Нормурод Норқобилов. Энатош (ҳикоя)

Энасининг еттиси ўтказилган куннинг эртаси юмушга чиққан Тоғай оқшом олди овули томон ўша-ўша ғамнок бир кайфиятда қайтаркан, кунчиқишдаги адирлик қўйнига шўнғиган кўйи, ғуборли олис уфқ қаърига сингиб, изсиз йўқолган кенг асфальт йўлнинг ўнг тарафидаги тоғолди кенглиги узра мисли бодроқдек сочилган пасту баланд тепаликлар орасида энг маҳобатлиси бўлмиш Чўнгтепа пойига етганида, ҳар сафаргидек, оёқ илиб, тепалик белига чирмашган ингичка сўқмоққа андак малолланиб боқди; аввалига тепалик ёнлаб бориб, сўнг наридаги дўнгликлар оралаб чуваланиб кетган энсиз тошйўлга ҳардамхаёл назар ташлаб қўйишни ҳам унутмади. Бежизга эмас, негаки, катта йўл бўйлаб энлаб тушган Чўнгтепа ортидаги кичик водийда жойлашган мўъжазгина овулига ҳар иккиси ҳам олиб боради, фарқи – бири ҳаддан зиёд тик, юқорига ўрлагунингча тоза тинканг қурийди, бири эса айланишли, дўнгликлар оралаб хийла улоғиб юришингга тўғри келади.

Аслида тоши енгил, пойи-пиёда одамга ушбу тор сўқмоқдан сози йўқ, чунки Чўнгтепа деганлари бу томондан тик ва баланд эса-да, терс тарафи водий сатҳига туташ қиялик, қуйига ўйнаб-ўйнаб энасан. Бироқ қуйига ўйнаб-ўйнаб эниш учун эса аввало узуқ-юлуқ, ингичка, сирпанчиқ сўқмоқдан бир амаллаб тепанинг тошлоқ яғринига чиқиб олмоқ даркор. Шунинг учун, овул ёш-ялангларини демаса, катталар сўқмоққа яқин йўлашмайди, андак айланишли бўлса-да, шу ўзимизнинг кўҳна йўл дуруст, дейишади. Тоғайга келсак, Чўнгтепа елкасига оёқ қўйиши ҳамон кўзга ташланадиган оч жигарранг тусдаги баланд қоятош – Энатош бағрида ҳар шом йўлига кўз тикиб ўтирадиган энаси, Адолат кампир важидан сўқмоққа тирмашишни одат қилган. Бу гал ҳам ушбу кўникма бўйича, боясароқ салгина севалаб ўтган кўклам ёмғиридан намланган сўқмоқдан, тийғана-тийғана, аста юқорилай бошлади.

Тоғолди заминига хос, Чўнгтепа асоси қоятош, юзасидаги бир энлик соз тупроқ эса ёғин-сочинга бардошсиз. Шунинг учун юқорига тирмашган одам йўл-йўлакай қоятошларга манг­лай урмай, сўқмоқ бўйидаги сертиканак аччиқ бодом буталарига “таланмай” сира иложи йўқ. Аммо болалигидан тик сўқмоқларга ўрлашнинг обдон ҳадисини олган Тоғай каби йигитларга бу хил ноқулайликлар чўт эмас, манглайи терчиб, эгни тердан намиқиб, зумда юқорига чиқиб олади.

У базўр нафасини ростлаб, тепанинг кенг, унинг таъбирича, забардаст яғринига қадам қўяркан, одатига кўра, қаршисида юз очган манзара қошида бир зум тек қотди-да, сўнг яшил водий кунботишида, саноқли қўрғонлардан иборат жимитдек овул жойлашган дўнглик бетида кўкка бўй ростлаб турган Энатош – бошида лачак, сўл қўли кўксига ёпишган, ўнг кафти тиззасида, тепалик сари хаёлчан термулиб ўтирган аёл тимсоли – улкан қоятош бағрига ғайриихтиёрий тарзда ошиғич кўз ташлади.

Во ажаб, Энатош бағри бўм-бўш эди.

– Ия, энам қани?!

