Бир содда деҳқондан: “Бизда нима доимий бўлади?”, -деб сўрашса, “Вақтинчалик қийинчиликлар”, -дея жавоб берган экан. «Қанақа вақтинчалик қийинчиликлар?» «Қанақа бўларди, табиий офатлар-да, мана қиш қуруғчилик билан ўтади, баҳор серёғин келади, ёзда ҳарорат етишмайди, куз эрта тушади, ундан кейин нима бўлади – план бажарилмай қолади», -дермиш…
Яратганнинг бандаси бир нарсанинг қадрига етиши учун албатта вақтинчалик қийинчиликлар жабрини тортиб кўриши керак. Ҳамма роҳат-фароғат ана шунда! Барча ривожланган мамлакатларда ишлаб чиқариладиган халқ истеъмоли молларининг асосий қисми хусусий тадбиркорлар улушига тўғри келади. Чорвачиликда ҳам. Бизда чорвачилик хусусий секторга ўтказилди. Кўпни кўрган раис бовалар бундан фойдаланиб, бутун бошли чорва комплексларни, сурув-сурув подаларни уруғ-аймоғига, пулни қуюқ қилиб берган бойваччаларга кепакка пиёз қилиб сотиб юборди. Натижа ҳаммамизга маълум. Чорва тапписини ҳидламаган бойвачча ёки уруғ-аймоқ чорва комплексларини эту суяк қилиб мўрчадай ташиб кетди, қорамолу эчки улоқни сотиб нафсини қондирди. Мана энди-энди эл ичидан чиқаётган тадбиркорлар минг машаққат билан кредит олиб чорва бош сонини кўпайтириш учун ҳаракат қилиб ётибди. Биз гўштни икки минг сўмдан олиб ейдиган бўлганимиздан кейин чорванинг қадрига етадиган бўлиб қолдик.
Кўпчилик ишлаб чиқариш корхоналари ҳозир кўринмас айсбергга урилиб, талваса билан чўкаётган кемага ўхшаб қолди. Уни хусусий секторда ривожлантириш мақсадида сотиб олаётган окахонлар яна тузиш ўрнига бузиш билан оввора. Самарқанд шаҳрида «Сўғдиёна» оромгоҳи рўпарасида бир пайтлар Шароф Рашидов тамал тошини қўйган энг катта уй-жой қурилиши комбинати бор. Бу ердаги улкан металлоконструкциялар эту суякка ажратилиб, аллақайларга ташиб кетилаяпти. Нима, энди бизда бошқа уй-жой қурилмайдими? «Дамариқ» бозорининг ёнгинасидаги хиёбон кўнгил ёзиб, ҳордиқ чиқарадиган яхшигина маскан эди. Бу ердаги дарахтлар кесилиб, яшин тезлигида қаторлашган дўкон ва дўконваччалар қурилдики, кўриб ҳавасингиз келади. Хиёбон ўртасига ўрнатилган темир турна ҳам яқинда болалари билан бу эрдан учиб кетса керак. Ҳой мусулмон, нима қилаяпсан, шу дўконларни фалон жойдан қурсанг бўлмасмиди? -дейдиган эга йўқ.
Яқинда бир бошлиқ: «Энди бундан буён ўқувчи ва талабалар супурги қўлтиқлаб кўча супуриб юрмайди», -деди. Йиғилганлар Рим амфитеатри майдонидан озод қилинган гладиаторлардай қарсак чалиб юборишди. Чунки улар кўча супуришнинг қадрини билишади-да! Тошкент-Термиз йўналиши бўйича Катта ўзбек трактининг Қозоғистон ҳудудидаги қисми ёпиб қўйилган. Барча йўловчи ташиш транспортлари Гулистон орқали айланиб ўтади. Лекин ўша ҳудудидан ўтадиганлар ўтиб ётибди. Бунинг учун Сирдарё вилоятидаги катта бир идорадан фалон пул тўлаб рухсатнома олиш керак экан. Шундай қилмасак, йўлнинг қадрига етмаймиз-да! «Сиз фалон идораданмисиз?» сўрайди йўл чегарасида турган қўриқчи. «Йўқ, мен фисмадон идораданман» деб ҳайдовчи қўриқчи билан қуюқ кўришиб қўяди. Шу кўришишдан қўриқчининг кўнгли юмшайди, «Майли, фақат эҳтиёт бўлинг», -деб шлагбаумни очиб, мошинани ўтказиб юборади.
