Нормурод Норқобилов. Янги эртак (ҳикоя)

“Бир бор экан, бир йўқ экан…”
Уф-ф… бунча қийин иш экан бу!..
Эртак тўқиш ва уни қоғозга тушириш бу қадар оғир, бу қадар мушкул юмуш эканлигини хаёлига келтирмаган Ойдин қизалоқ, мана, неча кундирки, “бир бор экан, бир йўқ экан”дан нарига ўтолмай жуда хуноб эди. Бошда ёзилиши ўта жўндек туюлган эртак қизчанинг онгу шуурида аллақачон пишиб етилган эса-да, бироқ қўлига қалам олди деганча, сўз дегани сира тутқич бермас, мисли тариқдай сочилиб кетмоқда эди.
Қизча ўйчан нигоҳини олдидаги дафтар саҳифасидан узиб, аввалига, худди нажот қидиргандай, марҳума онасининг девордаги суратига тикилади. Бир муддатдан сўнг чуқур хўрсиниб, теваракка маъюс кўз югуртиради. Шу тарзда у шифтдаги чироққа, девордаги сўзаналарга, бурчакдаги темир печкага, токчалардан бирига батартиб терилган китобларга, дераза ортидаги қоронғи тунга бирма-бир лоқайд назар ташларкан, охирида, хона ўртасига солинган қўш ўриннинг бирида баҳузур уйқуни ураётган ўгай опаси – Хадичага ҳавасланиб боқади ва ич-ичидан, қўлидаги ручкасини нимқоронғи кунжакка улоқтириб, опаси қаторида кўрпа тагига шўнғиш истагини туяди. Бироқ қандай бўлмасин эртагини тезроқ якунлаши лозимлиги тағин эсига тушиб, бу фикридан қайтади. Ахир ўгай онаси – Садоқатнинг туғилган куни жуда яқин қолган, агар эртагини тезроқ тугалламаса, болдан тотли, шакардан ширин орзуси – байрам дастурхони устида ҳаммадан бекитиқча ёзган эртагини ўқиб, уйдагиларни, асосан, ўгай онасини қувонтириш нияти бутунлай пучга чиқади-да.
У зимдан қовоқларига тўр ташлай бошлаган уйқуни қувлаб, стол четида ётган қалин китобни қайта қўлига олади, ўзича тағин эртакларнинг ёзилиш сир-асрорларини ўрганмоқчи бўлади. Шу ўйда китобни ҳушсизлик билан бир-бир варақларкан, кўзи бот “Зумрад ва Қиммат” эртагига тушгач, қошлари норози чимирилиб, уни шартта ёпади-да, зарда ила нари суриб қўяди. Боиси, қизча яратажак эртак мазмуни бу эртакка тамомила зид бўлиб, уни тўла инкор этарди. Ваҳоланки, яқин-яқингача, яъни эсини таниб, китоб ҳамда эртаклар дунёсига ошно тутинганидан бери айни шу эртак унинг энг севимли, энг қадр­ли эртакларидан бири эди.
Энди эса…
Қизча ушбу эртак туфайли чеккан руҳий изтироблари – Зумраднинг тақдири энди ўз бошига тушажагини ўйлаб, қўрқув ва таҳлика оғушида кечган кунлари ва тунларини ҳали унутмаганди.
Эсида, ўшанда ўгай онасининг ҳовлига кириб келиш онларини даҳшат билан кутган. Дарвоза ортида машина овози тиниб, эшикларнинг тарақ-туруқ қилиб очилиб-ёпи­лиши қулоғига чалиниши билан елдай учиб бориб, сомонхонага бекинган, қўрқувдан япроқдай тит­раб, эшик тирқишидан дарвозага кўз тиккан. Ана, ҳозир ўгай онаси айнан Қимматга ўхшаш лаби дўрдоқ, сочлари патила, ҳаддан зиёд инжиқ ва ўжар қизини бошлаб дарвозадан кириб келади, шунчаки эмас, оғзидан ўт пуркаб кириб келади. Ва ҳовлига қадам қўйиши ҳамоноқ теваракка аланг-жаланг қараниб, ўгай қиз – Ойдинни қидиришга тушади, сўнг уни бўғзигача юмушга кўмиб ташлайди. Мабодо бўйин товлар бўлса, уради, сўкади ва оқибат, кунлардан бирида, “ўрмонга адаштириб кел буни”, дея отасининг қўлига тутқазади. Отаси ўгай онага лом-мим демоққа журъати етмай, суюкли қизини ўрмонда адаштириб келади. У ўрмонда улоқиб юриб, тўсатдан дарахтга осилган ва шамолда тебраниб, “тақ-туқ” қилаётган болтага дуч келади.
