Ҳалима Аҳмедова. Сен – кўркам ва гўзалсан, меҳрибон ва мурувватлисан… (бадиа)

Болалигимда бибимнинг узун ва учи қўнғироқ сочларини ушлаб юришни яхши кўрардим, ундан доим қалампирмунчоқнинг ҳиди анқирди. Бибим жуда хушрўй эди. Айниқса, жойнамоз устида янада сулувлашиб кетарди.
Намозини тугатгач, ундан сўрардим:
– Дунёда энг чиройли ким?
Бибим кўзларига тўлган нурнинг тилида иккиланмай:
– Оламдаги энг гўзал зот Аллоҳдир, – дерди…
Ўшанда ҳаммадан чиройли, кўркамлигингни билганман.

* * *

Уруш кўрган бобомнинг хотираларини титкилашдан завқ топардик, ҳоли-жонига қўймай гапиртирардик. У хотираларини сўзлаб туриб, бир воқеага етганда бўғзига кўз ёши тиқилиб қоларди:
…Тезоқар дарёнинг бўйидаги немис қишлоғига элликка яқин аскар кириб бордик. Бизга шу қишлоқни қолган-қутган фашистлардан тозалаш буюрилган эди. Биз автоматлардан тинимсиз ўқ отиб боряпмиз. Бир маҳал хароба уйнинг ичидан икки гўдагини икки қўлида маҳкам қучоқлаган немис аёли чиқди, у югурганча шиддат билан оқаётган дарё томон ошиқарди. Беихтиёр ўқ отишни тўхтатдим ва шерикларимга ўгирилиб қарадим, улар ҳам отишдан тўхтаган эди. Фақат украиналик йигит ҳамон отар ва бақирарди:
– Мана бу синглим учун, буниси онам учун…
Унинг қўлидан биргалашиб автоматни тортиб олдик. Йигит аламзадалик билан ўкириб йиғларди.
Немис аёли эса болаларини қучоқлаганча ўзини дарёга отди ва нариги қирғоққа сузиб ўтмоқчи бўлди. Биз таҳлика ичида уни кузатардик.
Аёл дарёни кечиб ўтишда анча машаққат чекди, узоқ уринди, охири соҳилга яқинлашганда икки боласини қирғоққа юмалатиб юборди, аммо ўзини қутқаришга мажоли етмади, у оқиб кетаркан ўз тилида нимадир деб бақирди. Шунда соҳилга туташган ўрмон ичидан бир эркак югуриб чиқди-да, икки болани олиб, кўздан ғойиб бўлди. Ўша немис аёлининг икки боласини кўтариб, оёқлари билан жон ҳолатда сузгани ҳали-ҳали хаёлимдан кетмайди…
Бобом ушбу воқеани гапириб бўлганидан сўнг узоқ сукутга чўмар, юзидаги ажинлар ариқчага айланиб, кўз ёши оқарди.
Биз уни овутардик:
– Бобожон, бобожон, сиз дунёдаги энг меҳрибон одамсиз…
Бобом эса кўкка ишора қиларди:
– Энг меҳрибон, раҳмдил Аллоҳдир. Меҳрни кўнгилга у солади…
Ягона меҳрибон Зот эканлигингни болалигимданоқ англаганман.

* * *

Ўқувчилик пайтлари синфимизда ғирт безори Жалол деган бола ўқирди. У ҳеч ким ва ҳеч нарсадан қўрқмас эди, доим юзи қашқа бўлиб юрарди. Мактабда бирор нохуш воқеа юз берса ундан кўришарди. Ҳеч кимга қўшилмасди. Биз ундан қўрқардик. Ҳатто бир гал ўзига оро бериб юрадиган, жаҳли тез, барчамиз ҳайиқадиган рус тили муаллимасининг юзига тик қараб:
– Сиз ёмон аёлсиз, дадамни тинч қўйинг, – деб сумкасини кўтарганча синфдан чиқиб кетган. Ҳа, у кучли эди, шунданми ўзига ҳаддан ортиқ ишонарди.
Бир куни танаффус пайтида синфимиз ойнасини кимдир синдирибди. Табиийки, мактаб директори синфга кириб гуноҳкор сифатида Жалолга қўлини бигиз қилди:
– Айт, қачонгача сенинг бемаъни қилиқларингга чидаймиз, – деди.
Жалол шарт ўрнидан турди-да:
– Бу менинг ишим эмас, нега ҳар доим ҳамма айбни менга тўнкайсизлар, – деди тишларини ғижирлатиб.
Мактаб директори гапида туриб олди. Шунда Жалол тўрт томонга жовдираб боқди. (Шу паллада у жуда ночор эди) ва қўлини кўксига қўйиб чинқирди:
– Худо урсин, агар деразани синдирган бўлсам…
Барча кучлилардан кўра кучли, қудратли эканингга безори синфдошимнинг шу бир оғиз гапи мени ишонтира олган…

