Мунис Хоразмий (1778-1829)

Амир Авазбий ўғли Шермуҳаммад, адабий тахаллуси Мунис Хоразмий XVIII асрнинг иккинчи ярми ва XIX асрнинг бошларида Хоразмда яшаб ижод этган шоир, тарихнавис олим, таржимон, хаттот ва маърифатпарвардир.

Мунис ўзбек адабиёти, умуман маданияти тарихида салмоқли ўринни эгаллайди. У муаррих сифатида ўзининг «Фирдавс ул-иқбол» тарихий асарини ёзди, шоир сифатида девон тузди. Таржимон сифатида тарихий асарларни ўзбек тилига таржима қилди, педагог сифатида «Саводи таълим» номли рисола ёзди. Муниснинг ҳаёти ва ижодини ўрганар эканмиз, аввало унинг адабий ва тарихий асарларига мурожаат қиламиз. У ўзининг «Мунис ул-ушшоқ» девонига ёзилган сўзбошида ва «Фирдавс ул-иқбол» номли тарихий асарида таржимаи ҳолига оид анчагина маълумотлар келтирган.

Мунис 1778 йили Хивада туғилди. «У Хивадаги Қиёт қишлоқлик Авазбий Миробнинг ўғлидир»[1]. Унинг ота-боболари хонлар сарой-ида мироблик ишларини бошқариб келганлар.

У ёшлик чоғларидан бошлаб илм олишга қизиқиб, тарих ва адабиётга меҳр қўйди. Дастлабки маълумотни Қиёт қишлоғида олиб, кейинчалик Хива мадрасаларида ўқиди. 1800 йилда отаси вафот этгач, Хива хони Аваз-Иноқ Мунисни Хива саройининг фармоннавис котиби қилиб тайинлайди. Мунис замонасининг машҳур олим, шоир ва санъаткорлари билан яқин алоқада бўлиб, ўзини илм-фан, маърифатга бағишлади. Ўзидан илгари яшаган шоир ва тарихчиларнинг асарларини иштиёқ билан ўрганади. Бу ҳол Муниснинг қуйидаги шеърида яққол кўзга ташланади:

Волийи мулки тариқат гар Низомийдур манга,
Манзили маънига Хизри роҳ Жомийдур манга.

Хотиримға Хисравийдин ҳар замон шўре етиб,
Банда давроннинг бари ширин каломидур манга.

Пир Ансорий сўзидан чошни нутқум топиб,
Сўзда ҳосил шарбати юҳял Низомийдур манга.

Ҳофизи Шероз, Лутфийдин тараққийлар топиб,
Жилвагоҳ ақли тасаввуфнинг мақомидур манга.

Юзима Аттор ҳар лаҳза дўкони файз очиб,
Доим андин атрпарвар жон машомидур манга.

Файзи Фирдавсий гаҳи кўнглум очиб фирдавсдек,
Гоҳ Хоқоний футуҳининг паёмидур манга.

Гоҳ таъбим Анварий нури била равшан бўлуб,
Гоҳ Саъдий жомининг файзи мудомидур манга.

Топибон ишқи Ироқийдин замирим нашъайи,
Ҳосил аҳли ишқнинг шўри тамоми дур манга.

Нусхаи таъйид Бедилдин топиб, Файзи сухан,
Маъни ичра номайи Иқбол номидур манга.

Қилса ҳосил даҳл бежо сўз аро йўқдир ғамим,
Ким бу маънида Навоий руҳи ҳомийдур манга.

Тонг эмас, Мунис, агар бўлсам Киромий қадриким,
Устози зоҳиру ботин — Киромийдур манга[2].

Бу ғазадда келтирилган маълумотдан Муниснинг қатор шарқ мумтоз шоирларининг ижодидан баҳраманд бўлганлиги кўриниб турибди. Мунис ёшлигиданоқ шеър ёзиш билан машғул бўлган ва ўзидан илгари ўтган тарихчиларнинг асарларини зўр ҳавас билан ўрганган. Шоир биринчи ёшлик девонини 1804 йилда тузди. 1813 йилда барча шеърларини тўплаб «Мунис ул-ушшоқ» деб номланган девон тузди[3].

Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Шарқ қўлёзма асарлар фондида Мунис девонларининг бир неча қўлёзма нусхалари сақланмоқда[4]. Улардан 1330-рақамли қўлёзма Мунис 27 ёшга кирган вақтда 1804—1805 йили шоир таржимаи ҳолидан кўчирилган. Девон охирида қуйидаги тўртлик келтирилган:

Мунисо, тўкмай йигирма етти ёш,
Ваҳ, йигирма етти узра етти ёш.
Ёш каби машғуллик қилмоқ недур,
Ҳар қачонким суҳбатингга етти ёш.

Шоирнинг бу девонидан унинг ғазаллари, мухаммаслари, мусаддаслари, рубоийлари ва бошқалар ўрин олган. Девоннинг охирида муаллифнинг «Саводи таълим» номли илмий асари ҳам бор бўлиб, унда хаттотлик қоидалари баён этилган.