Бироқ шу ерга келганда қизчанинг боши қотади: хўш, отаси уни қайси ўрмонга адаштириб келади? Бийдек дашт киндигида жойлашган дўппидек овули теварагида ўрмон тугул, кафтдек чакалакзор ҳам йўқ-ку. Ана, у ёғи қўшни овулгача, бу ёғи эса олисдаги кўкиш тоғлар этагида ястанган қирга қадар яйдоқ даштлик – одам тугул, ушоқ чумолини ҳам адаштириб бўлмайди бу кенг­ликда. Ҳа-а, қийин-қийин, отасига қийин, қизини чалғитиб кетмоққа ўрмон, болтасини осмоққа дарахт тополмай тоза сарсони чиқади энди. Ахир, ўрмон бўлмагач, ўгай она амрини қандай қилиб адо этмоғи мумкин? Бундан қизчанинг кўнгли андак таскин топгандек эса-да, бироқ дарахтга осилган болтадан кейинги воқеа ривожи – ўзи дуч келиши лозим бўлган меҳрибон буви ҳамда у киши томонидан тортиқ этиладиган “қизил сандиқ”ни ўйлаб, бу атрофда ўрмон йўқлигидан жуда ачиниб кетади. Буви ҳадя қиладиган “қизил сандиқ”ни ўз уйларига эмас, Холбуви холасиникига олиб боришни кўнглига тугади, ўзича сандиқ тўла қимматбаҳо совға-саломдан ўгай онани бебаҳра қолдирган киши бўлади. Холаси зўр – ўгай онага сандиқ тугул, ерда ётган чўпниям раво кўрмайди.
Фақат бу яқин-атрофда ўрмон йўқлиги чатоқ-да.
Аслида қизчанинг кўнглига “ўгай она” қўрқувини солган ўша Холбуви холаси бўлади. “Шўрлик етимча”, дея бошини силаган, ўгай эна бошингга ит кунини солади энди, дея бағрига босган. “Қўрқма, бу ёқда мен, итга итдай ташланадиган холанг бор”, дея юпанч берган. Қизча холасининг бесўнақай жуссасига, табассумдан йироқ бадқовоқ афтига таажжуб-ла боқади, уни, қозиқ тишларини иржайтириб, ириллаётган ит ўрнида тасаввур этиб, беихтиёр кулгуси қистайди. Сўнг эркаланиб, қўйинг, хола, итдай тишлашгунча, “яхшиси, бизга бир тандиргина нон ёпиб бера қолинг”, дегиси келади. Бироқ бундай демоққа ҳадди сиғмайди.
Энаси ўлганидан бери ота-боланинг куни дўкон нонига қолган. Туман марказида ишлайдиган отаси ҳар кеч дўкондан олиб қайтадиган буханка нон қизчанинг таъбига ўтиришмайди, тандирда сингиб пишган нонни хуш кўради у. Холаси, ҳар борганида, тандирда ёпилган нон билан қорнини, шу кунларда келиши кутилаётган ўгай она ҳақидаги гап-сўзлари билан онгини тўйдиради.
