У ўмарган соатини уйидагилар кўзидан бекитиб юришга ҳарчанд уринмасин, барибир учинчи куни эрталаб қўлга тушди. Шу кезгача соатни мактабга кетаётиб йўлда билагига тақиб, қайтишида эса сумкасига солиб, яширин сақлаб келаётганди.
Бари ҳеч кутилмаганда содир бўлди.
Бугун у нонуштадан сўнг, кундалик одати бўйича, қўшни хонага чиқиб кийимини алмаштираркан, бу сафар кўчага чиқишга сабри чидамай, енг ичида ким ҳам кўриб ўтирибди, деган хаёлда соатни шартта билагига тақиб олди-да, елкасига сумкасини ила-ила, эшик томон юрган ерида, дераза ёнида бир дам тўхтаб, тағин уни ёруққа солиб кўрди ва азбаройи завқи тошганидан, бошини лиқиллатиб, танглайини тақиллатиб-тақиллатиб қўйди: оч жигарранг тасмали соат чиндан-да бежирим, ғоятда чиройли эди – бамисли олтиндек ялт-юлт товланиб, кўнгилга ададсиз шавқ бағишларди. У ўша шавқ оғушида даҳлизга чиқиб, оқшом тозаланиб, ялтиратиб қўйилган туфлисини эндигина оёғига илган ҳам эдики, тўсатдан нариги бўлмадан отасининг ўта салобатли овози эшитилди:
– Мирҳайдар!
Бу овоз соҳиби Ғайбулла баковул неча йилдирки тўйдаги курашларда кайвонилик қилиб, катта-кичик давраларни бинойидек бошқариб келаётган эса-да, аслида табиатан камгапроқ, хусусан, уйдагиларига сўзи билан эмас, кўз қарашлари ила ҳукм ўтказадиган оғир-босиқ ва ўта жиддий одам эди. У камдан-кам ҳоллардагина, яъни фавқулодда недир содир бўлган онлардагина овоз кўтаришини демаса, қолган пайт унча-бунча нарсага аралашавермасди. Шу боис, ўзини айбдор ҳис этиб юргани туфайли, кутилмаган бу йўқловдан боланинг юраги шувиллаб, дастлабки ўй-ҳадиги шу бўлди: “Наҳотки, бундан отам хабар топган бўлса?..” У энди билагини ўтдек куйдира бошлаган соатни нима қиларини билмай, шошиб, каловланиб турганида, отанинг навбатдаги чорлови янада баландроқ овозда, боланинг назарида, таҳдидли оҳангда такрорланди. Тамом – энди ортиқ ҳаяллаши мумкин эмас, у довдираганча, қия очиқ эшикдан ичкарига мўралади. Қарасаки, отаси бармоқлари билан носқовоқ попугини ўйнаганча, хотиржам ёнбошлаб ётибди. Бундан боланинг кўнгли енгил тортиб, ўз навбатида, тезроқ жуфтак ростламоқ ўйида, гўё жуда ошиқаётгандек, лаббай, деди. Аксига олиб, отаси мақсадини баён этишдан аввал, ановини узатиб юбор, дея дераза рахидаги туфдонга ишора қилди. Остона ҳатламоқдан бўлак чораси қолмаган бола, ичкарига кириб, беихтиёр, сўл қўлини туфдонга чўзди ва ана шунда билагидаги соат йилтиллаб, ота эътиборини дарров ўзига тортди.
– Ия, муборак бўлсин! – деди Ғайбулла баковул худди даврада ғолибни қутлагандек, сокин кулимсираб ва сўнг қошида кавшаниб ўтирган аёлига юзланди: – Соатни бунга сен обердингми?
– Нима? – деди аёли тушунмай.
– Бунга соатни сен обердингми деяпман? – Ғайбулла бакавул боши билан бола томонга ишора қилди.
– Қанақа соат? – деди аёл бир унга, бир ўғлига ҳайрон боқаркан. – Мен ҳеч нарса оберганим йўқ бунга.
