Набижон Нажмиддинов. Энатут (ҳикоя)

Ҳовлимиздаги бир туп оқ тутнинг шохлари уйимиз томи билан туташиб кетган. Маҳалламиздаги одамлар уни «оқ тут» дейишса ҳам, биз «энатут» деб атаймиз. Чунки бувим «бу тутни энатут деганлар, уруш вақтида ҳам, очарчиликда ҳам кунимизга яраган, ризқимизни бутун қилган» деган эдилар-да!
Энатутнинг танаси тиришиб, баъзи жойлари ёрилиб ғовак бўлиб кетган эди. Булар энатутнинг кексалигидан далолат берса ҳам, аммо ҳануз серҳосил эди. Ҳар донаси бармоқдай-бармоқдай келадиган тутнинг мазасини мақтаганим билан сўзим адо бўлмайди. Мен бу йил иккинчи синфга кўчдим. Яхши ўқувчилар қаторида тилга олишарди. Лекин тут пишди-ю, дарсда ҳам уни ўйлайдиган, китобга кам қарайдиган бўлиб қолдим. Мактабдан кела солиб ҳовлига чопаман. Бир амаллаб энатутнинг шохндаги «паккам»га чиқиб оламан-да, онам «туш» деб дағдаға қилмагунича ўтиравераман.
Тут пишиғи келиб бувим айтмоқчи менга «худо берди». Паккамга чиқиб олгандан кейин қорним шишиб кетгунча еб тушмасам кўнглим тинчимайди. Бундан бошқа марвартак тут, малла тут, чарос тут, қизил тут, ҳалим тут деган ширин тутлар ҳам бор-у, лекин менга ўзимизнинг энатут мазалироқ туюлади.
Бу тут деган ширину, лекин бувим айтмоқчи одамни жуда бўшаштириб, уйқучи қилиб қўяди-да. Бир куни саҳарлаб бувим уйғота бошлади. Қани энди тургим келса…
— Тур Нодиржон, турақол болам, менга ёрдамлашиб юборгин.
Турдим. Қарасам бувимнинг юзлари ғамгин, қўлларида иккита челак, ҳовли томонга юриб боряптилар.
— Турақол энди, болам, эрта турган одамнинг руҳи енгил тортади…
Бувим шунақа: жаҳллари чиқиб турсаям гаплари жуда ширин. Шундай пайтда бувимга яна ҳам меҳрим ортиб кетади. «Яшасин бувижоним!» деб бўйниларидан қучиб олгим келади.
Бувим билан изма-из ҳовлига ўтдим. Бувим бўлса нуқул «эсизгина, увол бўпти-я, қоқиб олсак ҳам бўларкан-а?» дея афсусланиб боради. Энатутга бир нима бўлганини сездим. Мен воқеани тут олдига боргандагина билдим. Эҳ-э, марвариддек оппоқ тутлар ер билан битта бўлиб ётар, оёқ босгани жой қолмаганди. Ичим шунақа ҳам ачишдики, ҳатто хўрлигим келиб кетди. Нега хўрлигим келмасин, ахир унга жудаям ўрганиб қолган эдим-да. Секин бувимдан сўрадим.
— Бувижон, ким тўкиб қўйди, озгина тўкса ҳам бўларди-ю, а?
— Э, болам-а, одам шундай қилиб тўкиб қўярмиди, шамолнинг иши бу. Нуқул пишганларини тўкиб кетибди, эсизгина-я…
— Буви, энди нима қиламиз?
— Нима қилардик, пишириб оламиз-да. Бувимнинг бу гапларидан кулгим қистаса-да, лекин жаҳллари чиқиб тургани учун кулмадим. Ахир пишган тутниям пишириб бўларканми? Шундай хаёлга бориб яна сўрадим:
— Ўзи пишган-у, буви, нима қиламиз яна пишириб?
— Биз яна пиширамиз, энди қозонда қайнатиб пиширамиз, болам.
— Тезда пишадими?
— Унча тез эмас. салкам бир сумалакнинг ўтини кетади бунгаям.
— Вой-бў, бўлмаса пиширмай қўяқолайлик, — дедим, чунки сумалакни кечқурундан эрталабгача пиширишларини билар эдим.
