Тўртинчи куни одам анча сепкилди. У эртасига эртамандаёқ опаси билан синглисини ўз уйига ҳайдади — «Бориб, бола-чақаларингнинг иссиқ-совуғини қилларинг», деди. Бўлмасам, опаси билан синглиси, онасининг қирқини ўтказиб, кейин кетамиз , деб туришувди-я. Таомилиям шунақа шекилли-да — марҳумнинг қизлари қирқ кун аза тутиб, ота уйида ўтиришлари керакмиш. Шуям одат бўлди-ю! У бечораларнинг эрлари, бола-чақалари ёки боринг ана, мол-ҳоллари қирқ кун нима қилишаркин?.. Лекин Камолиддиннинг опаси билан синглиси кўпам тихирлик қилишмади — онаси айтмоқчи, урушдан инжиқ бўлиб қайтган яккаю ёлғиз жигарларининг кўнглига қарашди. Нима қилсаям, шу уйнинг эркаги бўлиб қолган, яна тағин, бу Камолиддин дегани бир гапни икки марта гапиришни ёқтирмайди…
Шундай қилиб опаси билан синглиси уйларига кетдилар. Камолиддин то тушгача кўчагача чиқиб, уйга кириб юрди. Кечроқ эшитганлар бўлса, фотиҳага келиб, дарвозанинг тагида мунтазир қолишмасин, деди. Аммо бир-икки қўни-қўшнининг шунчаки кўнгил учун чиқиб қўйганини ҳисобга олмаганда, биров келмади. Тушлик маҳали бир нави тамадди қилган бўлдию қайтиб дарвозага чиқмади. Уйга кириб, бағрини болишга бериб, ётиб олди. У ҳайрон эди — ахир онаси ўлди-я, лекин ҳали-ҳануз кўзидан бир томчи ёш чиқмаса-я! Бағрида бар нарса ҳамон тошдек қадалиб турибди ва ҳатто аввалига, яъни жаноза куни йиғлашни истади ҳам, опаси ва синглисининг «иснодларга ўлдирмагин», деган гапидан кейин, рости, ўзиям уялиб кетди, жуда-жуда йиғлагиси келди. Ҳарчанд уринмасин, йиғлолмади. Қани энди бу қақраган кўзларига бир томчи ёш келса! Худди ўчакишгандек улар ҳам «оёқ тираб» туриб олишди, киприклари қовжираганча қолаверди. Одамларнинг ғўнғир-ғўнғир ғийбатлариниям эшитмаганга солди ўзини. Онажонисини ҳатто қабрга ҳам бир томчи кўз ёш тўкмай ташлаб келди. Наҳотки онаси, ёлғизгина ўғлини иссиғу совуққа ва ҳатто икки дунёга ҳам ишонмагувчи онаси бир томчи кўз ёшига арзимаса! Ахир у шу онасини деб Афғондан ўлмай қолмаганмиди. Қизиқ гап, одам бировни, яъни бандасини деб ҳам ўлмай қоларканми? Қазою қадар Яратганнинг измида эмасми! Йўқ, у айнан онасини деб неча бор ўлмай қолганига, ўлимга ҳам чап берганига ишонади. Ахир ўшанда…
Ўшанда уларнинг ротаси ҳам навбатдаги рейд-жангга чиқди. Қир ёнбағрида ёлғиз бораётган «БТР» туйқусдан отилган гранамёт ўқидан таққа тўхтади-қолди. Буни пайқаган душман ўраб кела бошлади. Ўрис зобит билан Камолиддин «БТР»нинг пулемётидан то ўқлари тугагунча отишди. Қолган икки аскар эса қўрқиб кетишдими… қочмоққа шайланиб, «БТР» туйнугидан бошларини чиқариб-чиқармаёқ ўққа учишди.
Ана, душманлар қарийб «БТР»га етиб келишди, ҳозир унинг устига чиқади-да, зобит билан уни асирга оладилар. Кейин эса адоғсиз ва мислсиз азоблар… Яхшиси, ҳозир ўлиб қўя қолгани осонроқ бўлади, барибир минг азоб билан ҳам ўлади-ку. Аслида бу гаплар Камолиддиннинг хаёлидан ўтганди. Лекин гранатани ёнбошдаги қутидан зобит олди. Олдию ҳалқасини суғуриб ташлади. Икки қўллаб маҳкам қисди-да, кўзлари отилиб кетгудек бўлиб, Камолиддинга қаради.
