Оддий ва зерикарли кунларнинг бирида диққинафас офисга Малика кириб келди. Унинг елкаларини ёпиб турган камалакранг ҳарир шарф, қулоғига қистириб олган настарин, лабидан қўнган ним табассум тушкунлик руҳидаги кулранг хонада майин шаббода каби елди. Бу ҳиссиётни кимдир сезди, кимдир пайқамади. Кўксига урилган баҳорий эпкинни ҳис қилган Баҳодир беихтиёр ўрнидан турди. Аёлнинг ёнида директор ўринбосари кўрингач, бошқалар ҳам мажбуран ўринларидан туришди.
— Маликахон энди сизлар билан ишлайди. Билмаганларини ўргатинглар, — ходимларга қаратилган тунд қиёфа аёлга ўгирилгач тубдан ўзгарди: жилмайиб унга тавалло қилди: — Юқоридаги мана шу жой сизга, у куни кеча дераза ёнига ҳозирланган буюмлар: янги компьютер ўрнатилган стол ва қулай креслога имо қилди. — Нима муаммо бўлса, дарҳол менга айтинг.
Директор ўринбосарининг аёлларга мулозамат қиладиган одати йўқ эди. Бу эса Баҳодирнинг қизиқишини орттирди. Малика ўз жойига дадил бориб ўтирди ва барчага зимдан қараб чиқди. Балки уни юқоридан юборишгандир, ўзига ишонганига қараганда яхши мутахассис бўлса керак, хаёл қилди Баҳодир. Аммо уни кузатаркан, кун давомида бирор ишга қўл урмаганини пайқади, ўзининг столида қалашиб ётган ҳужжатларга қараркан, бугун ҳам ярим кечгача офисда қолиб кетишини ўйлаб уф тортди. Янги ходим эса соат 18 бўлиши билан хонани тарк этди. Хонадаги икки аёл енгил нафас олгандек, бир-бирига маъноли қаради.
Малика иккинчи кундан жонланди. Ишга дарров киришиб кетди, чиндан ҳам, ҳисоб китоб, ҳужжатлар билан ишлаш бўйича ҳеч қандай кўникмага эга эмасди. Аввалига икки аёлдан ёрдам сўради, аммо ҳеч нимани тушунмади. Баҳодир аёллар оддий саволларга атайин мураккаб жавоб қайтаришаётганини сезди. Малика шундан сўнг Баҳодирга мурожаат қилди.
Қўлидаги папкани очиб, унинг столига қўйди:
— Ўлай агар ҳеч нимани тушунмаяпман, —деди ўз устидан кулиб. —Қанча ҳисобласам ҳам рақамлар мос тушмаяпти.
— Бунинг сири оддий, —Баҳодирга ҳам унинг қувноқ кайфияти юқди. Аммо икки аёл уларни зимдан кузатиб турганини кўриб, ғаши келди. Сўнг Маликага яқинроқ туриб секин деди:
— Ҳозир тушлик бошланади, батафсил тушунтириб бераман.
Малика мамнун бўлганча жойига қайтди. Тушлик вақти хонадан барча чиқиб кетгач, Баҳодир стулини кўтариб унинг ёнига ўтирди.
— Бир гал тушликдан кечсангиз, барини ўрганиб оласиз.
— Бунисини ўйламанг, сумкамда блинчиклар бор, агар тушунтира олсангиз сизни ҳам меҳмон қиламан.
Баҳодир блинчиклар бунга арзийди, деб кулди. У бу совуқ хонада охирги марта қачон кулганини эслолмасди, аммо энди ҳар куни кулиш учун сабаб борлигини ҳозир ҳис қилди. Бир неча кун тушлик шу тарзда — Малика келтирган мазали егуликлар билан ўтди. Баҳодир ҳатто у пиширган нарсалардан сўнг энди тамаддихонага қайтиб кирмасам керак деб ўйларди. Маликани ҳеч нимани тушунмайди, деб адашишганди, у бир ҳафтага қолмай бошқалар каби рисоладагидек ишлай бошлади. Энди у ҳам Баҳодирдек қўли қўлига тегмай компьютер чиқиллатар, ҳужжатларни ҳижжалаб текширар, ҳисоб-китоб қилар, иш кўп бўлса-да соат 18 бўлиши билан сумкачасини кўтариб хайр деганча шошиб чиқиб кетарди. Баҳодир эса кечгача ишлашдан нолимасди, сабаби уйда кутадиган ҳеч кими йўқ эди. Маликани кутишса керак. Баҳодир буни тахмин қиларди, аммо сўрамасди.
