Нурулло Остон. Аёл салтанати (ҳажвия)

Инсоният пайдо бўлибдики, аёл ва эркак можаросидан боши чиқмайди. Матриархал даврида  аёллар ов қилган, кетмон чопган, эркаклар уй супуриб, бола боққан. Аёллар эркакларга уйланган, бола боқишни, кашта тикишни билмаса, уйдан ҳайдаган. Ҳайдалган эркаклар нима қилишни билмай, охири йиғлай-йиғлай ов қилишга, ёввойи ҳайвонларни хонакилаштириб ер ҳайдашга, экин экишга мажбур бўлган. Амазонкалар жамоаси эркакларни тез-тез ўғирлаб турган. Кейин патриархал даври бошланган. Матриархаллар қараганки, патриархаллар ов қилиб, экин экиб мазза қилиб яшаяпти, дарҳол бола-чақаларини чирқиратиб этаклаб келиб, уларга тегиб олган, яна эркакни эзиш бошланган. Ов қилиб кел, экинни сув босиб кетибди, қарамабсан, маккажўхорини ўриб ол ва ҳоказолар деб. Шунинг учун энг катта фожеалар патриархал даврида бошланган.

Эркак табиатан беозор, ҳимоясиз жонивор. Фақат унга қайси томондан минишни билиш керак. Матриархаллар бу санъатни шундай моҳирона эгаллаб олишганки, уларнинг саноатига қойил қолмасдан илож йўқ. Аёл эркакни ширин сўзи билан жиловлайди, бола билан тўқимлайди, кейин миниб олиб майда орзу-ҳаваслар йўлида умрининг охиригача қўш қўшдиради. Эркак оғзига урилган темир сувлиғини чайнаб, бурнидан нафас олаётганлигидан хурсанд бўлиб қўш-қўшаверади. Жуда жонига теккани юганни узиб, бошқасига боради. Бошқаси нима қилади? Уям тўқим уриб миниб олади… Шунинг учун даҳолар уйланмаган. Аёллар уларни жиловлаш учун кўп ҳаракат қилган, лекин фойдаси бўлмаган.

Эркак аёлнинг нимасига қизиқади? Тадқиқотчиларнинг кўп йиллик изланишлари шуни кўрсатадики, аёлда эркакни аврайдиган икки нарса бор. Буларнинг бири тил, иккинчиси жағ. Аёл жағи билан эркакни ўсал қилади, тили билан заҳарлайди. Бу фожеанинг олдини олиш учун нималарни ўйлаб топишмади, дейсиз? Аёлнинг жағини ёпиш учун сақич кашф қилинди, тилла тишлар қўйдирилди. Бундан унинг  жағи баттарроқ очилиб кетди.

Айтишларича, Бернард Шоуга гўзал раққоса Айсидора Дункан жилов таклиф қилипти.

-Сизнинг ақлингиз ва менинг чиройим билан туғилган бола жуда аломат бўлса керак, -депти.

-Гапингиз тўғри хоним, -депти Бернард Шоу бунга жавобан. -Лекин унга менинг қиёфам-у, сизнинг ақлингиз ўтиб қолса, нима бўлади?

Амир Темур ҳазратлари хотин ва жория масаласида зиқналик қилиб ўтирмаганлар. Лекин   Сароймулкхонимнинг гапидан чиқмаган. Надежда Крупская Ленинни Инесса Арманддан тортиб олган. Жаҳон пролетариатининг отаси тиниб-тинчимаганидан кейин уни Горкидаги дала ҳовлисида ётқизиб боққан. Буни кўрган Сталин айниқса хотин масаласида эҳтиёткор бўлган. У Ленин учун алоҳида «Правда» газетасини чиқазиб турганини сезиб қолган Крупская жанжал кўтарган. Шунда Сталин:

-Замолчи корова, иначе Инесса Арманда объявлю женой мирового пролетариата, -деб уни қўрқитган. У аёлларнинг маккорликларидан ваҳимага тушиб ўзининг хотинини отган, Калинин, Ворошилов, Молотов цингари сафдошларининг хотинларини қамоққа ташлаган. Хотинлар сафдошларини заҳарлаб қўймаслигининг олдини олган. Хотининг тотордан бўлса, тўппа-тўғри жаннатга тушасан, деган гап бор. Албатта, бунга миллатнинг дахли йўқ. Тоторми, чулчитми, нўғойми, барибир хотин. Бу ерда хотин рамзий маънода тотор деб айтилаяпти. Тотор хотин билан яшаганидан кейин эркакка дўзах ҳам жаннатдай бўлиб туюлади. Михаил Горбачев Раиса Максимовнага уйланиб, тўппа-тўғри жаннатга тушгиси келди. Лекин хотиннинг гапи атом қувватидан кучли эканлигини у бечора қаёқдан билсин? Жаннатга тушиб улгурмай, жаҳон пролетариати отаси яратган империяни чирпирак қилиб юборди. Билл Клинтон Моника Левинскига жиловини тутқизмаган эди, у жаҳл отига миниб, бутун дунёга икковларнинг ўртасида бўлган ишқий саргузаштларни ё
йиб юборди. Хуллас, пошшолар ҳам хотинлар ҳукмидан ташқарида эмас. Клеопатра  нечта пошшога теккан бўлса, ҳаммасига ўз хукмини ўтказган, малика Тамара ўз чиройи ва ақл-фаросати билан Гуржистонни қўшни давлатлардан ҳимоя қилган, Элезавета Павел И га тегиб, мамлакатини бошқарган, Мумтоз Маҳал Ҳумоюн Мирзога давлат ишларини бошқаришда энг яқин маслаҳатчи бўлган. Она Тереза бутун дунё христианларининг энаси бўлган, Маргарет Тетчер бутун бошли давлат котиби, Индира Ганди бир миллиарддан кўп аҳолиси бўлган давлат раҳбарлиги даражасигача кўтарилган… Пошшо қилолмаган ишни хотини битиради. Пошшо давлатни, хотини пошшони бошқаради. Чунки пошшо ҳам эркак-да! Бунинг устига беозор, ҳимоясиз. У хотинидан ҳимоя истайди, хотин унинг жиловидан ушлаб ўз орзу ҳаваслари сари бошлайди… Умуман олганда, «Эркакларни хотинлар воситасида, хотинларни олтинлар воситасида сотиб олишади», -деб бекорга айтишмаган экан.

Хотинидан қўрқмаган эркак эркакми? Дунёда қанча миллат ва элат эркаклари борки, ҳаммаси хотинидан қўрқади, қўрқмай кўрсин, хотини нақ энасини кўрсатади. Ана шунақа, аёл шайтанати, кечирасиз, аёл салтанати шундай мустаҳкам ва енгилмаски, уни бузадиган куч йўқ. Яқинда  қайси бир штатнинг шаҳриёри алмашиши билан қўшним суюнчига югуриб келди, оғзи қулоғида. «Энди зўр бўлади, -деди у бошмалдоғини тикка қилиб: -Янги шаҳриёрнинг хотини янгангизнинг амакисининг аммасининг қизи экан, бир тандир патир ёпиб  табриклашга кетди!»