Йигит кўксидан бехос кўчган бу нидо кечки шабада қанотига илашиб улгурмай, волидаси бир неча куннинг нарисида бандаликни бажо келтиргани ва энди ҳеч қачон Энатош тиззасида – унинг ушоқ ва жонли нусхаси бўлиб – ҳар кеч йўлини пойлаб ўтирмаслиги дафъатан эсига тушиб, бўғзига йиғи тиқилди, мижжалари ёшланиб, аламдан муштумини тишлади. Сўнг гўё бу жудоликни кўтармоққа ортиқ ҳоли қолмагандек, ёнидаги кулранг харсанг четига ғамгин чўкди. Энатош бағридек, кўнгли бўм-бўшлиги боис, шу ондаёқ ўта файзсиз тус олган қоятошга ортиқ қарамасликка тиришиб, эндигина қизара бошлаган уфққа, водийни тевараклаган дўнгликларга, виқорли тоғлар пойига бош қўйган қирларга, наридаги қорли чўққиларга, яшил водий пучмоқларига ҳамда тебранаётган майсалару турфа митти чечак­ларга бирма-бир разм солган – ўзини алаҳситган бўлди.

Бироқ ўзини ҳар қанча чалғитишга уринмасин, назарида, кимдир шу томонга зимдан тикилиб тургандек туюлаверди. Бу хил ғайритабиий туйғуни ҳали уйланмаган, шўхликдан тийилмаган, яъни тепалик бошидаги харсанглар ортига атай биқиниб, шусиз ҳам ўзини илҳақ кутиб ўтирган энасини андак хавотирга солишга уринган кезларида ҳамиша юрак-юракдан ҳис этарди. Адолат кампир аллақачон унинг қорасини илғаган ва бундан кўнгли таскин топган эса-да, токи ўғли қошига келмагунча, ўрнидан жилай демасди, ўтираверарди қоядай тош қотиб, сўнг саломига алик олиш ўрнига айтган гапи шу бўларди: “Сен тийиқсизни тезроқ уйлаб қўймасам, ҳеч қуйиладиганга ўхшамайсан!”.

Охири бўлмади –ич-ичини тирнаётган соғинч ва қандайдир ундовга бўйсиниб, секин ўша тарафга бош бурди.

Энатош!

Худди энасидек ўзи томон хаёлчан термулиб турарди.

Бу қадар ўхшашликни кутмаган, аниқроғи, шу лаҳзагача буни илғашга ҳатто ҳаракат ҳам қилмаган йигитнинг юраги бир қалқиб тушди.

Ё алҳазар, нечун буни шу дамгача пайқамади экан?!

Чиндан-да нечун?

Нечунлиги шундаки, аксарият кишилар каби ўзи униб-ўсган муҳитга нисбатан анча­йин лоқайд бўлган Тоғайнинг бор диққати шу дамгача қоятош қучоғида суюкли ўғлининг йўлига кўз тикиб ўтирадиган энасига қаратилгани, бундан-да ночори, овулдошлари сингари, бу кўҳна заминда ким ёхуд нимагадир ўхшаш тошдан ками борми, деган ўта ланж кўникмага эгалиги туфайли орадаги бу ўхшашликка ҳеч қачон жиддий аҳамият бермаган, янада аниқроғи, худди бошқа жой қуриб қолгандай, овул ўртасида қўнқайган қандайдир кампир нусха жўнгина бир тош эди унинг учун. Бу хил ғалати шакл-шамойилга эга тошлар водийда қаҳат эмас, санасанг – ўндан ошади. Ана, улардан яна бири – улкан Айиқтош. Турибди, Энатош бўй ростлаган бетнинг жанубий қисмида овул томонга тумшуғи ҳамда сўл панжасини дўстона чўзиб. Қисқаси, водий ҳудудида эътиборга арзигулик ғаройибатлар етарли даражада эса-да, бироқ уларни илғайдиган нигоҳ, англай оладиган идрок ғоятда тақчил эди. Овул аҳлига уларнинг ҳеч бир қизиғи ва заррача қадр-қиммати йўқ эди.

Овул аҳлидан фарқли ўлароқ, мазкур “тошҳайкал”ларга чет кишилар – айрим жўшқин феълли сайёҳларнинг эътибори ва муносабати бутунлай бўлакча эди. Қайсидир бир йили кичкина сарғиш чодирини кўтариб келган ана шундай сайёҳлардан бири Энатошни она тимсолига қиёслаб, суратини олган ва унга саккиз қатор шеър бағишлаб, газетага босиб чиқарганди. Ушбу воқеа сабаб қоятош Энатошга айланган эса-да, барибир овул кишиларининг айрича эъзозига сазовор бўлмаган, қайтамга, ўша “шоир” сайёҳ устидан анчагача кулиб юришган: “Бечора ғирт етим экан-да, а, тошни энамлаб қопти!”.

