Назар Эшонқул. Тун панжаралари (қисса)

Бошимға, кўрки, не тун келтурибсен
Алишер Навоий

«… Сен юксак-юксакларда, одам идроки ҳам, онги ҳам етмас юксак-юксакларда учиб юрасан. Сен энди ҳеч қачон ерга қайтиб тушмайсан; сенинг борлигингга одамлар фақат тонг пайти ёки ёмғирдан сўнг кечки шафақнинг шаффоф нурлари уфқни чўмилтирганда ёки тўлин ой чиққандагина гувоҳ бўладилар, сенга сиғинадилар, сенга атаб қўшиқлар тўқийдилар, сенинг ерга тушишингни ялиниб-ёлвориб сўрайдилар, сен эса ҳаммасидан бехабар юксак-юксакларда учиб юраверасан. Мен сенсиз мазмуни қолмаган у саҳройи-биё-бонни сарсон-саргашта кезиб юраман: кимга тавоф қилишни, кимга сиғинишни, кимни севишни, кимдан нафратланишни билмайман. Сен эса юксак-юксакларда учиб юраверасан, энди ҳеч қачон ерга тушмайсан, ҳеч қачон, ҳеч қачон…»
Мана тун. Тунда менинг бошқаларникига ўхшамайдиган умрим бошланади. Тунда мен ўтган кунла-рим ва келажагим билан учрашаман: улар худди сўнаётган юлдузлардай кўз олдимдан бир-бир учиб ўтади.
Дераза ёнида қурбақа қуриллади, унинг нағмасидан бехос чўчиб тушдим, сўнг қуриллоқ секин сўнди ва нариги бинонинг юқори қаватларида қандайдир бола чинқириб йиғлаб юборди. Изидан аёл кишининг зардали овози эшитилди. Бола эса алламаҳалгача ўксиб-ўксиб йиғлаб ётди. Шунда менинг хаёлимга — балки бола узоқларда, менинг ўтмишимда йиғлаётгандир — деган ўй келиб қолди. Ким билади, шундай бўлиши ҳам мумкин-ку; бу азим тун қўйнида ўксиб-ўксиб йиғлаётган балки менинг болалигимдир? Балки ҳеч қачон туганмас бу тун мени болалик билан юзма-юз қилмоқчи бўлгандир. Агар шундай бўлган такдирда ҳам болалик билан менинг ҳозирги ўттиз бир ёшим орасида жуда катта жар бор. Бу жарлик менимча, энди ҳеч қачон йўқолмайди. Мен болалик олмасининг айниган, бузилган томониман. Олмани ейишар экан, одамлар ҳамиша чириган жойини кесиб ташлашади. Агар энди мен яна нимагадир ярашимни ҳис қилганимда ҳам бу умр олмасининг чириган қисмини кесиб ташлашим керак.
Мен ҳозир бахт ва бахтсизлик ҳақида гапирмоқчиман. Одам ҳаётда ўз ўрнини билиши учун бу саволларга жавоб топиши зарур деб биламан. Лекин негадир менинг бу саволим кўпларнинг кулгисини қистатди, улар ошкора ва яширин менинг устимдан кулдилар. Шундай бўлса ҳам мен бугун бахт ҳақида гаплашишга аҳд қилдим. Балким, шунда ўз умримни, ҳаётдан нима излаётганимни ва нимага эришганимни оз бўлса ҳам тушунтириб берарман.
Тун гуллари ҳам бир-бир очила бошлади. Афтидан тун ўзининг улуғворлиги ва гўзаллигини билса керак — мен мана шундай оқшомлари кимнидир интиқ бўлиб кутаман.
Тун шоҳона либосда аста-секин ҳамма нарсани ўз измига бўйсундирмокда.
Тун хушбўй сиёҳранг атиргулга ўхшайди. Бу гулни ким узиб кўк қўйнига қўйиб кетди экан, мен билмайман.
Шайтон ҳам хонамда мана шундай ёз кечаларининг бирида, ҳали Сулаймон билан танишмасдан олдин, журналдан ишдан кетган, бекорчиликдан кун бўйи шишиб ухлаб, кечаларни эса ё кўча кезиб, ё китоб ўқиб ёки шунчаки шифтга тикилганча, туш бўлиб — тушга, ўнг бўлиб — ўнгга ўхшамайдиган апоқ-чапоқ хаёллар билан ўтказадиган, китобларда жуда келиштириб ёзилгандек, «беором ўтган» тунларда пайдо бўлган эди. Мен ҳанузгача тушунолмайман. Шайтоннинг нимамга ишқи тушди экан? Тунлари «беором» бўлишимни айтмаса, бошқалардан ҳеч ажралиб турадиган жойим йўқ эди. Аксинча, тенгдошларимнинг ичида энг омадсизи мен эдим. Афтидан, шайтонларнинг бизнинг ақлимиз етмайдиган ўз одатлари ва қонунлари бўлса керак. Мени унинг ташрифи ҳайратга солгани йўқ, — мен ўша пайтлари ҳеч нарсадан ҳайратланмай қўйган, унинг ташрифини ҳатто олдиндан сезиб юргандай ҳам эдим; мени ҳайратга солган нарса, худди Нитсше тасвирлагандек, сочининг малла тусдалиги бўлди, у жуда ҳам сурбет ҳамда бутун вужудидан, ҳатто ичак-чавоғидан ҳам шубҳа уфуриб турарди; у ҳамма нарсадан шубҳа ва ишончсизлик изларди; бироқ эътироф этиш керак, у жуда ақлли ва маккор эди.

Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.