Тоғдаги оғайнилариникида тўйлаб қайтган Эрали онаси мозорига қабртош қўйилганини эшитиб, фиғони кўкка ўрлади. Ака турганда сингилнинг қабртош ўрнатиши нимаси?! На бир оғиз сўраш бор, на олдидан ўтиш. Энди одамлар нима дейди? Ўғил бўлмай ўл-а, синглингча бўлолмабсанда демайдими. Бу шумликнинг бошида куёви турганини улар қаердан билсин? Душман кулиб, дўст ачинадиган иш бўлди-да. Эрта-индин деб юрмай, вақтлироқ ҳаракатини қилганида, шу ғалвалар йўқ эди. Ана энди… Бир хаёли, бориб куёви билан ёқалашмоқчи, тириклигида қадрига етмай-етмай, ўлганида буйтиб иззат қилишинг нимаси, дея синглисини обдан тузламоқчи бўлди. Бироқ ҳирсдай куёву бўй чўзиб қолган жиянларига кучи етмаслигини, синглисига гап топиб беролмаслигини ўйлаб, фикридан қайтди. Манглай қашлаб бошқа чора қидиришга тушди.
Топди ҳам.
Эртаси эрталаб туман марказидаги сангтарошнинг устахонасига уриб борди. Қабртош буюртирди. Сангтарош қуюқ қошлари остидан аввал суратга сўнг қоғоздаги ёзувга қараб ажабланди.
— Яқинда ясаб бергандим-ку бу кишиникини, оқ мармардан.
— Уми… синиб қолди, — Эрали елкаси тиришиб, ёлғонлади. — Кейин… менга ёқмади. Бунисини қора мармардан ясаб берасиз. Сербезак, сурати тагида тўрт қаторгина шеъриям бўлсин.
— Пулига чидайсизми? — сангтарош узун бурнини қашлаб, унга синовчан тикилди.
— Пулидан ғам еманг!
У сангтарошнинг устахонасини тарк этаркан, енгил тин олди. Ўзини ғоят ақлли ҳис қилди. Бекорга уришиб-талашиб юрмай, энаси мозорига ўзи ясаттирган қабртошни ўрнатиб қўя қолади, тамом-вассалом.
Бир ичлари куйсин!
Ўғил жонивор ўлмаганини, онасининг куни куёви ва синглисига қолмаганини одамлар бир кўриб қўйсин.
У куёви билан уришли эди.
Каттазанг куёвини илгариям унчалик хушламасди. Ўзини қишлоқ бойларидан бири санаб, унча-бунча одамни оёқ учида кўрсатадиган бу нодон куёв бир куни ғалати бир гап айтиб қолди. Эмишки, бу ҳудуд бир пайтлар қайсидир бобосининг мулки бўлган экан, у ёғи ҳув кўлгача, бу ёғи қиргача… Кўкламнинг илиқ кунларидан бири эди. Улар дўнгда давра қуриб, еб-ичиб ўтиришарди. Лаган тўла эт, ёнда бир талай шиша, кайфлари жуда чоғ. Бошқалар-ку аҳмоқ куёвнинг ғудранишига кўпда аҳамият беришмайди, лекин бу гап Эралига ёмон тегиб кетди.
— Унда биз сиғинди эканмиз-да, — деди оғриниб.
— Шунга ўхшайди, — куёви иршайиб, хунук кекирди. — Лекин бу факт, баринг тирикчилигингни бобомнинг ерида қиляпсанлар.
Эрали лаганга узалган қўлини тортиб оларкан, ёнбошлаб ётган ерида атрофга аламнок боқди. Ёнбағирликка сочилган қишлоққа, кенг даштга, олисдаги қирга, теварагини қамиш қоплаган ҳув наридаги кўлга бир-бир разм соларкан, хотирасини кавлаштириб, аждодлари тарихини титкилай бошлайди. Бохабарлиги бобосидан нарига ўтмаслигини англаб афсусланди. Сўнг узуқ-юлуқ эшитган ва билганлари асосида ўтмишни ўзича тасаввур этиб, ширин бир эртак тўқиди.
