Хат қисқа ва зардали эди — “Ойтўлди энанг оғир ётибди. Жони узилмасдан кел!”— бунақа дағал жумлаларни фақат аммам ёздириши мумкин, бошқа ҳеч ким. Пашшанинг қанотидай келадиган шу бир парча қоғозда ҳам Ойтўлди энамга нисбатан бир умр тарк этмаган таъна-ю дашномини, ўзининг азалий муносабатини билдириш учун “Ойтўлди энанг” дея истеҳзо қилгани ва бундай пичингу киноялар фақат аммамнинг қўлидан келишини хатни ўқигандаёқ тушунган эдим: асли менга янга бўлган, лекин кейинчалик дадам ва онамнинг хоҳиши, саъйи-ҳаракати билан фақат менинг эмас, ўзининг ювошлиги, жонсараклиги, тилидан “жоним”, “жоним” тушмаслиги, тенг-тўшларимнинг ҳаммасини “ўзимнинг болам” деб эркалаши туфайли барча қишлоқ болаларининг ҳам тутинган онасига айланган, улар улғайиб, ҳаётнинг ташвишларига ўралашиб қолиб, ўз жужуқларига ҳам меҳр беришга вақтлари етмай қолгач, Ойтўлди энамнинг қишлоқдаги ҳар бир норасидага меҳр беришга, кўнглини олишга, биронта бола оғриб, ётиб қолганини эшитса, пишириқлару табибчиликдан андак хабардор бўлган отасидан ўрганган қайнатмаларни дамлаб, бир пасга бўлса ҳам кўриб, эркалаб келишга ҳар қандай маҳал, ҳар қандай фаслда, изғирину жазирада имкон топганидан ҳайратга тушган, умр дафтарларининг бир буржида ҳамиша уйининг бир четида кўча тўлдириб ўйнаётган болаларга ҳавас ва орзуманд тикилиб ўтирадиган, олдидан ўтган ҳар бир болани уйига олиб кириб, қанд-қурслар билан сийлайдиган қиёфада сақланиб қолган бу ўксик кўнгил соҳибасига нисбатан меҳрлари янаям ошган, мен тенгиларнинг деярли ҳаммасининг хотирасида қишлоқ кўчаларида ёр-ёр айтиб узатиб келишаётганда шамол олиб қочиб кетган рўмоли изидан югуриб юрганда бўйни-ю кўксини безаб турган зебу гардон жилосида юзи худди тўлин ойдай ёришиб кетган келинчак бўлиб қолган аёлга нисбатан бошқа ҳеч ким ҳар бир ҳарфида жону жаҳонни ўртайдиган иддао билиниб турган бундай сўзларни ёзишга журъат этолмасди. Аммам хат ёзибдими, демак, тутинган энамнинг аҳволи оғирлиги рост. Йўқса, аммам тўшакка михланиб қолса ҳам мени безовта қилишни, тутинган энамни деб шаҳарга хабар юборишларига рози бўлмасди. Энам шўрлик қўлини синдириб олганда ҳам, кейин оёғини ололмай бир қиш ўрнидан туролмаганда ҳам аммам барча яқинларимизга бу ҳақда менга бир оғиз билдирмасликни тайинлаган эди. “Чивин чақса ҳам жиянимни чақириб, сарсон қилманглар, ишдан қолдирманглар. Духтур одамнинг вақти йўқлигини ўзларинг ҳам биласизлар. У эса духтурларнинг каттаси” деб ҳаммага ўз ҳукмини ўтказганини синглимдан эшитгандим. Таътил пайти қишлоққа борганимда бир йилда саҳро жазирасида қовжираган бўтадай қуриб-сўлиган энамни кўриб, тафсилотини эшитганимдаёқ аммам шу йўл билан дунёда жонидан ҳам яхши кўрган ва бир умр фақат дарди билан яшаган акаси – тутинган отам учун Ойтўлди энамдан ўч олаётганини ва токи тирик экан, бундай қасослар ва хўрлашлар, дашному таъналар давом этишини сезгандим. Аммам энамга нисбатан жуда шафқатсиз ва муросасиз эди. Энам бечора эса аммамни кўрса, ўзини қўярга жой тополмай, калавасини йўқотиб қўяр, ҳар қандай ҳақоратли гапини индамай бошини эгиб эшитар, тутинган отамдан ҳам кўра аммамнинг танбеҳидан чўчир, ҳар бир сўзини қонун, ҳар бир ишорасини, ҳар бир ҳаракатини ўзига норозилик деб билар, кўнглини олиш учун жонини беришга ҳам тайёр эди. Аммам, гарчи энам ўзининг жамалакдош тенгдошларидан, болалик сўқмоқларида бирга ўйнаб ўсган дугоналаридан бўлса ҳам бу уйда ўзини худди қайноналардай тутар, кира солиб тагига қалин, тоза кўрпача ташлашини намойишкорона кутиб турар, сўнг агар амаким ё эркак киши бўлмаса, худди бу уйнинг соҳибаси ва бекасидай уйнинг тўрига чиқиб ўтирар, энам эса тик турганча унинг ҳар бир имосига маҳтал турар, аммамнинг сансираб гапиришига қарамай, “опажон” деб мурожаат қилар, бу уйнинг хўжаси табиатан ўзи каби юмшоқ феъл, ювош ва камгап бўлган амаким – тутинган отам эмас, бутун қишлоқда ўзининг тутган еридан кесиши, заҳарли тили-ю, ким бўлишдан қатъий назар, одамнинг бетига тик қараб, шартта гапириши, одамларни юзинг-кўзинг деб ўтирмаслиги билан ном қозонган аммам эди. Баъзида дадам, аммамни муросага чақирарди: “Ҳув, Биби Ойна, келинни бунчалик хўрлама. У уйнинг ўз эгаси бор. У уйга бориб эрлик қилма!” Шундай пайтлари аммам бирдан кўзига ёш оларди: “Оғажон, мен куйиб кетганимдан шундай қиламан. Акамнинг юзига қараб, юрагим ўртаб, жигарим қувраб қолади. Акам бечора кунма-кун эмас, соат сайин чўкиб бораяпти, тирноққа зор ўтаяпти. Бу эркатой келинингиз эса туғай демайди! Акамни боши эгик кўрган сайин келинингизни ғижимлаб, эзғилаб ташлагим келаверади!” Бу важ дадамга таъсир қилар, индамай қолар, лекин барибир “Худонинг ишига аралашма”, деб қўярди. Бу гап аммамни янада қўзғаб юборарди: “Агар гап фақат худода бўлса индамасдим, лекин ҳамма айб Ойтўлдининг ўзида. Бу қорабосгурнинг ўзи қисир! Агар акам бошқага уйланганда аллақачон бир тўда болали бўлиб кетарди”. Дадам ҳам бошини эгиб, чуқур хўрсинарди. Менинг назаримда ҳар қандай иш қўлидан келадиган, йўқни ҳам бор қила оладиган кучга эга бўлган дадам ҳам шундай пайтлари ожиз ва нотавон қиёфага кирар, аммамга бошқа ҳеч нарса демасди. Ойтўлди энамнинг мана шу уйга келин бўлиб тушгандан – аммамнинг тили билан айтганда, “сичқон йилидан” буён фарзанд кўрмаётгани уйимизда деярли ҳар куни шу хил гап-сўзларга сабаб бўлар ва ҳамиша шундай хўрсиниқлар, аммамнинг ҳамиша тайёр турадиган кўз ёшлари-ю пиқиллашлар билан якун топарди.
