Албаниялик ёшларга бағишланади.
Поли чирий бошлаган юпун даҳлиз. Бир табақаси ланг очиқ эшик ёнида сарғиш чарм жомадон. Остонада хиёл уринган паст пошнали туфли.
Ичкаридан сочлари силлиқ турмакланган, ўртабўй, кўримсизгина қиз чиқиб келди. Эгнида бўғма ёқа кулранг свитер, қора шим. Қўлидаги ёмғирпўшни жомадон устига қўйди, елкасидан осма сумкачасини олиб, тик турган кўйи ҳужжатларини яна бир қайта кўздан кечира бошлади.
Ҳовлида, қари олма остидаги супада қизнинг отаси — басавлат, аммо хаста чеҳрали қария букчайиб ўтирганча тамаки бурқситарди.
Қиз сумкачасини ҳам жомадон устига қўйиб, соатига кўз ташлади. “Яна бир соатча…” Азбаройи вақтни ўтказиш ниятида ошхонага чиқиб қаҳва дамламоқчи бўлди.
Ҳовлидан ўтаётиб, отасидан қаҳва ичгиси борми-йўқлигини сўради. Чол қимир этмади. Қизнинг диққати ошди. “Бунча қовоқ-тумшуқ қилмаса-я. Ўйнагани кетаётганим йўқ-ку…”.
Қаҳва қайнатгичга сув тўлдириб, плита устига қўйди. Бир жойда туришга тоқати бўлмай, бармоқларини сиққанча у ёқдан-бу ёққа юра бошлади.
Қиз — бир йил аввал дорилфунунни имтиёзли тугаллаган инглиз тили муаллимаси, омади кулиб, хорижга ишга кетаётибди. Энага бўлиб. Барибир омади кулгани — бу ердаги ўқитувчининг бир йиллий маоши уч ойда қўлига текканидан кейин… Эшитган борки, ҳаммаси роса ҳавас қилишди. Айниқса, собиқ касбдошлари. Фақат шу отасигина рўйхушлик бермади. Ҳар ой пул юбориб туриши, яна қўшни кампир билан келишиб қўйгани — озгина ҳақ эвазига об-овқатдан хабар олиб, супур-сидирларга қараб беришини айтса ҳам чеҳраси очилмади.
“Ўзи нима истайди мендан, — хуноб бўларди қиз. — Минг ўлиб-тирилганим билан, бу ерда барибир косам оқармаслигини, кошки билмаса…”.
Қаҳвасини кўтариб, дераза ёнидаги курсига келиб ўтирди.
Стол устидаги эски илмий-оммабоп журнал муқовасида чиройли, бироқ ёши ўтинқираброқ қолган малласоч аёл янги кир ювиш воситасини реклама қиларди… Қиз ўзи билан бирорта фотосурат олиб кетмаётганини ўйлади. Вақт борида, ҳеч қурса мактабдошлари, курсдошлари билан тушган баъзи суратларни олиб олгани яхши бўлармиди… Ҳар эҳтимолга қарши — балки, хориждаги янги танишлари қизиқиб сўраб қолишар…
Аслида, бу ҳам вақтни ўтказиш учун бир баҳона эди.
Даҳлизга қайтиб кирдию жомадонга кўзи тушиб, бир зум тўхтади. Кеча тунда, кўзига уйқу илинаётиб, туйқус, унутиб қолдираётган нимасинидир эслаган, бироқ туришга эриниб, эрталаб сумкага солиб қўярман, деган хаёлда ухлаб кетаверганди… Жимжилоғини тишлаб, пешонасини тириштирди. Нимани унутди экан… Офтоб тўсгич кўзойнак… йўқ, уни олди. Электр сув иситгич… у ҳам жомадонда… Ҳар қалай, шуларга ўхшаш бирор майда буюм бўлса керак. Ҳамон эслашга уринганча ётоғига кирди. Токчадан суратлар солинган альбомни олди… Негадир яна фикридан қайтди. Альбомни жойига қўйиб, меҳмонхонага чиқди. Бир муддат нима қиларини билмай ўйланиб турди-да, бориб телевизор тугмасини босди…
Телевизор тепасида қизнинг университет дипломи нусхаси cолинган ойнали рамка илиғлик эди. Қиз ғамгин кулимсиради… Марҳума онаси олий маълумотли кишиларга, меҳмонхонаси деворида мана шундай рамкалар илиғлиқ хонадонларга жуда-жуда ҳавас қиларди. (Қизиқ, бошқа юртларда ҳам одамлар дипломлари нусхасини рамкага солиб, меҳмонхонадаги энг кўзга кўринарли ерга илиб қўйишармикан, ё фақат Албанияда шундаймикан?)
