Бекат. Устида мовий гумбази бор. Ихчам шийпончасининг икки томонида биттдана жимжимадор кичкина дўкон. Ўнг томондагиси ҳозир берк. Чапдагиси эса очиқ. Пештахталари анвойи ширинлигу тамакиларга тўла. У ердан сўзларини тушуниб бўлмас замонавий қўшиқ таралади. Дўкон ичида ўтирган, бошига қимматбаҳо телпак кийган ўн саккиз-йигирма ёшлардаги озғин, рангпар йигитча оғзидаги сақичини ҳафсала билан чайнайди, жағининг қимирлашини атайлаб куй оҳангига солаётгандек.
Чап тарафдагига дўконга яқинроқ ўрнатилган ўриндиқда ўрта ёшлардаги икки аёл гаплашиб ўтиришибди. Уларнинг бири ҳаво илиқ бўлишига қарамай, жун рўмолини қарийб оғзини ҳам тўсар даражада айлантириб ўраб олган. Бири эса жун қалпоқ кийган, баррали палтосининг ичидан елкасига ташлаб олган гулдр рўмоли кўксида кўриниб турибди. Иккисининг ҳам тиззасида рўзғорбоп сумка бўлиб, қўлларини унинг устига қўйиб олишган. Уларнинг гапларини илғаш қийин, атрофдагилардан андиша қилибми, секин-секин гаплашишади. Гап орасида бир-бирларига хиёл жилмайиб, бекатга келиб тўхтаган автобусларнинг пешонасидаги рақамига бирров кўз ташлаб қўйишади. Афтидан улар ё шошилишмасди, ёки улар кутаётган автобус жуда сийрак юришини билганларидан бемалол ўтиришарди.
Аёллардан ўнгроқдаги қотмадан келган новча одам ҳадеб у ёқдан-бу ёққа бориб келади. Эгнида оҳори тўкилган палто, бошидаги чучварамонанд кичкина шляпаси ҳам анча уринган, унинг остидан чиқиб турган ўсиқ қора сочлари жингалак бўлиб, палтосининг ёқаси оша елкасига қайрилган. Қўлидаги жомадонча (дипломат) ишлатилавериб эскирганидан оқшайиб, ялтираб кетган. У кўзларини қарийб ердан узмай, қисқа қайрилишлар билан жонсарак бориб-келаверади. Ҳар замон-ҳар замонда юқорига кўтарилган нигоҳи атрофга паришон боқади, керакли автобуснинг келишини орзиқиб кутади.
Бекат шийпончасидан пастга — автобуслар тўхтайдиган ерга тушиб олган савлатдор одамнинг боши гўё ҳеч қаёққа бурилмайди. Унинг устида қора чарм куртка, бошида қўғдек яотироқ телпак. Бўйнидаги қалин юнгдор шарф иякларини яширган. Лўппи, қизғиш юзида ҳаётга ташналик бутун бўй-басти билан уфуриб турибди. Унинг буутн борлиғи офтоб нурида гўё жилва қилаётгандек туюлади. Икки қўли ҳам чарм курткасининг чўнтагида, қорни гавдасига мутаносиб равишда бўртиб чиққан ва гавдасини тик тутмоқ ниятида орқага ташланган елкага мос, жағи ҳам хийла юқорига кўтарилган. У ҳам кутмоқда, бироқ ишонч билан кутмоқда. Бу ишонч шундайки, олдига келиб тўхтаётган автобуслардан бироз ўзини четга олади-да, на автобуснинг манглайидаги рақамига эътибор беради ва на унинг ичидаги одамларга қарайди, то у юриб кетгунча ё ёнбошига, ё орқасига бутун гавдаси билан ўгирилиб олади.
Чап тарафдан, катта йўлнинг чети бўйлаб бир йигит бекатга келди-да, шийпончага чиқмай, пастда тўхтади. Ҳар қимирлаганида шилдираган овоз чиқарадиган курткасининг олди очиқ, ялангбош, сочи калта қилиб тарошланган. У тинмай писта чақади. Икки бармоғида тутган пистани оғзига олиб боради ва тишлари орасига солиб, жағини жуда тез, худди олмахон ёнғоқ ямлагандай бир-икки қимирлатади-да, пистанинг мағзини томоғига йўллаб, пўчоғини андишасизларча пуркаб ташлайди. Бу машғулотини астойдил ҳафсала билан бир хил тарзда бажаради. Пистани чақаркан, кўзлари олма теради, нимага назари тушса, гўё пистага қўшиб чақиб юборадигандек. Йигит сира тек турмасди — гоҳ елкасини беўхшов силкир, гоҳ қўлини у ёқ-бу ёққа бетоқатларча қимирлатар, ё бошини, ёки бутун гавдасини силтаб-силтаб айлантирарди.
