Муҳаммад Зиё. Англаш (ҳикоя)

Мана, Ватан олдидаги йигитлик бурчимини ўтаб келганимга ҳам бир ойлар бўлди. Хизматдошларим билан ўқишга кириш учун бериладиган имтиёзни қўлга киритганимизда ваъдалашгандай яна уч кундан сўнг шаҳарда репетиторникида учрашамиз. Менинг эса сира боргим йўқ. Сабаби… Тўғриси, сабабини билмайман. Балки бунинг боиси ростдан ҳам Саидадир, ким билади яна. Ўзи ҳам жуда аломат қиз-да тушмагур. У мендан икки синф пастда, Сардор укам билан бирга ўқиган. Аввалари мактабдаги фаолар йиғинида кўришиб турардик. Ўша пайтларда умуман эътибор бермаган эканман. Қолаверса, у бизнинг уйдан тўрт девор нарида турарди. Ҳарбийдан қайтганим муносабати билан келди-кетди бўлди. Саида ҳам хизмат қилиб юрди. Илк бор йўлимиз-йўлимизга, кўзимиз-кўзимига тўқнаш келди. У қизариб ерга қаради, кўзларини олиб қочди. Юрагим алланечук бўлиб кетди. Қаердадир ўқиганим ёдимга тушди. Сўзма-сўз эслай олмайман-у тахминан шундай: халойиқ Арастунинг қизидан “Гўзаллик нима?” деб сўрашганда, у “Қиз боланинг ҳаёдан қизарган юзи”, – деб жавоб берган экан. Назаримда, бу айнан Саида ҳақида айтилгандай эди. Қиз дегани худди шундай бўлиши керак. У мени тамоман ўзига ром этди. Шу-шу Саида ҳақида ширин хаёллар сура бошладим. Шифокор бўлиш орзуимдан воз кечмаган бўлсам-да, лекин шу топда нимагадир ҳеч нарса қилгим келмаятди. Фақат ширин хаёл сўришдан бошқа…

* * *

Онам кечки овқатга чақирдилар. Хонамдан чиқдим, қарасам онамнинг яқин дугонаси, нариги маҳалладаги Розия хола келибди. Шу холани ёқтирмайман, онамга яқин бўлганлиги учун ҳазил- ҳазил қилиб қизи Оҳчани менга пичаверади. Салом-аликдан кейин базўр уларга қўшилиб, чимсаланиб овқатлана бошладим.
Розия хола ҳар галгидек мени мақтай бошлади:
– Зўр, ўктам йигит бўпти-да, ўғлингиз кўз тегмасин.
– Ҳа, ундан умидимиз катта, – деди онам.
– Ўқишга қачон кетмоқчисиз? – яна сўради меҳмон.
Ўзи боргим келмай турган бўлса ҳам сир бой бермай, “ уч кундан кейин”, – деб дадил жавоб бердим.
– Оҳчахон ҳам сигирни соғиб, сутини сут, қаймоғини қаймоқ қилиб ўтирибди. Кетганигизча битта бонкада қаймоқ, биттасида дўлтали сарёғ қилиб беради, – деди Розия хола.
– Ҳа, Сардорбек ҳам буғдойни тегирмонга олиб кетди, ун қилиб келса ёғлиқ патир қилиб берар эканмизда-а – деди онам Розия холага маъноли қараб.
Бу қочирим гап менга ёқмади, шартда омин қилдим-да, туриб кетдим.
– Овқатингни емайсами? – деб ҳой-ҳойлаганича қолди онам.
– Тўйдим, – дедим.

