қилиб юришинигина билади, бошқа ишини кўрмай ўсди.
Элчилик-юртчилик шунақа экан-да, сал кўринмай қолса, кап-катта одам ҳам эслардан чиқиб кетаркан.
Шундай қилиб эски Жарчи эл-юртдан ажралиб, ўзи билан ўзи бўлиб кетди. Қишлоқдаги битта-ярим ўлди-нетдида кўринмаса, бошқа тадбирларга айтилса ҳам бормай қўйди. Айниқса, тўйлар усиз ўтар, одамлар унинг кўринмаслигига кўникиб бўлган эди.
Бунақа бир замонда юракларига тўй-ҳашам сиққанига ҳайронман, деб қўярди Жарчи ичида.

* * *

Замоннинг илтонғ-билтонғ сўқмоқлари оралаб ой неча-неча ойларни, йил неча-неча йилларни еталаб ўтди…
Кунлардан бир кун эски Жарчи туйқус қишлоқ кўчасида пайдо бўлди. Йўлидан адашган девона каби кўча ўртасида бир муддат каловланиб туриб қолди. У томон-бу томон боқди.
Аслида қаёққа боришини билади. У ёқ-бу ёққа қараш билан юрар томонни изламасди. Боқиши маъносиз эди. Зотан, у аниқ бир нарсага боқмаётган ҳам эди. Яъни, теваракка аланглар, лекин ҳеч нарсани кўрмас эди.
Оёғи харобага сургалади.
Бундай ҳолатда одатда “боши оққан томонга” деган ифода қўлланади. Жарчининг боши шу ёққа оғди ва у жиловини бўш қўйди.
Нигоҳи ер чизиб, одимма-одим йўл тортиб кетаверди.
Ўтган-кетган унга ҳайратланиб ё ажабсиниб қараб қўяётган бўлса-да, у кимсага парво қилмади.
Ташқаридан қараганга Жарчи чуқур ўйга толганга ўхшаб кўринарди.
Қишлоқ ўртасида отаси замонида бузилган мачит ва миноранинг харобаси ‒ ташландиқ бир макон бор бўлиб, мўлжаллаган манзили ўша ер эди.
Ниҳоят, манзилига етди. Тўхтади. Қачонлардан буён қаровсиз ётган майдонга ҳазин термулди.
Бузилган мачитнинг, йиқитилган миноранинг кирпичлари ҳар ер-ҳар ерда тартибсиз сочилиб ётар, бир қисми ўртага пала-партиш этиб уюлган эди. Мачит бузилган бўйи жой-жойида қолган оғочлар ёғин-чочин таъсирида чириб битган, қурт-қумурсқа насибасидан ортган қисми аллақачон пўкакка ва кукунга айланиб бўлган эди.
Аммо қамишлар қамишлигини деярли йўқотмаган. Албатта, илк тилла рангидан асар қолмаган, туси қорамтирлашиб кетган, лекин поя бус-бутун сақланган эди.
Хуллас, йиллар, қорлар, ёмғирлар, иссиқлар, совуқлар, шамоллар, довуллар ўз ишини қилган эди. Қишлоққа илк марта келган киши бир кўришдаёқ бу ер жуда узоқ вақтлардан бери ташландиқ бўлиб ётганини биларди.
Кирпичлар нураб, кесаклар тупроққа айланиб бўлган. Теваракни чангал, янтоқ, ёввойи беда, бангидевона, латахар, ажриқ, кўзтикан, курмак, печакўт… каби хонакию ёввойи ўтлар аралаш-қуралаш босиб кетган…
Ердан чиққан ҳамма нарса баҳорда бир гуркираб, хароба-ташландиқ майдон кўзларга кўм-кўк тепаликдай чиройли кўриниб қолади. Лекин бу чирой ўткинчи эканини қишлоқ аҳли билади.
Майдон яшиллиги вақтинчадир. У тасаввурларни уч-тўрт ой алдаб туради, холос. Ёз ўрталарига бориб бари қуриб-қовжирай бошлайди. Бу ташландиқ макон ҳар йили кузни жизғинаги чиқиб қарши олади. Сўнг то кейинги баҳоргача шу бўйи қолади.
Асл ҳоли борлиғи буткул ялағочланганида кўринади яъни.
Ёғин-чочин кўп бўлган йиллари ўт-ўлан қиши билан чириб битади, куз ва қиш қуруқ келган йиллари эса хас-хашакка айланиб, устма-уст тахланиб бораверади.
Қишлоқликлар қачонлардир бу ерда катта бир мачит ва баланд минора бўлганини деярли унутиб юборган. Мачит ва миноранинг асосий вазифаси нима эканини ҳам билмайди. Шу даражада. Аммо, қизиғи, нимагадир бола-бақрасини бу ерда мол-ҳол боқишдан мудом қайтариб келади. “У ерларда боқма молингни!” деб тайинлаш қишлоқда анъана тусига кирган. Ҳеч ким қўйини, молини бу харобага ҳайдамайди.
Ўт-ўлан, янтоқ ва бошқа бор ўсимлик тури ҳар баҳор янгиси эскиси устига чиқавериб, бу хароба дўнгликни қандайдир ўзига хос бир эртакона маконга айлантириб қўйган.
Мачит бузилиши ва минора йиқитилишини кўрган охирги одам ҳам аллақачон дунёдан ўтиб бўлган. Қишлоқ аҳлининг кўпи бу хароба ўрни қачонлардир қанақадир ибодат ери бўлганини тусмолдан билади. Бобо-момолар ота-оналарга, ота-оналар болаларига нималарнидир айтиб кетган чиқар, ахир.
Айтганми-айтмаганми, кейинги замон одамларида бу ерга худди қарғиш теккан ер деб қараш ҳам шаклланган.
Хуллас, мачитнинг қолдиғи дейдими, қарғиш теккан ер дейдими, ишқилиб, кимса бу харобада мол-ҳол боқмас, бир нарса олмас, нарсаси тугул, ўт-ўланига-да тегинмас эди.
Албатта, оғочлар чириб битган, қўл тегса тўкилиб кетгудай бўлиб ётибди, лекин эски мусулмон кирпичлари ҳарҳолда бутун сақланган, олиб ишлатса бўларди. Улар ҳам биттаси хато бўлмай хас-хашак остида қолиб кетди.
Нимагадир давлат бу ерларни очмади ‒ ўзлаштирмади. Бўлмаса, давлат худосиз эди! Яратган Зотни йўқ дейишдан қўрқмаган давлат қандайдир бир мачит мулкидан ҳазар қилармиди?!
Йўқ, тегмади. Нимагалигини ўзи билади, лекин бу ерни на бировга уй-жойга берди ва на бирон дўкон-мўкон қурди.
Давлат балки атай ўзлаштирмаётгандир. “Сенларнинг ўтмишингни қулатдик, “шонли тарих”ингдан мана шу каби харобаларгина қолди! Энди асло қайтиб оёққа турмайди! Эски замонлардагидай қилиб тиклаёлмайсан ҳам! Ҳеч қачон!” деган фикрни эл-улус миясига доимий сингдириб бориш учун жўрттага сақлаб қўйгандир.
Ўшандан бери қанча сувлар оқиб ўтди. Эскилар битта-битта ўлиб кетди. Қишлоқда қанчадан-қанча янги одам туғилди. Туғилибоқ, кўзи очилибоқ шу ташландиқ маконни кўрди, шу хароба теварагида катта бўлди,
Битта-ярим қизиқувчан бола: “Нимага бу ер бузуқ?” деб сўраб қолса, ҳамма ҳам юрак ютиб жавоб беролмасди. Дарров “Ўтмишини қўмсаяпти!” деган айбни орттириб олиши мумкин. Кимга керак ташвиш? Ундан кўра, қоринлар оч бўлса-да, қулоқлар тинч бўлгани яхши. Ўзини билмаганга солишга, елкаларни қисиб қўя қолишга нима етсин!
Айрим уйлардагина оталар эшик томонга қўрқа-пуса кўз ташлаб туриб, бу ер бир замонлар мачит бўлганини, ёнбошидаги дўнглик минора қолдиғи эканини айтиб қолишар эди. Болалар, мачит ва минора мана шунақа бўларкан-да, деган тасаввур билан улғаярди.
Хотиралар оммавий ўчирилганида бундан бошқача натижа бўлмас. Ҳатто эски Жарчи ҳам бу ердаги мачит билан минора қачон бузилганини билмайди. Кўрмаган. Кўрган бўлса-да, у пайтлар ёш бола бўлган. Эсламайди. Унга отаси айтиб кетган. Илгари қанақа шакл-шамойилда бўлганини отаси таърифлаб берган. Аммо барибир мачит билан минорани хаёлида суратлантира олмайди. Чунки у ҳам ташландиқ маконни шу ҳолида кўриб катта бўлган, “мачит” ва “минора” кўзига мана шу вайрона каби муҳрланиб қолган. Бошқасини билмайди.
Фақат, отаси қулоғига оғзини қўйиб шивирлаган ҳов ўша ондан бошлаб юрагида тушуниксиз қандайдир бир туйғу бош кўтарган. Вақти бўлса-бўлмаса кўнгли шу ёққа талпинаверади. Бирда-ярим кишибилмас келиб майдоннинг теварагидан сассиз айланиб кетади. Иложи борича одам йўқ пайтини пойлайди. Айланаркан, ҳар-ҳар замонда юрагининг ич-ичида мачит билан минорани бутун ҳолда кўриш соғинчи ғимир-ғимир қилиб қўяди…

