Муҳаммад Шодий. Оқибат (ҳикоя)

Онасининг оламдан ўтганига ҳам ўн кун бўляпти. Қавм-қариндошлар ўз уйларига қайтишди. Ҳовли ҳувиллаб қолгандай Солиҳнинг назарида. Юраги си­қилиб гоҳ киради, гоҳ чиқади. Фотиҳахоннинг ҳам кети узилгандай – эрталабдан бери ҳеч ким кў­рин­мади. Лекин Солиҳ ҳамон кимнингдир келишига интизор эди. Ана, у дарвоза ёнидаги ўриндиқда йўлга қараб ўтирибди…
Талабалик давридаги ўртоқлари ҳам кўнгил сўраб келишди. Ҳаммаларимас, албатта – уч-тўрт нафари. Солиҳ уларни кўриб ўзгача ҳис-ҳаяжон гирдобига тушгандек бўлди. Айниқса самарқандлик Шомурод билан бағирлашаркан, кўзларидан тирқираб ёш оқа бошлади.
Шу тобда Баҳром жонланяпти кўз олдида. Кафед­рада қолган, икки йил бурун номзодликни ёқлаган олим ўртоғи. “У нега келмади? Тузукмикин ўзи?”
Сабоқдошлардан Баҳром билан Шомурод энг яқинлари эди. Шомурод бу орада икки марта келиб кетди. Оғир дамларида ёнида бўлди. Баҳромдан эса дарак йўқ. “Боғланолмадим, бехабардир?” деган фикр кечарди хаёлидан. Лекин иккинчи бор келганида Шомурод унинг хабардорлигини айтди. “Қўлига қўнғироқ қилдим, – деди у. – Олмади. Уй телефонига қилдим ке­йин. Гўшакни укаси кўтарди. Айтиб қўяман, деди”.
Шомурод Баҳромнинг ҳалигача келмаганидан бир зум хаёлга ботди-ю: “Олим бўпти-ю, одам бўлмапти. Ҳалиям одам бўлмапти!” деди бошини сарак-сарак қилиб. Солиҳ эътироз билдирди: “Бу нима деганинг, Шомурод? Зарур ишлари билан банддир. Келар…”
Солиҳ талабалик йилларини эслади. Баҳром у билан Жўйновга келиб турар, онаси қучоқ очиб пешвоз чиқар, “шаҳарлик болажоним!” дерди юзларидан ўпиб. Ҳа, Руқия опа уни ўз боласидай билар, қайтаётганида қўлига совға-саломлар тутқазаркан: “Онангизни сўраб қўйинг!” – тайинларди астойдил. Илтимос оҳангида қўшиб ҳам қўярди: “Бир опкелинг!”
Ўтган ёзда қандайдир материал излаб водийга йўли тушиб қолган Баҳром дўстининг эшигини қоққанди, Солиҳдан-да Руқия опа севиниб кетди: “Вой, шаҳарлик болам-ку?! Олим болам!”
 Ҳа, ўқишдан кейин ҳам хабар олиб туришни канда қилмаганди Баҳром ошнаси.

