Нормурод Норқобилов. Эркак (ҳикоя)

– Уф-ф, бу сағирларниям ташвиши тоза жонга тегди-да, лекин!..
Бу совуқдан-совуқ иддаоли сас аммаси дарвозасидан чиқиб улгурмай, болакайнинг ортидан қувиб етди ва жимитдек юрагини тилкалаб, кўзларини ёшлатди. Бир хаёли, бу гапни айтмоқдан андиша қилмаган катта ўғли – Нортожи танбалнинг оғзига уриш ўрнига сукутни афзал билган аммасига аччиқ қилиб, ер тепиниб, овози борича йиғлагиси келди. Афсуски, унга йиғлаш мумкин эмас, нега деганда, ҳафта бурун олис овулдан келиб-кетган Суюн тоғасининг жиддий ўгитига кўра, энди у бола эмас, оиланинг ягона бош эркаги эмиш, эркакка, айниқса, бош эркакка кўз ёши қилиш сира мумкин эмас эмиш! Агар қиз боладай салга кўзининг сийдигини оқизаверса, онаси, айниқса, икки синглиси, мисли жалада қолган палапонлардек, ўзларини ожиз ва паноҳсиз ҳис этишармиш!
Болакай шуларни ўйлаб, бир амаллаб ўзини йиғидан тийди. Сўнг ўзича фикр қилди. Ҳозир алами ошиб-тошиб, кўзларини қизартириб уйига боргани билан ким ҳам унинг озорли кўнглига таскин бера оларди? Онаси далада, сингиллари эса гузардаги болалар боғчасида, кенг ҳовлида, товуқларни ҳисобга олмаганда, эшаги ва олапар итидан бўлак жон йўқ. Тўғри, ити ўта зийрак – болакайнинг тушкун кайфиятини зумда сезади. Айниқса, отасини қўмсаб ҳиққилай бошлаган кезлари боёқишнинг кўзлари намланиб-намланиб, ички инграшга ўхшаш ғалати бир овозда ғингшиб-ғингшиб, аста келиб қўлларини ялайди, нега йиғлайсан, ахир бу ёқда мен борман-ку, дегандай тиззаларига суйкалади. Аммо қўрадаги эшаги итининг ғирт акси – худди аммасининг ўғилларидек беҳис, бепарво, унга қолса осмон узилиб ерга тушмайдими, муҳими, олдидаги тошохурдан емиши узилмаса бас – бош кўтармай, куртиллатиб чайнагани чайнаган. Шунга қарамай, у эшагини яхши кўради, боиси, жаҳлланган пайтларида шўрликка не зулм ўтказса-да, ғиқ этмайди-да.
У ғамнок кайфиятда ҳовлисига кириб бораркан, олдига югуриб чиққан ўйинқароқ итига қия ҳам боқмай, биринчи галда сўлдаги омбортом эшиги ёнида турган буғдой тўла олақопга аламнок кўз ташлади. Сабаби, кечагидек, бугунги кўнгил хираликларнинг асосий сабабчиси шу эди-да, яъни онаси томонидан ғалвирдан ўтказилиб, тозалаб қўйилган қопдаги донни тегирмонга олиб бориш масаласи кечадан буён аммаси ўғиллари ўртасида сансалор бўлиб келмоқда. Бу камдек, уйларида бир чакса ун йўқ. Кеча оқшом нон ёпган онаси бир хамирлик унни қўшнидан олган. Шу боис бугун эрталаб алоҳида тайинлаб кетган, тегирмонга боришни акаларинг­­га эслатиш ёдингдан чиқмасин-а, улим, деб. Бу гапни аввалгидек, феълига хос, дадиллик билан эмас, худди иложсиз қолган одамдай, кўзлари ғилтиллаб-ғилтиллаб айтган. Айни тобда кўзига мисли балодай кўринаётган бу лаънати қоп бугун ҳам ўрнидан жилмаса, оқшом онасининг кўнгли вайрон бўлмоғи тайин. Болакайнинг бор ташвиши шундан эди. Тоғаси айтмишли, оиланинг бош эркаги бўла туриб, онасини ғам уммонига чўмдирмоқ ёхуд алам ўтида қовурмоқ жуда уят-да, ахир! Бироқ оиланинг бош эркаги бўлиш осон эмас, ғоятда мушкул экан!
Болакай буни энди билаяпти.
Болакай буни энди сезаяпти.
Болакай ўзининг кичиклигидан ўксинди.
Болакай аммасининг ўғилларидан аввалроқ дунёга келмаганидан ўкинди.