* * *

Ёши қирқдан ошиб, шу дамгача юрагининг асири бўлиб келган у соғинч туйғулари қафасини бузиб озодликка талпинган, кунлаб миясида пишитган режасини амалга ошириш мақсади уни кўчага судраб чиққан эди.
У ҳам кўнгил тизгинини бўш қўйиб юборди, тусаган ишингни қил, деди гўё.
Ташландиқ маконнинг теварагида секин айлана бошлади.
Вақт пешин маҳали эди.
Онда-сонда қўйнидан отасидан қолган чўнтаксоатни чиқариб қараб қўяди. Яна айланишда давом этади.
Бу гал одамлар йўқ паллани ҳам пойламаган, биров бор-йўқлиги бу гал уни қизиқтирмади.
Қарори қатъийлигидан кимдир кўриб қолишию ишига тўсқинлик қилиши мумкинлиги уни ниятидан қайтара олмасди.
Нечанчидир айланишида минора қолдиғи қаршисида тўхтади. Олдиндан чамалаб қўйган бир ўринни оёғи билан пайпаслади.
Минора қулатилганида тагида киндик бўйи келадиган асоси бузилмай қолиб кетган, ўрнида кичкина айланма дўнглик пайдо бўлган эди. Бу дўнглик мачит қолдиқлари ҳосил қилган умумий тепаликдан бир оз ажралиб турарди.
Жарчи энкайиб, бир-бирига киришиб-чирмашиб кетган ўт-ўлан орасидан тошми-кирпичми ахтарди. Топганини оёғи тагига қўйди. Олтитасидан биринчи, яна тўрттасидан иккинчи зина ясади. “Бисмиллоҳ!..” деб ўнг оёғини биринчи зинага қўйди. Бир тўхтаб, кейин иккинчи зинага чиқди. Сўнгра бир тиканнинг поясини маҳкам ушлади-да, силтаниб дўнгликка чиқиб олди. Оёғи тойиб кетмайдиган ерни чамалаб, гавдасини тиклади.
Теваракка боқди. Пича турди. Осмонга қаради ‒ қуёшнинг йўналишини ўзича аниқлади. Ниҳоят, бир томонга кўнгли ётди шекилли, ўша ёққа юзланди…