Амаким билан бир ҳовлида яшардик. Уларнинг уйлари ҳовлининг этагида эди. Аммо бутун ҳовлининг супур-сидиридан тортиб, молларга бериладиган ем-хашаккача Ойтўлди энамнинг зиммасида эди. У ўзига ишониб топширилган хонадонни тирноққа зор қилаётгани учун ҳам шунга маҳкумдай эди. Буни ҳеч ким товуш чиқариб айтмас, бироқ унинг боши ишдан чиқмаётганини билиб-кўриб турса ҳам, бу юмушларнинг ярми бизнинг, болаларининг вазифамиз эканини билишса ҳам на дадам, на онам бир оғиз бирон нарса демасди. Гўё шу билан аммамнинг энам ҳақидаги гапларини тасдиқлашгандай, қўллашгандай бўларди. Шундай пайтлари дадам ҳам аслида Ойтўлди энам ҳақида аммам каби ўйлашини, фақат буни товуш чиқариб айтмаслигини сезиб қолардим. Мен амакимнинг уйида бола йиғиси эшитилмаётгани сабабли ҳам янгам ўзини бу хонадон олдида айбдор деб билишини, айбдорлигини озгина бўлса ҳам енгиллатиш, юмшатиш учун уйдаги энг қора ишларни, пана-пастқамда қўни-қўшни аёллардан эшитганим “бориб-турган чўриликни” ҳам зиммасига олганини сезардим: бу ишлардан бирон марта нолинмас, аксинча куч-қувват олаётгандай, бу ишлар унинг фақат кўнгли эмас, қаддини ҳам букиб қўйган дарду-андуҳини енгиллатаётгандай туюларди. Мен бу аёлнинг қачон туриб, қачон уйғонишини шунча йиллар бирга яшаб ҳеч қачон кўрмаганман: туннинг қайси маҳали бўлишидан қатъий назар мен ухлаётганда энам ҳали уйғоқ бўларди, эрталаб тонг саҳарда турган пайтларим ҳам энам ўчоқ бошида куйманиб юрарди: биз болаларга хом сутнинг қаймоғи, кейин қайнаган сутнинг тагида қолган қасноғини ўз вақтида тайёр қилиб қўяр, кейин бизнинг уни талашиб-тортишиб еётганимизни кўрса, кўзлари қувончдан ёниб кетар ва яна бошқа ишлар билан андармон бўларди. Мен энамнинг чарчаганини, бир пас бўлса ҳам нафас ростлаганини деярли кўрмасдим. Энам ҳамиша ҳаракатда, ҳамиша нима биландир овора, нима биландир машғул эди. Бироқ унинг ҳовлини тил тегса ялагудек супуриб-сидирганлари ҳам, уй-рўзғор учун эртаю кеч жонини жабборга беришлари ҳам аммамнинг бутун қишлоқнинг ҳар бир кўчасида, ҳар хонадонида туғ каби ҳилпираб турадиган тилини тиёлмасди. Аммам ҳар икки куннинг бирида унинг бефарзандлигини эслатиб турарди: “Сиз туғмасни деб акамнинг армонда ўтишини истамайман, агар туғмасангиз, акамни бошқага уйлантираман!” дерди. Айнан аммамнинг ундови билан Катта Ўрада амаким ва Ойтўлди янгам бормаган авлиё-ю, азиз жойлар, табибу фолчилар қолмаганди. Лекин биронтасидан наф бўлмади, чоғи. Аммамнинг тили тобора ечилиб борар, энди бу туғ қўшни қишлоқларда, бизни, амакимни, дадамни билган барча жойда ҳилпирарди. Агар Ойтўлди янгам ҳовли супураётган, биз сув сепиб турганимизнинг устига келиб қолса, шундан ҳам янгамни узиб оладиган сабаб топарди: “Белингиз оғриб туғмагансиз-да, шундай совуқда болаларга сув сепдираяпсиз. Қўйинг, бола шамоллаб қолмасин, ўзингиз сепинг. Барибир шамоллайдиган нарса йўқ сизда!”, дерди. Янгам бир зум титраб кетар, лекин тезда ўзини тутиб олиб, бир оғиз гапирмай, қўлимиздан сув идишни олиб, ўзи сепишга тушарди. Биз эса юмушдан қутулганимиздан хурсанд бўлиб, кўчага югурардик. Аммам янгамни ҳамма жойда, кўчада, уйда, меҳмонда, тўйда, азада бир оҳангда, бир хил муомала билан таъқиб қилар, аммо янгам бирон марта аммам устидан на дадамга, на амакимга шикоят қилган эмасди. У менга ҳамиша ўзининг айбини билгани учун бу ҳақорату хўрликларга чидаб яшаётгандай, бизнинг авлод-аждодимиз олдида айбдордай туюларди.
