Алламаҳал. Ўғлини ўйлаб, набираси билан ётган мўйсафиднинг уйқуси қочган. Ўзини ўзанда қолган балиқдай ҳис этяпти. “Сени шу умид билан катта қилдимми? Шу умид билан ўқитдимми? Шунча гапларим – насиҳатларим ҳавога учганмиди, болам? Сен шу ишни раво кўрсанг, тарбиянгни олган зурриёд эртага қандай одам бўлади?”
Кечқурун ота-бола тортишиб қолишди. Мўйсафид хуноб. Келинига ёзғириб, юрагини бироз бўшатмоқчи эди, у эри томонга ўтиб қолди.
– Қўйинг, хафа бўлманг, – деди Шаҳноз унга, елкасидан чангни меҳрибонлик билан қоқаркан. – Отангизни энди кўряпсизми?
Келинидан тасалли кутган мўйсафид бўшашди. Баданига совуқ нарса теккандай титраб кетди. “Ҳм-м, бу эрини овутяпти-ку. Менгамас, эрига далда бўляпти!”
Келин нима деди? “Энди кўряпсизми?”
Ҳа-да, бир гапни минг марта қайта-қайта гапирадаган, қаригани сайин эзма ва инжиқ бўлиб бораётган чолни Султон энди кўриб турибдими?
Шаҳноз қайнотани илиқ кутиб олган эди. Кўрган заҳоти бобоси томон талпинган болаларининг ортидан пешвоз чиқаркан:
– Яхши келдингизми, дада? – деди очиқ чеҳра билан.
Самимий кутиб олинганидан кўнгли тоғдек кўтарилган мўйсафид сўридаги мулойим кўрпачалар устига ўтиргач, набиралари Умид ва Наима унга ёпишдилар. Шаҳноз ҳам ёнига келиб ўтирди.
– Хуш кепсиз, дадажон!
Ҳа, келиннинг кайфияти яхши эди. Лекин кейинроқ…
Эр-хотин пичирлашдилар. Шаҳнознинг: “Биров сўраб қолса, ростини гапириб бериб, шарманда қип қўймасин-да, деб боладан қўрққандим, дадаси. Маҳмадона Умиддан! Лекин отангиз… Келиб-келиб, шу пайтда кириб келишларини қаранг!” – дейиши тўсатдан қайнотанинг қўлоғиға кирди-ю, кўнгли эзилиб, эсанкираб қолди.
Ҳаммаси Султоннинг ҳовлиқиб кириб келганидан бошланди. У отаси билан саросимада сўрашди-ю, хотинига юзланиб:
– Келишяпти, – деди. – Ош нима бўлди?
– Ҳозир дамлайман.
Шаҳноз ошхона томон юриб кетди.
Мўйсафид:
– Ким келяпти? – сўради.
– Комиссия. Суғурта инспекциядан, – жавоб қилди ўғли.
Султон отасининг ҳайрон қолган нигоҳини кўриб, унга яқинроқ ўтирди-да:
– Эски уйнинг бир томонини ағдарвордим, – деди овозини пасайтириб. – Ичкари ҳовлига кирмадингиз-а? Ёғингарчиликдан қулаб тушди, деб ариза ташлаб қўювдим. Ана, келишяпти кўргани.
Султон омонатгина ўтираркан, нохуш хабар эшитгандай қотиб қолган отасининг кўнглидан нималар кечаётганидан бехабар, хуш кайфиятда қўшиб қўйди:
– Инспектор ўзимизники. Одамгарчилик қилса, анчагина пул чиқиши мумкин. Ҳарна-да, ота. Ҳеч бўлмаса, янги уйнинг шиферига етар? Нима дедингиз?
Авзойи ўзгариб кетган мўйсафид: – Нима ҳам дердим, – дея дардли жилмайди. – Балли, ўғлим. Баракалла!
Султон бир сесканди ва:
– Дада! – деди ўқрайиб қараркан.
– Нима, дада?
– Э, ниманинг ташвишини қиляпсиз?
– Сен қилган ишнинг ташвишини, болам! Эшитган қулоқ нима дейди?
– Ким билиб ўтирибди?