Бироқ унинг бор кучи хаёл сурмоққа етди: қани энди, отасидек кучли ва ўктам бўлса-ю, меҳмонхона деворига осиғли турган анову қамчилардан бирини қўлига олиб, шу заҳотиёқ аммасининг уйига уриб борса, ишдан кўра вайсашни хуш кўрадиган анову танбалтабиат Нортожи хомсемизнинг аввал ўнг яғринига, сўнг сўл яғринига қарсиллатиб-қарсиллатиб қамчи туширса, қочмоққа уринган иниси Қулман маҳмаданани кунжакка тиқиб, ҳовлидаги жўжаларига кун бермайдиган ёввойи мушукни тутиб биғиллатганидай роса биғиллатса! Салим кенжани эса дунёга келганига минг бор пўшаймон едирса! О-о, зап зўр иш бўларди-да лекин!
Бу бўронли хаёлдан болакай маза қилди.
Бу тўфонли ўйдан болакай ҳузур қилди.
Бу гирдобли тасаввурдан бўйи тўрт қарич ўсгандай бўлди.
Нортожи танбалнинг, тавба қилдим, дея ялинишларини кўз олдига келтириб, беихтиёр ва бахтиёр жилмайди. Эсида, бир гал отаси қамчи остига олганида, у бошини қўллари билан тўсганча, худди шу йўсинда ёлворганди. Яна шу нарса ёдидаки, отасининг бу қилиғи ўша куни тасодифан келиб қолган Суюн тоғасига унчалик ёқмаган: “Қамчининг кучи билан йўқ меҳрни йўндириб, оқибат минорасини тиклаб бўларканми, куёв! – деган бошини сараклатиб. – Агар ботинида бўлмаса, бу уринишлардан наф йўқ, қайтамга ёмон кўринганингиз қолади!..” Ўшанда болакай “ботин” сўзи нелигини англаёлмай, унинг маъноси билан қизиқсинганида, тоғаси ўнг кафтини сўл кўксига қўйиб, “юрак” дегандай бўлганди.
Бироқ айни тобда болакай “юрак” эмас, қамчи тарафдори эди.
Ана, у қуруқ хаёл билан чекланиб қолмай, амалий ишга ўтди – дон тўла қопни Нортожи танбал ўрнида тасаввур этиб, қўлига илинган хивич билан уни аямай савалашга тушди. Бирор муддатдан сўнг ҳовури босилиб, ҳуши жойига келгач, маъюс тортиб, жилмайди: йўқ, қариндоши ўзини савалатиб қўймайди, отанг ургани каммиди, дея ўзининг таъзирини бериб қўяди!
Отасининг қаттиққўллиги ўлгудек жигарчиллиги боис эди. У ҳамиша хешлари бошини қовуштириб, барчани ўз йўриғига бўйсундириб келарди. Айниқса, уч бола билан эрта тул қолган ёлғиз опасини ўзгача ардоқларди, унга бўрон тугул, енгилгина елвизакни ҳам раво кўрмасди ва шу сабабдан ҳам гап уқмас жиянлари унинг қайноқ қаҳрига тез-тез дуч келиб туришарди. Аммо отаси қазо қилди-ю, Суюн тоғаси айтмиш­ли, у бунёд этган “оқибат минораси” секин-аста нурашни бошлади. Бу борада болакайнинг илк фаҳмлаб етгани шу бўлдики, сўнгги дамларда шусиз ҳам хийла камнамо бўлиб қолган хешларида ўзига нисбатан бурунги илиқлик ва хушҳоллик йўқ, борса, ошкора ҳадик билан қаршилашади: “У-уф, яна қандай ташвишни бошлаб келди-я бу бола?!” Буни сезган болакай иложи борича аммасининг уйига бормасликка уринади. Ўзига қолса-ку, бугун ҳам қадам босмасди-ю, лекин тегирмон деган бало унинг болаларча ғуруридан устун келганди. У қия очиқ дарвозадан ичкарилаб, хешлари нонушта қилиб ўтирган ҳовли тўридаги сўрига яқинлашар экан, ўғилларига гапи ўтмайдиган шўрлик аммаси кўзлари жавдираб-жавдираб, уларга юзланиб-юзланиб деди:
– Бола бечорани буйтиблар маҳтал қилмай, бировинг қўзғал энди!
– Бугун менинг умуман вақтим йўқ! – деди бунга жавобан Нортожи танбал кескин оҳангда. – Агар вақти бўлса, ана, Қулманингиз борсин.
