Кўзимизга митти ва хира кўринаётган юлдуз
аслида бутун Ер шарини босиб қолиши мумкин.
УЙҒОНИШ
Муқаддима ўрнида
У жуда майда одам эди. “Майда” деган сўзни пасткаш, ялоқи эмас, шунчаки миллионлаб туғилиб-ўлаётганлар қатори номсиз, рутбасиз, қадр-қимматсиз ва пулсиз одам деб тушунинг. Бахтсиз дейиш ҳам мумкин, аммо бахтни жуда жўн нарса, масалан, бирор инсоннинг унга яхши гапиришини ёки нон дўконидаги тирбандликда ҳаммадан биринчи туриб қолганини ҳам катта илтифот деб қабул қиладиган бечорага нисбатан бу сўзни ишлатиш адолатсизлик бўлади. Ҳатто, ғишт қуйиб йиққан пулига янги, лекин аллақачон урфдан қолган пиджак олганида уни кўчага кийиб чиқишга ҳам тортинарди. Чунки атрофдагилар унинг янги либосига атайин айрича аҳамият бераётгандек, ажабланаётгандек ўнғайсизланарди. Шунақа пайтларда худди бировнинг кийимини кийиб юргандек юзи қизариб, манглайи терлаб кетаверарди, тезроқ уйга қайтгиси, ўзининг одми уйчисини елкага илгиси келарди.
Бир гал муюлишда кимдир тўхтатиб, “Баланд боғ” маҳалласини сўраганида ҳам юзи шунақа қизариб-бўзариб кетганди. Аслида, улар ўша маҳаллага кирадиган кўчанинг нақ бошида туришганди, бармоғи билан шунчаки ишора қилиб бепарвогина кетса ҳам бўларди. Лекин тасодифий йўловчининг уввало одам ўтиб-қайтиб турганда айнан шу боладан йўл сўрагани уни ҳовлиқтирди, тўғрироғи, гангитиб қўйди. Оддийгина йўл сўраш улкан эътибордек туюлди, гўё ҳамма унга тикилиб тургандек юзида, манглайида, елкаларида минглаб нигоҳларни ҳис қилди. Уни одам деб сўрашгани ҳаяжонга солганди.
У табиатан чиройли, бўй-басти, бичими келишган йигит эди. Овози дағал бўлишига қарамай, қандайдир ширин, титроқли эди. Тиниқ чеҳраси, туб-тубида кучли яшаш иштиёқи яширинган кўзлари, шижоатсиз, аммо аниқ ҳаракатларига разм солган одам уни асли оқсуяклардан бўлган, тақдир тақозоси билан саройдан қувғин қилинган шаҳзода деб ўйлаши мумкин эди. Қизиғи, буни ўзи ҳам шундай тасаввур қиларди: гўё худоданми, бандасиданми бўлиб туғруқхонада чақалоқлар алмашиб қолгану қайсидир манглайи тор оила алал-оқибат унинг ота-онасига айланиб қолган. Ҳарқалай, аҳён-аҳёнда ўзининг қисинчоқлиги замирида чексиз куч-қудрат, қашшоқлиги остида ҳавойилик, чорасизликлари соясида исён кўриб қолганида шундай ўйлаб қўярди. Аммо турмушнинг биргина митти зарбасидаёқ, масалан, бояги “бахт”нинг акси — дўконга нонга чиқиб, навбат етмай шумшайиб қайтиб киргандаёқ ҳалигидек осмоний ўй-хаёлларининг урвоғи ҳам қолмасди.
У ўн олти ёшгача мана шунақа кайфиятда улғайди. Улғайгани сари имконсизлиги, ожизлиги, ич-ичидаги тўлғанишлари ҳам катталашиб, оғирлашиб борди. Айниқса, югурик қонида йигитлик белгилари оқа бошлаганидан кейин у ўзини худди дўппи остига беркитилган олтин тухумдек сеза бошлади. Назарида, дунёдаги жамики одамларга бахт улашадиган ўша занғар тухумни ҳамма ахтараяптию, аммо дўппини кўтариб кўриш, борингки, ўша лаънати бош кийимига эътибор бериш ҳеч кимнинг хаёлига келмаётгандек юраги сиқиларди.
Йигит ҳар оқшом ҳали бу ҳаётнинг ҳамма неъматлари энг аввал унинг назаридан ўтадиган пайтлар келишига ишониб, тўғрироғи, ўзини алдаб уйқуга ётарди. Уйғонгач эса, тонгданоқ кўрган илк нарсаси таъбини тирриқ қилиб, ширин орзуларини шамол синдирган ойнадек тўрт томонга сачратиб юборарди. Остона ҳатлаб, оёғига калиш илиши билан қуйма пойабзалнинг тешиклиги, бостирманинг бир ёнга оғиб кетган яғир устунлари, дорга илинган ямоқ-чамоқ кийимлар, ҳовлининг шўрлаб кетган йўлаклари уни шу заҳоти бор-йўқ шароитнинг шафқатсиз измига солиб қўярди. Шунақа субҳи саҳарларда ҳали юлдузлари ўчиб-ўчмаган осмонга қараб паст, қалтироқ овозда шеър ўқирди:
Гоҳ кезарман кўк юзида, сайр этарман оламни,
Гоҳ энарман ер юзига, сайр этар олам мани.
* * *
Отаси дуо бериб, онаси ғамгин бўлиб уни пойтахтга кузатишларидан бир кун олдин туни билан дадаси иккови суҳбатлашиб чиқишди. Тўғриси, шу кунгача мундай хотиржам ўтириб икковлон тузукроқ гаплашишмаган ҳам экан. Йигит тушундики, дадаси у ўйлагандан кўра анча закий, ҳаётнинг паст-баландини теран шарҳлай оладиган инсон экан. Эртаси куни суви қайнайверганидан ўриндиқларининг таги қизиб, тер ҳиди босиб кетган шалоқ автобусда шаҳарга кетар экан, кечаги суҳбатнинг айрим жойларини қайтадан эслади.
— Ҳаётда қўли узун, диди паст кишилар кўп бўлади, — деди дадаси ўғлининг чайир тортган келбатига ғурур билан қараб. — Одам зоти умри давомида ҳамма нарсага эришиши мумкин. Билимга ҳам, давлатга ҳам, обрў-эътибору мартабага ҳам. Аммо битта нарсани, агар у табиатан зуваласига қўшилмаган бўлса, минг чирансин тополмайди. Буни фаросат дейишади. Кун келиб, бўйнингга бўйинбоғ осарсан, қўлингдан чарм портфел тушмас. Бироқ бу даҳмазалар бефаросатликни яширолмайди.
Умри омадсизликлар ичида ўтган бўлса ҳам, нега одамлар унинг дадасини бу қадар ҳурмат қилишларини йигит эндигина тушунгандай бўлди.
— Яна бир гап, ўғлим. Ҳар қандай катта дарёнинг ҳам қаеридадир кўприк бўлади. Озгина мўлроқ йўл боссанг ҳам, доимо кўприкдан ўтишга ҳаракат қил. Шу ёшга киргунча дарёдан сакраб ўтаман деб чатаноғи йиртилиб кетганларни кўп кўрдим. Қўлингдан келган ишни қил демоқчиман. Ахир сартарош соч-соқол олишни қўйиб жарроҳликни даъво қилса, бошнинг қиймати икки пул бўп қолади.
У дадасининг салмоқ билан, аммо шу билан бирга томоғида аччиқ йиғи аралаш сўзлашига қулоқ солиб, эҳтимол ҳаётида илк бора шу одамнинг ўғли эканидан фахрланди. “Оғир тош ҳадеганда думаламайди, аммо бир қўзғалса ҳаммаёқни титратиб юборади”, деганди бир пайтлар девор-дармиён қўшни турадиган маҳалла оқсоқоли. Бу гапни унинг дадаси ҳақида айтганди ўшанда. Йигит эса оқсоқолнинг бу таърифини энди-энди англади.
— Болам, чўтир юзда хол кўринмайди, — деди дадаси суҳбат якунида, — сен қанчалик чиройли хол бўлсанг ҳам ғадир-будур юзда йўқ бўлиб кетасан. Шундан эҳтиёт бўл. Энди ёт, эрта туришинг керак.
Йигит офтоб тушавериб қизиб-терлагандан сонига ёпишиб қолган шимининг чокидан чимдиб-чимдиб кўтариб, баданига ҳаво киргизаркан, дадаси билан бўлган бу суҳбат унинг келгуси ҳаёти учун қисқа ва мазмунли дарс вазифасини ўтаганини ҳис этди.
Шундан бери неча бор куртаклар кўз ёриб, неча бор япроқлар сарғайди. Йигитнинг кўнглидаги орзулар ҳам бирда ниш уриб, бирда қовжираб анча йиллар ўтди. У ўз ҳаёти илдизларини матонат билан ерга тобора чуқурроқ ботириб бораркан, вақти келиб на шамол, на хазонрезги, на қор-қиров унга азият етказмаслигига, кундан-кун бақувват тортиб бораётган шохларини биров қайиролмаслигига ишонарди.
Нигоҳида ғалати ёлқин пайдо бўла бошлади. Илгари қорачиқларининг туб-тубида кўринар-кўринмас бўлиб ётган шижоат, журъати энди нақ кўзларининг пардасигача яқин сурилиб келганди. Қарашидаги бу кескинлик аста-аста юзига ёйила бошлади, хокисор чеҳрасини қатъият ва аниқ ифодалар эгаллади. Агар у биров билан бирон масалада гаплашадиган бўлса, ҳар қандай суҳбатдош ҳеч қанча муддат ўтмай йигитнинг нигоҳига, ғурурига таслим бўларди. Бу ўзига ҳам ёқарди, ахир қиёфасидаги бундай ўзгариш савлатидан от ҳуркадиган унча-мунча одамларни ҳам у билан ҳурмат чегарасида гаплашишга, уни тинглашга, фикрига қўшилишга мажбур қилаётганди. Табиийки, унинг шу кунгача ичида қайнаб ётган туғёнлари атрофидагиларни жодулашга қодир қудратга айланиб ташқарига чиқаётганди.
