Исажон Султон. Аскар (ҳикоя)

…Ҳарбий учоқлар тинмай учиб-қўнар эдилар. Бепоён учиш майдони қуролланган аскарлару учоқларга тўла эди. Буйруқлар бетиним эшитилиб турар, қўмондонлик турли вазифаларга мўлжалланган бўлинмаларни тартиби билан жанговар вазифага йўлламоқда эди.
Бизлар учиш майдончасининг бир четида ўз буйруғимизни кутиб турардик.

Бугун тонг саҳарда тинч ва осойишта қароргоҳимизда хавф бурғулари янграб кетди. Бирданига ёппасига жанговар сафарбарлик бошланди. Ўрганиб кетилган ҳаракатлар билан аслаҳа ва қуролларимизни олиб сафга тизилдик. Гурас-гурас аскарлар жангга жўнамоқда эдилар. Қайси бир ҳудудга душман кириб келган, юртимизнинг қай бир истеҳкомларини эгаллаб улгурган бўлса керак. Ҳаво тобора исиб борарди. Ҳарбий машиналар учиш майдонининг бир четига ярадорларни ташиб келмоқда эдилар. Уларни зудлик билан госпиталга олиб кетишар, қатор тизилган бошқа аскарлар эса учоқларга чопа-чопа чиқиб боришар, учоқ ўша заҳоти парвоз қилар эди.

Вужудимизда мудраб ётган жанг сурури уйғониб кетган, ҳаммамиз ҳаяжонда эдик.

“Ватан хавф остида!” деб қичқирар эди карнайлар.

Жангга юборилаётганлар турли-туман ва саноқсиз. Қароргоҳнинг пастки томондан оқиш тусда ниқобланган бошқа аскарлар ҳам чопиб келмоқда эдилар. Ғала-ғовур ичида тахминим тасдиқланди: ғорат қилувчи душман ҳақиқатан ҳам мамлакатнинг қайсидир бир ҳудудига яширинча кириб келиб, пистирма қуриб теваракка ёйилибди, турли йўллардан тарқалиб, ҳатто баъзи муҳим манзилларгача эгаллашга улгурибди. Шу боис жанг жуда тез бошланиб кетибди, ҳароратнинг тобора ортишининг сабаби шу экан. Заҳирадаги аскарлар ҳам тўп-тўп чиқиб келмоқда эдилар. Барча заҳиралар ишга солинган, озиқ-овқат, дори-дармон ортилган карвонлар ҳам узун-қисқа бўлишиб шоша-пиша жўнаб кетишарди. Теваракдаги карнайлардан марказнинг буйруқлари кетма-кет янграб турарди:

“Ҳимоя қисмлари шайлансин!”
“Илғор жангчилар чап майдонга тўплансин!”
“Оғир жанговар қисмлар – ўртага!”
“Ёрдамчи қисмлар, ўнгдан сафланинг, ҳар бир бўлинма алоҳида тизилсин!”
“Кичик ўраб олиш дасталари, учоқларга чиқилсин! Учоқлар учта-учтадан, бирин-кетин парвоз қилсин!”

Иссиқ, ҳаддан ташқари иссиқ эди. Мен ҳам уст-бошим жиққа ҳўл, бу қиёматда қийнала-қийнала, ўз сафимга қўшилдим.
Бизнинг бўлинманинг рангу туси оқ эди. Барчамизнинг пешанамизга оқ пешанабоғлар боғланган. Умуман, барча бўлинмаларнинг ўз танув ишоратлари бор. Бу бежизга эмас: жанг бўлаётган ҳудудларда хавфсизлик бўлинмалари ёппасига қирғин қуролларини ишга солишлари мумкин, тўс-тўполон ичида бир-биримизни таниб олишимиз учун керак бундай ишоратлар.
Йўллар ҳам ҳар хил. Қирмизи йўллардаю оқиш сув йўлларида, ингичка алоқа йўлларида – бари-барида бетиним ҳаракат содир бўлар, ғалаён кезар эди ҳавода.

Илғор бўлинмаларнинг охири кўринмас эди. Ҳимоя бўлинмалари, тезкор ҳаракатланувчи махсус дасталар ўз қароргоҳларидан шошиб чиқиб келиб, ўша заҳоти жангга жўнаб кетар эдилар. Бари бақувват, ёш, куч-қувватга тўла навқирон жангчилар! Қирмизи тусдагилари боягина тилга олинган ўраб олиш бўлинмалари эди. Булар душман аскарларини ўраб олиб, маҳв этадиган энг жанговар ва қўрқмас аскарлар эдилар. Мана шулар энг олдинда, ҳар томондаги учоқлар шуларни олиб учиб кетмоқда эди.