* * *

Майдон четидан ўтадиган кўчада аста-секин одамлар тўплана бошлаган эди. Айримлар Жарчининг ишига қараб боши қотган. Кимдир ажабланиб қараб қолган бўлса, бошқаси, қани, нима қиларкин, дегандай сал нарида қора томошани бошлаб юборган эди. Яна кимлардир тўпланганларга салом бериб, Жарчи томонга бир қараб қўйиб, индамай ўтиб кетаверарди.
Жарчи бўлса, буларга парвосиз эди. Кўриниши ва хатти-ҳаракатидан у бир нарсага қаттиқ жазм қилгани, ҳозир кўзига ўша жазмидан бошқа нарса кўринмаётгани балқиб билиниб турарди.
Гўё бу дунёда ўзидан бошқа кимса йўқ.
Дўпписини ечди. Бурчакларини икки чаккасига тўғрилаб, қайтадан бостириб кийди. Белидан қийиғини бўшатди. Икки учидан ушлаб, бурмалаб айлантирди. Сўнг дўпписига ёпиштириб айлантириб бошига ўраб олди.
Жарчи салла ўрашнинг бундай енгил усулини ҳам отасидан ўрганган. Ота уй ичида ҳар жар чақиришидан олдин шундай қиларди.
Одатда қишлоқлик катта-кичик қиш қорасовуғида ушук уриб кетмасин деб қулоқ-чаккасини қийиқ билан шунақа ўраб-чирмаб оларди.
Жарчининг бу ишига ҳам парво қилишмасди, лекин ҳозир қиш эмас, ёзнинг жазирама қоқ чилласи!
Йўловчилар Жарчидан кўз узмай қараб тураверди. Бу иссиқда нимага қулоғини ўраётгани уларга жуда қизиқарли эди.
Қишлоқда ҳаёт кўпинча зерикарли бўлади. Одамлар қаерда қанақа томоша бўларкан деб ҳафталаб-ойлаб кутиб юради. Шундай бир паллада одамови эски Жарчининг бирдан кўчада пайдо бўлиши, ташландиқ майдонга келиши ва бу ерда ҳар хил телба-тескари ишлар қила бошлаши албатта мароқлантиради-да қишлоқликларни!..
Жарчи икки кўрсаткич бармоғини икки қулоғи ичига тиқди, бошмалдоқларини қулоқ юмшоқлари орқасига қўйди. Енгил қисди. Чуқур нафас олди. Ва бирдан ҳайқирди:
‒ Оллоҳу акбар!.. Оллоҳу акбар!..
Нима бўлганини томошачилар илкис тушуниб етмади.
Азон чақиряптими?!
Бу нима деган гап?!
Шундай мусаффо замонда-я?!
Нима кам бунга?!
Ҳа, Жарчи бу қишлоқда яқин орада биров қилмаган, ҳатто кексалар ҳам деярли унутиб юборган, эскилик сарқити сифатда бир четга улоқтирилган ишни қилаётган эди.
‒ Оллоҳу акбар!.. Оллоҳу акбар!..
Ўзини қанча босмасин, юрагида туйғулари қайнади. Гумурди. Ичида бир ҳаяжон тўлқини бош кўтарди. Босиб келиб томоғига туриб қолгандай бўлди. Товуши қалтираб-йиғламсираганга ўхшаб чиқа бошлади.
‒ Ашҳаду ал-ла илаҳа иллаллоҳ!.. Ашҳаду ал-ла илаҳа иллаллоҳ!.. – деб оламга жар солар эди у.
Бу жарни у отаси ўлганидан бери, мана, то қирқ ёшга етгунича неча марта чақиргандир. Ҳар сафар қайта-қайта ҳаяжон босган. Товуши титраб чиққан. Аммо ҳеч қачон бу галгидек тўлқинланмаган эди! Юраги торс ёрилиб кетай дерди ҳозир. Айни чоқда, товушидаги титроқ жарига ажиб бир оҳанг қўшаётганини ҳам ҳис этиб турарди.
‒ Ашҳаду анна Муҳаммадар росулуллоҳ!.. Ашҳаду анна Муҳаммадар росулуллоҳ!..
Ҳа, бу ишга бел боғларкан, одамлар нима деса десин, нима қилса қилсин, энди очиққа чиқаман, ота-бобом қилганини қиламан, одамларни чақиришим лозим бўлган ишга чақираман, деб қатъий қарорга келган эди. Ҳатто қамоқ ё ўлимни ҳам бўйнига олиб қўйди. Шунинг учун ўзини анча хотиржам тутишга уринарди.
Лекин юракка ҳукмини ўтказа олмади. Қилаётган ишининг залвори ва аҳамиятини фитрий ҳис этиб, ўзи ҳам кутмаган даражадаги бир буюк ҳаяжонга дуч келди. Тамоман шу ҳаяжон асири бўлди. Кўзларидан тирқираб ёш отилди.
Турган ерида қоқ турганича елкаси аралаш ўнг томонга бурилди:
‒ Ҳаййа ъалас солаҳ!… Ҳаййа ъалас солаҳ!.. ‒ деб чақирди.
Оҳиста чап томонга ўгирилди:
‒ Ҳаййа ъалал фалаҳ!.. Ҳаййа ъалал фалаҳ!.. ‒ деб чақирди.

* * *

Кўчадан ўтиб бораркан, томошачилар ёнига келиб тўхтаган бир чол Жарчининг сўзларига пича қулоқ солди. Турди-турди-да, бошини сараклатди.
Бирламчи вазифаси қишлоқда ўринли-ўринсиз ташланган ҳар бир қадамни кузатиб туриш бўлган хотин-халаж ҳам ташландиқ майдон қаршисига анча-мунча тўпланиб қолган, аммо ҳар нарсага етган фаросати ҳозирда кўзи билан кўриб турган ушбу воқеанинг сир-синоатига етмаётган эди.
Эркаклар бир-бирига қараб елка қисиб, лабларини қимтиб қўйишарди.
Айниқса, болалар шод эди. Бунақа томошани илгари сира кўрмаган улар!
Ҳалиги чол яна Жарчининг қилиғига тингислаб боқди. Охирида:
‒ Аҳмоқлик… ‒ деб хулоса ясади. – Тентак бўпқопти…

