Санъаткорнинг мангу умри (Олим Хўжаев)

Жаҳон адабиёти дарғалари – Софокл, Гоцци, Шекспир, Шиллер, Гоголь, Островский, Горький, Чехов, Тагор асарларида бетакрор образлар яратган актёр Олим Хўжаев 1910 йилнинг 24 сентябрида Бухоро шаҳрида дунёга келган. Нутқи равон, овози ширали ва жарангдор, нафаси ўткир ижодкор 1929 йили Бухоро маориф институтини тугатгач, Тошкентдаги Ҳамза театрига актёрлик лавозимига ишга қабул қилинади. У талабалик давридаёқ институтнинг ҳаваскорлик тўгарагида иштирок этиб, машҳур режиссёр Маннон Уйғур эътиборига тушган эди. Бу эътибор кейинчалик Низомий, Навоий, Ҳамза, Обидий каби шоирлар образини яратишга ва элга манзур бўлишга замин яратди.

Рус тилида 1967 йилда нашр қилинган беш жилддан иборат “Театр санъати энциклопедияси”да ҳам Олим Хўжаевнинг улкан санъаткорлик салоҳияти эътироф қилинади: “… халқ артисти Олим Хўжаев санъати лирик оҳангдорлиги ҳамда теранлиги билан бетакрордир. Унинг ижроси зиёлиларга хос нозик, ифода воситалари нафис, нутқи мусиқий, қомати ва ҳаракатлари гўзал”, – деб якунланади.

Санъаткор талқинидаги Ҳамлет, унгача ижро этилган шаҳзода образлари орасидаги энг тафаккурлиси, фалсафий мушоҳадалари теранлиги ва таъсирчанлиги билан театр санъати зарварақларида қолган. Олим Хўжаев бу ютуққа қандай эришганлигини эса қуйидагича шарҳлаш мумкин: 1935 йили Маннон Уйғур саҳналаштирган “Ҳамлет” спектаклида актёр Розенкранс ролини ижро этади. 1936 йилда шу спектаклда Лаэрт ролини ўйнаганлиги ҳам қайд этилган. Режиссёр беш йил узлуксиз ижро этилган спектаклдаги Ҳамлет – Аброр Ҳидоятов бироз зўриқиб, чарчаб қолаётганини ҳис қилгач, 29 ёшли Олим Хўжаевга бу ролни ишониб топширади. Бир спектаклда босқичма-босқич уч ролни ва бош қаҳрамонни 30 йил узлуксиз ижро этиш шекспиршунослик тарихида фақат шу буюк санъаткорга насиб қилди. Унинг талқинида Ҳамлет адолат ва ҳақиқатни тиклаш учун бел боғлаган шахс сифатида гавдаланади. Бундай талқин Ҳамлет ижроси тарихида муносиб ўрнига эга бўлди. Унга Шекспирнинг машҳур трагедияларини “Олим Хўжаевга хос услуб”да талқин этиш насиб қилди. Аброр Ҳидоятов билан “Ҳамлет” спектаклида иштирок этиш, “Отелло”да ҳам Ягони талқин қилиш ҳам унинг актёрлик тақдирига ёзилган экан. “Юлий Цезар” да Юлий Цезар, “Қирол Лир”да Қирол Лир ижроси учун Олим Хўжаев устози Аброр Ҳидоятовдан кейинги ўзбек театр санъатининг трагик актёри сифатида тан олинди. Шекспир трагедияларини Олим Хўжаевдай кўп ва хўб ижро этиш театр санъати тарихида бошқа бирор актёр тақдирига битилмаган. “Ҳамлет”, “Отелло”, “Юлий Цезар” ва “Қирол Лир” трагедияларининг ўзбек актёрлари томонидан моҳирона ижро этилиши “Ўзбек театрларида Шекспир асарлари талқини” номли илмий тадқиқотни юзага келтирди.