* * *

…Солиҳ ўртоғининг мусибатидан янги газеталарни варақлаётиб хабар топди. “Эҳ!..”деб қолди кўзини катта очиб.
Бемор ётган онаси: – Тинчликми? – сўради хавотир билан. – Нимани ёзишибди?
– Университет… таъзия билдирибди, – деди Со­лиҳ тутила-тутила. – Шаҳарлик ўғлингизнинг онаси…
– Вой, мен ўлай, Баҳром ўғлимнинг онасими? – шаҳд билан бошини кўтарди Руқия опа. – Қачон?
– Сизга ҳаяжонланиш мумкинмас-ку, ая? – деди шошиб қолган ўғли, унинг қўлини кафтларига оларкан. – Дўхтир нима деганди?
Онасининг авзойидан юраги гупуриб кетганди Солиҳнинг. “Нега айтдим?!”
– Ёшмиди? – изтироб билан сўради Руқия опа. – Нечаларда эди?
Баҳром сўнгги марта келганида “Онажоним иккимиз келамиз бу сафар” деб ваъда берган эди, Руқия опани умидвор қилиб. У шаҳарлик ўғлининг елкасини зорланиб силаркан: “Шундай қилинг, болам! – деганди аллақандай орзиқиш билан. Албатта, опкелинг!”
Насиб қилмаган экан, афсус. Санобар хола энди оламда йўқ…
– Турақол бўлмаса.
– Нима?
– Фотиҳага бормайсанми?
– Бормайман дедимми? – тараддудланиб қол­ганди Солиҳ. – Лекин сиз…
– Бехавотир боравер, болам! Менинг ташвишимни қилма. Ёлғиз қолармидим? Келин бор, Худога шукр. Ақлли, меҳрибон набираларим… – опа бир зум сукутга ботди-да, хаёлчан қўшиб қўйди: – Одамнинг қадри шундай кунларда билинади. Бировнинг боргани билан ўлган тирилмайди, лекин бир оз таскин топгандай бўлишади унинг эгалари… Яқинини йўқотган одамнинг юраги ҳувиллаб, кўзи эшикда бўлади, болам! Бу жуда оғир кун. Бошига тушган билади. Бир оғизгина тасалли, бир далдага муҳтож бўп қоларкан одам. Ким келди, ким келмади, ҳисобгаям олишади! Аҳ, ўртоғинг Баҳром…
…Ўзини беихтиёр Тошкентда тасаввур эта бошлаган Солиҳнинг вужудини соғинчга ўхшаш бир туйғу қамраб олган эди. Талабалик йилларини эслади, ёшлигининг энг унутилмас, ажойиб ва беғубор онлари кўз олдида жонлангандек бўлиб, юраги энтикиб кетди. “Тағин қучоғингда бўламанми, қадрдон шаҳрим?!”
Лекин… ташвиш билан отланяпти бу сафар.
Шуни хаёлидан ўтказди-ю, бошига мусибат тушган ўртоғи кўз олдида гавдаланаркан, юрагининг ал­лақаерида оғриқ сезди. “Нима аҳволда экан Баҳ­ром?”
– Эртага эрталаб йўлга чиқсам бўлмайдими?
– Ҳозироқ йўлга отлансанг, эртага эрталаб ўр­тоғингникида бў­ласан!
– Хў-ўп.
– Қани, бўл.
Солиҳ ўрнидан турди. “Аям – ҳақ. Мусибатдан бери икки-уч кун ўтгандир шундоқ ҳам. Хабардор қил­майди-я!”
…Дарвозадан чиқаётиб: – Ўзингизни эҳтиёт қи­линг, – деди онасига.
– Бир-икки кун менимас, ўртоғингни ўйла, – деди Руқия опа.
– Майли. Тезда қайтаман.
– Тезда қайтаман? Нима, борасан-у, “омин-Аллоҳу акбар”, ортгами дарров? Бегоналар шундай қилишади!
– Тушундим, – Солиҳ онасининг елкасидан қучди.
У тушунганди. Бир-икки кун ёнида бўлиши керакмасми дўст бўлиб?
– Салом ҳам, алик ҳам қарз бу дунёда, болам, – Руқия опанинг овози титраб чиқди.
– Кун келиб етиб келади ўртоғинг ҳам. Ёнингда бўлади.
Солиҳ ўпкаланган товушда: – Ая? – деган эди, онаси маҳзун кулиб қўйди:
– Нима, устун бўлармиди сенинг онанг?
 
