Бердақ (1827-1900)

Бердақ қорақалпоқ халқининг машҳур демократ шоиридир. У XIX асрда яшаб ижод этган. Шоирнинг асл исми Бердимурод Қарғабой ўғли бўлиб, Бердақ унинг тахаллусидир. Мутафаккир тўғрисида маълумотлар кам сақланиб қолган. Унинг таржимаи ҳоли ва ижодига оид маълумотларни, асосан, ўзининг асарларида учратиш мумкин. У Орол денгизининг жанубида жойлашган Мўйноқ туманининг Оққалъа деган жойида дунёга келган. Бердақ ўн ёшлигидаёқ отаси Қарғабой Бўронбой ўғли ва онасидан айрилгач, амакиси Қўчқорбойнинг қўлида тарбия кўра бошлайди.

Бердақ ўн ёшидан овул мактабига, мактабни битиргандан сўнг ўз билимини янада чуқурлаштириш мақсадида ўша даврда йирик илм маскани ҳисобланган Қорақум эшон мадрасасида таҳсил олди.

У ёшлигидан бошлаб шеър ёзишни машқ қила бошлади. Халқ қўшиқлари, турли афсоналар, эртаклар, мақол ва маталлар, достонлар билан танишиш, машҳур шоирларнинг шеърларидан баҳраманд бўлиш мутафаккир бадиий ижодини камолга етиб шаклланишида муҳим аҳамият касб этди. Шундай қилиб, Бердақ аста-секин машҳур шоир ва халққа танилган бахшига айлана борди. Энг муҳими, шеърларига ўзи куй басталаб куйлай бошлади.

Бердақ кўп шаҳарларга саёҳат қилди. Марказий Осиёнинг йирик шаҳарларида бўлди. Урганч ва Бухорони зиёрат қилиб, қадимий ёдгорликлар билан танишди. Бердақ Алишер Навоий, Фузулий ва Махтумқули ижодларини чуқур ўрганиб, шеърларини мутолаа қилди. Замондош шоирлар билан мусоҳиб бўлди. Бердақ шеърларининг аксарияти камбағал, бева-бечораларнинг аянчли ҳаёти, уларнинг оғир меҳнати, бой-зодагонларнинг уларга нисбатан қилган шафқатсизлиги, зўровонлиги ва адолатсизлигига бағишланган. Унинг шеърларида инсонпарварлик, тенглик, сахийлик, адолат, ватанпарварлик, меҳр-шафқат, қаҳрамонлик ва мардлик, мустақиллик, миллий озодлик ва ҳақиқат учун кураш, меҳр-муҳаббат каби умуминсоний ва миллий қадриятлар ўз аксини топган.

Бердақнинг шеър ва достонлари халқ оммасининг турмушини холисона ва ҳаққоний тасвирлаб бериш билан ажралиб туради. айниқса, Хива хонлиги ва Чор Русияси ҳукмронлиги даврида оддий халққа нисбатан ўтказилган зулм-зўрликлар шоирнинг бир қатор шеърларида очиқ тасвирлаб берилган. Шунинг учун у ўз замонасидаги адолатсизликдан, хон гумашталаридан, солиқ йиғувчилардан, миробларнинг ўзбошимчалигидан, золимлигидан нолийди, инсон қанча мехнат қилмасин, муҳтожликдан чиқаолмаслигидан зорланади:

Чаққон одим ташлаб, меҳнат қилмасанг,
Кун кўрмоқлик қийин бўлди бу замон.
Мақсадингга ўйлаб-ўйлаб етмасанг,
Қийин бўлди кун кўрмоқлик бу замон.

Бердақ ўзининг “Солиқ”, “Бўлган эмас”, “Бу йил” каби шеърларида хон ва бекларнинг олиб бораётган сиёсатини қоралайди, уларнинг меҳнаткаш халққа ўтказаётган зулмини, шафқатсизлигини тасвирлайди. Бердақ инсонни юксакликка кўтаради, халқни катта куч эканлигини таъкидлаб, ҳукмрон синф вакилларини меҳнаткаш халқни ҳурмат қилишга, уларга ёрдам беришга чақиради. Шоир ўзини халқнинг ажралмас бир қисми, деб тасаввур қилади.