* * *

Лекин Жарчи тентак эмасди. У қилаётган ишидан маст эди, холос. Дунёни буткул унутган, теварак олам ва унинг ичидаги мазмунсиз ҳаёт энди уни қизиқтирмай қўйган эди! Қайтага, “Қишлоқ аҳлининг туссиз ҳаётига янгича ранг беряпман!” деган ишончдан юрагида алланечук севинч туярди!
Ахир, очиққа чиқишни у йигирма йилдан ортиқ кутди! Йигирма йилдан бери зимдан ва қистов бу кунга ҳозирлик кўра бошлади! Кечалари уйқуси қочиб ўйлади! Кундузлари ишларини йиғиштириб қўйиб режа тузди. Йигирма йилдан ортиқ вақт ўзини руҳан шу ишга тайёрлади! Ҳар бир ҳаракатининг суратини чизди. Ҳатто қишлоқнинг бўлғуси муносабатини майда-чуйдасигача ҳисобга олди.
Орада шоҳлар алмашди, даврлар ўзгарди, лекин унга, унинг ишига қишлоқ муносабати ўзгармади – олдин душман эди, энди ҳам унча дўст бўлиб кетмади. Одамлар ҳам алмашди, бир қатлам эскилар кетиб, бир қатлам янгилар келди, лекин унутилган Жарчи унутилганича, жари қулоқларга бегоналигача қолаверди – Жарчи ҳам, жари ҳам уй ичида биқиниб олиб яшайверди. Бу иккисини таниса, токчалар, тахмонлар, кўрпалар, ҳаволаргина таниди, эшитса, яна-тағин шуларгина эшитди.
Аммо юрак қурғур тиним билмай ташқарини истар эди. Умри давомида ҳеч йўқ бир кун… бир кунда беш маҳал росмана мачитда, росмана минорада жар чақирса эди!..
Ахир, отасининг ўша шивир-шивирини йигирма уч йилдан бери ичида сақлаб келди. Бу шивир-шивир саси кундан-кунга, ойдан-ойга, йилдан-йилга кучайиб, охири чидаб бўлмас азобга айланди. Юрагига бир бўмба тушгану шуни чиқариб ташламаса, яқин кунларда ичида портлаб кетадигандек бўлаверди.
Мана, охири, шу кеча аниқ сезди, юрак-юрагидан ҳис этди: узоқ орзу қилиб юргани ўша кун келган, минорага чиқиб, оғзини тўлдириб, қулоқларни чинлатиб жар солиш замони етган эди!
Бу кунни тинимсиз кутиб, орзу қилиб келган Жарчи кўнгилнинг бўлғуси лаззатларини ич-ичдан туя-туя, чини билан тентак бўлиб қолай дерди.
Майли, у минора отаси айтган асл минора бўлмасин,
майли, чин минора ўрнидаги ўша бел баробар тиканли дўнгликка чиқсин,
муҳими ‒ узоқ йиллар ичига қамаб келган Буюк Дардини энди юзага чиқаради!
Қарор кескин, энди уни бу ишдан қамоқ тугул, ҳатто ўлим хавфи ҳам қайтара олмайди.
Одамлар уни тентак-жинни демайдими!
Ҳатто тошбўрон қилиб ташламайдими!
Ҳеч бўлмаганда бир марта жарини чақириб олади-ку! Улгуриб қолсам бўлди, деди… Улгурганимча айтавераман, деди.
‒ Оллоҳу акбар!.. Оллоҳу акбар!..

* * *

Бу ёқда томоша ҳамон давом этарди. Жарчи ҳали жарини охиригача етказмасиданоқ қишлоқликлар бу ғариб ҳолатнинг муҳокамасини бошлаб юборишган, ўзанни ҳалиги чол ўша биргина хулосаси билан очиб берган эди.
Оломонча даврада тарози палласини биринчи айтилган гап босиб кетаркан. Бошқа гаплар орага сиғмай қоларкан.
Бу ерда ҳам ўша чолнинг ўша гапи ўз-ўзидан устунлик қиларди. Кимдир “Ҳой халойиқ, балки…” деб янгича мулоҳаза айтмоқчи бўлса, биров унинг гапини давом эттирмасди.
Муҳокама асосан “Одам ғирт тентак бўлиб қолган…” деган ўзанда кечарди.

* * *

Бу ёқда Жарчи ҳиқилдоғига тиқилиб турган йиғисини боса-боса, томирларида оқиб турган бор кучини оғзига тўплаб, азондаги сўнг шиорни оламга ёяр эди:
‒ Ла илаҳа иллаллоҳ!..
Сўнгра бармоқларини қулоғидан узди. Қўлини секин индирди. Тиззасидан ушлаб, олдин энкайди, кейин чўнқайиб ўтирди. Қўлини очди. Жар чақираётганида тўхтатиб-босиб турган йиғисига эрк бериб юборди.
Ҳўнг-ҳўнг йиғлар, йиғи аралаш бирнималар деб пичирлар эди…

* * *

Дўнглик ўт-ўлан билан қоплангани учун нарироқда унга боқиб турган томошачиларга Жарчининг елкаси ва бошигина кўринарди. У нима қилаётганини тусмоллай бошлашди.
‒ Тентаклигига борди, – деб ғўдранди бири.
‒ Оббо аблаҳ-эй! ‒ деб юборди бошқаси. ‒ Тепкиламасин деб биз бу ерга ҳатто қўй-молимизни қўймаймиз-у, бунинг қилиғини кўринглар!
…Жарчи ўрнидан турди. Ўзи ясаган “зина”дан қайтиб ерга тушди. Оломонга парво қилмай, уйига қайта бошлади.
Одамлар ихтиёрсиз равишда тисарилиб унга йўл беришди. Кўринишидан тентакка ўхшамагани қайтага одамларни баттар унга ачинтирди.
‒ Шундай одам-а!.. Қандай одамларнинг боласи-я!.. ‒ деб қолишди орқасидан.