Ўзи ўқиёлмай қолганига яраша, онаси учала фарзандини ҳам ўқитиб, олий маълумотли қилишни астойдил дилига тукканди. Болалар мактабга борган кунларидан бошлаб, ҳар оқшом тепаларида туриб, икки-уч соатлаб дарс тайёрлатар; мактабдан ёмон баҳо олиб қайтганни ҳовлидаги олмага боғлаб саваларди… Бироқ, одамнинг “ўзида” бўлмаса қийин экан. Шунча жон куйдирганига қарамай, ўғилларининг иккови ҳам ўқишга ҳафсаласиз чиқишди. Катта ўғил болалигидан ота касби — дурадгорчиликка қизиқарди. Ўқишни битиргач, отасига қўшилиб заводда ишлай бошлади. Жуда меҳнаткаш йигит эди — бир ярим, баъзан икки сменалаб ишлар, уйда одамлардан буюртмалар ҳам оларди. Кичик ўғил эса унинг тамоман акси — оғир меҳнатга тоқати йўқ, осон йўл билан мўмайгина пул топсам, дейдиганлардан; мактабни амал-тақал қилиб тугатдию шаҳардаги энг катта меҳмонхонага официант бўлиб жойлашиб олди.
Онанинг бор умиди қизида қолганди. Унинг учун қиз қайси соҳани танлаши муҳим эмас, ишқилиб, олий маълумотли бўлиб олса — шу кифоя. Қизнинг ўзи ҳам мактабда яхши ўқиганди, лекин ҳужжатларини инглиз тили бўлимига топшириб, ҳар қалай жуда баланд дорга осилди. Онани хавотир босди — бундай даргоҳлар эшигини баъзилар уч-тўрт йиллаб қоқиб ҳам очолмай қайтиб кетишарди… Аммо, пешонасига ёзилган эканми, дўст-душманни доғда қолдириб, қиз биринчи йилиёқ ўқишга қабул қилинди. Кўчаларида бўлди дув-дув гап… Бунақанги омад ҳалигача на қариндош-уруғ, на маҳалла-кўйдан бирор кимсага насиб этганди. Қувончдан эсанкираб қолган она, кимни кўрса оғзини тўлдириб; “қизим фало-он ерда ўқийди”, деб мақтанадиган бўлди…
Худди ўша йили бошқа бир воқеа ҳам юз берди — Искандарбей хиёбонидаги Анвар Хўжа ҳайкали ағдарилди.
Ҳокимият ўзгарди… Ўшанда қанчалар суюганлари, кўчаларга, хиёбонларга чиқиб, бир-бирларини табриклаб байрам қилганларини, одамлар беш-олти йилдан сўнг пешоналарига уриб эслайдиган бўлишди — тузум ўзгариши билан кўп ўтмай ҳаммаёқ алғов-далғов бўлиб кетди… Ўлкада жуда оғир иқтисодий танглик юзага келди. Хомашё йўқлигидан аксар завод-фабрикалар ёпилди. Аҳоли ишсиз қола бошлади…
Ишсизлик қисматига оилада энг аввал отаси дучор бўлди — заводдаги иш ўринлари қисқарувига тушди. Кейин заводнинг ўзи биратўла ёпилиб, катта акаси ҳам ишсиз қолди… Акаси заводда саккиз йил мобайнида ишлаб топган пулини емай-ичмай, уй олишга йиққанди.