Сўзим ўлмас, доим тирик қоламан,
Халқим борку, ёвдан ўчим оламан…

Бердақ ўзи яшаётган тузумни, унинг тартибларини танқид остига олади. Шоирнинг фикрича, мавжуд сиёсий тузум меҳнаткаш халқни ҳақ-ҳуқуқларини ва манфаатларини ҳимоя қила олмайди. Бундай тузумда фақат адолатсизлик, ҳақсизлик, таъмагирлик, ўзбошимчалик ва бошқа инсонга хилоф иллатлар ҳукм суради. Шоир золимлардан зорланиб бундай дейди:

Золимлар тингламас фақирнинг зорин,
Улар ўйлар ўз фойдасин, ўз қорнин,
Ҳеч қачон золимлар қўлдаги борин,
Эп қўрмаслар, бор бўлса-да, халқ учун.

Бердақ ўзининг ижтимоий-сиёсий масалаларга бағишланган асарларида, Шарқнинг бошқа мутафаккирлари каби жамиятни одил ва маърифатли подшоҳ бошқариши лозим, деган фикрга келади. У ўз давридаги адолатсиз ва золим хон давлатни бошқаришга яроқсиз, деб ҳисоблайди.

Шоирнинг “Омонгелди”, “Халқ учун”, “Айдосбий”, “Яхшироқ”, “Бўлган эмас”, “Ерназарбий” асарларида қорақалпоқ халқининг хонлар зулмига қарши қаҳрамонона кураши, миллий-озодлик ҳаракати акс эттирилган.

Бердақ инсон ўз фаолиятида, хатти-ҳаракатида, мақсадига эришишида эркин эканлигини ёзади. Масалан; у “Ахмоқ подшо” достонида айрим бойлар ва амалдорларнинг жабр-зулми охирги нуқтасига бориб тақалгандан сўнг сабр-тоқати тугаган халқ ўз ихтиёри билан уларга қарши бош кўтаради, дейди.

Бердақ ижодий меросида ахлоқ, хулқ-одоб, нафосат ва гўзаллик масалалари муҳим ўринни эгаллайди. Унинг шеърларида миллий ва умуминсоний қадриятлар, ватанпарварлик, халқлар дўстлиги, оддий ахлоқ қоидалари тўғрисида қимматли фикрлар учрайди. Шоирнинг айтишига қараганда, баъзи мулла ва эшонлар халқ олдида ўзларини ҳалол ва пок, адолатпарвар этиб кўрсатадилар. Амалда эса бунинг аксини кўрамиз. Шоир уларнинг мунофиқлигини фош этиб ташлайди.

Бердақ ўзининг ахлоқий қарашларида Шарқнинг энг яхши анъаналарини давом эттирди. У “Изладим”, “Халқ учун”, “Яхшироқ”, “Менга керак” каби шеърларида кишиларнинг ҳалол меҳнатини улуғлайди. Унингча, ҳар бир одамнинг асосий бурчи халққа ва унинг фаровонлиги йўлида хизмат қилишдир. Бердақ ахлоқий қарашларининг яна бир муҳим томони — кишиларни ҳурмат қилиш, айниқса, қарилар, заиф ва ногиронлар, камбағал ва бева-бечораларни иззат нафсига тегмаслик, уларга иложи борича ёрдам кўрсатишдир. Бердақ худди Навоий каби одамларни ахлоқ-одобига қараб, уларни иккига: яхши ва ёмонга бўлади. Яхши одам деганда, у бутун инсоний фазилатларни ўзида тўплаган доно, ақлли, билимдон, ўзгаларга ёрдам берувчи, феъл-атвори гўзал кишиларни кўз олдига келтиради. Ёмон одам эса Бердақнинг назарида, халқнинг офатидир, у халқни ҳам, оға-инини ҳам қадрига етмайди. Умуман олганда, шоир ахлоқий қарашларининг марказида инсонийлик туради.

Бердақ қўп шеърларида болаларни тарбиялаш, катталарни ҳурмат қилиш, ёш авлодга ватанпарварлик, ўз халқига муҳаббат, халқлар ўртасида дўстлик ва биродарлик ғояларини сингдиришга интилди.

Бердақ қорақалпоқ халқининг машҳур шоири, асл фарзандидир. Қорақалпоғистондаги кўпгина мактаблар, кўчалар, кинотеатрлар, кутубхоналар шоирнинг номига қўйилган. Шунингдек, Бердақ номидаги Қорақалпоғистон давлат мукофоти таъсис этилган. Бу мукофот бадиий адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги энг яхши ишларга берилади.

фалс. ф.д. X. Алиқулов, фалс. ф.н. У. Худойбергенова

Мақолалар

Бердақ шеъриятидан
Ўрозбой Абдураҳмонов. Бердақ дунёси (2007)

Бердақ китоблари

Бердақ шеъриятидан
Berdaq. Saylandi. Shigarmalari (1997)
Berdaq. Shejire (1993)
Berdaq. Tanlamali shigarmalarinin jiynagi (1977)