Уоррен Берроу машинасини бир ёнга оғиб қолган эски темир дарвозали ҳовли ёнида кескин тўхтатди ва ҳовли ичкарисига чопиб кириб: “Генри!.. Ким бор?” — дея бир-икки бор овоз берди. Жавоб бўлмагач, хобхона эшигини очиб, ичкарини кўздан кечирди. Ҳеч ким йўқ. Уоррен икки ҳатлашда меҳмонхонага ҳам ўтди-ю, кўксига нақ дастасигача пичоқ санчилган Генрининг кўзлари олайганча ётганини кўриб, даҳшатдан қотиб қолди!
Шу пайт кимдир туртганидан сесканиб сергак тортган Уоррен чўчиб орқага ўгирилиб қаради-ю… ваҳимадан тамом эсдан оғган одамдай кўзлари ола-кула бўлиб, жон алфозда додлаб юборди…
— Мана бу – мен сенга бир вақтлар айтган қурилмам – Кванспент. Қўлимдаги – бошқарув пульти. Пультда жойлашган ҳар бир тугмача маълум бир вазифани бажаради. Қара.
Махсус қурилма пульт орқали ишга тушди: монитордан турли хил кўз, қош, соч, лаблар… хуллас, инсон танасининг барча узвлари бирин-кетин ўта бошлади.
— Бу билан бирор кишининг ташқи қиёфаси чизилади. – Генри Уорренга пультни узата туриб, қайси тугмачаларни босиш лозимлигини айтди. – Шундан сўнг, мана бу тугмачани боссанг, ўша сен чизган «одам»нинг голографик тасвири шу заҳоти-ёқ қаршингда намоён бўлади.
Бу тугмачани боссанг, ўша «одам» — ҳозирча шартли равишда одам, деб атаб турамиз – берган буйруғингни сўзсиз бажараверади. Сўзсиз! Мутлақо гапирмайди, шуниси ёмон. Ҳа, майли, кейинроқ бу қурилмани такомиллаштирарман… Қалай, сенга маъқулми?
— Зўр! – Уоррен ҳаяжонини ичига сиғдира олмай, илжайди. – Таърифга сўз йўқ! Лекин… боя мени ёмон қўрқитдинг-да.
— Ҳа-ҳа-ҳа! Очиғини айт, мени арвоҳ деб ўйладинг-а?
— Фаришта деб! Куласан. Тасаввур қил, менинг жасадим бошида турсанг-у, ногаҳон биров сени туртса ва сен ўгирилиб, менинг тиржайиб турганимни кўрсанг, хўш, қанақа ҳолга тушган бўлардинг?
— Ҳе-ҳе-ҳе.
— Кулишни бас қил-е. Ақалли, ўтакаси ёрилиб, ўлиб қолса нима бўлади, деб ҳам ўйламадингми?
— Бир ҳазиллашгим келди-да, оғайни. Ростини айтсам, бугун мен учун жуда қувончли кун! Неча йиллардан бери орзу қилиб келган режам рўёбга чиқди. Бу оламшумул кашфиёт, тушунаяпсанми?
— Майли, майли, фақат мана бу таъвиянгни кўзимдан йўқот. Кўрсам, кўнглим айнаяпти.
— Дарвоқе, ёдимдан кўтарилибди, қараб тур, – Генри пультдаги тугмачалардан бирини босган эди, бояги жасад аста-секин кичиклашганича, юқорига кўтарила бошлади ва Кванспентнинг ичига сингиб кетди. Энди, «мурда» Кванспентда акс этарди. — Ҳозир, бунга буйруқ бераман. — Мониторда дастур лойиҳалари ёзила бошлади ва ўша «Генри-мурда» Кванспентдан чиқиб, ўзига-ўзи пичоқ урди-да, «гурс» этиб йиқилди. — Кўрдингми, — Генри мамнун ҳолда кафтларини бир-бирига ишқалади. — Мана энди, баъзи бир ярамасларнинг кирдикорларини фош қилиш фурсати етди. Ҳалигина сим қоқиб, сени бу ерга чақиришимдан мақсадим, тузиб қўйган режаларимга кўмаклашсанг. Фақат, олдин ҳам айтиб ўтганимдек, бу қурилма ҳақида ҳеч кимга «чурқ» этма! Агар бирортасига беихтиёр оғзингдан гуллаб қўйгудек бўлсанг, Кванспентдан ажралиб қолишимиз, энг даҳшатлиси — у ёвуз ниятли кимсалар қўлига тушиб қолиши мумкин. Энди асосий масалага ўтамиз. Диққатингни тўрт хил рангдаги тугмачаларга қарат. Кўрдингми, оқ, кулранг, қизил, кўк.