– Ким билиб ўтирибди, дегин. Хўп, ҳеч ким кўрмади бу ажабтовур томошани. Ҳеч ким хабардор бўлмади. Лекин сен шуни ўзингга раво кўрасанми?
Ахир…
Бас. Ҳозироқ назоратчи ошнангнинг ёнига жўна. Қайтарвор. Тўғрисини гапиришга уялсанг, бирор баҳона топ!
Гангиб қолган Султон ҳаракатсиз ўтирарди:
– Тура қолсанг-чи! – ўдағайлади мўйсафид. – Мен нима дедим? Ҳой, сени ҳалол луқма билан боққанман, – унинг ўксик кўзлари пир-пир учди. – Лекин сен арзимаган ҳаром пулни деб…
– Нима? – тутақиб кетди Султон.
Мўйсафид чўнтагига қўл солиб: – Сенга қанча керак? – деган эди, кўзидан ўт чақнаб:
– Ҳм-м, сиздек пули кўпайганни… – олайиб қаради ўғли.
– Менга унақа қарама!
Султон истар-истамас ўрнидан турди-да, ортига қарай-қарай кўча эшиги томон кетди. Дарвозани шарақлатиб ёпган эди, мўйсафид бир қалқиди. Анча вақт изтироб билан ёпиқ дарвоза томон тикилиб ўтирди. Келини яқинлашган эди, дардли нигоҳини унга қадаб:
– Зардасини кўрдингизми? – деди шикоятомуз.
Шаҳноз ерга қаради. Нимадир демоқчи бўлди, аммо ботинолмади. Сўнг қовоғи солинган кўйи қайнотадан узоқлашди. Умидвор мўйсафиднинг кўзига дунё баттар қоронғилашди. Омон бўлгур, бир оғиз “хафа бўлманг” ҳам демади-я!
Кўп ўтмай мўйсафид ҳовуридан тушди, аммо юраги ҳамон ғаш эди. “Хафа қип қўйдинг болани. Ётиғи билан, мулойимлик билан тушунтирсанг ҳам бўларди-ку!”– маломат қилди ўзини.
Султон тушкун кайфиятда дарвозадан кириб келар, нигоҳида “Қайтарвордим, кўнглингиз жойига тушдими?”– деган маломатомуз ифода акс этарди. Буни англаган мўйсафид: – Кечир, ўғлим, – деди хижолатли жилмаяркан.
Султон отасининг ёнига ўтирди.
– Дада…
Мўйсафид ўғлининг қўлини кафтларига олди.
– Қўй, хафа бўлма. Биласан-ку, хасдек бир “вағғ” этиб ёнганимда ранжитиб қўяман-да, кейин пушаймон бўламан.
Мўйсафид ҳаммасига ўзи айбдордай бошини эгди ва ўта соддалик, меҳрибонлик билан давом эттирди:
– Ҳа, айтмоқчи, ўзим берсам-чи, ўша давлат берадиганни. Чин юракдан айтяпман, болам. Пулим бор.
Султон қўлини тортиб оларкан:
Биламан, пулдорсиз, – деди истеҳзо билан. – Лекин бироз ундирсак, давлат камбағал бўп қолармиди? Суғурта бадалини тўлаяпман-ку!
Қўллари муаллақ қолган мўйсафид тағин мулзам тортиб: – Ўғлим-а… – дея бошини сарак-сарак қилди. – Нима, ўша пул билан бойиб кетармидинг? Муаллим болам! Тушунсанг-чи, мўйсафид отангни.
– Тушуняпман, дада! – овозини кўтарди Султон.
– Тушуниб туриб ҳам… – жиғибийрони чиққан мўйсафиднинг лаблари ўзидан-ўзи титрай бошлаганди, ўғлининг:
– Ҳамма шунақа қилади! – дейишидан портлаб кетди: – Нима дединг? Ҳамма шунақа қилади?!
Мўйсафиднинг авзойи буткул бузилган эди. “Шу менинг боламми? Муаллим боламми?”
У ғазабини ичига ютиб, ғамгин жилмайди-да: – Ҳаммани ўз тошинг билан тортма, болам! – деди синиқ овозда. – Дарвоқе, суғуртачилар кимникида?