Бир куни тушликдан ортган 20 дақиқа вақтини анҳорда сайр қилиб ўтказишга одатланган Баҳодирга Малика шерик бўлди. Унинг қўлида битмаган ҳужжатлар бор эди.
— Бўш вақтингизни ўғирлай, дедим. Мен бунақа нарсаларни тушунмайман, – имо қилди рақамлар тўлиб тошган қоғозга. — Китоблар бўлса бошқа гап эди. Достоевский, Маркес, Кафка… истаган асарларга узундан узоқ тақриз ёзиб берардим.
Малика бир он маъюслашди. Баҳодирнинг эса кўзлари порлади:
— Китоб ўқишни мен ҳам яхши кўраман. Телбани ҳам, Эврилишни ҳам, Ёлғизликни ҳам севиб ўқиганман. Масалан, сиз ҳашаротга айланган Грегор билан яшашингизга тўғри келганда нима қилардингиз? Унинг оила аъзолари каби йўл тутган бўлармидингиз?
Малика жонланди, қоғозларни кўришни истамагани учун тескари тарафини ушлади. Сўнг мамнуният билан жилмайди:
— О, Замза… Мен шундоқ ҳам ҳашарот билан яшайман. Фақат у Грегорга сира ўхшамайди.
Баҳодирнинг ҳайронлигини кўриб мавзуни бурди.
— Яқинда Анна Каренинани ўқиб тугатдим. Ўзингиз-чи, аёлнинг қарорини оқлармидингиз?
— Бу жуда нозик савол.
— Сиз жавоб бера олмайсиз. Чунки эркак кишисиз, Аннани тушунмайсиз, -хўрсинди Малика.
— Кўнгил — аёл ва эркакка ажралмайди. Инсон инсонни тушуниши керак. Мен хонамиздаги анови икки хотинни тушунмаслигим мумкин, аммо Аннани жуда яхши тушунаман, ҳис қиламан.
Малика кулиб юборди. Анҳор бўйлаб сайр узоқларга чўзилди. Суҳбат қизғин кечар, адабиёт олами уларни реал дунёдан бир лаҳза узиб қўйганди. Аммо Баҳодир соатига шошиб қаради:
— Ишга кечикяпмиз, такси тутаман, шекилли.
Лекин Малика таксига ўтирмади.
— Сиз кетаверинг. Ишга боргим келмаяпти.
Аёл шундай деганча йўлида давом этди. Баҳодир унинг ортидан боргиси келди. Лекин масъулият ва аллақандай ҳадик бунга йўл қўймади. У ишга қайтди. Кечгача ишласа-да, кўз ўнгидаги рақамлар ўрнига эзғиланаётган Замза, ўзини поезд тагига ташлаган Анна ва… жилмайиб турган Малика жонланаверди.
Тушлик вақтидаги анҳорги сайр, адабий суҳбатлар Маликанинг мазали егуликлари билан мароқли ўтардики, Баҳодир тонгда кўзларини очаркан, бугунги тушлик вақтини интиқиб кутаётганини ҳис қиларди. Куннинг энг бахтли лаҳзаси ҳар куни соат 13 дан 14 гача давом этарди.
— Баъзан ўзимни Онегинга ўхшатаман, -сайр пайти Баҳодир яна кўнглини очди. – Мени севган қизлар кўп бўлган, аммо бирортасини ёқтиролмадим. Шуни хунини тўламасайдим, деб қўрқаман.
— Инсонни мажбуран севиб бўлмайди, бу сизга боғлиқ бўлмаган туйғу, —Малика ўйланиб қолди. —Қизиқ… севги чиндан бормикин ўзи?
— Бор-бор, йўқса, шунча асарлар яратилмасди.
— Баъзан китобга кириб яшагим келади, Баҳодир. У ерда бахтлироқ бўлса керак одамлар.