Оқ тугмачани боссанг, истаган одамингни ухлатиб қўйишинг мумкин. Шу тугмачани яна бир боссанг, ухлатиб қўйган одаминг уйғонади.
Энди, навбатдаги — кулранг тугмача ҳақида тушунтираман: буни боссанг, сен истаган кишингнинг қўл-оёғини вақтинча ишламайдиган қилиб қўя оласан. Яна бир боссанг, қўл-оёғи аввалгидек ҳаракатга келади. Бундан ташқари, овози ҳам бўғилгандек секин чиқадиган бўлиб қолади. Бақириб-чақиришга минг чиранмасин, бари беҳуда…
Қизил тугмачани боссанг, у одам истаган буйруғингни бажо келтиради. Ўша одамнинг инон-ихтиёри бутунлай сенинг қўлингда бўлади.
Кўк тугмачани боссанг — пультнинг мана бу кичкинагина тешикчасидан кўкимтир «линза» нури чиқа бошлайди. Нур жилосини кимга қараб йўналтирсанг, ўшани бу нур куйдиради ва у нариги дунёга сафар қилади. Қалай?
Уоррен бир нуқтага тикилганича ўйланиб ўтирарди.
— Нега хаёл суриб қолдинг?
— Дўстим, мени кечирасан-у, лекин бу қадар даҳшатли қуролни ясашингдан асл мақсадинг нима, очиғи, тушуна олмадим. Одамларни заҳарлаш, ўлдириш, қийнаш, онгини ўзингга тобе қилиб олиш… сенга нима учун керак?! Даҳшат-ку бу!
— Бекорга мени айблаяпсан, Уоррен, — деди Генри ранжиган бўлиб. — Бу қуролни фақатгина ёвуз ниятли, қабиҳ одамларга қарши ишлатамиз. Ер юзини ёмон одамлардан тозалаш керак! Бутунлай! — Генри қизишиб кетди. — Улар, ахир содда, софдил яхши одамларнинг оёғидан чалиш пайида бўлишади, кези келганда, қийнашади, хўрлашади. Хўш, бизлар токайгача улар билан олишиб, умримизни қисқартирамиз? Ўзи шундоқ ҳам одамзотнинг умри қисқа, шунга қарамай беш кунлик дунёда ҳам жанжаллашиб, тортишиб, қийналиб яшаймиз! Оқибатда, асабларимиз ишдан чиқади, сўнг — юрак хуружи, юрак ўйноғи, яна бир бало дард! Агар асабни сақлай олсак, юз йиллаб яшаган бўларканмиз, юз йиллаб-а! Машойихлар шундай дейишган.
— Хўп, гапинг тўғри, эътирозим йўқ ҳам, деб ҳисоблайлик, лекин сен бирданига ер юзидаги ёмон одамларни қириб ташламассан?
— Қириб эмас, фаолиятидан маҳрум қиламан! Бу ишни кимдир қилиши керак-ку! Ўша одам мен бўламан!
— Ўҳ-ҳў-ў!..
— Ўҳ-ҳўлама. Сен айтганчалик, бирданига барча ёвузликларни батамом тугата олмасман, лекин ҳамма нарса ҳам аста-секинлик билан амалга ошади. Ноумид шайтон…
— Эҳтимол.
— Мана, мисол учун. Келвин Эрикни олайлик. Миршаббоши бўлатуриб, ёрдам сўраб келган кишилардан катта пора ундиради. Ўзи сўрамаса ҳам, малайларидан айттириб юборади. Кўчадан тутиб келинган фоҳишалар билан ўзи айш қилади. У ҳам майлику-я, қизларни бадном этади.
Севиб, ардоқлаб келган Луизамни ҳам ўша булғади!.. Пули кўп-да, ўша мўмай поралар қутуртирган уни! — Генри бошини икки кафтининг орасига олиб, кўзларини юмганча узоқ жим қолди. Унинг қўллари билинар-билинмас титрашидан жуда ҳам асабийлашаётгани яққол сезиларди. — Мен энди ҳаммасини биламан… Луизамнинг ўзи заҳар ичаётиб… зор-зор йиғлаб ёзиб юборган. Ўша Келвин Эрик деган ярамас шахс — мафиянинг бошлиғи экан. Ўз югурдакларига кўча, холи жойда бирорта қизнинг ёлғиз юрганини кўрсанглар, шартта мошинага босиб, ҳузуримга олиб келаверинглар, дер экан. Ўша шўрлик қизнинг бурнига ухлатувчи дори билан ҳўлланган дастрўмолни тутишиб, ухлатиб қўйишаркан. Кейин ўзларининг хосхоналарига олиб кириб, қизни ечинтиришаркан! Сўнг нималар қилишар экан дегин?..