– Ҳасан киракашникида. Нима эди?
– Ҳасан киракаш ҳам сенга ўхшаб…
– Билмадим, – чўрт кесди Султон. – Бошқалар билан нима ишим бор?
– Ўзинг ҳамма шундай қилади, деб айтдинг-ку. Бошқалар шундай қилган тақдирдаям, сен қилма, уқдингми? Муаллимсан. Адабиёт муаллими! Адаб…
Авзойи тундлашиб:
– Бас. Зор қолгуринг баҳридан ўтдим-ку! – бақириб юборди Султон. – Қутулмадимми?!
Таом тайёр бўлган экан, Шаҳноз сув олиб келди.
– Кам бўлманг, қизим, – титроқ қўлларини юваркан, мўйсафид дуо қилди ва келиннинг таъби ғоят тирриқлигини англади: “Буниси ҳам хафа”.
Ош ҳам келди. Ота-бола дастурхонга қарадилар.
Дарвозани тақиллатди-ю, остонада кўринган қўшни болакай: – Сизни бир одам сўраяпти, Султон ака! – деди баланд овозда.
Худди шуни кутиб ўтиргандай Султон дарҳол қўлини артиб, ўрнидан турди.
У кетди-ю, мўйсафид ҳам сочиққа қўл узатди.
Тез ортига қайтган ўғлига: “Ким экан?” дегандай қаради мўйсафид.
– Аббос амаки.
Мўйсафид тараддудланди: – Аббос?.. Ўртоғимми?
Қўзғалган эди, Султон шаштидан қайтарди: – Кетиб қолди, қўшнисининг машинасига ўтириб. Киринг, дедим, унамади.
– Дадам шу ерда демапсан-да…
– Шошиб турган экан. Уйи – тўйхона! Борибсиз-ку.
– Ҳа, борувдим. Эҳ, эсимдан кўтарилибди! Султон боламга етказарсан, энди ўзи оқшом базмига бош-қош бўлсин, деб илтимос қилувди, бояқиш. Овора бўп ўзи ҳам кепти-я. Борарсан, “раис болам?”
Отанинг беозор жилмайиши Султонга истеҳзодек туюлди ва: – Хотиржам бўлинг, бормайман, – деди совуққина оҳангда.
Табассум мўйсафиднинг лабида яхлади.
– Бу нима деганинг? “Раис”лигинг, ваъзгўйлигингга мен қаршиманми? Аксинча, фахрланаман сухандон ўғлимдан.
– Э, қўйинг!
Мўйсафиднинг юзига хавотирлик соя солди: – Айтмоқчи, йўқ демадингми Аббосга?
– Менсиз ҳам ўтади тўйи.
– Яхши эмас. Аббоснинг ўзи кепти-я, муҳтож бўлиб. Тўй сенсиз ҳам ўтади, лекин…
Хаёлчан ўтирган Шаҳноз: – Бу киши “раислик”ни аллақачон ташлаган, ота, – деди заҳарли кулимсираркан. – Ҳа, энди тўй қайда. Иш фақат азама-аза юриш!
Мўйсафиднинг аъзойи бадани музлаб кетди. “Нимага шама қиляпти келин?”
Ҳа, Чаман холанинг қазо қилган кунимиди? Ўғли телевизор кўриб ўтирувди, у кириб келди.“Нега бормадинг? Нима, фурсатинг бўлмадими? Тўй бўлса, вақт топиларди, шундоқми? Сухандонлик қилардинг тун бўйи?!”
Хаёлларини йиғиб, ичида нимадир узилгандек бўлса-да, изтиробини жиловлашга тиришиб, аллақандай хавотир билан: – Ростдан ҳам… боргинг йўқми? – деди мўйсафид.
Султон деворга қарар, юрагига қил сиғмаётгани сезилиб турарди.
– Биламан, кайфиятинг йўқ.
Ўғли ичкари томон қадам босган эди: – Болам, – деди титроқ овозда мўйсафид.