— Мен ҳозир бахтлиман, Малика…
Малика унинг кўзларига бир зум тикилиб қолдию, кетишим керак, деб таксига қўл кўтарди. Баҳодир яна унинг кетишини жим кузатиб қолди.
Кейинги кунлар Маликанинг иш борасида шашти паст эди, Баҳодир тушунмаган нарсаларингиз бўлса сўрайверинг, деб бир неча бор таклиф қилди. Бир куни тушликда уни ёлғиз учратди ва ёнидан жой олди. Одатда, Малика тамаддихонага кирмасди.
— Бугун ул бул пиширмадингизми?
— Пишираётгандим… куйиб кетди.
— Хаёлингиз паришонга ўхшайди, иш қийнаб қўйдими?
— Бари тушунарли, фақат жудааа зерикарлиии, — деди Малика чўзиб.
— Сиз жуда яхши эплаяпсиз, бу кетишда мендан ҳам ўзиб кетасиз, —кўнглини кўтарди Баҳодир.
— Бундан нима наф?
— Юқори лавозим, яхши маош дегандек… Бу ерда рақобат кучли, сезган бўлсангиз.
Малика Баҳодирга ажабланиб қаради:
— Кўтарилиб-кўтарилиб эримнинг ўрнини эгаллайманми?
Баҳодир ҳам ажабланди:
— Эрингиз?
— Биласиз, деб ўйловдим. Директорингиз — менинг турмуш ўртоғим бўлади.
Малика тош қотган Баҳодирга қараб бепарво кулди, сўнг жиддий тортди. Баҳодирдан сас садо чиқмагач, столдан туриб нари кетди ва анҳор бўйидаги ўриндиққа чўкиб китоб ўқишга тутинди. Баҳодир эса бу пайтда кекса, шўртумшуқ ва кўрса асаби қўзийдиган бир одамни – директорни, яъни Маликанинг эрини кўз олдига келтирар, ҳеч қачон уни аёл билан ёнма ён, жонма-жон тасаввур қилолмасди. Тамаддихона деразасидан у Маликани кўриб турар; нозик бармоқлари китобни варақлаётганини, силлиқ сочларини шаббода учираётганини томоша қиларкан, бу бармоқларга кафт босаётган, сочларини силаётган дағал қўлларни кўз олдига келтирдию, титраб кетди.
Баҳодир Маликани кўрса-да, кўрмаганга ола бошлади. Сўзларини эшитсаям қисқа жавоб қайтарар, яна тезда ўз ишига шўнғирди. Малика буни сезди. Баҳодир уни ўтмиши, қарори учун айблар, сира ҳазм қилолмасди. Адабиётга ошуфта кўнгил, шунингдек, бойликка ҳам ўч эканини тан олишни истамасди. Муҳаббат ҳақда эса гап бўлиши мумкин эмас. Йўқ, Малика ва жаноб директорнинг орасида соф севги ҳақда умуман тасаввур қилолмайди.
Кунлар яна зерикарли, туссиз ва ҳиссиз бўла бошлади.
Баҳодир директорни кам кўрган. Фирмани ўринбосар бошқарар, қария эса онда-сонда кўриниш берарди. У ҳақда деярли билмайди. Лекин ич ичидан жини суймасди. Одамнинг кўзлари кўп нарсани сотиб қўяди: директорнинг нигоҳлари совуқ ва бераҳм кўринар, назарида ўсиб бораётган сумма рақамларидан бошқасини билмасди.
Энди Баҳодир Маликани кўрса, директор ҳам кўз олдига келаверарди. Шунинг учун унга қарамасликка тиришар, Малика ҳам аввалгидек қувноқ эмасди. Хонадаги ўлик сукунат одамни эзиб юборарди.
Бир куни Малика ҳар доимгидек соат 18 бўлиши билан хонани тарк этмади. Барча ҳамкасблар бирин-кетин уйларига равона бўлишди. Баҳодир ҳар доим офисни охирида тарк этарди. Бугун унга Малика шерик бўлди. Столида Баҳодирникидан ҳам кўпроқ ҳужжатлар қалашиб ётар, аёл улардан кўз узмай рақамларни солиштирарди.