Тўқиган эртагига кўра, бу замин, ҳатто кўлдан наридаги уфққа туташ бийдек дашт ҳам катта бобосига тегишли экан. Куёвининг манқа бобоси унинг қўлида оддий бир чўпон экан. Бобосининг чорваси даштга сиғмайдиган даражада кўп экан. Эрта кўкламда бобосининг кўнгли нимадандир ийиб кетибдию чўпону чўлиқларини ёнига чорлаб, ҳар бирига ўнтадан қўй ҳадя этибди. Куёвининг пачоқ бобоси ана ўшанда қўйли бўлиб қолган экан. Тўқиган эртаги жуда мароқли эди. Бироқ эртак куёвига ёқмади. Андишани бир четга йиғиштириб қўйиб, уни, яъни ўзи каби юз қўйли бир одамни “иштонсиз” деб сўкди. Оқибат, чойи яримлаган чойнак куёвининг елкасини сийпаб ўтди. У томондан эса ароқ юқи пиёла “қанот қоқди”. Кейин лагану тақсимчаларга навбат етди. Бирининг манглайи ёрилиб, иккинчисининг қовоғи кўкарди. Устихонлари аллақачон тупроққа қоришиб кетган бобокалонлари руҳи оёқ ости қилинди. Аждодинг нимаю ўзинг гўр бўлармидинг, деган гаплар бот ва бот такрорланди.
Сўнг у, дастурхон куёвники эди, даврадан турткилаб ҳайдалди.
Эрали пастга эна-эна, дўнг белида бир зумга тўхтади. Бу хил эртак тўқишга унда асос ҳам бордек эди… Қай бир замонлар отаси шунга ўхшаш гаплар қилгандай бўлувди. Отаси раҳматлиям ўтмишни аниқ эмас, тусмолларди. Узоқ йиллар шаҳардаги мадраса тупроғини ялаб, қишлоғига мулла мақомида қайтган амакиси ҳақида эса кўп гапирарди. Ҳатто ўз падарини ҳам бу қадар хотирламасди. Дердики, амаким бечора одамларни саводли қилай деб кўп куйинарди, элди олди ҳисобланмиш Тўрабойу Эсонбой, Гелдибойу Ирисбойлар эса гап-гаштакдан бўшамасди, эл-улуснинг ҳоли нима кечяпти, ишлари бўлмасди, хотин устига хотин олиб, маст туядай бўкириб юрардилар. Амаким бўлса элнинг корига ярай деб, Каттатевада мактаб очди, бир уй, бир айвонли. Элда обрўйи ошиб, дўст қатори, душманлар ҳам орттирди. Ур-сур замонларда бир тунда қўлига кишан урилиб, сибир қилинди. У ёқдан, на ўлиги, на тириги қайтди.
Эралини амаки бобосининг иқтисодий мавқеи кўпроқ қизиқтирарди. Бир куни дўмпайган тандирдай бўлиб қолган мактабни назарда тутиб, истеҳзоли оҳангда сўради:
— Амакингиздан яна бирор нарса қолганми ўзи?
— Қолган, — ота маҳзун хаёлга чўмди. — Кўп нарса қолганди. Барини обориб Қўшжарга кўмиб келганмиз. Замон чатоқ эди-да.
— Кейин кавлаб олдиларингизми, ишқилиб? — Эрали сергак тортди.
— Йўқ.
— Эя! — Эрали ҳовлиқиб, ўрнидан туриб кетай деди. — Ҳали кавлаб олмаганмисизлар?!
— Фойдаси йўқ чиқар.
— Нега? — Эрали ҳаяжондан қалтираб кетди.
— Тупроққа қоришиб… — Ота унга ажабланиб боқади. — Сенга нима бўлди, улим? Жойингда ўтиролмай қолдинг.
— Нима эди ўзи, дурми ё олтинмиди?! — Эрали отасининг саволини жавобсиз қолдириб, баттар типирчилади. — Айтинг, нима эди, тилламиди, ё… Эскиларда тилло кўп бўлган дейишади. Қанча эди?
— Қанақа тилла, — Ота унинг аҳволидан кулди. — Китоб эди. Беш қопдан зиёд китоблар эди. Барининг ҳузурини ер кўрди. Чириб, тупроққа қоришиб кетгандир деб, кейин кавлаб кўрмадик.
