Муҳаммад Шариф. “Уолл Стрит” (ҳикоя)

– Войдод, вой ўлай! Болта кўтариб келаётганмиш! Энди нима қиламиз? – Ўттизга ўрлаб қўйган жувон темир дарвозани даранглатиб ёпиб кирди-да, қўлидаги чўлтоқ супургини четга улоқтириб, катта даҳага кирган қуртдек пишиллаб ётган эрини титраб-қақшаганча уйғотишга тушди. – Войдод! Турсангиз-чи ғафлат босмай! Акангиз келаётганмиш, қўлида болта кўтариб! Вой шўрим… войдод, одамлар, энди нима бўлади?!
Жувон ҳовли ўртасидаги темирдан ясалган ҳалинчак-каравотда қўлларини икки ёнга ланг ташлаб хуррак отаётган эрининг елкасидан қаттиқ-қаттиқ силтади. Турткининг кучидан каравот лапанглаб, ғижирлаганча нари бориб, бери келди. Каравот чайқалганида Акмалнинг қўллари уруғлай бошлаган садарайҳонларни дув силкитди. Ҳовли қуюқ райҳон ҳидига тўлди.
Акмал акаси келаётгани ҳақидаги хабарини илғаб-илғамай пешонаси қаттиқ тиришди, бироқ қўлида болта кўтариб олганмиш, деган гапдан кўзлари мошдек очилди. Эрталабдан бир бало бошланади шекилли, деган совуқ ўйдан бадани жимирлаб кетди. Хотини ҳамон оёғи куйган товуқдек ҳовлини гир айланиб типирчилайди, “Вой худойим-эй, ўлдириб қўйса-я!?” дея тинимсиз жаврайди, бир уйга киради, бир чиқади, рўмолини қайта-қайта танғийди, силлиқ шойи мато яна бошидан сирғалиб тушаверади.
Акмал қўлларини мушт қилиб пешонасига тираганча ўйланиб қолди, кейин оғир уф тортиб каравотдан турди. Қачондир охири бўлиши керак-ку бунинг, бор-э, бошга тушганни кўз кўрар, нима бўлса бўлди, бу ёғи энди худодан – шу фикр билан у ўзини босиб олишга уринди, тамбаланган темир дарвозага югурик нигоҳ ташлади, ҳовли этагидаги оғилхонага кириб, бир қўлида эски болта, иккинчисида синган кетмон сопини кўтариб чиқди, уларни дарвозахона деворига суяб қўйди. Хотини аллақаердан бешлик топиб келди.
– Қараб ўтираверамизми? Мен милиса чақираман! – деди хотини.
– Агар акам қамалса, иккита боласини олиб келиб қўлингга тутқазаман, ўзинг боқасан! – Акмалнинг бу гапидан кейин хотинининг овози ўчди. – Нега тўрсайиб турибсан, уйга кир, дамингни чиқарма, агар остона ҳатлаб ташқари чиқсанг бошингни ёраман. Болаларни тез энангникига жўнатвор. Ҳа, айтганча, Акромни уйғот, дарров чиқсин.
Бир оздан сўнг янгасининг авзойидан салкам ўтакаси ёрилган Акром  туфлисининг иккинчи пойини оёғига илиб-илмай акасининг ёнига ҳаккалаб келди.
– Сен қоч, Акром. Тез қоч! Эрталабдан қайгаям борардинг… Ҳа, Сайидазимнинг дўконига яширин. У  дўконини азонлаб очади.
– Сиз-чи, сизга нима бўлади? – деди Акром кўзлари чақчайиб.
– Мен билан ишинг бўлмасин, бу ёғига худо пошшо!
Акмал тақдирга тан берган, акаси шу келишида бошида тегирмон тоши юргизса ҳам чидаши кераклигини билади.
Уч ака-ука отадан етим қолибдики, катта ўғил Адҳамнинг калтаги укаларининг бошида синади. Бироқ қачонгача?! Аканинг шундай таъзирини берсинки, қайтиб қўл кўтаришга журъат топа олмасин. Лекин бу гал қўлида болта бўлса, иш чатоқ. Нима жин урди экан?