Икки соат шу алфозда ишлашди.
— Инсон инсонни тушуниши керак, дегандингиз, —ниҳоят, Малика сўз бошлади.
— Албатта, тушунаман. Масалан, сиз ҳозир уйингизга боришингиз керак. Кечиксангиз, муаммо чиқиши аниқ.
— Мендан хавотир олманг. Уйда ҳеч ким кутгани йўқ. Худди сиз каби.
Баҳодир ҳужжатлардан узилиб, Маликага термулди.
— Сиз… сиз жуда ажойибсиз, Малика. Аммо…
— Биламан. Эслатиш шарт эмас, —Малика кўзларини кулранг деворга, ёғоч жавонга, тувакдаги гулларга тикди. Аммо йигитга қарамади.
— Тўғри, ҳаётингизга аралашишга ҳаққим йўқ. Шу вақтгача бировларнинг оиласига тумшуқ суқмаганман. Барибир! Барибир бундай бўлмаслиги керак эди. Мен сизни… юксак кўрардим, жуда юксак.
— Ким эканимни билганингиздан сўнг паст кимсага айландим, тўғрими?
Баҳодир ўрнидан туриб деразани очди. Кўксига салқин ҳаво урилгач, енгил тортди.
— Бу менинг қарорим, биров уни муҳокама қилишини истамайман, —Малика ҳам ўрнидан туриб ўзига қаҳва дамлади.
— Унда нега бу ерда, мен билан қолдингиз? —Баҳодир сигарет тутатди.
— Қароримни тан олишингизни ва яна дўстимга айланишингизни истайман, —Малика ҳам дераза ёнига келди.
— Дўст… —Баҳодир кулди.
— Нимаси кулгили? — Малика аччиқланди. — Истамасангиз керакмас!
Шундай дея кетишга чоғланди, аммо Баҳодир унинг билагидан маҳкам тутиб қолди.
— Сенга ўша қари туллакдан бошқа одам йўқмиди? Қандай яшаш мумкин у билан?! Кўзларингга зебу зари гўзал кўриндими? Аммо унутма, бойлик ҳам чиройли юзинг каби бевафодир, ҳаммаси ўткинчи! Аммо қалб… қалбдаги чин туйғуларнинг қадри баланд! Сен буни тушунмайсан, Малика, шоҳона ҳаётингда китобларга кўмилиб яшасанг-да, ҳаётда чин севги нималигини билмай ўлиб кетасан.
Малика кўзлари катта-катта бўлганча, ўзига киприк қоқмай қараб турган Баҳодирдан ўзини холи қилишга уринди, бу бесамар кетгач, нариги қўлидаги қаҳвани алам билан унинг устига тўкиб юборди. Баҳодир ах дедида, қўллари бўшашди. Малика эшик томон чопиб борди, аммо тутқичга қўл узатмади. Ортига ўгирилди: Баҳодир эгнидаги кўйлакни шошиб ечаркан, ўнг елкасига тўкилган қаҳвани нимада артишни билмай, столга алангларди. Малика дераза ёнига қайтди. Тортмасидан қўл сочиқ олиб унга узатди.
— Куймадими?
— Қайноқ эмасди, —Баҳодир елкасини артди.
Малика шоша-пиша унинг қўлидаги кўйлакни олди ва дераза рахига илди.
— Тезда қуриб қолади.
Бир муддат жим қолишди.
— Кечирасан.
— Узр.
Иккисининг гапи баравар чиқди. Баҳодир айни пайтда қаршисида ҳақиқий Маликани кўрарди: меҳрга, ҳимояга муҳтож, кўнгли синиқ, эзгин, аммо қалбида умид ёниқ. Уни қучгиси, доим ёнингда бўлишни истайман, дегиси, кўзлари тубига узоқ термилгиси келди. Бу истак бутун вужудини алангалатди ва аёл тараф бир қадам ташлади, ваҳоланки, уларни бир қадамгина ажратиб турарди, холос.
Малика дарҳол ортга тисланди:
— Кераги йўқ, Баҳодир. Сиз… мен ҳаётда дуч келган энг ажойиб инсонсиз. Сизни унутмайман.