Бу гапдан сўнг Эрали ўтирган жойига шилқ этиб тушди. Боя ҳаяжонда туртиб юборган экан, кўрпача устида тўнкарилиб ётган пиёла тиззасига қаттиқ ботиб, жони ёмон оғриди. У ғудраниб сўкинди. Амаки бобоси Тўрабою Ирисбойларга ўхшаш бойлардан чиқмаганидан ўкинди. Юрарди-да оғзи катта айрим жўралари каби давраларда мақтаниб. Мактаб очган аллақандай амаки бобосининг нимаси билан фахрланади? Отаси гўё унинг хаёлидан ўтганини сезгандай, она томондан бўлмиш бадавлат боболаридан бири ҳақида сўзлай бошлади. Бойлиги учун эмас, амакисининг тақдирига алоқадорлиги боис, иккисининг бир кунда сибир қилингани тўғрисида эзмаланиб гурунг берди: “Амакимдан сўғин бизнинг авлодда илмга қизиқувчи бўлмади. Менинг умрим чорванинг кетида ўтди. Сен ҳам шунга ружу қўйдинг. Амаким бечора айтгандай, бу дунёдан кўр бўлиб ўтиб кетяпмиз”. Ота сўзларкан, олис мозийга тусмоллаб боқади. Хира, жуда хира қиёфаларни гавдалантиради. Эрали эса ўша хира қиёфаларни кўз ўнгида гавдалантириб эртак тўқиди.
Эралининг аёли шу пайт жағи-жағига тегмай, ҳовли юзида ивирсиб юрар, онаси супада урчуқ йигирганча, унинг оғзидан чиққанини ёқасига ёпиштириш билан банд эди. Кампири тушмагур аллақачон саксонни қоралаб қолган бўлса-да, ҳануз балонинг ўқи. Ишниям дўндиради, гапниям. Келинига ёқмагани, унинг доимо қизига бир нима илиниб туриши эди. Кампирнинг бу одати Эралигаям ёқмайди. Аммо ботиниб бир сўз айтолмайди. Ийманади. Айтишдан наф йўқ, энаси ўзига етгунча қайсар. Эрали бошида аёллар орасига тушиб, хотинини дўппослаб ҳам кўрди. Бироқ букрини гўр тузатар дегандай, сўнг барига қўл силтади. Кейин, кейин уйида жанжал қўзғолиши билан даштга чиқиб кетишни одат қилди.
Ана шундай кунларнинг бирида у ғалати бир ҳолатни кашф этди. Уйида юрагини ғижимлайдиган дилгирлик даштга чиқиши билан ортиқ уни безовта қилмай қўярди. Кенгликда у ўзини бир зарра ҳис этар, ташвишлари бачкана, тўқиган эртаклари кулгили туюларди.
У бу ҳолатни қайта-қайта синовдан ўтказгач, охири икки уй наридаги қўшниси Тожи шоирга тиш ёрди. Тиш ёришдан аввал дўкондан бир шиша ароқ олди. Гап бор деб, уни четга имлади. Қўним топган жойлари оқшом чоллар чиқиб ўтирадиган Яғиртепа бўлди.
Тожи шоир деганлари умрида бир сатр шеър ёзган банда эмас. Шокир узуннинг тўйида ғазал устига ғазал ўқиб, келин-куёвни қутлагани боис шу лақабни олган. Лекин қўлидан китоб, газета тушмайди. Кўп ўқигани учунми гап-сўзлариям бошқачароқ, боз устига, тилиям заҳаргина, бетинг-кўзинг деб ўтирмайди. Аммо калласини қиздирмагунингча бирор саволингга жўяли жавоб олишинг қийин, “Силар барибир менинг гапимни тушунмайсилар”, деб тураверади.
Биринчи пиёладан сўнг ҳам унинг ранги очилмагач, Эрали иккинчи пиёлани тўлатиброқ қуйди. Газагига чўнтагидан қурт олиб узатди. Шоир қуртнинг бир бўлагини ирганиб оғзига солар экан, кўзларини кенгликка тикиб оғир хўрсинди.
— Сиздаги бу ҳолатни фан аллақачон аниқлаган, — деди Эралига шуниям билмайсанми, деган иддаоли йўсинда. — Барча тирик мавжудот, шунингдек, одам боласиям био манбаи…
Унинг бу “маъруза”сидан Эралининг тушунгани шу бўлдики, ҳар бир одамда, жумладан ўзида ҳам “био” деган ток бор экан. Бу ток одамзотнинг феъли-атворига қараб “ижобий” ёки “салбий” бўлиши мумкин экан. Юрагининг сиқилиши ўша салбий қувватдан эмиш. Негаки, жоҳил ва нодон ҳамқишлоқларининг тор дунёқарашларию кундалик ғиди-бидисидан қишлоқ ёмон қувватга тўлиб тошган эмиш…
Бу гапдан Эрали донг қотмади. Шоирни ичида “аҳмоқ” деб сўкди. Пул куйдириб ароқ олганига ачинди. Ахир одамда қанақасига ток бўлиши мумкин, ток дегани ана симёғочда! Уям бир кун келса, икки кун келмайди. Агар вужудида ток бўлганида, биринчи галда боплаб куёвини қалтиратмасмиди. Япроқдек титратиб ўчини омасмиди.
