Инсоният пайдо бўлганидан буён ўз тақдири, эртанги куни қандай бўлишини билишга қизиқади. Ҳаёт қийинчиликларига чидам билан бардош беради. Ҳаммаси олдинда, дейди у ишонч билан. Лекин олдинда нима борлиги олдиндан аён бўлса, яшашнинг қизиғи қолмайди. Шунинг учун бандасининг тақдирини яратганнинг ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. Бир соат, бир кун, бир ой, бир йилдан кейин нима бўлишини яратганнинг ўзи билади. Буюк мутасаввуф аллома Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрори Вали бандаларни инсофга чақириб «Олаётган ҳар бир нафасингни сўнгги нафас деб билгил», -деб бекорга таъкидламаган. Навбатдаги нафас сенга насиб қиладими-йўқми, бу ёлғиз Оллоҳга аён. Пайғамбаримиз саҳобалардан: «Умрнинг омонатлигини қай даражада идрок қиласизлар», -деб сўраганида улар: «Аё Пайғамбар, бомдод номозини ўқиганимизда, асрга етамизми-йўқми, деган ўйда бўламиз», -дейишипти. «Идрокингиз жуда юзаки экан, -депти шунда Пайғамбаримиз. -Мен номоз ўқиётганимда ўнг елкамга салом бериб «Ассаломуалайкум раҳ
матуллоҳ», -деганимда чап елкамга салом беришга нафасим етармикан, -деган хаёлда бўламан…».
Одамларнинг ўз тақдирини билишга қаттиқ қизиғишини дастлаб мўлтонилар пайқашган ва раммолчилик бизнесини бошлаб юборишган. Шундан лўлилар бутун дунёга тарқалиб кетган. Тўғри, Нострадамус «фалон йилдан кейин сиёсат майдонига тақир бошида белгиси бор одам келиб, бутун дунёни остин-устун қилиб юборади», -деган. Лўлилар Нострадамус билан фахрланишиб: «Бу одом энг катта бобомез бобокалониненг бобокалоне бўладу», -деб уни ўзларига яқин тутишади. Қизиғи шундаки, мўлтониларнинг қайси динга, қайси тилга таассублигини ҳеч ким билмайди. Улар қаерда яшаса, ўша тилни, ўша динни ўзлаштириб, одамларга фол очиб, чўнтагини қоқиштираверади. Икки мучални уриб олган эркаги соғолини Ойша холанинг патагидай қилиб, гадойлик билан халқни таласа, урғочиси обдастада исириқ тутатиб талайди. Боласи одам гавжум жойларда ярим тиззада кўзини юмиб, микрофонни ҳам биру нўлга урадиган жарангдор овозда Қуръон сурасидан тиловат қилиб пул йиғади. Ана, сизга бизнес! Солиқ ҳам тўлашмайди, занг
ъарлар! Уйга бориб кўрсангиз, оғзингиз очилиб қолади-ҳокимдан яхши яшашади. Тўйларига авваллари Фахриддин Умаровни олиб келишарди, энди янги чиқаётган манман деган ҳофизларни олиб келадиган бўлишган.