— Бир лаҳза холос, Камол! Кўзларингни юмиб, бир лаҳза чидасанг бас, ҳаммаси ўтиб кетади! — деди у овози хириллаб.
Камолиддиннинг бутун вужудини титроқ босди. Беихтиёр қўлларини кўтариб, зобитнинг граната тутган қўлларини қисди. Ҳатто овози ҳам қалтираб, кўзларига ёш тўлди.
— Йўқ, ўртоқ катта лейтенант!.. — шундай дедию унинг кўз олдига дарвоза тагида йўлга маъюс тикилиб турган онаси келди. Йўқ, унинг ўлишга ҳаққи йўқ! Унинг ўлимини онаси кўтаролмайди. Агар у ўлса, онаси қийналиб-қийналиб ўлади. Шундай экан, у яшаши керак! Яшаши!..
— Йў-ўқ!.. — деди у ҳайқириб, зобитнинг қўлларини қаттиқроқ сиқаркан. — Йўқ, ўртоқ катта лейтенант, биз ўлмаймиз! Қўйиб юборманг!.. Онам буни кўтаролмайди!.. — У айни пайтда ўлимдан қўрқмасди. Унинг ўлганини эшитиб, сочларини юлиб йиғлаётган онасини кўз олдига келтирганидан жазавага тушмоқда эди.
Ростдан ҳам улар ўлмай қолишди — қир устида пайдо бўлган яна бир «БТР» душманни тутдай тўкди…
Ўшанда жон талвасасида ҳам онасини ўйлаб, йиғлаганди. Энди эса онаси оламдан ўтди, энди у йўқ, ҳеч қачон қайтмайди. Аммо унинг кўзларида милт этган ёш кўринмайди. Наҳотки шунчалар дийдаси қотиб кетган бўлса?! Наҳотки уруш уни шу аҳволга солдийкин?! Йўқ! Ахир оддийгина кинолардан таъсирланиб, кўзлари ёшланиб кетарди-ю, наҳот энди онасидан айрилиб ҳам йиғлолмаса?!
Онаси уни жуда-жуда эҳтиёт қиларди, авайларди. Бир куни даҳлиздаги деразанинг тагида ётаркан, уни ухлаяпти деб ўйлаб, келинига насиҳат қилаётган оансининг гапларини эшитиб қолди:
— Айланай, қизим, — деди онаси ялингандай, — шу болагинамни эҳтиёт қилинг, хўпми! Нима деса, хўп денг, жон қизим! Жаҳлини чиқарманг, болам! Кейин нима десангиз, мана, мен қиб бераман. Пақат шу болам касал-пасал бўп қомасин, айланай!
— Вой, буви-ей, мен доим ўғлингизи айтганини қиламан. Ҳечам гапини қайтармайман. Менам болангизи феълини биламан, бувижон!
— Ашна қилинг, жон қизим! Шу болами касал қимасангиз бўлди! Биласизу, салга боши оғриб, юраги сиқиб қолади!..
Ўшанда ҳам онасининг гапларини эшитиб, кўзларидан ёш отилиб кетганди…
Камолиддиннинг юраги сиқилди. Бағридан нимадир бўғзига судралаётгандек туюлди. Ағдарилиб, икки қўлини бошининг остига қўйиб, шифтга қараб ётди. Бунча ҳувилламаса-я бу уй! Ростданам хонани қулоқларини ёриб юборгудай сукунат, ҳувиллаш эгаллаб олганди. Йўқ, ана, ҳовлининг қаеридадир хотинининг шарпаси эшитилди. Иккала ўғли уришиб қолди шекилли, биттаси ғингшиди. Хотини уларга астагина танбеҳ берди… Камолиддин оғир бир ютинди-да, бағридан сирғалиб, бўғзига келиб қолган нарсани қайтариб юборди. Ташқарига чиқсаммикин, ўйлади кейин, балки бироз ёзиларман. Кучаниб ўрнидан тураётувди, юраги қаттиқ бир қисди. Оғриқдан афти бужмайиб, бир пас жим туриб қолди. Тебраниб остонага чиқди. Дарвозахона томондан хотинининг овози қулоғига чалинди. У эрининг оромини бузмасликлари учун ўғилларини енгил пўписа билан кўчага ҳайдарди. Онасиям шунақайди, айниқса, опаси билан синглиси болаларини олиб келишса, ҳамиша тергаб турарди:
— Ҳуй, секинроқ гапир, Камолдинни боши оғриб қолади!