Ҳаким пахсакаш хотинидан айрилгач, уч ўғлини лойхонада катта қилди, дейилса сира муболаға бўлмас. Ён-атрофдаги қишлоқларда унинг қўлидан чиқмаган пахса девор кам. Кейинроқ болаларини ёнида олиб юрадиган бўлди. Энди у пахса урганда  болалари лой тепиб беради. Кенжаси нимжонроқ бўлганидан лойхонага тушмас, акалари лой тепса, у лойпанғиллоқ ўйнарди. Шунданми, Акром лойи пишмаган пахсадек салга тўкилгудек, бўшангроқ кўринади. Адҳам билан Акмал аксинча, болалигидан лой тепиб катта бўлгани боис оёқлари узун-узун, тўрт пахса баландликка ҳам лойни ўйнаб отадиган билаги ва бели бақувват йигитлар бўлиб етишди. Бироқ катта ўғил Адҳам бадфеъл, дийдаси тошдек қаттиқ, ўтганнинг ўроғи, кетганнинг кетмонига ёпишадиган, бермаса тутиб урадиган жаҳлдор кимсага айланди. Арақ ичиб олганида Адҳамнинг одамлик сиёқи қолмасди, кўзига салгина ёқмай турган кимсани урмасдан қўймас эди.  Зўрдан зўр кўп, дейишади, лекин бу гап Адҳамга тегишли эмасди, оломон-калтак орасига тушиб қолганда ҳам  гавдасини ғоз тутиб чиқарди.
Адҳам орада бир-икки марта ўн беш суткадан қамалиб чиқса-да, мулла бўлмади, қайтага бир одамга қаттиқроқ жароҳат етказиб, бир йилга қамалди. Қамоқдан чиқиб келган куниёқ хотинини калтаклади, кейин укалари, тоғаси ва амакисини тутиб урди. Бир йил ичида бирортаси Адҳамни кўргани бормаганмиш! Нега борсин ахир, у қамоқдалигида еттиёт бегоналар нари турсин, ғалвадан қутулган хеш-хўшларнинг ҳаммаси бирдек дўпписини осмонга отиб юрган бўлса!
Адҳам анойилардан эмас, энди ичиб маст бўлганида бегонага тегмай, фақат қариндошларини уришга одатланди. Тўғри-да, улар уйдаги гап кўчага чиқмасин дегандек милисига чопиб бормайди, Адҳам болаларини чирқиратиб яна қамалиб кетмасин, дейди-да. Лекин оғирлик Акмалга тушди, у ҳам қараб турмайди, кучи етганича олишса-да, ака барибир акалик қилади. Бир томондан, энг кичик Акромга-да осон тутиб бўлмасди, умрида бировга мушт кўтармаган заифгина ўспирин бола ҳали. Адҳам ичиб олса уни аямай уради, “мушт қайтар менга”, дейди, қўрқа-писа акасига бир-икки мушт қайтарса, “муштинг қизларникидан ҳам юмшоқ”, деб калтаклайди, қайтармаса, “ҳезалак” деб яна баттар дўппослайди.
Акмал укаси Акромни олиб Россияга ишга жўнаворди ва шу тариқа  аканинг мунтазам зуғумидан қочиб қутулишди. Ака-укалар баъзан бир йилда, гоҳо олти ойда бир келиб, отасидан қолган эски уйни бузиб, янгитдан қуришга бел боғлашди. Акмалнинг режаси аввал ўз уй-жойини битириб олганидан кейин укасини уйлаб, унга ҳам бир иморат солиш эди. Мусофирчилик, юрт, уй соғинчи кўнгилни юмшатар экан, ора-сира акасига пул жўнатиб турди. Майли, акам-ку барибир одам бўлмайди, лекин болалари қийналмасин, деди.