Теваракда очиқ ҳудудларда душманнинг турлари ҳам кўп бўлиб, бизларга хавф эълон қилингани ҳамоно таҳлил бўлималарига етиб келган хабарлар Олий бошқариш марказининг таҳлил бўлималарида аниқланиб бўлинган, душманнинг қурол-аслаҳалари, ҳаракатланиш тезлигию ғорат қилиш кучи аниқланган, ҳозир аскарлар ўша таҳлил натижаларига кўра қуролланган эдилар.

…Кечагина теварагимизда бир хилдаги осойишта ҳаёт яшнамоқда эди. Бирданига ҳаммаёқнинг тўс-тўполони чиқиб кетганига нима дейсиз? Душман, душман! Ҳар тарафни харобага айлантириб босқин қилишдан муроди не, тушунолмас эдим. Ахир, теварагимиздаги ҳамма нарса фаровонликни таъминлашга қаратилган эди-ку? Озиқ-овқат фабрикалари бир хилда ишламоқда, ҳарорат мўътадил, теварак осойишта, сувлар бир хилда оқарди. Бундай фавқулодда вазиятларда ҳамма кучлар ёвни бартараф қилишга қаратилади, фабрикалар бор қуввати билан жанг учун керакли яроғ-аслаҳаларни ишлаб чиқара бошлайди, йўллар ҳарбий мақсадларга хизмат қилади, кечагина бутун ҳудудларга бир хилда озиқ-овқат етказиб бериб турган тизим тамомила ўзгариб кетади. Бу сафар ҳам шу ҳолат юз берган эди. Биздан бошқа соҳаларда меҳнат қилаётганлар ҳам ташвишга тушишгандир? Албатта, ҳудудимизга душман кириб келгани ҳақида уларга ҳам хабар берилган. Ёвлар камдан-кам тўғридан-тўғри ҳужум қилади, тутуми аллақачондан бери маълум. Бирор жойга сездирмай кириб олади-да, хуфёна куч тўплаб, сўнг бирданига ҳужумга ўтади. Балки бирданига эмасдир? Ҳимоя тизимларимиз душманни фош қилганларидан сўнг барча тизимларнинг иши ўзгариб кетгач, шунақа тўс-тўполон бошланар? Лекин нима қилганда ҳам барча қувватлар душманни бартараф қилишга қаратилгани аниқ.
Шу тариқа учиш-қўниш майдонининг четида турар эдик. Даста-даста сафланган аскарларнинг бари жангга тайёр, душманни таниб олиш аслаҳалари шай, ишоратлари аллақачон маълум. Ҳа, душманни таниб олиш жуда муҳим масала, ҳимоя тизимимиз унинг минглаб қўринишларини ва шаклларини билади, аломатлариданоқ таниб олиб, ўша заҳоти марказга хабар беради. Марказнинг биргина буйруғи билан ҳамма нарса ўзгариб кетади.

Ҳозир ҳам ҳамма нарса ўзгарган.
Авваллари ҳам бундай ҳужумлар гоҳ-гоҳ юз бериб турар эди. Кўпинча тўрт-беш кун ичида хавфли ҳудуд душмандан тозаланар, жанг бўлиб ўтган ерлар қайта тикланар, тизимлар аста-секин ўзига кела бошларди. Ёв баъзан кириш йўлларига жойлашиб олар, баъзан таъминот тизимини ишдан чиқаришга уринар, баъзан алоқа-коммуникация тизимига даф қиларди. Баъзан эса жиддийроқ таҳликалар ҳам учраб турарди. Ҳаммасида ҳам ғолиб келар эдик.

Ҳозир ҳам шундай. Аскарлар, янада жипсроқ сафланинг! Куч-қувватингизни йиғинг, диққатингизни жамланг, бошингизни адл кўтаринг!
Ватан учун! Ватан учун олға!

