Пардахол момо ҳамсояси Қирмиз момо билан гурунглашиб ўтирган чоғ ўғли Жума ширакайф кириб келди.
— Ўзимни энам, энажоним, — дея Пардахол момонинг пинжига тиқилди у.
— Болам, нима бало салом-аликни еб қўйдингми? Кап-катта эркак энамлаб қопсан?
— Э, ассалому-алайкум, Қирмиз момо, — дея қия ўгирилиб энасининг дугонаси билан сўраша кетди Жумабой. — Димоғингиз чоғми, Мустафоқул бобом яхши юрибдиларми? Бизнинг Чори жўра кўринмайди?
— Жўранг тоққа кетган, молдан хабар олгани. Ўзинг яхшимисан? Ароқ ичиб олган кўринасан-а.
Қирмиз момо енги билан бурнини пана қилди.
— Ҳар куни ичиб юрибманми, момо? Саматнинг магазинида “армейский жўрам”ни кўриб қолдим. Кўп эмас, юз грамм қуйиб берди.
Пардахол момо ўғлини койий кетди.
— Ўлсин шу ароқ, юз грамм ичавериб Гуландом ходимнинг ўғлига ўхшаб пиёниста бўп қолсанг, бола-чақангни ким боқади? Ароқ ўрнига чироққа мой олсанг бўлмасмиди? Кун ора свет ўчади. Мой етказиб бўлмаяпти.
— Майли, эна, мен бир ухлаб турай.
Жумабой уйга кириб кетди.
Қирмиз момо дугонасига ҳамдард, ароқни чиқарганни қарғай-қарғай ўрнидан турди.
— Майли, дугона, мен борай. Невараларим излаб юришгандир.
Пардахол момо дугонаси билан хайр-хўш қилдию хаёли қочди. Қирмиз эшитди, бутун гузар эшитди дегани. Эртагаёқ Жумабой пиёниста деган гап тарқатади. Саматнинг олдига бориб икки оғиз гапириб келмаса бўлмайди.
Дўкон маҳалланинг энг гавжум жойида. Одам кўп экан. Самат момони кўриб сўраша кетди.
— Ассалому алайкум, момо. Суяклар енгилми, димоғингиз чоғми? Келинг, нима берай?
Пардаҳол момо койинди.
— Болам, сендан хафаман. Жумабойга роса ароқ ичирибсан? Бир- икки коса бер эди, юз грамм ҳам берасанми? Эртага пияниста бўлиб қолса, бола-чақасини ким боқади?
Самат кулиб юборди. Дўкондаги одамлар ҳам кулиб юборди. Пардаҳол момо буларнинг не сабабдан хохолашаётганини тушунмай жаҳл билан изига қайтди.
Шу-шу Жумабойни маҳалладошлари кўрса бир коса ароқ ичиб кетинг деб ҳазиллашадиган бўлишди.