Бироқ орада кутилмаган воқеа юз бериб, тинч ҳаёт издан чиқди. У Россияда эканида акаси дабдуруст қўнғироқ қилди: “Хотининг шаҳарга тушиб бегона эркак билан шашликхўрлик қилибди, ўз кўзи билан кўрганлар бор экан”, деди жони ҳалқумига тиқилиб. Ўша пайт йигирма бешинчи қаватда ғишт ураётган Акмал ғазабдан кўкарди, қўлидаги қизил ғишт уқаланиб кетди. У сира кечиктирмасдан хотинининг телефон рақамига смс-нома йўллаб, катта ҳарфлар билан “ТАЛОҚСАН!” деб ёзворди. Хотини ҳам бир зум кечиктирмай отасининг уйига жўнаворди. Акмал сафардан қайтгач хотини билан олти ой гаплашмади. Лекин маҳалла-кўй ўртага тушиб, эр-хотинни яраштириб қўйди. Хотини ҳам ялиниб-ёлвориб, худонинг зорини қилди: “Худо урсин, шаҳарга ҳисобот топширгани борган эдим, бошқармадагилар билан тушликка чиққандим, холос. Тил тортмай ўлай агар, бошқа бир гап бўлган бўлса”. Хотини кичик бир идорада ҳисобчи эди, уйим бузилмасин деб ишдан бўшаб олди.
Бироқ ака норози бўлди. Хотини билан ярашган куни ичиб келиб Акмални ўлгудек дўппослади. Авваллари акаси сал аяб урар экан, бу гал аямади. Акмал моматалоқ юзига малҳам босаётган хотинига тикилар экан, майли, оилам бузилиб, болаларим етим қолмади-ку, дея ўзини юпатди.     
Авваллари Адҳам биров билан жанжал бошлаганда ажратиб қўювчилар топилиб турарди, бироқ ўртага тушганларнинг кимисидир тишидан айрилиб, бошқасининг лунжи шишиб, яна бири елкасини чиқариб олгач, ҳамма томошабинга айланди-қўйди. Адҳам кейинчалик кўпроқ укаси билан жиққамушт бўлавергач, кўпчилик енгил тортди: “Ўзингдан чиққани ўпкангни туширади, дейишади, акасининг ўпкасини укаси босиб қўймаса, бошқа бировнинг қўлидан келмайди шекилли”, дейишди одамлар. Адҳамга кўзи тушган катталар афсус билан бош чайқайди: “Раҳматли Ҳаким пахсакаш шу болаи баттол туғилганида пахса деворнинг орасига уриб кетмаган экан-да!?””У бечора билмаган-да, билганда урворарди”, дейди кимдир.  
Бу орада Акмал укасини ёнига олиб яна Россияга жўнади ва шу кетганича бир ярим йилда қайтди. Келасолиб олти хонали данғиллама уй қурди. Уй ҳам майли, ҳайбатидан от ҳуркадиган каттакон темир дарвоза ясаттириб, ҳашаматли дарвозахона кўтарди. Дарвозахонанинг томи ёпилган куни акаси гандираклаб келди, бир-икки аччиқ-тиззиқ гаплар айтиб, жиғига тегди.
– Бу нима бу? Дарвозангни кўрган одам сени ўзига мақбара қуряпти, деб ўйлайди. Энди бир четига гўрингни ҳам кавлаттириб қўявермабсан-да, ёзда кириб салқинлаб ётардинг! – деди кесатиқ билан.
– Энди, ака, пул меники, ўзим хоҳлагандек қураман, – деди Акмал ғазабини тишлари орасидан бир-бир ситиб чиқариб. – Хоҳласам, мақбара ҳам қурдириб қўяман.
– Хеҳ, мишиқи, тилинг чиқиб қоптими? – Адҳам унинг тепасига келди.
Акмал акасининг авзойига қараб, ўлгудек маст шекилли, бир уриб ағдараман, деб ўйлади. Бироқ акаси худди фикрини уқиб олгандек илкис тиккасига калла қўйди. Акмал бирор соатлардан кейин ўзига келганида хотини пешонасига ҳўл сочиқ босиб ўтирарди.
– Қўйинг, шу жинни акангизга тенгалманг, нима деса деяверсин… ўзи ичи куйганидан қилади, ажаб бўсин, куйиб ўлсин, – дерди хотини жиғибийрон бўлиб.
