Нурулло Остон. Қоралар фалсафаси (ҳажвия)

Илгарилари олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларини домлалар қабул қиларди. Абитуриентнинг билимини тўғри баҳолаш учун қўшимча саволлар бериларди. Шпаргалкалар қўлдан-қўлга изғиб, фотосуратли иншолар бозори авж оларди. Имтиҳонда шулар ёрдамида иншони “Лайли ва Мажнун”дан бошлаб “Фарҳод ва Ширин”да тугаллаганман. Текширувчи домла раҳмдилроқ эканми, бир иншога икки иншони сиғдирганим учун саноатимга қойил қолиб, отнинг калласидай қилиб учни босиб юборибди.

Тарихдан имтиҳон топширишим ундан-да қизиқ бўлган. Каллада ҳеч вақо йўқ, имтиҳон тугаяпти, охирда менга ўхшаган икки-уч абитуриент қалтираб турипти. Домлалардан бири: -Учовларингиз ҳам киринглар, -деб ичкарига таклиф қилди. Биттадан билет олдик. Менга рус-япон уруши тушди. Руслар японлар билан уришганини ҳеч эслай олмайман. Руслар немислар билан уришган-ку! Демак билетда нотўғри ёзилган бўлиши керак, деб ўйлаб турган эдим, имтиҳон комиссияси раиси, институт ректори келиб қолди.

-Э-ҳа, энг зўр абитуриентлар қолганга ўхшайди-ку. Сан буёққа кел, -деб афти Бухаринга ўхшаб кетадиган болани чақирди. -Саволни ўқи.

-Ленин яшириниб ётган кўл номи ва сургунда бўлган жойлар… -ўқиди Бухарин.

-Хўш… -комиссия раиси Бухариннинг қўлига кўрсаткич таёқча бериб, харитага ишора қилди: -Ленин қайси кўлда яшириниб ётган, кўрсат-чи?

Бухарин ҳайрон, қўлида таёқча, бир харитага, бир домлаларга ишшайиб қаради, кейин:

-Харитада кўл нима қилади, домла? -деди.

Буни эшитиб аввал имтиҳон комиссияси раиси, кейин домлалар кулиб юборишди. Юмалаб-юмалаб кулишди. Биз ҳам кулдик.

-Хўп майли, -деди  комиссия раиси кулавериб ёшланиб кетган кўзини артиб. -Ҳеч бўлмаса, Ленин бўлган жойларни кўрсат.

-Ленин ҳамма жойда бўлган, -Бухарин қўлидаги таёқча билан харита юзасини айлантириб ташлади. Яна кулишди. -Ҳозир ҳам ҳамма ишни Ленин қилади! -оташин жавобини тугатди Бухарин.

-ўзи… Ленинни танийсанми? -сўради комиссия раиси.

-ўн сўмликларда кўрганман!

-Сизлар ҳамми? -раис бизга-қалтираб турган икки абитуриентга қаради.

-Худди шундай! -бир овоздан жавоб бердик.

-Бўлмаса буларнинг учовига ҳам уч қўйиб беринглар-да, ишни тугатинглар. Розимисизлар? -раис бизга қаради.

-Розимиз, -бир овоздан такрорладик қувониб. -Раис кула-кула чиқиб кетди. Ана шундай қилиб ўқишга ўтганман.

Ҳозир имтиҳонлар дунё андозалари бўйича тест синовларига айлантирилди. Энди ўқувчи дарсликларни ўқиб ўтирмайди, репититор ёллаб, савол вариантларига жавобни белгилаб кетаверади. Саволлар ҳам фавқулодда зукколик билан топиб тузиладики, етти ухлаб тушингга кирмайди. Масалан “Лайли ва Мажнун”да “Мажнун қайси жонзодга ўз дардини айтди?” Энди ўқувчи Мажнун қайси ҳайвонга ўз дардини айтган экан, деб достонни ўқиб ўтирмайди-ку! Жавобни репититор топади. “Йўлбарсга айтган”, -дейди. “Ёнида тулки билан чиябўри ҳам бўлган”, -деб қўшиб қўяди.

“Равшанхон достонида бешта калнинг қайси бири ҳазилкаш бўлган?” Ҳаммасиям ҳазилкаш бўлган-у, лекин  Ҳасан чопсон дегани ҳаммасидан кўпроқ ҳазил қилган, дейиш учун уни тўла ўқиб чиқиш керак. “Отабек кечаси Қутидорнинг уйининг орқасига ўтганида нима қилган?” Жавоб: а) Содиқни кўрган; б) деворга суянган; в) ҳеч нима қилмаган. Ана энди жавобни топиб олаверинг. Репититор бунинг ҳам йўлини қилади. “Одам кечаси уйнинг орқасига ўтганда нима қилади? Отабек ҳам шундай қилган”, -дейди.

“Машҳур қўшиқчи шоир Гадоийнинг қуйидаги матлаъли ғазали қайси вазнда ёзилган?” Бечора қўшиқчи шоирга шу саволни берсангиз, у ҳам репититорга югуриб қолса керак. Репититор бунга ҳам жавоб топади. “Бу бармоқ вазнига мослашган аруз вазни”, -дейди у. “Итпараст Марв шоҳи ҳақидаги ҳикоя “Хамса”нинг қайси достонида берилган?” “Садди Искандарийда!” деб белгилайди абитуриент репититорга берган 200 долларига ишониб. “Абушқа луғати қачон ёзилган?” ўқувчи бу луғатнинг нималигини билмаса ҳам ёзилган йилини аниқ белгилайди. Хуллас, тест  саволларига топган жавоблари учун чўнтагини қаппайтириб, тўтиқушлар армиясини тайёрлаётган репититорларнинг қўша-қўша уйларига, энг сўнгги маркадаги машиналарига ҳаваси кетган домлалар ёппасига ўзларини шу соҳага уришаяпти.

Ҳозир тест саволлари учун янада қулайроқ имкониятлар пайдо бўлган. Ўқувчи олий ўқув юртига ҳужжатини топшириб, яллони қилиб, лайлакни ҳайдаб юраверади. Имтиҳон куни эрта саҳарлаб қўлида “х вариант” билан “танкаси” шоша-пиша келиб қолади.

-Мана шу бўйича тест саволларини белгилаб чиқасан, мирра сеники бўлади. Буни ҳозиргина факс орқали у ёқдан олдим, -дейди у қўлини юқорига кўрсатиб лайлаклар чўпонига. -Буни домлалар билан 20 минг доллларга сотиб олганмиз, ўқишга ўтганингдан кейин арзимаган 500 доллар берсанг бўлди, фақат ҳеч кимга кўрсатма”, -деб тайинлайди. Ўроқда йўқ, машоқда йўқ чўпон “х вариант”ни боплаб кўчириб, лотереясига ютуқ чиқиб, ўқишга кириб кетади. Домла пулни сўрайвериб, безор  қилганидан кейин тегишли идорадан белгили пулларни олиб бериб, уни қаматтириб юборади…

Яқинда ўқишга киришга тайёрланаётган болалардан бири репититордан: “Домла, “Қоралар фалсафаси” асарининг муаллифи ким?” -деб сўраган экан, “Мен, -деб жавоб берипти у. – Санларнинг фалсафанг кўкидан тўлаб, тест жавобини ёдлашдан иборат. Менинг фалсафам эса сенга ўхшаган манглайи қораларнинг пулини олиб, тўтиқушлар армиясини кўпайтиришдан иборат”.