* * *

Хонамга кирар эканман яна ўша хаёллар оғушига чорлайди. Китоб варақлаб ўтирсам-да кўзимга ҳеч нарса илинмайди. Шуурим ҳам карахт бир ҳолатда.
Айвондаги телефоннинг жиринглаши хаёлимни бўлди. Гўшакни олдим.
– Алло… Сардор ака, – деди ниҳоятда таниш, ёқимли мулойим овоз.
– Алло, ким у… – дедим.
– Ий… – деб гўшакни қўйиб қўйди.
Бу Саиданинг нафис овози эди. Бир қанча вақт эсанкираб қолдим. Ўзимга келганимда гўшакдан узуқ-узуқ тувиллоқ товуш эшитилиб турарди. Гўшакни жойига қўйиб, хонамга кирдим. Хонамга эмас, минг бир хаёл кўчасига кирдим.
Нима, Саида Сардорни сўрадими? Нега, нима учун? Унда нима иши бўлиши мумкин? Эҳтимол шунчаки синфдош сифатида ҳол-аҳвол сўраган бўса керак? Унда нега сўрай қолмади? Соат кеч бўлганда, ҳол аҳвол сўраши нимаси. Қолаверса, “Алло… Сардор ака” деган сўзлари жуда бошқача, жуда самимий, жуда илиқ… Қандайдир сирли оҳангда эркаланганнамо, ўта сеҳрли, бу ўзгача бир тарзда айтилдики, унинг сўзларида, оҳангида соғинч, ҳа, ҳа соғинч мужассам эди. Соғинч бўлганда ҳам севгилисини, суюклисини, ёрини соғинган малакнинг навозиши эди у. Буни ҳис этмаслик, англамаслик учун инсон инсон эмас, бошқа махлуқот бўлиш керак. Минг афсуски, бизни худо одам қилиб, онгли қилиб, устига-устак ҳис эта оладиган қилиб яратган. Демак, Саида Сардорни яхши кўради. Сардор-чи? У ҳам севаримикин. Агар севса мендан ортиқроқ севармикин ё камроқми? Уни ўлчайдига ускуна бормикин? Ё мезонлар борми? Агар ким кўпроқ севса, қиз ўшаники бўлармикин? Ё қиздан ҳам сўралармикин? Ота-онасидан-чи? Менга нималар бўляпти ўзи, нега нафасим бўғзимга тиқиляпти. Нега асабийлашяпман? Нима, Саида мени яхши кўрармиди ўзи, дил изҳор қилганмидим? Йўқ, севгимни айтишга ҳам фурсат бўлмади, шекилли. Унда кимдан ва нимадан ўпкалаяпман?
Эҳ, Саида, Саида, нимасини яхши кўрасан ўшани. Укам бўлса ҳам тўғрисини айтаман. У кўча безориларнинг биттаси-ку, менимча, уни яхши билмайсан. Билганингда, эҳтимол бу фикрингдан қайтармидинг, яна ким билади…
Қизларга ҳам қойил эмасман. Саидага ҳам беш кетмадим, келиб-келиб шунақа безорини севадими? Сардорнинг нимасига учган бўлиши мумкин. Ҳаётда қўлига китоб олмаган бўлса, мени ўқиган китобларни тарозига қўйсак, нақд бир тоннадан ошади. У бўлса битта рисолани ҳам охиригача ўқимаган, нуқул кўчада маза-бемаза ишлар билан юради.
Мен ҳаётда ҳамиша тўғри яшашга, яхши бўлишга ҳаракат қилдим. Онам бизларни отасиз катта қилганлиги учун: “Сен оиламиз каттасисан, оғирроқ бўлишинг, укангга ўрнак бўлишинг керак” деб уқтирар эдилар. Мен ҳеч қачон онамнинг гапини икки қилган эмасман. Ичма, чекма, безориларга қўшилма, дедилар. Барча айтганларини қилдим. Биринчи йил ТошМИга имтиҳон топшириб, ўз кучим билан контрактга кирдим. Тоғам “Шартнома асосида ўқисанг, онангга жабр қиласан, яхшиси, армияга бор, имтиёз олиб қайтсанг, кейинги йилга бюджетга кирасан”, деди. Менга шу гап маъқул келди. Умуман, ҳар доим онам, тоғамни, катталарнинг чизган чизиғидан чиқмадим. Улар яхши бўл деди, мен яхши бўлай дедим.
Укам аксинча, ўз билганидан қолмайди. Кимнидир тўйида ароқ ичганмиш, ичгандан кейин чекмайди деб ким кафолат беради. Мактабда биринчи атаман. Болалар ундан қўрқади. Тўғри, спорт билан шуғуллангани учун қомати менга қараганда анча келишган. Лекин “Билаги зўр бирни йиқитади, билими зўр мингни” деган нақл бор-ку. Гап кучда эмасдир.
Эҳ, Саида, Саида, қандай қилиб сендек гўзал, ақлли, фаросатли қиз унинг қармоғига тушиб қолдинг. Ахир сен энг аълочиси эдинг-ку, менга ўхшаб эртаю кеч китобдан бошингни кўтармас эдинг-ку. Саида, сени нима жин урди ўзи. Мен сени чин дилдан севаман, сени бахтли қилишни хоҳлайман.
Нега бу дунё тескари, нега бешафқат, нега адолат йўқ, мен қанчалик яхши бўлишга уринмай, атрофдагилар мени тушунмаётгандек, англамаётгандек. Мана энди Саида ҳам…
Мана, кечаги куни уйни таъмирлаш учун бир мошин қум тўктирдик. Қўшнимиз Баҳодирларникига чиқиб аравангни бериб тур десам, “ўзим ишлатяпман”, деб, бермади. Сардор чиқиб, Баҳодирни аравасига қўшиб олиб чиқди. Қойилмисиз? Иккита оғайниси ўтиб кетаётган эди, уларни тўхтатиб ёрдам беришни илтимос қилди. Улар ҳам рози бўлди. Сардор белкуракка суяниб фақат гап сотиб турди, холос. Биз ташидик. Гапларининг ҳам маъниси йўқ, фалончи фермер билан анави қишлоқ Амбулаторияси ҳамшираси ўртасидаги ишқий мунсабатлар ҳақидаги бўлар-бўлмас уйдирма, миш-мишлар, болаларга ҳам шу керак. Тағин денг, воқеанинг қизиқ жойига келганда “Бор – эй, аравани бўшатиб ке, сен келгунча қолганини айтмай тураман”, дейди худди оламшумул воқеани баён қилаётгандек. У қумни тўкиб келгунча қолганларга латифа айтади, яна ҳиринг-ҳиринг. Менга унинг на миш-мишлари, на латифаси ёқади. Бемаънилар… Сен билмайсан-да унинг асли қанақалигини. Эҳ, Саида… Саида…