Хотиним тўғри айтяпти, деб ўйлади Акмал. Акаси ҳамон отаси даврида ҳашар билан қурилган уйда ўтиради, икки хона, олди айвонли уй. Шунча йил ўтиб, яқинда арзик сувоқдан чиқди. Қайсидир йили озиб-ёзиб тепаси тандир, таги товуқкатак бир рамақи тандирхона тиклади. Улфатлари билан чой ичиб ўтирганида хотини тандирни қуритиш учун ўт қалаб турган экан, тандирхона қулаб, хотинининг оёғи синган эди. Шундан буён ҳали бошқа иморат солмади. Ҳа, ичи куяди-да, албатта! Устига устак, ўтган йилдан бери акасига пул ҳам жўнатмай қўйган.  
Вақт ўтаверар экан, акаси калла қўйгандан бери, мана, орадан яна бир ярим йил ўтибди. Акмал укаси билан яна четга чиқиб ишлаб келдию қумсувоқ ҳолида қолган иморатни бўяб-безашга уриниб кетди. Икки ой деганда уйнинг безаги тўла қўлдан чиқди, ҳовли саҳнига қирмизиранг тош ётқизди. Деворнинг устини гир айлантириб қизил тунука билан ёпди, дарвозахонага кирган унча-мунча кишининг ҳашаматдан кўзи тиниб, боши айланади. Шифтини ёқутранг пластик билан қоплаттирди, деворларни энг охирги русумдаги ранг ва нақшлар билан безади. Улкан темир дарвозанинг ўзи қанча туради, эҳ-ҳэ, харажатларни ҳисоблаб тагига етиб бўлмасди. Ўзи усталарнинг тепасида туриб, кўнглига ёққан безак, ранг ва шаклларни айтиб турди. Усталар ўзининг тенгқур ўртоқлари, кўнгилдагидек иш қилишди.  Акаси куяди-да буни кўриб, куйиш ҳам гапми, ёниб кул бўлади…
Тўсатдан дарвозанинг даранглаши унинг хаёлини қочирди. Нимадир гупиллаб қулади, кимдир “воҳ” деди. Акмал чўчиб кетди, лекин сир бой бермай “Ким у?” деб бақирди.
– Мен, Акмал, менман, ҳе энасини… великни тормози ушламай қолди, дарвозанггга тикка калла қилдим-ку, – деди оҳ-воҳ билан.
– Зокир, сенмисан? Шошма, футболкамни кийиб олай, ҳозир чиқаман, – деди Акмал.
– Чиқмай қўявер, мен зинғиллаб ортимга қайтяпман, сенга бир хабарни айтгани келувдим.
– Нима гап?
– Аканг йўлда тўхтади, дўконга кирди, – деди Зокир дарвоза ортидан.
– Нима?! Акром ўша ерда эди-ку?
– Қўрқма, Акром пештахта тагига беркиниб олган, устига тешиккулчадан бўшаган коробкаларини ёпиб қўйганмиз.
– Акам нима қиляпти у ерда?
– Ичяпти.
– Ичяпти…Ким билан?
– Эрраис билан. Эрталабдан ичвоса, биласан нима бўлишини, эҳтиёт бўл-у, лекин бўшашиб ҳам ўтирма. Бўпти, мен кетдим, шошмасам бўлмайди.
Эрраисни эслаб Акмалнинг пешонаси тиришди, кейин ажабланди: акаси уни ёмон кўрарди, бир гал боплаб дўппослаган, Эрраис акасини бир чақирим наридан четлаб ўтарди, нега энди бирга ичиб ўтирибди экан?
Ҳа, калаванинг учини топгандек бўлди, ахир кеча ўзи Эрраисни тоза тузлаб жўнатган эди-ку, ана энди у акасини гижгижлаётгани аниқ.