У ҳеч кимни аямасди. Одамлар қамчи тушавериб итоаткор бўлиб қолган цирк отидек унинг олдида ортиқча ҳаракат, ортиқча гап қилмайдиган бўлишди. Сабаби, у қўлига илинган биринчи баҳона биланоқ уларни шу қадар аёвсиз жазолардики, натижада бир марта кулгига қолган, изза бўлган одам кейинги бор масофа сақлашга тиришарди. Чиндан ҳам тили заҳар билан суғорилгандек эди.
Бир сафар унга илмий раҳбарликка тайинланган доцентни шундай чақди. Домла мўмайроқ пул ундириш мақсадидами, унга сийқаси чиқиб кетган, камида уч-тўрт марта одамлар қўлида айланган бир тадқиқотни тутқазиб, “Мана шуни у ёқ-бу ёғини сал-пал алмашласанг бўлди. Ҳозир бу ҳеч кимнинг эсида йўқ. Шу билан кандидат бўласан-қўясан”, деди.
Йигит ишни шапиллатиб муаллимнинг ёнига ташлади. “Мавзуни ўрганиш ўзимнинг қўлимдан келади, — деди сўнг тап тортмай. Кейин эса заҳар аралаш давом этди:
— Сувни булоқдан ҳам, ариқдан ҳам, қудуқдан ҳам ичиб чанқоқни қондирса бўлади. Аммо булоқдан ичганлар бахтлироқ, чунки унга оёқ ювилмаган, челак ботирилмаган”.
Ўқитувчи ўшанда шу қадар ғазаб, шу қадар ожизлик билан қарадики, йигит ҳозир ҳам эсласа, “Нима бало, қудуғига биров челак ботириб қўйган эканми?”, деб қўяди.
Чақин-чақмоқлар орасида ўтган бир неча йилларидан сўнг у ўз мақсадига етди — ҳаёт дарахтининг энг баланд шохига ўрнашиб олиб, энди пастда ғимирлаб юрганларни кузатиш фурсати етганди.
ЙЎЛ
Одамзот ўз ҳаракатларини тийишга, жиловлашга, аниқроғи, ўзини сипо қилиб кўрсатишга урингани сари аслида баттарроқ қуюшқондан чиқиб кета бошлайди. Ахир йўрға от ҳам тўғри йўлда равон, бемалол юради, лекин қачонки баландликка чиқаётиб зўриққандагина қуюшқони сурилиб, ҳамма ёқни булғаб ташлайди. Не-не жамиятлар, не-не зиёли ва зиёли бўлмаган доиралар минг йиллардан бери амал қилиб келаётган, инсонлар кўнглида қандайдир сирли-ваҳимали тушунчалар пайдо қилган, баъзида эса паққос ҳаёт қонунига айланиб кетган қолиплар одамни бузади. Ҳа, ҳа, йўлдан оздиради, издан чиқаради. Аммо агар булар шунчаки ўйлаб топилган ҳар хил шаклли, бироқ ҳаммаси ҳам қалбни маҳдудликка олиб борадиган иҳоталар эканини айтадиган бўлсанг, кишилар сенга худди шаккокка қарагандек ижирғаниб нигоҳ ташлайдилар. Гўёки сен сопол санамни ерга уриб чилпарчин қилгандек, темир хочни бўйнингдан юлқиб балчиққа отгандек ёки масжид меҳробига кир оёқ билан чиққандек юзингга даҳшатли ва бераҳм кўзларини қадайдилар. Бироқ ўша бургутнинг тумшуғи ёки бўрининг тирноғидек ўткир нигоҳли кимсалар кўнглингда, уларга кўриниб турган яланг ва тукдор кўксинг ортида қанақа туғёнлар, қанақа оғриқлар, қанақа беаёв санчиқлар борлигини ҳеч қачон илғай олмайдилар. Кўрган-билганлари — сен ўзингдан кетиб қолдинг, ҳаддингдан ошдинг, улар учун турғун ва муқаддас меъёрларни буздинг, “рамка”ларига бўй бермадинг. Улар эса бу беписандлигингни, шаддодлигингни минбаъд кечирмайдилар. Узундан-узоқ илмий маърузалар қилаётиб ҳам кўзларининг бир учи сенга таъна тоши отиб туради, сафар-саёҳатларида, таътилларида ҳам, жазманлари билан учрашувда ҳам уларнинг хаёлини буткул сен банд этасан, кечалари танасини сўриб ётган гижжалардан эмас, кўпроқ сенинг қилмишингдан тишлари ғижирлаб чиқади. Аммо, таассуфки, улар бу хатти-ҳаракатларинг замирида нима ётгани эмас, бундай қилишга қандай журъат топганинг, топа олганинг ҳақида ўйлашади.
Ёшлигида унинг ҳам онаси ҳамма оналар каби “супургини тик қўйма”, “шомда супурма”, “овқатланаётганда қўлингга таяниб ўтирма”, “тирноғингни тишлама” деганга ўхшаш танбеҳ-тақиқларни кўп такрорларди. Унинг болалик шуурига, тўғрироғи, унга кичкиналигида совға қилинган бошида танга ташлайдиган тешикчаси бор гипс мушукчанинг қорнидек ҳали бўм-бўш юрагига бу эслатмалар худди бузиб бўлмас қонундек, амал қилмаса уни гуноҳкорга айлантирадиган фарздек қуйилиб-қотиб қолганди. Ақли тўлишгач тушундики, бу тахлит чек-чегаралар болани маълум қолипда, эҳтимол катталар назаридаги одоб доирасида улғайтириш учунгина ишлатиладиган воситалар экан. Мантиқан ўйлаб кўрилганда, супургини деворга тираб қўйса нима бўлади, палакат босадими? Йўқ, бор-йўғи матоҳнинг тезроқ бели синиб ишдан чиқади, холос. Ёки тирноқни тишлаш ҳам гуноҳ эмас, фақат ҳамма микроб деган бало ўшанда бўлади, касалнинг уясига дучор бўласан-қўясан. Ҳадеб таяниб ўтираверсанг, умуртқанг қийшайиб қолади. Кеч кирганда супурсанг ерда тушиб ётган тўғноғичу тугма, тангаю яна бир нималар каби майда-чуйдаларни кўрмай қолишинг мумкин. Шу холос. Фақат бечора оналар агар шу гапларни шундайлигича тўппа-тўғри айтишса, болаларининг икки қулоғидан елвизак бўлиб чиқиб кетишини ўйлаган бўлсалар керак. Аммо бир тоифа оналар борки, бундай антиқа тўқималарни бувиларидан ё ундан ҳам каттароғидан эшитишган, унинг тагидаги оддий ва майда ҳақиқатларни туш ҳам кўришмайди. Амал қилишади, вассалом. Бўйсунмаганлар эса гуноҳкор.
У кириб келган хона ҳаддан ортиқ дабдабаларга тўлиб-тошган эди. Бу ердаги нарсалар шу қадар расамади билан жойлаштирилгандики, бирор буюмнинг ўрнини алмаштириб бўлмайди, масалан, йиғма дарпарданинг шокилали ипини тортсанг, бутун хона бирваракай йиқилиб тушадигандек туюлади. Ҳатто жавондаги китоблар ҳам одам қўли билан терилмаган, балки гўё деворга жавон-павони билан ўхшатиб чизилган расмдек кўринарди. “Одамзот ўзини қанчалик яхши кўради-я, — дея ўйлади у оёғи тагидаги гиламга туфлиси ботиб кетаётганини сезиб, — бир кунда бу хонада икки соат бўладими-йўқми, шунга шунча даҳмаза. Балки одамлар ўзининг қанчалик майдалигини, ожизлигини, урвоқлигини яшириш учун бунақа улуғворликка маҳкам тирмашиб олишар. Ёки юмуш билан ҳузурига кирган одамларнинг ҳали бир сўз демаёқ оғзини ёпишга, тиззасини қалтиратиб, гапини йўқотиб қўйишига мўлжаллангандир бу салобат”.
— Манави атиргул шу гулдоннинг ўзидан ўсиб чиққанми… — деди у ростмана заҳарлик билан орқасида ғалати қийшайиб турган котиба аталмишга.
Қўққис берилган саволдан худди тиргак чўпи синиб кетган қари шафтоли дарахтидек мункиб кетди котиба. Кейин лаб-даханини учбурчак-тўртбурчак қилиб очиб, саннашга тутинди:
— Биласизми, ҳурматли…
У шартта ортга ўгирилиб, котибага қатъият билан боқди, гап таққа тўхтади. Тушундики, ҳозир қўйиб берса шу биргина гулдастани аллақайси машҳур гулчининг қалин сувқоғоз билан ёпилган иссиқхонасидаги гулзордан узилиб то хонага келгунча бўлган эзма тарихини айтиб бермоқчи, эҳтимол мавзуни яна ҳам узоқроқдан бошлар, гулнинг уруғиданми ё қимматфуруш гулчининг туғилишиданми… Бу “тарихий ҳикоя” ичида албатта анча-мунча қўшимча қаҳрамонлари ҳам бўлади. Дейлик, уни ким дасталади, ким келтирди, ким ҳафсала билан гулдонга жойлади, ким сув қуйиб турибди. Энг урғу бериладигани — гул совға қилиш кимнинг ташаббуси. Вақтида тўхтатмаганда, мана шуларнинг барчасини эшитиши керак эди, устига-устак ора-сирада маданиятли одамлар сингари гоҳ зўраки жилмайиб қўйиши, аҳён-аҳёнда эса “раҳмат” деб туриши лозим эди.
— Эрингиз яхши одамми?
Ҳали бақрайганича қолган котиба бу саволни чинакамига тушунмади.
— Нима дедингиз? Узр, эшитолмай қолдим.
— Эшитдингиз, фақат тушунмадингиз. Эрингиз яхши одамми, деяпман.
Котиба бу сафар шубҳаланиб қаради. Афтидан у кўзлари билан янги бошлиғини сантиметрлаб ўлчаб чиқишга аҳд қилгандек эди.