Бир содда Дамасчи йўл четида турган экан, исириқ тутатиб юрган лўли аёл ёнига келипти. «Манга ҳеч нарсанг керак эмас, -депти у. -Лекин уч кундан кейин санга келадигон хатар кўзимга кўринде, шундан бефарқ ўтиб кетолмадўм, истасанг шуни даф қилеб бераман». Дамасчи йўлда юрмайдими, иримчироқ экан, ёмон гап эшитмай, деб ундан қутулиш учун юз сўм узатибди. Лўли ахмоқми, шундай лаққа турганида текинга кетадиган. У пулни олиб нималарнидир ўқипти, куф-суф қипти, кейин кўзини юмиб, «Худо йўлига, пиру арвоҳлар, азиз авлиёлар йўлига минг сўм чиқар», -депти. Дамасчи илон авраган қурбақадай минг сўм чиқарибди. Лўли нималарнидир ўқиб-ўқиб, «Ана, хатар даф бўлаяпти, минг сўм чиқар», -депти. Яна минг сўм кетибди. Бир пайт лўли сеансини тугатиб, кўзини очиб, юзига фотиҳа тортипти. «Ана энде хатардан халос бўлденг, қўлнинг назрини бер», -депти. Дамасчи 2100 сўм бердим-ку, деса, лўли: «Бу инсу жинсларни ҳайдаш учун эди, энди қўлимненг назрини бер», -деб яна 500 сўмни
шилипти. Кейин кетар жафосида: «Яхши одам экансан, қанча пулинг бўлса қоғозга ўраб ушлаб тур, унга ҳам дам солиб қўяман, юрган йўлингда бало-қазолардан холи бўласан», -депти. Бечоранинг яхши одамларга бераман, деб асраб қўйган ўнг минг сўм пули бор экан, қоғозга ўраб қўлида ушлаб турипти. Лўли аёл алланималарни ўқиб, пулга дам солипти, кейин: «Энди бу пулне ўн олтита азиз-авлиёлар ётган жойларга тарқатасан, бўлмаса ўласан», -деб кетаётган экан, ранги ўчиб кетган Дамасчи уни жон-жаҳди билан тўхтатиб: «ўн олтита авлиёни қайдан топаман, бор-йўғи саккизта авлиё ётган жойни биламан», -деса, лўли: «Манга ишонсанг, пулни бер, ўзим сане номингдан тарқатиб чиқаман», -деб, боласини ўртага қўйиб қасам ичипти. Дамасчи жони узилгандай бўлиб, қоғозга ўралган ўн минг сўмни лўлига бериб юборипти. Ҳозир энди юрипти ўша ўн олтита азиз-авлиёнинг паноҳида бемалол кира ишлаб. Лекин шундан буён исириқ тутатиб юрган лўлиларни кўриб қолса, ранги оқариб, қочадиган б
ўлиб қолган.
Буям майли, ҳозир қирқни уриб қўйганидан кейин тушида оқ либосли бобо ва момоларини кўриб, улардан қўл олган фолбинлар кўпайган. Бирови бошига кўрпа ёпиб фол кўради, бошқаси қоп-қоронғи хонада башорат қилади. Тагини суриштириб борсанг, уларнинг кўпчилиги товари ўтиб турган пайтда ё ўйинчи ё фоҳиша бўлиб чиқади. Қайсига борсанг, тақдирингдан фол очиб, пулингни қуртдек санаб олганидан кейин тасалли бериб: «Хафа бўлманг, ҳали ҳаммаси олдинда», -деб кўнгилни кўтариб қўяди. Доҳийларда ҳам ажабтовур фолбинлик хислатлари бўлган. Улардан биттаси «Коммунизм+бутун мамлакатни электрлаштиришдир», деганида ҳаммасини олдиндан кўра билган…
Бошқаси шу электр чироқининг ёлқинидан илҳомланиб, «80-йилларда коммунизмда яшаймиз, -деб юборди. -Коммунизмда пул бўлмайди, ҳамма нарса текин бўлади», -деди. Ё қудратингдан, бу башорат ҳам тўғри чиқди. 80-йилларга бориб, пул йўқолди-корхоналар ойлик маош бермай қўйди, пенсионерлар нафақа ололмай қолди. Пул йўқолгач, коммунизм узил-кесил ғалаба қозонди. Фақат ҳамма нарса қимматлашиб кетди, текинидан битта ҳаво қолди. Агар тадбиркорлар ҳавони сотишнинг иложини топишганида, нафас олишни йиғиштириб қўйса ҳам бўлади. Лекин бандаси тушкунликка тушмайди. «Ҳали ҳаммаси олдинда, -дейди умид билан. -Ҳаммаси яхши бўлиб кетади». Жуда иримчироқ бўлса, лўлига чопиб боради. Лўли фол очади пулига қараб. «Бўлди боравур, балонгде олай, -дейди пулни қарсиллатиб санаб олиб. -Бошингдан фалокатне даф қилдем, энде ҳаммасе яхши бўладу, ҳаммасе олдунда!»
Шунча йил яшаб, «Ҳаммаси олдинда» деган иборанинг маъносини энди-энди тушуниб етдим. Нима учун ҳамма бир-бирига шундай деб тасалли беради? «Ана фалончи юрипти ялло қилиб, егани олдида, емагани орқасида», -дейишади бирор бизнесмен ҳақида гап кетса. Шунинг учун тақдирингиздан фол очириб ортиқча сарф-харажат қилиб юрманг. Ҳали ҳаммаси олдинда!