Бу ватан шу қадар бепоён, шу қадар улканки, ҳудудлари қаердан бошланиб, қаерда тугашини билиш қийин. Турли-туман йўллар қайларгадир олиб боради. У ёқларда яна сонсиз-саноқсиз водийлар, тоғу адирлар бор. Ўша ораларда ҳам кимлардир, бизлар каби фуқаролар меҳнат қиладилар. Барчанинг меҳнати шу ватаннинг осойишталиги ва мусаффолигига йўналтирилган. Илму фаннинг, технологиянинг барча ютуқлари шу мақсад учун хизмат қилади. Барча тизимлар ўз-ўзидан ишга тушадиган қилиб тартибланган. Душман ҳужум қилмасидан аввал бу тизимлар фараҳ учун ишлаётган эди. Минглаб транспорт тизими керакли жойларга керакли маъданларни ташир, саноқсиз фабрикаларда турли-туман озиқлар қайта ишланар, сувлар шарқираб оқар, атроф тинч эди. Энди ҳамма ёқ ўзгариб кетди.

Олға! Муқаддас Ватан учун олға!
Ниҳоят, бизлар ҳам тикучар учоқларда жанг майдони томон парвоз қиламиз. Ҳаммаёқда тўс-тўполон, аскарларимиз қора тусдаги ваҳший махлуқларни эслатувчи душманни ўраб олмоқда. Душман аскари қувватли, унга бир аскарнинг кучи етмайди. Ҳар бирига камида олти аскаримиз бас кела олади, ҳалок бўлиши қийин уларнинг. Ортимиздан яна сон-саноқсиз аскарларимиз етиб келишмоқда. Ёв ҳам сонсиз-саноқсиз, охири кўринмасдан ўзларининг қорамтир истеҳкомларидан чиқиб келяпти… Ўрнашиб олган ерларида ҳарорат янада қайноқ, бу ерда тизимлар бузилган, фақат хабар етказиш тизимлари чала-ярим ишлаб турибди.

Ватан хавф остида!
Олға! Олға!

Ёрдамчи қисмлар биздан ҳам тез ишлашмоқда, сўқишда ҳалок бўлган ёки оёқ-қўллари узилиб кетган аскарларимизни зудлик билан жанг майдонидан олиб чиқиб кетишмоқда. Ўрнига ўша заҳоти янгилари кириб келаётирлар. Бу – биз танимaйдиган душман, қуролларимиз иш бермаётганини кўриб турибмиз. Шундай бўлса ҳам аскарлар мардонавор жангга ташланишмоқда. Ёвни маҳв этиш ҳозирча имконсизми? Лекин, Марказ бетиним ишлаётганига шубҳа йўқ. Ана, кўринмас ниқоб остида махфий хизмат аскарлари битта душман аскарини тирик олиб кетишяпти. Сал ўтмай уни сўроқ қиладилар, олинган янги маълумотлар таҳлил марказига юборилади, унга қандай қуролларнинг таъсир қила олиши ўрганилади. Бу орада биз душманни бошқа ҳудудларга ўтказмай туролсак бас.

Ҳарорат янада ортади. Бу ёв ҳароратга чидамсиз, иссиқда етарлича шиддат билан ҳаракатлана олмаяпти. Янгидан-янги истеҳкомлар қурилмоқда. Учоқлар бирин-кетин келиб-кетаётир. Йўллар олиб кетилаётган ярадорларга ва кетма-кет етиб келаётган янги сафарбар этилган аскарларга тўла.

Бу Ватан шунчалар муқаддаски, ҳаммамиз ҳалок бўлиб кетсак ҳам у қолаверади. Биз ҳеч киммиз, Ватан ҳар нарсадир. У шунчалар улуғ ва муҳимки, олдида хасча ҳам эмасмиз. Биз каби минглаб аскарлар ҳозир жанговар вазифага юбориляпти, яна миллионлаб ишчилар турли жойларда турли вазифаларни бажармоқдалар. Шу қадар муқаддаски, у туфайли мана шу жангга кираётганимиздан бахтиёрмиз. Бизда ота-она, фарзанд йўқ, вазифамиз Ватанни ҳимоялаш. Чунки унинг ғоятда муҳим бир аҳамияти бор, у аҳамиятни англаб етишга биз ожизмиз.

