Телефон жиринглади. Дарс тайёрлаб ўтирган Рустам бўйнини чўзиб нариги хонага қаради. Онаси трубкани олиб ким биландир гаплашди.
— Яна-я?! Қачон? — деди у норози оҳангда. Кейин трубкани аста жойига қўйди-ю, бир зумда ғамгин бўлди қолди. Анчагача диванда ҳаракатсиз ўтирди. Кейин туриб каравот тагидаги катта чемоданни тортиб олди. Шундагина Рустам дадасининг яна командировкага отланишини англади.
Оқшомга яқин эшик очилиб остонада дадаси кўринди.
— Тайёр бўлдими, кеч қоляпман ахир, — деди у кира солиб.
— Ҳозир, дадаси, ахир ўнта қўлим йўқ-ку… Борарсиз шошаётган ерингизга…
Рустам онасининг овозида аллақандай зарда сезди. Одатда шундай зардали гаплардан кейин Рустам учун ташвишли кунлар бошланарди: ота-она аразлашиб бир-бири билан Рустам орқали муомала қилишарди. Аразлашган эр-хотиннинг бир-бирига отган найзаси аввало Рустамга тегиб ўтарди. Шунинг учун ҳам у зардали гаплардан безиб қолган эди. Онасининг ҳозирги гапи ҳам Рустамни зириллатиб юборди. Дадаси жавоб аптишга улгурмай унинг қўлига ёпишди.
— Дада, менга нима олиб келасиз, — деб сўради у жавобга оғиз жуфтлаган дадасига.
— Қани хонангга марш, дарсингни тайёрла, — дадаси шундай деб унинг орқасига шапатилади-да, хонасига йўл кўрсатди.
Рустам хўрсииди. Қўлини столга устма-уст қўйиб иягини тиради. Китобга қарагиси ҳам келмади. Йўқ, у дадасининг пўписасидан, саволининг жавобсиз қолганидан ўксиди. Чунки «нима олиб келасиз» деганида, дадасининг «нима олиб келай» дея сўрашини кутган эди. Лекин… дадаси сўрамади. Сўраганида эди… Сўрамаса ҳам майли. Ҳар ҳолда онаси билан аразлашиб қолмади-ку…
Рустам бир амаллаб дарсини тайёрлаб бўлди. Китоб-дафтарларини йиғиштириб нариги хонага чиқди. Бу вақт дадаси жўнаб кетган, онаси ошхонада кечки овқатга «жиз-биз» қиларди.
— Рустамжон, дарсингни қилиб бўлдингми, ўғлим, балки ёрдамим керакдир, — сўради онаси.
— Йўқ, қийналмадим, дарсни яхши тушунган эдим, — деди Рустам.
Шу вақт эшик қўнғироғи жиринглади.
Рустам чопиб бориб эшикни очди. Қараса бувиси. У хурсандлигидан қичқириб юборди. «Онажон, бувижоним келдилар, бувижоним келдилар», — дея ошхона томон чопди.
Ошхонадан қўлларини пешбандига артганча онаси чиқди.
— Вой, онажон келинг, яхшимисиз, тан-жонингиз согми, — онаси бирига жавоб олмай иккинчи саволни бераркан, бунисига кўрпача солди.
— Кўриб турибсану болам, отдакман. Қариган сайин кучга тўляпман чоғи, учинчи томинггаям ҳеч қийналмай чиқдим, — фотиҳага қўл очди ва: — тан-жонларинг соғ бўлсин, Рустамжонам катта йигит бўлиб юрсин, тўйларини кўрай, — дея қўлларини юзига тортди.
— Рустамжоп болам, ўқишларинг яхшими? — сўради пинжига кириб олган Рустамдан бувиси.
– Яхши дейсиз-қўясизми, нуқул бешга ўқияпти бунингиз, — деди онаси Рустам учун жавоб бериб.
– Балли ўғлим, балли, — бувиси эркалаб Рустамнинг сочларини силади, — Нечук, бундай кечда бизларни йўқлаб қолибсиз, тинчликми? — сўради онаси.
— Ҳаҳ, болам-а, шу туш кўрибман дегин. Муқул йиғлармишсану сабабини айтмасмишсан… Шунга ўзимни босолмай, уканг келиши биланоқ уйни топшириб бу ёққа жўнавордим. Ўзинг тинчмисан ишқилиб, эринг кўринмайди…
— Командировкага кеттилар… — опасининг товушида маъюслик борлигини Рустам сезди.
Рустам чарчади, эсноғ тутди. Онаси уни ухлашга қистади. Рустам бувисидан ажралишни истамайгина ўрнидан турди.
— Кириб ухлайвер, болам, кетиб қолмайман, — ишонтирди уни бувиси.
Рустам ўрнига кириб ётди, лекин уйқуси келмади. Онаси билан бувисинииг ўзаро секин-секин гаплашишаётгани ва айниқса, онасининг йиғламсираб айтаётган сўзлари эшитила бошлади.