* * *

Мен ўртоқлари билан кўп мартда баҳс-бойлашганман – морожнийданми, лимонадданми? Лекин бир-биримиздан ютқ талаб қилмаганмиз, чунки ошна-оғайнигарчилик дегандай, қолгани муҳим эмас.
Сардорчи? Дўстликни билармиди-у. Қишлоғимизда бир оила бор. Улар ҳар йил эрта баҳорда қишлоқ аҳолиси қўйларини йиғиб, яйловга олиб чиқиб боқиб, кузда қайтишади. Ҳар бир қўй бошига келишилган нархда пул тўланади. Ўша оиланинг катта ўғли кўй боқади, кичиги Сардор билан синфдош. Иккала ўртоқ футбол устида баҳс бойлашибди, қанақадир Барсами-е, Риялми деган жамоа ўйнаса, “Эл классика” дейилар экан. Бири Барсани танлабди, икинчиси Риялни дебди. Хуллас, баҳс шартига кўра Сардорнинг жамоаси ютса, ўртоғи иккита қўйни баҳордан кузгача текинга боқтириб берадиган бўпти. нариги жамоаси ютса, Сардор битта қўй берадиган бўлибди. Омад Сардорга боқиб, иккита қўйни яйловга жўнатибди. Элнинг оғзига элак тутиб бўймайди. Бу воқеа онамга ҳам етиб келибди. Табийки, онам тоғамга айтган. Бир куни кўчадан келсам, айвонда тоғам, онам, сўппайган Сардор ўтирибди. Улар билан кўришгач, гап оҳангидан жиддийлигини билгач, аралашгим келмади уйга кириб кетдим. Тоғам нуқул тутоқиб, асабийлашиб, Сардорни уришар, онам индамай кўз ёш қилиб ўтирарди. Мен уйда бўлсам-да, овозлари бемалол эштилиб турарди.
– Хўш, ютқазиб қўйганингда нима бўларди? – деди тоғам зарда билан.
– Ютқазмасдим, ютқазсам ёзи билан ишлаб, кузда қўйлар қайтгунча ўрнига тиклаб қўярдим, – деди хотиржам Сардор.
– Эй, сени гапга ўқитган ўшани… Қайтиб гаров ўйнаганингни эшитсам, нима қилишни ўзим биламан, эшитдингми? Ҳайвон, расво… Биринчиси ҳам охиргиси ҳам шу бўлсин. Тушундингми, тушундингми, деяпман. Сенга айтаяпман, эй, – деди тоғам бақириб.
Сардор миқ этмасди. Шунда тоғам жаҳл билан:
– Бор йўқол, кўзимга кўринма, аҳмоқ, – деди овози титраб.
Сардор уйдан чиқиб кетди. Онам отасиз бола ўстириш азобини айтиб, йиғлай бошлади. Шунда тоғам онамни юпатиш учунми, ё ростдан ҳам шундаймиди, билмадим, ҳар ҳолда шундай деди:
– Ке, хафа бўловурма… Лекин шу Сардоринг бўладиган бола, – деди онамга.