— Номусига тегишса керак.
— Тўғри, аммо улар фақат шугина билан кифояланиб қолишмас экан. Видеотасвирга туширишаркан, расмга олишаркан…
Қиз ўзига келганида, бизнинг айтган ҳамма шартларимизга кўнасан, сени рози қиламиз, бўлмаса, мана бу видео лавҳаларни видеобарларда қўйдиртирамиз, расвойингни чиқарамиз… Расмларингни бўлса, қандай ҳолатда тушган бўлсанг, шундайлигича қарта қилдиртириб соттирамиз, бекорга шарманда бўласан, деб пўписа қилганча, қизнинг юрагини олиб қўйишаркан. Қиз шўрлик нима қилади? Хўш, сенингча нима қилади?!
— Қўрққанидан рози бўлар.
— Агар у қиз иффатли, ориятли бўлса-чи?! Менинг Луизамдай…
— Нега энди дарров ўлим?.. Юқори ташкилотларга арз қилиб борса бўлади-ку.
— Унда ўша қизни видеобарлар, қарталар орқали «машҳур» қилишади.
— Ўзини ўлдиргандан кейин-чи? Қаёқдан билади видеода кўрсатишаяптими-йўқми? Ўлганидан кейин унинг расмларини «машҳур» қилмасликларига ким кафолат беради? Ундан кўра, ўлмасидан олдин, уларнинг шармандасини чиқазиш керак, кейин марҳамат, ўзини поезд тагига ташлайдими, томирини кесадими, бу унинг иши. Бироқ аввал уларнинг расвосини чиқазиш керак, токи ҳамма уларнинг қанақа эканликларидан огоҳ бўлишсин!
— Қозикалоннинг ўзи хотинингнинг хуштори бўлса, арзу-додингни кимга айтасан, деган экан бир бечора. Фойдаси йўқ, тушунсанг-чи… Миршаббошининг ўзи унақа ишларни қилиб турганидан кейин… Бунинг устига, қонун-қоидани сув қилиб ичиб юборган, керак бўлса, қизнинг ўзини туҳматчига ёки фоҳишага чиқазиб қўйиш унинг учун ҳеч гап эмас… Яна қаматиб юбориши, телбага чиқазиб, жиннихонага юбориши мумкин. У ерда ростакамига жинни қилиб қўядиган дорини эмлашади. Келвин Эрикнинг буйруқлари, мўмай пора узатганларнинг эвазига. Эҳ-ҳе-е, йўли кўп. Битта ишоранинг ўзи ҳамма нарсани ҳал қилади…
Энди мунозарага ҳозирча чек қўйиб турайлик-да, асосий ишга ўтайлик. Комиссар Келвин Эрик ишдан чиқиб, тўппа-тўғри хуштори Самантанинг қошига боради, — деди Генри интиқом туйғусидан энтикиб. — Ҳар пайшанба бу одатини канда қилмайди. Мен Кванспентим орқали унинг барча хатти-ҳаракатларини ҳар куни кузатаяпман.
Генри бошқарув пультидаги тугмачаларни боса бошлади ва бир оздан сўнг экран тиниқлашиб, унда Келвин кўринди.
Уоррен билан Генри Келвин ишхонасидан чиқиб, хушториникига йўл олишини сабрсизлик билан кута бошлашди… ниҳоят, Келвин нимагадир фуқаро пўримида идорадан чиқиб, мошинасига ўтирди ва «Сиэтл» меҳмонхонасининг қаршисига келиб, мошинасини тўхтатди.
— Ҳозир у ер ости йўлагидан ўтаётган чоғида мана бу тугмачани босиб, ёнимизга келишга мажбур қиламиз.
Чиндан ҳам Генри узатган фикрий тўлқин таъсирида Келвин меҳмонхонанинг қарши тарафидан чиқиб, ғира-шира ёруғликда ҳеч адашмасдан, Генрининг уйи томон кела бошлади.
Генри дарвозани ланг очиб, комиссарни тавозе билан кутиб олди.