— Борларинг, тўполон қилмай, тоғаларинг уйғониб кетади-ей!
Бундан опа-сингиллари зўраки аразлашиб қолишарди:
— Вой-ей, нима, Камолдин болангизу, биз болангизмасмизми, бувижон?
Кампир бироз юмшарди:
— Нега унақа дейсанлар! Ҳамманг боламсан, жигаримдан бўгансан! Пақат Камолдин урушда сал инжиқроқ бўп қоган-да, қизларим!
Камолиддин кўксининг чап қисмини уқалаб, остонадан тушди. У ёқ-бу ёққа аланглади. Ҳалигина уй ичини эгаллаб олган ҳувиллаш энди ҳовлига ҳам тошиб чиқаётгандек туюлди. Нигоҳи уй саҳни бўйлаб интизор тентиради, гўё кимнидир ахтарди, лекин тополмади. Олам бўм-бўш эди гўё. Ҳалиги ҳувиллаш яна қулоқларини эговлай бошлади. Оғир ютинди. Киприкларининг ости ачишиб, кўзларини бир-икки юмиб-очди. Нигоҳи тентирай-тентирай, саҳннинг бир четидаги сўрида тўхтади. Ҳар куни бу маҳалда онаси сўрида ўтириб, ё ошга сабзи-пиёз тўғрарди, ёки отасидан қолган кўзойнакни тақиб олиб, мункайганича гуручнинг тошини тераётган бўларди. Камолиддин сўрининг олдига борди, оанси ўтирадиган кирчимол қора тўшакка тикилди. Ҳалигинаям янги тўшаклар солиғлиқ турганди, чамаса, хотини йиғиштириб, яна эскиларини тўшаб қўйибди шекилли.
Камолиддин ҳар куни ишдан бўшади дегунча уйга ошиқарди. Баъзи тенгқурларига ўхшаб, кўча-кўйда улфатчилик қилиб юрмасди. Негадир уйга ошиқаверарди. Уйга келиб, сўрида ўтирган онасини кўрардию бирдан юраги хотиржам тортарди. Буни ўзи аниқ ҳис қилса-да, лекин тушунолмасди. Вужудини ғалати бир халоват қамраб, онасининг ёнига ётиб олгиси келарди. Кўпинча бошини онасининг тиззасига ёки ёнбошига қўйиб ётволарди-да, осмонга термуларди. Онаси эса ёш туриб, сочининг ярмидан кўпи оқариб кетган ўғлининг пешонасини силаб, Камолиддин бошқа ҳеч кимникига ўхшатолмайдиган меҳрли овоз билан сўроққа тутиб қоларди.
— Ишга яхши бориб келдингми, болам?
— Ҳмм…
— Бошинг оғримадими?
— Йў-ўқ…
— Юрагинг сиқилмадими?
— Йў-ўқ…
— Абитта овқат едингми?
— Ҳмм…
— Сочларинг бирам чиройли оқарибдики!..
Камолиддин қора тўшакка чўзилиб, шомнинг ним қоронғулиги аро кўкиш осмонга тикилди.
Онаси эса ҳамон унинг сочларини силарди.
— Бугун бир боплаб ош қиберай, а, болам!
У оғир ютинди, кўзлари ачишиб, гўё битиб қолай деган бурнини қийналиб-қийналиб тортди.
Майин қўл эса пешонасини силайверди.
— Бошингиз оғрияптими?
— Ҳмм…
— Юрагингиз-чи? Юрагингиз оғрияптими?
— Оғрияпти!.. Жуда ёмон оғрияпти! — Унинг юзи тиришди.
— Нима овқат қиберай! — дея сўради ҳалиги овоз.
У осмон қадар кенгайиб кетган нигоҳини йиғиб, хиёл қайрилди: боши устида кўзлари ёшли хотини маъюс термулиб, унинг пешонасини силарди. У ичидан отилиб келаётган нарсани тўсиб қолмоқчи бўлдими, тишларини қаттиқ қимтиганди, ияк ва чакка суяклари бўртиб кетди.
— Сочларингиз бирам чиройли оқарибдики!.. — деди ҳалиги овоз йиғи аралаш.
Ҳатто тишлар ҳам бўғиздан отилган нарсани тўсиб қолишга ожизлик қилдилар:
— Бувв!.. — дея чийиллади у кўзларини қаттиқ юмаркан ва киприклари остидан ёш тирқираб кетди. — Бувижо-он!..
Хотини эса ҳамон унинг сочларини силарди…