Лекин бугунги сафарбарлик нега ўзгача?
Жангга кетган аскарларнинг кўпи қайтмас, қайтганлари қўрқинчли алфозда оёқ-қўллари узилиб кетган, баъзилари эриб кетган ҳолда олиб келинмоқда эди. Ҳар тараф титрар, теваракнинг ранги ўзгарар, ташқаридан жуда кучли бомбалар ташланган эди. Уни ким бу ҳудудга йўллаётганини билмасдик, аммо гоҳо қўлланиладиган фавқулодда усул эди бу. Жуда кучли ғорат кучига эга, ишлатилганида маълум ҳудудлардаги тирик жон борки, барчасини ёппасига ҳалок қилувчи қурол ишлатилдими? Қатор тизилиб турган сафлар ҳам вайрон бўлиб кетмоқда-ку? Кўриб турган манзараларимиз тўзонга айланди, истеҳкомлару қурилмалар туб-тубидан вайрон бўлди. Жанг тугаганидан сўнг уларни тиклаш учун анча вақт керак бўлиши тайин, албатта. Кўз илғамас томонлардан ҳануз аскарлар келмоқдалар. Бошқа томондан тикловчи бўлинмалар ҳам етиб келишди, йўллар таъмирланиб, кўприклар қайтадан қурила бошланди. Бу ердаги душмандан ғолиб келдик, нарида, ичкарида душманнинг бошқа қароргоҳлари бор. Олға, олға! Ватан муқаддасдир, олға!

Биз бу ватандан ташқарида мавжуд бўла олмаймиз. Ундан айри тушолмаймиз ҳам!
Бу ватан бениҳоя юксак яна бир вазифани адо этмоқда. Фақатгина бошпанамиз бўлгани учун эмас, бағрида яралганимиз учун эмас, ана шу вазифанинг қадри қиммати ғоят улканлиги туфайли у биз учун муқаддасдир. Бутун мана шу ҳаракатлар, бесаноқ хизматчилару жангчилар, дарёлар, йўллар, тоғлар, ирмоқлар ўша бениҳоя улуғ вазифа учундир. У вазифанинг аҳамияти янада улуғ, янада мукаррамдир. У шу даража улуғки, унга хизмат қилсаккина қадру қиймат даражалари сари юксала оламиз. Унга хизматимиз боис ҳам қадрлимиз!
Ҳар биримиз бир маҳсул берганимиз ҳолда, ватан янада улуғроқ бир маҳсул бера олгани учун ҳам шундайдир. Бу ерда хизматдан оғиш йўқ, ҳамма ўз вазифасини аниқ билади, аниқ бажаради. Биз бу вазифани осмонга ва тоғларга рўпара қилдик, улар бу оғир юкни кўтара олмасликларини билдирдилар, инсонгина елкасини тутди деган гап у ҳақда айтилгандир. Ғоят улкан у юмушнинг нима эканини тўла англаёлмаймиз, бизнинг вазифамиз унга бўйсуниш ва мана у ватаннинг ободлиги учун фидо бўлишдан иборат.

…Жангга кетган аскарлар қайтиб келмоқдалар. Нега хавф бурғулари бетиним чалинмоқда? Нега теварак ўз-ўзидан ғорат бўлиб кетмоқда?

Ажабо, бу гал биз билмайдиган, бемисл қудратга эга ўзга бир душман кириб келдими? Ана, махсус бўлинмалар чиқиб келаётирлар. Уларнинг кийимлари тамомила бошқа, ўзларини ҳам, қуролларини ҳам эндигина кўриб турибмиз. Аскарларимизнинг тезкорлиги сусаймоқда. Ҳарорат эса ҳалокатли равишда ошмоқда. Нималар рўй беряпти ўзи?

Кўз ўнгимда истеҳкомлар ўз-ўзидан вайрон бўлиб кетмоқда. Йўллар ўз-ўзидан бузилмоқда. Саноқсиз аскар нима қиларини билмай жим, ҳайрон боқмоқда. Карнай овозлари сусаймоқда. Нима рўй беряпти?

Сувлар қота бошлади. Бу ғалати манзара. Бу ерда сувлар қуримайди, балки қуюқлашиб-қотади. Осмон босиб келаётир. Ер жунбишга келиб, титрамоқда. Яна сал ўтгач, сувлар ва унда сузиб кетаётганлар ҳаммаси жуда қуюқлашиб кетди. Четлари қотиб қаттиқлаша боради. Ёруғлик камая бошлади. Ҳануз махсус бўлинмалар ичкаридан чиқиб келмоқдалар, лекин энди уларни йўллайдиган овозлар эшитилмаяпти. Махсус бўлинмалар чиқиб келган жойларидаёқ ҳалок бўлиб кетмоқдалар.