Ақлимни ҳали тўла таниб-танимаган ёшимда дадам бир куни мени ёнига олиб, ҳовли этагига, бобом кенжа ўғлимга деб қурган амакимнинг уйига олиб борди. Амаким ва янгамни олдига чақирди-да, менга “Энди, ўғлим, сиз бу уйнинг фарзандисиз, буларни ота-она деб чақиринг”, деди сизлаганча. Дадам болаларни “сиз”ладими, бўлди, онам ҳам, бошқалар ҳам, ҳаммамиз бунинг нима эканини билардик. “Сизлаш” дадамнинг “Бу масала ҳал бўлган, муҳокама қилманглар”, дегани эди. Мен хархаша қилдим, қандай қилиб янгам менга эна бўлади деган, ўзимча йиғлаган бўлсам ҳам керак. Янгамнинг айтишича, менинг йиғи-сиғимга дадам парво қилмабди. Онамга “Кийим-кечак, лаш-лушини олиб кел, шу ерда ётиб юрсин”, деб чиқиб кетибди. Йиғлай бошлаганимда Ойтўлди янгам, энди тутинган энам келиб, мени бағрига босибди, кейин ўзи ҳам қўшилиб йиғлабди. Мен уйимизга қараб чопибман. Онам ушлаб қолиб, “Сени даданг амакингга ўғил қилиб берди, уч кунгача уйга борма, ирими шундай, янганг туғгандан кейин қайтариб олиб кетамиз”, дебди. Бу гап менга ота-онангдан ажралдинг дегандай таъсир қилиб, худди улардан бир умр айрилиб қоладигандек дод солиб йиғлабман, уйни бошимга кўтарибман. Онам эса овсинига қараб, кўзида ёш билан “Бу энди сизнинг ўғлингиз, уйингизда бола йиғиси муборак бўлсин, илоё, ўз болангизнинг йиғиси ҳам эшитилсин!”, дебди. Янгам, тутинган энам қанд-қурс бериб, мени аврашга тушибди. Нима қилганини билмайман, лекин Ойтўлди энам менинг кўнглимни барибир топибди: мен унинг қучоғида пиқиллаганча чўнтагим тўла қанд-қурс билан ухлаб қолибман. Буларнинг ҳаммасини менга кейинчалик аммам айтиб берганди. “Бу қора босгур, ўзи туғмаган бўлса ҳам боланинг тилини билади”, дерди аммам алам билан. Тутинган энамнинг қучоғида ўша ухлаб қолганим мени бир умр амаким, яъни тутинган отам ва энамга боғлаб қўйди. Ўшанда дадам бу уйда бошқа фарзанд туғилмаслигини сезганми ёки қарияларнинг «Туғмас аёл бола парвариш қилиб, боланинг исини олса, туғиб кетади”, деган ирими учун мени амакимга ўғил қилиб берганми, ҳалигача аниқ билмайман. Кўпинча кечалари онамни қўмсаб уйғониб кетиб, “Уйга кетаман!” деб йиғларканман, энам мени овутиш учун истаган нарсамни олиб берар, оғзимдан чиққанини муҳайё қиларкан. Эртасига эса кечаси қилган хархашам эвазига уйимизда менга ваъда қилинган ўйинчоқлар, ширинликлар, конфетлар пайдо бўлиб қоларди. Айнан шунинг учун ҳам мен акаларимга ва тенгдошларимга қараганда эртароқ, ўша пайтда болаларнинг кўзига ўтдай кўринган юлдуз тўғали камар, катта ўйинчоқ машина, кейинчалик қишлоқнинг олди бўлиб велосипед минганман. Талтайиб кетаётганим яқинларимга билинган бўлса керак, аммам бу марта ҳам Ойтўлди энамни маломатларга кўмиб ташлади: “Ўзингиз-ку, туғмайсиз, лекин биров туғган болани бузаяпсиз. Буни кўп эркалатманг, эртага бошингизга чиқиб олади, олдин ўзингиз туғинг-да, кейин талтайтиринг!”, деди. Шундан кейин энам мен айтган нарсаларни яшириб олиб келадиган, яшириб едирадиган, яшириб ўйнатадиган бўлди. Мен бу нарсаларни кўчага чиқиб мақтангим келганда: “Аммангиз кўриб қолса, менинг жонимни олади. Аммангиз уришмасин десангиз, кўчага чиқарманг, шу уйда ўйнанг!”, дерди. Энамнинг аммамдан чўчишлари, юрак ҳовучлашлари менинг ҳам бола хаёлимга ўтириб қолганди: узоқ йиллар, токи ақлимни танигунимча аммамдан ҳамиша чўчиб, қўрқиб, қорасини кўрсам, қочиб қолиб, уйга келганда уни кўрмаслик учун ичкарига кириб кетиб, токи аммам кетмагунча уйдан чиқмай юрганман. Баъзида тўсатдан келиб қолганда ўзимни энамнинг бағрига уриб, йиғлаб юборарканман. Кейинчалик бу ҳолатимдан, аммамнинг олабўжига ҳам, хаёлимдаги қўрқинчли жонзотларга ҳам ҳеч қандай алоқаси йўқлигини англаб, ўзимнинг устимдан кулиб юрган бўлсам ҳам, лекин энам бир умр аммамдан қўрқиб, титраб-қақшаб, бошини эгиб яшади.
Мен энди амакимни “ота”, янгамни “эна” дейишга кўникиб, эсимни таниб қолганимда ёз кунларидан бирида аммам дадамнинг олдига ёқаси тик оқ кўйлак кийган йигитни бошлаб келди. Улар хонага кириб, негадир биз болаларни кўчага чиқариб қўйиб узоқ гаплашишди. Кейин йигит аммам билан бирга қайтиб чиқиб, биз билан илиқ хайрлашиб кетди. Йигитнинг очиқлиги, ширинсўзлиги, “тоғавачча” деб мурожаат қилиши, умуман, муомаласи, мени ўзига ром қилиб қўйди: унинг илиқ табассум балқиган навқирон қиёфаси бир умр хотирамда ўрнашиб қолди. Бу йигит аммамнинг овсинига катта ўғил, яъни бизга узоқроқ қариндош, жиян эканини анча кунлардан кейин билдим. Уйимизда бошланган можародан Жиян бекорга келмаганини тушундим. Аммамнинг овсинининг айтишича, Жиян Тошкентда бир машҳур духтурни танир экан, ўша духтур туғмасларни ҳам бир кўришда туғдираркан, ҳеч бўлмаганда, туғиш-туғмаслигини айтаркан. Хуллас, нақ авлиёнинг ўзи экан. Қанча бефарзандлар сабаб топиб, ували-жували бўлиб кетибди. Духтур хотинларнинг қадам босишига синчилик қиларкан, бунинг учун эр-хотин бирга бориб, бирга кўриниши, барча текширувлардан бирга ўтиши шарт экан. Фақат шу. Бошқа ҳеч нарса керак эмас. Бу хабарни эшитиб, Ойтўлди энам бироз довдиради. Бирон тугал гап айтмай яна юмушларга уннаб кетди. Аммам уни дарҳол чақиб олди: “Айб ўзидалигини билади-да, шунинг учун гезариб кетди. Айби фош бўлиб қолса, бундай яйраб юришига қўйиб бўпман! Духтур менга ўша бир парча қоғозини берсин, бир кун ҳам қўймайман, қариндошларига олиб бориб кўрсатаман, “Мана, испарапка, бизга ўтказган матоҳларинг туғмас экан!” дейман, шунда акамни бошқага уйлантирмасам, Биби Ойна отимни бошқа қўяман!” Аммам янгамнинг туғмаслиги ҳақидаги шапалоқдай ҳужжатга эга бўлишни, кейин шу қоғозни кўрсатиб, амакимнинг пушти соғломлигига шубҳа қилаётганларга, керак бўлса, бутун дунёга кўз-кўз қилиб чиқишни, шу йўл билан акажони шаънига нисбатан пайдо бўлган ҳар хил гап-сўзларнинг олдини олишни ва яна қишлоқда обрў-эътиборлари баланд бўлганлиги сабабли балки дадам ҳам айнан қатъий бир хулосага келиши қийин бўлаётган янгамнинг яқинларига кўрсатиб, масалани шу биргина ҳужжат билан бир пасда ҳал қилишни жуда истарди. Дадам босиқ, вазмин киши эди. Қолаверса, янгам Терсотанинг эскича анъаналарига, эскича муносабатларга ҳали ҳам содиқ қолган обрўли хонадонидан эди. Дадам “қуда бобо отлиқлар билан гаплашмасди, лекин бизни ўзига тенг билди”, дерди баъзида. Янгамнинг отаси бобом билан нафақат қуда, балки яқин ошна бўлиб ҳам қолганди: дадам бобом туфайли янгамнинг барча қариндошларини ўз жигаридай кўрар, аммам қанчалик оғзини тўлдириб гапирмасин, дадамнинг олдида кўпам ечилиб, оловланиб кетавермасди. Дадамнинг айтишича, умри эгарчилик билан ўтган, обрў-эътибори ҳам шунга яраша камсуқум бобом амакимнинг талаби билан қариндош бўлайлик деб совчи бўлиб борганда, янгамнинг отаси қизимни сўраб келибсиз, жонимни сўрасангиз ҳам берардим сизларга, деган экан. Бунинг сабаби бизнинг ота-бобаларимиз бир умр эгарчилик касбидан рўзғор тебратиб, шунинг орқасидан ризқ териб келгани экан. Қуда бобо ҳунар эгаларини, айниқса, ҳунарли сулолаларни жуда ҳурмат қиларкан. Қанчалик обрў-эътиборлари баланд бўлмасин, оддий эгарчи бобомни худди ўз жигаридай кўрган экан. Дадам бу воқеаларни баъзан хўрсиниб, баъзан меҳри товланиб хотирларди: мана бир неча йилдан бери бобом туфайли ўзига отадай бўлиб қолган одамнинг туғмас қизига чидаб келар: гўё бир нарса деб қўйса ёки янгам норози бўлса, худди гўрда бобом билан қуда бобо шоха кўтариб чиқиб келадигандай бу масала қўзғалганда жуда оғринар, хўрсинганча ечимни орқага ташларди.