Ўша кулганлар орасида Тоғай ҳам йўқ эмасди, ҳиринглаш борасида овулдошларидан ўзган бўлса ўзгандирки, асло ортда қолмаган. Мана энди жудолик туфайли юзага келган соғинч ҳисси мудроқ шуурига тўйқусдан кескин таъсир этиб, ҳайрат тўла нигоҳини қоятошга михлаб қўйганди.

У елкасидан тоғдек босиб турган ғам балосини, зумга бўлса-да, паққос унутганча, қоятошнинг келбати ва қиёфасидан энасига ўхшаш жиҳатларни қидиришда давом эди: бошидаги лачак… манглайи… бўртиқ яноқлари… чўзинчоқроқ юзи… ўнг елкаси сўлига қараганда бироз кенгроқ демаса… ўнг тиззаси устидаги қўли… хиёл олдинга эгилган қомати – о-о, бари жуда-жуда ўхшаш… Оқибат, кенжа ўғил сифатида ҳамиша Адолат кампирнинг алоҳида меҳр-муҳаббатига сазовор бўлган, чунончи, энасини акалари ва бошқа хешларига нисбатан бўлакча суйган бу эркатоброқ ўғилнинг ним очиқ лаблари орасидан бисотида бўлмаган, бўлган тақдирда ҳам, бугунга қадар бирор марта тилига олмаган ибора беихтиёр сирғалиб чиқди:

– Мўъжиза!

Бу сўзни ярим овозда такрор ирод этаркан, вужудида тийиқсиз бир ҳисни – энасининг ҳар кеч пўстак ташлаб ўтираверишидан ойнадек силлиқ тортган қизғиш тош юзасига, Энатошнинг сўл тиззасига бир дамгина бош қўйиш истагини туйди. Бироқ бу истакни қондирмоқ учун аввалига қуйига эниб, сўнг бетга ўрлаши лозим эди. Боз устига, хоҳласа-хоҳламаса, бу амални жигарлари кўз ўнгида адо этмоғи даркор эди. Агар шундай қилар бўлса, турган гап, бу қилиғидан бошда улар анқайишади, сўнг мияси суйилиб қопти бунинг, дея устидан кулишади.

– Қани, кулиб кўришсин-чи!

Тоғайнинг юраги тўйқусдан оловланиб, кишини англашдан кўра устидан кулишни хуш кўрадиган хешларига нисбатан адоватга ўхшаш оташли бир туйғуни ҳис этиб, аччиқ-тиззиқ гап­лар билан барини боплаб қамчилашни кўнглига тугди: “Куйдирган калладай тиржайишни бас қилиб, аввал манову гапни эшитинглар! Бугун мен буни илкисдан билдим, баримиз кўр, Энатошни айнан энамга ўхшашини билмайдиган даражада басир эканмиз! Қаранглар! Ҳа-а, тузуклаб қаранг­лар, кимга ўхшайди бу?! Энамга ўхшайди! Энди гап шу, бундан сўғин ҳар куни Энатошни тавоф қиламиз! Бугун кеч, эртан пойига бир жонлиқ сўямиз, қон чиқарамиз! Нимага деганда, бу тош нафақат энамга ўхшайди, унга, ҳа, унга, энажонимнинг руҳ-рухсори сингган! Бугун менга бошқача қаради! Ҳа, худди энамдай қаради!”. Бу гап-сўзлари жигарларига нечоғлик жиддий таъсир этишини ўзича тасаввур этиб, юзига тунд табассум инди. Кейин эса табиатнинг бу қадар моҳир, бу қадар чеварлигини гўё энди теран идрок этаётгандек – аслида ҳам шундай – кўз ўнгида бутунлай ўзгача маъно ва мазмун касб этган теварак-атрофдаги бошқа шакл-шамойилдаги қоятошларга, жумладан, Айиқтошга айрича эътибор билан назар ташлади. Умрида илк бора феълидаги лоқайдлик сабабини қидириб, ўз таъбири билан айтганда, онгини чўкиб қолган лойқа-луйқа ва қўқимлардан тозалашга уринаркан, салдан сўнг ўзини оқламоққа топган баҳонаси шу бўлди: “Вақтида ёлчитиб ўқимаганмиз-да, агар ўз вақтида манову пишмаган хумкаллани тошларга уриб-уриб ўқиганимизда борми, бу қадар оми, бу қадар фикри суст танбал бўлмасдик… Қаранг-а, ахир бунинг бари шунчаки тош эмас, моҳир уста қўли билан ясалган тошҳайкалларга ўхшайди-ку…”. У боя ўзига жуда ёқиб тушган ўша янги иборани қайта тилга олди:

