Меҳмондорчилик одатлари ҳар жойда ҳар хил. Масалан, Хоразмда дастурхонга қўйилган нондан кимга керак бўлса, ўзи ушатиб олаверади. Лекин ҳар бир меҳмоннинг қўлига биттадан чойнакда чой билан пиёла албатта берилади.
Қашқадарёда «онгсизлар, женгсизлар», -дейишади. Бухорода «дастурхонга қараб ўтиринглар», Андижонда «нон тишланг», Самарқандда «еб-ичиб ўтиринглар», дейишади. Хуллас, ҳар жойнинг ўз мулозамати бор. Баъзи жойда Ҳожибой Тожибой айтганидай «олишиб, эйишиб ўтиринглар», -дейишади. Бизда она оғайнилар жангчи. Ота оғайнилар эса аксинча. Она оғайниларникида меҳмондорчилик тез тугайди, бўлмаса, бирининг гапи иккинчисиникига тўғри келмай, жанг бошланади. Ота оғайнилар жимгина чойни хўриллатиб ичиб, соатлаб ўтираверади. «Хўш, соғлиқлар яхшима?» сўрайди ота оғайни. «Яхши», -дейман. Бир соатлардан кейин яна «ўзинг яхшима?» -деб сўрайди. «Яхши» дейман. Шу билан меҳмондорчилик тугайди.
Жангчи холам бор. Борсак, ўзини қўярга жой тополмайди. Ҳамма нарсани муҳайё қилади. «Олинглар, эйишиб ўтиринглар», -деб қистайверади. Эйишишга ҳали вақт бор, -десам, кулади. Биз ейишмаймиз, -дейди. Лекин барибир ўша пайтда ҳамманинг кўнгли нимадандир тўлмай турган бўлади. Шунда тоға жангчи кўзи билан ерни сузганча менга қараб шақшаяди.
–Ҳадеб кавшанаверасанми, гапириб ўтир уёқ-буёқдан! -Эйишиш бошланади. Тоға жангчи вақтни бой бермай, шиддат билан ҳужумга ўтади.
–Овқат кўрганмисан ўзи, бунга ямланмасанг. Ота уруғъингга тортгансан, оғзингдан гап келмайди ҳезалакка ўхшаб. Мириқиб жанжаллашолмайсан ҳам.
Отиволганман, ароқ тилга киради:
-Ўзинг ҳезалаксан, бир хотинни эплолмай…, -бу ёғи барча қуроллар ишга тушади, хуллас, ейишамиз. Ўтириш ўтиришдай бўлади-да, ўзиям!
Ҳозир ҳамма жойда ейишиб ўтириш модага айланган. Ейишиб ўтиришмаса, зерикиш бошланади, ҳаётнинг қизиғи қолмайди. Шунинг учун эр-хотин билан ейишади, бошлиқ ўринбосари, ит-мушук билан… Бирор жойда бошлиқ алмашса, аввал ўринбосарларини еб чиқади. Емагунича кўнгли жойига тушмайди. Зиёлилар ўртасида ейишишнинг олий, назокатли кўриниши мужассам. Улар минг йиллик қадрдонлардай бир-бирлари билан ўпишиб, қучоқлашиб кўришишади, мулозимат, такаллуфни жойига қўйишади. Кейин пистирмадан туриб бир-бирлари билан ейишишади, бири иккинчисини қуритмагунча ана шу ёғимли машғулотини давом эттираверади. Ейишиб ўтириш аслида табиатда бор нарса. Она асаларининг буйруғи билан эркак асаларилар ўлдирилади, ўргимчакнинг болалари туғилиб, онасини хўрак қилади, урғочи чаён уруғланганидан кейин эркагини ейди…
Халқаро майдонда ҳам аҳвол бундан ўнг эмас. Тарихга қарасак, барча қариндош-уруғлар сарой фитналарининг қурбони бўлган. Франция қиролининг ўғлини гўдаклигида алмаштириб кейин ўлдириб юборишган, Клеопатрани деб дўстлар бир-бирига тажовуз қилган, пошшонинг ўғли тахт учун падаркушлик қилган… Ленин Николайни еган бўлса, Сталин Ленинни, Хрушчев Сталинни, Брежнев Хрушчевни еган ва ҳоказо. Бири иккинчисини сотган, униси бунисини отган. Дунёдаги барча ейишишлар Одам Ато билан Момо Ҳаво жаннатдаги таъқиқланган мевалардан тановул қилишидан бошланган. Шундан буён одам ҳаётига шайтон аралашиб келади, иймони суст бўлса бўлди, шайтон унинг ақли ҳушини олади. У ёқда Иброҳим Халиуллоҳнинг Биби Ҳожар ва Биби Сорадан туғилган оғайнилари бир-бири билан олишиб ётибди, бу ёқда қурияликлар иккига бўлиниб, қўшилишолмаяпти, бошқа ёқда туркийлар уруғ ажратиш билан оввора. Буларнинг ҳаммасига Америка айбдор. Ўйламай-нетмай бутун бошли империяни емиришга емириб қўйиб
, улардан қандай қочиб қутулишни билмай гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа ўзини ташлаб жанжал қилиб ётибди. Энди ҳамма Америкага қараб интилади, Америка эса узоқ. Шунинг учун бу сеҳрли диёрга етолмаганлар тақдирга тан бериб, ўзлари яшаган жойларида ейишаверади. Чунки ейишиб ўтириш отамерос-да!