* * *

Солиҳ саҳармардонда дўстининг уйига етиб борди. Таъзия билдирди. “Газетага қарамасам, бехабар қоларканман. Уч кун бўляптими? Нега қўнғироқ қилмадинг?” демоқчи бўлди-ю, раъйидан қайтди. “Мавридими? Телефонмиш. Одамнинг нима аҳволга тушиб қолиши маълум-ку, бундай кунларда?”
Эшитибоқ йўлга тушгани яхши бўлди, нима бўл­гандаям. Дўстининг юзи ёришгандек бўлди:
– Руқия опамлар яхши юриптиларми? Келин, болалар…
Солиҳ куни билан азадор дўстининг ёнидан жилмади. “Бекорга айтилганми, дўст бўлсанг, ёнимда бўл, деб?”
Кечқурун Баҳромнинг ён қўшниси Солиҳни ўз уйи­га бошлади.
– Чарчадингиз, кун бўйи фотиҳахонга қараб. Эн­ди бир пас дам оламиз.
– Лекин Баҳром…
– У ҳам келади.
Дастурхон ноз-неъматга тўла эди. Солиҳ ўзини нороҳат ҳис қила бошлаганди, уй эгаси: – Тўйгамас, азага келганман-ку, дея хижолат бўп ўтирманг, – деди жилмайган кўйи. – Санобар опам яхши яшадилар – етмиш олти! Шу улуғ ёшда кетиш азамас – тўй! Ҳар кимгаям насиб қилавермайди!
Солиҳнинг ичида нимадир узилиб кетгандай бўл­ди. “Азамас, тўй? Тўй… денг?
Тўғри, ҳар кимгаям насиб қилавермайди бу ёш, аммо… қанақасига тўй?!”
У изтиробини яширишга тиришаркан эшикка хавотиромуз қаради. “Хайрият ҳам Баҳром эшитмади. “Тўй”ни эшитганидами…”
 Юзида табассум билан Баҳром кириб келди.
– Дўстим Жўйновнинг мард ўғлони, – деди Со­лиҳнинг ёнига жойлашаркан. – Уйига борсам, оёғим тагида қўй сўяди.
– Хўш, кейин? – Уй эгаси синашта боқди Баҳ­ромга. – Шишалардан энг сархили безайдими дас­турхонни?
Уй эгасининг қўлида шиша кўриб, Солиҳнинг энсаси қотди. “Бу нимаси? “Поминка”ми?”
– Яшиги билан опчиқади! – деди Баҳром ғурур­ланиб. – Лекин бир айби бор – ичмайди.
– Шунақами? Бўлмаса энди ичадилар. Дўстим деб кептиларми, шунча йўл босиб…
Солиҳнинг аъзойи баданини совуқ тер босганди. “Узоқ йўлдан келган меҳмонни дебми шунча тараддуд? Раҳмат! Лекин манави савил… У томон таъзияхона-ку?!”
Шуни хаёлидан ўтказаётганди, Баҳром қўшниси узатган пиёлани олди. Сочлари тикка бўлди Со­лиҳнинг. Кўзларига ишонмасди. “У нима қиляпти?”
Иккинчи қадаҳдан Баҳром ўзини йўқотаёзди. Хўр­лиги келибми, Солиҳни бағрига босаркан: – Энди менинг онам – Руқия опамлар, – дея ҳўнграб йиғлади. Дўстини афтодаҳол кайфиятда кўриб, Солиҳнинг юраги увишиб кетди.”Дардингни тушунаман, ўртоқ, лекин ичмаслигинг керак эди! Биров кўрса нима дейди?”
Мавҳум бир қайғу Солиҳнинг вужудини тирнар, юраги эзиларди. “Дўстим, сенга нима бўлди? Нега ичдинг? Онажонимнинг жойи жаннатда бўлсин, деб қилган шунча илтижоларинг нима бўлади? Шунча фо­тиҳахоннинг дуо-ю муножотлари-чи?”
– Баҳром кўтарди-ку, сиз олмайсизми, меҳмон? – унинг хаёлини бўлди уй эгаси.
– Мажбур қилма, – деди Баҳром унга. – Айтдим-ку, унинг ўрнигаям мен оляпман, деб.
 Солиҳ ўтирган жойида бетоқат қимирлади-да, мунгли нигоҳини Баҳромга қадаб: – Ўртоқ, менга рухсат… – деди. “Ҳа, кетиш керак. Бир-икки кун деб ўтирмай кетишинг керак, Солиҳ!”
– Ўтириб тур, Нўъмонни чақирай, – деб Баҳром ўрнидан турди. У эшикдан чиқди-ю, Солиҳ:
– Нўъмонни дедими? Нўъмон ким? – сўради ҳамроҳидан.
– Укаси, – жавоб қилди уй эгаси.
 