Сезишимча, кейинги пайтда дадам ҳам бир қарорга келиб бўлгандай эди. Шу сабабли шаҳарлик духтурнинг дараги чиққач, дадам амакимни шаҳарга бориб, кўриниб келишга ундай бошлади. Бу таклиф амакимга бошданоқ хуш келмади. Дастлаб оёқ тираб туриб олди. Аммо ўжар, қайсар, акалари ичида гапи қайтмай ўрганган аммам амакимдан ҳам ўтган қайсар эди. Бир ишга аҳд қилдими, охирига етказмасдан қўймасди. Аммам гапни очиқчасига кўндаланг қўйди: “Отамнинг гўрга кирганига етти йил бўлган ошнаси деб етмиш йил чидамаймиз. Етар шунча йил сабр қилганимиз. Агар шу билан ҳам қўзиламаса, бу туғмас хотиндан ажраласиз, бошқага уйлантирамиз. Нима, бошингизга ёстиқ қилармидингиз бу бепуштни?! Бунинг кўзини ўйнатиб, бир фарзандли бўлинг.”
Бунақа гаплардан мутаассир бўлиб, бири мингга айланган амакимнинг гунгу мулзам бўлиб, бошини эгиб ўтирганини кўрганда аммамнинг фиғони мўрисидан қоп-қора тутун чиқиб кетарди: “Қандай одам эди-я, акагинам! — дерди кўзларига ёш олиб, — Қораси кўринса, итлар ҳуркарди, товушини эшитса, бўрилар қочиб қоларди, қарашидан бургут беҳол бўларди. От чопганда қирлар ўпириларди. Бу туғмас эчки акамнинг бошини эгди-қўйди. Бошини кўтаролмай, атрофга қарай олмай қолди. Кўнглини ярим қилди.” Хуллас, йиғлаб-сиқтаб, керакли жойда дўқ уриб, аммам янгам билан амакимни ўша духтурга боришга барибир кўндирди. Ниҳоят янгам билан амаким шаҳарга отланишди. Уларни шаҳарда “талаба жиян кутиб олади, ўзининг ётоғидан жой гаплашган, ўша ерда туриб, духтурга қатнашади, жиян ўқишни деярли битирган, диплом беришларини кутиб юрибди, ғирт бекорчи, ўша духтурга ўзи олиб бориб-келиб юради. Хуллас, ҳеч нарсадан хавотир олиш керак эмас. Ҳаммаси ҳал бўлган, ҳамма нарса гаплашилган, фақат духтурга кўриниш қолган, холос”. Янгам ва амаким аммамнинг талаби билан бўлса-да, шаҳар сўраб кетишди, лекин бу билан ҳам аммамнинг жағи тинмади: дадамнинг ҳам кейинги пайтда амакимнинг тақдиридан қайғуриб, боши қотаётганидан фойдаланиб, ичидагини баралла гапира бошлади: “Агар айб Ойтўлди-да бўлса, ҳайдатаман, қариндошлари келиб, туғмас жигарларини йиғиштириб олиб кетсин! Ўша ҳужжат қўлимга тегсин, ҳаммага кўрсатаман уни. Ана шунда уларнинг ори бўлса, келиб йиғиштириб кетишади!” Ҳамма аммамнинг гапини қуруқ пўписа деб билдими ёки янгамнинг яқинлари ҳаддан ташқари сабрлимиди ёхуд аммам айтгандай, туғмас аёлнинг уларга ҳам кераги йўқмиди, ичи ачир кишиси қолмаганмиди, билмадим, ҳар қалай, бу гапларга “Ҳой, нима деяпсан, тилингни тий!” дегувчи марднинг ўзи чиқмади. Қолаверса, бутун қишлоқ янгамдан фарзанд кутиб, тоқати тоқ бўлган, шу сабабли аммам нима деса, ҳукми ҳозиқ бўлиб эшитилар, айни пайтда дадам ёки аммам чиқарган ҳар қандай қарорни барибир адолатли деб ҳисобларди. Аммам бундан янада ботирланиб, қатъият билан гапира бошлади. Охири дадамни ҳам кўндирди. Агар туғмаслиги аниқ бўлса, унда амакимни бошқага уйлантиради. “Майли, агар бобомнинг ва ошнасининг руҳи чирқилламаслиги учун, агар ўзи рози бўлса, кўчада қолмасин, амаким ва қуёндай ҳар йили туғадиган хотинининг хизматини қилиб юраверсин. Туғмас бўлдими, у шунга лойиқ. Боланинг иштонларини ювиб, шиптир ҳидлаб юрсин. Унинг жазоси шу бўлади”.
Энди янгам туғмаслиги аниқ бўлса, ўша духтур янгамнинг туғмаслигини ҳужжат қилиб, тасдиқлаб берса, унда амакимни бошқага уйланиши энди бутун Терсотага маълум бўлиб қолди. Ими-жимида бўлажак номзодлар ҳам танлаб бўлинганди.
Амаким ва янгам қайтиб келишганда мен мактабда эдим. Уйга келганимда дадам, аммам шу ерда, ҳамма худди бир фожеа юз бергандай ўтиришар, мен шунча кунлардан бери кутгандай хуш-хурсандчиликдан асар ҳам йўқ эди: Ойтўлди янгам бир четда худди айб устида қўлга тушгандай омонат ўтирарди. Улар уйга кирганимни ҳам сезишмади. Мен ҳам вазият қалтислигини, ҳозир янгамга келганимни билдиришимнинг мавриди эмаслигини ҳис қилдим. Секин печка ортига ўтиб, янгам, тутинган энам мени кўриб қолармикин, деб кутиб турдим: шаҳардан осма сумка олиб келаман деганди. Янгамнинг ваъдасида туришини билардим. Аммо ҳозир буни сўраш мавриди эмасдай эди. Аммамнинг “Ана, мен айтмадимми?!” деган иддао қотиб қолган, чимрилиб олган, янгам энди нима қилсаларинг – ихтиёрларинг, дегандай кўзларини кўрпанинг қуроғига тикиб жим ўтирар, амаким эса ҳамишагидай бошини эгган кўйи чуқур сукутга толганди. Мен дарров нима гаплигини тушундим. Демак, амаким ва янгам аммам кутган ва билган, ҳаммага олдиндан ошкора бўлган хабар билан келишган.