* * *

Бугун эрталабки воқеа-чи, Сардорнинг ўртоғларидан бирининг отаси тегирмон юргазади. Оғайниси ўша ерда ишлайди. Сардорга “Бир қоп буғдойдан, ярим қоп оппоқ ун чиқади, лекин менга тегирмонда бир кеча ёрдамлашсанг, ёнимдан қўшиб бир қоп оппоқ ун қилиб бераман”, дебди. Буғдойни велосипедга ортиб кетаётган Сардорни тўхтатиб:
– Болам, ишлайман деб, ўзингни уринтириб қўймагин яна, – деди куйиниб онам.
– Нималар деяпсиз, Жақини ўзи ишлайди, биз буёқда қарта ўйнаб, гап бериб турамиз, – деди Сардор қопни маҳкамроқ жойлар экан.
– Ие… ҳали қимор ўйнайсизларми? – деди онам капалаги учиб.
– Қанақа қимор, шунчаки зерикмаслик учун қарта ўйнаймиз, – деди онамни тинчлантириб.
– Йўқ, бормайсан. Тағин бир нимани бошлаб юрмагин, аканг боради, – деди онам баттар хавотирланиб.
– Ўзим бораман, бўпти қарта ўйнамайман. Менга ишонмайсизми? Қарта ўй-на-май-ман бўлдими? – деди укам онамнинг юзларга қараб.
Онам ҳеч нарса деёлмай, турган жойида қолди.

* * *

Тўғри, эҳтимол, Саидага муносиб эмасдирман. Лекин Сардор муносиб деб, ким айта олади. Баҳс бойлашаман. Агар ҳозир тегирмонга борсак, аниқ биламан – укам қарта ўйнаб ўтирган бўлади, тўғри, пулданмас, гугурт чўпидан ўйнашади. Нима фарқи бор? Қимор ўйнамаётгандир. Лекин онамга қарта ўйнамайман деб ваъда берган эди-ку, ўз онасини алдаган бола қандай қилиб яхши инсон бўлади. Бунга нима дейсан, Саида эртага сени ҳам алдамайди деб ким кафолат беради. Мен сени бахтли бўлишингни хоҳлайман, холос…
Тоғамга ҳам тан бермадим. Шунча гап-сўздан, сўкишдан кейин “бўладиган бола”га бало борми? Агар у тўғри қилган бўлса, нима кераги бор эди шунча уришишни, асаб, бузарликни, ундан кўра “Баракалла – жиян зўр қилибсан” деб мақтаб қўяқолсин эди. Катталарга ҳам ҳайронсан – тил бошқа, дил бошқа. Агар мен тоғамнинг ўрнида бўлганимда Сардорни ўлгудай калтаклардим, токи қизларга кўринолмай юрсин. Кейин чўпонга қўйни боққани учун бериладиган пулни бериб, жияним бир аҳмоқлик қилиб қўйибди, деб узр сўрардим. Одам деган мард бўлиши керак. Аммо… аммо тоғамда ҳам ортиқча пул йўқдир, уни ҳам тушуниш керак.