* * *

Бола эдим, шаббоданинг этагидан ушлаб ўт-ўланлар ичида югуриб юрардим. Сўзанакларни тутиб, қанотидаги қуёшда товланган рангларни томоша қилиб завқланардим. Онам тикиб берган эгнимдаги каштали кўйлак гулини боғимиздаги гулларга қиёслардим. Ва бор овозим билан ҳайқирардим:
– Онамнинг гуллари чиройли, онамнинг гуллари чиройли.
Бир куни дарвозамиз олдида дугоналарим билан дадам шаҳардан олиб келган, сочлари қўнғироқ қўғирчоғимни ўйнаб ўтирганимда доим кир-чир юрадиган, кўйлагига устма-уст ямоқ солинган Шарофат даврамизга қўшилди. Ва дугоналарим қўлма-қўл ўйнаётган қўғирчоғимга қўл чўзди. Негадир уни жиним суймас эди, дарров қўғирчоғимни тортиб олдим-да:
– Шарофат – жулдур, Шарофат – жулдур, – деб бақира бошладим, дугоналарим ҳам менга қўшилди.
Бақир-чақиримизни эшитган онам ичкаридан югуриб чиқди, четда мунғайиб йиғлаётган Шарофатга кўзи тушгач, ҳамма нарсани тушунди, шекилли, юзимга шапалоқ тортиб юборди, кўзимдан олов чиқиб кетди. -Сўнгра қўлимдаги қўғирчоғимни тортиб олди-да, Шарофатга узатди:
– Ол, қизим, бу сенга…
Беғубор оламимга мавҳум чангдай ёпирилиб келаётган кибр бир зумда тўзғиб кетди.
Юзимга илк бор шапалоқ туширган ва Шарофатга меҳр узатган қўллар онамнинг эмас, аслида сенинг қўлларинг эди…

* * *

Баҳор кунларининг бири эди. У ўзининг афсунгар нафаси билан ҳар гал мени хаёлпарастга айлантирарди. Мактабга бораётиб ёввойи гуллар ифори, турли-туман қушларнинг нағмасига чалғиб дарсга кечикдим. Биринчи дарсни жаҳлдор, аламзада кимё муаллими ўтарди. У кеч қолганларни кимё жадвалини кўрсатадиган таёғи билан аёвсиз савалар, қолганига бир соат бурчакка тик турғазиб қўярди. Синф эшигини очдиму унинг ғазаб кўр қилган нигоҳига тўқнашдим. Азбаройи қўрққанимдан йиғлаб юбордим ва тилимни ёлғон булғади:
– Муаллим, онам оғир ётибдилар, уларга қарадим.
Муаллимимиз аёллигига бориб юмшади:
– Бор, ўрнингга ўтир, бошқа кеч қолма!
Дарсда ўтирибману бутун жисму жоним ёнади, ҳатто суякларимгача қизиб кетаман.
Дарслар тугагач, уйга қараб югурдим. Югуриб бораётиб, бутун вужудимни аллақандай қўланса юк босганини сезаман, худди ҳеч қачон чўмилмаган одам ҳолатига тушаман.
Орадан бирор ҳафта ўтар-ўтмас, онам чиндан ҳам тўшакка михланиб қолди. Ўзимни муаллимнинг ғазабидан асраш учун онамни дардга сотганимни англадим. Шу ётганича қарийб ярим йил ўрнидан турмади, меҳрибон онам. Ичим кўз ёшига тўлиб кетди.
Менга, ўн тўрт ёшли қизга ёлғон – жаннатни ваъда қилиб, дўзах дарвозасининг қўнғироғини чалдиргувчи ва адаштиргувчи йўл эканини қалдирғоч тилида уқтирдинг.

“ЎзАС”дан олинди.