— Нолимайман, эр деса дегудек… — деди негадир ҳорғин ва беҳафсала овоз билан. Кейин эса “Тинчликми? Келасолиб мени тергов қилаяптими?” деган хавотирда тағин иштибоҳга берилди.
— Мен аёл кишининг юзига бир қарашдаёқ унинг оилавий аҳволига ташхис қўя олардим. Ахир айтишади-ку, хотиннинг юзи — эрнинг феъли, деб. Сиз аёллар истайсизми-йўқми, эрингизнинг ҳар бир ширин гапи ёки калтаги, меҳри ёки бефарқлиги, муҳаббати ёки хиёнати юзингизга муҳрланиб қолади. Бироқ кўпчилик буни яширишга уринади. Аммо қизиқки, бугун сизнинг туришингизга қараб на у ёқлик, на бу ёқлик фикрга келолдим.
У “қиёфангиз жуда чучмал экан”, дейишдан ўзини тийди. Котиба қаршисидаги одам унинг фаросатини синаётганини энди сал-пал тушунди.
— Очиғи, икки марта турмуш кўрганман, бироқ ёлчимадим.
— Демак, менинг ташхис қўйишга қийналганим бежиз эмас экан, иккита эрдан қолган турмуш лавҳалари юзингизда қоришиб кетибди, — деди у аёлнинг устидан ростмана кулиб. Кейин эса жиддий тус олди:
— Бораверинг, зарур бўлсангиз чақираман.
Котиба чиқиб кетаркан, бу янги ва тамоман нотаниш, ёш ва такаббур, аччиқтил ва беписанд раҳбар ишхонани ағдар-тўнтар қилишига, отам замонидан бери офтобда товланавериб, семириб-ялтиллаб кетган арзанда мушукларини “пишт” дейишига ақли етди.
У ҳозир икки, балки кўпроқдир, йўл бошида эди. Бири — уни бу курсига михлаган, ҳа, худди девор ёки эшик орқасига тақвим қадагандек михлаган юқоридагиларга бир оғиз хабар бериб, кетиш-қўйиш. Бу анча осонроқ. Ҳарқалай, сиртмоқ бўйнига бир марта келади, ҳар куни минг марта арқонга бош тиқиб, кейин эса “Сизга раҳм-шафқат қилинди, сиз эртага осиладиган бўлдингиз”, деган совуқ истеҳзони эшитгач, шалпайиб йиқилмайди. Энг ёмони, кунда-куноша бир-биридан кулгили, тийиқсиз ҳукмларни ва бир-биридан риёкор, таҳқирли шафқат сўзларини тинглашга мажбур бўлмайди.
Иккинчиси… мана шу биринчи дордан кейинги ҳаммаси “иккинчиси”га киради. Бошқа турли йўллари ҳам кўп. Аммо у бу йўллардан ор қилади. Чунки унда анави гулдонга ўхшаб қолади. Қўйнига нима солишса, шуни кўрсатиб тураверади. Ҳозирча бу бежирим ялтироқ идиш каттакон раҳбарнинг хонасида, унга ҳар куни анвойи, қимматбаҳо гуллар солиб турилади, чанг-чунги, доғ-поғи тоза дока билан артиб қўйилади, суви-ку ҳеч қачон сарғайиб ҳам, ҳидланиб ҳам кетмайди. Аммо дейлик, ўртачароқ ходимнинг хонасига ўтиб қолса, қай аҳволга тушади? Ходимнинг ҳуши келса гул солар, бўлмаса оддий буюмдек дераза рахидами, жавон ичидами тураверади-да. Ё уйига қўлтиқлармикан? Энди тасаввур қилинг, мана шу биллур матоҳ биронта уста, масалан, машина тузатадиган устанинг қўлига тушиб қолди. У икки дунёда гул ҳам солмайди, чангини артиб асраб-авайламайди ҳам. Қайтанга, болт-гайкага ўхшаган майда-чуйдаларини сақлашга ишлатади, аҳён-аҳёнда мойга беланган қўлларини ботириб туради. Дарвоқе, унга эҳтимол мой қуйиб қўяр. Ҳар не бўлганда ҳам, у бу ишларни мутлақо табиий равишда қилади, идиш шишаданми, биллурданми, тунукаданми, бунинг умуман қизиғи йўқ устага.
У шулар ҳақда ўйлаб, худди жанггоҳнинг ўртасида ўқи тугаб қолган аскардек ҳис қилди ўзини. Ҳа, энди ростдан ҳам қийин бўладиганга ўхшайди. Бир томони қайноқ ва шафқатсиз ҳаёт, бир тарафи эса осмондек мусаффо ва кенг, сон-саноқсиз кабутарлар ўйнаб учаётган кўнгил. Кўнгилнинг бир четида эса, ғала-ғовур бозорда дадасини йўқотиб қўйиб, иззиллаб йиғлаб ўтирган боладек нотавон муҳаббат.
У энли, тўқ жигарранг, ҳар битта оёғи ўймакорлик санъати намунасидек нақшланган бежирим иш столига ўтаркан, қачондир журналда ўқиган ва хотирасида қолган сатрларни пичирлади: “Ахир кун ўтказиш дардидан бошқа, бор-ку мардларча яшамоқ деган тушунча!”*
* * *
Шом аралаш уйига келиб, қўл учида овқат тайёрлай бошлади. Ошхонада куймаланиш асносида у хонадан бу хонага пайдар-пай ўтаркан, беихтиёр бояги ҳашаматли кабинети билан уйини таққослаб қолди. Хаёлига келган фикридан мийиғида кулиб қўйди. Ўша котибаси бир келиб яшашини кўрсами, кўзларига ишонмай ёнбошини чимчилаб қўйган бўларди. Ахир унинг хаёлида раҳбари ҳиндча кинолардаги сарой-уйларга тақлидан қурилган кошонада яшайди, ҳеч бўлмаганда ошпаз ва боғбонга ўхшаган хизматкорлари ҳам бўлса керак деб ўйлар эҳтимол. Балки биронта дугонасигами, қўшнисигами “Итбоқари ҳам бор!”, деб ошириб-тошириб юборар.
Овқатини наридан-бери еди-да, тақсимчани суриб қўйди. “Уй анча совуқ, айнимаса керак”, деган хаёлда таом устига сочиқни омонат ташлади. Китоблари айқай-уйқаш бўлиб ётган хонасига ўтаркан, полдаги манзара худди дунёнинг табиий харитасидек бўлиб кўринди.
“Харита”ни оз-моз йиғиштирган бўлди. Кеча тунда ерга узала тушиб, Ремаркни ўқиганди. Стол лампаси ҳам шундоқ полда ёқиқ ҳолича қолиб кетибди, устига-устак ағанаб тушган. Лампанинг чўчқа думидек эшилиб кетган симини бураб-тўғрилаб столга оларкан, бундан уч-тўрт йил аввалги кулгили суҳбатни эслади. Ўшанда “тарғибот гуруҳи” дея аталувчи каттагина жамоа билан қайси бир меҳмонхонага қўнишган эди. Ҳамма, табиийки, ўзига ёқадиган хоналарни олишни истарди, айниқса, бир-икки олифталар “Алоҳида номер берасан”, деб мезбонларни анча сарсон қилиб, энсасини қотирганди. У оломон лаш-лушини судраб-тортқилаб хона-хонасига кириб кетишини кутиб турди, кейин меҳмонларнинг қош-қовоғига қарашга мажбур қилинган мутасаддининг ёнига бориб, биринчи узатилган калитни олди. Хона икки кишилик эди. У эслаган воқеа эса эртасига кечқурун, ёнига машҳури замон бир шоир жойлашганида бўлди. Шоир ҳам аввалига хонасида шерик кўриб, айниқса, унинг она сути оғзидан кетмаган бола деб фаҳмлаб, жомадонини диван четига омонат қўйдию мутасаддининг олдига бир-икки бор чиқиб келди. Афтидан, бошқа хона “ташкиллаштириб” берилмади шекилли, ноилож қайтиб кирди.
— Қурғур, кийим илгичлари кам, бунинг устига нимжон экан-да, — деди норозилигини шеригига билдириш учун.
У миқ этмади.
— Мен ҳам кеча сизлар билан келишим керак эди, рўйхатда фамилиямга кўзингиз тушгандир… — гапида давом этди шоир уни кўриб жойидан қимирлаб ҳам қўймаган йигитга ғашлик билан. — Биласиз-ку шоирчилик, бир уятли жойга учрашувга чақиришганди. Йўқ десам ҳам қўярда-қўймай олиб кетишди. Ўзиям гулдасталарга кўмишди. Учрашувдан кейинги зиёфатнинг қуюқлигини айтмайсизми?..
Янги ҳамхона гап шу ерга етганда тўхтаб, ортига ўгирилди. Боядан бери шимни илгичга илолмай шундоғам хуноб бўлиб турганди, у ўгирилганда илгич орасига зўрға ўтказилган шим шиғиллаб чиқиб кетди. Шоирнинг ортга ўгирилгани — у ҳадеб гапираяптию шеригидан садо чиқмаяпти, шунга эди.
— Бугунги тадбирлар яхши ўтдими? — у энди тўппа-тўғри йигитга савол ташлади.
— …
— Совға-повғалар ҳам бўлгандир?..
Йигит яна индамади. Аммо шартта ўрнидан турди-да, телевизор устидаги тугмачали дастакни олди. Дуч келган каналнинг овозини баландлатиб кўра бошлади.
Ҳамхона гапиришдан тўхтадию, бироқ ивирсиб юришни бас қилмади. Дам дераза ёнига боради, дам ювиниш хонасини кўздан кечиради, дам деворни чертиб кўради. Хуллас, тинчимади. Ҳатто деворга маҳкамланган телефон гўшагини ҳам қулоғига тутиб кўрди. Йигит бу ҳовлиқманинг хатти-ҳаракатларини кўз қирида кузатиб ётар экан, “Шоирликни гулдур-гулдур учрашувлару гулдасталардан иборат деб билади бу одам”, дея хаёл қилди.
