Насиба Абдуллаева. «Ит» операцияси (ҳажвия)

Маҳмуда дарвозанинг тақиллашидан эри яна ичиб келганини сезди. Уфф, яна томоша кўрсатадиганга ўхшайдилар.
Чиндан ҳам у дарвозани очиши билан Толибжон кимнидир авра-астарини ағдариб сўка бошлади.
– Вой, энангни, ҳаром ўлгур, бир тепиб ўлдирмоқчи эдим, қочиб қолди, қўлимга тушганида тирик қўймасдим.
– Ҳой, дадаси, ким қочди, нима бўлди, бундай тушунтирсангиз-чи?
– Югур, дори-пори олиб чиқ, оёғимни ит тишлаб олди.
Эрининг авзойидан Маҳмуданинг ўтакаси ёрилди.
Куппа-кундуз куни, кўча тўла одам бўлса, нега айнан сизни тишлайди. Ит ичган одамни ёмон кўради дейишгани чин экан-да.
Жаврай-жаврай уйдан кўкдори олиб чиқди.
Қани шимингизни пойчасини кўтаринг.
Ит нақ болдирдан узиб олган, Толибнинг оёғи-ю туфлиси қонга беланганди.
– Э, кўп жаврамай пуфласанг-чи, ачиб кетди, – вой-войлади эри.
– Дадаси, ит кимники экан, соғмикан ўзи, тағин қутурган-путурган бўлмасин?
– Қутурган ит шунча тез югурадими, югуриб етолмадим-ку?
– Оёқда зўрга турибсиз-у, итга етармидингиз, кимнингуйига кириб кетганининг кўрмадингизми?
– Хушвақт аканикига кириб кетди, лаънати, орқасидан киришга уялдим, – пешонасини терини артди Толиб.
– Сарви опаникигами, уларнинг ити йўқ эди-ку?!
– Билмадим, ўшанинг дарвозасидан лип этиб кириб кетди, тутсам жойида ўлдирардим, – Толиб яна итни сўкишга тушиб кетди.
– Дадаси, ит тишлаган ёмон бўлади, дўхтирга кўрсатиш керак.
– Ҳа, энди ит тишлади деб дўхтирга ётишим қолувди.
– Бормасангиз мажбурлаб олиб боришади. Агар ит қутурган бўлса киндик атрофидан қирқта укол қилишармиш.
Хотинининг гапидан Толибнинг кайфи тарқаб кетди.
– Бориб ит кимники экан билиб кел, яна эрингдан айрилиб қолма, – деди у тўнғиллаб.
Маҳмуда Сарви холаникига баҳона қилиб кирсаммикин деб ўйлаб қолди. Ҳа-я, айтгандай, бичиққа уста-ку, кўрпа бичтирмоқчи эдим дейман. У топган баҳонасидан хурсанд бўлиб йўлга тушди.

– Келинг Маҳмудахон, болалар, укам яхшими, чиқинг тепага.
– Сарви опа, болаларга бир-иккита кўрпа бичиш керак, вақтингиз борми билай деб чиқувдим, – шундай деб у ёқ-буёққа аланглаб итни излай бошлади Маҳмуда.
– Бир-икки кунлик ишларим бор, ўргилай, зарил эмасми?
Ҳозир олиб кел деса нима қиламан деб ўтирган Маҳмуда бу гапни эшитиб суюниб кетди.
– Бўшаганингиздан кейин олиб келаман, майли, опа, мен борай. Ҳа, айтгандай, опа, итингиз тишламайдими, боя ҳовлингизда кўзим тушувди.
– Итим йўқ, ўргилай, боя кимникидир адашиб кирган экан, ҳайдаб юбордим.
– Майли, опа, мен борай.
Маҳмуда зипиллаб уйига қайтди.
– Ҳа, ити соғ эканми? – хотини уйга кирар-кирмас саволга тутди Толиб.
– Дадаси, ит Сарви холаники эмас экан. Болаларингиз мактабдан келишсин, белгиларини айтсангиз бир пасда топиб келишади.
Ўғиллари Шерзод билан Беҳзод мактабдан келишлари биланоқ “ит операцияси” бошланиб кетди. Толибнинг ҳовлиси катта-кичик, қора-сариқ турли-туман итларга тўлиб кетди. Ҳали униси, ҳали буниси ҳуравериб ҳовлини бошига кўтарди. Афсус, уларнинг бирортаси ҳам Толибни тишлаган ит бўлиб чиқмади.
Эртаси Маҳмуда эрини дўхтирга боришга зўрға кўндирди. Толиб дўхтирга жўнаб турувди ҳамки, қўшниси Асқар чиқиб қолди.
– Суюнчи беринг, Толиб ака, итингиз топилганга ўхшайди. Кеча десангиз нариги маҳалладан синфдошим Раҳмат қўнғироқ қилиб қолди, сизни айтувдим, кеча итимиз ечилиб кетган экан, бир келиб кўриб кетсинлар, деб қолди.
– Раҳмат, Асқаржон, ҳозир дўхтирга боргунча кириб ўтаман.
Толиб қўрқа-писа дарвозани тақиллатди. Дарвозани Раҳматнинг ўзи очди.
– Ассалому алайкум, мен Асқарбекнинг қўшнисиман, итингизни кўрай деб келувдим.
– Э, келинг, ака, ит ечилганини болалар билмай қолибди-да, – деди у гуноҳкорона.
– Ука, итингиз қутурган-путурганмасми ишқилиб?
– Йўғ-э, ана кириб кўринг ака, дуппа-дуруст.
Толиб итни таниди, ўша сариқ жунлари ўсиқ ит. Ҳа, лаънати, қўлимга тушсанг ўзим билардим. У ҳам Толибни танигандек термулиб турарди
– Лекин, ака, барибир дўхтирга борганингиз маъқул, куз ҳавоси, ярангиз газак-пазак олмасин тағин, – деди Раҳмат уни кузататуриб.