Бу гапдан сўнг Ғайбулла баковул дарров сергак тортди. Болишдан тирсак узиб, қаддини ростлаб ўтираркан, шубҳа-гумонга тўла нигоҳини ҳануз туфдон тутиб турган болага ўқдек қадаганча, жиддий деди:
– Қани, бу ёққа бер-чи!
Бола туфдонни узатди.
– Йўқ, қўлингдаги соатни бер!
Бола билагидаги соатни ечиб, отасига узатди.
Ғайбулла баковул ошиқмай соатни кўздан кечираркан, уни оддий матоҳ эмас, қимматбаҳо эканини тезда англади ва беихтиёр икки токча оралиғидаги михда осиғли турган майда ўрим қамчига ер остидан зимдан қараб қўйди. Буни сезган бола ичдан зил кетди. Боиси, отаси ўғриларни жинидан ёмон кўради, шу ёзда Дашт бозорида тасодифан қўлига тушиб қолган чўнтаккесар бир йигитни нечоғлик қамчи остига олганини ўзи кўзи билан кўрганди. Ўшанда отаси айрим одамларга ўхшаб, бақир-чақир қилиб ўтирмаган, худди оғзига бир кафт нос ташлаб олгандай, лабларини маҳкам қимтиганча қамчига зўр берган ва шўрлик йигит унинг чангалидан зўр-базўр қочиб қутулганди. Аммо ҳозир болани қамчининг аччиқ зарбидан кўра “ўғри” деган тавқилаънат кўпроқ изтиробга солмоқда эди. Агар бу сир ташқарига ўрлайдиган бўлса, тамом – кўчада сира бош кўтариб юргилиги қолмайди. Бундан-да аламлиси, у соатни ўмармоқчи эмасди, шунчаки бир-икки кунга ҳавасга тақиб, сўнг ими-жимида яна жойига қайтармоқчи эди. Бироқ буни кўзлари оловланиб турган отасига қандай қилиб англатади? Англатса-да, нега сўроқсиз олдинг, дея баттар қасди-басдига олади. Буниси етмагандек, соат эгаси бегона эмас, отасининг уч ҳовли наридаги яқин жўраси – Асқар чавандоз эди. Ана энди, у одамнинг юзига қандай қарайди!
Шу топда бола истаган бир нарсага айланиб қолишга, жумладан, кунжакда ғужанак тушиб ётган тарғил мушук ва ҳаттоки дастурхон тепасида айланишаётган хира пашшалардан бири ўрнида бўлиб қолишга ҳам рози эди. Қани энди, айни шу лаҳзада манови пашшалардан бирига эврилиб қолса! Ёхуд, худди олди-қочди кинолардагидек, вақт деган зорманда чир айланиб, изига қайтса-ю, у лоп этиб соат ўмарилган ўша кунга тушиб қолса! Гар бунинг имкон ва иложи бўлганида борми, Асқар амаки илтимос қилган арзимас юмушни тезгина адо этган бўларди-ю, лекин зинҳор-базинҳор уй бекаси Сожида хола ёзган дастурхон яқинига йўламасди. Ахир, бари гирдибало ўша тўкин дастурхон туфайли юз берди-да. Агар ўшанда дастурхонни безаб турган ялтироқ қоғозли турли конфетлар ҳавасини қўзғаб, иштаҳасини қитиқламаганида, манови лаънати соатга дуч келмаган ва ҳозир отаси қошида баргдай титраб турмаган бўларди-да. Бола шуларни хаёлидан ўтказар экан, бу қилмиши учун ўзини эмас, уй бекасини айбламоққа тушди: эҳ-ҳ, шу Сожида холаям жуда қизиқ-да, уйига бориб, номига йўталсанг-да, ҳадаҳа олдингга дастурхон ёзади, эмасам, ўша кунги юмуш – қўрада тўпланиб қолган гўнгни замбилғалтакда томорқага чиқариб ташлаш ҳам ишмиди, шугина юмушни бажаргани учун олдига дастурхон ёзиш шартмиди! Мана, онаси, тоғни талқон қилсанг-да, пинагини бузмайди, ширинлик нари турсин, бир пиёла чой қўйишни ҳам хаёлга келтирмайди. Қайтамга, юмуш устига юмуш айтиб, тинкасини қуритади. Бола анчайин меҳри қаттиқ онаси ҳамда унинг ғирт акси бўлмиш Сожида холани бир-бирига таққосларкан, катталар гурунгида қулоғига чалинган гап-сўзлар асосида ўзича қуйидагича фикр қилди: ҳадеб қиз устига қиз туғавермай, кўп эмас, атиги биргина ўғил туғиб берганида борми, бечора Асқар амакининг иши ўзига ўхшаганларга тушиб қолмаган, ҳовлисида неки юмуш бор, барини ўша ўғли уддалаган ва соат ҳам ўғирланмаган бўларди-я!