Истеҳкомлар ўз-ўзидан бузилиб вайрон бўлмоқда. Осмон тобора пасайиб, ер юзини босиб келмоқда. Нима рўй беряпти, нима? Йўллар ёрилиб-ёрилиб кетмоқда. Қурилмалар, иншоотлар, фабрикалар вайрон бўлмоқда. Жуда қаттиқ силкинишлар рўй бераётир. Мен майдонча четидаги бир ёриққа тирмашиб жон сақлайман. Балки, қиёмат қойимдир бу? Дарёлар ўзанларидан отилиб чиқиб кетмоқда, тоғлар ўрниларидан силжимоқда. Йўқ, бу душманнинг иши эмас. Душманнинг ғорат қилувчи кучи бу қадар эмас эди. Бу ерда яна бир нимадир, жуда ҳайбатли нимадир рўй бераётир. Ана, душман ҳам саросимада, нима қиларини билмай аланглаб, турган жойида ҳалок бўлиб кетяпти! Кўзга кўринмас бениҳоя бир қудрат ҳамма нарсани бузиб, ғорат қилиб юбормоқда. Қайлардадир, ям-яшил майдонларда чопқиллаб ўйнаб юрган кичкина қизалоқлару болакайлар ҳам ҳалок бўлмоқдалар. Тўсатдан ҳамма жойда бирданига ёнғин бошланди. Ўз-ўзидан олов олиб кетмоқда ҳамма нарса.

Ватан муқаддас-ку? Усиз биз ҳам ҳалок бўламиз-ку? Бу қўрқинчли талотўпда бир менгина ёки мен кабилар вайрон бўлсак майли эди, лекин теваракда неки бор, ҳаммаси бадар кетмоқда-ку?
Эй Ватан, деб қичқираман тобора пасайиб келаётган осмонга боқиб. Йўқ, сен муқаддассан! Сенинг ғорат бўлишинг ҳечам мумкин эмас! Осмонингга, йўлларингга, далаларингга, сувларингга, азизлигингга жоним қурбон бўлсин, Ватаним! Мен кабилар сенинг бу муқаддас борлиқларингда сонсизу саноқсиз! Сенинг турли-туман ўзимиз ҳам билмайдиган ҳудудларингда бино бўлдик, бино бўлишимизнинг сабаби ҳам сенсан. Сен бўлмасайдинг, биз бўлмас эдик. Сен бўлмасайдинг, бизларга эҳтиёж ҳам бўлмас эди. Сенинг бағрингдагина мавжуд бўла оламиз холос, ҳудудингдан четга чиққан заҳотимиз ҳалок бўлишимиз турган гап. Бизлар сон-саноқсизмиз, аммо сен ягонасан. Бугунга қадар биз каби саноқсиз вужудлар бағрингда пайдо бўлиб, хизматларини бажариб, йўқлик оламларига жўнаб кетдилар. Сен энг мукаммалсан, эй Ватан! Сен энг баркамолсан, эй Ватан! Сен бўлмасайдинг, бутун бу олам бўлмас эди. Сен бўлмасанг, ҳеч нарса бўлмас эди…

* * *

Ниҳоят, теваракда яна нималардир ўзгара бошлади. Силкинишлар тўхтади, юзлаб ишчилар бузилган иморатларни, йўлларни, истаҳкомларни тиклаш учун чопишди. Учоқлар ҳануз учиб-қўнишда давом этар эдилар. Байроқларга ўралган ярадор аскарлар шон-шараф ила эъзозланиб олиб кетила бошланди. Шу маҳалда бир истеҳком ортида бекиниб турган бир душман аскарига кўзим тушди. У қора пешанабоғ бойлаб олган эди. Ўнг билагимдаги махсус танув ускунаси овоз чиқара бошлади, унга қараб, душман идентификация қилингани англадим. Демак, ниҳоят, душманнинг кимлиги аниқланибди. Ёв аскарининг қўлидан қуроли тушиб кетган, истеҳком деворига мажолсиз суяниб ўтириб қолган эди.

Ўзим ҳам қаттиқ ҳолдан тойган эдим, аммо вужудимда янги бир қувват пайдо бўлди.

