Нурулло Остон. Кўринмас одам (ҳажвия)

Ҳаётда бир тоифа одамлар бўлади, улар камсуқум, кўзга ташланмай юришади, баъзан борлигиниям, йўғлигиниям сезмайсан. Ана шундай одамларнинг фарзандлари юлдузни бенарвон урадиган чиқиб қолса, “ў-ҳў, кесакдан ўт чиқибди-да!” -дейишади. Қишлоқимизда яшайдиган Шариф бобо ана шундай инсонлардан. Икки фарзанди унинг тамоман акси. Ўзларини ўтга-чўққа уришиб, катта бизнесмен бўлиб олишди, ҳамма уларнинг олдига келади. Йилнинг тўрт фаслида мева-сабзавот йиғишиб, Россияга жўнатишади. Уйларнинг олдида қатор-қатор “Алка” мошиналари туради, ишчи ёллаб ишлатишади, ота кексайиб қолган, унинг ёнига кириб ҳол-аҳвол сўрашга фурсат йўқ. Клиент кутиб турмайди-ку ахир! Ана шундай югур-югурлардан бирида  Шариф бобо касалхонага тушиб қолди. “Ҳа энди кексалик-да, кекса одам мўрт бўлиб қолади”, -дейишиб, ака-ука эътибор беришмади. Ахир “Алка” кутиб турмайди-да! Лекин бу сафар “Алка”ни тўхтатиб туришга тўғри келди. Касалхонадан шум хабар келди: Шариф бобо омонатини топшириб
ди.

Бобонинг ҳовлиси бир зумда тўс-тўполон бўлиб кетди. Одамларга хабар қил, гўрковни топ, мурдашўйга одам юбор, тобутни опке, ҳамма чопган, йиғлаган… Ака-ука зарбоф тўнни кийиб, белбоғни боғлаб, “вой отам”лаб йиғлай-йиғлай “Мерседес” билан касалхонага боришди. Жасадни ўликхонага олиб ўтишган экан. Ўликхона эгаси мурдани олиб кетиш учун ҳужжат сўради.

Ака чўнтагидан юз доллар чиқариб берди. Ўликхона эгаси карахтланиб бир пулга, бир уларга қаради.

-Кам деяпсанми, -ука чўнтагидан юз доллар чиқарди. -Ма, очофат, отамни кўрсат.

Ўликхона эгаси ўраб қўйилган иккита жасадни кўрсатди. “Танлаб олаверларинг”, -деди

Ака-ука биринчи жасаднинг юзини очиб қарашди. Соғол-мўйлови жойида, ухлагандай ётипти.

-Ака, -сўради ука. -Отам шуми?

-Билмадим, -деди ака жасадга узоқ тикилиб. Унисини  кўрайлик-чи?

Унисининг юзини очиб қарашди. Бу ҳам кекса одам, соғол-мўйловли. Бир-бирига ўхшаб  кетади.

-Мана шуниси бўлса керак, -деди ака. Кейин укасидан сўради: -Менга қара, охирги марта отамни қачон кўргансан?

-Эслолмайман, уч йилларча бўлди-ёв…, сиз-чи?

-Мен ҳам вақтим бўлмай…

Хуллас ўликхона эгаси яна ёрдамга келди.

-Мана бунисини яқинда олиб келишди, -кўрсатди у жасадлардан бирини.

Ака-ука жасадни “Мерседес”га ортиб уйга келишди. Тумонот одам йиғилган, ўликни “вой отам”лаб мурдашўй ювадиган хонага ўтказишди. Ака-ука бизнесмен эмасми, барча таниш-билишлар, ошна-оғайнилар келган, бутун қишлоқ мотам тутган, йигирмата ёлланма ишчиларнинг ҳаммасига чопон кийгизилиб, белбоқ бойланган, улар тинимсиз “вой отам”лаб аюҳаннос солиб, ичкарига кириб-чиқиб туришибди. Жанозага бир соат қолганида билаги шимирилган мурдашўй йиғлайвериб кўзлари қизариб кетган акани ёнига чақиртирди.

-Отангиз мусулмонмиди, -деди мурдашўй аканинг қулоғига шивирлаб.

-Бу нима деганингиз, -деди ака фарёд қилиб. -Ғамгузорим отам, меҳрибоним отам мусулмон бўлмай кофир бўлармиди? Пул етмаётган бўлса айтинг, қанча бўлса кўтараман, фақат ҳаммаси расамадида бўлиши керак, -ўғил ёнидан яна 200 доллар чиқариб мурдашўйга узатди.

-Гап пул ҳақида кетаётгани йўқ, -деди мурдашўй секингина. -Бориб волидангиздан сўраб кўринг-чи, отангиз мусулмонмиди, ё…

Ака бир мурдашўйга, бир жасад ётган хонага қаради, кейин укани чақирди.

-Бор, онамни топиб секин сўрачи, отамиз мусулмонмиди ё…

Ука акага қаради, ўликхонадаги воқеани эслади, шундай бўлса ҳам хотин-халаж  дод-вой қилаётган жойга бориб, онасини секин чиқартирди.

-Эна, ювғувчи сўраяпти, отам мусулмонмиди, ё…

Она рўмолини лабига босиб, ўғлига қаради, кейин жасадни қаердан олганликларини сўради.

-Ўликхонада иккита жасад бор экан, қоровул кўрсатганини олиб келавердик…

-Бўпти, гап-сўз қилмай буни кўмаверинглар-да, бориб ўликхонадан отангнинг жасадини олиб келинглар, -деди она…

Хуллас, ўша куни ака-ука бизнесменлар уйидан иккита ўлик чиқди. Биринчи ўликнинг жанозасида узундан-узоқ тантанали сўзлар айтилди, узундан-узоқ суралар ўғилди. Йиғлавериб кўпларнинг юзи шишиб кетди. Ака-ука кўп долларларни сарфлашди. Лекин шу билан бирга: “Бошқа ўликни олиб келишган экан”, -деган гап ҳам ўрмалаб қолди. Ака-ука ўликни кўмиб, ҳеч кимга айтмасдан яна ўликхонага боришди. Қоровулга 200 доллар бериб, иккинчи жасадни олиб кетмоқчи бўлишганида ўликхона эгаси шайтонлаб, ақлдан озиб қолди.

Ака-укалар “Вой отам”лаб иккинчи жасадни олиб келишганида, ўзларини уларга яқин олиб, бел боғлаб турганларнинг воқеадан хабари йўқ, беш-олтитаси ҳушидан кетиб йиғилди. Йигирмата бел боғлаб турган ёлланма азачилар чопон-попонни улоқтиришиб, “ўлигинг бошингдан қолсин”, -дея, ёқасига туфлаб, калимасини қайтариб, қочиб қолишди. Мурдашўйдан отасининг мусулмонлигини эшитган ака-ука унга 200 доллар суюнчи беришди. Кейин кўп куттирмасдан, дабдабасиз, майитни бир зумда кўмиб келишди. Ахир, “Алка” кутиб турмайди-да!