Трагик актёр сифатида шараф қозонган Олим Хўжаев серқирра ижодкор эканлигини илк қадамларидаёқ исботлаган эди. Унинг ўзига хос ижро услуби шаклланишида Карло Гоццининг “Маликаи Турандот” спектаклидаги Калаф ва Гоголнинг “Уйланиш” комедиясидаги Анучкин каби комик образларнинг ўрни беқиёс. Шунингдек, ўзбек драмаларида турли замондошлари образини яратишда орттирилган тажрибалар ҳам актёрни келажакдаги трагик қаҳрамонлар қиёфасининг янгича талқинига руҳан тайёрлаб борган.

1935 йили Шиллернинг “Қароқчилар” трагедиясида Ферденанд образини ижро қилган Олим Хўжаев 1955 йилда қайта саҳналаштирилган спектаклда Карл Моор образини ҳам маромига етказиб ўйнади. Бир спектаклда икки хил образни ижро этиш ҳам омадли актёрнинг тақдирига битилган экан. Уч марта қайта саҳналаштирилган “Ҳамза” номли спектаклда бош қаҳрамон образини тобора такомиллаштириб бориш ҳам фақат Олим Хўжаевнинг актёрлик фаолиятида кузатилади. Бундай ижодий жараённи 1942-1949-1960 йилларда саҳналаштирилган спектаклларда ҳам кўрамиз.

“Алишер Навоий”спектакли ўзбек театр санъатида ва Олим Хўжаев ижодида алоҳида аҳамиятга эга. 1945 йилда саҳналаштирилиб, то 1948 йилга қадар такрор-такрор муҳокама қилинган спектаклда Аброр Ҳидоятовга дублёр қилиб тайинланган актёр Маннон Уйғур ва Назира Алиеваларнинг “саҳна нутқи” борасида қўйган талабларини бажариб, адабий тил меъёрларини янада мукаммал ўзлаштирди. Навоийнинг “тилга эътибор – элга эътибор” деган ҳикматли сўзи спектаклнинг ва ўзбек театр санъатининг шиорига айланди. Актёр Навоийнинг инсоний, ижтимоий ва ижодий фазилатларини шоирлик табиати орқали очиб бера олди. Олим Хўжаев бу ролни йигирма беш йил давомида ижро этиб келди. Бундай давомийлик ҳам камдан кам актёрларга насиб қиладиган ижодий ютуқдир.

Салбий образлар яратишда Олим Хўжаев ўзига хос услубга эга эди. “Отелло” спектаклидаги Ягонинг мансабпарастлиги, “Сепсиз қиз”даги Паратовнинг такаббурлиги, “Юлий Цезар” трагедиясидаги Цезарнинг шуҳратпарастлиги реалликка эга салбий образларнинг хусусиятларидир. Актёр бу персонажларнинг ижтимоий моҳиятидан келиб чиқиб, уларнинг тубанликларини ёрқин ифодалай олди. Шунингдек, ўзбек драматургларининг шу руҳдаги персонажларига томошабинларда нафрат уйғотувчи қудратга эга ижодкорга айланди.

Миллий руҳдаги қаҳрамонлар орасида “Имон”спектаклидаги профессор Комилов образи алоҳида таҳсинга сазовор. Зиёлилар оиласидаги намунали турмуш тарзи, илмда ҳалоллик масаласи спектаклнинг асосий ғояси эди. Бу ғояни Олим Хўжаев такрорланмас даражада, юқори бадиий савияда ифодалай олди. Мутахассислар таъкидлаган зукколик, мутафаккирлик, актёр яратган Комилов образида аниқ намоён бўлади.

Олим Хўжаевнинг тинимсиз изланишлари, яратувчанлик салоҳияти, ўзига хос ижодий услуби, халқчил, турли образларнинг такрорланмас бадиий ижроси муносиб баҳоланди. “Алишер Навоий” спектакли ижроси учун 1949 йили иттифоқ даражасидаги Давлат мукофотига, “Қирол Лир”даги Лир образи учун 1967 йили Ўзбекистон Давлат мукофотига, Салвадоре ва Креонт образлари учун 1977 йил иккинчи бор иттифоқ даражасидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди. Санъаткор бу борада ҳам бетакрор тақдир эгаси эканлигини кўрсатди.