Дадам худди қулоқларига ишонмагандай сўради:
— Ўзи, ўша жиян айтган духтурга бордиларингми? Бошқаси эмасми?
Амакимга сўраб-суриштиришлар малол келаётгандай эди:
— Нима, биз ёш боламидик, бошқасига бориб. Исми-шарифи, манзили ўша экан. Жияннинг ўзи олиб борди.
— Хўш, унда аниқ шундай… …шундай дедими?
Дадам “Бола бўлмайди дедими” дейишдан чўчидими, бу гапдан ирим қилдими ёки амакимнинг кўнглига тегишдан қўрқдими, ичидагини, бор аламли саволини “шундай” деган сўзга жамлаб гапирди. Амаким дадамнинг нима демоқчилигини сезди, янгамга бир қараб олгач, бир пас сукутдан кейин барибир гапирди.
— Духтурнинг ўзи менга ҳеч нарса дегани йўқ. Текширув натижасини оламиз деб борсак, олдин жиян кириб кетди, кейин келинингизни чақиришди. Учаласи узоқ гаплашди. Кирсам, духтур йўқ, жияннинг олдида йиғлаб ўтирибди. Нима гап десам, Жиян ҳам бирон гап айтмади, ўзини олиб қочди. Бу эса йиғлаб “Айб менда экан, энди мен туғмас эканман”, деди. Ўшандан бери йўл бўйи йиғлаб келди. Бор гап шу.
Дадам энди янгамга қаради.
— Ойтўлди, духтур аниқ шундай дедими?
Ўзининг оғир хаёлига, эҳтимол, аммам айтганининг устидан чиқса, амакимни бошқага уйлантирса, тақдири нима бўлишини тасаввур қилиб, эзилиб ўтирган янгам дадамнинг гапидан сўнг, жавобдан олдин чуқур хўрсинди. Умуман, янгам дадамни айрича ҳурмат қилар, ҳеч қачон тик қараган эмасди. Бу марта ҳам бошини эгганча, минг бир хижолат, айбдор оҳангда жавоб берди.
— Ҳа…
Аммам яна тутақди.
— Қани ўша духтур берган қоғозлар. Ўзимизнинг духтурларга ҳам бир кўрсатайлик. Духтур тилини духтур билади.
Амаким янгамга бир кўз ташлаб олди.
Янгам эса бошини эгганча бош ирғади.
— Қоғоз йўқ. Жиян… Жиян уларни олиб қолди.
— Олиб қолди?! Жиян қоғозни нима қилади?
Янгам, афтидан, ҳар қандай жазога тайёр турарди. Шу сабабли бу сафар аммамга бироз қаттиқроқ оҳангда жавоб берди.
— У киши… бошқа духтурларга ҳам кўрсатаман деб олиб қолди. Балки ўша …духтур янглишгандир деди…
Аммам бирдан тутақиб кетди.
— Яна қайси духтурга кўрсатади? Тошкентнинг энг зўр духтурига кўринган… Ё сен… сиз духтурнинг қоғозини биздан яшириб келдингизми? Яшириб нима қиласиз, шундайлигини духтурсиз ҳам ўзимиз билардик.
Аммам тиззасига уриб, дийдиё қилишга тушди.
— Шунча умр-а.. Шунча йил-а.. Акамнинг шунча йили ҳавога учиб кетди..
Янгам бу гапга бирон нарса деб эътироз билдирмади. Индамади. Буни аммам ўзича тушунди.
— Агар қоғозларни бериб келиб, бизни яна умидвор қилиб, вақтни чўзаман деб ният қилган бўлсангиз, адашасиз. Менга ўша духтурнинг гапи етади. Ана ўзингиз айтаяпсиз, духтур ҳамма айб сенда, деди деб. Яна нимани кутаяпмиз, ака, ўзи бўйнига олиб ўтирибди. Туғмайсан дедими, бўлди, айб сизда экан. Менга қаранг, ака, энди мен сабр қилолмайман. Оғамнинг умри ўтиб бораяпти. Уйлантирамиз, тамом-васалом!
Дадам чуқур ўйланиб қолди: бир қарорга келиши қийин бўлди. Кейин Ойтўлди янгамга қараб олиб, кўзларини бошқа ёққа олди. “Балки, ростданам духтур адашгандир?! — деди иккиланиб. Бу гап аммамга тутаб турган ўчоққа тутантириқ ташлагандай таъсир қилди: “Духтур адашса, азиз-авлиёлар адашса, табиблар адашса, кимга ишонасиз яна?! Ана, ўзи айтаяпти-ку, айб менда экан, духтур шундай деди, бу аниқ деб. Яна сиз нега иккиланаяпсиз, ака? Яна нима керак?! Бўлди, мен Ханияга совчи бўлиб бораман! Гапим гап!” деди. Бу пайтда Ойтўлди янгам бошини эгиб турарди. Шу туришда анча пайтгача бошини кўтармади. Унинг юзидан тошу шағалларга, хасу хашакларга, кўчки-ю лойқаларга қўшилиб бир қир сел оқиб тушаётгандек туюлди менга. Янгам йиғларди. Секин, унсиз йиғлар, йиғлаганини ҳам билдиргиси келмас, аммо кўз ёшлари юзини ювиб ўтар, қўлидаги рўмолча ҳам аллақачон шилқиллаб ҳўл бўлиб қолганди. Янгам секин ўрнидан турди, бир пас тик туриб қолди, аммамга қарамади ҳам, тақдирга тан берган оҳангда:
— Майли, опа, агар шуни маъқул кўрган бўлсангиз, уйлантиринг, мен розиман,– деди ва чиқиб кетди.
Ўртага бир пас сукунат чўкди. Аммам шунча қарғанса ҳам, ер билан битта қилса ҳам, бу уйда ўрни ҳам, ўзи ҳам йўқ деб ҳисобласа ҳам янгамнинг бунчалик тез рози бўлишини кутмаган эди: бироз довдираб қолди.