– Қара, кўряпсанми нималар қилганингни? – деб сўрадим ундан. – Сен таҳдид солмасингдан олдин мана шу ўтлоқларда болалар ўйнаб юришган эди. Осмон топ-тоза, ҳаммаёқ тинч, осуда ва фароғатли эди. Теваракнинг нақадар бузилиб кетганини идрок қиляпсанми? Нима учун таҳдид қилдинг?
– Билмадим, – деди у, тобора туссизланиб-сўниб бораркан. – Мен фақат ўзимнинг ҳаётим учун курашдим.
– Сен бу ҳудудларнинг қанчалар муқаддас эканини билмасмидинг? – дедим унга. – Нафақат мен, шу маконда биттагина аскар қолса, у ҳам сўнгги нафасигача сенга қарши туришини билмасмидинг? Сен ҳам, мен ҳам шу ҳудудда бежиз яралмадик,
– Йўқ, мен бундан бехабарман, – деди у. – Айтаётган гапларингга ҳам тушунмаяпман. Бизга урчиб-кўпайишимиз учун қулай, осуда бир макон керак эди. Менинг ҳам, менга ўхшаган қавмларнинг ҳам қилар ишимиз шу.
– Чунки, сенинг Ватанинг йўқ! – дедим унга. – Шу боис ҳам сен муқаддаслик деган нарсалардан бехабарсан. Менинг Ватаним бениҳоя улуғ бир мақсад туфайли яратилган. У мақсад шу қадар улуғки, унинг олдида на сенинг аҳамиятинг бор, на менинг. Бироқ, айнан мана шу муҳораба боис мен энди сен тасаввур қилолмайдиган юксак даражаларга кўтариламан, сен эса, бузғун ва ғорат қилганинг учун ҳам шу ҳолингда шу тупроқларига қўшилиб кетасан ва зарраларинг эрта-бир кун ўт-ўлан бағрида жўшиб, гул очасан, мева бўлиб гуллайсан ёки тўзон бўлиб ҳавода учиб юрасан. Билиб қўй, тириклигингдаги барча хатти-ҳаракатларингу ҳатто ҳалокатинг билан ҳам Ватанимнинг муқаддаслиги ҳаққи-ҳурмати, яна шу Ватанга хизмат қиласан!

“… Ҳа, бир кун келиб оламда ҳеч нарса қолмайди. Қуёшлар, юлдузлар, ойлар ҳаммаси тамомила йўқ бўлиб кетади. Жумладан, бизнинг Ватанимиз ҳам Тангри таолонинг иродаси туфайли бутун оламга қўшилиб батаҳқиқ йўқликка юз тутади. Ана ўшанда, бугун Ватанда эришган даражаларимиздан ҳам фарқлироқ бир муҳокама тахти қурилади. Ана ўшанда, бизнинг бутун бу хизматларимиз, фидокорликларимиз яна қиймат касб этади. Бугун Ватан учун деб жонимизни фидо айлаган бўлсак, у эриштирадиган қадру қийматга сен ҳеч қачон эриша олмайсан! Сенинг яратилишинг аввалбошдан янглиш эди, шу боис ҳам албатта ҳалокатга маҳкумсан!”

Шу маҳал у сўнгги кучларини йиғиб устимга ташланди. Ўткир қуроли совутимни йиртиб ўтиб, танимни куйдирди. Бир лаҳза, атиги бир лаҳзалик имкон ичра ҳеч иккиланмасдан уни ҳалок қилдим.

Ўрнимдан турганимда ғалаба бурғулари чалинмоқда, менинг эса тобора силлам қуриб борар эди.

Жангда ғолиб чиққанимизнинг сурури ва қаҳрамонлик завқу шавқи ичра жўшиб кетганимдан, яраларимга ҳам қарамай қичқиргим келар эди.

“Эй Ватан, тупроқларингга кўм мени!” – дегим келарди.

“Ҳатто ҳалок бўлган онимда ҳам фақат сенинг тупроқларингда ётай, Ватаним!
Устимда фақат сенинг қушларинг учсинлар! Мен ўралган байроғингни фақат сенинг шабадаларинг сийпалаб ҳилпиратсинлар. Ҳалок бўлиб кетган мен каби сонсиз-саноқсиз оддий, исмсиз аскарларнинг ҳаққи ҳурмати, сен доимо бор бўлгин, Ватан.