Малика кетди.
Баҳодир ўзига келгач, эртадан яна унга дўст бўламан, фақат дўст, деб қарор қилди. Лекин дўстлик ҳам насиб қилмади. Малика офисга қайтиб келмади. Суриштирса, бўшаб кетибди. Баҳодир уни узоқ вақт қумсади, изламаслик, ёнига бормаслик учун янада кўпроқ ишлаш, ҳужжатлар оламида яшашга тиришарди. Лекин қачон директорни учратар экан, бари бошқатдан бошланарди. Яна Маликанинг хотираси қийнар, то чалғиб изтироблар енгилламагунча қўли ишга бормасди.
Охир оқибат у ҳам ишдан бўшашга қарор қилди. Умуман, ҳисоб китобдан узоқлашди, бошқа соҳага ўтиб кетди. Маликанинг хаёлларидан ҳам шу тариқа узоқлашди.
Бир куни эса газетада собиқ директорининг вафот этгани ҳақдаги кичик хабарни ўқиди. Қалбида қарама қарши туйғулар кураша бошлади. Лекин бу пайтда қарор қилиб бўлмасди: унинг яқинда тўйи бўлаётганди. Олисларда қолиб кетган Маликани эса саробдек, бир тушдек қабул қилишга ўзини кўндирганди. Аммо ҳозир уни жуда кўргиси келди, қандайдир умид билан у билан доим сайр қилган анҳор бўйига йўл олди. Анча кезинди. Назарида, Малика ҳам камалакранг шарфи билан елкасини ўраганча, ердаги хазонларни бир-бир босиб у томон келадигандек эди. Баҳодир ҳар ўтган кетгандан Маликани излади, шом тушгач мажбур такси тутди. Бир вақтлар Малика ҳам шу ердан таксига ўтириб кетиб қолганида ортидан боришим, унинг манзилгоҳини билишим керак эди, деб ўйлади.
Баҳодир Маликани орадан бир неча ой ўтгач кўрди. Маликанинг ўзи уни излаб келди.
Дам олиш куни секин тақиллаган эшикни очган Баҳодир қаршисидаги аёлни кўриб юраги хаприқиб кетди. Малика салом берди. Унинг кўриниши яхши эмасди.
— Кечиринг, безовта қилдим. Лекин… сизга жуда айтгим келди. Айтмасам бўлмасди.
— Эшитдим… Раҳматига олсин, —Баҳодир нима дейишни ҳам билмасди.
— Йўқ, буни эмас. Биласизми, бир вақтлар акам унинг қўлида ишларди, — Малика давом этди. —Қинғир ишлари фош бўлганда, директор уни қамоқдан асраб қолган. Акам ҳалол инсон эди, ягона боқувчимиз, ўшанда онам оғир хаста эди, қўлимиз эса калта. Уни айбламайман. Шукур, онам ҳозир саломат. Директорнинг яхшилиги албатта, текинга эмасди. Мен унга турмушга чиқдим. Шу билан ҳаммаси изига тушиб кетди.
Баҳодир унга ачиниб қаради:
— Аммо сен…
— Менда ҳам сизни учратмагунча бари жойида эди. Кейин руҳим ағдар тўнтар бўлди… Бир йилки, юрагим ёниб яшади. Энди баридан халос бўлдим. Сизни кўрдим, қароримга изоҳ бердим. Бирам хотиржам тортдимки…
Баҳодирнинг юраги тошди. Малика сари талпинди, аммо ичкаридан чиққан — кенгроқ атлас кўйлак кийган янги келинчак ийманиб сўз қотди:
— Ким экан, дадаси?
Малика сескангандек бўлди. Ўзини дарҳол қўлга олиб, ортга тисланди.
— Манзилда адашибман, — деди келинчакдан узр сўраб. — Бир дўстимни излагандим. Омон бўлинглар.
Малика зинадан тезда тушиб кетди. Баҳодир унинг ортидан ҳеч нима дея олмади. Унинг билагидан ушлаган келинчак ичкарига имо қиларди:
— Юрақолинг, тушлик тайёр…
Тушликлар, пичирлади Баҳодир. Ҳаётимни ўзгартирган тушликлар.