Мастура қия очиқ дарвозадан ичкарига кириб, атрофга аланглади, тушлик пайти бўлгани учунми ҳеч ким кўринмади. Ҳовлининг бир четида кузак гуллари сариқ, қизил, пушти рангда жилоланар, эгатда жимир-жимир сув оқарди. Ўнг томонда ишкомдаги ҳусайнилар офтоб нурида товланар, эндигина келиб қўнган қушлар галаси унинг тепасидаги қўлбола «қўриқчи»ни писанд қилмай, узум чўқирди.
«Ҳеч нарса ўзгармагандек, ўша-ўша…» хаё¬лидан ўтказди у. Ҳовли тўридаги пешайвонга яқинлашаркан, беихтиёр айвоннинг ёғоч ус¬тунни силаб қўйди. Бир пайтлар бу хонадонга виқор, кўрк бағишлаб турган устун энди анча чўккандек, ёриқлари кўпайгандек туюлди. Барибир бу хонадондаги бошқа нарсалар қатори қадр¬ли, суюкли. Чунки у мана шу устунга суяниб неча марта Худога илтижолар қилган, болалик осмонининг қўл етмас орзулари бўлмиш юлдузлар билан сўзлашган, сирлашган.
Айвонда қанча турди, билмади, бир пайт ўнг тарафга бежирим қилиб солинган янги уйдан чиқиб қолган келинчак остонада турган меҳмонга аввал ажабсиниб қаради. Сўнг:
– Ассалому алайкум, яхшимисиз, келинг, – деди ним табассум билан бошидаги симрўмолини маҳкамроқ ўраркан. Атлас кўйлак-лозимда ял-ял ёни¬б турган келинчакнинг кулиб турган кўзларини, самимийлигини кўриб, хонадонга ҳам гўзал, ҳам ақли расо келин тушибди, деб хаёлидан ўтказди у.
– Яхшимисиз Шоҳистахон, мен Мастура опан¬гиз бўламан, адангизни жияни, – деди у келинчак билан хушлашиб. Сўнг қўлидаги тугунни мезбонга тутаркан. – Ибодат опани… – деди ҳамон чарос кўзлари билан ҳайрон боқиб турган мезбонга.
– Ҳа, бўлди-бўлди, тошкентлик жияни бўласиз. Анвар акам айтганди. Яхши етиб келдингизми? Уй ичилар тинчми? – дея келинчак уни ичкарига таклиф этди.
– Ҳозир кираман, кираверинг, – деди Мастура боғ томонга ишора қилиб. Зийраккина келинчак эса:
– Бемалол, – деди кулиб ва дарров тоза сочиқни обдаста олдига қўйиб кетди. Мастура ас¬та одим¬лаб теваракни кузатиб бораркан, ҳовли тўридаги ҳужра томонга йўналди. Кўздан сал нари, ҳовлининг четидаги ҳужра онаси иккисининг кечмиш¬ларига, ҳасратли кунларию орзули тунларига гувоҳ. «Янаям эскирибди», деди оҳак¬лари ўнгиб, сувоғи тўкилган деворга боқиб. «Эшиги ўша-ўша, алмаштирилмабди», ўйлади у аста ёғоч эшикни очиб, ичкарига мўраларкан. Ис босиб кетганига қараганда, анчадан бери бу жойга одам кирмаган, лаш-лушлар қалашиб ётганидан эса эс¬ки ҳужранинг омборхонага айлангани кўриниб турарди. Илгари эшик тутқичи олдидаги мана бу тешикка қўли бемалол кириб чиқарди, энди йўқ. Сиғмайди-да, ахир орадан қанча вақт ўтди. Тоғаси раҳматли эшикни янгилаб бераман деганда, янгаси кўнмаган. «Уни¬нг ўрнига анави янги уйни битиринг!», деб бақирганди қумсувоқ қилинган уйни кўрсатиб. Ёзда-ку билинмасди. Аммо қаҳратон қиш кунлари муштдек келадиган шу тирқишдан хирмондек шамол гувуллаб кирар, онаси эски шолчани эшик¬ка қават-қават парда қилиб тўсиб қўярди…
Ҳаяллаб қолди шекилли, ортидаги шарпадан Мастура тўзғиган хаёлларини йиғиб, келинчак билан уйга қайтди. Ичкарида дастурхон безатилган, фақат янгаси кўринмасди.