— Ие-ие, хуш келибсиз, Ассалому алайкум! Хуш кўрдик, қайси шамол учирди? Уоррен, нега таъзим қилмаяпсан? Таъзим қил, ҳозироқ, ахир, биласанми, қаршингда ким турибди. Миршаблар комиссари-я! Кулбаи вайронамизга қадам ранжида қилганингиздан бошимиз кўкка етди, бу биз учун саодат…
— Укалар, мен қаердаман ўзи? — Комиссар уйқусидан эндигина уйғонган одамни эслатарди. У ажабланганча Уоррен билан Генрига тикилди, аммо уларни бирор ерда кўрганини эслай олмади. — Қаерга келиб қолдим? — бу ерда қай тариқа пайдо бўлиб қолганига ҳамон ақли бовар қилмаётган комиссар саволини такрорлади: — Укалар, мен қаердаман ўзи?
— Катта холангизнинг уйидасиз! — Генри асабий кулди. — Саманта хонимнинг уйидасиз Ҳа-ҳа, Саманта хонимнинг!..
Комиссар Генрига хўмрайиб, ўшқирди:
— Нималар деб алжираяпсиз? Қанақа Саманта хоним ҳақида гапираяпсиз ўзи?
Генри комиссарга қараб, ёмон ўқрайди. Сўнгра заҳархандалик билан мийиғида кулди:
— Ҳали сен аблаҳ, тонасан ҳамми? Тўнғиз! — Генри пультдаги кулранг тугмачани босиб, комиссарнинг бетига боплаб тупурди.
Ғазабдан бетига қон тепчиган комиссар тупукни артаман, деб кафтини юзига олиб бормоқчи бўлганди, лекин қўлини қимирлатишга мажоли етмади ва аламидан инграб юборди.
— Ҳа, қўл-оёғинг ишламай қолдими? Аввал калланг ишламасди, энди навбат қўл-оёғингга келибди-да, — деди Генри кибр ила. — Сен билан қачондан бери учрашишни орзу қилиб юргандим, мана, ниҳоят учрашдик ҳам. Сен разил қанчадан-қанча одамларнинг ҳаётига зомин бўлдинг… — комиссар нималардир деб ғудрана бошлаган эди, Генри баттар тутақиб кетди: — Жим бўл, кўппак! Ғингшимай тур! Қанча оиланинг бошига етдинг, не-не қизларни йўлдан урдинг…
— Ахир…
— Гапимни бўлмай, эшит! Фарзандинг тенги қизларнинг номусини топташга уялмадингми? Бу ҳамма-ҳамма қилмишларинг учун жавоб берасан! Энди гапир!
— Туҳмат қилишга уялмайсизми, ука? — деди комиссар заиф овозда. Чунки Генри кулранг тугмачани босгани учун унинг товуши секин чиқаётганди. — Наҳотки, мен — миршаблар комиссари шунақанги ғайриқонуний ишлар билан шуғуллансам?! Бу бўҳтонларни сизга ким ўргатди, укажон? Балки мени кўролмайдиганлар…
— Луиза.
Комиссар хушторининг уйига соқчилари билан бормаганига ўкинди.
– Соқчиларинг билан бирга борганингда ҳам фойда қилмасди, — деди Генри. — Фикримни қандай ўқияпти экан, деб ажабланаяпсан-а, шундайми? Ановингга бир қара.
Кваспентда комиссарнинг пинҳон ўйлари ёзилганди…
Комиссар дарров қалтис вазиятга мослашишга, ҳеч нарса ҳақида ўйламасликка, ўзини довдирликка солишга уринди.
— Бу гапларнинг менга дахли йўқ… Мен халқимизнинг посбониман. Фаҳш ишлар билан умримда шуғулланган эмасман. Аксинча, фоҳишаларга қарши курашганман, йиғлатганман…
— Тўшакда! Шундайми? Унда, марҳамат қилиб айтинг-чи, ҳозир нима учун меҳмонхонага борган эдингиз?
— Хизмат важидан, албатта.
Генри кванспентни ишга солди: экранда шинамгина хона ва бир чиройли жувон кўринди.
— Танияпсанми Самантангни?
— Ким бу? — талмовсиради комиссар. — Биринчи марта кўриб туришим. Бу чиройли қиз ким экан ўзи, сизларга тегишлими?
— Ҳозир биламиз-да.
Генри тугмачалардан бирини босди. Кванспентда комиссарнинг голограммаси акс этди. Генри голографик тасвирни ўша аёл турган хонада пайдо қилди.