Қишлоқ раисининг исми Абдуғаффор, орқаворатдан ҳамма уни Эрраис дейди. Аввалги лақаби Эррайим эди, халқ билмаса лақаб қўймайди, ахир. Эри четга ишга кетган жувон билан дон олишиб юргани элга достон бўлгач, энди Эрраисга айланган. Кўп қинғир ишлари боис орада бир раисликдан ҳайдалди. Унинг ўрнига келган қишлоқнинг обрўли кишиси туман марказидаги йиғинда бир марта қатнашгач, “Шу ёшимда энди ўғлим тенги болалардан сўкиш эшитишим қолувди”, деб раисликдан воз кечди. Қишлоқнинг уддабурон йигитларидан бири раис бўлди, лекин уч ой ўтмай “умрим мажлисларда ўтиб кетади шекилли, қолаверса, маҳалланинг иши нуқул эр-хотин ўртасидаги жанжал экан”, дея у ҳам ишдан бош тортди. Эрраис эски ишига фахр билан қайтди.
“Ана, айтган эдим-ку, сизларга! Мендан бошқа ким чидарди бунақа ишга, мендан бошқа ким эплайди бу ишни?! Урадими, сўкадими, ҳаммасига бардошим етади. Нима бўпти урса-сўкса, мажлисга киришдан олдин битта шишани бўшатиб, кейин қип-қизариб туравераман қўлимни кўксимга қўйиб”, деб роса мақтанибди. Айтишларича, тор давраларда у ҳар икки лақаби билан ҳам фахрланиб юрармиш.
Кеча қош қорая бошлаганда биров дарвоза қоқди, чиқса шу, Эрраис турибди кеккайиб, катта қорнини қаппайтириб. Ёнидаги ёрдамчиси жигарранг  жилдни гоҳ чап, гоҳ ўнг қўлтиғига қистиради, кирланиб, ёрила бошлаган кўйлак ёқасини тез-тез ушлаб қўяди. Салом-аликдан сўнг ичкари киришди, Эрраис дарвозахона ҳашаматини кўргач, ўсмоқчилаб гап бошлади:
– Ука, бу маҳалла номини биздан берухсат ўзгартириб юборганмишсан?..
– Нима қипман, нима деб ўзгартирибман?
– Мол стрит эмишми… нима эди? – Эрраис ёрдамчисига ўгирилди.
– У-олл Сит-рит, хўжайин, Уолл Стрит! – деди ёрдамчиси жилд ичидаги қоғозларни титкилаб.
– Ҳа, шунақамиш… Уолл Стритмиш. Элнинг оғзида шу гапмиш. Одамлар бизда Уолл Стрит пайдо бўлди, деб овоза қилиб юрганмиш. Катталардан ёмон дакки эшитдим, ука, бу қанақа гап энди! – Эрраис дарвозахонанинг ҳар икки деворига биттадан одам бўйи қилиб солинган Америка долларининг белгисига ишора қилди.  
Акмал буни безак учун қилдирган, белгилар гипсдан ишланиб, девор сатҳидан бир қарич бўртиб чиққан. Оққа бўялиб, устидан лак сурилган, шаклнинг қиррадор ва гажакдор қисмларига  зарҳал ранг беҳол теккизилган, оқшомлари шифтдаги чироқлар нурида жилваланиб туради. Акмал етти-саккиз йил давомида уйига доллар жўнатди, хотини пишиқ-пухта чиқди, шилдироқ қоғоз пулларнинг битасигаям хиёнат қилмай сақлади. Ниҳоят, мана шу ҳашаматли иморатни битирди. Иш якунланиш арафасида Акмалнинг хаёлига ҳали ҳеч ким кўрмаган безак солиб, одамларни лол қолдириш фикри келди – шу долларнинг белгисини ясаттирди.
Акмал долларга ҳайкал қурибди, деган хабар яшин тезлигида тарқалди. Долларнинг ҳайкали Америкада, Уолл Стрит кўчасида бормиш, уни бир қутурган буқа қўриқлаб турармиш, мана энди бизда ҳам ўзимизнинг “Уолл Стрит” пайдо бўлди, деган гапни кимдир киноя, кимдир завқланиб гапирадиган бўлди.
– Сен болани каллангга қайдан келди долларга ҳайкал қўйиш? – деди Эрраис Акмалга синчков нигоҳ ташлаб.  