– Мўъжиза!

Йигитнинг ёниқ нигоҳи энди овул бўйлаб кезина бошлади. Энатош пойига қадар чўзилган кенг йўлакнинг сўл томонида катта акаси – Абдуқаҳҳорнинг баланд тош иморати савлат тўккан, ўнгдаги ихчам қўрғон ўзиники. Кичик акаси Абдуназарнинг анчайин дидсизларча қурилган қўрғони дўнглик тепасида бўртиб турган бармоқ нусха тошбўртиқ – қоятош пойидан ўрин олган. Ундан хиёл қуйироқда қатор тушган тўрт қўрғон эса узоқ-яқин хешларига тегишли. Ўша қатор чеккасида Абдуқаҳҳор иккинчи ўғли – Рауфга атаб ташлаган янги иморат ўрни – чала-ярим пойдевор қорайиб турарди. Овулда фақат биргина Абдуқаҳҳорнинг қўрғони, бошқаларники каби белга етар-етмас тошқалама билан эмас, тепаси тунукаланган бўй баравар пишиқ-пухта тошдевор билан ўралган. Акасининг феъли шу – кимда нима кўрса, ўшандан улгу олишга уринади. Туман марказида кимнингдир данғиллама уйига ҳавас қилиб, ушбу иморатини бузиб, қайта солган. Бўлмалари ўнга яқин, бироқ келин туширган бўлишига қарамай, ҳалигача ярмидан кўпига биров бош суқмайди, қурилганидан бери чанг босиб ётибди. Бу йил эса Рауфнинг уйини янада баланд кўтармоқчи, агар имкон топса, бир эмас, қўшқаватли қилиб.

Нечун?

Бу каби саволлар уни ўйлатмайди.

Ҳозирча ягона орзуси шу – ўғлини бу атроф­да танҳо бўлмиш қўшқаватли уй соҳибига айлантириш. Уй – ўғилга, обрўй эса – отага. Ахир, ўғил мулки – ота мулки, деган гап бор-ку. Бу ўладиган дунёда шу каби орзу-ҳаваслардан бўлак яна нима керак кишига! Айтадилар-ку, ё донғинг чиқсин, ё чангинг, деб! Отаси Ҳайдар чавандоз ушбу овулга тамал тошини қўйганидек, ўзидан ҳам бирор ёдгорлик, ҳечқурса бир-иккита қасрнома тошиморатлар қолсин-да! Бу ҳақда бировга чурқ этмаса-да, бироқ тутумидан шу нарса аён. Устига устак, ўлгудек ишчан, чорвасига бир эмас, тўрт чўпон ёллаган бўлишига қарамай, кети ер искамайди – йиллаб йиққанини йўқ ердаги орзу-ҳаваслар йўлида аямай совуришдан қайтмайди.