– Бугун мен район энишим керак, – деди Қулман дегани, оғзидаги луқмасини чала-чулпа ютиб, пиёладаги чойни хўриллатиб ичаркан. – Ҳа, айтганча, ҳадемай Салим кеп қолади-ю…
Охири шу тўхтамга келишди – кеча шомда қўшни қишлоққа тўйлаб кетган Салимни кутадиган ва у қора бериши билан, қулоғидан бураб бўлса-да, тегирмонга зинғиллатадиган бўлишди. Ваҳоланки, кечаям шунга яқин гап бўлганди. Аммо эрта пешинданоқ муюлишдаги дўкон пешайвонида қарта чийлаб ўтирган бекорчилар қаватидан ўрин олган Салим иссиқ ўрнини совитгиси келмади, бошда, мана ҳозир-ана ҳозир, деб турган одам бирдан айниб, бугун эмас, эртан, дея гапни қисқа қилди-да, болакайни ҳайдаб солди. Йўқ, Салим акаси ўлгудек тутуриқсиз, бу туришида бугун ҳам бирор баҳона топмай қўймайди. Аслида, шу феъли туфайли ҳам доимо отасининг ғазабига дучор бўлиб юрарди. Кеча бунинг аламини боладан олгандай, ушбу гапни айтмоқдан зиғирча андиша қилмаган: “Иҳ-ҳи, отанг ўлиб, энди кунларинг менга қолдими!” Бироқ буни кимга ва нима деб айтади? Болакай шуларни хаёлидан ўтказаркан, аммаси узатган ширинликка қиё боқмай, секин изига қайрилган ва дарвозага етиб-етмай ушбу хитоб изидан қувиб етган: “Уф-ф, бу сағирларниям ташвиши тоза жонга тегди-да, лекин!..”
Бу совуқ хитобнинг аламини қопдан олган болакай қўлидаги хивични четга улоқтириб, ҳовли юзида бесамар кезина бошлади. У оқшом онасининг сассиз эзилишини ўйлаб, қаттиқ бе­зовталанмоқда эди. Қани энди, тоғасининг овули яқин бўлса-ю, югуриб борса ёхуд ўз тенги болаларга сира мумкин бўлмаган бу ишга дадил қўл уриб, қопни тегирмонга ўзи олиб бориб, унни ўзи тортиб келса. Шунда у қўшни қишлоқ этагидаги тегирмонни кўз олдига келтириб, бирдан сергак тортди. Шошма, ахир отасига эргашиб, бир эмас, икки бор тегирмонга борганди-ку. Манови дардисар қопни бир амаллаб тегирмонга етказса, қолган ишни тегирмончи чолнинг ўзи эплаб-сеплаб бермасмикан? Тўғри, дастлаб, нима, уйингда сендан каттароғи йўқмиди, дея койиб бериши тайин. Ўтган сафар ҳали ўсмир ёшига етмаган бир болани шундай дея янганига ўзи гувоҳ бўлган. Агар у койинар бўлса, уйда эркаклардан энг каттаси ўзимман, дея ростини айтади-қўяди ва гап орасида ҳов бирда отасига эргашиб келгани ҳамда тегирмон биқинидаги эски сўрида жамланишиб, бирга-бирга чой ичишганини астагина қистириб ўтади. Бу гапдан кейин, тегирмончи яхши одам, қайишса керак.
Болакай шуларни хаёлидан кечирар экан, тўйқусдан ўзини ҳар ишга қодирдек ҳис эта бошлади. Ҳатто зумда бўйи ўсиб, овози йўғон тортгандек туюлди. У бир қарорга келиши билан эшаги томон, болаларча пилдираб эмас, худди отасидек салмоқланиб-салмоқланиб одимлади ва бу юриши ўзига жуда ёқиб тушди.
Қўра девори устидаги тўқимни қўлига олаётиб, бўшаб қолган отхона тарафга бирров назар ташлаб қўяркан, отаси ўлимидан кейин, бу энди силарга юк бўлишдан бошқасига ярамайди, дея тўриқни соттириб юборган тоғасини ичида яниб-яниб қўйди. Негаки, ўзидек бир йигитга эшакдан кўра от яхши-да, устида одамдай керилиб ўтирасан киши! Лекин отаси тегирмонга отда эмас, эшакда бориши ёдига тушгач, шу ондаёқ отни унутди.
Эшагини яхшилаб тўқимлади.