Олим Хўжаевнинг образ яратиш ва нутқ услуби, сўз устида ишлаш жараёни профессорлар Назира Алиева ва Лола Хўжаевалар томонидан театр санъати институтининг “Актёрлик маҳорати” ва “Саҳна нутқи” фанларини ўқитишда амалиётга татбиқ қилинган. Улар академик театрда яратилган адабий тил талаффузи меъёрларини, ўзбек тилининг амалиётдаги мусиқийлиги ва гўзаллигини Олим Хўжаев ижроси тимсолида исботлаб, “саҳна нутқи” фанининг умумий талабига айлантирдилар.

Ижодкорнинг режиссёрлик фаолияти алоҳида тадқиқот мавзусидир. Театр санъати энциклопедиясида Олим Хўжаев ҳақида 1951 йилда Москва ГИТИСининг режиссёрлик курсини тугатди, деб ёзилган. Олим Хўжаев режиссёр сифатида “Май тўкилди”, “Юрак сирлари”, “Бой ила хизматчи”, “Тарих тилга кирди” каби тўрт спектаклни саҳналаштирган. Ўзбек муаллифларининг машҳур асарларини чет эл саҳналарида саҳналаштириш камдан-кам режиссёрларга насиб қиладиган омад. Олим Хўжаев режиссурасида бунга ҳам мисол бор: у “Бой ила хизматчи” драмасини Болгариянинг Хасково шаҳри театрида саҳналаштирди. Баҳром Раҳмоннинг “Юрак сирлари” асари 1953 йили саҳналаштирилди. Бу талқин узоқ муддатлар баҳс-мунозараларга сабаб бўлади, гоҳ саҳнадан олиб ташланади, гоҳ яна қайтадан қўлга олинади. “Режиссёр саҳналаштирадиган ҳар бир спектакл баҳс ва мунозараларга сабаб бўлиши керак!” – дейди замонамизнинг забардаст театр арбоби Баҳодир Йўлдошев. Бизнингча, халққа манзур спектакл ижтимоий-сиёсий тазйиқлар туфайли саҳнадан олиб ташлангач, режиссёрнинг “юрагида бир шиддат” пайдо бўлиб, бор маҳоратини актёрлик фаолиятида намоён қилишга қаратган.

Ўзбек кинорежиссёрлари ижодкорнинг ҳавас қилгулик, ўзига хос усулидан экранда зиёлилар образини яратишда тўғри ва унумли фойдаланишган. Олим Хўжаевнинг кинодаги зиёлилар образи кўплаб тасмаларда муҳрланиб қолди.

Серқирра актёр, ўзига хос режиссёр жамоат арбоби сифатида ҳам намунали ишлар қилди. 1955-1977 йилларда Ўзбекистон театр жамиятининг раиси сифатида фаолият олиб борган О. Хўжаев бор ташкилотчилик имконияти ва маҳоратини ўзбек саҳна санъатини ривожлантиришга сарф қилди. У Театр санъати институти талабалари ва педагоглари амалиётини Москва ва Петербург шаҳарларида ўташини ташкил қилди ва бу ишни доимий назорат қилиб борди. Пойтахт ва вилоят театрлари режиссёрларини марказдаги машҳур даргоҳларда малака оширишларини йўлга қўйди. Ёш ижодкорларнинг Москвадаги олий режиссёрлик курсларида ўқишларини тизимга солди. Буюк актёр 1977 йилнинг 14 февралида олтмиш етти ёшида вафот этди.

 Мамур Умаров,   

Фалсафа фанлари номзоди,  ЎЗДСМИ доценти

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 9-сон