* * *

Жарчи аср вақти яна “минора”га чиқди. Яна пешиндаги жарини чақирди. Яна одамлар тўпланди. Яна муҳокама бошланди. Яна ўша эски гап:
‒ Тентак!.. Ғирт телба!..
‒ Эсини ебди, энди бош-шини емаса гўргайди…
Шом, хуфтон вақтлари айни иш такрорланди.
Эрта тонгда қишлоқ Жарчининг жаридан уйғонди.
Пешинга яқин шаҳардан тегишли одамлар келди. Чойхонага қишлоқнинг эътиборли кишиларини, фаол хотин-қизларни тўплатди. Нима гап, нима сўз ‒ обдан ўрганилди. Умумий хулоса бу бўлди:
‒ Ўзи анча йиллардан бери одамлардан узилиб, уйидан чиқмай яшарди. Охири тентак бўпқолди, шекилли, ‒ дейишди қишлоқ фаоллари.
Шаҳардан келганлардан бири Жарчининг ўзи билан ҳам бир гаплашиб кўрмоқчи бўлди. Унинг уйи сари йўл олган эди, хароба томондан Жарчининг кучли, тиниқ овози янграб қолди:
‒ Оллоҳу акбар!.. Оллоҳу акбар!..
Эси бор одам шу ишни қиладими? Эсли-ҳушли одам билиб туриб бошини кундага қўядими?
Тегишли идоранинг тегишли ходимлари ҳам ўйлаб туриб, қишлоқ аҳли тўғри айтяпти экан, деган хулосага келди:
Ҳа, Жарчи тентак бўлган! Тамом-вассалом!
Ораларидан биттаси:
‒ Шундай бўлса ҳам, бир ерларга обориб текширтирмасак, бўлмайди, ‒ деб қолди.
‒ Тўғри! Дўхтирдан хулоса қилдириб қўймасак, бизгаям гап тегиб қолиши мумкин, ‒ деди иккинчиси.
‒ Текширсаларинг ҳам, текширмасаларинг ҳам аҳволни кўриб турибсизлар, ‒ деб орага суқилди ҳов ўша чол. ‒ Яхшиси, шўрликни тинч қўяйлик. Тентак бўлиб қолгани ўзи унга катта жазо!
Қишлоқ фаоллари чолнинг ёнига киришди:
‒ Ҳа-я… Оиласи шундоқ ҳам эзилиб юргандир, ўлганнинг устига биз ҳам тепмайлик. Ўзи тентак бўлса, унинг бу бақир-чақири қаёққа борарди? Аҳолимизга тушунтирамиз, ҳеч ким унинг чақириғига қулоқ солмайди. У бечорани тинч қўйсаларинг бўлди. Сизлар опкетсаларинг, албатта қамоққа тиқиб қўясизлар. Кимга фойда, кимга зиён? Ҳар қишлоқнинг бир тентаги бўлади, бу бизнинг тентагимиз бўлиб юрақолсин, ‒ деб унинг жонини ҳукумат одамларидан сўраб олишди.
Хайрият, тегишли ходимлар гапга юрадиган хилидан экан. Қишлоқ фаолларининг илтимосига кўнақолишди:
‒ Хўп, сизлар айтганча бўлсин. Лекин бундан кейин бақирмасин, теварагига одам тўпламасин! Халқнинг кўнглиниям, тинчиниям бузмасин! Тўхтамаса, молхонага занжирлаб қўйинглар! ‒ деб тайинлашди ва келган ерларига қуруқ қўл билан қайтиб кетишди.

* * *

Қишлоқ Жарчи ҳолига чин юракдан ачинаётган эди.
‒ Юрган одам… шундоқ кўз ўнгимизда лоп этиб тентак бўлиб ўтирса-я!.. ‒ дерди.
Ачиниш устун келибми, Жарчини занжирлашмади.
Қишлоқ раиси оқсоқоллардан бир-иккитасини ёнига олиб уйига борди. Гаплашди.
Гап-сўзидан ҳеч ақлдан озган деб бўлмасди. Аммо бундай бир замонда, бундай бир қишлоқда, бундай бир иш қилиши…
Бунинг устига қайсарона:
‒ Сизларга нима ёмонлик қилдим? Қилаётган бўлсам, отам-боболарим ишини қиляпман… Мени тўсманглар, йўлимдан қочинглар! ‒ деб оёқ тираб олгани-чи…
Тентак бўлмай яна ким бу?! Тентак бўлганида ҳам қип-қизил тентак!
Фаоллар беш-олти кун ўртага олишди. Роса уринишди. Қариндош-уруғини ишга солишди, оиласини гиж-гижлашди – натижа чиқмади.
Охири: “Бор-э, билган б…нгни е! ‒ деб ўз ҳолига ташлашди. ‒ Бизга деса, қамалиб кетмайсанми! Қаншарингдан ўқ емайсанми бизга деса!”
Қайсар ўз номи билан қайсар. Унга гап юқмайди. Гапирилган сари баттар қайсарланади. Ташлаб қўйилса, парво қилинмаса, ўз-ўзидан дами қайтади, овози ўчади.
Лекин Жарчи қайсар бўлиб ҳам қишлоқдошлари ўйидаги туридан эмас, бошқача қайсар эди. Одамларнинг: “Индамасак, ўзидан-ўзи овози ўчар”, деган барча умидини чиппакка чиқарди ‒ суюмли ишини тўхтатмади! Ҳар куни беш маҳал “мачит”га келар, “минора”га чиқар ва қишлоғини бирнималарга чорлаб жар солар эди.

* * *

Бора-бора одамлар бу ҳолга кўникди.
Тегишли идоралар ҳам, уларнинг махсус ходимлари ҳам парво қилмай қўйишди. Уни одам қаторидан буткул чиқариб ташлашди.
“Юрса юрар, бақирса бақирар, биз тарбиялаб етиштирган янги авлоднинг онгини битта тентак барибир буза олмайди!” деган қатъий ишончда ўз ҳолига қўйишди. Бир вақтлар устидан очилган “Иш” тепасига қизил йўғон қалам билан “Тентак бўлиб қолган!” деб ёзишди-да, темир сандиқларининг энг тагига тиқиб ташлашди.
Энди Жарчи ўз қишлоғидагина эмас, теварак-атрофдаги қишлоқларда ҳам тентак деган ном чиқарди.
Онда-сонда у ёқ-бу ёққа борса, бозор-ўчарда кўринса, орқасидан одамлар қўлини бигиз қилиб кўрсатадиган, кимдир кулиб, кимдир ачиниб қўядиган бўлди.