* * *

Баҳромнинг укаси машинаси билан уни Қўй­лиқ­қача элтиб қўйди.
Йўловчи машинага ўтираётиб: – Хайр! – деди Солиҳ.
– Яхши етиб боринг. Салом айтиб қўйинг холамга!
 Машина йўлга тушди. Бошида дўппи, эгнида тўн, соқол-мўйлови бир оз ўсган бўлса-да, қандайдир дилкаш, истараси иссиқ Нўъмон анчагача Солиҳнинг кўз олдида қолди.”Яхши одам экан!”
Қўқонга етиб ҳайдовчидан: – Биздан қанча? – деб сўраганди, у: – Йўлкира тўланган, – деди.
– Нима? – деб бўшашгандай бўлди Солиҳ.
“Қизиқ иш қилиб қўйибди-ку, Баҳромнинг укаси? Хайр…”
Саҳарлаб уйларига кириб борганди: – Дарров қайтдингми? – деди Руқия опа, пешвоз чиқаркан.
– Эртага келмоқчийдим. Қололмадим.
– Онангни ўйлаб-а? Айтувдим-ку, менинг ташвишимни қилма, Худога шукр, тузукман, бир-икки кун ўртоғингнинг ёнида қол, деб. Ҳа, майли. Ўзи тузукми?
– Тузук. Сўраб қўйди сизни. Ҳа, яна…
– Нима, яна?
Солиҳ ихтиёрсиз равишда хўрсиниб деворга қа­раганди, онаси:
– Гапир, нега жимиб қолдинг? – такрорлаб сўради.
– Йиғлаганча мени қучоқлаб “бундан кейин менинг онам – Руқия опамлар”, деди шаҳарлик ўғлингиз.
Руқия опанинг ранги ўзгарди, ўксик кўзлари пир-пир учди.
– Наҳот… – деди бир қалқиб. – У… шундай дедими?
Солиҳ ўзини койиди. “Шартмиди шуни айтишинг?”
Деворга суянганича беҳол-бемажол туриб қолган Руқия опа: – Сен билан боришим керак экан, – деди йиғлаб юборгудай бўлиб. – Нега бормадим? Бир оз бўлса-да, юрагига далда бўлмадим?