Эндигина уй сотиб олиб, уйланиб, бола-чақа қилган кези, “Вефа — Банк” даранг-дурунги бошландию Тирананинг ярим аҳолиси каби у ҳам лаққа тушди — қўйган жамғармаларини, ваъда қилинганидай, тез орада мўмай-мўмай фойдаси билан қайтариб олаётган одамлар, банкка тобора катта миқдорда пул ўтказа бошлашганди; акасининг қўшниси эса таваккал қилди — яшаб турган икки хонали квартирасини пуллаб, маблағнинг ҳаммасини банкка қўйди ва оз фурсатдан сўнг йирик даромад билан қайтган пулига уч хонали квартира, яна эскироқ автомобил ҳам сотиб олди, буни кўриб тинчини йўқотган акаси, ҳеч кимнинг гапига қулоқ солмай, шоша-пиша қўшнисининг ишини такрорлади ва … бор-будидан ажради — пул ўтказган кунидан бир ой ўтар-ўтмас, банкнинг “сингани” ҳақида овоза тарқади… Шаҳарда тўс-тўполон кўтарилди. Одамлар “пулимизни ундириб бер”, деб Солиҳ Беришанинг ёқасидан олишди; президент тайинли иш чиқаролмагач, кишиларнинг ўзи қуролли тўдалар тузиб, банк бошқарувчиларининг уйларига ҳужум қила бошлашди. Кимлардир пулини қайтариб ололди ҳам… Зўравонликни эплолмаганлар эса додини айтиб қолаверди… Шундай қилиб, шўринг қурғур Албаниянинг катта миқдорли ишсизлари ёнига, ундан-да кам бўлмаган миқдорли уйсизлар ҳам қўшилишди. Уйсизлар, агар айни вақтда ишсиз ҳам бўлишмаса-ку, бирор арзон-гаров уйни ё ҳеч қурса биттагина хонани ижара олиб яшаб туришлари мумкин эди, акс ҳолда, қариндошларга сиғиндилик қилишдан ўзга чоралари қолмасди…
Қизнинг акаси ҳам, аввал ўзи, кейин хотини ишсиз қолгач, ашқол-дашқолини кўтариб онасининг уйига кўчиб келди.
Икки хона, бир айвондан иборат уйда саккиз жон тиқилишиб яшай бошлашди. Уйдагилар бир-бирлари билан чиқишолмасди — янгаси онаси билан, кичик акаси катта акаси билан…
Отаси эса бу уйда бегонадек эди… Ўзи азалдан бировга қўшилмайдиган, тажанг, “соқов” одам, ишидан ажрагач, бутунлай “ёввойи”га айланди.
Уззукун ҳовли бурчагидаги устахонасига қамалиб олиб, керак бўлса-бўлмаса бирор нимани йўниб-рандалаб ўтирар, баъзан ўша ерда тунаб ҳам қолаверарди. Рўзғорга нафи тегмаётганидан уялармиди, дастурхонга чақирсалар, сира келмасди. Овқатини ҳам устахонасига олиб кириб берадиган бўлишди…
Қиз отаси билан ўтириб, бирор нима ҳақида гаплашганини эслолмасди… Маҳаллада эса баъзилар чолни ҳатто бироз эсипастга ҳам чиқариб қўйди. (Бундайлар қариндошлар орасида ҳам топилса керак). Кўчада ўйнаб юрган болалар уни кўришлари билан қўрқиб қочиб кетишарди…
Уйларида энди фақат икки киши — онаси ва кичик акасигина ишли эди. Катта акасининг топиш-тутиши тайинсиз — аҳён-аҳёнда қўшни-пўшнилардан буюртма тушиб қолишини айтмаса, аксар вақтини бозордагиларга “ёрдамчилик” қилиб ўтказарди. Қиз билан янгаси икковлон, сутчи қўшниларидан пича иш олишган — эрта-азон туриб, мижозларга сут-қаймоқ элтиб беришар, кечқурунлари ҳам чиқиб, яна у-бу ишларга қарашиб қайтишарди.
Қора қозонлари қайнарди, ишқилиб.
Тўртинчи курсга ўтганида, катта акаси оиласи билан хорижга жўнаб кетди — янгасининг беш йилдан бери Грецияда яшаб-ишлаётган қариндоши эр-хотинга ўша ердаги қурилиш ширкатидан иш топиб берди… (Бўлғуси маошлардан тўланажак яхшигина “чўтал” эвазига, албатта.) Хатларида нуқул, у ердаги ҳаётнинг қимматлиги, “чўтал”дан орттирганлари қорин тўйғазишга кифоя қилмаётганини нолиб ёзарди…
Кўп ўтмай, кичик акаси ҳам жўнади — хотинининг уйига. Меҳмонхонада буфетчи бўлиб ишлайдиган, ўзидан етти ёш катта, аввал икки марта эрдан ажрашган аёлга уйланмоқчи эканини эшитганидаёқ, онаси “ультиматум” қўйганди; “агар ўшани дейдиган бўлсанг, қайтиб қорангни кўрсатма”. Акаси шундай қилди ҳам — қайтиб қорасини кўрсатмади…
Университетни битириши арафасида онаси ҳам кетди. Юрак хуружидан… Онанинг йўл-йўриғисиз бирор қадам босиб ўрганмаган қиз, бўрон қутуриб келаётган уммондаги якка қайиқчи мисол саросимада қолди… Бир ёқда яна тирикчилик ваҳимаси — мактаб муаллимининг маоши гадойга садақадай гап эди бу замонда.
