Нурулло Остон. Пушкин қандай шоир бўлган? (ҳажвия)

Каннибалнинг невараси Саша Пушкин болалигида энагаси Арина Родионовнадан жуда кўп эртаклар эшитган. Шунинг учун у катта бўлганида улуғ шоир бўлган. Агар катта бобосининг қўлида тарбия олганида унга ўхшаб одамхўр бўларди.
Биз қишлоқ болалари Арина Родионовнадан эртак эшитмаган бўлсак-да, мактабда  Зиёда маллим жуда кўп эртаклар айтиб берган. У асли кутубхоначи эди-ю, қайси ўқитувчи касал бўлса, ўрнига дарс ўтаверарди. Бу дарслар жуда қизиқарли эртаклардан иборат бўларди. Айниқса унинг “Оҳанграбо” деган эртагини бир йил давомида эшитганмиз. Шундан Зиёда маллимнинг эртакларини эшитиб улғайган ўқувчиларнинг ярми шоир, ярми артист бўлиб вояга етди. Мен эса қўшиқчи-шоир бўлдим. Лекин шеърларим шеърга, қўшиқларим қўшиққа ўхшамайди. Шунинг учун оҳангга зўр бераман.

Юрагимни банд айлади юзларингнинг кулдиргучи,
Нозли қараб, сочни тараб, оҳ санам-а, ўлдиргучи,-

деган қўшиқни эшитганмисиз? Шеъри каминаники, оҳанги туркники, ҳозир ҳамма айтаяпти. Охирида “Оҳ шибидам-шибидам, ваҳ-ваҳ!” деган оҳанги ҳам бор. Битта тўйда шу қўшиқнинг номини сўраб қолишди, бу ҳақда ўйламаган эканман, “Оҳанграбо” деб тилимга келган сўзни айтиб юборибман. Қўшиғим шу ном билан машҳур бўлди. Бир ширакайф мухлис тўйда чаккамга минг сўм ёпиштириб, «ўша қўшиқни айтиб берасан”, -деб туриб олди. “Оҳанграбоними?” сўрадим. “Ҳа, ол ҳанграб олни! -деди у оёғида туролмай чайқалиб. -Ҳангра!” Мухлиснинг бу гапидан хафа бўлсам ҳам берган пулини қайтаришга кўзим қиймади. Ҳанградим. Аслида, қўшиқ мусиқаси оҳангу ҳангдан иборат бўлади-да! “Шашмақом”нинг ҳам ўзига хос ҳанг йўналишлари бор, ҳофиз зоти борки, барибир шу усулларни қўллайди.
Ҳозир қўшиқчилигимиз ривожланиб кетди. Айниқса, эстрада йўналишида, фолклор йўналишларида шунақа янги овозлар кўпайиб кетдики, шовқин-сурондан мия чайқалиши  ҳеч гап эмас. Нақ оҳанграбо тортаётганидай қўшиқ оҳангига тушиб ҳанграётганингизни сезмай қоласиз. “Бешқарсак, “Чавқи”лар уларнинг олдида ип ҳам эшолмай қолди.

Кўзинг чарос бўлипти, ва-ҳа,
Лабинг гилос бўлипти, ва-ҳа!
Отангди отган носи, ва-ҳа,
Энангди кесган оши, ва-ҳа!

Мана фалсафа! Мана сўз санъати! Икки қатор шеърда бутун бошли мангу муҳаббат достони куйланаяпти! Энасини ошини егану қизига ошиқ бўлиб қолган. Худди бир умр энаси куёвига ош қилиб берадигандай. Ўртада отасининг носи қандайлигини ҳам сўраб қўяяпти, отанг Араббобонинг носидан чакадими, ё бошқасиданми, деб сўраяпти. Араббобонинг носи зўрлигини билади-да! Бунинг тарбиявий аҳамиятини айтмайсизми? Қўшиқни эшитган мухлис ҳам энасини эслайди, ҳам оғзида  ошнинг таъмини ҳис қилади. Айниқса, қазили бўлса!
Кейинги пайтда тўй мавсуми бошланишидан олдин гала артист ва ҳопизчалар ўзини тиливизирга урадиган бўлди. Тиливизирда чиқса, клиентлар кўпаярмиш, навар яхши бўлармиш. Тиливизирчилар ҳам талаблардан келиб чиқишиб, дарров тўн бичишади, санъаткор сал унақароқ бўлса эрталабки эфирга, сал бунақароқ бўлса, кечки эфирга. Шундан “Оҳанграбо” деган дилтортар кўрсатув пайдо бўлди. Муаллиф бу номни билиб қўйганми-йўқми, билмадим-у, лекин фавқулодда топиб қўйган. Тўйга чиқасанми-оҳанграбо! Мухлис керакми-оҳанграбо! Армонда қолма-оҳанграбо! Ўша кўрсатувдан кейин кўп ўтмай “Гап чиқди” .
Ана энди тиливизирга чиққан ҳофизни тўйга хизматга айтсанг, нозланиб бошлайди. “Ман “Оҳанграбо”га чиққанман, нархим баланд, сиз айтган кунлар ўтган йили ёзда банд қилинган”, -дейди. Кейин вақтини, нархини айтиб, «ҳар куни 4-5 тадан тўйга заказ олиб қўйганман, фалон числодан фалон числогача, душанба куни эрталаб 8 дан 12 гача, якшанба куни кечаси 12 дан 4 гача бўш вақтим бор, шунча қараб тўйни белгилайсиз”, -дейди. Тўйчи ҳам ғурури баланд, тиливизирда чиққан ҳофиздан бошқасини тан олмайди… «Тўй бўлмаса бўлмас, лекин сизни тўйга олиб келаман, деб катта гапириб қўйганман”, -деб ҳофизга учидан бериб, кейинги йилга навбат олиб кетади…
Шунисига хурсанд бўламанки, ҳамма ҳам болакай Саша Пушкинга ўхшаб энагасидан эртак эшитиб улғаймаган. Зиёда маллимнинг эртакларини биздан бошқа ҳеч ким эшитмаганини эслаб яна хурсанд бўламан. Бўлмаса ҳаммаёқни шоир билан қўшиқчи босиб кетса, кетмонни ким чопарди!