– Эшитдим! – дейди қошида боласи тенги ҳуркак бир қиз эмас, ўзи каби қилдан қийиқ ахтарадиган, олам ва тириклик ҳақидаги тушунча ва қарашлари томорқасининг кемтик деворидан нарига ўтмайдиган қўшни аёллардан бири тургандай туйқусдан тутақиб. – Топган ўша мегажини ўзи билан бир идорада ишларкан! Эр ҳайдаган бир тавия экан! Тағин сендан каттароқ бир қизиям бор эмиш, у яшшамагурнинг! Ана энди… анову… нимайди-я… анову кўҳна матал бор-ку… телибизирдаям кўрсатишади… Қиммат… йўқ, “Зумрад ва Қиммат”. Ҳа-а, шу… Энди биринг – Қиммат, биринг – Зумрад бўлиб, эшакдай тепишиб, итдай тишлашиб юрасилар! Йў-ўқ, сен етимчага кун беришмайди улар! Қизи додингни беради, энаси эса, оғзидан ўт пуркаб, сен етимчани тириклайин қовуриб ейди! Ана шуни айтадилар-да, энали етим – гул етим, отали етим – шўр етим деб! Сен манглайи қора, шўр етимсан-да!
Уйига қайтгач, қизча, Зумрадни ўзига тақдирдош билиб, эртакка такрор кўз ташлайди. Шўрлик Зумраднинг қора қисматига ачинишдан ҳам кўра, эндиликда у тортган барча азобу уқубатлар ҳадемай ўзининг чекига тушишини ўйлаб, пинҳона йиғлаб, зимдан азият чекади. Кейин, зора, отам у аёлни уйга олиб келиш фикридан воз кечса, деган умид ва илинж­да ҳовли юмушларини, қўлидан келганча, бекаму кўст адо этишга тиришади. Уйдаги саранжом-саришталикни кўриб, отаси уни алқайди, эркалайди, аммо қизча кутгандек, фикридан қайтмайди, кечки таом устида яқин жўраси ва қўшниси Салим муаллимга дейди: “Билсанг, дўстим, у оддий аёллардан эмас, фариштанинг нақ ўзи! Худо хоҳласа, ёқамни оқартириб, уйимни нурга тўлдиради у!” Шунда қизчанинг хаёли фариштага кетади. Бироқ ҳарчанд уринса-да, ҳарир либосли ноаниқ шарпадан ўзгасини кўз олдига келтира олмагач, фаришта ҳақида тўла тасаввурга эга бўлмоқ ниятида эртаси тағин холаси ҳузурига зинғиллайди.
– Фаришта?! – ўчоқбошида тутунга кўмилиб ўтирган холасининг зардаси қайнаб, аввал елкаси оша, сўнг ўгирилиб қарайди. – Вой, ордона қолсин, ҳали у кишим фаришта бўп қоптими! Йў-ўқ, отанг кўр, яхши-ёмонни бир-биридан ажратолмайдиган, фаришта не, жодугар не, сира фарқига бормайдиган басир у! – Кейин одатига кўра, бирдан ҳовуридан тушиб, ўйчан бир тарзда дейди: – Ҳа-а, эрсиз аёлларнинг бўлари шу, эрга тегиб олгунча бари ўзини фариштадай тутиб, сўнг кўрсатади ҳунарини…
– Унда… фаришталиги ёлғонми, хола? – дейди қизчанинг ҳафсаласи пир бўлиб.
– Ёлғон!
– “Фаришта” дегани нима ўзи?
Бу саволни кутмаган хола бир осмонга, бир унга қарайди. Афтига тажанглик тепчиб, фаришта ҳақида эшитган ва билганларини хотирлашга уринади. Сўнг зиғирдек бир қизча олдида бу тарзда бош қотириб туриши ўзига эриш туюлиб, кўкка ишора қилиб, дейди:
– Нима бўларди, худонинг осмонда учиб юрган бир махлуқи… йўқ, жонзоти-да!
– Кўринмайди-ку, – қизча шишадек тиниқ осмонга тикилади.
– Йўқ, у кўзга кўринмайди.
– Нега кўринмайди?
– Чунки… у фаришта-да…
– Фаришталар кўзга кўринмайдими?
– Йўқ, кўринмайди.
– Фаришталиги ёлғон бўлса… – қизча чуқур хўрсиниб, холасига умидвор тикилади, – отамга айтинг, уйимизга доритмасин уни.
– И-и, менинг гапимни корлармиди, у хотинбоз! – холанинг ғазаби қўзиб, ўчоқдаги ўтни титкилайди. – Қачон бир ишни биз билан ҳаммаслаҳат қилган у! Ярамас хотинбоз!
