«…Мен катта бўлсам милтиқ сотиб оламан.»
«Милтиқни нима қиласан?..»
«Отамни отаман!!!»
I
Қирқ тўртинчи йил декабрининг бошларида, қорахат келганидан роса бир йилдан сўнг, ёғин-сочинли кунларнинг бирида терсоталик Нормат полвон бир оёғидан айрилиб урушдан қайтди. Урушдан мажруҳ бўлиб қайтиш одатдаги воқеа бўлиб қолганлиги учун ҳеч ким унинг майиб бўлиб қайтганлигига ажабланмади. Сўнгги уч йил ичида урушга соппа-соғ кетиб, бирон мучасидан айрилиб қайтиш ҳодисаси тез-тез содир бўлиб турарди. Уруш бошланган йилиёқ юқори Тераклидан уста Пирназар қўлидан ажралиб қайтганди. Икки йил олдин эса Қўрғоности қишлоғидан Мулла Турди кўзидан айрилиб қайтди. Шу йилнинг бошида Янгибой ҳисобчи қишлоққа ғилдиракли аравада кириб келди. Унинг қуллар уруғидан бўлган хотини икки-уч ой сочини юлиб юрди-ю, кейин кўникиб қолди. Бироқ, ёз бошларида отланиб Қамашига тушиб кетди, бир ҳафталардан кейин эски юк машинасида қайтиб келиб, эрини қаёққадир олиб жўнади.
Ўн кунлардан сўнг бир ўзи якка қайтди. Одамлар унинг эрини Қаршидаги ногиронлар уйига ташлаб келганини билишди. Янгибойнинг соқов укаси ёзнинг охирида янгасини ўласи қилиб савалади. Қўшнилари эртаси чошгоҳ маҳали уни оғзи-бурнидан қон келиб беҳуш ёттан ҳолда оғилхонадан топиб олишди. Терсоталикларга Янгибой ҳисобчига қараганда Нормат полвоннинг майиблиги арзимас бўлиб туюлди. Унинг фақат бир оёғи, шунда ҳам тўпиқнинг усти кесиб олинган ва ўрнига ясама оёқ ўрнатилган эди. Шу сабабли чўлоқланиб бўлса ҳам у бемалол юра оларди.
Эртасига қишлоқ чеккасидаги катта айвонли пахса уйда кичкина тўй бўлди. Қари бўлса ҳам анчагина семиз эчки сўйилди. Қайноқ шўрванинг ҳиди Терсотага ёндош Олма ва Супа қишлоқларигача таралиб турди.
Нормат полвонни кўриш учун келган қишлоқдошлари ўзлари тасаввур қилган норғул, барваста, умрида олишиб кўрмаган, лекин суяги йирик бўлгани учун «полвон», деб ном олган, қишлоқнинг олд чавандозларидан бири, қоматидан куч ёғилиб турган, ўттиздан энди ошган ўктам Нормат полвонни эмас, озиб, мушаклари шалвираб, бўйин томирларида ажинлар пайдо бўлиб, яра излари қолган, ҳали дориларнинг бадбўй ҳиди кетмаган, кўринишидан элликни берса бўладиган, сочлари оқара бошлаган, ўзлари эшитган урушнинг тирик гувоҳини кўрдилар. Қишлокдошлари унинг юзидаги заҳилликка, куйган қулоқларининг орти ола-кула бўлиб қолган бўйинларига ва тез-тез сарак-сарак қилиб, силкиниб турадиган бошига ҳеч кўника олмадилар.
Йиғилганлар беш-олтита қари қартангдан ва оналари қошида ёки ҳовлида ўйин бошлаб юборган болалардан ташқари аксарияти аёллар ва кампирлар эди.
Жойни аввал печкали хонанинг ўнг тарафидаги катта, кенг совуқ хонага солишганди. Аммо кампирлар келиб, жойни иссиққина печкали ётоқ уйга ўтказишди.
— Шусиз ҳам Норматбойнинг меҳмонхонаси борлигини биламиз. Бу ерда ҳеч ким бегона эмас. Бизга шуниси маъқул. Бесаришта, тўзиб ётган уйда ўтирма-сак, ўтиргандай бўлмаймиз, — дейишди улар.