* * *

Аммо Жарчи тентак эмасди. Тентак нима қилганини, нима деганини ўзи билмайди. Жарчи нималар қилаётганини, нималар деяётганини жуда яхши билади!
Биринчи куниёқ мени олиб кетишса керак деб кутган, ҳатто ўзини руҳан бундай оқибатга тайёрлаган эди. Қўрқмаётгани шундан.
Лекин қишлоқда тентак-телба деган ном чиқариши бир ҳисобга уни айрим ёмон оқибатлардан асраб қолганини ҳам ҳис этиб турарди.
“Телба-тентак”лигини бошида ўзи унча хушламай юрди. Аммо кейин-кейин бу унвонига кўнди. Кўникди. Ҳатто ёқтириб қолди. Биринчи бўлиб уни тентак деган чолни ҳам яхшилик билан эслайдиган бўлди. Балки узоқни кўзлаб уни “тентак”ка чиқаргандир? Қари-да. Тажрибали-да. Қари билганини пари билмайди, ахир.
“Тентак”лигидан хафа бўлиш нарёқда турсин, ҳатто ундан унумли фойдалана бошлади. Гоҳида атай телба-тескари гаплар гапириб қўядиган, ғалати-ғалати қилиқлар қиладиган одат чиқарди.
Одамларнинг муносабатидан ичида кулиб қўярди. “Анқов булар! – дерди ичида жилмайиб. – Асил тентак ўзлари-ку!”

* * *

Ўжар бир йўлга осон тушмайди, тушса, қайтмайди. Қайтиш не, том тескариси. Энди Жарчи ҳар жарида овозини бир поғонадан баландлатадиган бўлди.
Ишлар кўнглидагидек борар эди. Ҳатто ичидан севинч туярди.
Битта нарса уни хомушлантирарди: ахир, у шунчаки ўйинга ёки одамларга “тентак”лигини исботлаш учун жар чақирмасди! Ўзига яраша қанақадир олижаноб мақсадлари бор эди. Лекин, не тонг, қишлоқ аҳли ҳам ўта қайсар чиқиб қолди. Сув юқмас, экин унмас тупроқ мисол қисир юракларига Жарчининг жари ҳеч таъсир этмасди. Биров: “Хўп, қани, нима демоқчисан ўзи? Нимага бунча жон куйдиряпсан? Нима қилайлик биз?” деб келмади қошига. Қилаётган ишига жиддий қарамади. “Тентак… тентак-да” деб қўяқолди. Ҳолбуки, Жарчи жиддий, ўта жиддий бир савдога бошини сўққан – одамларни ўзи яхши деб билган, ёқтирган, жуда муҳим бўлган бир ишга чақирар эди.
Жарчи эзилса, шу нарсадан эзиларди. Орттирган “тентак” лақабининг битта ёмон томони шу эди.
Лекин барибир ниятидан қайтмади. “Чақирувимга кимдир қачондир жавоб беради!” деб умид қилаверди.
Тонгда чақиради. Кутади. Лаббай деган кимса йўқ.
Пешинда чақиради. Кутади. Сукут.
Асрда чақиради. Кутади. Яна жимлик.
Шомда чақиради. Кутади. Товуши ҳавога кетади.
Хуфтонда чақиради. Кутади. Одамлар қаттиқ уйқуга ботган гўё…
Бугуни кечасидан, эртаси бугунидан фарқ қилмай қўйди. Жарчи энди бир жар билан иккинчи жар оралиғида яшай бошлади. Тириклиги мазмуни қишлоқ харобасидан янграйдиган чақириқ бўлиб қолди.
Олдинлари онда-сонда қишлоқнинг ўлди-нетдисида кўриниб турган бўлса, энди тамоман узилди.
Иши жар чақириш, ишхонаси қишлоқнинг ташландиқ макони бўлиб қолди.
Бир кунда беш марта келади.
Ҳар куни, ҳар ҳафта, ҳар ой, ҳар йил…
…“минора”га чиқади…жар солади… умид қилади… кутади…
…бир кимса келавермагач, ўт-ўлан орасига кўмилиб, чўнқайиб йиғлайди….
…йиғлайди, йиғлайди, йиғлайверади…

* * *

Орадан яна бир неча йил ўтди.
Соч-соқоли ўсди.
Уни илк “тентак” деган чол ҳам, “тентаклик”дан қайтариб “тўғри йўл”га солмоқчи бўлган бошқа кўп тегишли ходимлар ҳам ўлиб кетишди.
У қолди.
Қариди.
Чол бўлди.
Қариган сари кучи кетди, товуши пасайди, ҳатто томоғи хириллаброқ қолди, лекин одатини ташламади – ҳар куни “мачити”га келади, “минораси”га чиқади, ўликдек жимжит қишлоғининг қулоғига азон айтади:
‒ Оллоҳ буюкдир!.. Гувоҳлик бераман: Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!.. Намозга шошилинглар!.. Қутулишга шошилинглар!.. Оллоҳ буюкдир!.. Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!..
Теварак эса қабристондек жимжит.
У зор-зор йиғлаб жар солади, “Лаббай!” дегувчи кимса йўқ…