— Турмуш қурганимизга мана неча йил бўлди. Аммо шунча вақтдан бери туғилган куним билан табриклаш эсига келмайди. Ҳар йили бу кунни орзиқиб кутаман… лекин кутган куним дилхунлик билан ўтади… Чунки куёвингиз ё командировкада бўлади, ё индамай кириб келади-ю, ишига шўнғийди. Дардимни ютиб ўтиравераман. Индинга туғилган куним, куёвингиз бўлса яна кетди… Нима қилай, мени табрикланг, совға келтиринг дейми… Йўқ, деёлмайман. Ўзи билишини, сезишини истайман. У бўлса шунақанги лоқайдки… Нуқул ишини ўйлагани-ўйлаган. Менку майли-я, Рустамжонни ҳам ўйламайдида, ўғли борлигини ҳатто унутиб қўйгандай…
«Эҳ, — бирдан ўйлаб қолди Рустам, — мана энди билдим онамнинг нимага хафа бўлганини… Менгагина совға олиб бермайди десам… Нима қилсам экан? Туғилган кунларига бирор нарса совга қилсам қанчалик қувонардилар… Лекин пулни қаердан оламан? Бувимдан олсам-чи? Ҳа, бувимдан оламан».
У хаёл гирдобида қандай уйқуга кетганини ҳам сезмади. Чўчиб уйғонди. Уйда ҳеч ким йўқ эди. Онаси хат қолдирибди. «Рустамжон, буфетда юмшоқ нон, қаймоқ бор, чой сочиқнинг тагида. Биз бувинг билан кетдик, мактабга кеч қолма».
Рустам энди пулни қаердан олишни билмай ўйланиб қолди. Бирдан сопол мушукни эслади. Мушукни олиб силкита-силкита уч-тўртта танга туширди. Ками бир сўм экан. Пулни чунтагига солди. Шоша-пиша нонушта қилгач, ташқарига отилди.
У мактабга келган заҳоти ўртоқлари Дилшод билан Муроднинг совға масаласидаги фикрларини билмоқчи бўлди.
– Менимча атир, — деди Рустамнинг муддаосини эшитган Дилшод.
— Бе, буникисиз ҳам атирлари кўпдир, кейин атир кип-кичкина бўлади, — эътироз билдирди Мурод, — менимча совға каттароқ, уйга кираверишда кўзга ташланиб туриши керак.
— Ахир катта совғага пулни қаёқдан оламан? — деди Рустам чўнтагидаги бир сўмни ушлаб қўяркан.
— Ҳа-я. — ҳафсаласи пир бўлди Муроднинг.
— Менимча, энг яхши совға, гул — бу овоз Салиманики эди.
— Тўппа-тўғри, нега боядан бери хаёлимизга келмади-я…
Рустам онасига гул совға қиладиган бўлди. Орзиқиб кутилган кун келди. Ўша куни Рустам синфдан чиқди-ю тўғри мактаб гулзорига ўтди. Боғбон бувани излаб топди-да, пулини узатди.
— Бува, шунга гул беринг, жудаям керак… — ўтиниб сўради Рустам.
Бува дам Рустамга, дам унинг қўлидаги тангаларга қаради. Кейин оғзидаги носвойини бир четга туфлади-да Рустамдан сўради: Нега керак бўлиб қолди, а, ўғлим?
— Ҳалиги, бугун онамнинг туғилган куплари эди, гул совға қилмоқчи эдим…
Рустам ҳамон пулни боғбон бувага узатган кўйи турарди.
— Пулингни чўнтагингга солиб қўй, — бува шундай деб гулзор ичига кириб кетди…
Рустам бир даста гулни қучоқлаб уйга чопди. «Онамнинг иш вақти тугашига ҳали анча бор, улгураман», деб ўйлади. Уйга кириб гулдон топиб чиқди ва унга гулларни чиройли қилиб солиб қўйди. Ўзини сал орқага олиб гулларга қаради. Назарида уй мана шу гуллар билан жудаям очилиб кетган эди. «Эндиям хафа бўлиб кўрсинларчи», ўйлади Рустам.
Бирдан Рустам лабини тишлаб ўйланиб қолди. «Ахир онам мендан эмас, дадамдан хафа бўляпти-ку! Гулни дадам ҳадя қилиши керак эди!.. Рустам кўрсаткич бармоғини тишлаганича узоқ ўйланди. Ниҳоят йўлини топди. Аммо унинг бу «топишида» ёлғон бор эди. Лекин Рустам бунинг фатвосини билади. Ўқитувчиси «яхшиликка хизмат қилсагина, баъзан ёлғон ҳам гапириш мумкин», деган эди-ку!..
Рустам тўрттала хонани ҳам супириб-сидириб бўлганида эшик қўнғироғи жиринглади. У бориб эшикни очди-да, тезда изига қайтди. Ажратиб қўйган бир дона қизил гулни олиб, онасига пешвоз чиқди. Ўзини командир олдида турган солдатдай ғоз тутиб тантана билан сўзлади:
— Онажон, сизни туғилган кунингиз билан табриклаймиз. — Рустам шундай дея гулни онасига тутқазди.