* * *

Мактабда ўқиб юрган кезларимда жуда гўзал синфдош қизлар бўларди. Нимагадир чиройли қизларнинг ҳаммаси аълочи, аълочи қизлар ҳамиша чиройли бўлишади. Бунда қандай боғлиқлик бор, ақлим етмайди. Синфдаги энг гўзал қиз Зарнигор эди. Уни ҳамма йигитлар яхши кўрарди, менга ҳам ёқарди. Унга ҳеч қачон яхши кўришимни айтмаганман, чунки мени назарига илмаслигини билардим. Ҳозир ўйлаб кўрсам, ўша Зарнигор ҳам синфмизнинг энг безориси Ғаффор билан севишар эди. Худди Сардор ва Саидага ўхшаб.
Авваллари Саида осмондаги юлдуз бўлса-да, хоҳлаган пайтимда қўл чўзсам етадигандай туюларди. Шунинг учун бўлса керак, унга севгимни изҳор қилишга шошилмагандирман. Эҳтимол. Энди-чи, у шу қадар олисдаки, унга етмоқ тугул бир қиё боқиш амримаҳолга ҳам ўхшаб қолди.
Эҳ, Сардор, Сардор, болалигида сувга чўкиб кетаётганда уни қутқариб қолгандим. Агарда уни қутқармаганимда, чўкиб кетганда, ҳозир севгимга тўғаноқ бўмаган бўлармиди? Ким билади дейсиз, агар у бўлмаганда Саида мени деган бўлармиди? Эй худойим, нималар деяпман? Севги кўзимни кўр қилдими? Ўз укамга, жигаримга ўлим тилаяпманми? Агар Сардорга бирор гап бўлса, онам бечора буни кўтаролармиди? Кейин онамсиз нима қилардим? Муҳаббат инсонни тарбиялайди, улуғлайди, ўзгартиради, дер эдилар. Нега мен борган сари худбинлашиб, тубанлашиб кетяпман.

* * *

Сардор билан Саиданинг муносабатларини таҳлил қила бошладим. Уларни қаерда, қачон, қандай ҳолатда учратардим… Бир-бир эслай бошладим. Бир куни Саида бир қўлида бир челак сув, иккинчисида чўмич билан Сардорни қаршисидан чиқиб қолганди:
“Сув ичасизми?” – эркаланганди Саида ўшанда. “Йўқ” – деганди атайлаб жиғига тегиш учун Сардор илжайиб. “Майли, зоримиз бор, зўримиз йўқ” – деганди ноз-карашмалар билан Саида. “Ҳазиллашдим, ке битта ичай” – деб Сардор кўзлари кичрайтириб, “Энди йўқ, бошқалардан ичаверинг” – деб жўрттага аразлаб олганди Саида. “Сен турганда бошқасига боло борми?” – деди Сардор уни нигоҳлари билан эркалаганди. “Ростданми, гапингизда турасизми?” – деганди Саида табассум билан сув узатар экан. Ўшанда кўзларида бахт порлар эди. Улар йўл-йўлакай тўқнаш келиб қолсалар, юзларида қандайдир кўтаринки кайфият пайдо бўларди. Улар гўё Фарҳод ва Ширин, Тоҳир ва Зуҳра, ҳақиқий Сардор ва Саида эдилар. Нега буларни илгарироқ сезмадим. Мен улар шунчаки тенгдош, синфдош, дўст бўлганлиги учун очилиб-сочилиб гаплашишар деб ўйлар эдим. Билсам, шунчаки муносабат эмас, балки муҳаббат ришталари бор экан. Унда мен билан Саида ўртасида қандай муносабатлар бор эди?
У мени кўрганда қизариб, ерга қараб зўрға саломлашиб ўтиб кетарди. Хўш бу нима? Нима бўлиши мумкин… Миямга яшин тезлигида бир фикр келди. Бу бўлғуси келинларнинг бўлғуси қайинакаларга бўлган муносабати эмасмиди? Наҳотки, шуни тушунмадим, билмадим. Саида мени ҳам қайинота, ҳам қайинака деб билган бўлса, неажаб. Шунчалик, шуқадар ҳам бефаҳм, бефаросат бўламанми? Шу қадар ҳам аҳмоқ бўладими? Аҳмоқ ҳам гапми, аблаҳман, дунёда энг ёмонларнинг ёмони. Ахир Саидага китоб керак бўлса, доим Сардор орқали сўратар эди-ку, наҳот шуда ҳам англамадим-а. Мени кечир Саида, мени кечир, Сардор, ахир мен ўқиган китобларда бу тўғрида ёзилмаган, айтилмаган эди-да, кечиринглар.