* * *

Кунда беш марта бир ерга бориб-қайтаверсангиз ва бу ишингиз ойлар, йиллар давом этса, кўз шарт бўлмай қоларкан, оёқларнинг ўзи ўша манзилни топиб боравераркан. Йўл ҳам қанча кўп бўлмасин, бари одамни ўша ёққа элтавераркан.
Жарчи уйидан чиқиб ўнгга бурилса ҳам, сўлга бурилса ҳам, йўли айланиб-ўгирилиб барибир “мачит”дан чиқар эди. Ҳатто муюлишларда бошини кўтариб қараб қўймайди. Оёқ ўзи ўша ёққа тортаверади.
Бир куни сира кутилмаган иш юз берди.
Жарчи нигоҳи ер чизиб асрга азон учун “мачит”га келди. Одатига кўра, бир марта айланиб чиқди. “Минора” қаршисида тўхтади. Эпламачоқ ясаб олган, ўттиз йиллардан бери хизмат қилиб келаётган “зина”га чиқишга тутинди. Ўнг оёғини кўтарди. “Бисмиллоҳ…” деди. Ва…
…бирдан манзил-манзара ўзгарди, ўзини росмана минора ичида кўрди!
Ҳозиргина эпламачоқ зинага қўйилган оёқлари тепага ўрлаб кетган зинанинг биринчи поғонасида турарди!
Ҳайратдан қотди. Тушимми, ўнгимми деди. Ҳатто хиёл қўрқув босди.
Ё Оллоҳ! Мачит бузилмаган, ахир! Минора ҳам қуламаган! Ҳаммаси жой-жойида турибди. Фақат, одамлар кўрмаяпти. Замонлар аро жар ҳам тинмаган. Фақат, одамлар эшитмаяпти. Демак, гап менда эмас, одамларнинг ўзида – кўзлар кўр, қулоқлар кар бўлиб қолган! Мана, ҳақиқат бор экан-ку! Ҳақ барибир йўқолмас экан-ку!
Ҳайрати ва қўрқуви зумда ариди. Сира кутмаган, етти ухлаб тушига кирмаган бу иш аслида шундай бўлиши керакдай туюла бошлади. Илк онда бош кўтарган ажабланиш туйғуси ўрнига юрагига ҳузур ва хотиржамлик инди.
Жарчи кўзда ёш билан аста иккинчи поғонага қадам қўйди. Сўнг учинчисига чиқди. Ушбу зиналар миноранинг зиналари эканига, минора бус-бутун эканига, ўзи шу минора ичида эканига ишончи юксалди. Оёғида куч гупирди. Қадами тезлашди.
Белини букчайтириб зиналайверди, зиналаган сайин ўрлаб тепалайверди. Энг қизиғи – чарчамасди.
Ўрлайверди, тепалайверди…
Ниҳоят, энг тепага – мезанага чиқиб борди.
Мезана саҳни торроқ, гумбазчаси қўл узатса етгулик даражада пастроқ бўлгани билан жуда чиройли ва бежирим эди. Теваракка очилган туйнуклари бешта. Гавда тўғричасига сиғмайди, бош чиқармоқчи бўлинса, олдин бир елка суқилиши керак бўлади.
Туйнуклардан майин елвизак ғир-ғир эсиб турибди.
Жарчи таваккал биттасига юзланди. Жарини бошламасидан бурун бошини хиёл туйнукка суқиб олисларга тикилди. Кўзига узоқ-узоқларда элас-элас бир шарпа чалингандай бўлди. Бутун диққатини нигоҳига тўплаб, кўринаётган у шарпани аниқроқ илғашга уринди.
Кўриши тиниқлашгани сайин олисдаги у шарпа қандайдир бир иморат шаклига кира бошлади. Аммо ҳануз ҳаво билан чаплашиб кўринаётганидан қанақа иморат эканини билиб бўлмасди.
Аста-секин тўрт бурчаги ва сирти ҳаводан ажралиб, тиниқроқ бир шаклга кирди.
Во ажаб! Олдин отаси, сўнгра ўзи неча йиллар уйида, кўрпа-ёстиқ тахланган тахмон ортида кўриб келишган қора иморат эди!
Ҳеч қачон бу иморатни бу қадар тиниқ кўрмаган эди. Ҳайратдан:
‒ Эй Оллоҳ!.. Сен чиндан ҳам буюксан! ‒ деб юборди.
Шу дамларгача юраги орзиқиб, вужуди талпиниб келган Уй, ана, том қаршисида турарди!
Кўзи кўр, қулоғи кар оломонга бирнималарни етказмоқчи бўларкан, Жарчи кунда беш марта мана шу Уй томонга юзланар эди, ахир!
Бу иморатни ҳов ўша замонда отаси васият қилган куни кечаси тушида кўрган! Эрталаб тасвирлаб берганида отаси: “Оллоҳнинг Уйини кўрибсан, болам!” деган ва йиғлаб юборган. Тўшаги ҳўл бўлиб кетгунича йиғлаган.
Йиғларкан, “Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!” деб жони узилган!
Ўша Уй! Ўша Уй-а!
Жарчи ҳам худди отасининг сўнгги йиғисига ўхшаш йиғи билан йиғлашга тушди. Кўкрак ёқалари, кўкслари ҳўл бўлиб кетди, тинмади. Ва бирдан:
‒ Гувоҳлик бераман: Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!.. Гувоҳлик бераман: Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!.. ‒ деб бўкириб-ҳайқириб юборди.
Теварак ларзага келди.
‒ Намозга шошилинглар!.. Қутулишга шошилинглар!..
Ҳайқириқ, ларза, титроқ қанча давом этди ‒ билмайди. Назарида жуда узоқ сурди.
Яна қанча узоқ сурса, рози эди.
Аммо…
Бир пайт ўзига келди.