– Билмадим… бу ҳайкал эмас, безак, деворнинг безаги, кўп жойда кўрганман бунақасини.
– Менга қара ука, сени акангга ўхшамаган, гапга тушунадиган бола деб юрардим. Устингга мановинақа футболка илиб олиб бирда-иккида кўчада кўрганимда эътибор бермаган эдим, – Эрраис Акмалнинг футболкасидаги катта “Наша-Раша” деган ёзувга ишора қилди. – Энди буниси ҳаммасидан ўтиб тушибди-ку! Хуллас, ука, ҳайкалми, безакми, фарқи йўқ. Бу доллар, бу Америка, ўта нозик масала. Сиёсат билан ҳазиллашиб бўлмайди. Сенга маслаҳатим, шу бугуноқ ҳайкалларингни кўчириб ташла.
– Ие, нега кўчирар эканман, айтдим-ку, бу ҳайкалмас, безак деб. Ўзи сиз нега мени уйимга кириб хўжайинлик қиласиз? Нима ишингиз бор? Тегмайман, туради шундай, агар биров келиб тегса, қўлини синдираман. Ўн йил четда юриб топдим бу пулларни, нимани хоҳласам, шуни қураман, – дея тиккасига жавоб қайтарди Акмал.
– Ҳўв, ўпкангни бос, бола, хомлик қилма! Ҳали биров менинг гапимни икки қилмаган, аттанглаб қолмагин тағин дардингни айтгани одам тополмай, – деб Эррайис чўчанглади.
Акмал Эрраиснинг жўжахўрозга ўхшаб елка қоқишидан бир аччиғи келса, бир кулгиси қистади. Эрраиснинг тунов куни дўкончи Саидазим тасвирлаб берган қиёфаси кўз олдига келди. Эрраис дўконга тез-тез ичгани кириб турганидан Саидазимга арзи ҳол қилиши одатий экан. Бир куни Саидазимга қўлидаги тўрт букланган қоғозни очиб, кула-кула ўқиб берибди: “Буни қара, одамларимиз юмалоқ хат, йўқ, йўқ, қарғиш хат ёзишга ўтибди. Мана, мана шу хатни биров тунда дарвозамга қистириб кетибди. Эшит! Боламга бериладиган ёрдам пулини тўхтатганинг учун сен ер юткур худонинг лаънатига учрагин… ҳа, таниш сўзлар, …худоё худованда, катта қорнинг ёрилиб… ҳа, буниси ҳам эски гаплар, …сен хотинбоз… буям эски диёдиё, ҳа, мана буниси янги, эшит, …илоё тезроқ гўрга киргин ва устингга охирги кетмон тупроқ ташлангандаёқ ҳаромдан семирган танангни илонлар чақишни бошласин, ҳаромдан еганларингни сўриб-сўриб олсин”.
Эрраис хатдан бош кўтариб, Саидазимга қараб кулибди: “Мана кўрдингми, хотинларнинг оғзидан нималар чиқмайди, мени илонлар чақармиш, яна қачон дегин, гўрга кирганимдан кейин. Вой! Вой-вой-эй! Қўрқиб кетяпман, баданимни илонлар чақяпти”. Эрраис майитдек қўлларини ёнига қисиб, жилпанглабди.  
Акмалнинг кўз олдидан ўша ҳолат ўтиб, мийиғида кулги пайдо бўлди. Эрраис буни дарров илғади:
– Куласан-а?! Пул шунақа қутуртирдими сени? Кўрмаганни кўргани қурсин деб шунга айтар экан-да!
– Ҳа, сиз кўриб қўйган эдингизми, етимлару бева-бечораларнинг ҳаққини еб ётибсиз-ку! Эррайимлик қилавериб ахийри Эрраис ҳам бўлдингиз. Биров бир нарса деяптими сизга?
– Ҳўв ука, ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан, деган гапни эшитмаганмисан дейман, тилингни тийсанг-чи! – Эрраиснинг ёрдамчиси луқма ташлади ва эҳтиёти шарт ортга бир қадам тисарилиб олди.    