Бундан етти йилнинг нарисида дорилфанодан дорилбақога рихлат қилган Ҳайдар чавандоз асос солган бу мўъжаз овул водийда танҳодек туюлса-да, аслида якка-ёлғиз эмас, тепасида тошбўртиқ бўйланиб турган дўнглик ортидаги қуйи ялангликда жойлашган Ўртаовулнинг узвий қисми – айро тушган бўлаги. Номи ҳам шунга яраша – “Айриовул”. Дарвоқе, уни асосий овулдан ажратиб турган тошбўртиқ – “Бошбармоқ”, водий эса – “Ялангкафт” деб аталади. Бу каби ғалати номланишлар бежизга эмас, эътибор билан қаралса, водий сатҳи чиндан-да бармоқлари яримдан кенгроқ ёзилган яланг кафтга, унинг шарқий-шимолий сарҳадида кўкка бўй чўзиб турган тўрт қоя – тўрт бармоққа, қибла томондаги тепа қисми чатнаган тошбўртиқ эса бошбармоққа ўхшайди. Ялангкафт замини тош, тошкафтни энлаган қалин тупроқ унумдор, водийнинг тоққа туташ қисмида тўрт булоқ жилдираб, яна иккиси овул биқинида қайнаб турибди, сув дегани мўл – хоҳлаганча деҳқончилик қилиш мумкин. Бироқ овул аҳли экин-тикиндан кўра чорвани хуш кўради. Бу кичик овулдан бир Тоғайгина четда – туман маркази биқинидаги корхонада ишлайди, қолганлар чорва этагидан маҳкам тутган, туёқ сонини кўпайтириш илинжида куйиб-пишиб юришади.

Тоғай оний лаҳзада жўн қоятошдан муқаддас тошга айланган Энатошга ўзгача эҳтиром ила қарай-қарай, қуйига энаркан, овул қўним топган бетга етганда туғишганларининг мотамсаро кўнглига ортиқча ғиди-биди сиғмаслигини назарда тутиб, ҳозирча туйғуларига эрк бермасликка, бугун айтилиши лозим бўлган гап-сўзларини сал кейинроққа қолдиришга аҳд қилди. Агар шу тобда биров, йўлига, “энам-ов” деса, қўшилиб йиғлашга ҳозир эди у.

Йигит шу андишада қуйидан бетга кўтарилар экан, тўсатдан аёл кишининг азадор муҳитга ёт қувноқ кулгусини эшитиб, таажжубга тушди. Бу пайтда у бўй баравар тошдевор ёқалаб бормоқда эди. Қувноқ кулгу бот такрорлангач, ҳайрати чўнглашиб, ўз эшиги қолиб, зумда оғасининг ланг очиқ ҳашамдор дарвозаси қаршисида пайдо бўлди.

Қизиқ, кўнглига кулгу сиққан ким бўлди экан?

Кўзи кенг ҳовли ўртасида, тепаси ёпиқ оғоч сўрида ўтирган бир тўп қиз-жувонга тушди. Аксарияти азадор кийимда эса-да, худди гап-гаштакка йиғилгандай хушҳол гурунглашганча, бири сабзи тўғраб, бири пиёз арчиб кечки таомга ҳозирлик кўришар, нарироқда янги сў­йилган қўй нимталари осиғлиқ турар, ойнаванд пешайвондан эса эркакларнинг гангур-гунгури қулоққа чалинар, гўё яқиндагина бу овулдан ўлик чиқмагандай, Тоғай кутган ҳазин кайфиятдан асар ҳам йўқ эди. Ана, ўз аёли Хадича ҳам ийманибгина кулгуга жўр бўлмоқда.

Аёллар дарвозада туриб қолган Тоғайнинг қорасини илғашга улгурмай, ичкаридан акаси Абдуқаҳҳор, тиш кавлаганча, нотаниш йигитлар – ўтган кузда янги иморат пойдеворини чала-ярим қўйиб кетган усталар билан бошлашиб чиқиб келди. Демак, у қурилишни бошламоқчи.

Намунча ошиқмаса!

Қошига соядай сирғалиб келган йигитларнинг қайси бири билан сўрашди, қайси бири билан кўришди – Тоғай тузукроқ англай олмади, қоққан қозиқдай, тураверди серрайиб. Авзойи­дан аёллар дарров сергак тортишган эса-да, аммо эркаклар унинг тунд афтига тариқча эътибор беришмади, ўзаро сўйлашганча Энатош томон юришди.

Тоғай ҳовлига киришни ҳам, кирмасликни ҳам билмай, сўридан сирғалиб тушганча ўзи томон жонсаракланиб келаётган аёлига қовоғини уюб қараб тураркан, тақ-тўқ овозни эшитиб, аста Энатош томон ўгирилди. Қарасаки, белбоғига чоққина чўкич қистириғли, манглайи кенг, яноқлари бўртиқ, кўзлари қисиқ, мўйловдор устабоши қоятош пойида уюлиб ётган катта-кичик тошлардан бирини олиб, бирини қўйиб кўрмоқда. Қолганлар эса унинг хатти-ҳаракатларини кузатиб, жимгина туришибди.