Бир маҳал ювиниш хонасидан супрадек лунгига ўраниб чиққан янги шерик гиламни шилта қилиб ўрнига ўтди-да, япалоқ бурнига кўзойнак қўндириб қоғозларини титкилай бошлади. “Ишқилиб, шеър ўқийман деб қолмасин-да”, дея юрагини ҳовучлади йигит, башарти шундай деган тақдирда телевизор овозини яна ҳам кўтариш учун шайланиб.
Аммо улгурмади.
— “Тунги ҳамроҳ”. Бу стол лампаси ҳақида, — эълон қилди шоир. Кейин ижозат кутмаёқ ўзича қироат билан ўқий бошлади. Йигит, ҳартугур, Лоркани, Пушкинни, Блокни, Ориповни ўқиган. Шеърнинг маза-матрасига тушунади. Унча-мунча ёд олганлари бор. Аммо бу бақироқ тизмалар қанақа шеър, идроки етмади. Саккизми-ўнми сатрдан иборат бу айтимда, ўлсин агар, ҳеч вақони илғамади. Таассуфки, “шеър” тугагач, муаллиф бояги саккизми-ўнми қаторни бошқатдан изоҳлай бошлади. Эмишки, бу сатрида бундай демоқчи бўлганмиш, у жумласида ундай демоқчи бўлганмиш. Туф-е, ўша изоҳ-пизоҳингга. Агар ҳамма шеър шунақа изоҳталаб бўлса, бечора Навоий олти юз йилдан бери ўлолмай юриб, ҳозиргача йўлда учраган занжию ҳиндга, турку арабга ғазалларини шарҳлаб бериши керакмиди?
Бироқ бу гапларини айтса, шоир жўшиб кетиб, алёрларининг кетини кетига улаб юборишидан ҳадиксираб индамай қўя қолди. Аммо нимадир ҳам дейиши керак эди.
— Бир файласуф айтиб кетган экан, — ниҳоят жодуланган шаҳзодадек ўтирган йигит тилга кирди. Ҳамхонаси эса ёш йигитдаги бу қадар қатъиятли овозни кўриб, пича ҳайрон қараб қолди. — Бировларнинг ҳаётида стол лампаси эмас, қуёш бўл! Чунки лампани заруратга қараб ёқиб-ўчирадилар. Қуёш эса ҳаммани ўз измига юргизади — унга қараб кундузу тунни, ёзу қишни белгилайдилар.
— Офарин! Тасанно! Бай-бай, маънони қаранг. Менимча, юнонлардан бири айтган-а? — деди шоир ҳайратига донолигини қўшиб кўрсатиб.
— Аниқ эсимда йўғ-у, лекин эрадан олдинги хитойлардан эди, шекилли, — деди йигит масхараомуз кулиб.
— Нима дейсиз, шу ҳикматни бояги шеъримга эпиграф қилиб олсаммикин?
— Ўзи ўн қатор нарсага яна ўн қатор гапни эпиграф қилмоқчимисиз! Ҳеч бўлмаганда стол лампасига бағишланган роман-поман бўлгандаям бошқа гап эди.
Йигит шеригини ростакамига калака қилаётганди. Шоирнинг лаққа тушиб, ҳануз ҳаяжонланиб ётишини кўриб, овоз чиқариб кулиб юбормаслик учун оғзига кўрпани тортди. Аслида эса, бу “ҳикмат” ёнидаги полвоноғизни тийиб қўйиш учун ҳозирнинг ўзида ўйлаб чиқарилган тасодиф тўқима эди. “Думбул экан-да, — деб хаёл қилди у шипга қараб пичирлаб ётган шоирга разм солиб, — бўлмаса сен айтган файласуфларинг замонида стол лампаси тушиб қоптими, ҳеч қурса шам-пам дегин, дея маломат қилган бўларди”.
У ҳозир лампага термилиб, майин табассум билан ўша шўхлигини эсларкан, чироқ қалпоғини худди укасининг бошидек шапатилаб қўйди:
— Эҳтимол, сен ҳақингда роман-поман ёзилаётгандир, а?
* * *
Лавозимга ўтганининг эртасимиди, индинимиди, қабулига биринчи муовини кириб келди. Найнов ва ориқлигидан юрганда гоҳ боши, гоҳ бели, гоҳида эса чилчўп оёқлари олдинга илгарилаб кетарди. Айниқса, қўллари ажойиб экан, билаги узун, аммо кафти жуда калта, бармоқлари рамақижон. Эшикдан то раҳбари олдигача бўлган етти-саккиз қадамдаёқ ва, айниқса, қўшкафтлаб сўрашаётгандаёқ ўзининг қандай одам эканини аён қилди. Аммо йигит хулоса ясашга ошиқмади — эҳтимол у ўйлаганчалик айёр, туллак эмасдир. Болта ўз дастасини ўзи кесмайди, деган учирма бор экан қайсидир халқ мақолида. У ҳам шошмасин-чи…
Одатий салом-алигу ҳол-аҳвол сўралгач, муовин ўзгариш бўлган куни сафарда эканини, бугун тонгги рейс билан қайтганини, уйига ҳам бирров бориб кийим алмаштирганию янги бошлиғини қутлай деб идорага югурганини жуда усталик билан қистириб ўтди. Аммо гапини мутлақо кутилмаган мавзу билан якунлади. Ҳатто шу пайтгача хотиржам ўтирган раҳбар ҳам бироз тийрак тортди.
— Шу дейман, кўнглингизга олмасангиз, бир таклифим бор эди-да, — деди ўринбосар сўзларини тупуги билан чайнаб чиқариб, — собиқ раҳбарга ҳам айтувдим, бугун-эрта деб пайсалга солиб юраверди, мана энди ўзининг “бугун-эрта”си чиқиб қолди. Шу десангиз, телефонда сиз ҳақингизда сўраганимда “бўйи баланд” дейишди. Бир қувондим, бир қувондим. Ниҳоят, таклифимни қўллаб-қувватлайдиган, тушунадиган одамга ёлчидим, деб хурсанд бўлдим…
У муовинининг мижғовлигига ортиқ чидолмади.
— Тезроқ ҳасратингизни тугатинг, ҳозир сизни йиғилишга юбораман, — деди шу сўзларига қолган ҳамма муносабатини ҳам қўшиб.
— Да, да, конечно, мана ҳозир… — муовин негадир ортига ўгирилиб, эшикка қараб қўйди. — Мана шу эшикка андак эътирозим бор-да, — деди хатти-ҳаракатига изоҳ бериб, — ўша пайтда усталарнинг айби билан пастроқ эшик ўрнатилган экан. Ишонмасангиз, ўзингиз бир кўринг, сал бўйи тикроқ одамни эгиб қўяди…
— Найнов одамни деяверинг! — деди йигит очиқча мазах билан.
Муовин гапни ўзига теккизмай, бепарво давом этди:
— Ана, бошқа ҳамма хонанинг эшиги бип-бинойи. Негадир шуниси… шуни, ижозат берсангиз, алмаштирсакми?
Йигит бу таклиф ҳақиқий ҳийла эканини дарҳол фаҳмлади. Ва шуни ҳам англадики, бу “таклиф” ўзидан олдин келган кўпгина раҳбарларга ҳам худди шу тарзда айтилган. Улар, ким билсин, нимкосани англаганми ё шунчаки беҳафсала қараганми, нима бўлганда ҳам муовиннинг “таклиф”и инобатга олинмаган ва ҳали-ҳануз давом этаяти. Бундай қараганда, унинг фикрини қувватласанг нима бўлади, эшик соз, бўйинг ғоз бўладими? Йўқ, бари бало ўшанда бошланади. Атрофда “Янги шефимиз кела солиб ҳамма ёқнинг ағдар-тўнтарини чиқарди. Бир чиройли турган эшикда нима айб, шунча йилдан бери турувди-да… Энди пастлик қилиб қоптими? Бу билан паканаларни ёмон кўраман демоқчими ёки ўзининг калондимоғлигини кўрсатяптими? Ўзгариш қилмоқчи бўлсанг, ана, иш дегани оқсаб-чўлоқланиб ётибди, ўшани ўзгартир. Манти кўрмаган гадой қосқонга мук тушди, дегандек тагингга чўчқа терили ўриндиқ тегиб унча-мунча нарса ёқмай қолдими?” деганга ўхшаш шивир-шивир, баъзан эса ошкора писандалар урчийди. Жаноб муовиннинг мақсади ҳам шу.
У салмоқ билан креслодан қўзғалди, столини айланиб ўтаркан, “Гапингизда анча жон бор, кечадан бери менга шу хонада нимадир етмаётгандек, нимадир камдек туюлаётганди. Дилим хуфтон эди. Мана, сабабини сиз айтдингиз”, деди таклиф эгасининг ёш боладек қилиқларини назардан қочирмай. Бу пайтда ўринбосар чиндан ҳам талтайиб кетганди, гапини маъқуллаган раҳбарига ишшайиб, “да, да” дейишдан нарига ўтолмасди.
Улар эшик ёнигача етаклашиб боришди. Муовин тутқични шаҳд билан тортиб ташқарига чиқди, кейин яна ичкарига суқилди. Қизиқ, ростдан ҳам у эшикдан кираётганда худди сув тор қувурдан қийналиб оқиб ўтаётганга ўхшаб тасаввур қолдираркан. Шу пайти талабаликдаги бир дўстини эслади, у ҳам шунақа худоберганлардан эди, ҳамма “полтора” деб чақирарди.
— Мана, кўрдингизми, — деди иккинчи бор ўтиб-қайтаркан муовин кўзларини парпиратиб.
— Ҳа, ҳа, масала жиддий, анча жиддий, — киноясини яширмади раҳбар.