–  Айтдим-ку, йиғиштир доллар-полларингни деб. Бўлмаса ўзингдан кўр, оқибати чатоқ бўлади, – дея Эрраис энди жиддий дағдағага ўтди.
– Кекирдагингизни чўзманг, кеккайишингизни бошқа жойда қиласиз. Айтдим-ку, деворимга бировнинг қўлини текизмайман деб. Боринг, билганингизни қилинг! Осмон қўлингизда бўлса, ана, ташлаб юборинг, – деб хезланди Акмал.
Эрраис даҳанаки жанг чинига айланиб кетишини сезиб, ёрдамчисини олдига солиб жўнаб қолди. Лекин ёмон аччиғи чиқиб кетди, бир балони бошламаса бўлди эди. Кечроқ милиса билан келса керак, деб ўйлади Акмал. Лекин Эрраис қайтиб келмади.
Мана, кеча нега қайтиб келмаганининг сабаби энди аён бўлди.
…Одам кутган сайин кутилаётган воқеа олдида ожизлана борадими ёки кўп ўйлаш кишининг руҳини синдирадими, Акмал шашти тушиб кетаётганидан хавотирда эди. У дарвозахонада салмоқлаб қадам ташлаганча нари бориб, бери келади, баъзан тўхтаб, долларнинг ярқироқ белгисига тикилиб қолади, кўз олдидан йиллар давомида тўплаб уйига жўнатган пуллар ўтади. Ҳақини олганидан кейин муҳожир ишчилар ётоқхонасида пулини қандай яширгани, айниқса, бегона ва хатарнок шаҳар кўчаларида чўнтагида пулини чангаллаб банк эшигига етиб олгунга қадар бошидан ўтказган ҳаяжонли дамларини эслайди.
Ниҳоят, ташқарида дўпир-дўпир товушлар ва одамларнинг ғала-ғовури эшитилди.
– Акмал,  дарвозани оч, – акасининг жарангдор овози келди.
– Нима ишингиз бор? Очмайман, гапингиз бўлса шундоқ гапираверинг, – деди Акмал қўлидаги  кетмон сопини кафтига уриб.
– Оч деяпман, бўлмаса бузиб кираман!
– Боринг, ичмаган пайтингиз келарсиз.
– Қўрқоқ! Ҳали шашликхўр хотининг сени этаги тагига яшириб олган бўлмасин тағин? – Акасининг истеҳзоли кулгиси эшитилди.  
Акаси темир дарвозани бузиб киролмаслиги тайин, лекин ҳақоратига чидаш осон эмас, бу гапни томошаталаб қўни-қўшни, маҳалла-кўй эшитиб тургани аниқ. Қолаверса, у бир ҳатлаб девор оша тушиши мумкин-ку. Акмал ноилож дарвозанинг кичик қанотини аста очди. Кутганидек, дарвоза тагида акаси чап қўлини белига тираб, ўнг қўлидаги болтасини елкасига қўйиб, заҳарханда ишшайиб турарди. Ўн беш-йигирма қадамлар нарида бир тўп оломон буларни кузатяпти. Акаси болтанинг кети билан Акмалнинг кўксига нуқиб йўлидан нари сурди ва дарвозанинг катта қанотини жаҳл билан очди. Эл кўриб қўйсин деган маъно бор эди бу ишида.
– Бу нима? – деди акаси деворда бўртиб турган доллар белгисига ишора қилиб.  
– Ҳеч нима. Нима ишингиз бор? – деди Акмал акасининг важоҳати бу гал чиндан бошқача эканидан чўчиб. Адҳам қўлидаги болтани ўйнатиб, ярқироқ безак атрофида бироз айланди, кейин қўққисдан ҳайкалнинг қоқ ўртасига қарсиллатиб болта солди, гипс парчалари атрофга тарсиллаб учди, ҳўв наридаги уйнинг деразасидан Акмалнинг хотини бош чиқарди ва “Войдод, одамлар ёрдам беринглар, ўлдириб қўяди”, дея бақиришга тушди.