— Пиширмасак шунча мева исроф бўлади, қўзим, пишириб шинни қилиб оламиз.
— Шинни дейсизми? — ажабланиб сўрадим. Негаки, бундай таомни биринчи эшитишим эди.
— Ҳа, шинни. Анчадан бери қилмай қўювдик. Тансиқ нарса…
— Ширин бўладими?
— Ширин дейсан-қўясанми, ҳатто асалданам ширин бўлади…
Шу гапдан кейин тутларни астойдил тера бошладим. Шамол тўкиб кетган тут оз эмас нақ тўрт челак чиқса бўладими? Бувим билан уни роса чайиб сувини сиқдик, кейин қозонга солиб қайната бошладик. «Асалдан ҳам ширин» шинни ейиш кечқурун насиб қилди. Унга нон ботириб еяпману қани энди тўйсам! Шинни суюлиб, тўқ қизариб пишган, шираси тилда ўйнарди. «Бувимга қойил», дейман ичимда. Шундай шиннидан ҳар куни пиширсалару, қандай мазза бўларди-я…
Бу воқеадан уч кун ўтгач яна мактабдан келдиму, ҳовлига чопдим. Энатут шохларидаги мевалар яна оппоқ бўлиб пишиб қолган эди.
Паккамга чиқиб олдим. Нарироқда бувим икки-учта чиптани ерга ёйиш билан овора бўлгани учун мени сезмади ҳам. Энатут устидаги эски жойимда турганим кўйи гоҳ у шохни, гоҳ бу шохни қайириб олиб иштаҳа билан анчагина тутни паққос туширдим. Қорним тўйгач атрофни ҳар кунгидай кузатишга тушдим. Ана менинг бошқа тутларим. Ҳовлимизнинг гир атрофи тўла. Уларни ҳам ейману, лекин чакалак шохлари кўпда, албатта ё бирор жойимни шилиб оламан, ё кийимимни йиртаман. Бу айбларим учун ойимдан гап эшитавериб, э-ҳе…
Бир пайт хотинларнинг ғовур-ғувурларини эшитиб пастга қарадим. Ҳовлига бир тўда аёллар кириб, бувим улар билан алоҳида-алоҳида ҳол-аҳвол сўраша бошладилар.
— Вой, садағанг кетайлар-эй, бошларинг тутга қоронғи бўлдими-я? Қани келақолларинг…
— Вой Сабо хола, ўзимиз чиқмасак мундоқ айтиб чиқай ҳам демайсиз-а?
— Айланай сендан, дардингни билганим-да ўзим яхшиларидан териб чиқар эдим-ку, холанг айлансин.
— Холажон, шу деганига бир тутга тўйғазинг, оппоқ-момақаймоқдек қиз туғиб берсин, ўзим келин қиламан…
— Менинг ғамимни қимай қўяқол, яхшиси ўзинг озроқ е, яна боланг нимжон бўлиб қолмасин…
Хотинлар бир гапириб ўн кулишади. Уларга бошимдан ҳушим учиб қарайман. Ўтган йили ҳам шунча хотинлар роса тут еб чиқиб кетишган эди. Биргина биз десам энатутни яхши кўрадиганлар жуда кўп экан-ку? Ие, анави юзлари доғ хотин ўртоғим Акмалнинг ойиси-ку! У ҳам тутни яхши кўрар экан-да!..
Мени биринчи бўлиб ўша хотин кўриб қолди.
— Ҳой Нодиржон, тепага чиқволиб ўтираверасанми, қоқмайсанми ахир! — деди у баланд овозда.
Пастдан бувим овоз бердилар:
— Нодиржон, шаттайкансану болам, секин қоқақол, ерга чипта ёзиб қўйганман, аяларингам бир тўйиб еб олишсин.