Чунки, сен муқаддассан. Биз англаб ҳам етолмаганимиз жуда юксакларда азиз ва мукаррам бўлгансан. Шу боис ҳам биз яратилганмиз. Мисли кўрилмаган ҳудудларингда мен каби яна туман-туман аскарлар етишиб чиқмоқдалар. Улар ҳам сени муқаддас деб биладилар ва камолинг учун ҳеч иккиланмай жон фидо қиладилар. Бир кун, албатта келадиган улуғ бир кунда бизнинг бу фидокорликларимиз сенга бўлган ишончимиз боис яна қадру қиймат қозонишига шубҳасиз ишонаман. Ана ўша кунда, то сен мавжуд экансан, бағрингда юзлаб, минглаб юмушларни хақ дея адо этган, амрларингга сўзсиз бўйсунган ва ободлигинг учун ўзини фидо қилган мен каби аскарларингни шон-шарафга, адолатга, бахтиёрликка ва бемисл саодатларга буркашинг учун тупроқларинг узра қайтадан бош кўтариб чиқишимизга ишончим комил. Ана ўша кунда – сен, эй муқаддасим менинг! – бизларни ўша даражаларга кўтариш учун оёқ остларимизга ясланиб поёндоз бўласан ва бизларнинг хизматларимиз боисгина қадру қиймат қозонганингни бутун оламга маълум қиласан.

Бизлар сенсиз, сен эса бизларсиз мавжуд бўла олмаслигингни, ёш аскарлар қўлларида байроқ билан мен томон чопиб келишаётганини, ғоят азиз ва хушбўй тупроғинг яраларимнинг оғриқларини озайтириб, юзимга хуш ёқаётганини, салдан кейин сен учун жонини фидо қилишга ҳамиша тайёр бўлган энг оддий бир аскарингни бағрингга олишингни муштоқлик билан кутмоқдаман… бир куни… мана шу хушбўй ва қадрдон тупроқларингдан майса каби яна қайтадан бош кўтариб чиқишим учун, азизим менинг!..

* * *

Ўтлоқдаги асалариларнинг ғўнғиллаб учишлари аро битта капалак келиб яшил чечак бандига қўнди. Ҳозиргина ҳикоясини тугатган бобо неварасига кулимсираб қараб турарди.

– У аскар мана шу тарз ҳалок бўлди, – деди бобо, унинг бошини силаб. – Лекин мамлакат душмандан қутулди, ҳамма ёқда соғлом ҳаёт барқ урди.

– Э, қизиқ эмас экан. Бунақа урушларни телевизорда ҳар куни кўраман-ку? – деди невара.

– Менинг айтганим бошқача жанг, полвоним, – деди бобо. – У кечагина сенинг вужудингда содир бўлди. Шамоллаб қолиб, эндигина тузалдинг-а? Навниҳол вужудингга касаллик вируслари душман қиёфасида кириб келган эди. Ўзинг сезмаганинг ҳолда танангнинг ҳимоя тизимлари ишга тушди, ҳар турли аскарлар шу тариқа бино бўлишиб, ўз мамлакатларини ёвдан қутқаришди ва ҳалок бўлиб кетишди. Касаллик вақтида инсон вужудида шунақа жараёнлар содир бўлади, болам.

– Унда, ўша аскар айтган мамлакат мен эканман-да, – деб жилмайди болакай, капалакни тутолмай қайтиб келиб.

– Қанчалар муқаддас эканингни билдингми? – деб жилмайди бобо. – Юрақол энди, ичкарига кирайлик, мен чарчадим.

Невара эса ҳассасига суяниб имиллаб қадам босаётган, анча қартайиб қолган бобосига қараб туриб, хаёлига тўсатдан келган фикрдан қўрқиб кетди-да, уни маҳкам қучоқлаб олди.

– Ҳа, тойим, нима бўлди?
– Сиз ҳам касалмисиз, зўрға юряпсиз-ку? – деб сўради болакай, янада қаттиқроқ қучоқлаб. – Қаранг, қўлларингиз ҳам қалтираяпти.
– Эҳ, болам, менга бошқачароқ бир касаллик етиб келганига анча бўлган, – деб жавоб қилди бобо. – Унинг нималигини айтганим билан ҳозир тушунмайсан. Катта бўлсанг, билиб оларсан…
Шу тариқа, бобо ва невара қўл ушлашиб ичкарига йўналишди. Ташқарининг шабадаси бобонинг суякларини зирқиратди. Ҳар ҳолда ичкари анча илиқ, невара ўйинларига алаҳсиганида юмшоқ ўриндиққа ўтириб бироз мизғиб олса ҳам яхши бўларди…