У ўзини токли одам ҳолатида тасаввур этиб, энди куёвига азоб бераётганида, учинчи пиёлани бўшатишга улгурган шоир уни туртиб қолди.
— Анови гўрсўхта куёвингизнинг кетишларига бир қаранг.
Эрали қишлоқ томон аланглаб, ёнбағирликдан тўриқ отда пастга энаётган куёвини кўрди. У бошидаги ихчам супертелпагини қошигача бостириб, эгарда ҳаддан ташқари кеккайиб ўтирарди.
— Бу нодон дала-даштда ўлақолса бу тарзда кеккаймайди, — деди шоир аччиқ кулимсираб. — Чунки даштда унга эътибор берувчи йўқ-да. Бунинг бор амали киши кўзи учун. Яхшиларнинг энсасини қотириб, ёмонларнинг ҳасадини келтиришни ёқтиради. Бунга сари қишлоқ салбий қувватга тўлиб боради. Биз эса осойишталикни даштдан қидиришга мажбур бўламиз.
— Бунинг бўлган-битгани шу, — деди Эрали нима деярини билмай.
— Уни ёмон кўрганингиз учун сиздан ҳам ёмон қувват таралаяпти, — деди шоир унга кўз қирида боқиб. — Тиришиб ўтиришингиз юрагимни ғашлаяпти. Кўп тиришманг, улар аҳамият беришга арзимайди. Юракни кенг қилинг…
Эрали шоирнинг гапларидан зерикди. Теваракни лоқайд кузата бошлади.
Ана, энаси узун енги учига ниманидир тугганча ёлғизоёқ сўқмоқ бўйлаб синглисининг уйи томон кетмоқда. Ортидан аёли акиллаб қолгани аниқ. Четдаги кулба эшиги олдида икки овсин шанғиллаб айтишмоқда. Уларнинг кунора жанжали қўшниларнинг жонига теккан шекилли, томоша қилувчи йўқ. Ҳовуз бўйидаги сайҳонликда икки йигитча жўжахўрозлардай чўқишмоқда. Учинчи бири уларни ажратолмай ҳалак. Ўнг ёқдан бирининг акаси, сўл ёқдан бирининг тоғаси сайҳонлик томон ошиқиб келмоқда. Уларга эрмакталаб болалар эргашган. Аслида бориб чаққан ҳам ўшалар. Агар катталардан кимдир тезроқ ўртага тушмаса, азалий душман бу икки оила вакилларининг жанжали ёмон тус олиши мумкин.
Бу орада шоир бекорга чакак урмаётганини бирдан пайқаб қолди. Бунгача у тўртинчи пиёлани бўшатиб, қуртни пок-покиза тушириб бўлганди. Ароқ таъсириданми, ё азбаройи жаҳли чиққаниданми, Эралини “сен”лаб янишга тушди. Этак қоқиб ўрнидан турди. Пастга эна-эна мушт ўқталиб тағин ўдағайлади.
— Қўйдан фарқинг йўқ, сен аҳмоқни! Тинглашни билмас экансан, нима қилардинг мени овора қилиб! Э, дардинггаям, ўзинггаям сени!..
Эрали қабртош буюриб қайтган куниям Яғиртепага тўхтади. Негадир кўнгли шоирнинг гурунгини қумсади. Режаси ҳақида ким биландир ўртоқлашгиси келди. Шоирдан сози йўқ. Касофатнинг тили аччиқ бўлса-да, дардингни тинглай билади. Лекин маслаҳат бермайди. Шуни хоҳлабсанми, қилавер, нима қиласан элга овоза қилиб, дейди. Айни шу гап ҳозир Эралига жуда-жуда керак. Муҳими, у бировга гуллаб қўймайди. Кейин ўйлаб-ўйлаб буни шоирдан ҳам сир тутишга қарор қилди. То қабртош тайёр бўлмагунча бу ҳақда бировга, ҳатто аёлигаям чурқ этмади. Ўша кунни сабрсиз кутди. Ҳар оқшом дўнгга чиққанида, кун ботишидаги қабристонга термулиб, маҳзун-маҳзун хаёлга толди. Энасининг азасида яқинларининг нечоғли турлангаликларини ўйлади.