Йўловчи ташийдиган автобуснинг ёрдамчиси йўл ҳаракати хавфсизлиги постида мошинани тўхтатиб қолишса, 500 сўмни кафтига қистириб югуриб тушиб кетади, бир зумда қайтиб келади-да, кейин «Рафтем, ҳамеш жо-бажо!» деб шопирни қистайди. Бир постда «тўхта» деган жойдан шопир юз метр ўтиб кетган экан, камчиликларини топишди шекилли, ёрдамчи минг сўмни кафтига қистириб кетди, кейин уч минг сўм олиб югурди, амаллаб, ишни тўғрилаб қайтди. Бир соат ўша жойда кутиб ўтирдик. «Тинчликми?» -деган саволга ёрдамчи «Документ чатоқ ако!» -деб жавоб берди. Йўл юриш қадрини йўлда ана шундай қолиб кетган одам билади.
Юқори нуқта постига кеч соат 8.00 ларда кириб келдик. Автобусни тўхтатишди. Уч-тўртта узоқ йўлга қатнайдиган автобуслар сафига қўшилдик. Маълум бўлишича, қайси бир автобусга чиққан номаълум кишилар йўловчиларни қўрқитиб, бор-йўғини шилишиб, ғойиб бўлишган. Энди шунинг учун махсус қарор билан кечқурун соат 20.00 дан эрталаб 6.00 гача узоқ йўлга қатнайдиган автобуслар ҳаракати тўхтатиб қўйилган экан. Орадан бир соат, икки соат, уч соат… ўтди ҳамки, силжишдан дарак йўқ. Пешонасига Урганч, Бухоро, Шаҳрисабз деб ёзилган автобуслар тиқилиб кетди. Охири йўловчилар жанжал қилиб бошлашди.
-Пулимни қайтариб бер, -деди икки боласи билан келаётган аёл ҳайдовчига, -болам касал, такси билан кетаман.
-Менга нима, мошина бузилмаган бўлса, ана, пост ходимларига айтинг, рухсат берса ҳайдайман-да…
Улар шу тариқа жанжаллашиб, пост ходимлари ёнига боришди.
-Опа, пулингизга мен жавоб бермайман, -деди пост ходими. -Мен бошлиқдан топшириқ олганман, шуни бажараяпман. Автобуслар ўнта бўлганидан кейин колонна қилиб Самарқандга олиб бораман…
-Мен фалон жойга устингиздан шикоят қиламан, -деди опа.
-Боринг, қаерга борсангиз-бораверинг, менга халақит берманг, -қисқа қилди пост ходими.
Хуллас, пулини ололмаган опа, яна 10-15 нафар йўловчилар ўтаётган енгил мошиналарни тўхтатишиб жўнаворишди. Биз ҳам йўлга тушдик… тўрт соатдан кейин, колонна билан. Яхшиям самолётлар пастлаб учишмайди, бўлмаса уларни ҳам тўхтатишиб, колонна қилиб олишарди, ўйладим ичимда.
Ана шунақа. Бизда ҳамма нарса инсон фаровонлиги, яхши яшаши, хавфсизлигини таъминлаш учун қилинади, лекин қуйида ўтириб олган, салласини олиб кел, деса, калласи билан қўшиб олиб келадиган акатўраларнинг қилаётган хурмача қилиқлари туфайли жамиятда ҳамма нарса чалкашиб кетади, одамларда норозилик кайфиятлари пайдо бўлади. То ўнгланиб, изга тушиб кетгунча сунъий равишда ташкил қилинган вақтинчалик қийинчиликлардан кўп нарсани, ҳатто умрни йўқотамиз. Йўқотгандан кейин қадрига ета бошлаймиз. Эссиз умрим-а, қирқ йиллик вақтимни шунга сарфлабман бекорга, -деб ҳеч кимга кераксиз мемуарлар ёзамиз. -Шу Чўпонотага миллионлаб сўм сарфлаб, минг-минглаб одамларни чиқариб ўтқазтирган кўчатларни бошқа жойга эктирсам, юз гектарлик боғ бўларди, номим тарихда қоларди. Ҳозир ким ўша йўлдан ўтса, ўн йил бурун экилиб қовжираб ётган кўчатларни кўриб мени бир сўкиб ўтади. Тўғри қилади, чунки ўша пайтлар вақтинчалик қийинчиликлар даври эди, унинг жабрини чеккандан кейи
н энди қадрини тушуниб етаяпман, – деб ўзимизни оқлаб ҳам қўямиз…