* * *

Эртага Сардор буғдойни ун қилиб келади, Розия хола жўнатадиган дўлтали сарёғдан патир қилинади. Индинга тоғам девзира гуруч олиб келади, ундан кейин Сардорни уришқоқ хўрози сўйилади. Паловхонтўра, байрам қилинади, тантанали кузатиш маросими. Йўқ… йўқ… Мен бунга муносиб эмасман. Кўзларим тиниб кетди. Ҳаммаёқ зимистон, ичимда қандайдир бир куч “сен кетишинг керак” деб ҳайқиради. Ҳеч кимни қўзига кўрингим келмаяпти. Гўё бир катта хато қилганману бошқаларга билдирмаслик учун ҳозироқ, шу тобда кетиш, олисларга кетиш керак. Мен шаҳарга бориш учун барча нарсаларни бир ҳафта олдин тайёрлаб қўйгандим. Вақт ярим тун, агар ҳозир йўлга чиқсаму, йўлимдан оч бўри чиқиб қолса ҳам шак-шубҳасиз кетишга тайёрман. Менда қандайдир ғайритабиий куч бор эдики, у айни пайтда ҳамма нарсага қодир гўё…
Сумкамни олиб айвонга чиқдим, тақур-туқирни эштиб онам югуриб чиқди. Онам мени бундай авзойи бузуқ ҳолда ҳеч қачон кўрмаган эдилар. Нимадир рўй берганини сезди шекилли…
“Қаерга, йўл бўлсин деди” хокисор овози билан. “Ўқишга дедим”, аламли кўзларим билан. “Қутлуғ уйдан қуруқ чиқиб бўлмайди, болам,” дейди илтижоли кўзлари билан. “Мен қуруқ қолиб бўлдим дедим”, норизо назар билан. “Ярим тунда йўлга чиқишнинг хосияти яхши бўлмайди болам деди”, саросимали нигоҳлари билан. “Мен айнан шуни излаб кетяпман” дедим важоҳатли қиёфам билан.
Онам мени илгарилари ҳеч бундай аҳволда кўрмаган эдилар. Шунга бўлса керак, баҳсни давом эттиришдан тийилди-да, ҳудди ибодатдагидек қаъда ўтириб, қўлларини дуога очдилар, мен ҳам қўлимдаги сумкамни ёнимдаги стулга қўйиб, тик турган ҳолда дуога қўл очдим. Онам пичирлаб дуоларни бошладилар. Бироз вақт ўтди шекилли оёқларим тола бошлади. Бу ухламаганимдан бўлса керак деб ўйлаб, стулдан сумкани олиб пастга қўйдим-да, стулга ўтириб дуога қўл очдим. Онам нигоҳларини бир нуқтага тикиб ҳали ҳам дуода эдилар. Энди қўлларим тола бошлаганди, тиззамга қўйиб олдим. Онам бўлса ҳали-ҳамон дуо қилишда давом этардилар. Шунда “Бир катта Саҳрои кабирга ўхшаш жойда бир тўда оломон кўринди, қандайдир ҳайқириқ эшитилди. Ҳамма шошиб қайгадир кета бошлади. Овоз қайси томондан келаётганини англаш учун уёқ-буёққа қарадим, шунда кимдир менга туртилиб ўтди”. Уйқу элитган шекилли сесканиб уйғониб кетдим. Қанча вақт ўтганини билолмадим, қарасам онамнинг қўллари очиқ, пичирлаб ҳали ҳам дуо қиляптилар. Дарров ўзимни ўнглаб яна дуога қўл очдим.
Онам кекса бўлсалар ҳам титроқ қўллари шу пайтгача ҳеч толмаганига ҳайрон қолдим. Олис-олислардан азон овози кела бошлади. Бу тонгдан, янги кундан дарак. Ниҳоят онам қўлларини табаррук юзларига тортиб узундан-узоқ дуоларини якунладилар. Онам “Балки энди ниятингдан қайтарсан дегандай” менга тағин меҳр билан илтижоли боқиб турарди. Мендаги важоҳат қайгадир гумдон бўлган, қандайдир шалвираб қолган эдим. Лекин шунга қарамай ўзимга-ўзим “барибир йўлга чиқиш керак” дедим.