Ўша куни у чойдан ҳўплаб, олдида қўйилган ширинликлардан танлаб-танлаб тотинаркан, боя хонтахта ёнига чўкаётиб, унинг тагидан топиб олган соатни ўмаришни бошда хаёлига ҳам келтирмаганди. Аввалига, ўзиям зўр соат экан-да, дея обдон томоша қилди, сўнг ҳали ўнг, ҳали сўл қулоғига тутиб, бир маромда чиққиллашини баҳузур тинглади. Кейин, турган гап, кавшанишдан тийилмаган кўйи қўлига тақди ва умрида соат тақиб кўрмаган эмасми, бирдан ўзини катталардек ҳис этиб, сал наридаги бахмал болишлардан бирини сўл биқинига тортиб, аста ёнбошлади-да, худди отаси каби жиддий ва димоғли бир қиёфада уйдаги жиҳозларга бир-бир назар ташлаб чиқди. Сўнг яна ўз ҳолига қайтиб, соат билан андармон бўлди.
У билагидаги соатга қараб-қараб, чой ҳўплади.
У билагидаги соатга термулиб-термулиб, конфет чайнади.
Кейин соатни мактабга тақиб боргудек бўлса, ҳавасдан синфдошлари не аҳволга тушишларини ўзича тасаввур этиб, мийиғида жилмайиб-жилмайиб қўйди. Айниқса, алмисоқдан қолган кўримсиз соати билан ўзича бодиланиб юришни хуш кўрадиган Содиқ иккичига жуда чатоқ бўлади-да – шўрлик ҳасаддан ўчоқбошидаги косовдан баттар қорайиб кетса керак! Содиқ иккичининг ушбу ҳолатини кўз олдига келтириб, ич-ичидан ҳузур қилди. Бунга сари, юраги тубида уйғонган қуйидаги оловли истак тобора алангалана бошлади: “Бир кунга тақиб борсам қандай бўларкан-а?! Кейин астагина яна жойига қўйиб қўярдим!” Дастлаб бу истакка ройиш бергиси келмай, билагидаги соатни шартта ечди-да, ўзича кўздан панага – кўрпача қатига тиқиб қўйди. Бирор муддатдан сўнг эса, биров босиб-нетиб, синдириб қўймасин тағин, деган ҳадик ва баҳонада яна уни қўлига олди. Бу сафар дастурхон четига яшириб, устига сочиқ ташлаб қўйди, сўнг… Хуллас, соатни ўзидан қанча нари сурса, истаги шунча баттар жунбишга кела бошлади ва охир-оқибат, ўзини тиёлмай, соатни чўнтагига урди. Ташқарилашдан аввал ўғри мушукдек дераза оша секин мўралади. Асқар чавандоз бояёқ отланиб қаёққадир кетган, қизлари кўринмайди, ҳовлида ёлғиз Сожида холагина куймаланиб юрарди. У эртан албатта қайтараман, дея оёқ учида кўчага зинғиллади.