Бу гапдан сўнг қизчанинг отадан кўнгли қолади. Кундалик юмушга уннаб, кечгача тумшайиб юради. Аламини товуқлардан олиб, уларни элдан бурун катакка қамайди. Тиззасига суйкалган мушугини жеркиб, оқшом ишдан қайтган отасига чирой очмасликка уринади.
Бироқ отаси эркалаб, бағрига босиши билан барини унутади.
Бири ўчоққа ўтин қалаб, бири қозон ковлашга тушади.
Кейинги пайтда кунда-шунда бўлиб қолган Салим муаллим эшикда қора бермагунча, қизча “ўгай она” ташвишини бир неча муддат унутади, Зумраднинг қора қисмати ортиқ уни ташвишга солмайди. Отаси кириб келиши билан юзага келган тароватли бир илиқликдан кўнгли яйраб, димоғи чоғланади.
Аммо эркаклар гурунгида ўша аёл номи тилга олиниши билан бу илиқликдан асар ҳам қолмайди, уй совуқ ва файзсиз тус олади. Қизча нимқоронғи бурчакка биқиниб олиб, тағин Зумраднинг аянчли тақдирини ўйлашга тушади. Охири буви томонидан инъом этиладиган “қизил сандиқ”ни кўз олдига келтириб, сандиқ воқеасигача рўй бериши лозим бўлган барча азиятларга бир амаллаб чидамоққа қатъий аҳд қилади. Негаки, “қизил сандиқ”дан кейин навбат “оқ сандиқ”қа келади-да. Ўгай она қистови билан адаштириб келинган ўгай опаси уйларига ичига аждаҳо бекинган ўша “оқ сандиқ”ни судраб қайтади-ю, у ўгай она зулмидан бутунлай халос бўлади.
Фақат бу яқин атрофда ўрмоннинг йўқлиги чатоқ-да!
Ана шундай оқшомлардан бирида аён бўлдики, эртага ўгай она қизи билан ташриф буюраркан, отаси Салим муаллим ҳамроҳлигида уларни машинада олиб келаркан. Шунда қизча, чиқмаган жондан – умид, дегандай беихтиёр қўшни эркакка илтижоли боқади. Унинг, и-и, қўй уларни, жўра, нима қиласан бошингга бало орттириб, дейишини кутади. Афсуски, сўнгги умидини пучга чиқариб, Салим муаллим бундай демайди, қайтанга, нимҳаяжонда ўтирган отасига пишанг бергандай, эртанги кун режасини муҳокама қилишда давом этади, ўзича дўстига йўл-йўриқлар берган киши бўлади. Насиб этса, эртан оқшом ошни келиннинг қўлидан ер эканмиз-да, дея тамшаниб ҳам қўяди.
Ўша тунни қизча алоқ-чалоқ тушлар оғушида ўтказди.
Тонгдан эса ўгай она ташрифини кута бошлади.
Пешинга яқин сомонхонага биқиниб, қўрқув ва ҳаяжондан қалт-қалт титраганча, эшик тирқишидан дарвозага кўз тикади. Қизчанинг назарида, дарвоза ортидагиларнинг ҳовлига ташрифи жуда чўзилиб кетгандай туюлди. Ахир, машина овози тиниб, эшикларнинг тарақ-туруқ ёпилгани ким қачон эди. Наҳотки, отаси ўгай онасиз, ёлғиз ўзи қайтган бўлса! Бу ўйдан қизча ўзида йўқ севиниб кетади. Бироқ унинг қувончи узоққа чўзилмади. Бир пайт дарвоза қорнидаги кичик эшик аввал қия, сўнг кенг очилиб, қўғирчоқ тутган, ўзидан хиёл тик­роқ, оқиш юзли, ҳуркак нигоҳли бир қиз тортинибгина ҳовлига қадам қўйди. Унинг изидан эса шаҳарча урфда кийинган хушрўйгина аёл пайдо бўлди. Қизча ўзи бир неча кундан бери таҳлика оғушида кутаётган ўгай она ўша эканини дарров идрок этди ва, ўз навбатида, оғзидан ўт пуркамаётганига ҳайрон бўлди. Аёлдан кейин катта-кичик сумка ва тугун кўтарган эркаклар кириб келишди. Отаси теваракка аланг-жаланг қараниб, қувноқ кайфиятда овоз берди:
– Ойдиной қизим, қайдасан!