— Вой, Келви-и-н! Қачон келдийиз? — Аёл қувониб, чапак чалиб юборди. — Ҳозир-ҳозир. Қаҳва тайёрлаётгандим, қўлимни ювиб келай, жонгинам…
Аёл нариги хонага чиққан эди ҳамки, Генри тугмачани босиб, голограммани йўқотди…
Генри комиссарга нафрат билан тикилди.
— Энди нима дейсан? — деди тишларини ғижирлатган кўйи. — Исбот қил, дединг, исботладим! Ёки яна бирор далил керакми? Нега индамайсан?.. Ҳа-а, баҳона излаяпсанми? Гапир!
— Гапирмайман!— комиссар ҳам қайсарликка ўтди.
— Гапиртираман, керак бўлса, ит бўлиб акиллайсан!
— Ўзингни босиб олгин, оғайни, — деди Уоррен Генрини тинчлантиришга ҳаракат қилиб. — Қўй, ўзинг айтардинг-ку, асабни авайлаш керак, деб. Қўни-қўшнилар эшитса, нима дейди?
— Эшитсин! — Генрининг жазаваси тутди. — Бутун дунё эшитсин, билсин! — Генри қизил тугмачани босиб, комиссарга «ит бўлиб вовулла!» деб буйруқ берди. Комиссар ириллаб, акиллаганича ҳура бошлади.
— Ҳа-ҳа-ҳа! Энди бир рақсга тушиб бер-чи!
Комиссар тарвуздай қорнини селкиллатганича муқом қилиб, ярашмаган бир алфозда ўйнаб кетди. Генри бундан завқланиб, мазах қилишда давом этди: — Ҳа, чаққон-чаққон! Ҳа, ота ўғил. Бўш келма! Мана бу бошқа гап… энди тўхта.
Жиққа терга ботган комиссар ҳансираб-пишилларди.
— Қалай, сенга сабоқ бўлаяптими? — Генри яна кулранг тугмачани босиб, комиссарнинг қўл-оёғини қимирлатмайдиган қилиб қўйди.
— Укалар, жон укалар, мендан нима истайсизлар ўзи? Пул керакми? Қанча керак… фақат бу қийноқ, хўрликларни бас қилинглар, етар. Мени тинч қўйинглар, Худо ҳаққи, пулим кўп, — деди комиссар ҳиқиллаб. — Истаганча олинглар…
— Порадан орттирган бойлигингни менга туҳфа қилмоқчимисан? Ташаккур! Уоррен, мингталик пулинг борми?
— Бор, — Уоррен чўнтагини ковлаб, пулларининг орасидан битта ғижимланган мингталикни ажратиб олди. — Мана.
Кванспентда минг сўмлик пул намоён бўлди ва бир оздан сўнг минг сўмлик пуллар кванспентдан бирин-кетин чиқиб, уларнинг оёқлари остига сочила бошлади.
— Мана сенга пул, — деди Генри. Сўнг Уорренга юзланди. — Уоррен, ҳозир қаршимизда турган ҳурматсиз комиссарнинг қизини бу ерда пайдо қиламан. Бир айш қил!..
Генри кванспент тугмачасини босганда, комиссарнинг уйидаги хоналардан бири кўринди: комиссарнинг ўн тўққиз яшар қизи Изабелла ухлаб ётарди. Генри яна тугмачалардан бирини босувди, Изабелла ўрнидан турди-да, кванспентдан чиқиб келиб, уйқусираган кўйи бу ерда пайдо бўлди.
— Уоррен, қани бўл, бошла…
— Ваҳшийлар!!! — деди комиссар титраб-қақшаб. — Дод! Аблаҳлар!!! Тегма, қаматиб… эй, инсофсизлар!
Комиссарнинг овози ҳамон ғоят паст чиқарди.
— Ие, комиссарда инсоф пайдо бўлиб қолибдими? — деди Генри киноя ила. — Қачондан бери? Ишқилиб, биз инсофсизларни қаматиб қўймайсизми? Энди, йигитчилик-да! Сиз Самантахонимга ўхшаган дилбар қизларни хушнуд қиласиз, бизга Сизнинг қизингиз ҳам бўлаверади. Уоррен, бошла! Ҳурматсиз комиссарнинг қандай ҳолга тушишини ўз кўзим билан бир мириқиб томоша қилай. — Генри беҳаёларча кула бошлади.
— Қани бўл, имиллама! Бўла қолсанг-чи, аяб ўтирма! Кўйлагини ечмай, иккига айириб қўяқол.
Уоррен бошини қуйи солганча, «миқ» этмай тураверди.