У тинмай писта чақаркан, автоулов келадиган томонга бирпас тикилиб турди, сўнг бекатдаги одамларга бир-бир қараб чиқди-да, нигоҳини қотма одамда тўхтатди. Оғзидаги писта пўчоғини пуркаб ташлаб, ўнг қўлининг кафти билан лабларини артди.
— Акахон, соатиз неччи бўлди? — дея сўради тўнғиллаган овозда.
Қотма одам ўзи билан ўзи овора бориб-келарди. Йигитнинг овозини хаёллари орасидан элас-элас эшитдию нима деганини англамади, тўғрироғи, унга гапираётганини фаҳмламади. Лекин ички бир туйғу унинг нигоҳини йигитга йўналтирди, йигитнинг ўзига қара турганини кўргач, бояги гап унга айтилганини илғади ва:
— Нима дедингиз? — деди ингичка, иккиланишга қоришган овоз билан.
Йигит “сенда соат нима қилади?”, дегандай оғзидаги писта пўчоғини қотма одам тарафга зарда билан пуркаб, юзини четга бурди.
Чарм курткали киши ўнг қўлининг икки бармоғи билан чап енгини бироз суриб, соатига кўз ташлади-да, “ўн икки ярим”, деди йигитга қарамай. У ўзининг бу ҳаракати билан “буни сенга эмас, шунчаки айтяпман”, деётгандек эди.
Йигит ҳам кўзининг қири билан унга бир қараб қўйдию яна пистасини чақаверди.
Шу пайт уларнинг олдига йўналишдаги такси келиб тўхтади. Йигит қўлидаги пистани чўнтагига солиб, такси эшиги олдига келди. Ундан тушаётган жувон мувозанатини йўқотиб, йигитга туртиниб кетди.
— Кўзингизга қарамайсизми? — деди йигит ўдағайлаб ва жувонни чиғаноғи (тирсаги) билан “биру бир” қабилида суриб қўйди.
— Ўзингиз четроқда турмайсизми? — деди жувон ҳам дўқ уриб.
Йигит ўнг қўлининг панжаларини ёйиб, силтади.
— Ўч-эй!.. — У таксига ўтириши билан улов ўрнидан жилди.
Жувон “ҳе, башаранг қурсин!”, дея ғудрана-ғудрана ўз йўлига кетди.
Йшлак томондан шийпончага кириб келган қора тўнли чол бир одам сиққулик жой қолдириб, икки аёлнинг ёнига ўтирди. Чолнинг ихчам оппоқ соқоли юзига ажиб тароват бахш этар, чеҳрасидан нур таралаётганга ўхшарди.
— Ё, Оллоҳ! Ўзингга шукур!.. — деди чол қўли билан соқолини тутамлаб чилаб қўяркан, энтикиб. Сўнг аёлларга ўгирилиб: — Учинчи абтобис облбанисага боради-а, қизларим? — дея сўради.
— Боради, ота, боради, — дейишди аёллар бараварига.
— Ҳа, хайрият, — деб қўйди чол ўзича.
Қотма одам юришдан тўхтаб, жомадончасини чап қўлига олди-да, ўнг қўли билан шоша-пиша чўнтакларини кавлай бошлади. Палтосининг ички чўнтагидан ғижимланган “Саратон” тамаки қутисини чиқариб, бир дона сигарет олди. Қутини яна чўнтагига солиб, қайтадан чўнтакларини тимирскилай бошлади. Чамаси, у гугурт ахтарарди. Лекин тополмади. Кейин биров кўриб қолса, бир нарса бўладигандай тамакини панжалари орасига яшириб, атрофга аланглади. Рўпарада ўтиргшан чол ва аёлларга бир бор назар ташлаб, чарм курткали кишида нигоҳи тўхтади. Сўрайми-сўрамайми, деб ҳадиксирагандай пича қараб турди. Шу маҳал қўшиқ оҳангига мос тебраниб, тутун тортаётган дўкондор йигитчага кўзи тушди. Шошиб дўкон олдига бориб, қўлидаги тамакини оғзига яқинлаштирди-да, деди:
— Тутатволай…
Йигитча истар-истамас ўрнидан қўзғалиб, қўлидаги тугай деб қолган сигаретни унга узатди. Қотма ўз одати бўйича шошилганидан қўллари қалтираб, тамакисини қийналиб тутатди. Кейин йигитчанинг тамакисини қайтариб узатди. У эса қўли билан “ташлаб юбораверинг”, дегандай ишора қилди. Қотма оғзида тамаки, қўлидагини ташлаш учун ён-верига аланглаб, ахлат идишини қидирди. Лекин ҳеч қаерда ахлат идиши йўқ эди. Ўшанда ҳамма ёқ тамаки қолдиғию писта пўчоғига тўлиб ётганини кўрди. Шундаям тамакини ташламай, ўз ўрнига қайтди. Атрофдагиларга зимдан назар ташлаб, қўлидагини ўнг томондаги бўр ўриндиқнинг остига ирғитди ва шошиб бироз нари кетди-да, чўзиб тутун тортди.