Бу овоздан қизчадаги қўрқув ҳисси андак чекиниб, қалбида ийманиш, тортинишга ўхшаш ғалати бир туйғу уйғонди. У келишини мутлақо истамаган бу “меҳмонлар”га кўринишни хоҳламай, ими-жимида, астагина холасиникига жуфтак ростлаб қолмоқчи бўлди. Бироқ бу режаси амалга ошмади – дарвозада гоҳида оғир кирларини ювушга қарашиб, вақт-бевақт тансиқ таомлар билан сийлаб турадиган қўшни аёлга тўқнаш келди. Аёл унинг ниятини фаҳмлаб, шартта билагидан тутди-да, изига қайтарди ва ҳовли тўридаги уй эшигига етиб қолган ўгай онага рўпарў қилди:
– Танишинг, қизингиз…
Қизча ўгай онанинг кулиб турган кўзларига, хиёлгина қизил сурилган лабларига қўрқув тўла кўзларини тикаркан, ҳозир бу пуштиранг лаблар орасидан ўт сачрайди, деб ўйлади. Йўқ, қимирлаган лаблар орасидан ўт эмас, қуйидаги майин хитоб сирғалиб чиқди:
– Вой, менинг болажоним!..
Қизча, қулоқларига ишонмай, ҳанг-манг туриб қоларкан, зумда ўзини унинг қучоғида кўрди. У ҳали ўзига бутунлай ёт бўлган бу қучоқда, одатда, холасининг ҳиссиз бағрида туядиган тер, чанг ва тутун исини эмас, димоққа хуш ёқувчи майин атир бўйини, чинакам меҳр тафтини ҳис этди. Аммо шунга қарамай, ўзича осонлик билан бўй бергиси келмади, аёлнинг қайноқ оғушида гўё қоққан қозиқдай қотиб тураверди ва қачонки, хиёл нарида ҳануз малла сочли қўғирчоғини бағрига босганча, хокисорона жилмайиб турган қизчанинг ёқимтой чеҳрасига кўзи тушгачгина, ўзи қўрқиб кутган хавфдан асар ҳам йўқлигини ичдан туйиб, беихтиёр аёлни маҳкам қучди. Она бағрини соғинган эмасми, кўзи тиниб, боши гир-гир айланиб кетди.
Қизча ўзига келгунча бўлмай, “ўгай опа”си бағридаги қўғирчоқни унга узатди. Тўғридан-тўғри эмас, худди берган совғаси кескин тарзда рад этилиши мумкиндек, андак ҳайиқиб, қимтиниб, чўғдек қизариб, қизчага бутунлай ёт бўлган нозик бир ҳаракат-ла узатди. Сўнг оҳиста деди:
– Бу мендан совға!
– Раҳмат демайсанми, – қўшни аёл кутилмаган бу хил муомала-ю муносабатдан бутунлай гангиб қолган қизчанинг елкасига туртди-да, сўнг унга далда бериш мақсадида деди: – Хўш, сен бу асал қизга, опангга нима совға қиласан, а, Ойдиной?
Бу гапдан қизча дарров ҳушёр тортди.
Нима совға қилса экан-а?
Шунда унинг эсига ўзи яхши кўрадиган сопол ҳайкалча тушди. Ўтган йили кузакда отаси билан бозорга тушганида, уни ёймачи бир кампирдан сотиб олганди. У ҳайкалчага турли кийимлар бичиб-тикиб, кийинтиришни яхши кўрарди.
Қизча қўғирчоқни бағрига маҳкам босганча, уйга ошиқди.
