Сафар Кокилов. Қораев оқариб кетди (ҳажвия)

Қораев мақтаняпти. Биров ҳайратда, биров кулган…
– Менга унинг кимлигининг нима аҳамияти бор? Бор-ре дедим… Хоҳламадим, тўхтамадим…
– Нима гап? Нима бўлди? Кимга тўхтамадингиз! – дея қизиқиб сўранади даврага янги келиб қўшилганлар.
Қораев яна қайта ҳикоя бошлайди:
– Ҳе-э. Ҳали десангиз, ишга келятувдим. Йўл четида бир тўда одам уймалашиб турган экан. Бир “Жигули” ариқчага тумшуғи билан тиқилиб турибди. Авария.Шу пайт одамлар орасидан биров йўлга чиқиб,”тўхтат” дегандек қўл силкитиб чиқди. Қарасам, орган одамига ўхшайди. Танимаганга олиб, индамай ўтиб кетдим. Тўғри-да, иши тушмаган қаердан танийди, фўрмада бўлмаса… Тўхтатсам… Керак бўлса, ўзларининг опермашинаси бор-ку.Тез ёрдам чақирсин… Менга нима, орган бўлса ўзига. Ҳе деб, ўтибкетдим-да-э.
-Э, сиз балосиз-эй. Қойил, қўрқмадингизми? – деди кимдир.
Баъзилар кулди, айримлар индамай бош чайқаб қўйишди.
Тушга яқин Қораев кабинетига кириб келди. Катта бир ишни тиндиргандай – оғзи қулоғида.
– Эй, шу десангиз, бир зўр иш бўлди-да,.Эрталаб ишга келаётсам…
У менга ҳам ўша воқеани гапириб бера бошлади.
– …тўхтамадим, орган бўлса ўзига. Қўрқиб ўтираманми. Танимаганга олиб ўтдим кетдим. Бопладим-да…
Шу пайт эшик очилиб, котиба қиз кўринди.
– Қораев? Шу ердамисиз? Жойингизда ўтирсангиз бўлмайдими, сизни излаб юрибман
– Нима гап?
– Сизни телефонга чақиришяпти.
– Ким?
– Билмадим. Касалхонадан, тоғангиз авто ҳалокатига йўлиқиб…
– Нима?!
Қораевнинг ранги оқариб кетди.