Барча ривожланган давлатларда бошқарув тизимида фаолият кўрсатаётган раҳбарлар, ҳатто Президент жамоатчилик назоратида бўлади. Масъул вазифада ишлаб турган амалдор мансабини суиистеъмол қилса, ҳаддидан ошса, жамоатчилик таъсирида унинг ковуши тезда тўғрилаб қўйилади. Бизда жамоатчилик назорати деган ибора энди-энди шаклланиб келаяпти. Жамоатчилик назорати йўғлиги туфайли 2004 йилнинг дастлабки олти ойи мобайнида Самарқанд вилоятида носоғлом муҳит вужудга келди. Натижада жамоатчилик назоратидан ташқарида бўлган ҳокими мутлақ атрофига зудлик билан садоғатли лаганбардорларни йиға бошлади, тўғри одамларни четга суришга уринди. Хом сут эмган банда-да, олимлигу илми ахлоқ, халқ хўжалигини ривожлантириш масалалари бу ёқда қолиб кетиб, майда-чуйда мансаб ўйинларига ўралашиб қолди.
Деҳқон маҳсулотини сотиши лозим бўлган Сиёб бозорида қаторлашган савдо дўконлари қад кўтарди. Дўконингни кўчага қур, маҳаллага қур, бозорга тиқиб нима қиласан? -деб сўрайдиган топилмади. Дамариқ бозори ёнидаги хиёбон бузилиб, икки қатордан савдо дўконлари қурилди. Энди ўша хиёбонга стол-стуллар қўйилиб ошхона қилинган, одам дам олиш учун ботиниб киролмайди. “Самарқанд” кинотеатри ёнидан Марказий истироҳат боғи бошланадиган Полиграфия кўчасида икки томонлама тизилишиб турган, бедид қурилган савдо дўконлари боғнинг тароватини умуман йўққа чиқараяпти. Нима, Самарқанднинг куни босар-тусарини билмай қолган тўртта савдо ходими ёки тўртта шашликпазга қолганми? Президентимиз тўғри айтди-Самарқандга жаҳон нуқтаи назардан қараш керак-Самарқанд-ҳокимнинг қўйнига кириб олган тўртта учар савдогарники эмас, бутун ўзбекистоннинг, бутун Шарқнинг фахри, қолаверса бутун дунё халқлари бир бор кўришни орзу қиладиган жаннат макон. Уни майда орзу-ҳавасчалар билан майдалаштириб қо
ъйишга, бозор ва истироҳат боғларини шашликхона билан дўконларга тўлдириб, ҳаккалак отган нафсини қондиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Зотан, тўймаган кўзни тупроқ тўлдиради.
Энди чой ташийдиган олим ҳақида. Қулдан пошшо чиқса қуллигича қолади, деган ибора бор халқимизда. Олимки, ҳокимга чой ташийдиган бўлибди, демак Самарқандда илмга ҳурмат қолмабди. Айтмоқчи, ҳурматли собиқ ҳоким жаноблари бундан уч ой муқаддам Олий Мажлисдан вилоятдаги ОАВ фаолиятини ўрганишга келган нуфузли вакилларга Самарқанддаги журналистлар ҳали ХХ асрда яшаб юрибди, уларнинг қулоғидан чўзиб ХХИ асрга ўтказишга тўғри келаяпти, деган эди. Биз албатта буни ҳазил ўрнида қабул қилган эдик, лекин ҳаммаси тўғри чиқди. Қулоқ чўзма пайтида парда ортида нималар рўй бераётганини Президент келиб кўрсатиб бермагунича лаллайиб юраверган эканмиз.
Солиқ бошқармасига Рустам Қўчқоров раҳбарлик қилаётган даврда ғаразли ёндашувлар бу соҳани ҳам четлаб ўтмади-бошқарма бошлиғининг ўрни кимгадир ёғлиқ кўриниб қолибди. Ҳой, бу ёғли жой эмас, иймонини елвизак уриб кетган одам бу ерда раҳбарлик қилолмайди, деб маслаҳат берадиган топилмади. Унинг ўрнига шу соҳага ҳадеб қора балчиқ чапланаверди. Оқ нарса оқ-да, барибир балчиқ ювилиб кетаверади. Хуллас, у эмас бу эмас, бундай нохуш ҳолатларнинг ҳаммаси Президентимиз айтганидай, жамоатчилик назорати бўлмаганлиги, хато-камчиликлар очиқ-ошкор айтилмаганлиги туфайли содир бўлди. Жамоатчилик назоратини кучайтириш, шу орқали раҳбар томонидан қилинаётган ишларнинг ошкоралиги унинг халқ олдидаги обрўсини оширади. Зеро, ҳоким халқ хизматкоридир. Таниқли манбашунос олим Комилхон Каттаевнинг бир китобида Махдуми Аъзам ҳазратларининг шундай ҳикматли фардлари бор:
Гар худо ҳоҳад пардаи касро дарад,
Майлаш андар таънаи покон барад,
яъни, агар худо бировнинг иймон пардасини йиртмоқчи бўлса, у ҳалол одамларни таъна қилиб бошлайди, дейди. Ҳалол одамни таъқиб қилиш, ишдан бўшатиш, номини қаро қилиш мумкин, лекин бир кун келиб бу қабиҳликлар элга ошкор бўлгач, ҳаммаси жойига тушади, кимнинг кимлиги билинади. Замон ўзгараяпти, дунёғарашлар ўзгараяпти. Ошкоралик адолат, ҳалоллик устивор бўлмаган жойда қабоҳат ва пасткашликлар кучаяди. Бу эса жамиятни таназзулга олиб келади.