– Ҳа, яна нима? – оғриниб сўради Султон. Ота: “Аббосни писанд қилмайсан. Бойвачча ёки мансабдорнинг тўйи бўлганида “учардинг!” демоқчи бўлди-ю, аммо тилини тийди. Бечораҳол дўсти Аббос ҳақ-ҳурмати:
– Болам, бор… – деди ёлворган оҳангда. – Ўзи овора бўп кепти-я, қария. Ёш ўтган сари кўнгли нозик бўп кетаркан одамни. Мўйсафид отанг ҳам – шу. Арзимаган нарсага боши осмонда, арзимаган нарсага юраги чилпарчин. Аббос хафа бўп қолмасин, тўйига бор. Борақол, жон болам…
Алламаҳалда микрофон орқали бутун маҳаллада эшитилаётган куй-қўшиқ, тантанали сўзларга уланиб кетган сухандон ўғлининг ваъзгўйлиги ниҳоясига етди-ю, мўйсафид енгил тортгандай “хайрият-эй!” деди ичида. Хотиржам ухламоқчи эди… бўлмади – кундузги манзара ҳамон кўз олдида жонланар, хуноби ошиб борарди. “Авлодимизда алдоқчи йўқ эди, болам, кимга тортдинг? Берган тарбиям, панд-насиҳатларим қаёққа кетди? Боланг бор сениям. У нима бўлади? Эртага қандай одам бўлади?!”
Ич-этини еб адойи тамом бўлаётган чол беихтиёр чуқур “уф” тортиб, бошқа тарафга ағанади-ю, Умиднинг овози қулоғига кирди:
– Бува.
– Э, буванг тасаддуқ, – мўйсафид набираси томон қайтди ва уни бағрига босаркан: – Уйғоқмидинг? – деди меҳрибонлик билан.
– Буважон, – деди Умиджон бўғиқ овозда. – Хафасиз, а?
Мўйсафид бошини кўтарди ва: – Йўғ-э! – дея юзида мунг акс этган набирасига меҳрли тикилди. – Нега хафа бўларканман, ширинтойим?
– Дадамлар… – болакай йиғламсираган кўйи бир зум жимиб қолди ва: – Сиз хафа бўлманг, буважон! – дея бобосини маҳкам қучоқлади. – Буважон, хафа бўлманг!
Бундай юпатиш ва ҳамдардлик туйғусини кутмаган мўйсафид бир нафас ўзини йўқотди. Қаттиқ таъсирланганидан кўзига ёш келди.
– Бува?!
– Ҳа болажоним?
Болакай юраги дард-ҳасратга тўла бобосининг лаблари титрай бошлагани, кўзлари жиқ-жиқ ёшга тўлганини сезди-ю: – Майли, – деди.
– Нима?
– Буважон, йиғлаб олинг.
– Нега… йиғларканман, болам? – деди бобо тутила-тутила. Овози титраб чиқди. Бутун вужуди қалтирар, қаттиқ ҳаяжондалиги сезилиб турарди.
Мўйсафид ўзини тутолмади – йиғлади. Ўксиб-ўксиб, унсиз йиғлади. Бироқ бу узоққа чўзилмади – шаррос қуйилаётган ёмғир бирдан тиниб, булутлар тарқалиб, қуёш чарақлагандай юраги равшан тортди. “Бу бола… бошқача. Бу одам бўлади!”
Табассум қилди мўйсафид. Кўзларида ёш жилолаётган болакайнинг ҳам юзи ёришиб: – Ана энди менга сўз беринг! – деди.
– Сўз берай? Нима деб?
– Бошқа ҳеч қачон кўзимга ёш олмайман деб! Йиғламасликка сўз беринг, буважон!
– Хўп, сўз бераман! – ҳозиргина йиғлаб ўтирган мўйсафид энди беихтиёр кулар, набирасининг юзига юзини босганча ғалати энтикарди. У мамнун жилмаяркан, тор кулбадан ёруғ дунёга, мусаффо ҳавога чиққандай бўлди – ўзанда типирчилаб қолган балиқ ўзини дарёи равонда ҳис этар, енгил нафас оларди бамисоли. – Сендай ақлли болажоним бор экан, кўнглим тўқ. Хавотирим тарқалди, Умид! Хурсандман. Ҳамиша шундай кулиб юришга ваъда бераман, жон болам. Ўғлоним!
«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 2-сон