Мен тутни енгилгина силкитишим биланоқ, пишган мевалар дув этиб тўкилди. Аёллар тут егани ўтиришди. Мен яна паккамга ўтирдим-да, уларни кузата бошладим. Ёш келинчак опалар ҳовучларини тутга тўлғазиб олишгач, четроққа чиқиб юзларига ишқашар, бир-бирларига қараб ҳадеб кулишарди. Нима суртишяпти экан?! Э-ҳа, ойим ҳам доғларга дори бўлади деб юзига тут сувини суртарди. Булар ҳам билишар экан-да. Анови беш-олти хотин эса бошини кўтармай ҳадеб тут териб еяр, худди… худди товуқлар донлаётганга ўхшарди. Кулгим қистади, лекин ташимга чиқармадим. Қизиқ, тутни нега бунчалик яхши кўришар экан-а…
— Раҳмат, холажон, энди мен чиқай, хамир қориб қўювдим, тошиб, уй билан битта бўлиб кетмасин, — бу овоз қўшнимиз Салима опаники, эди. Бувим уни «майли борақол, кўнглинг тусаб қолса ҳеч тортинмай киравер», деб кузатиб қолди.
Мактабимиз ёнида турадиган Фазилат опа ҳам шошиб кета бошлади:
— Ўтиришимни қаранг-а, холажон, куёвингиз баргга кетган эди, келиб қолгандир, борақолай, — дея у ҳам лапанглаб кета бошлади.
Қолган хотинлар ҳам бирин-кетин чиқиб кетишди. «Қизиқ хотинларакан» деган ўй хаёлимдан ўтди-ю, эиди баралла кулиб юбордим.
Бувим менга ажабланиб қараб, «ҳа» деди.
— Тепадан қарасангиз худди, товуқларга ўхшашаркан…
Бир куни ўртоқларим Акмал билан Рашидни тутхўрликка бошлаб келдим.
Дарвозадан ичкарига кирдиму, энатут томонда бувимнинг қаттиқ-қаттиқ гапираётганларини ва «тахт-тухт» этган товушни эшитдим. Ўртоқларимни олиб ҳовлига ўтдим. Қарасам, Фазилат опамнинг эри Асқар ака энатутни ҳеч аямасдан кесялти. Бувим бўлса унга тинмай зорланарди:
— Вой, ҳой, болам, ҳалиям бўлса бу шаштингдан қайт, қўй дейман, кесмагин жоним болам.,.
Лекин Асқар ака бувимнинг бу зорланишларига қулоқ солмас, тобора юқорилаб, кесишда давом этарди.
— Ҳой болам, эсингни йиғ, бу тутти уволи тутади, билмасанг кўр бўласан, туш дейман, бўлмаса қарғаб юбораман…
— Майли, хих… қарғайверинг, менга барибир, хих… тушмайман… — у ҳансирар, тўхтовсиз тутни каллакларди, — овора бўлманг, тушиб бўппан, хих…
У тинмай энатут танасига болта урар, ҳар болта урганда худди болта менга тегаётгандай юрагим зирқириб, сесканиб кетардим. Тутлар эса ҳар зарбада дув-дув тўкиларди. Пишганлариям… ғўрашалариям…
Йўқ, Асқар ака тушмади. Тушмоқчи ҳам эмас эди.
Бувим дўқ-пўписа билан иш чиқмаслигига кўзи етибми, қиблага қараб тиз чўкди. Қўлларини фотиҳага очиб, уни қарғашга шайланди.
Бирдан Асқар ака тўхтади. Бувимга тикилиб қолди. Афтидан бувимнинг қарғаб юборишини кутмаган эди.
— Бу-бувижон… жоним буви, қарғаманг… ялинам-ан… — зорланди Асқар ака.
— Туш пастга. — буюрди бувим.
Бувимни ҳеч бундай аҳволда кўрмаган эдим. Фотиҳага очган қўллари асабий қалтирар, кўзлари эса ана шу қўлларга қадалган эди. Агар Асқар ака энатут устидан тушмаса бувимнинг қарғаб юбориши аниқ эди. Қарғаганда ҳам, жуда ёмон қарғашга шайланган эди…
— Йўқ, бувижон, тушолмайман… қуртларим оч ётибди… Қишлоқда сизникидан бўлак тут қолмади… Бошқа иложи йўқ, бувижон… Ялинаман, қарғаманг…
Энди Асқар ака ялинмоқда эди бувимга.
— Йўқ, тушасан, омин… — бувимнинг бу даҳшатли ва кескин овозидан ҳозир қарғаб юбориши мумкин эди, лекин Асқар ака йўл бермади.
— Бувижон, қарғаманг, ахир…
— Омин…
— Бувижон!..