* * *

Ўзига келганида, уни тағин ҳайроналик чулғади: манзил-манзара тағин ўзгариб қолган эди!
ҳозиргина турган мезана қани?..
унинг беш томонга қараган туйнуклари қани?..
баланд миноранинг ўзи қани?..
Булар ҳеч бири йўқ эди.
Теварагида қишлоғи ҳам кўздан йўқолган.
Жарчи худди бир оламдан бошқа бир оламга кўчиб ўтгандай бўлди. Эскию янги бу оламларни у гўё юзидаги икки кўзи билан эмас, балки юрагида янги очилган кўз билан кўраётгандай эди.
Қараса, оёқлари мезанада ё зинада эмас, юмшоқ бир нарса устида турибди!
Бу юмшоқ нарса янтоқ эди. Жарчи янтоқ шохчалари учида турарди. Оёқлари яланг…
Тизза бўйи келар-келмас янтоқда нима жон бор?! Энди унинг янада жонсиз икки шохчаси нимага ярарди?! Лекин ҳозир шу чалажон янтоқ худди кучли бир дарахтдай бошида Жарчини кўтариб турар эди!
‒ Оллоҳу акбар!.. Оллоҳу акбар!..
Янтоқ қилт этмасди. Шохлари эгилмасди. Жарчи чол қулаб тушмасди.
Юрак кўзи яна бир нарсани кўрди: тевараги бийдай саҳро… чексиз қумлик… майда-йирик қумтепалар… ҳар-ҳар ерда ғуж-ғуж саксовул… сонсиз-саноқсиз янтоқлар, шувоқлар, яна алланимабало буталар…
Енгил иссиқ шамол қум зарраларини оҳиста учириб янтоқлар тагига тўплайди. Калтакесак, юмронқозиқ ва яна бошқа қурт-қумурсқа тирикчилик ташвишида изғийди. Лекин ўзидан из қолдирмайди. Из қолдиришга улгурмайди ‒ шамол шу заҳоти қумларни суриб-учириб, ҳозиргина юмронқозиқ ё калтакесак чопқилаб ўтган ерни бирпасда текислаб қўяди.
Ҳа, Жарчи чол тўрт томони чексиз саҳронинг қоқ ўртасида туриб қолган, тизза бўйи келадиган бир янтоқ устига чиқиб олган ва бу янтоқ устида кимсасиз саҳрони зириллатиб жар солаётган эди!
Хаёлига бир ўй келди: қишлоқда биров унинг сасини эшитмади, бу чексиз саҳрода кимнингдир қулоғига етиб борармиди?
Кўнгли алланечук ўксиди.
Илгарилари ҳеч қачон бунақа ҳолга тушмаган эди. Олтмиш йил экан-ку, минг йил чақирган жарига бир кимса жавоб бермаса ҳам уни бундайин тушкунлик қоплаб олмаган, кўнгли бу қадар ўксимаган бўларди балки.
Ичида ғалати бир истак қўзғолди: “Шу сафар охиргиси… Шу сафар охиргиси…”
Ихтиёрсиз равишда бу истак онгига ўрнашди.
Тили ҳар доимгидек: “Намозга шошилинглар!.. Қутулишга шошилинглар!..” деяпти-ю, хаёлидан: “Энди фойдаси йўқ… Қишлоқда кимса келмади, саҳрода келармиди… келмайди… Шу сафар охиргиси…” деган ўйлар ўтарди.
Бўлди, энди бас қиламан, деди.
Тангрим, мен қўлимдан келганини қилдим. Бобомнинг ишини отам узмаганидек, мен ҳам отамнинг ишини узмадим, Ўзинг кўриб турибсан. Лекин одамларга етказа олмадим… Одамлар менинг чақириғимга жавоб бермади… Кечир мени, Тангрим!..
Ўзи сезмаган ҳолда кўзига аччиқ ёш қуйилиб келди. Мижжалари тўлиб, тоша бошлади.
Кўзёшлари томмас, икки тола бўлиб оқар эди. Юзини ювиб, ияклари остидан бўйнига, очиқ ёқалари орасидан танасига ўтар, бутун бадани бўйлаб оқиб яланг оёғидан саҳрога тушар эди. Қанча оқмасин, бир зумда қумга сингиб кетарди. Қайноқ қумда ҳатто нам изи қолмасди.
‒ Мени кечир, Тангрим! ‒ деди сўнгги бор.
Ҳовучларини юзига босиб, бармоқлари учини мижжаларига босиб, селдай оқаётган ёшларини аритмоқчи бўлди. Бир неча марта артди. Қаёқда! Ёш тўхтамасди. Амаллаб кўзини очди.
Ҳамон яланг оёқда янтоқ узра тураркан, кўзидан тирқираб оқаётган ёш пардалари аро оламга боқди. Аста-секин қайтадан саҳрони кўра бошлади.
Ҳов нарида бир нарсани илғади.
Нима у? Наҳотки?!.
Узоқдаги қумтепа ортидан бир шарпа ажралиб чиқиб, ўзи томон келар эди.
Кўзларини ишқалаб, яна қаради.
Ҳа, чексиз бу саҳронинг жимир-жимир сароблари аро, ҳарир парда ортидан ғира-шира кўзга чалинган шарпадай бўлиб бир одам унга қараб келаётган эди.
Яқинлашганида, синчиклаб эътибор берса, шарпа-одам аслида ўн-ўн икки ёшлардаги бир ўсмир экани билинди.

Ўсмир қумтепадан тушиб келаркан, йўлида одам учраганидан ажабсиниб тўхтади.
Бу одам қари эди, чол эди, нимагадир бир янтоқ устига чиқиб олган эди. Бунинг устига, яланг оёқ.
Ўсмир яна пича юрди. Янтоққа чиқиб олган чол билан орасидаги масофа ўн-ўн беш одимча қолганида тағин тўхтади.
Қизиқсинди. Олдинига янтоққа, кейин жарчи чолга бошдан-оёқ қараб чиқди. Сўнг қўлини қуёшга тўсиқ қилиб қошлари устига қўйганича, ўқдай тикилиб тураверди.

Жарчи бу кимсасиз саҳрода жарини биров эшитишидан ҳам умидини узган эди. Аммо нафақат эшитди, балки чақириғига жавобан бир кимса қошига келди ҳам!
Пешонасига урди. “Ҳаҳ шошқалоқ! Шунчалик умидсиз бўласанми!” деган ўй миясини қиличдек сермаб ўтди.
Кимсасиз бўлиб туюлган олам аслида кимсасиз эмаслиги, бу оламда ҳеч бўлмаса бир болакай борлиги ва у чақириқларига жавобан қаёқдандир етиб келиши ҳозиргина ўлимига рози бўлиб турган Жарчига худди тириклик сувидек қайтадан жон бағишлади гўё.
Айниқса, ўсмирнинг ёш ва ўйноқи кўзлари порлаб, унга жавдираб қараб туриши олтмиш йиллик чеккан изтиробларию аламларига бадал бўла олгулик эди.
“Кимсан сен, эй бола?!” демоқчи бўлди. Аммо бу савол ўрнига нимагадир товуши момақалдироқдек гумбурлаб, оғзидан ҳар доимги жари отилиб чиқди:
‒ Ашҳаду ал-ла илаҳа иллаллоҳ!..
Сўнг Жарчи худди минорадан тушаётгандек эҳтиётланиб янтоқдан қумга инди.
Юзини, нафақат юзини, балки бутун вужудини ҳозиргина минора тепасида кўрган у жозибали Уй томон қаратди.
Йиғлаб туриб аср намозига ният қилди. Қўлини қулоқларига тенг қилиб кўтарди. Кафтларини росмана очиб, ўша Уй сари қаратди. Бошмалдоқлари учини қулоқлари юмшоғига теккизди:
‒ Оллоҳу акбар!.. – деб намозга кирди.
Болакай Жарчининг ўнг ёнбошига келиб турди, очиқ кафтларини олдга қаратиб қулоқ қоқди ва ичида шивирлади:
‒ Оллоҳу акбар!..