Шоир шеъриятида гўзаллик ва муҳаббатни куйлаган бўлса-да, унинг ғазалларида ўша даврдаги ижтимоий-иқтисодий ҳаёт ҳам ўз ифодасини топган. Замонасининг илғор фикрли кишиси сифатида у ўзи яшаётган ҳаётда фаол иштирок этди. Мунис тарихнавис олим сифатида Хоразм тарихига оид қимматли «Фирдавс ул-иқбол» номли муҳим тарихий асарини ижод этди. Олим ўз асарини шарқ тарихчиларининг анъанасига мувофиқ ҳамд ва наът бўлимлар билан бошлаган. Сўнгра ўз ҳаёти ва асарининг ёзилиши ҳақида қисқача маълумот бериб, Хоразм тарихини ёзган.

Асар муқаддима, беш боб ва хотимадан иборат.

I бобда Одам Атодан то Нуҳ пайғамбар авлодигача бўлган ҳодисалар баён этилган. II бобда Ёфасдан Қўнғирот шўъбасигача бўлган Мўғул ҳукмдорлари даври хусусида фикр юритилган. III бобда Курлос авлодига мансуб подшоҳлар даврида содир бўлган воқеалар тўғрисида ёзилган. IV бобда Элтузорхоннинг ота-боболари ҳаёти тасвирланган. V бобда Элтузорхоннинг туғилишидан бу асарнинг ёзилиб тамом бўлишига қадар содир бўлган воқеалар хусусида қалам тебратилган.

Хотима эса олимлар, авлиёлар, амирлар, беклар, шоирлар, ҳунармандлар ҳақида маълумотларни ўз ичига олади[5].

Мунис «Фирдавс ул-иқбол» номли асарини ёзиб тамомлай олмаган. У қадим замонлардан бошлаб Муҳаммад Раҳимхон I ҳукмронлиганинг еттинчи йилигача (1813) бўлган воқеаларни ёзишга улгурган. Унинг бу чала қолган асарини шогирди Огаҳий давом этдирган. Огаҳий бу асарни қандай қилиб давом этдирганлигини қуйидагича баён этади. Элтузорхон хонлик қилган даврда Мунисни чақириб, Хоразм тарихини ёзишни буюради. Мунис ўз асарини Шерғозийхон давригача ёзиб етказганда Элтузорхон вафот этади. Ундан сўнг давлат тепасига унинг биродари Муҳаммад Раҳимхон I келади.

Муҳаммад Раҳимхон I Мунисга ўз асарини давом этдиришни буюради. Мунис асарни давом этдираркан, Муҳаммад Раҳимхон I ҳукмронлигининг еттинчи йилида содир бўлган воқеаларни ёзиб тамомлаганда, хон 1819 йили Мунисга Мирхонднинг машҳур «Равзат ус-сафо» номли тарихий асарини ўзбек тилига таржима қилишни буюради. Мунис бу асарнинг биринчи жилдини ўзбек тилига таржима қилиб, иккинчисини давом этдираётганида Муҳаммад Раҳимхон I вафот этади. Унинг ўрнига ўғли Оллоҳқулихон келади. Бу ҳам Мунисга таржимани давом этдиришни буюради. Бироқ Мунис иккинчи китобни охирига етказаолмай, 1829 йили вафот этади. Оллоҳқулихон тахтга ўтиргандан кейин 1839—1840 йили Муниснинг шогирди ва унинг тарбиясини олган Огаҳийни чақириб, 1813 йил воқеаларини баён этиш билан узилиб қолган «Фирдавс ул-иқбол» асарини давом эттиришни буюради. Огаҳий 1813 йилдан бошлаб Хоразмда содир бўлган воқеаларни ёза бошлайди.

Тарихнавис олим Муниснинг «Фирдавс ул-иқбол» номли асари узоқ даврни қамраб олган Марказий Осиё, айниқса Хива хонлиги тарихини ўрганишда бой қимматли тарихий асардир. Асарда Хоразмнинг қадимий даври билан бир қаторда, Хива хонлигининг 1825 йилгача бўлган сиёсий тарихи муфассал баён этилган, тож-тахт, бойлик учун олиб борилган курашлар ва шунингдек, Хива хонларининг қўшни туркман ва қорақалпоқ халқлари билан бўлган муносабатлари ҳақида ҳам кўплаб маълумотлар келтирилган.

Асарда Хива хонлигининг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётини ўрганиш бўйича ҳам анчагина маълумотлар бор. Хива хонлигининг Бухоро, Қўқон хонликлари, Русия билан олиб борган дипломатик ва савдо-сотиқ муносабатлари, хонлиқдаги суғориш, солиқ, қурилиш ишлари ўша даврда яшаган олимлар, шоирлар ҳаёти, ижоди қаламга олинган.

Шундай қилиб, Шермуҳаммад Мунис Хоразмий ўз даврининг талантли шоири, атоқли тарихнавис олими, давлат арбоби ва моҳир таржимони бўлган. Унинг асарлари ўзбек халқи маданияти тарихини ўрганишда ажойиб манба бўлиб хизмат қилади.

т.ф.н. Қ. Муниров

_________________

[1] Ҳасан Мурод Муҳаммад Амир ўғли «Лаффасий», Хива шоир ва адабиётчиларнинг таржимаи ҳоллари, ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, қўлёзма асарлар фонди, инв. № 9494

[2] Девони Мунис, мазкур фонд, қўлёзма, инв. № 940

[3] Мазкур фонд, қўлёзма инв. № 9494

[4] Мазкур фонд, қўлёзма, инв. № 940, 1330, 1793, 7865, 9356

[5] Мунис ва Огаҳий, «Фирдавс ул-иқбол», мазкур фонд, қўлёзма, инв. № 5364/1