Бола тонгни сабрсизлик билан кутди.
Эрталаб мактабга бораётиб йўл-йўлакай соатни қўлига тақиб олди.
Синф эшигидан кира-кира, сўл енгини салгина юқорига тортиб қўйди. Бироқ билагидаги соатга эътибор берувчи бўлмади. У бундан ғашланиб, ўша қўлини атай баланд кўтариб, аввал бўйин аралаш бошини қашлаган, сўнг қўнғироққа яна қанча қолди, деган маънода соатга бепарво кўз ташлаган киши бўлди. Худди кутганидек бирпасда аввал ўғил болалар ўраб олишди, сўнг қизлар тевараклаб келишди. Оҳ-оҳ, кимлар ҳавас қилиб, кимларнинг ичи куймади дейсиз! Кимдир соатнинг ўзини, кимдир боғичини мақтади. Бирови, тиллодан, деса; бошқа бири, йўқ, оддий мисдан ясалган, дея ўзича соатни ерга урган бўлди.
Бунга сари бола ҳузур қилди.
Бунга сари бола роса яйради.
Бироқ дарсдан сўнг, ваъдасига мувофиқ, соатни жойига қайтаришни ўйига келтирмади, чунки мактабдан қайтаётиб, яна бир кунга тақсам, ейилиб қолмас, дея бир тўхтамга келиб бўлганди. Чунки бугун бутун дарс давомида болалар, танаффусга яна қанча қолди, дея нуқул унга им қоқишди-да. Агар эртага соатсиз борса, бугунги обрўйи бир пул бўлиб, улоқ тағин Содиқ иккичида кетади. У қисиқ кўзларини ўйнатиб, сепкил тошган бурнини танқайтириб, ошкора тантана қилади. Йўқ, бунга сира йўл қўйиб бўлмайди!
– Хўш, буни қаердан олдинг? – дея унинг хаёлини бўлди Ғайбулла баковул, “ўғирладинг” деган сўзни айтмоққа истиҳола қилгандай.
Бола кўмак қидириб, онасига боқди. Бироқ унинг отасидан баттар гумонланиб турганини кўргач, тағин дастурхондаги пашшаларга, кунжакдаги мушукка ҳаваси келиб, ҳовлида сочилиб юрган товуқлар ўзидан кўра минг чандон бахтлироқдек туюлди.
– Ҳай-й, кимники бу? – Ғайбулла баковул бу дафъа саволни ўзга йўсинда кўндаланг қўйди.
– Асқар… амакимники, – дея минғирлади бола. – Бир-икки кунга тақиб турай деб олгандим.
– Ўзи бердими?
Бола қўрққанидан, беихтиёр бош ирғади.
Ғайбулла баковул унинг авзойига қараб, бу гапга ишонмаган эса-да, кайвонилигига бориб, қаҳрини жиловлади. Биладики, агар ҳозир зуғум қилар бўлса, ёлғонга ёлғон қўшилиб, сўнг оқ-қорани бир-биридан фарқлаш қийин кечади. Бунинг устига, ўғлига нисбатан Асқар чавандознинг меҳри азалдан бўлакча, балки чинданам соатни унинг ўзи тортиқ қилган чиқар. Қисқаси, агар ҳозир кетини кўтаришдан эринмаса, бор ҳақиқат бирпасда аёнлашади-қўяди.
У ортиқ чурқ этмай, болани бошлаб кўчага чиқди.
Аввалига отасининг мақсадини англамаган бола, қачонки, у наридаги кўкиш дарвоза сари жилгачгина, не гаплигини фаҳмлаб, ҳозир юз берадиган шармандаликдан қаттиқ даҳшатга тушди. Тиззалари қалтираб, манглайи совуқ тердан намланиб, қуйидаги нохуш манзара кўз олдида жонланди: отасининг кафтидаги соатни кўргач, уларни кулиб қаршилаган Асқар амакининг авзойи бирдан ўзгаради: “Эҳ-ҳа, ўғири ким десам, сенинг ўғлинг экан-да”, дея кўча бошидаги Жалол қирриқ каби дарров бақир-чақир қилишга тушади. Оқибат, бу қилмиши бирпасда бутун қишлоққа достон бўлади.