– Ҳозир кирадилар, дастурхонга қараб ўтиринг, – деди иссиқ чой узатиб келинчак. Сўнг “Мен ҳозир”, дедию чаққонгина уйдан чиқди. Хонада ёлғиз қолган Мастура атрофни кузата бош¬лади. Бу жиҳозлар чол-кампирнинг чоғроқ хонасини эслатар, илгари бу уйга рухсатсиз кирмас, бугун эса меҳмон бўлиб ўтирибди. Гилам тепасига осилган тоғаси раҳматлининг суратига келганда нигоҳи бирдан тўхтаб қолди. Расмда ўттиз беш ёшлар чамасидаги дўппи кийиб олган, кўзлари онасиникидек меҳрли бу инсон хотини билан неча бор сан-манга борарди-я? Икки томонга бирдек туриш, кўнгли ярим синглисига суянч бўлиш учун қанча тиришди. Тўғри, гоҳида янгасининг ёлғон-яшиқларига ишониб, уларни койиган ҳам, бироқ, барибир мунгли кўзларида жигарларига нисбатан меҳр, оқибат борлиги сезилиб турарди. Ўзи бугун она¬си мажбур қилмаса Мастура келмасди. Тоғаси вафот эт¬гандан бери бу уйга қадам босмаган, шунга ҳам анча йил бўлиб кетди. Она¬си «Янганг сени кўп сўрайди, мазаси йўқ-да, йўқса ўзи келарди. Сен кичиксан, бор қизим. Одам дегани кечиримли бўлади», деб қўймади. Мана энди келиб, ўтмиш билан яна бир карра юзлашгандек, унинг оғриқли кунларини ян¬а кўргандек бўляпти. У тоғасининг нав¬қирон суратига боқиб шуларни ўйлаб ўтираркан, уйга янгасининг кирганини сезмай қолди.
– Хуш келибсиз, Мастура қизим, омонмисиз? – деди янгаси унга қучоқ очиб. Қариндош¬лар бир-бировини бағрига босаркан, Мастура янгасининг титрагани, ҳаяжонланганини сезди. Ҳалиям овози ўктаму, лекин ўзи бир оз хоригандек, тик қомати чўккандек эди.
– Пешинни ўқиётгандим, узр, айланай. Бу келадиган кунингиз ҳам бор экан-ку, биз тарафларга, – деди янгаси унга гинахонлик қилиб.
– Ҳа, ташвишлар билан бўлиб, келолмадик. Тўйлар яхши ўтдими? Келинлар чаққонгина хизматингизни қилиб юришибдими? – деди у ҳам мулозамат учун.
– Раҳмат, айланай. Шукр, шу кунларга етказганига. Ўзингиз яхшимисиз, Муроджон, болалар яхши юришибдими? Келишмадими улар? – деди янгаси нон ушатаркан.
– Иш, ўқиш дегандек. Бир-биримизни кутсак, ҳалиям қолиб кетамиз. Шунинг учун ўзим келавердим. Ҳаммаси салом айтишди сизга, – деди у дастурхоннинг гулли нақшини қўли билан силаб.
Янгаси ликобчада янги узилган хусайни олиб кирган келинига:
– Шоҳистахон, ҳолва ҳам олиб киринг, Мас¬тура опангиз яхши кўради, – деди унга қараб кулиб қўяркан. Сўнг бирдан нимадир ёдига тушгандек, жим бўлиб қолди.
– Ҳа, яхши кўрардим, – деди Мастура ҳам тасдиқлаб ва эсига болалигида бўлган бир воқеа тушди…
Ўшанда тоғасиникига меҳмон келган, одатдагидек дастурхон безатилар, тақчиллик замонида унда-мунда йўқ қанд, туршак, ёнғоқ, айниқса, у жуда яхши кўрадиган седанали ҳолва, албатта, қўйиларди. Бола эмасми, ўша ҳолвадан бир дона еги¬си келди. Меҳмонларга чой ташиб юрган онасига шунча ялинса-да, эшит¬маганга олди. Чунки билади, янгасининг феъли ёмон. Мастура бир четда ўтириб, бир гапириб-ўн кулаётган эркагу аёлларга бирма-бир қараб чиқди. Ула¬р ғиштпечка ёнида ўтирган қизалоққа аҳамият беришмас, олдиларига қўйилган ноз-неъматларни бемалол, тортинмай тановул қилишарди. Янгаси ҳам бисотидаги бор тақинчоқларини тақиб олган, гўё у хонзодаю она¬сига чўридек буйруқ бериб ўтирар, шу билан ўзини жуда сипо, доно кўрсатишнинг эви¬дан чиқарди. Мастура чиройли либос кийиб олган меҳмонларни, улардан ҳам кўра кўпроқ дастурхондаги ширинлик¬ларни кузатар, тамшанар, кичкина бармоғини ўйнаб, ўтирганлар кулса у ҳам жилма-йиб, ўзини ҳам улар сафидагидек ҳис этарди. Шу пайт аз¬баройи егиси келганидан ҳамма гап билан ов¬вора бўлганида дас¬турхонга яқин сурилиб, аста ҳолвага қўл чўзди. Лекин янгаси тушмагур кузатиб турган экан-да. Бирдан шахд билан урилган тарсаки, қўлчасини ловуллатиб юборди. Бир зум довдираб қолган Мастура янгасининг «Вой-вой-ей, куйдим, шу етимлардан. Тўярини билмайди, кўзи оч-да, кўзи. Сўраса бераман-ку, ўғирлик қилмасдан!», деганини эшитиб, ўзига келди. Қўрқиб кетганидан қўлидагини олишни ҳам, ташлашни ҳам билмай турганда, эшикдан кириб қолган онаси унинг билагидан маҳкам тутиб ўзлари яшай¬диган ҳуж¬рагаолиб кириб кетди. Ортидан янгасининг «Шуларни тўйдирамиз деб юриб¬миз-да, айланай» деганию тоғасининг «Бас қил!» деб хотинига ўшқиргани эшитилди.