Аммо бу кесатиқларнинг таъмини муовин сезмаётган эди. Йигит масалага шу жойда, ҳозирнинг ўзидаёқ нуқта қўймаса, уни ҳам пайсалга солишда айблаши мумкин бу дароз. У эшик учун куюниб турган манави одамга аввалига “Қадимий мадрасаю обидаларга, бирон пири комилнинг хоки туроби қўйилган мақбарага борганмисиз. Ўшанақа жойларнинг эшиклари атайлаб ҳам жуда пастак ишланган. Пулдорми, зодагонми, ким бўлса ҳам ёғ босган гарданини озгина эгиб кирсин, деган маънода шундай қилинган”, демоқчи бўлдию, аммо сўзининг охирги қисмини айтиб қўя қолди:
— Бўйчан бўлган яхши, — гап бошлади ҳукмини кутаётган ходимига. “Мен ҳам шуни айтаман-да” дея луқма ташлади муовин ҳам гал олиб. Бироқ раҳбар айтган гапнинг давоми ўта қатъий янгради.
— Бўйчан бўлган яхши, албатта! Лекин пастак эшиклар бундан азият чекмаслиги керак …
Муовин ростдан ҳам гап мағзини тушундими, ё бошлиғининг авзойи жиддийлашганигами, ҳар нечук, “ҳақ айтасиз, ҳақ айтасиз” дея такрорлаб, узр сўраб чиқди-қочди.
У креслога қайта чўкаркан, стол ёнидаги тугмани босди.
“Лаббай!”
Эшикдан котибанинг боши кўринди.
— Муовинимга айтинг, мажлисга ўзим бораман…
“Хўп” деган сўздан сўнг эшик ёпиларкан, “У ерда ҳам эшикларни қаричлаб юрмасин, ҳарқалай йиғин эшиклар ҳақида эмас”, дея хаёл қилди ва юзига табассум югурди.
Оқшомда ҳорғин қиёфада хизмат машинасига ўтираркан, куни билан уни обдон ҳолдан тойдирган қўнғироқлару йиғилишларни, кирди-чиқди хатлару аризаларни эмас, айнан битта қабулни яна бир бор ёдига олди.
Ўта хокисорлик ва ийманиш билан қаршисига келиб ўтирган онахон аввалига сир босиб, пича каловланиб турди. Аммо дардининг зўри билан тилга кирди. Ва кейинчалик, масала жиддийлашгани сари шунақа ўктам қиёфага касб этдики, йигит беихтиёр ўткир нигоҳини ундан олиб қочди. Онанинг арзи бир қарашда содда эди — ногирон қизи бор, ўқишга қийналяпти экан. Жисмоний жиҳатдан эмас, она агар шундай бўлганда ёрдам сўрамаган бўлардим деди, моддий танглик жонидан ўтиб кетибди. Тўғри, бир оғиз жумла билан айтилган ҳозирги ҳолатни онахон ярим соатча гапирди. Очиғи, раҳбар унинг кўпроқ сўзлашига атайин йўл қўйиб берди. Чунки бу муштипар аёл киргандаёқ, бир-икки жумла гапиргандаёқ у сеҳрланиб қолганди. Хаёлида ўзининг онаси қачонлардир кимларнингдир ҳузурига шу аҳволда кирганини, шунақа қимтиниб ўтирганини эслади. Аллақайси корчалонларнинг ишга келишини кутиб, уларнинг эшигига кўз тикиб шом қорайтирган онаизорини кўргандек бўлди.
У ҳам кимнингдир битта имзосигами, бир луқма гапигами интизор бўлиб онаси ёнида ўтираркан, нари ёққа-бери ёққа чиқиб кетаверарди, сабр қаёқда дейсиз ўспиринда. Бироқ онаси на ул-бул еб олгани, на оёғининг увишиғини ёзгани чиқарди. Худди сал чалғиса, ўша анқонинг уруғидек одам келадию кетиб қоладигандек хавотирланарди. У ташқарини айланиб келса кўрардики, волидаси бир нуқтага тикилганча ҳамон ёғоч курсига қапишиб ўтирибди. Ичлари ачишиб кетарди, аммо билардики кутишдан ўзга чоралари йўқ. Энди-энди ўйласа, онаси жуда мардона аёл экан. Лекин шўрва-қатиқ ҳаётнинг излари тўкис ҳаётникидан кўра чуқурроқ ботар экан одам кўксига. Мана, онаси олтмишга етиб-етмай “қон босими” бўлди-қолди.
У қабулида ўтирган онанинг юзларига қараб ўша йилларини эсларкан, тўсатдан бу ҳашаматли, аммо совуқ тусли хонасига нима етишмаётганини тушуниб қолди. Файз! У мана шу сўз калласига келганидан бениҳоя хурсанд бўлиб кетди.
Аслини олганда, бу идора моддий ишлар билан шуғулланмасди. Йўриғи бошқача. Лекин ҳозир бу гапни айтадиган бўлса, аёл бир вақтлар худди онаси аллақандай тирранча қизнинг “Фалончи акам бугун келмас эканлар. Эртага келарсизлар…” деган таънасини эшитганда қандай мунғайиб қолган бўлса, шу аҳволга тушади. Бу манзарани қайта кўришга эса йигитнинг юраги дош бермайди.
— Эртага шу вақтда келоласизми? — деди у онахонга майинлик билан.
— Майли, болам, майли… Бирор иш чиқса бўлди.
— Чиқади, хавотир олманг. Эртага келинг деганимнинг сабаби, бир-иккита ҳужжатни тайёрлаб қўйишади. Тушунасиз, пул бор жойда қоғоз-поғоз тўлдирмаса бўлмайди.
Аёлнинг хотиржам тортган чеҳрасига, кўз ёш милтиллаб турган мижжасига боқаркан, ҳозир бориб бу хушхабарни эшик тиқ этса қулоқ солиб ўтирган ногирон қизига қандай етказишини, муҳими, бу кеча она-бола қанчалик тинч ухлашларини тасаввур қилиб, завқланди. Аслида, йигитнинг режаси бошқача эди. Ростдан ҳам, бу ер ижтимоий ёрдам бера оладиган жой эмас. Лекин у бугун уйга бориб, конвертга унча-мунча пул солиб, компьютерида икки нусхада ҳисоб-китоб дейдими, олдим-бердим дейдими, шунга ўхшаш варақа тайёрлайди. Ва шу иши билан эртага яна бир бор муштипар онанинг хурсанд кўзларини, дуога очилган қўлларини кўради.
Ҳайдовчи узун, маҳобатли машинани марказий йўлдан олиб ўтаркан, йигит “Баъзан бир тегирмон сув бир томчи кўзёшнинг ишини қилолмайди”, деб кўнглидан ўтказди ва қишлоққа — ота-онасига телефон қилди.
* * *
Уй ютаман дейди. Йигит дарвозахона ва айвон чироқларини бирин-кетин ёқиб, даҳлизга кирди. Ҳовли шинам, уй озода, ҳамма нарса ботартиб. Бироқ якка-ёлғизлик буларнинг барини рангсиз суратга, овозсиз филмга ўхшатиб қўйганди. У ота-онасига неча бор ялинди, шаҳарга келинглар, сизлар у ёқда, мен бу ёқда қийналиб юрмайлик, деб. Лекин ҳар сафар онаси бир оғиз қатъиятли жавоби билан суҳбатни якунлайди.
— Ҳафта ўтиб келадиган сингилларинг етимчага ўхшаб қолади. Биз кетиб қолсак, ҳувиллаган уйга келармиди улар. Сенинг йўриғинг бошқа. Ҳар куни одамларнинг ичидасан.
Онаси ҳақ. Қайсидир йили кутилмаганда бир иш билан қишлоққа келиб қолди. Ўша куни нариги маҳаллада тўйми-маъраками экан. Ота-онаси ўша ёқда, дарвоза ҳалқасига чилвир боғланган. Шу қадар юраги сиқилиб кетгандики, то онаси эшикдан кўрингунча дунё кўзига қоронғи туюлганди.
Тўғри, у ҳар куни одамлар ичида, шовқин-суронли, ур-йиқитли ҳаёт оқимида. Шаҳарда қишлоқдагидек бир маромда, сокин оқувчи куннинг ўзи бўлмайди. Ҳатто қош қорайгунча кишининг силласи қуриб кетади ҳам. Лекин оқшомда ҳамма ўзининг қўрғонига ўрмалайди. Уй-жой, бола-чақа, оддий турмуш тарзи. Йигит эса…
Иш бўлмасига ўтиб, кофесини дераза рахига қўйди. Ҳали дарвоза қутисидан олиб кирган газета-журналларни, хат-патларни титкилай бошлади. У хат ёзиш-хат олишни аввалдан яхши кўрарди. Ҳозир ҳам агар бир-икки ой биров хат ёзмай қўйса, ўзи бирор баҳона топиб мактуб ёзади-да, кейин жавоб кутиб ўтиради.
“Темир хат”ларнинг ўрни бошқа. У интернетдаги, қўл телефонлардаги хабарларни шунақа атайди. Бунақа ёзишмаларда на кўнгил ҳарорати, на самимият, на нома битаётган қўлнинг титроғи бўлади, деб ўйларди. Икки энлик хатни юз ўйлаб, ўчириб-чизиб, қайта кўчириб ёзишнинг, айниқса, уни конвертга жойлаб жўнатишнинг ғалати ёқимли гашти бор. Бундан ҳам қизиғи, кечки пайт ишдан қайтсанг, шундоқ бўсағада ёки почта қутисида конверт турган бўлса, уни то очиб ўқигунча бўлган ҳаяжон ҳам тамоман бўлакча. Майлида, жўнгина хабар, икки оғиз ҳол-аҳвол сўраш бўлсин, ўшанинг ҳам завқи бўлади.
У конверт елимини эҳтиёткорлик билан кўчираркан, бу қизнинг икки йиллардан бери хат ёзмай кетганини эслади. Аввал тинимсиз ёзарди, ҳафта сайин мактуб алмашишарди. Нима ҳақда бўлса ҳам, ўтган-кетган гапларми, баҳор келганими, қор ёққаними, ёзаверишарди. Улар бир-бирларининг хатини ўқишга бора-бора шунчалик ўрганиб қолишдики, агар икковидан бири сал кеч қолса, наригиси аразлай бошларди. Аслида, иккиси ҳам нотаниш эди. Йигит талабалик йилларида нимадир сабаб билан телевизорга чиққан эди. Қиз эса, унинг исми-шарифини, қаерда ўқишини эслаб қолган ва таваккал мактуб ёзган. Шу холос. Шундан бери қадрдонлашиб кетишганди.