Синглисини энасига нисбатан оқибатли деб бўлмасди. Акс ҳолда энасининг ўлим тўшагида ётганини била туриб, эри билан оромгоҳга кетмасди. Келин деганнинг тили узун бўлишига йўл қўймасди. Аза куни дарвозадан додлаб кирганида, Эрали номига овоз чиқариб турди. Синглисининг ёқа йиртиб йиғлашини кўргандан сўнггина кимни йўқотганини гўё туйқусдан англаб етгандай бўлди. Энди энасининг супада урчуқ йигириб ўтиришини, аёли билан ади-бади айтишишларини, олиб келган нарсасидан синглисига илиниб туришларини, кеч қолганда дарвоза олдида кутиб олишларини ҳеч қачон кўрмаслигини ўйлаб юраги увишиб кетди. Бўғзига йиғи тиқилди. Йиғисини ичига ютишга тиришиб, теваракка кўз қирини ташларкан, ажиб бир манзарани кўрди. Ҳар гапида қайнонасига ўлим тилайдиган аёли жин теккандай чинқириб йиғларди, қайғудан ўзини йўқотган синглисининг юзига қўшни жувонлар сув сепарди. Ҳамма йиғлаб, ҳамма бўзларди. Ёшини яшаб, ошини ошаб бўлган бир кампирга уларнинг бу қадар куйинишларига унинг ишонгиси келди. Аммо кенжа ўғли ва қизидан бўлак ҳаммаси йўлига кўзёши қилаётганини фаҳмлади. Хўрлиги келди, эндиликда ғирт етим бўлиб қолгани таъсир этиб, ўғли билан басма-бас йиғлашга тушди. Шунчаки йиғламади: “Тириклигингда қадрингга етмадим, энажон” дея сўзлар тизимини териб-териб, айтиб-айтиб йиғлади. Ўлишингни билганимда, елкагинамда кўтариб юрмасмидим, дея армон билан бўзлади. Ўша куни куёви қаватида бўкириб ўтирган бўлса-да, барибир уларнинг ораси исимади. Қайтамга, синглисининг, энамни янгам ўлдирди, деган гапидан сўнг баттар совуди. Маслаҳатсиз қабртош қўйишлари эса дард устига чипқон бўлди. Шунинг учун ҳам буюртирилган қабртошни тезроқ битишини илҳақ кутарди.
У бу ҳақда ҳеч кимга айтмаган эса-да, шоир ниманидир сезган шекилли, бир куни йўлда тўхтатди. Худди шеър ўқиётгандек, доно-доно қилиб деди:
— Биз бандалар шу қадар нодонмизки, қилган ишларимиз нуқул хатолардан иборат! Биз хатоларга кўмилиб-чўмилиб яшаймиз! Бу хатолар шунчалик тотлики, азобини асал билиб тамшаниб-тамшаниб яшаймиз! Лаб-лунжингизни артиб олинг, “асал юқи” қолибди…
У шоирни маст гумон қилди. Йўқ, шоир маст эмасди, нимадандир изтиробда эди. Одатдагидек, нимаданлигини айтмади, ҳайф сенларга, дегандай қўл силтаб кетди-борди.
Эртаси, қабртош ими-жимида олиб келинган куни қуёш Эралининг кўнглидек чароғон эди. У қўзи эмас, қўй сўйдирди. Қишлоқ кексаларига одам юбориб, ўзи ўғиллари билан мозорга жўнади.
Ўғиллари куёв бошлиқ жиянлари томонидан ўрнатилган қабртошни олиб ташламоққа чоғланишганди, у донишмандона бир қиёфада бош чайқади.
— Тегманглар! Ўзлари қўйишдими, ўзлари олишсин. Буни қаватига ўрнатинглар.
Қора мармар оқ мармардан кўра бежирим ва анча баланд эди. Четлари ҳошияли, ўртасига тўрт эмас, олти қатор шеър битилган. Энасининг сиймоси каттароқ қилиб туширилганди.
Қабртошлардаги бу тафовутдан Эрали кўп суюнди. Ўғилларидан андиша қилиб турмай, шодон ғудранди.
— Мана, энажон! Керак бўлса, бундан каттароқ тошлар қўйишга қурбимиз етади!
Ёнма-ён қўйилган тошларда бир хил сиймо — энаси бўлаётган бу ишлардан ажаблангандай, маъюс жилмайиб турарди.
Эрали мозордан масрур қайтаркан, қўйган тошини олиб ташласин, дея ўғилларидан бирини куёвиникига жўнатди. У томондан эса, бекорларнинг бештасини айтибди, деган нордон жавоб келди. Бу шунчаки айтилган гап эмас, балки эрта-индин қўпиши аниқ бўлган улкан жанжалнинг совуқ нафаси эди…