Улар нам ҳиди анқиб турган хонага кириши билан кутилмаганда онаси унинг юзига тарсаки туширди. Ўзи шундоқ ҳам қўрқиб кетган Мастура энди юзларини беркитганча чинқириб йиғлаб юборди.
– Нега ундай қиласан-а, нега? Бир бўлак ҳолва билан қорнинг тўйиб қолармиди? Ўзи, шу туришимиз камми, болам?! – деди онаси зорланиб, ке¬йин ўзи ҳам йиғлади. Боядан бери хўрлиги келиб йиғлаётган Мастура онасининг кўз ёшини кўриб тинчиб қолди ва рўпарасида бир сиқим бўлиб қолган бечора, муштипар онасини юпатиш учун юзларини силади:
– Бошқа қилмайман, фақат сиз йиғламанг, – деди у. Ўксиб йиғлаётган онаси эса юзларини рўмолининг учига артиб, уни бағрига босди. Шу ҳолда она-бола анча ўтиришди. Кейин янгасининг овозини эшитиб, сапчиб ўрнидан тураркан, «Сен шу ерда ўтир, майлими, қизим» деганча шошиб чиқиб кетди. Мастура кўз ёшини кўйлагининг енгига артаётганда кафтидаги ҳолвани кўриб жимиб қолди. Боягина ўзи тамшаниб, минг бир истиҳола, қўрқув билан олган ҳолвага бир зум тикилиб турди-да, сўнг отиб юборди…
Ҳозир шулар хаёлидан ўтаркан, кўзи билан ер чизиб ўтирган янгасига қаради. Аёл ҳам уни анг¬лагандек, ўтган кунларни ҳис этгандек оғир «уҳ» тортди. Кейин:
– Мастурахон, қизим. Мендан хафадирсиз-а? Хом сут эмган бандамиз-да, билиб-билмай кўп гуноҳлар қиламиз. Лекин ўтинаман, тоғангиздан ранжиманг. Улар сизни жуда яхши кўрардилар. Касал бўлганида ҳам алаҳсираб Ибодат билан сизни чақираверди, – деди кўзларига ёш тўлиб.
– Келишингизни аён қилгандек тушимга кирибдилар. Ҳадеб сўра дермиш бояқиш. Энди билсам, узрхоҳлик сўр, деган бўлсалар керак-да. Ибодат барака топсин, келиб туради. Сизни, куёвни жуда мақтайди. Қўша қаринг, илойим. Беш кунлик дунёда бир-биримиздан гина қилмайлик, энди қизим, – деди янгаси қалтироқ қўлларини унинг кафтига босиб.
Бир пайтлар ҳали пишиб етилмаган макка¬поя попугини узиб қўғирчоқ қилиб ўйнаганда, уни ўқлов билан урган мана шу қўллар эди! Кўклам чоғи томдан қизғалдоқ териб тушиб, шодланиб онасига тутганда, «Ундан кўра, молларга ўт ўр, яшшамагур!» дея шартта гулларни майда-майда қилиб, охурга ташлаган, сал бўйи чўзилиб, ҳусни олланганда, тоғаси қизлари қатори унга ҳам чит кўйлак олиб келганида, пайт пойлаб кўйлакни тандирга ташлаган ҳам шу қўллар-да! Айтаверса, эҳ-ҳе… Энди титраётган бу қўлларни кечириш, уну¬тиш мумкинми?!
Мастура оғир хаёлларига ғарқ бўлиб қанча ўтирди билмади, шу маҳал патнисга ёнғоқли, пис¬тали, седанали пашмак ҳолвалар солиб жилмайган Шоҳистахон кириб келди. Мастура ликопчаларни дастурхонга қўяётган ёш келинчакнинг ҳали гард қўнмаган, ҳаётнинг залворли юклари соя солмаган беғубор нигоҳига қараб туриб:
– Шоҳистахон, ҳолва учун раҳмат, барака топинг, – деб миннатдорлик билдираркан, янгаси ялт этиб унга қаради…
“ЎзАС”, 2019 йил, 29-сон