Чарм курткали кишининг олдига қаймоқранг “Нексия” келиб тўхтади. Ундан новча йигит тушиб, жилмайганча чарм курткали одам томонга юрди.
— Ие, ҳа, ака, бу ерда туриб қопсиз? — дея у билан қучоқлашиб кўришди. — Машинангиз қани, ака?
Чарм курткали ясама тиржайди.
— Устадайди. Би-ир айлангим келди-да, — деди савоб иш қилган муллаваччадай ўзини камтарликка солиб.
— Юринг, обориб қўяман, — деди ҳайдовчи машинасини ноқулай жойга тўхтатганидан шошилиб.
Иккиси апоқ-чапоқ бўлиб, “Нексия”га ўтиришди-да, жўнаб кетишди.
Уларнинг кетидан бекатга автобус келиб тўхтади. Гаплашиб ўтирган икки аёл бирин-кетин автобусга чиқишди.
Чол ҳам ўрнидан туриб, бетоқатланиб автобус келадиган томонга тикилди. Бу орада шийпончага қўлтиқлашиб икки қиз кириб келди. Улар ялангбош эдилар. Сўнгги русумдаги палто кийишган, калта сочларини олифталарча силкиб, тинмай хиринглашади.
Ниҳоят чол кутган улов ҳам келди. У тушгувчиларни ўтказиб юбориб, “ё Оллоҳ!” деганча автобусга чиқди. Орадан ҳеч қанча ўтмай, астобуснинг эшиклари ёпилиб, ўрнидан жилди.
Қотма одам ҳам пастга тушиб, у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. У худди автобусни чақираётгандай бўйнини чўзиб, узоқларга тикилди. Шу асно хийла турди-да, батоқатланиб атрофга аланглади. Яқин ўртада бояги икки қиздан бошқа одамни кўрмагач, улардан сўради:
— Соатинглар йўқми, қизлар?
Қизлар бир-бирларига бирров қараб олишгач, пастроқ бўйлиги:
— Бирдан ўтиб қолди, — деди ва шеригининг пинжига суқилиб, биргалашиб тағин хиринглашди.
Ниҳоят қотма киши кутган автобус ҳам кўринди. У худди ҳозир автобусга чиқиб оладигандай бесаранжом ҳаракатга тушди. Мана, узун сариқ улов келиб, пишиллаб тўхтади. Унда одам зич эди, эшиклари аранг очилди. Аксига олиб, бир-икки одам тушди холос. Қотма иккинчи эшикдан эндигина чиқмоқчи бўлувди, қаёқдандир югуриб келган уч болакай ундан олдин эшикка ёпишишди. Улар жуссалари кичик бўлганиданми ёки эпчилликлариданми, тезлагина автобусга чиқиб олишди. Уларнинг кетидан қотма ҳам суқила бошлади. У аввал жомадонини одамлар орасига итарди, сўнг ўзи осилди. Шу пайт тепадан кимдир жеркиди:
— Сўмкайизи ўтирганларга берсайизу, биқинимга ботиб кетди.
Қотма киши бир қўлида олдидаги одамга осилган кўйи бир қўлида жомадонини тепага кўтарди. Чап томонда ўтирган жувон одамлар орасидан уни тортиб олди.
— Тилласи йўқми ишқилиб? — деб қўйди ҳазиллашиб.
Қотма киши энди одамларга икки қўллаб тирмашди. Эшик базўр ёпилди. Лекин палтосининг пешини қисиб қолди. Яна қизларнинг кулгиси эшитилди. Бу сафар улар қаттиқроқ кулишди.
Автобус “хайрият-эй” дегандай чўзиб бир пишиллади-да, кучаниб юриб кетди.
Мовий гумбаз остига яна одамлар кела бошлади…