Бир дадамга, бир амакимга қаради. Янгам дадам учун ҳам қарор чиқариб бўлганди. Дадам ўрнидан турди. Эшикка йўналди. Аммам ўзини тутиб туролмади. “Нима дейсиз, ака. Энди бир ёқлик қилайлик!”, деди. Дадам ҳам янгам каби бир зум тик туриб қолди. “Билганингни қил. Ана, Ойтўлдининг ўзи ҳам рози бўлаяпти-ку! Яна сенга нима керак?!”, деди алам ва андуҳ аралаш. Аммамга шу гап керак эди: энди барча масъулиятни бўйнига олди, ҳаракатида, юзида қатъият пайдо бўлди. “Унда менинг ўзим ишни битираман. Келаси ойда тушириб келамиз. Ортиқча харажат, дов-доска керак эмас. Ирим-сиримини қиламиз, холос. Никоҳ ўқитсак бўлди!”. Дадам билганингни қил дегандай эшикка қараб юрди. Остонага етганда амакимнинг худди сирли ғор ичидан келаётган гулдуракдек овози эшитилди. “Мен бошқага уйланмайман. Овора бўлманглар!”. Аммам амакимга ялт этиб қаради. Пойабзалини оёғига илаётган дадам эса ортига бурилди, амакимга кўз ташлади. Остонадан туриб, “Хўш, бунга нима дейсан?!”, дегандай аммамга назар қилди. “Ака, нима деяпсиз? Бефарзанд ўтаман деяпсизми?!”. Аммамнинг гапида муроса ва мадора оҳанги бор эди. Амаким энди бошқа гапларга ўрин қолдирмай деди: “Майли, пешонамдан кўраман. Ойтўлди туғса ҳам, туғмаса ҳам, қўймайман, бошқага уйланмайман ҳам. Менинг қўядиган хотиним йўқ!”. Дадам билан аммам амакимнинг эътирозини кутишган эди, аммо бунчалик қатъий оҳангдагисини эмас. Амакимнинг гапи фақат эътироз эмас, ҳукм ҳам эди. Буни дадам ҳам, аммам ҳам яхши билишарди. Амаким ювош одам бўлгани билан бир фикрга келса, уни ҳеч ким бу йўлдан қайтаролмасди. Дадамнинг айтишича, амаким янгамга кўнгил қўйиб, шу қиздан бошқасига уйланмайман деб оёқ тираб туриб олганда, бобом у хонадон бизнинг тенгимиз эмас, улар бообрў, зотли-зурриёдли, насл-насабли, бизни назарларига олишармикин, деб иккиланиб юрган, бир нечта қизларни кўрсатишган, амаким эса шу қиздан бошқасига уйланмайман, деб оёқ тираб туриб олган, оқибатда бобом минг бир истиҳола билан янгамнинг отасининг олдига совчиликка борган. Дадам ҳамиша ўшанда шундан бошқасига уйланмайман деб туриб олди-да, бунинг ўжарлиги қўзиса, ўлса ҳам фикридан қайтариб бўлмайди, дерди. Ҳозир ҳам шундай бўлди. Амаким яна ўша ўжарлигига қайтганди. Энди муҳокамага ўрин қолмаганди. Буни дадам сезди, сезди-ю, қисмат ва бу ўжарлик олдида ожизлигини ҳис қилиб, индамай чиқиб кетди. Аммам дод-вой қилди, бошини айлантириб олган дея яна янгамни айблай бошлади. Шаҳардан келгунча, акамнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирган, ваъдалар берган, авраган, иссиқ-совуқ қилиб олган, деди. Аммо энди бу гапларнинг биронтаси амакимга таъсир қилмасди. Афтидан, амаким бундан кейинги ҳаётини белгилаб, аҳд қилиб, ҳаммасини ҳисоб-китоб қилиб, барчасига рози бўлиб бўлганди.
Шундан сўнг аммам қанчалик ҳаракат қилмасин, амаким ўз сўзида туриб олди. Аммам ўзини ўжар, қайсар ва фикридан қайтмайдиган деб ҳисобларди. Бироқ менинг тутинган отам ундан ҳам ўжар чиқди. Аммам янгамга, унинг қариндошларига кўз-кўз қилиш, амакимда айб йўқлигини терсоталикларга ва терсоталик бўлмаганларга – ҳар бир таниш-нотанишга кўрсатиш ниятида жиянда қолиб кетган ташхис қоғозларини олиб келиш учун овсининикига зир қатнаб юрди. Аксига олгандай бу пайтда жиян ҳам олис вилоятга ишга юборилган, овсинининг айтишича, ўғли кўч-кўрони билан ўша вилоятга кетган, қоғозлар қаерда қолганини эслай олмас эмиш. Аммо тезда шаҳарга қайтса, ўша духтурга ўзи учрашиб, қайтадан ёздириб олармиш. Оқибатда аммам одамларга кўз-кўз қилиб, амакимнинг ва янгамнинг тилини ҳужжат билан ҳам қисиқ қилиш имкониятидан маҳрум бўлган эса-да, амаким ва янгамни ажратиш учун жон жаҳди билан ҳаракат қилди: энди ўша қоғознинг ўрнини аммамнинг бир парча тили босарди, зотан аммамнинг тилидан ўтадиган, ундан таъсирлироқ ва асослироқ бошқа ҳужжатнинг ўзи йўқ эди. Амакимни фикридан ҳеч ким, ҳатто аммам ялиниб-ёлвориб, орага тушишни илтимос қилган янгамнинг ака-укалари, опалари ҳам қайтаролмади. Ойтўлди янгам ҳам бир неча марта уйига кетиб қолди. Ойлаб ёлғиз қолса ҳам амаким бир ўзи, бўйдоқдай яшайверди. Бошқага уйланишдан бош тортди. Янгам кетган кунлари овқат ҳам емай, уйга қамалиб оларди. Ҳеч ким билан кўришмасди, ҳеч ким билан гаплашмасди. Охир-оқибат дадам аммамга “Етар, билганини қилсин. Барибир у айтганидан қолмайди. Пешонасида борини кўрсин! Буёғи худонинг иши. Унинг каромати кенг, мўъжизаси кўп!”, деди. Аммам янгамни уйига жўнатиб юборишига қанчалик жон куйдирган бўлса, қайтариб келишга яна шунча жон куйдиришига тўғри келди. Ниҳоят Ойтўлди янгам уйимизга қайтиб келди. Аммам ҳам исмини ўзгартириб ўтирмади: унинг бу гаплари йилларнинг залворли қадамлари, ҳаётнинг шиддатли эврилишлари, амаким билан янгамнинг мўъжиза кутиб, қартайишлари орасида кўринмай қолди, ўзининг ҳам, одамларнинг ҳам эсидан чиқиб кетди.