* * *

Ҳаёт шу экан, кўп ўтмай Руқия опа ҳам дунёни тарк этди. Баҳромнинг куни Солиҳгаям тушди – тасаввур этганидан-да қаттиқроқ экан бу кўргилик. Бошига тушгангина билар экан!
Онасининг “ким келди, ким келмади, албатта, ҳисоб-китоби бўлади” мазмунидаги гапи Солиҳнинг хаёлидан ўтди. Тўғри экан!
Лекин нега Баҳром келмади? Ҳамма келди, у келмади?
“Етиб келади, дегандингиз, аяжон. У келмади. Ёнимда бўлмади!”
Шомуроднинг “У одам бўлмади” дейиши қулоғи тагида жарангларкан, дилида аллақандай ғашлик уйғонди, миясининг қаеридадир бир гумон йилт этди. “Балки… ҳақдир Шомурод? Келмасмиди, агар одам бўлса? Уни бир боласидай биларди-ку, раҳматли онам?!”
Баҳромнинг қадаҳ кўтариши кўз олдида жонланди. “Онасига ўлганига уч кун бўлмай ичиб ўтириши эсингдами?”
Бўшашганича дарвоза олдидаги ўриндиқда ўтир­ган Солиҳнинг кўзлари илинди, қаршисида Баҳ­­ром пайдо бўлгандек бўлди. Кўзлари жиққа ёш: “Руқия опам…”
Солиҳ кўзларини очди, ҳаммаси туш эканлигини англади. “Унга бир гап бўлган. Келарди, бўлмаса. Қўнғироқ қилайми?”
Қўл телефонини чиқариб, боғланмоқчи бўлди. Афсус, ҳар доимгидай ўчирилган. “Балки рақами ўз­гаргандир?”
Кўзлари жиққа ёш олим ўртоғи тағин қаршисида кўрингандай бўлди-ю: “Баҳром ёмон одаммас, – у ҳақида фикри ўзгарди. – Бир қадрдоним! Зиёфат уюштириш кўнглига сиғди, ичди, деб бўшашиб қайтгандим. Тўғри, ичиши яхши бўлмади, аммо… меҳмон ҳаққи-ҳурмати деб қилинганди-ку, ҳаммаси?! Ичи тўла дард бўлса-да, меҳмонни деб заҳар ичишгаям ҳо­зирмасмиди азиз ўртоғим?
Бир сабаб борки, келолмаган. Жони соғ бўлса, келади! Омон бўлсин-да, ишқилиб…”
…Машинанинг гуриллаб сал нарироқда тўхташи мунғайибгина ўтирган Солиҳнинг ғамгин ва паришон хаёлларини тарқатиб, кўнглида умидворлик ҳиссини уйғотди. Юраги сиқилиб ўтирувди бир ўзи. Келишяпти, унга далда бўлгани! Бекорга айтишганми, одам тафтини одам олади, деб?
Сапчиб ўрнидан турган Солиҳнинг қўллари кўк­сида эди.
Уч-тўрт нафар тушишди. Улардан бири ёшроқ ва новча киши эди. Юраги жиз этди – Баҳромга ўхшаб кетарканми? Йўқ, ўзи! Ўзи!!
Юраги гупурлаб: “Баҳром!” деб қичқиришига сал қолди.
Айтмаганмиди, ана биродари! Кечроқ бўлса-да, у келди! Келмаслиги мумкинмиди?! Тағин нималар деб юрибди Шомурод… Сен ҳам қанақа хаёлларга бординг, Солиҳ!
Солиҳнинг ўпкаси тўлиб, ўкириб юборишига сал қолди: “ Она, ўғлингиз! Шаҳарлик ўғлингиз келди, аяжон! Олим ўғлингиз…”
Улар яқинлашишди-ю, тузукроқ разм солган Со­лиҳ тўсатдан янглишганини англади – у бошқа-ку?!
Бўшашиб кетди. Алам-изтироб хуружини босишга тиришаркан, шоша-пиша кўз ёшларини артди.
Дарвоза ёнидаги ўриндиққа ўтирдилар. Кексароқ меҳмон оят тиловат қилар, ҳамроҳлари бош эгиб ўтирар, Солиҳ зимдан новча фотиҳахонни кузатарди. “Ўхшар экан-да, одам ҳам!”
Ҳамроҳлари таъзия билдириб узоқлашишди, новча киши яқинлашиб Солиҳни бағрига босди.
– Бандалик экан, акажон.
– Аллоҳнинг иши…
Солиҳнинг вужуди титраб кетди. “Самимий инсонлар кўп! Лекин бу ким бўлди? Иссиқ кўриняптими қандайдир? Қаерда кўрганман?”
– Танимадингиз чоғи, Солиҳ ака?
– Сиз…
– Мен Нўъмонман – Баҳром ўртоғингизнинг укаси.
– А, Нўъмон… жон? – Солиҳ ҳаяжондан энтикиб, азбаройи тезда танимаганидан хижолатдан ёниб, унга бошдан-оёқ разм солди. – Вой, Баҳромнинг укасиман, денг? – Солиҳ меҳмонни қайта бағрига босаркан, кўзларидан ёш чиқиб кетди. – Узр, танимаганимни қаранг. Баҳром нега келмади?
– Сал… мазалари йўқ эди акамнинг, – Нўъмон нигоҳини олиб қочди.
– Касалми?
– Йўқ, йўқ. Хавотир оладиган нарса йўқ.
– Ишлари кўпайиб кетган, денг, – Солиҳ маҳзун жилмайди. – Тушунаман.
– Лекин келадилар.
– Худо хоҳласа… Аммо ҳозир сизни кўриб кўнглим тоғдай кўтарилди, Нўъмонжон. Миннатдорман!
– Қўйсангиз-чи, ака, – деди Нўъмон Солиҳнинг кўзларига қарамасликка тиришиб. – Мен фақат…
Нўъмон пичирлаб тағин бир нима деди. Солиҳ унинг “қарз, зиммамдаги қарзим” деган сўзларини эшитгандай бўлди, холос. Қарз!
Солиҳ беихтиёр: – Кўзларим тўрт эди, Нўъ­мон­жон! – деган эди, у:
– Акамгами? – сўради, хижолатомуз нигоҳи билан ер чизиб.
 Нўъмоннинг ҳамроҳлари машина ёнида кутиб туришарди.
– Илтимос, уларни чақиринг. Бир пиёла чой!
– Узр, шошиб туришибди. Уларга рухсат бериб, мен қолишим мумкин.
– Ростданми? – кўзлари чақнаб, тағин Нўъмонни қучоғига тортди Солиҳ.
Ҳаяжонининг чеки йўқ эди.

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 9-сон.