Лекин нимадир бўлдию, қизнинг хати узилиб қолди.
“Мен сизнинг олдингизда узрлиман. Ҳа, чин дилдан кечирим сўрайман, — деб бошланганди нома, — ўша менинг сўнгги хатим етиб борган пайтларда билингки, турмушга чиққан эдим. Аввалига буни тақдирнинг буйруғи, ҳаётнинг қонуни деб ўйладим. Бироқ ушбу гаплар одамни шунчаки овутиш учун ўйлаб топилган иборалар экан. На тақдир буйруғи, на ҳаёт қонуни кўнглингни тўлдирмаса қийин экан. Ўйламанг, турмушга чиққунича бошқани севган экан-да, деб. Йўқ. Ҳеч кимни севмаганман. Мен шунчаки қисмат не деса шунга кўникмоқчийдим, умр йўлдошимнинг ким бўлишидан қатъи назар раъйига юрмоқчийдим. Бироқ ҳаёт деганлари ҳатто шу ожизлигингда ҳам ўз ҳолингга қўймас экан.
Турмушимиз совуқ бошланди. Нима десам экан, биз икки хил дунёдан эканмиз. Агар тушунарлироқ айтадиган бўлсам, мен ҳинд киносига ишқибоз бўлсам, у ҳали ҳам мултфилмларни томоша қиларкан. Энди англадингизми, ёши ўттизга қараб кетаётган бўлса ҳам, ҳаётни ўн ёшли болачалик ҳам идрок қилолмайдиган нотавон экан.
Бунисига чидаса бўлар эҳтимол. Лекин шу ҳолига кўча исига ўрганди. Кимгадир илакишди, алал-оқибат эса, бошимга бир шаллақининг жанжалию бир ҳароми гўдакнинг чинқириғини олиб келди.
Нима деб ўйлайсиз? Кетиб қолдимми? Асло, кетганим йўқ, қайтанга ўша норасидани ўзимнинг боламга қўшиб боқаяпман. Бу дадамнинг амри бўлди.
Мана шунақа гаплар…”.
Қиз хатнинг қолган қисмида йигитдан ҳол-аҳвол сўраган, яна нимадир гаплар. У эса ҳозир ўқиган фожиаси таъсиридан чиқиб кетолмай қолди. Икки йилда шунча машмаша, шунча ғавғо. Қанақа гўзал орзулари бор эди унинг. Ана, китоб жавонининг бир бўлмаси мана шу қизнинг мактублари билан тўлиб-тошган. Қандай нафис ўйларди ҳаёт ҳақида, қанчалик романтик эди. У ўқиган китоблар, у жўнатган шеърий парчалар нақадар яшаш иштиёқи билан суғорилганди. Йигит ҳар гал қиз жўнатган хатжилдни очаркан, “Мактубларидан ҳам атиргул ҳиди келади”, деб ўйларди ва хат эгасини қизил, сариқ, оқ атиргуллар орасида юрган боғбон қиз тимсолида тасаввур қиларди. Мана энди гулзор ҳам, муаттар ҳидлар ҳам барҳам топиш арафасида.
Кофесини пешма-пеш ҳўплаб, хатни керакли бўлмага жойлади. Кейин ўзи ҳам қоғоз-қаламини олди.
“Тақдир билан олишув — сув юзасига имзо чеккандек гап. Одамзот эса, бу уринишлари бесамар кетаётганини пайқаши қийин. Мен сизга ҳар не дейишга ожизман. Чунки бугун сизнинг ярим варақ мактубингизни ўқибоқ, танг қолдим. Сиз эса икки йилдан бери ярим варақдагидан минг марта кўпроқ бўлган дарду ҳасрат ичида яшабсиз.
Сизнинг икки йиллик оғриқларингиз ва сабр-тоқатингиз акс этган мактубингизни ўқиб нимани тасаввур қилганимни айтайми — худди кетмоннинг сопига зарҳал ҳарфлар билан “гўзаллик” деб ёзиб қўйилган номутаносиб манзарани. Агар шу ҳолни ҳатто жинни кўрса ҳам, энсасини қотириб, лабини буриши аниқ. Аммо инсон матонати ҳар недан устун келади. Сизнинг шу қадар босиқлик билан яшаётганингиз мени лол қолдирди.
Сизга ёрдами тегар деган умидда, қачонлардир ҳаётим учун шиор қилиб олган бир гапни айтмоқчиман. Ахир одам умр деб аталмиш йўлнинг ўнқир-чўнқирларида йўқ бўлиб кетмаслиги учун ҳам ўзини ишонтирган қандайдир тамойилларга суяниши керак-ку! “Ҳаётда шахмат донаси бўлишдан эмас, ўйин тахтасида “пиёда” бўлиб ўйнашдан кўпроқ чўчийман”. Мана шу бир чизиқ гап ҳаёт уммонига ғарқ бўлиб кетаётган на қайиғи, на эшкаги бор омадсизни кема дарғасига, оёқлар остида топталиб кетиши мумкин бўлган ниҳолни забардаст дарахтга, дуч келган йиртқич ютиб юбориши ҳеч гап бўлмаган полапонни куч-қудратли бургутга айлантирди. Биласизми, агар мен ҳаётим давомида кимдандир қарздор бўлсам, мана шу сўзлар олдида бурчлиман.
“Номуносиб эрни хотиннинг фазилатлари ҳам асраб қололмайди” деган нақл бор. Яна бир гап: ахлоқсиз эркак қарғага ўхшайди, дуч келган жойга ёнғоқ кўмади-да, унутади. Бундайларга жазо муқаррар. Аммо бир осий банда гуноҳи учун дорга осилаётганда уни томоша қилиб турганларнинг умри узайиб қолмайди-ку. Демоқчиманки, эрингиз тавбасига таянган ҳолда ҳам сизнинг чашмадек тиниқ орзуларингиз ва кимнингдир шодлиги учун шартта кесилган атиргулдек ёшлигингизни ким қайтариб бера олади.
Бу гапларни ёзишдан бошқа қўлимдан ҳеч бир иш келмайди. Бироқ яхши гапдан яхши хотира қолади, деганларидек кўнглингизга бироз таскин бермоқчиман ва эҳтимол сиз соғинган суҳбатга муносиб жавоб беришга урингандирман…”.
У хат шу ерга келганида ортиқ ёзолмаслигини билди ва мактубни қайта ўқиб кўриш ҳам кўнглига оғирлик қилиб конвертга жойлади.
Кечаси уйқусини туш босди. Ишхонага онаси келган эмиш, қўлида бежирим, чарм ғилофга солинган кўзойнак. “Болам, ҳали кўзинг ўткир, лекин олиб қўй, кун келиб керак бўлиб қолади”, деди. У ҳайрон ҳолида матоҳни аввалига обдон қўлида айлантириб кўрди, гардиши кумушранг, ойналари ихчам-ихчам, гард қўнмаган, чизилмаган. Кейин авайлаб қаншарига олиб борди. “Қалай, ярашдими?” дея онасига юзланди. Во ажабки, онаси ғойиб бўлганди. Ҳайратланиб аланглади, олдинига паст овозда, сўнг эса баланд, ҳадикли товуш билан чақирди. Шунда мўъжиза юз бера бошлади. Хона бирдан кенгайиб, шиплари кўз илғамас юқорилаб кетди. Энди у кабинетда эмас, ўхшатиб декорация ишланган маҳобатли театр саҳнасида тургандек ҳис қилди ўзини. Лекин ҳаммаси ҳали олдинда экан… Не кўз билан кўрсинки, иш столи нақ уйдек катталашиб кетган, устидаги қалам-ручкалар деворга тираб қўйилган белкуракдек тиккайиб турибди. Ё қудратингдан!!!
Шу пайти эсига бир қитмирлик келиб, нигоҳини китоб жавонига бурди. Китоблар сандиқдек-сандиқдек, айниқса “Хамса” худди кўрпадек энига ҳам, бўйига ҳам чўзилиб кетган. Шу тариқа ҳамма нарсани катталаштириб идрок қила бошлади — гулдон тузлама тайёрлайдиган бочкадек, гуллар жўхорипоядек, қоғозлар супрадек, телефон аппаратлари музлаткичдек семириб-шишиб кетган.
У бирор нарсага урилиб кетишдан қўрқиб ўзи ўрганган хонада эҳтиёткорона қадам босганча дераза ёнига борди. Ана мўъжиза! Қуёш улканлашганидан шу қадар яқин келиб қолгандики, гўё Ер шарининг юзаси қуёшга тегиб айланаётгандек туюларди. “Юлдузлар ҳам ҳеч бўлмаса патирдек-патирдек кўринар экан-да” хаёл қилди у. Онасининг антиқа совғасидан жуда хурсанд бўлиб кетди. Қандай яхши! Энди ҳамма нарсани — кулгуни, қувончни, ҳатто яхшиликни ҳам катталаштирса бўлади. Қойил!
Аммо шу пайт нақ қаршисида уни мўлжаллаб учиб келаётган қора махлуққа кўзи тушиб, шошиб орқага тисарилди. Махлуқ эса худди ҳайбатли кема айсбергга урилгандек қарсиллаб ўн қулочли дераза ойнасига урилди. Яхшилаб разм солса, оддий пашша. “Лаънати, юрагимни чиқариб юбординг, — деди у кўзойнаги ҳали бурнининг устида турганини эслаб. — Илонваччалар аждаҳога айланар экан-да энди. Ҳа, шуниси чакки экан. Бир ёқда товусдек келадиган чиройли капалакнинг рақсини завқ билан кузатиб турсанг, бу ёқда динозаврдек катталашиб кетган қурбақа бир ҳамла билан уни ямлаб турса”.