Нима қилаяпти бу?

Тоғай эс-ҳушини йиғишга улгурмай, қулоғига шу гап чалинди.

– Пойдеворга бемалол етса керак…

– Камига-чи? – ўсмоқчилаб сўради Абдуқаҳҳор, деворни назарда тутиб.

– Агар ҳақи тўланса, – устабоши елка учириб, қитмирона илжайди-да, Энатошга ишора қилди, – манову томони серқатлам экан… бир ҳаракат қилсак, камигаям етказамиз-да, бой ота. Ё олис дарадан тош опкеб берасизми?

Акасининг тошиморати Энатош биқинидаги кичик қоятошни комига тортгани ёдига тушиб, Тоғай ҳушёр тортди.

– Пулсиз ҳатто йўталмайман денг? – деди акаси ачитиб.

– Пулсиз йўталиб бўларканми, бой ота, – устабоши мўйловини бураб, ёйилиб кулди. – Томоқ қирилиб кетади-ку…

У қишин-ёзин бошидан тушмайдиган яғир телпагини энсасига суриб, манглайини енгилгина қашлади-да, сўнг сўзлана-сўзлана, табиий тош зиналарни бир-бир босиб, Энатошнинг “тизза”ли қисмига кўтарилди, гўё тошнинг ойнадек силлиқлигига ҳаваси келгандай, сўл “тиззатош”нинг қизғиш сиртини кафти билан силаб-сийпалади. Кейин худди ўша ерга оёқ қўйиб, “тизза” устига чиқди. Қоятошдан намуна олиш ўйида белидаги чўкични қўлига тутди. У “уста” мақомига эга эса-да, тошларнинг хили ва созига кўпам ақли етавермасди. Аммо ўрни келганда, ўзини кўрсатишга ғоятда моҳир эди. Ҳозир ҳам қуйида турганлар эътибори ўзига қаратилгани сабаб, ўта билағон киши сифатида қоятош бағрига, шунчаки йўлига, чўкич ўриб кўриш ниятида эди. Бироқ мароқ билан бошлаган “ўйин”ини адоқлай олмади – тўйқусдан қўпган ғайритабиий бир ўкирикдан шўрликнинг эси тўнкарилиб, чўкичи қўлидан тушиб кетди.

– Қани, туш пастга! – дея қайта бор овозда ҳайқирди, унинг Энатош “тизза”сига, йўқ-йўқ, Энатош “тизза”сига эмас, энасининг табаррук тиззасига оёқ қўйганидан қутуриш даражасига етган Тоғай, мезбонлик таомилини паққос унутган ҳолда. – Эмасам, ҳозир чатоғингни чиқараман!

Устабоши базўр ўзини ўнглаб, “Ҳозир-ҳозир, мана, ҳозир”, дея зинғиллаганча пастга энаркан, инисининг бу қилиғидан бошқалар қатори ҳанг-манг туриб қолган Абдуқаҳҳорга нимаси бу, деган маънода кўзларини жавдиратиб қаради.

– Нима гап, ўзи? – деди бегоналар олдида қаттиқ хижолатда қолган Абдуқаҳҳор, ниҳоят ўзига келиб. – Англат… бундай!

– Агар яна тошга қотинар бўлсанг, нақ қаншарингдан отаман! – деди Тоғай тахмон кунжагига бекитиб қўйилган қўшоғиз милтиғини назарда тутиб, важоҳат тўла оҳангда. – Ҳа, икки қошинг­ни ўртасидан отаман!

– Ув-в, нималар деяпсан сен, ўзи? – Абдуқаҳҳор овозини бир парда кўтарди. – Жин чалгандай намунча бўкирасан, а?

– Жин мени эмас, сизни чалганга ўхшайди, ака! – деди Тоғай қаҳр тўла кўзларини устабошидан узиб, унга ўқдек қадаркан. – Иморатни деб энди бу тошниям гумдон қилмоқчимисиз? Йўқ-қ, кечирибгина қўясиз! Бу тош сиз ўйлаганчалик оддий тош эмас! Энамнинг руҳи ва рухсори бу! Қаранг, бундай! Наҳотки бунда энамнинг қиёфасини кўрмаётган бўлсангиз?! Қаранг, яхшилаб қаранг! Менинг энам! Бу оқшом энам ўрнида эна бўп кутиб олган энажоним менинг бу!