Нима бўлган тақдирда ҳам мен эсимни амакимнинг – тутинган отамнинг уйида танидим. Бу уйда қолишим ҳам, мени искаб-ҳидлаб парвариш қилишлар ҳам фойда бермади: бу хонадонда фарзанд туғилмади. Амаким ва энам бир-бирларига жуда меҳрибон, бир-бирларини сўзсиз тушунишар, уларнинг юриш-туришлари худди кукулаб дон териб юрган бир жуфт мусичани эслатарди менга. Бу икки мусича узоқ йиллар бир-бирига далда бўлиб, тақдир юкларини бирга кўтариб, андуҳларга бирга дош бериб, бирга енгиб, умр сўқмоқларидан елкама-елка суяниб ўтишди. Амаким бирон ишни ҳам энамсиз қила олмасди. Ҳатто от эгарлаётганда ҳам энам абзални тортиб турарди. Бирон иш қилса, ярмини энам қиларди. Улар ҳамиша бирга, бир пайтда туришар, бир пайтда ётишар, бир пайтда овқатланишар, бирга далага чиқиб кетишар, бирга қайтишар, худди бир-бирларига кўзга кўринмас арқон билан боғлаб қўйилгандай эди. Тутинган энам ўзини айбдор ва гуноҳкор деб билгани учунми, амакимни қўярга жой тополмасди, амаким ҳар куни ювилган, топ-тоза кийимда кўчага чиқарди, бирон марта кийими ғижим ёки доғ тушган бўлмасди. Амаким энамнинг олдида ёш болага ўхшаб қоларди. Кийимлари у ёқда турсин, амакимнинг пайпоғи-ю пойафзалигача кийдириб қўярди. Онам энамнинг бу фазилатларини мақтаганда аммам дарров узиб оларди: “Бефарзанд, туғмас хотинга чидаб келаётгани учун, керак бўлса, овқатини ҳам едириб қўйиши, оёғига йиқилиб, таъзим қилиб юриши, ҳар куни тавоф қилиб туриши керак!”, дерди ҳамма эшитадиган қилиб. Нима бўлганда ҳам амаким ва янгамнинг – тутинган энамнинг муносабатлари худди Хуррам бахши айтиб юрадиган достондай тилдан тилга кўчиб юрарди. Бу достоннинг бош қаҳрамони, шубҳасиз, амаким эди. Кўнгил қўйган аёли туфайли бир умр бефарзанд ўтишга ҳам рози бўлган, билиб туриб, бепушт аёл билан умргузаронлик қилаётган амакимга орқаравотдан тасаннолар айтишар, бундай жўмардлик ҳамманинг қўлидан келмаслигини таъкидлашар, бунинг ҳаммаси муҳаббат туфайли деб ҳисоблашар, амакимнинг номи энди муҳаббат боғига кирганлардан тортиб, бу боғни аллақачон вайрон қилиб, тарк этганларгача маълум ва машҳур, ибрат ва сабоқ эди: ҳатто мактабларда ҳам ўқитувчиларимиз Фарҳоду Ширин, Лайлию Мажнун, Тоҳиру Зуҳра ҳақидаги достонларни янада ҳаётийроқ қилиб тушунтириш мақсадида, албатта, амакимни мисол қилиб кўрсатишар, амаким барча ёшларнинг муҳаббат учун ўз роҳат-фароғатини, фарзанд кўриш, эркалаш завқини, умуман, ҳаётнинг бор неъматларини қурбон қилган, муҳаббатга ҳеч нарсани алмашмаган ўша китоблардаги маълум ва машҳур севишганлардан заррача кам бўлмаган қаҳрамонга айланганди. Амаким фақат эгарчи уста эмас, муҳаббат ва ишқ қаҳрамони сифатида ҳам теварак атрофдаги қишлоқларда шуҳрат қозонганди. Дадам ва амакимни танийдиган, эшитган ва ҳамма биладиган бу ишқ достонида ҳавас ҳам, ҳасад ҳам, ачиниш ва шафқат ҳам, тасанно ва надомат ҳам бор эди. Аммамнинг таъна-ю маломатлари, амаким тақдирини ўйлаб тўккан кўз ёшлари бу достоннинг таъсирли, янада сирли ҳамда қизиқарли тус олишига сабаб бўларди. Терсота у ёқда турсин, бутун Катта Ўра овулларида бу достонни ва амакимни билмайдиган, эшитмаган одамнинг ўзи йўқ эди.
Энам ва амаким мени ўз фарзандларидай катта қилишди. Мен ҳеч нарсага зориқмай, ҳеч нарсадан кам бўлмай улғайдим. Кейинчалик ўқишга кириб, таътил пайтларида қишлоққа борганимда, беихтиёр, дастлаб ўз онамнинг олдига эмас, янгам – энам яшаётган уйга кириб борардим. Бундан боши кўкка етган энам мени бағрига босиб йиғлар, сўнг менга ўзига кўникишим қанчалик қийин бўлганини, менинг хархашаларимни кулиб-яйраб гапириб берарди. Энамнинг айтишича, баъзида ярим кечаси уйғониб кетарканман, ўз уйимни қўмсаб қоларканман, кейин йиғлаганча, бор овоз билан энамга таъналар қиларканман: “Сиз агар туғмас бўлмаганингизда, мени улар сизга бермасди, ҳозир онамнинг қучоғида ётган бўлардим, ҳаммасига сиз сабабчисиз! Ўзингизга бола туғиб олсангиз бўлмайдими, мени бунчалик қийнагунча?”. Бу гаплар энамнинг кўкайини ўртаб юбораётган бўлса-да, мени қучоғига олиб, овутишга тушаркан, баъзан мен билан қўшилиб йиғларкан: “Гапинг тўғри, болажоним, ҳамма айб менда, худо мени шундай яратган. Бола туғиб, кейин ўлсам ҳам майли эди… Лекин худо мени қисган. Худо мени жазолаган… Майли, мени қарға, мени ур, мени ер билан битта қил. Фақат йиғлама… фақат кетиб қолма. Ёлғиз юпанчим сенсан! Сенсиз ўлиб қоламан. Биз фақат сени деб бу дунёда умид билан яшаяпмиз”.
Мен ҳам барибир уларнинг жонига оро киролмадим, мактабни битириб, шаҳарга ўқишга кетдим. “Кетсанг, ўлиб қоламан!” деган энам ҳам, тутинган отам ҳам негадир ўқишимга қаршилик қилишмади. Аксинча, амаким “Ўқи, бизга ўхшаган оми бўлма! Умринг даданг билан менга ўхшаб эгар ясаб ўтмасин!”, деди. Йиғиб қўйган пулларини берди. Ўқиб юрганимда ҳар ойда менга пул, кейин асосан энам айтиб туриб ёздирса керак, оналик меҳри уфуриб турган хатлар жўнатиб туришарди. Ўқишим тугагач, тақдир тақозоси билан шаҳарда ишлаб қолдим. Эл-юртда доктор деган ном қозондим. Энам ва отам менинг ҳаёт йўлимга тўсиқ бўлишни исташмади. Бу пайтда укаларим уларнинг қаватига кириб қолган, энди тутинган энам улар билан овора эди. Амаким қазо қилганда мен чет элда малака оширардим. Икки йиллардан сўнг келганимда Ойтўлди энам ҳам, аммам ҳам анча чўкиб қолишганди. Энам “Сизнинг ўрнинингизга укаларингиз йиғлаб боришди. Улар амакингизни “ота” деб йиғлашди, отангиз бу дунёдан беармон кетди. Энди менинг тобутим изидан ўзингиз ҳасса тутиб боринг!”, деди кўз ёшларини узун енги билан артганча. Мен ўша дафъа ҳаммасини тушундим: аслида дадам мени бир кун келиб уларнинг тобути изидан “Отам” деб йиғлаб боришимни истагани учун ҳам уларга ўғил қилиб берганди. Мен эса бунинг уддасидан чиқолмадим. Энам энди шуни эслатарди. Шунча йиллардан бери энамни биринчи марта қучиб йиғладим. Салдан сўнг аммам кўз ёш билан кириб келди. У энди анча улғайган, юз-кўзларида донолик акс этган эди. Менинг келганимдан қувониб кетиб, ошхонада куйманиб юрган энам эшитсин деб, кўз-ёш аралаш дийдиё қилиб олди: “Энанг охири акамнинг бошини еди. Кун кўрмай ўтди акам шўрлик. Шу туғмасни деб тирноққа зор ўтди”. Бу гапларни энам эшитган бўлиши керак, чунки аммам атайин баланд товуш билан нолирди. Лекин энам салдан кейин қўлида мен яхши кўрадиган манти билан қувнаб-яйраб кириб келди. Худди ҳеч нарса юз бермагандай, худди аммамнинг гапларини эшитмагандай, аммамга алоҳида илтифот қилди: “Опажон, олинг, мана буниси сиз ёқтирган кўпиртирилмаган хамирдан қилинган”, деди. Лекин мен энамнинг кўзлари ичида мунг, изтироб, андуҳ пайдо бўлганини, аммамнинг гапларини кўнглининг тубига ўтказиб юборганини, ўша туб-тубда худди пўртанадай бир нарсалар қайнаб-вақирлаб, титраб ётганини кўрдим. …
* * *
Мен ваъдамда турдим. Ойтўлди янгам – тутинган энамнинг тобути изидан йиғлаб бордим. Амакимга ўрганиб қолган эканми, энам амакимдан кейин икки йил ҳам яшамади. Эҳтимол, ўзи йўқ жойда довдираб, калавасининг учини йўқотиб қўяди деб амакимдан хавотир олгандир? Дорул бақода ҳам ўзисиз бирон ишнинг бошини тутолмай, гангиб қолишидан ташвишга тушгандир?! Нима бўлганда ҳам уни бир ичкин дард олиб кетганини билдим Ҳар қалай, менга илҳақ турган экан, аммамнинг хатини қўлтиқлаб, етиб келишим билан кўзи менга тушиб, киртайган кўзлари порлаб кетди, кейин қўлларини менга узатди, кафтимни бемажол силади, шу силаши билан нимадир демоқчи бўлди, лекин бир сўз демай жон берди.