Печкали хона ҳам кенг эди, тўрда тахмонга кир-чир ва қуроқли кўрпачалар, турли рангга бўялган ҳосилот пўстаклар, ҳар хил гуллар чизилган наматлар, қўлда тўқилган гиламлар йиғиб қўйилганди. Хонанинг шифти баланд, лойсувоқ деворларнинг икки томонига қуш, кийик, бир тувак бодомгулни ўртага қўйиб, бир-бирига тикилиб турган йигит ва қизнинг сурати, қўзилар ўтлаб юрган тоғ этагининг ҳамда кўклам кунларининг тасвири солинган иккита узун сўзана осилган эди. Кашталар тагидан иккита қизил гулли яшил рўмол илинган, рўмоллар кўп вақт турганидан деворнинг нусхи уриб, рангсизланиб қолганди. Сўзанага қараган одам уни тиккан қиз чевар бўлганини ва бу кашталарда ўша чеварнинг қизлик орзу-умидлари барқ уриб турганини, булар келинлик сарполари эканини сезар, бу кашталарда балоғат орзуларини кўриб, беихтиёр энтикиб қўярди.
Одатдагидай урушдан қайтганларга қилинадиган ҳурмат маъносида тўрда Нормат ясама оёғини соғ оёғи устига қўйиб, учта лўлаболишларга суяниб ўтирар, унинг икки томонида ёнбошлаган ёки деворга суяниб олган чоллар Норматни шунчаки гапга солиб ўтиришарди. Печка атрофида эса кампирлар ўнг томонда ўтирган чоллар томон энгашганча қизғин суҳбатга берилган эдилар; гоҳида чоллар шумлик қилиб, секин чимчилаб олса, улар ўшшайиб қолган, ажин босган юзларига уялган тусини беришганча тилларида «ҳе, ўл, қариб суюлмай, соқолинг остида қолгур», деб тишсиз оғизларини очиб ҳиҳилар, ўзлари эса чолга яқинроқ сурилиб ўтирар, хотинлар ҳам гўё бу ерга бир-бири билан чуғурлашиш учун келишгандай эди: гоҳ ажабланганини, гоҳ хурсанд бўлганини, гоҳ қайғуришаётганини билдириш учун юзларини буриштириб, қошларини ёзиб, ёқаларини ушлаб, яна қўйиб юборишиб, лабларининг бир четидан «чўлп» этиб товуш чиқариб, ҳайратланган бўлишар, ҳамишагидек кимларнидир ғийбат қилишга киришиб кетишган эди. Ташқарида қозон-товоқнинг даранг-дурунги, болаларнинг «Бўлмайди, бўлмайди, қайтадан», деб чувиллашаётгани ва аёл кишининг: «Ҳа, жувонмарг тўқол, укангди ўйнатмай эрларингминан ўйнаяпсанми?» — деган шанғи овози орасида Шариф чавандознинг нимадир буюрган ёки кимнидир, афтидан, болани: «Ҳап, сеними, отангнинг илигига… Шундай қилаберсанг қизимди бермай қўяман», деган бир оз хирқироқ, қувноқ овози келар, гўё ҳамма бу ерга нима учун келганини бир лаҳзадаёқ унутишгандай ёки унутишга ҳаракат қилишаётгандай туюлар эди. Нормат эса қишлоқдошларининг юзларига сўзсиз, жим тикилиб қўяр, нимадандир изтироб ёки хижолат чекаётгандай эди. Ҳамманинг оддида чўзилиб ётишни эп кўрмай, ўрнидан туриб ўтиришга ҳаракат қилар, бироқ ясама оёғи халақит берар, у яна аввалгидай чўзилиб олар, икки кундан бери келиб-кетаётганларнинг, қишлоқдошларининг юзидаги ачиниш ва ҳамдардлик ифодаларини кўриб, оёғини кесишаётганда бошланган камситилгандек туйғу уни яна гирдобига олмоқда, ичкарига кириб-чиқиб турган, кечаси билан унинг кўкрагига уриб, оҳ-воҳ қилиб, йиғлаб чиққан, ҳозир ҳам сулувлигини йўқотмаган хотинини жим кузатар, ундан тўрт йиллик айрилиқ асоратини ахтарар, лекин негадир излаётганини илғамаётгандек, бу асорат унга сабаби номаълум бўлган бегоналик ва тундлик билан қоплангандек туюлар эди.