Бироқ у ҳайкалчани жойидан тополмади. Одатда, токчадаги китоблар қаторида турадиган ҳайкалча ҳеч қаерда йўқ эди. Бу орада қизчанинг ҳаяжони босилиб, бирдан бурчакдаги яшил тугунчани эслаб қолди. Ахир, Холбуви холасининг, мана уй, мана жой, агар бирор гап бўлса, тўғри бағримга қайт, тўртта болам сиққан ерга сен ҳам сиғасан, деган гапига амал қилиб, кеча тундаёқ кийимлари ва бошқа лаш-лушларини йиғиб, чоққина тугун қилиб қўйганди-ку.
У тугунчани очиши билан ки­йимлари устида турган онасининг чоғроқ сарғиш рамкага солинган сурати пастга сирғалиб тушди. Бу нарса отасининг таклиф ва қис­тови билан ийманибгина остона ҳатлаган ўгай она назаридан четда қолмади.
– Онажонингми бу? – деди у енгил эгилиб, суратни қўлига оларкан.
Қизча, кўзлари жавдираб, “ҳа”, дея бош ирғаркан, гўё онасининг сурати шу заҳотиёқ дераза оша ташқарига улоқтириладигандек, беихтиёр жаҳдланиб, унга қўлини чўзди.
– Суратни тугунга бекитиш керак эмас, жонқизим, – деди аллақачон не гаплигини англаб етган ўгай она кулимсираб. – Уни чиройли қилиб, деворга осиб қўйиш керак. Хўш, қаерга осамиз буни?
Бу гапни сира кутмаган қизча шошиб қолди. У сурат осиладиган жойга имо қилди-да, илдам бориб ўриндиқни олиб келди. Сўнг ўгай она кўмагида суратни кеча тунда олинган жойига авайлаб осиб қўйди.
Бироздан кейин тугунчадаги кийимлари орасидан кийинтирилган сопол ҳайкалчани топиб, уни “опа”сига чин дилдан тортиқ қиларкан, муҳим бир синоатга – тақдир ўзини сийлаб, яхши одамларга рўпарў қилганини англашга ақли ва қурби етмаса-да, аммо қайноқ меҳрни, тамкинлик ва бу ёруғ оламни қамрашга қодир инсоний бағрикенгликни ҳис этмай қолмади.
Бироқ қизчанинг бу бахтини хола идрок этолмади.
– Бўлиши мумкин эмас…
Орадан бир-бирини қувлаб кунлар ўтса-да, хола кўча-кўйда шод ва бахтиёр чопқиллашиб юрган опа-сингилга неча-неча бор дуч келган эса-да, аммо унинг бу борадаги фикри барибир ўзгармади.
– Йўқ, сира бўлиши мумкин эмас…
Бу орада қизча зулмкор ўгай она ҳақидаги эртакка қарши эртак ёзмоққа жазм қилди…

***
Она чироқ ёниқ турганидан ажабсиниб, астагина қизлар бўлмасига мўралаганда, тун ярмидан оққан, қизча столга бош қўйганча ухлаб қолганди. У қизчани жойига ётқизиш ўйида столга яқинлашар экан, узатилган қўли қизчанинг яғринига етиб-етмай, нигоҳи қораланган дафтар саҳифасига тушди. Аввалига шунчаки кўз ташлади, сўнг, қаддини эгганча, қизиқсиниб ўқимоққа тушди: “Ойдин ва Хуршида”, “эртак”, “Бир бор экан, бир йўқ экан, бу дунёда Ойдин ва Хуршида деган жудаям бахтли қизлар бўлган экан…” Она эндигина бошланган ва ҳали ярим саҳифадан нарига ўтмаган эртакни ўқиркан, беихтиёр мижжалари ёшланиб, бахтдан энтикди ва шу энтикишда қизчани авайлаб кўтариб олди.
– Энажон… – деди қизча уйқусираб.
– Болажоним! – деди она бот энтикиб.
Бу пайтда ташқарида кўклам ёмғири шивалар, хўрозлар, гўё бир-бирига гал бергиси келмагандай, басма-бас қичқиришар, бу ёқда биз ҳам бормиз, дегандай узоқ-яқиндан итлар овози қулоққа чалинарди.

“Ижод олами” журнали, 2017 йил, 1-сон