Маъракадан сўнг аммам бир тўда қоғозларни олдимга ташлади.
— Мана бу қоғозларни энангнинг сандиғидан топдим. Ҳужжатларга ўхшайди. Акам бечора уйни ҳам, топган-тутганини ҳам сенинг номингга ўтказганди. Шу қоғозлар бўлса керак. Ма, ол. Хоҳласанг, укаларингга бер. Хоҳласанг, ўзинг келиб яша. Бу уйнинг чироғини ўчирма. Янгам билан акам кун кўришмади. Ишқилиб, охиратлари обод бўлсин.
Мен аммамга ажабланиб қарадим. Аммам биринчи марта энамни – тириклигида ўзи бир умр таъна ва ҳақорат қилган, иззат-нафсини топтаган аёлни “янгам” деяётган эди. Ваҳоланки, энам токи қабрга киргунча бир лаҳза ҳам тин олдирмади, бир умр ўзининг маломатлари билан таъқиб қилиб юрди. Мана, энди энам шўрлик, қабрга кириб тинчийдиган бўлди. Аммам бирдан ғариб, беҳол кўринди менга: йўқ, энамга ачингани туфайли эмас, бир умр койиган, танбеҳ берган, эртадан кечгача маломат қилиш учун яшаган, маломат қилиш қилиш умрининг мазмунига айланган аёлнинг энди бу дунёда йўқлиги сабабли умрида ҳам мазмун қолмагандай, шунинг учун ҳам бирдан қариб қолгандай туюлди менга.
Қоғозларга шунчаки кўз ташладим. Булар уй-жой, мулк менга ўтказилгани ҳақидаги васиятнома ва бошқа ҳар хил ҳужжатлар эди. Бу ҳужжатлар ичида менинг биринчи синфга борганда тушган суратларимдан тортиб, кундаликларимгача бор эди. Демак энам менга тааллуқли ҳар бир ҳужжатни, ҳар бир қоғозни жуда азиз нарсадай авайлаб-асраб юрган. Бу ҳолатдан мутаассир бўлдим. Кўнглим тўлиб кетди. Ҳозир ўкириб юборсам керак, деб ўйладим. Бироқ аммамнинг олдида йиғлолмасдим. Ҳамиша аммамга энамга бўлган ҳиссиётларимни очиқ намоён қилишдан ўзимни тийганман. Бўғзимга келган ўкинч, армон, йиғини босиш учун қоғозларни синчиклаб ўқишга тушдим. Бирдан кўзим бу ҳужжатларга алоқаси йўқ бошқа бир қоғозга тушди. Доктор бўлганим учун бир қарашда булар ташхис қоғозлари эканини англадим. Бу мени баттар ажаблантирди. Аммам эгалик қилишни истаган ва ҳаммага кўрсатиб, амакимнинг шаънини ҳимоя қилмоқчи бўлган қоғозлар эди бу. Жиян олиб келиб бердимикин? Унда нега аммам бу ҳақда ҳеч нарса билмаган? Агар келтириб берганда ҳам бу қоғозлар янгамнинг эмас, овсини орқали аммамнинг қўлига тушарди. Демак, қоғозлар жиянда қолмаган экан-да. Шу фикр таъсирида ҳамда касбим қизиқиши билан амаким ва Ойтўлди энам кўрикдан ўтган ўша ташхис қоғозларини бирма-бир ўқий бошладим. Ва бирдан бир нечта хулосаларга кўзим тушиб, қайта-қайта ўқидим. Кейин яна ўқидим. Йўқ, кейинчалик ҳам бир неча марта номини эшитган, менда ҳам ўзгача ҳурмат ва эҳтиром уйғотган, лекин танишиш имконига эга бўлмасдан бу дунёдан рихлат қилган ўша машҳур доктор аниқ қилиб ёзиб қўйганди. Бу ташхисга кўра Ойтўлди энам эмас, амаким фарзандли бўлиши мумкин эмасди. Бу хулоса менга яшин ургандай таъсир қилди ва амакимнинг, энамнинг ҳаёти кўз олдимдан липиллаб ўтди. Оний лаҳзаларда ёришган хотира синиқлари ичида аммамнинг бир умр бигиз қилинган қўллари, бутун қишлоқ янгамга ёғдирган дашномлар, менинг “сиз туғмас бўлмаганингизда, мен ўз уйимда яшардим” деб қилган хархашаларим, ташхисдан ўтиб келишган куни худди янгамнинг – энамнинг юзидан сел каби оқиб тушган кўз ёшлари – ҳаммаси бор эди. Мен энди ҳаммасини тушунган ва англаган эдим: янгам, менинг тутинган энам бепушт яшаш қисматини ўзиники деб билган, билгани учун ҳам ташхис қоғозларини яшириб қўйган, жияндан ҳам бу сирни очмасликни сўраган, айнан шунинг учун жиян бизникига бошқа келмай кетган, янгам эл-юрт олдида амакимнинг боши эгилмаслиги, эркаклик ғурури топталмаслиги учун бу сирни ҳаммамиздан яширган, ҳеч кимга билдирмай, барча таъна-ю ҳақоратларни ўз елкасига олиб, аммамнинг ва бутун қишлоқнинг бир умрлик хўрликларига, маломатларига чидаб келган…