— Сенга айтаяпман, Дўстим. Кўп куттирма, илтимос!
— Бу иш қўлимдан келмайди, — деди Уоррен пичирлаб. — Ахир, қизда нима гуноҳ? Фарзанд отаси учун жавоб бермайди-ку!
— Шуни билки, илоннинг боласи илон, чаённинг боласи чаён бўлади!.. Бўпти бўлмаса, ўзим эплаштираман.
Генри пультдаги оқ тугмачани босди.
— Ана, бўлди. Энди, ҳеч нарсани сезмай, маза қилиб уйқуни ураверади, биз бу ёқдан маза қилиб-а?..
Жойидан қўзғолишу бақириб, одамларни ёрдамга чақиришдан маҳрум комиссарнинг кўзлари косасидан чиқиб кетгудай каттарди. Уоррен югуриб бориб, осуда пишиллаб ухлаётган қизга яқинлашаётган Генрини елкасидан итариб юборди:
— Қоч! Бас қил!
— Яқинлашма менга! — деди ғазаб билан Генри. — Бўлмаса, сени ҳам вақтинча қўл-оёғингни шол қилиб қўяман!
— Қўй, дўстим, шу қизчага тегма, бу ниятингдан қайт! Кел, қўй!
— Мен комиссарга ўзининг усули бўйича бир сабоқ бермоқчиман! Бечора қизларнинг ҳам ота-оналари, севгилилари, ака-укалари борлигини, улар ҳам кимнингдир суюкли ёри, севикли қизи, синглиси, опаси бўлишганини билиб қўйсин!
— Агар шу гапларингга ўзинг амал қиладиган бўлсанг, бу қизча ҳам сенинг синглинг, ахир! Тегинма шу қизга, илтимос!
— Яхши, — Генрининг лабида ним истеҳзо пайдо бўлди. — Демак, мен унга яқин йўламасам бўлди-а? Бошқа шартлари йўқми?
— Йўқ!
— Яхши… унда ҳозир комиссарнинг қизи олдимга ўзи келиб, ўзи менга ёпишиб олади, қараб тур.
Генри пульт орқали қизга фикрий тўлқин юборганди, қиз ўрнидан туриб, Генри томонга қучоғини кенг очиб кела бошлади. Дўстининг муддаосини англаган Уоррен унга ёпишди. Генри жон ҳолатда Уорренни итариб юборганди, қўлидаги бошқарув пульти ҳам ерга учиб тушди. Зарб билан тушгани учунми, пультнинг баъзи тугмачалари босилиб кетди. Натижада комиссарнинг қўл-оёғига жон кирди. Уоррен билан Генри тўшамада думалашиб, бир-бири билан олишаётганини кўрган комиссар, бора-сола пультни қўлига олди-ю, тугмачаларни шошиб-пишиб бирин-кетин босаверганди, бирданига қизи ҳавога сингиб кетгандек ғойиб бўлди-қолди.
— Аҳмоқ, бу комиссарнинг ҳақиқий қизи эмас, голограммаси-ку! — қичқирди Генри Уорреннинг темирдай чангалидан қутилишга уринаркан. — Ҳақиқийси уйида ухлаб…
Худди шу лаҳзада комиссар кетма-кет босаётган тугмачалар ўз ишини қилиб улгурди. — Генри билан Уоррен олишаётган ҳолларича ҳайкалдай қотиб қолишди.
— Ҳозир сенларни ҳам акиллатаман, чўчқа қилиб, ҳуриллатаман, эшак қилиб ҳангратаман! — комиссар жон-жаҳди билан тугмачаларни босишда давом этарди. Кўк тугмача ҳам ногаҳон босилиб кетди-ю, пультдан чиққан нур кванспент ойнасига урилди ва кучли портлаш юз берди. Уй ичи гуриллаб ёна бошлади. Қўрқиб кетган комиссар қўлини куйдиргудай қизиб кетган пультни улоқтириб юборди. Қўни-қўшниларнинг бақир-чақири, чоп-чопи эшитилди. Ким телефонга югурган, ким пақирда сув ташиган, ким уйидаги буюмларни кўчага ташишга тушган.
Мана шу талотўпда комиссар пусибгина уйдан эсон-омон чиқиб олди-да, энгил-бошини қоқиб, меҳмонхонага — Саманта хонимнинг ҳузурига йўл олди…
Уй ичида эса икки йигит — икки тирик ҳайкал гуриллаб ёнарди…
“Сирли олам” журнали. 1991 йил