Кейин кўмакка одам чақириш умидида ўша салмоқли одимлар билан кўчага йўналди. Бахтига, ариқ бўйидаги кекса тол тагида икки қўшни йигит суҳбатлашиб турган экан, қадам олишини заррача ўзгартирмаган кўйи, бир-бир босиб, йигитларга яқинлашди ва илгаргидек шунчаки салом бериб қўя қолмай, ҳар бири билан қўл бериб-қўл бериб кўришди, сўнг уларни янада ҳайратга солиб, катталарга хос сокин бир алфозда ҳол-аҳвол сўрашган бўлди. Кейин эса томоқ қириб-томоқ қириб, ниятини баён этди:
– Акалар, агар сизларга малол келмаса, шу… ҳовлида озгина юк бордай эди. Шуни эшакка ташлаб беролмайсизларми? Илтимос!
Йигитлар унинг ортидан эргашар экан, бири иккинчисига секин деди:
– Собир чавандоз тирилиб кептими?
– Шунга ўхшайди, – деди иккинчиси кулиб.
Йигитлар қопни эшакка юклашаркан, бири ажабсиниб сўради.
– Хўш, йўл бўлсин, Дониёрбой?
– Тегирмонга, – деди болакай андак виқорланиб.
– Йўқ, бу ишга сен ҳали ёшлик қиласан.
Болакай қарасаки, иш чатоқ, йигитлар бу ишига ройиш берадиган эмас, шунда у дарров ёлғонлашга тушди.
– Йўқ, тегирмонга мен эмас, Салим акам боради. У киши тўйдан қайтгунча мен бу зормандани аммамнинг уйига обориб ташлашим керак…
– Ўзи келса, оёғи синиб қолмасди! – дея тўнғиллади иккинчиси, болакайни қўлтиғидан тутиб қопнинг устига ўтирғизиб қўяр экан. – Ярамас, туллак!
Бироқ кўчага чиқишгач, аммасининг уйи бу томонда қолиб, у бутунлай тескари тарафга йўл тортганини кўрган йигитлар дастлаб ҳайрон бўлишди, сўнг воқеани фаҳмлаб, бири олға интилганди, бошқаси уни тўхтатди.
– Қўявер, қайтамга пишийди.
Болакай қир ёқалаб кетган тупроқ йўлга тушиб олгач, енгил нафас олди. У мушкул муаммо тез ва осонгина ҳал бўлганидан, яъни икки кундан буён омбортом эшигида кўнглини хира, дилини вайрон қилиб турган олақоп ниҳоят ўрнидан жилганидан ўзида йўқ хурсанд эди.
Бу ёғи эса бир гап бўлар!
Бироқ сал ўтмай болакай тағин нотинчлана бошлади. У олисда қорайиб турган тегирмонли қўшни қишлоққа ҳадикланиб-ҳадикланиб боқаркан, чўнтагида бир мирри йўқ, тегирмончи уришиб-уришиб, изимга қайтариб юборса-я, деган хаёлга борди. Боя шуни ўйламагани энди кор қила бошлади. Шунда тегирмон ҳақига отасидан пул эмас, бир челакча ун олингани элас-элас эсига тушиб, яна қушдай енгил тортди ва қўлидаги халачўп билан эшаги сағрисига секингина уриб қўйди.
Қишлоқ этагида, шарқироқ сой бўйидаги қуюқ дарахтзор орасида жойлашган чоққина тегирмонга етиб борганда, ичкаридан чиқиб келган тегирмончи Шойим чол қоп устида муштдеккина бўлиб ўтирган болакайни кўриб анқайиб қолди. Кейин эшик томонга ярим ўгирилиб, мановини қара-мановини қара, дея ичкаридан кимнидир ёнига чорлади. Кўп ўтмай унинг ёнида мўйлови шопдай, ўзи девдай бир эркак пайдо бўлди. Бу орада Шойим чол, балки изидан одам келаётгандир, деган ўйда ўнг кафтини қоши устига қўйиб, йўлга кўз солди. Бирор қорани илғамагач эса, куйинчаклик билан сўради:
– Қайси уйинг куйгир битта ўзингни юборди, а?
– Ҳеч ким, ўзим келдим, – деди унинг овозида меҳр сезган болакай, дадил тортиб.
– Кимнинг улисан?
– Собир чавандознинг улиман, – дея боши билан ортда қолган қишлоғига ишора қилди болакай.
– И-и, раҳматли Собирнинг улимисан? – Шойим чол унга бир зум ачиниш-ла тикилиб турди-да, сўнг бирдан дийдиё қилишга тушди: – Ҳа, етимнинг кўрган куни қурсин-а! Энанг шўрликнинг куни энди сен етимчага қолдими, а?!
“Етим” сўзи болакайга жуда оғир ботди.