Боз устига, болалар айни мактабга бораётган пайт…
Ишқилиб, Асқар чавандоз уйида бўлмасин-да!
Афсуски, у уйида экан.
Одатда чақирмасдан тўғридан-тўғри кириб бораверадиган жўрасининг бу сафар етти ёт бегонадек дарвозахонада серрайиб туриши дастлаб Асқар чавандозга жуда эриш туюлди. Улар яқинига келиб, отани ғазабнок, болани эса ғамнок ҳолда кўргачгина, нимадир юз берганини англади.
– Тинчликми, Ғайбуллавой?
– Манови сеникими? – деди ота ўнг кафтини олдинга чўзиб.
– Ҳа, меники, – Асқар чавандоз бошда ҳеч нарсага тушунмаган эса-да, сўнг не воқеа содир бўлганини зумда идрок этди. Шунда айни боланинг ёшида ўртанча тоғасининг қора тасмали соатини ҳавасга ўмаргани ва ўша қилиғи сабаб еган калтаклари лоп этиб эсига тушди-да, гўё қошида Ғайбулла баковул эмас, ўша жоҳил ва нодон тоғаси тургандай, унга норози боқиб, деди: – Нима эди?
– Унда мунда нима қип юрибди бу? – деди ота овозини бир парда кўтариб.
– Нима деганинг бу? – деди Асқар чавандоз овозини икки парда юқори кўтариб. – Ўзим совға қилганимдан сўғин, бунда бўлмай, нима, менда бўладими!
Бу гапни кутмаган бола донг қотди.
– Мен ўйлабманки… – дея чайналди ота.
– Ўзингча ҳар нарсаларни ўйлавермай, – дея унинг гапини чўрт кесди Асқар чавандоз. – соатни эгасига бер, тезроқ мактабига борсин!
Бола соатни маҳкам тутганча, мушук чангалидан тасодифан омон қолган полапондай кўчага отилди. Асқар чавандознинг бу қилиғи ҳар қандай оғир жазодан юз карра устиворлигини бутун вужуди билан ҳис этган кўйи, дарсдан кечикмайин дея, оёғини қўлига олди.
Ўша куни энди ўзиники бўлган соати билан мақтаниш нари турсин, ҳатто уни сумкасидан чиқармади. Содиқ иккичининг бурун танқайтириб, зимдан керилишларини эса эътиборга арзитмади. Аммо кечгача, гўё ўта қимматли нарсасини йўқотгандай, ранг-туси очилмай, дилгиртоб юрди. Шу куни умрида илк бор оқшом тушишини интиқлик билан кутди. Борлиқ шом қоронғисига чулғаниши билан Асқар чавандознинг дарвозаси қаршисида пайдо бўлди. Кенг ҳовлида ҳеч ким йўқлиги ва ҳамма кечки дастурхон теварагига жамланганига ишонч ҳосил қилгач, қўлидаги соатни сўри четига қўйганча, соядай ташқарига сирғалди. Кўчага чиққач, муздек куз ҳавосидан ютоқиб нафас оларкан, худди елкасидан тоғ ағдарилгандай, ўзини енгил, жуда енгил ҳис этди.
Аммо эртаси эрталаб кутилмаганда остонада, қўлида соат, Сожида хола пайдо бўлди.
– Кеча мановини бизникида унутиб қолдирибсан-а, болам.
Бола аёл узатган соатга қўл чўзишни ҳам, чўзмасликни ҳам билолмай, чўчибгина отасига қаради.
Бунга жавобан ота сокин кулимсираб қўйди.
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 3-сон