Йўқ, бувим қарғамадилар. Қарғаёлмадилар. Ер бетини тўлдирган марвариддек тут доналарига маъюс тикилганча анча ўтирдилар. Кейин вазмин юриб уйга ўтиб кетдилар.
Асқар ака япа ишга тушди… Уйга ўтдик. Бувим остонада ўтирган кўйи қаттиқ ўйга толган эдилар. Худди шу топда бувим ўйлаётган нарсаларни мен ҳам ҳис қила бошладим… Буни, бувимнинг ўзи бизларга сўзлаб берган эди.
Уруш… Озиқ-овқат танқис, борга бор, йўққа… Э-ҳе қанча одам нобуд бўлиб кетди. Кўчада ҳам, бировларнинг остонасида ҳам, далада ҳам… Ким тирикчилик важидан шаҳарда йўқолиб кетган, ким ўғирлик қилиб қўлга тушган… Бу хонадондаги ҳеч бир нарса назорат қилинмасди. Ўзи шу икки тупгина оқ тутдан бошқа нима тириклик бор эди бу ҳовлида. Аммо улар бу тутни бировлардан қизғанмади. «Одамдан азиз бўптими, кўпга келган тўй, насиб қилгани еб, кунини ўтгазганига шукур», дейишди… Ҳа, кўпни боқди бу оқ тут… Қишлоқда оғзи тегмаган киши бўлмаса керак бу тирикликка…
Энди бўлса…
Бувимнинг кўзларида ёш йилтиллади. Бу ёш ҳозир тасаввуримдан кечган, ўзи айтиб берган ўша кунлар ва ўша аччиқ кунларга ҳозиргина берилган кучли зарб таъсиридан эди…
Бувим бизга қарадилар:
— Нима қип турибсанлар. Нодиржон болам, ўртоқларингга тут териб бермайсанми, ахир. Меҳмонгаям шунақа қарайдими одам. Боринглар, бир тўйиб еб олинглар, қолганини териб шинни қилиб оламиз…
Бувим шундай деб ўрнидан турди-да, иккита челакни кўтариб ҳовлига йўл олди. Биз ҳам эргашдик.
Бу вақт Асқар ака тутни кесиб бўлган, энатутнинг қоқ танасигина сўппайиб турар эди… Кесилган шохлар ўрнида томчилар пайдо бўлган, бу томчилар менга энатутнинг куз ёшларидай туюлиб кетди…
— Буви, нега қарғамадингиз? — ботиниб сўрадим зўрға.
Бувим бирдан тут теришдан тўхтади. Нималариидир ўйлаб қолди.
— Ахир уям жўжабирдай жон, болам, нима қилдим қарғаб…
— Қарғаганингизда… кесмас эди…
Ҳа, мен ўша пайтда бувимнинг қарғашини нақадар истаган эдим. Ахир қарғаса кесиб кетмас эди-да… Энди мен, ўртоқларим қайси тутни Еймиз. Мен агар бувимнинг ўрнида бўлганимда қарғаб юборган бўлармидим…
— Ҳаҳ, болам-э, унга қолса кесармиди-я…
Бувимнинг бу гапига негадир қаттиқ гапириб юбордим.
— Ўзига кесиб кетти-ку!..
Йўқ, тушунмай берган бу саволим жавобсиз қолди. Бувим бир челакка, биз иккинчи челакка пишган тутларни тера бошладик…
Бу воқеадан анча кун ўтгач, бизникига Фазилат опа кириб келди, У тўппа-тўғри чорпояда тиззаларини нимжон ва буришиқ қўллари билан қучганча мунғайиб ўтирган бувимнинг олдига борди.
— Бувижон, сизга кўп раҳмат. Пилла планимизни бажариб олдик. Куёвингиз бувим олдида уятлиман, боролмайман, девди, ўзим кела қолдим. Ўзиям сиззи тутийиз билан, зўрға тўйғазиб олдик-да, раҳмат…
Бувим бу гапларни эшитяптими-йўқми, билиб бўлмасди. Ҳатто Фазилат опани пайқамагандай эди. Кўзларини бир нуқтага қадаганча ўйга толган, кўзларида эса ўша кунгидай ёш йилтилларди.
— Тиғ кўрмаган эди… бояқиш…