Дўхтир Толибнинг ярасини махсус суюқлик билан ювиб дори қўйди.
– Энди, ака, инфекцияга қарши укол қиламиз, санепидстанция итингизни текширувдан ўтказиб маълумотнома беради. Ит соғлом бўлса дарҳол уйга рухсат берамиз.
– Ука, мен уйдагиларни огоҳлантирай бўлмаса.
– Йўқ, ўзимиз огоҳлантирамиз, сиз бугун дўхтирхонада қоласиз, бу жуда жиддий масала.
Толибнинг ўтакаси ёрилди, ишқилиб ит қутурган бўлмасин-да.
Кечқурун хотини овқат, кийим-кечакларини олиб келди.
– Хавотир олманг, дадаси, итни текшириб, кейин сизга рухсат беришаркан.
– Ўзинг хабарлашиб тур, эртагаёқ жавобини юборишсин, – тайинлади Толиб.
Эртаси тушдан сўнг Маҳмуда Шерзод билан итни кўргани Раҳматникига борди.
– Опажон, кеча ит ечилиб яна қочиб кетибди. Ҳозир санепидстанциядагилар келиб кетишди, ит топилиши билан хабар қилинг, деб тайинлашди. Болаларим излашяпти, киринг уйга, чой ичиб кетинг, – Раҳматнинг хотини Нозима Маҳмудахонни уйига таклиф қилди.
– Йўғ-э, қўшни, дўхтирга бораётиб бир итдан хабар олай деб кирувдим. Уф, дадасининг роса жаҳли чиқадиган бўлди-да.

– Ит соғ эканми, – Толиб хотинини кўриши билан саволга тутди.
– Дадаси, ит ечилиб қочиб кетибди, ҳозир излашяпти, кечгача топилиб қолар.
Толиб тутоқиб кетди:
– Ҳе, энасини ўзиниям, итиниям, эплаган ит боқади.
– Шу ароқ ўлгурни ичмасангиз ит ҳам тишламас эди, ана, ҳамма қўшнилар ит ичган одамни ёмон кўради дейишяпти.
Маҳмуданинг гапидан эри тутаб кетди.
– Ўчир овозингни, шу тобда ақл ўргатишинг етмай турувди, – Толиб боғланган оёғига қараб уф тортди. – Итни текширишгунича ҳар куни киндик атрофидан укол қилишаркан тушуняпсанми?

Эртаси Маҳмуда яна Нозимахонларникига борди.
– Итингиз топилдими, қўшни?
– Э, ит боқмай ўлай, қўшнижон, нариги маҳалладаги Боқивой ака товуғини тутиб еётганини кўриб уриб ўлдириб қўйибди. Болаларим кўмиб келишди.
– Энди нима бўлади, – Маҳмуда ерга ўтириб қолди, – итнинг соғ ёки касаллигини қандай биламиз?
Қўшнисининг аҳволини кўриб Низимахон қўрқиб кетди.
– Опа, киринг уйга, бирпас дам олинг.
– Майли, мен борай, – Маҳмуда каловланганича уйига жўнади.

Маҳмуда кечқурун касалхонага бориб, эрига нима дейишини билмай жим тураверди.
– Ҳа, нега жиннига ўхшаб довдираб турибсан, нима бўлди, гапир?
– Дадаси, ит ўлибди.
Толибнинг ранги оқариб кетди.
– Нима?! Қутурган эканми?
– Йўғ-э, товуғини егани учун қўшниси уриб ўлдириб қўйибди.
– Шундай демайсанми, нақ юрагимни ёрай дединг-ку, – деди Толиб ўзига келиб.
– Энди нима қиламиз, дадаси?
– Сен уйга боравер, мен дўхтир билан гаплашай, кейин қўнғироқ қиламан.
Эртаси Толиб хотинига қўнғироқ қилиб ўғилларинг итни ковлаб олиб келсин, уйдаги қўйни ҳам етаклаб келсин деб тайинлади.
– Қўйни нима қиласиз? – ҳайрон бўлди Маҳмуда.
– Кейин айтаман, тезроқ болаларингни юбор.
Эртаси дўхтир Толибга рухсат бераётиб тайинлади.
– Аммо, ака, ўзингиз эҳтиёт бўлинг, мабодо ҳургингиз, дарахт тагига пешоб қилгингиз келиб қолса дарҳол буёққа югуринг.
Айни пайтда Толибнинг чиндан ҳам увлаб юборгиси келаётганди. Чунки дўхтирлар итнинг ўрнига ими-жимида сўйилган қўйни текширишган эди-да.