– Мен етимча эмасман! – деди қошларини норози чимириб.
– Эмасам, кимсан? – деди чол дарднок хўрсиниб.
– Мен эркакман! – деди болакай чарсланиб. – Оиланинг бош эркагиман!
– Нима-нима?! – деди ҳайратдан шопмўйловнинг кўзлари катта-катта очилиб. – Шу гапинг­­ни яна бир қайтар, жиян!
– Мен эркакман! – деди болакай бу сафар қайсарланиб.
– Ҳа, тилингдан, тилгинангдан сени! – шопмўйлов яйраб кулди-кулди-да, сўнг Шойим чол томонга илкис юз ўгириб, қатъий ва жўшқин бир оҳангда деди: – Шу гапи учун ҳам тегирмон навбати буники! Ҳа-ҳа, мен ўз навбатимни шу болага бераман! Аввал бу, кейин мен! Ҳа, эркакман деган тилингдан сени!
У болакайни эшакдан тушириб, оғир қопни қучоғига ола-ола, яна деди:
– Ҳа, кўзингдан сени!
Болакай сой ёқасидаги чимзорга эшагини қантариб, ичкарига қимтиниб бош суққанида, олақопдаги дон аллақачон дўлга ағдарилган ва ғириллаб айланаётган тегирмон тошлари орасига дастлабки буғдой доналари бир маромда тўкилмоқни бошлаган эди.
Тегирмон навбатини болакайга берган шопмўйлов кечга томон келишини айтиб, улар билан хайрлашиб кетди. Кетаётиб ҳам, ҳа, кўзгинангдан сени, дея болакайни эркалаб-эркалаб кетди. Шойим чол эса бу ёғига нима қиларини билмай, гоҳ чир айланаётган тегирмон тошига, гоҳ дўл косасидан тушаётган дон оқимига, гоҳ девор ёқалаб қатор терилган қопларга, гоҳ ун гардидан оқарган пастак шифтдаги хира чироққа бир-бир тикилиб, анқайиб турган болакайнинг қўлига бўш қопни тутқазиб, ташқарига қоқиб-суқиб келишни буюрди. Кейин қоп четларини қайириб-қайириб, уни хампа ёнига ўнғайлаб жойлаштирди-да, чоққина оғоч куракни болакайнинг қўлига тутқазиб, йиғилган унни қопга қандай қилиб солишни ўргатиб, одам келса, чақирарсан, дея ҳовлисига чиқиб кетди.
Иш жўн ва осон эди.
Ёлғиз қолган болакай бирпасда тегирмонни ўзиники қилиб олди. Хампага ун йиғилган кезлари, уни қопга солиб, қолган пайт сой бўйидаги қуюқ дарахтзорни айланди, қия оғоч новдан қуйига интилаётган сув кучидан чир айланаётган тегирмон паррагини обдон томоша қилди. Тегирмонга одам келса, ҳаялламай қўшни ҳовлидан Шойим чолни чақириб келди. Тушда эса чолнинг невараси олиб чиққан чинни лагандаги ошни маза қилиб уриб олди.
Оқшом олди болакай ун тўла қоп устида, ўзича керилиб қишлоғига кириб бораркан, бугун тегирмонга бориши лозим бўлган Салим акасини дўкон олдида, ўзига ўхшаган уч-тўрт улфатлари даврасида ғирт маст ҳолда кўрди. Қўшни аёллар билан даладан қайтаётган онасига эса ўз дарвозалари рўпарасида дуч келди. Улар олдинма-кейин ҳовлига киришаркан, воқеани тўла идрок этган ва бундан меҳри дарёдек жўшган она бошдан-оёқ оппоқ ун гардига беланган ўғлини маҳкам қучиб, ўпмоққа интилди. Бироқ болакай бунга изн бермади, кескин юз бурди – биринчи бор ўзини болаларча суюб, эркалашларидан орланди.
Она бундан ҳайрон бўлди.
Она бундан ўксинди.
Ўғлига тиклаб-тиклаб қаради ва бирдан сергак тортди, қошида ўзи билган жимитдек ўғли эмас, росмана бир эркак, менда бошқа гапингиз йўқми, дегандай жиддий боқиб турарди.
Бироқ бу “эркак”нинг чоғи эшакдаги қопни ерга туширмоққа етмасди. Шу сабаб қўшни йигитларни кўмакка чорлаш ўйида салмоқли одимлар ила ташқарига йўналди.
Бундан онанинг кўзлари ёшланди, бироқ бу беихтиёр қалқиган севинч ва ғурур ёшлари эди.

«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 3-сон