– Ие, ҳимоячиси зўр экан-ку бунинг, – деди акаси аччиқ истеҳзо билан, кейин ерда ётган гипс бўлагини моҳир футболчидек шундай тепдики, у тўппа-тўғри уйнинг деразасига бориб урилди ва ойнани чил-чил синдирди, аёлнинг дод-войи ҳам тинди. Адҳам иккинчи ҳайкални ҳам қўпориб ташлади, кейин бопладимми, дегандек атрофга мамнун қаради. Лекин бу кам эди, ҳали деворга туширилган безак нақшнинг ҳар қулочида биттадан доллар рамзи ярақлаб турарди. У девор бўёғини чопиб кўчиришга тушди. Энди Акмал чидаб туролмади, акасининг қўлидаги болтага ёпишди. Ака шуни кутиб турган эди, Акмалнинг қулоқ чаккасига зарб билан солди. Ука гандираклаб ортга тисарилди ва шу заҳотиёқ жон-жаҳди билан рақибига ташланди. Шу тариқа ёқалашув бошланди. Акмалнинг хотини яна айюҳаннос солиб бақиришга тушди, одамларни ёрдамга чорлади, лекин уйдан чиқмади; ҳамма биладики, уларнинг ўзлари тинчимаса, бошқа биров ўртага тушолмайди.
Энди дарвозага бироз яқин келиб томоша қилаётган катта-кичик орасида шивир-шивир бошланди:
“Акмал Россияда узоқ юрган, ўриснинг масласи билан колбасасига тўйган, кучи кўп, акасини уриб ташлайди”.
“Ўрисни овқати нима бўпти? Анҳорнинг лойқа сувиям Адҳамга куч беради. Унга иблис бас келмаса, бошқаси тенг келолмайди. Лекин ичволганда, панд еб қолиши мумкин”.
“Э, нима деяпсан, агар Акмал уриб ташламаса, битта ош мендан”.
“Адҳам урса, мендан битта шиша”.
Ака-ука роса муштлашиб чарчади, лекин аканинг билаги зўрлик қилди, амаллаб укасини тагига босиб олди, бироз нафас ростлагандек бўлиб, ҳали ўнг юзи, ҳали чап юзига тарсиллатиб солди.
– Сен мишиқи, ҳали ўзингдан кетиб қолдингми? Пул қутуртирдими сени? Мана сенга доллар! Мана сенга ҳайкал! Нима, бу ер сенга Америками? Ким қўйибди сенга отамнинг уйида долларга ҳайкал қўйишни!
Ака, ниҳоят, ҳансираб ўрнидан турди, оломонга қараб ишшайди, чангга беланиб ётган укани “бўлди, тегишингни олиб бўлдинг” дегандек енгил тепиб қўйди. Кейин болтасини яна елкасига қўйиб, дарвозадан мағрур чиқди, издиҳом ўртасидан ўтиб борар экан, “Бола ҳали ёш”, деб қўйди маънодор қилиб. Одамларнинг ярми аканинг кетидан эргашди, ярми қолди. Акмалнинг бир-икки оғайниси келиб, уни юпатишга тушди.
– Қўй, аканг ўзи ғирт аблаҳ, бузса бузсин эди, яна бошқатдан тиклаб оламиз. Лекин бир ойлик меҳнатимиз расво бўлди… Майли, яна бир Россияга бориб келсанг, янгитдан безаймиз.
Акмал бошини кўтариб, кўйлагининг йиртиқ енги билан оғзи четидаги қонни артар экан, ўртоғидан сўради:
– Зокир! Акам дарвозадаги доллар безакларга тегмади-а?
– Тегмади, кўрмади шекилли…
Акмал бу гапни эшитиб енгил нафас олди, чалқанча ётганча мусаффо осмонга мамнун тикилди, баданида оғриқ сезмасди.
– Дарвозаси бузилган уй харобазор бўлади, Зокир, акам атайлаб дарвозага болта урмаган, – деди Акмал маъюс жилмайиб. Лабининг четидан яна қон сизиб чиққан эди.  
    
(“Тафаккур” журналининг 2015 йил, 4 сонида эълон қилинган)