У энди бу янгиликдан ортиқ қувонмай қўйди. Гарчи эзгулик, одамийлик, ҳавас, муҳаббат, меҳр, дўстлик, ҳақиқат қанчалик йириклашган тақдирда ёвузлик, фитна, ҳасад, нафрат, қаҳр, ғанимлик ва ноҳақлик ҳам шунча семирар экан, бундай гигантликнинг нима кераги бор? Худди бир дўнгликда бўлаётган жанг бутун дунёга қирғинбарот бўлиб ёйилгандек гапда бу. Ахир сичқон филга айланса, буғдой донининг қопдек катталашганидан нима наф?
Шуларни хаёлдан ўтказа туриб кечаги эшик воқеаси эсига тушиб қолди. “Мана, сизга оппа-осон ечим, жаноб муовин, — деди гўё ёнида ростдан ҳам ўринбосари тургандек, — мана сизга автобусдек келадиган эшик. Аммо, қўрқаманки, сиз бунга ҳам сиғмайсиз. Чунки, бўйингизга қаранг, худди қари эмандек чўзилиб кетибсиз”.
У муовини билан хаёлан суҳбатлашар экан, туйқус бир ҳақиқатнинг тагига етди. Ахир бу кўзойнак онаси берган оддий сабоқ-ку. Ахир халқда ҳам “Кўзингни каттароқ оч”, деган ибора бор. Мана, сизга катта очилган кўз…
Кўзойнагини оҳиста ечаркан, боя юк машинасидек тарвақайлаб кетган, энди яна бир бурчакка қисилиб олган сейфига калит солди. Худо кўрсатмасин, биронтасининг қўлига тушиб қолса, ким билади, пашшадан фил ясаши мумкин.
Тонгда уйғонаркан, туши хайрли эканига имони комил эди. Кайфияти чоғ бўлиб, машинаси сигналини кутиб ўтириб нонушта қилди.
Идора эшигидан кираётиб котибасига дуч келди, аёл ҳам бошлиғини холи учратганидан фойдаланиб, бир ходим устидан арз қила кетди. Олдинма-кетин лифтга чиқишаркан, раҳбар сўради:
— Яхши ухлаб турдингизми?
“Мен боғдан келсам, бу тоғдан келади-я”, дея ичида норозиланди гапи эътиборсиз қолаётган котиба. Аммо жавоб бермаса ҳам бўлмасди.
— Раҳмат, яхши.
— Менга бирор нима демоқчи бўлсангиз, аввал пухта ўйлаб олинг. Жудаям нуқта-вергулсиз гапирар экансиз. Мана, ўн минутдан бери нималардир деяпсизу, сизни тузукроқ тушунолмадим.
Йигит шундай дедию хонаси томон йўналди. Эшик ёнига етганда ортига бурилиб, “Дарвоқе, тун узун бўлса туш кўпаяр, деган мақолни эшитганмисиз?”, дея сўради котибасидан тушини яна бир бор завқланиб эслаб. Кейин эса, жавоб ҳам кутмай, “Кундалигингизга ёзиб қўйинг”, деганича ичкарига кириб кетди.
* * *
Унинг бугун ҳамма ерга қўли етади. Ҳаётида ташвиш, муаммо дейдиган нуқта қолмади ҳисоб. Болалигидан елкасини аёвсиз эзиб келган қашшоқлик аллақачон барҳам топди, сув деса шарбат, нон деса ҳолва тутишади одамлар ҳозир. Бир маҳаллар қадр-қиммати икки пулга олинмайдиган, бормисан-йўқмисан бўлиб юрган бола вақтнинг ҳукми билан чексиз қудратга эга бўлди. Бу қудратни агар унинг бугун эгаллаб турган лавозим-мартабаси билан боғлаб тушунилса, албатта хато бўлади. Бу даража унинг режасидаги бир бўлимча эди, холос. Унинг асл мақсади — қачонлардир қўл етмас бўлиб кўринган, эришилиши даргумон бўлган орзу-хаёлларини энди худди юлдузлар ер юзидаги митти жонзотларни қандай кузатса, шундай томоша қилиб ҳузурланиш эди. Ҳозирги одамлар етти ухлаб тушида кўролмаётган имконларни у энди ўйинчоқдек хоҳласа ўйнайди, хоҳламаса бир четга суриб қўяди. Аммо ўзи ҳам тушунадики, айни вақтда қўлида турганлардан кўра атрофига сочилиб ётган ўйинчоқлари кўпроқ. Ҳамма нарсага эришгани сайин ўша ҳамма нарсанинг қадри тасодифан йўқолиб бормоқда унинг учун.
Одамлар юртма-юрт изғиб, кимларнингдир қора меҳнатини қилиб, кейин эса шоҳона уй солишга уриняпти. Худди қасрда яшасанг, бошқалар сенга чандонроқ ҳурмат-эҳтиром кўрсатадигандек, пойдеворингнинг баландлигига қараб мартаба бериладигандек. У эса мана шу каталакдек ҳовлисидан нарисини хоҳлаш тугул, хаёлига ҳам келтиргани йўқ, ахир одамнинг пули кўпайиб кетса янги, каттароқ ошқозон қўйдириб, бир косанинг ўрнига икки коса таом ея олмайди-ку. Ёки яна бир тоифа кимсалар пулнинг сассиғидан кекирганча, машиналарни коллекция қилишга ишқибоз. Унинг учун эса, рулга қапишиб ўтиргандан кўра, ҳайдовчига “Эртага фалон вақтда кел”, дейиш кўпроқ завқ бағишлайди. Ахир у ҳаёт билан муросасиз курашда бой берилган ўн йилдан ортиқ умрини бекорга сарфладими? Кимларнингдир ҳовлисида гўнг ташишга, экин суғоришга, ҳалиги бир нарса учун ўра қазишга кўникиб яшашга бўлган сабрни, қаноатни қаердан топганди. Шунча йил нега тишини тишига қаттиқ босиб келди. Бир куни унинг тақдирида ҳам мана шундай ҳукмфармолик, ҳаётнинг ҳамма имконларига эгалик қилишдек ажиб гаштли дамлар келишига чин дилдан ишонгани учун эмасми? Бир замонлар тенг-тўшлари билан паркка айланишга қурб тополмасдан эзилган ўспириннинг орадан ўн йил ўтиб юзта истироҳат боғи қуришга чоғи келади. Бир вақтлар ундан чақа пулини қизғонган хасислар устидан у бугун тилло тангалар сочиши мумкин. Аммо унинг мақсади на пул сочиш, на ўзини кўз-кўзлаш эмасди, бор-йўғи барча нарсаларга эришганидан сўнг бунинг ортидан келадиган ҳиссиётнинг таъмини билмоқчи эди, қудратнинг шакли қанақа бўлишини ўз кўзи билан кўрмоқчи эди, холос. Шунинг учун ҳам унга бундан ортиғини кераги ҳам, қизиғи ҳам йўқ.
У нимада бўлмасин, шерикликни ёқтирмай келди. Сабаби, ўйлардики, гарчи одам боласи яримта нонга бемалол тўйса ҳам, бироқ бутун нонни икки кишига бўлиб берилса, иккови ҳам тўймай қолади. Нима учун, мундоқ олиб қараганда моҳият ўзгармади-ку. Яримта нонни бир киши еди нимаю, битта нон икки кишига берилди нима? Гап шундаки, инсон кўнглидаги хоҳиш хоҳланаётган нарсанинг ҳажмига қараб пайдо бўлади. Эътибор берсангиз, ёш болалар кўчадан қайтаётган дадасининг чўнтагидан чиққан битта қурутгами-конфетгами бениҳоя хурсанд бўлишади. Лекин уйга меҳмон келганда, битта-иккитага қаноат қиладиган болани топиш қийин. Бояги яримта нон масаласи ҳам шундай, қўлидаги нондан ташқари яна борлигини билган одам, гарчи у бошқа қўлда турган бўлса-да, ўшандан ҳам умидвор бўлади.
Ёшлигида болалар уни кўп ўртага олишган. Калтак устига калтак, тепки устига тепки. Аммо шунақа вазиятларда ҳам унга жони ачиган бирон болани ёнига яқинлаштирмасди, у ҳамма нарсанинг мазасини ёлғиз тотиб кўришни истарди. Аёвсиз калтакланган кунлари, қошу кўзига муз босиб ётаркан, “Ер юзида тулпорлар бор экан, қамчи ҳам бўлади”, дерди ўзига ўзи. Ҳаёт кейинчалик ҳам уни кўп қамчилади. Лекин бора-бора худди жони ҳалқумига келган қул ўз хожасини ўлдириб қўйгандек, у ҳам елкасига визиллаб тушаётган бу қамчини ҳаётнинг қўлидан қандай тортиб олиб қўйишни ўрганди.
Йиллар мобайнида титроқли қўллари чангакка, мадорсиз оёқлари пойдеворга, хокисор ва маъсум чеҳраси такаббур қиёфага, журъатсиз кўзлари бемисл жодуга айланди. У ҳаммолликка одатланган елкаларини енгил ва олифта костюм илиб юришга, мушт бўлиб тугилишга ҳамиша тайёр бармоқларини қоғоз-қалам ушлашга, мулойим тилини кескин ва аччиқ сўзлар ишлатишга ўргатди. Қиличбоз устоз нўноқ шогирдини қанчалик қийнаб жангга тайёрласа, у ҳам жонига ундан кам азоб бергани йўқ. Алал-оқибат эса, чинакам кибор қиёфасини яратишга муваффақ бўлди. Бу қиёфа кейинчалик, худди пластик жарроҳлик яхши натижа берган каби, унга ҳам шу қадар табиийлик билан сингиб кетди. Ҳозир бировга, бу йигит авваллари қанчалик маъсум эди, десангиз сизни тентакка чиқариши турган гап.