Бу гап-сўзлардан ҳамма лол туриб қолди, сўнг барча, жумладан, аллақачон сўрини тарк этиб, можаро томошабинига айланган аёллар ҳам Энатош томон ўгирилишди. Бироқ у яқиндан кўпам марҳумага ўхшамасди, унинг бутун сир-синоати кунчиқиш тарафдан туриб қарашга боғлиқ бўлиб, шунда ҳам хиёл олислаброқ боқиш лозим эди.

– Ҳа-а, энанг ўлиб, сен бечоранинг бутунлай эсинг оғиб қопти! – деди Абдуқаҳҳор ҳам ачитиб, ҳам ачиниб.

– Йўқ, энам ўлмаган! – деди Тоғай қайсарона бир оҳангда. – Мана, у киши тепамизда савлат тўкиб турибди!

Абдуқаҳҳор қизиқсиниб қоятошга қайта тикилди. Бироқ бир туки қилт этмади, қайтамга, ажабсинди: “Бунинг нимаси энамга ўхшаркан, а? Лачак ёпинган қандайдир алвасти-ку бу!”. Қоятошнинг энасига ўхшаш-ўхшамаслиги эмас, аксинча, унинг ўнг биқинидаги иморатга яроғли тошлар қатлами кўпроқ қизиқтирмоқда эди уни. Ахир бурни тагида шунча тош захираси бўла туриб, нега энди чиқим қилиб, олис дарадан тош ташиб юриши керак? У шу ўйда Энатошга бошдан-оёқ разм соларкан, тўсатдан тош инисининг қўрғонидан кўра, ўзига яқинроқ ерда жойлашганини пайқаб қолди.

– Кўп бошни қотирма! – деди писанда оҳангда. – Қара, бу тош сендан кўра кўпроқ менга товин…

– Қачондан бери эна кимгадир товин бўлиб қолди? – деди Тоғай унинг шаъмасини англаб.

– Ахир бу энанг эмас-ку, нодон!

– Йўқ, менга эна! – деди Тоғай қатъий йўсинда. – Бундан кейин ҳар оқшом ишдан қайтишимни илҳақ кутиб оладиган энам бу менинг! Ундан кўра тавоб қилинг! Эртан, йўқ, шу жумада пойига жонлиқ суяман! Теварагини тозалаб, обод қиламан!

– Элга кулгу бўласан…

– Энам учун кулгу бўсам-бўпман-да!

– Йўқ, буни сенга бермайман, ўзимга керак бу.

– Тириклиги малол келарди… – деди ачитиб Тоғай. – Энди тоши керак бўп қолдими сизга!

– Ҳаддингдан ошаяпсан!

– Мен эмас, сиз ошаяпсиз!

– Демак, бермайсан?

– Худди шундай.

– Ахир…

– Ахир-пахири йўқ!

Усталар олдида ноқулай аҳволга тушиб қолган Абдуқаҳҳор, бир хаёли, қаҳр отига ирғиб миниб, укаси устига от сурмоқчи бўлди. Аммо агар жаҳлланса, унинг ҳеч нарсадан тап тортмаслигини билгани учун, шу хил қалтис пайтларда отаси қўллайдиган ибратли амаллардан бирини ишга солмоқни маъқул топди.

– Хай-й, бу масала ечимини сену мен эмас, – деди дарров юзига ниқоб тортиб, юрт кайваниларига хос салобатли оҳангда, – эл-улус ҳал қилади. Эл нима деса – шу! Қани, айтинглар-чи, бу тош чиндан-да марҳума энамизга ўхшайдими, ё йўқми? Агар ўхшаса, тошга қотиниш йўқ, ўхшамаса… акси бўлади.

Даврага оғир сукунат чўкди.

Абдуқаҳҳор юзага келган бу сукунатни инкор маъносида қабул қилиб, ботинан ўзида йўқ севинганча, энди тантана қилмоқчи ҳам эдики, аёллар тўпидан Хадичанинг журъатсиз овози эшитилди:

– Ҳа-а, чинданам ўхшайди, боёға.