Онаси афтидан бундай бўлишини кутмаган эди… Рустамни бағрига босди, юз-кўзларидан ўпди.
— Раҳмат, ўғлим, раҳмат… — онасининг кўзларида севинч ёшлари кўринди,
— Ие, туғилган кунидаям йиғлайдими, ахир биз хафа бўламиз, — Рустам қўллари билан онасининг кўз ёшларини артди.
— Шошма-шошма, ахир сен бир ўзингсан-ку, нега ҳадеб «биз-биз»лайсан… — деб сўради онаси.
— Нега бир ўзим бўлай, гул дадам иккаламиздан совға, — Рустам олдиндан ўйлаб қўйган сўзларини айта бошлади.
— Даданг келдими?
— Йўқ, эрталаб сиз кетгандан кейин телефон қилдилар. «Бугун онангнинг туғилган куни, ҳозирча иккаламизнинг номимиздан гул совға қил, совғанинг каттасини ўзим олиб бораман», деб айтдилар, — деди Рустам яна ҳеч бир тутилмай.
— Вой Рустамжон, ростданми? — онаси яна уни бағрига босди, — хайрият, дадангга инсоф берибди, раҳмат… Даданг туғилган кунимни билмайди, деб юрардим, билар экан-ку!.. — онаси шундай дея яна кўзига ёш олди, бу унинг хурсандлигидан эди.
Рустам онасини бунчалик хурсанд қилганидан ниҳоятда қувониб кетди. Онаси Рустамни қўйиб юборди-да, гулдондаги гулларни қўш қўллаб ушлаб ҳидлади.
— Қандай чиройли, қандай хушбўй-а!.. Вой ўзимнинг ўғилгинамдан… — У яна Рустамнинг юзларидан ўпди-да ичкарига кириб кетди.
Рустам стол устига чиқиб мушукни олди ва тангаларни бир-бир ташлай бошлади. Шу пайт онаси чиқди.
— Ҳа, Рустамжон, нима қиляпсан?
— Дадам телефон қилгач гул учун бир сўм олган эдим, солиб қўйяпман. Ахир пулим йўқ эди-да! Лекин барибир гулчи бува пулимни олмади…
— Демак гулчи бува яхши одам экан, — деди онаси.
Шу куни уларникида катта байрам бўлди. Бувиси, тоғаси, яна кўпгина меҳмонлар келишди, Бу байрамда биргина дадаси бўлмади…
Рустам энди дадасини бетоқатланиб кута бошлади. Лекин у ўйлагандай бўлмади. Уйга кириб келган дадасини огоҳлантиришга улгурмади. Рустам лабини тишлади. Дадаси чемоданини диванга қўйиб очди. Рустам онасига қаради, онаси жудаям хурсанд эди.
Рустам дадасининг чемодан очишидан, «ростданам совға олиб келибдилар шекилли», деб ўйлаганди, лекин… Дадаси чемоданидан геолог асбобларини, китоб-дафтарларини олди. Онасига «кийимларимни ювиб қўй, кир бўлиб кетди» дегач, хонасига кириб кетди. Рустам беихтиёр яна онасига қаради. У хомуш бўлиб қолган эди…
Рустам дадасининг орқасидан югуриб кирди-да, эшикни, зичлаб ёпди. Дадаси унинг бу қилиғидан ҳайрон бўлиб тикилиб қолди…
— Дада… сиз йўқлигингизда ойимнинг туғилган кунлари бўлди. Бувим, тоғам, келинойимлар келиб ҳаммалари табриклашди. Сиз ҳечам табрикламас экансиз… Ойимнинг бувимга йиғлаб шундай деганларини эшитиб қолдим. Кейин иккаламиз учун гул совға қилдим, кейин, кейин…
— Хўш, хўш… — дадаси унга яқинлашиб келди.
— Кейин, — Рустам дадаси учун қилган ишларини айтиб берди. — Ахир туғилган кунларида яна хафа бўлмасинлар девдим-да…
Дадаси тиз чўкиб Рустам билан бўй баробар ўтирар экан, ўғлини энди кўраётгандай тикилиб қолди. Назарида ўғли катта бўлиб қолгандай эди. У ўғли англаб етган нималарнидир ўзи тушунмаганлигини фаҳмлади. Бир зум нигоҳини пастга қадаб хаёлга толди. Аммо мана шу бир зум ичида жуда кўп нарсаларни ўйлади. Кейин секин ўрнидан туриб эшикни очди. Рустам ҳам унга эргашди.
Онаси диванда хомуш ўй суриб ўтирар, кўзларини пастга қадаган эди. Дадаси оҳиста юриб, унинг ёнига ўтирди. Ўғлининг борлигини ҳам унутиб, хотинининг елкаларидан ушлаб, ўзига қаратди… Рустам онасининг кўзларида нам кўрди…
Дадаси онасига нималардир деди. Қўлини кўксига қўйди. Рустамни имлаб кўрсатиб бир нималарни гапирди. Онасининг юзига табассум югурди…
Рустам онасини ҳеч қачон бундай хурсанд кўрмаган эди…