Мана, ўзи истагандек дунёдаги давлатмандлару корчалонларнинг калласида нима хаёллар бўлиши мумкинлигини деярли билиб бўлди. Уларнинг тийиқсиз ва бемаза хоҳишлари, тор доираларда ўтадиган зерикарли умрлари, соядан ҳам шубҳаланиб яшайдиган беҳаловат кунлари, илдизсиз гап-сўзлари — ҳамма-ҳаммаси ҳақида энди унда етарлича хулосалар бор. У энди ҳаётнинг икки қутбини — қашшоқликнинг энг чуқур жарлигию бадавлатликнинг энг юксак чўққисини тўла забт этган ҳақиқий тадқиқотчи бўлди. Мана шу қизиқарли йўл давомида бир нарсага амин бўлдики, бу икки чегара ўртасидаги масофа аслида у қадар узоқ эмас экан. Фақат одамларнинг ўзи бу масофани борса келмасга айлантириб юборишган. Дунёдаги жамики бойлар ўзларининг ясама, сохта кўринишлари билан қолганларни шу қадар сир бостиришар эканки, натижада бечора камхаржлар бу масофани босиб ўтиш учун йўлга чиқишдан беихтиёр чўчиб қолар эканлар. Давлатмандларнинг бу қилиғи гўё бир қарич илоннинг даҳшатли вишиллашига ўхшайди — одамлар уни кўрмай турибоқ орқага тисариладилар.
Ўша куни муштипар она ногирон қизига ёрдам пули олиб кетгани келганда бир ажойиб нақлни айтиб кетди. Кечирасиз, бу нақл эмас, онахоннинг ҳожатбарор йигитга билдирган миннатдорлиги эди. “Болам, — деди у, онахоннинг кўзига қарамай ўзи қўлбола ясалган ҳисоб-китоб қоғозига имзо чектираётган йигитга, — биламан, ҳозир сиз пулни ана шу сейфингиздан оласиз, ҳеч қанақа ҳисобчингиз ё ёрдамчингиз олиб кириб бермайди, буни яхши биламан. Аммо барибир сиз яхшиликнинг ҳеч ким йўққа чиқара олмайдиган йўлини топдингиз. Эҳтимол, қачонлардир бошингизга тушган кўргуликларнинг мевасидир бу, балки ота-онангизнинг тарбиясидир. Нима бўлганда ҳам, сизга раҳмат. Мана шу сейфингизнинг фақат битта дона калити бор, агар унинг калити иккита бўлиб қолса, сейфнинг сейфлиги қолмайди. Кўнгил ҳам сейфга ўхшайди, уни яхши аъмолдан бошқа калит билан очиб бўлмайди. Ҳа, одамлар фақат яхшилик деган тушунча билангина бир-бирларининг қалбларига йўл топишади”.
Онахон кейин ҳам нималардир деди, у ҳозир эслолмайди. Аммо аёлнинг шу гапларидан кейин йигит юзидаги ҳар қанча кибор пардасини суриб ташлаб, онага чинакам ўғил нигоҳи билан боқди. Бу ўктам аёлнинг меҳрибон кўзларига қараб, тиниқ ва самимий овозига қулоқ солиб тураркан, волидасини ҳажга олиб кетаётган йигитдек вужудида туганмас куч туйди.
ИНҚИРОЗ
Хотима ўрнида
Унга бунча пул, молу дунё қаердан келишига атрофидагилар ҳеч ҳам тушунишмасди, аниқроғи, бу жумбоқнинг тагига етишолмасди. Унга ўхшаган раҳбар зоти кўп, аммо уларнинг орасида бири икки бўлмаётганлари қанча ахир… Ёки маоши ҳам ҳамманинг кўз ўнгида, ошиб-тошган жойи йўқ. Лекин, таажжубли жиҳати, у ҳеч қачон маошини ўзига ишлатмасди, кимнингдир тўйига, кимнингдир маъракасига бердириб юборарди. У бу идорада ишлаган йилларида қанча одамнинг ўғли уйланиб, қизи узатилди, ҳатто қурилишга деб пул сўраганлар ҳам кўп бўлди. У ҳаммага бир хил жавоб берарди — ҳисобчини айтиб чиқинг. Бўлди, шу билан имзо чекиларди, мушкул осон бўларди.
Бироқ барибир қизиқ эди. Ҳали ўттизга тўлмаган, оила қурмаган йигит бундай тўкинликка, шоҳона ҳаётга қандай эришган? Бирон қўли узун, бўйни йўғон, қўр-қутли одамнинг эркатойи, арзандаси бўлганда ҳам бошқа гап эди. Аммо ўқишни тамомлаётган йили содир бўлган воқеа унинг ҳаётини худди Искандарнинг сартароши қорним ёрилиб кетмасин деб сир айтган қудуққа айлантирганини эса ҳеч ким, ҳатто ота-онаси ҳам билишмасди. Нима бўлганди? Сулаймоннинг хазинасини топганмиди? Бе, қаёқда… Ер шарининг илма-тешик бўлмаган жойи қолмаган ҳозирги замонда хом тупроқнинг тагида хумча қоптими… Аммо одамлар унинг фавқулодда давлатмандлиги ҳақида ўйлашганида кўпроқ шунақа ақл ишонмайдиган тахминдан келишарди.
У касалхонанинг крахмалли оппоқ пардалар билан зичлаб тўсилган, ичкариси эса ҳаддан ташқари ёруғ бўлмасига кирганида, бош шифокор охирги марта сўради:
— Бу ишингнинг оқибатига ақлинг етиб турганига ишонаман. Мана, сен билан уч кундан бери кўришаётган бўлсам, оғзингдан чиқаётган ҳар битта гапинг мени лол қолдиряпти. Аммо умр сен ўйлаганчалик арзимас нарса эмас, бугунги қаҳрамонлик эртага анча қимматга тушади.
Йигит бу гапларни, тўғрироғи, шифокорнинг ҳамдардлик билдиришини, ўз бурчини шунга ўхшаган огоҳлантиришлар билан оқлашини биларди.
— Муҳаббат севган инсонингнинг ҳамма-ҳамма нарсасига — азобу уқубатларига, висолу ҳижронига, енгиллигу оғирликларига жимгина рози бўлишдир, — деди врачнинг кўзларига нигоҳини тик қадаб. — Мен бу ишим билан ортиқча нарса йўқотмайман, лекин у ҳаёт деган, тириклик деган мўъжизани қайтадан кашф қилади.
Мана шу қисқа, аммо ўта нозик суҳбатдан сўнг жарроҳлик столи устидаги чироқлар ёнди. Унинг чап буйрагини олишди.
Севган қизи чиндан ҳам омон қолди. Аммо унга турмуш қуришни қатъиян ман этишди. Орадан йиллар ўтган сари эҳтимол бу воқеа унутилиши мумкин эди. Бироқ ҳар ойда йигитнинг номига келадиган сирли қоғоз қутичадаги пуллар унинг ҳаётини ўзи бир маҳаллар ич-ичидан интилган, кун келиб нимадир сабаб билан рўёбга ошишига қаттиқ ишонган киборлик дунёсига айлантирди.
У узлуксиз равишда моддий жиҳатдан бекаму кўстликка эришар экан, бир вақтнинг ўзида ҳаёт деб аталмиш иморатнинг ҳар бир зинасини, қат-қат деворларию моғорлаган йўлакларини чуқур нигоҳ билан ўрганиб борди. Бахтиёрлигу бахтсизлик, донишмандлигу нодонлик, дўстлигу душманликка ўхшаган минг-минглаб тушунчалар бир-бирига нақадар яқин туришини, ҳатто бирининг исботи учун бири албатта бўлиши шартлигини англаб етди. Унга салом учун узатилган кафтнинг бармоқлари орасида митти игналар бор-йўқлигини дарров пайқайдиган бўлди. Ва энг муҳими, у ҳаммага бир хил — аёвсиз ва мағрур нигоҳ ташлаш санъатини эгаллади. Буларнинг бари бир бўлиб йигитни енгилмас руҳ ва чексиз қудрат соҳибига айлантирди.
У сигарет қолдиғини кулдонга эзди-да, ғир-ғир шабада кираётган дераза рахига суяниб, пичирлай бошлади:
Қорайганда узоқ тоғларнинг қори,
Боғларга чўкканда оқшомги туман;
Совуқ куз елидан жунжикиб, нари —
Очиқ айвон остин этганда маскан;
Азизим, хаёлан қучаман сени,
Хазон даврасида кутаман сени…*
Ҳаётда барча-барча нарсани — ожизлигу қудратни, муҳаббату унинг аччиқ шаробини, турфа одамлар дунёсини идрок қилиб бўлган йигит бу узоқ давом этган дарсдан жуда зерикди, унинг сабри шу кунгача етди, гўё юзлаб қари дарахтларнинг захил-заъфарон япроқлари орасида унинг дуркун ва яшил барглари қийналиб нафас олаётгандек, умри борган сари хазоннинг аччиқ ҳидига мослашиб кетаётгандек туюлди. Энди у на ўзини, на шубҳакор одамларни ортиқ қийнашни хоҳлар эди.
Мана, ўн йил ичида худди ер юзасини қаричлаб ўлчаб чиққандек бир олам хулосалар йиғди, аммо ўзи ҳам обдон ҳолдан тойди. Ахир ҳар куни, ҳар соат, ҳар сонияда бир вужуддаги иккита одам бўлиб яшаш нақадар оғир. У ўзи учун оламдаги энг юксак чўққида туриб дунёни баланддан томоша қилаётган одам бўлса ҳам, бироқ атрофдагилар учун савлат-салобатли, сирли ва кишини ҳайиқтирадиган қиёфа сифатида яшаб келди. Бугун эса бу саргузаштга тўла иккинчи ҳаётига тамоман нуқта қўяди. У нимани хоҳлаганди, ҳамма нарсага эришишними? Мана, орзусига етди. Энди инсон кўнглини алдайдиган ва тубанлаштирадиган бу тахлит ҳаёт билан боғлаб турган барча ришталарни узиб ташлайди. Унинг бир марта қилган чинакам жасорати ва келажаги “қатъиян таъқиқланган” муҳаббати эвазига узлуксиз оқиб келувчи пулларнинг бугундан бошлаб унга заррача кераги йўқ.
У ўзининг иккинчи қиёфаси ўнг биқинидаги биттаю битта буйрагига оғирлик қилаётганини сезганди.
___________
* А.Орипов шеъри