Яхши ҳамки, худо бор. Маъракага келган қариндош аёл, хорижлик бир сармоядорнинг уйида оқсоч бўлиб ишлаётгани, ўша уйга болаларга қарайдиган энага ҳам кераклигини айтиб қолганди; тўланадиган пул ишхонадаги ойлигига икки баравар келишини эшитиб, қиз эртасигаёқ уй эгаларига учрагани борди.
Эндигина тетапоя бўлаётган эгизак қизчаларга бир йилга яқин энагалик қилди… Уй бекаси — очиқ юзли, хушмуомала аёл қизни жуда ёқтириб қолганди; сармоядор Албаниядаги фаолиятига якун ясаб, уйига отланган пайт, агар рози бўлса уни ҳам ўзлари билан бирга олиб кетишларини айтди. Рози бўлмай ўлибдими — у ерда иш ҳақи янада юқори: отаси билан бир уйда яшашдек уқубатдан қутулади ҳам. (Чол охирги кунлар бутунлай “айниган”, кеч оқшомлар ҳовлидаги супада ўтириб олиб қадим-қадим халқ қўшиқларини эзилиб хиргойи қилар, бунинг охири эса, албатта, ҳўнг-ҳўнг йиғи билан тугарди…)
Онасидан ўтган ирим-сиримчилиги бор эди — йўлга оғирлиги тушмасин деб, бўлажак сафар ҳақида чолдан бошқа ҳеч кимга “чурқ” этмади; фақат учоққа чипта олинганидан сўнггина, уч-тўртта яқин қариндошлари, дугоналарига хабар берди, шунда ҳам кетар кунини аниқ айтмади…
…Ховлидан болғанинг бўғиқ дўқиллаши эшитила бошлади. Қиз яна соатига кўз ташлади. Назарида вақт жуда имиллаб ўтаётганди.
Жомадонини кўтариб ҳовлига тушганида, отаси устахона эшиги ёнида чўккалаб ўтириб, туфлисининг кўчиб кетган пошнасига мих қоқарди.
“Аэропортгача кузатиб бормоқчи шекилли. Бунақа пойафзал билан… — Кўнгли яна хижил бўлди. — Юборган пулларимдан янги уст-бош олиб кийиш, ҳойнаҳой, эсига ҳам келмаса керак…” Қиз биринчи маошиданоқ яхши пойафзал, уч-тўрт сидра кийим-кечак олиб жўнатишни дилидан ўтказди.
— Мен кетяпман… — туриб-туриб зўрға оғиз жуфтлади қиз. — Йўлгача опчиқиб қўйсангиз бўлди. У ёғига ўзим… — Отаси бошини кўтарганди, гапи оғзида қолиб, қўлидаги жомадонни тушириб юбораёзди — чолнинг қовоқлари йиғидан қизариб-шишиб кетган, киприклари ҳамон ҳўл эди…
Қиз турган ерида серрайиб қолди.
“Эй худойим… Кераги бормиди шуни… Нима истайди ўзи мендан…”
Жомадонни ерга қўйди. Қўлларини асабий чоғиштириб, ичидаги ўй ташига чиқиб кетишидан қўрққандай лабини тишлади.
Чол индамай келиб жомадонни қўлига олди. Хиёл букчайганча эшик томон юра бошлади…
Қиз ҳовлининг шўрхок босган деворларига хомуш кўз югуртирди. Сафар куни белгиланганидан бери шу уйдан чиқиб кетадиган лаҳзаларини тоқатсизланиб кутганди. Эшик ёнида туриб эса, бу ерлардан бутунлай бош олиб кетганида ҳам, мана шу олақоронғулик, мана шу дилсиқар муҳитнинг бир бўлаги юрагида тоабад яшаб қолишини сезди…
Туш пайти бўлгани учунми, кўчада ҳеч зоғ кўринмас, чангга қоришган чирик хазон парчалари шамолда ер бағирлаб учарди. Ёмғирпўшининг чўнтагига қўл суққанча, атайин беш-олти қадам ортда бораётган қиз қўни-қўшнилардан кимдир учраб қолмаётганига суюнарди — шу топда биров билан хайр-хўш қилишга сира тоби йўқ эди.