– Балким ўхшар… – Абдуқаҳҳор ичидан қиринди ўтса-да, сир бой бермасликка тиришиб, ўша виқор, ўша салобат билан ҳар бир сўзини чертиб-чертиб деди: – Бироқ бу йиғинди сенинг гапинг инобатга олинмайди, келин. Эл, эрининг тарафини олаяпти, деган ўйга бориши мумкин. Шунинг учун биз холис одамлар фикрини эшитамиз. Хўш, ким нима дейди?

– Мен гапирсам майлими? – деди кутилмаганда ўн уч ёшли катта қизи Ойсанам, худди муаллим қаршисида тургандай, беихтиёр қўлини кўтариб.

– Гапир, қизим, – Абдуқаҳҳор унга умидвор тикилди.

– Бу тош… чинданам момомга ўхшайди, – деди қиз. – Буни мен момомнинг ўзигаям айтганман. Ўлсам, мендан силарга ёдгорлик бўп қолади, дея кулган момом.

Худди шу эътирофни кутгандай, даврада ғала-ғовур кўтарилди.

– Ҳа, ўхшайди.

– Унча ўхшамайди.

– Йўқ, ўхшайди.

– Ҳа, момонинг худди ўзи.

Абдуқаҳҳор, оббо, бу ёғи чатоқ бўлди-ку, деган маънода усталар томон ўгирилди. Қарасаки, улардан иккиси – устабоши ҳамда қуюқ қошли бир йигит олислаб қоятошга тикилиб туришибди.

– Қани, усталардан ҳам фикр эшитайлик-чи, – деди сўнгги илинж билан Абдуқаҳҳор.

– Ҳақиқатан ҳам, момога ўхшаркан, – деди “қуюқ қош” унинг гапига аҳамият бермай, ошкора ҳайрат билан.

– Ўхшайди-ўхшайди, – деди устабоши ҳам ўзи билмаган ҳолда унинг гапини маъқуллаб. – Бунақа тошни қайси бир кинода ҳам кўрганман.

Абдуқаҳҳор бугун усталарнинг келиши шарафига жонлиқ сўйганига қаттиқ пўшаймон еди: “Иззатни билмаган нокаслар! Буларни одам десам, ғирт хоин экан-ку!” деб ўйлади алам билан. Сўнг Тоғайга юзланиб, пичинг-ла деди:

– Ҳечқурса тагидаги тошларни йиғиб олишга рухсат берарсиз, а, хўжайин?!

– Бемалол, – деди Тоғай пичингга аҳамият бермай. – Шусиз ҳам теварагини тошлардан тозалаш ўйидаман.

Абдуқаҳҳор қоятошнинг энасига ўхшашлигидан ва бу нарса қизғинлик билан эътироф этилганидан, ўзи қолиб, инисининг тегирмонига сув қўйган бефаҳм усталардан ўпкаланиб, мағлуб бўлганидан ўксиниб, секин даврани тарк этди.

***

Эртаси оқшомга яқин юмушдан қайтаётган Тоғай Чўнгтепа белига ҳарсиллаб-гурсиллаб кўтариларкан, бу сафар қаршисида маҳобат-ла юз очган манзарага эмас, биринчи галда Энатошга кўз ташлади. Қарасаки, Энатош, Энатош эмас, энаси – Адолат кампир, қачон келасан, ўғлим, дегандай хаёлчан термулиб турибди.

Тоғай бундан енгил тин олди.

Тоғай бундан суюнди.

Тоғай бундан кўзини ёшлади.

Бироқ Тоғайнинг бу қувончи узоққа чўзилмади.

Аввалига дўнгликнинг шимолий қисмида уймалашиб юрган қора-қура кўланкаларга эътибор бермади. Сўнг кўнгли қандайдир нохушликни ҳис қилиб, беихтиёр ўша томон кўз ташлади. Не кўз билан кўрсинки, усталардан иккиси катта замбилғалтакка тош юклашмоқда, аллақачон сўл панжасидан айрилган шўрлик Айиқтош эса бу не ҳол, дегандай овул тарафга тумшуғини мунгли чўзиб турибди.

Тоғай қаттиқ сўкинганча қуйига отилди. У ўзи сезмаган ҳолда водийдаги ғаройиб “тошҳайкал”ларнинг чин қўриқчисига айланиб улгурганди.

«Ёшлик» журнали, 2015 йил, 10-сон