Катта йўл бетига чиқишлари билан, нарироқда тўхтаб турган такси жомадонли йўловчиларни кўриб жойидан жилди… Жуда қисқа фурсат — жиккаккина тепакал ҳайдовчи жомадонни юкхонага жойлаб бўлгунича ота-бола ёнма-ён қолишди. Қиз отасининг бирор нима дейишини истарди. Сафарга кетаётганларга айтилувчи оддийгина бирор нима… Туфлиси оёғини сиқа бошлаганди. Йўлнинг нариги бетидаги берк газета дўкони ёнида калта ёмғирпўшли, гавдаси бесўнақай аёл пештахтага суянганча писта чақар, рўмол остидан чиқиб қолган бир тутам оқ аралаш сочи шамолда тўзғаб юз-кўзларига уриларди… Қиз унутган нарсасини эслади — рўмол, аэропортда ўраб олиш учун олган янги рўмоли жавон устида қолиб кетганди…
Эшик тутқичини ушлаганча яна бир оз кутди. Чолдан садо чиқмасди.
— Хайр… — деди қизнинг ўзи ниҳоят. “Хайр, дада”, демоқчи эди, охирги сўз бўғзида қотиб қолди… “Ё худо… наҳотки ҳозир ҳам индамай тураверса…”
Қизнинг сабри тугади. Машинага ўтириб, эшикни ёпдию жаҳл билан сумкасини кавлаштира бошлади. Кўз-кўзга тушишидан қочарди…
Шофёр моторни ўт олдиргач, барибир бошини кўтарди. Чол ҳамон ўша алпозда — қўллари шалвираб, боши хиёл сўлга оққанча бақрайиб турарди. Ниманидир кутарди гўё…
Фақат аэропорт йўлига бурилишлари олдидан… Қиз “лоп” этиб қаршисида пайдо бўлган манзарани ҳайдашга уриниб, кўзларини чирт юмди… Шундоқ боғча панжараси ортидаги йўлда автобус кетиб борарди. Тарбиячи тўрт яшар қизчанинг елкасидан чангаллаб ушлаганча болалар тизилишиб ўтирган ёзги айвонча томон судрар; ҳавода, яқинда сув сепилган асфальт, қандайдир ўт-ўланнинг ўткир иси, нонуштага пиширилаётган бўтқа ёрмасининг ҳиди қоришиб кетганди… “Да — да — а — а, да — да — жо — о — он, кет — ма — а — нг…” Қизча мўъжиза юз беришига умид қилмасди, фақат энг ёмон кўрган ерида яна қолаётганига осонликча кўнишни истамай, бор овози билан бақираверди…
Мўъжиза эса юз берди… Узоқлашиб кетган автобус бирдан тўхтади… Отасининг эгнида… енги калта ҳаворанг кўйлак… бошини сарак-сарак қилганча йўл ёқалаб юриб келарди… Тарбиячининг “ҳай-ҳай”лашига қарамай, отаси уни уйга қайтариб олиб кетган, адашмаса, ўзи ҳам ўша куни ишига бормаганди. Йўлда бозорчага кириб ўтишгани, кейин ҳовлидаги супада оёқларини осилтириб ўтирганча роса ерёнғоқ чаққани, қарсиллатиб кўксултон егани эсида… “Ё парвардигор … ахир… бўлганди-ку, шундай кунлар ҳам… бўлганди…”
Агар ҳозир… Ахир ҳали вақт бор… Шофёрдан ортга қайтишни сўрайди, бориб… кўнгилни кўтарадиган, тасалли берадиган бирор нима дейдию… яна қайтади. Ахир бунинг иложи бор ҳали… Қиз бир лаҳзагина тараддудланди. Бир лаҳзагина… Кейинги лаҳзада бу телбаликдай бўлиб туюлди. Шаштидан тушди… “Барибир фойдаси йўқ, — бўшашиб ўйлади қиз. — Барибир… барибир энди кеч…”
Чиндан ҳам энди жуда кеч — машина аллақачон аэропорт йўлига бурилиб, теп-текис асфальт узра шамолдек елиб борарди…
Қайтиб учрашмасликлари — атиги икки ойдан сўнг, отаси ҳам худди онаси каби юрак хуружидан вафот этишини, қиз албатта, билмасди ҳали. Ният қилганидек, биринчи маошидан сотиб олган пишиқ тагчармли пойафзал, умрининг охиригача доимий ва ягона ҳамхонаси бўлиб қолиши ва умрининг охиригача — кексайган сари кўпроқ — тушларида ўзини катта йўл ёқалаб, отаси қолган бекат томон югуриб кетаётган ҳолда кўришини ҳам, табиийки, билмасди ҳали…
Тошкент— Тирана— Мадина
2001— 2002 йиллар.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2003 йил, 3-сон