Нафасим бўғзимга тиқилгандек бўлди. Рақибим ҳам толиққан шекилли: икковимиз бирдек ҳарсиллаб, пишқириб, каллама-калла тиралишиб қолдик. Миямда фақат бир хаёл чарх уради: қанийди ҳаммаси тезроқ тугай қолса… Пайт пойлаб, ярим қадам ортимга силтандиму кўкрагини мўлжаллаб калла қўйдим. Вой аблаҳ-эй! Ғирт тошнинг ўзи-ку! Қайтанга миямдан ўт чақнаб, ўзим ортга қалқиб кетдим. У бўлса қоққан қозиқдек ўрнидан жилмади. Кўпдан бери бунақанги кучли рақибга дуч келмовдим. Ёмон алам қилди, устига-устак иккиланиб қолганимни кўриб, атрофимдагилар шовқин кўтарди.
– Ур, нега қараб турибсан?
– Сол оч биқинига қирғизни!
– Қараб турма, шаштинг қайтади! Тупроқ ялатмайсанми бу шўртумшуқни?!
– Урманглар! Урманглар мени қирғизимни, у биззи меҳмонимиз, отамга айтаман сенларни! – деб бақиради Шодмон жонҳалак. У бизни ўраб олган болалар ҳалқасидан ўтишга уринади, лекин уни туртиб-нуқиб четга чиқариб юборишади.
– Нима бўпти сени қирғизинг бўлса? Отангни эмас, энангни бошлаб келмайсанми!? – калака қилишади уни.
Шодмоннинг илтижоли нидолари мени баттар ғазабимни қўзғайди: бало бормиди қирғизингни кўчага етаклаб чиқиб ҳаммага кўз-кўз қилишга. Ўртоқлар гиж-гижлаши билан ўзим жанжални бошлашга бошлаб, энди тугатишга кўзим етмай турибди. Шу хаёл билан Шодмонга ғазаб билан ўқрайиб қўяман. У эса энди бир иш қўлидан келмаслигини тушуниб, кўзининг четида ёшини милтиллатганча, қирғизига гуноҳкорона ер остидан чорасиз боқади.
Қирғиз бола чайир экан. Миқти гавдаси жўхори янчадиган келимиздек оғир, ўрнидан қўзғатиш қийин. Беш-олти марта тагимга босиб оламан деб уриндим, лекин бўй бермади, билаклариям саксовулдек, ўзим чалқанча йиқилишимга бир баҳя қолди. Лекин энди ортга йўл йўқ, нима қилиб бўлсаям уни йиқитмасам, шарманда бўлишим бор гап. Ўзимизнинг кўча қолиб, ундан нари яна икки маҳаллада тенгқур болалар билан беллашиб, кўпини йиқитиб юрганим бир пул бўлади. Бир белидан олганда оёғини осмондан келтираман деб ўйлагандим, чучварани хом санабман. Энди охирги, айёрона усулни қўлламоқчи бўлдим. Икки оёғига остига ўзимни ташлаб, гўё уни шу тарзда оёқларидан тортиб йиқитмоқчига ўхшадим. У фирибга илинди ва мени белимдан кўтариб, боши узра отмоқчи бўлди. Шунда дарров икки қўлини билакларим орасида қайириб, ёнбошга бир айланиб, тагимга босиб олдим. Ҳа, бу усул доим иш беради! Акамнинг бир ўртоғи ўргатган менга: рақибнинг оёғи тагига ўзингни ташлаш унча ёқмаса-да, ёши ёки гавдаси катталар билан курашганда зўр иш беради. Болаларнинг ур-сол деган ҳайқириғи остида қизишиб, рақибимга бир-икки мушт туширдим, лабининг четидан қон чиққанини кўриб тўхтадим. Кейин уст-бошимдаги тупроқни қоқиб, болалар қуршовида уйим томон ғолибона қадам ташлаб кета бошладим. Шодмон қирғизини қўлидан тортиб, ётган жойидан туришига ёрдам берар экан, ортимдан йиғламсираб қичқирди:
– Отамга айтаман ҳали сени!
Айтса айтар, дейману қўчқордек кучли рақибдан зўрға қутулиб олганимга енгил тортаман. Бироқ кўнгилда барибир ҳадик бор, дадамнинг қаҳри қаттиқ: ўзимни мол-қўйга қараш билан оворадек тутиб, қош қорайгунча остонамизга қадам қўймадим. Ҳарқалай Шодмоннинг отаси шикоят қилиб келмаган шекилли, опа-сингилларимдан суриштириб, ҳеч гап йўқлигига амин бўлгач, билинтирмай уйга кириб олдим.
Эртасига эрталаб кўчада Шодмоннинг қирғизини боплаб адабини бердим дея кўкрак кериб юрибман-ку, ўтган-кетгандан мақтов кутиб. Лекин кўчада мақтов айтадиган кимса йўқ, ҳамма далада. Бўғотлар, тол ва тут ковакларида полапонлар чириллайди холос.
Ўша куни қишлоққа ипак қурти уруғи тарқатилди. Бизга ҳам ўн беш грамм беришибди. Ўзимиз ўтирган уйнинг бир хонасини қурт учун бўшатиб, печка ўрнатдик. Шу билан ўйинлар, кўча кезишлар барҳам топди. Акаларим ғўза ягана қилиш учун далага ётоққа кетган, мол-қўй қарови, қуртхона печкасига ўтин қилиш, барг теришда онамга ёрдам бериш мен билан сингилларимга қолди. Бошида қийин эмас, бирор ҳафтадан кейин қуртлар йириклашиб, китир-китир барг ейишга астойдил киришганда шўримизга шўрва тўкилади: анҳорнинг нариги бетидан тут шохларини кесиб келиш, картлаш, қуртхонани ғаналаш, кунига икки маҳал сўкчак тагида тўкилган қуртларни териш – энг ёмон кўрган ишим. Катталар гоҳо таърифлаб қоладиган узоқ ўрмонларга ёки тоғларга чиқиб кетгим келади.
Ҳовлимизнинг иккита эшиги бор. Бири кунчиқарда, эрталаб дарвоза очилганда қуёш баланд тераклар ва улар ортидаги кенг далалардан бош кўтараётган бўлади, иккинчиси – бир қанотли орқа эшигимиз кунботишга қараган, чиқсанг қаршингда қўнғир тоғлар қад ростлаб туради, узоқ эмас, нари борса беш-олти километр. Гоҳо чордоққа пичан ташлаш учун чиққанимда нарвоннинг энг тепа поғонасида ўтириб, қизғиш тоғ чўққиларига тикилганча ўйланиб қоламан, намунча тақир бўлмаса, ҳеч бир гиёҳ унмайди, бундай тоққа чиқиб кетганинг билан бир кун ҳам яшолмасанг керак. Ҳаво очиқ кунлари қўнғир тоғ ортида осмонни тираб тургандек мовий чўққилар кўринади. Хаёлимни онамнинг чақириғи бўлади: қўйларга ўт солиш, кейин печкага олов қалаш керак.
Шундай кунларнинг бирида чинакам қувончли хабар келди. Тоққа читир ўргани борадиган бўлдим. Яқинимиздаги тақир ва қўнғир тоғларга эмас, ундан нари, Чотқол тоғларига. Бурнинг ерга теккудек бўлиб тутшох ташиб қурт катта қиласан, лекин пилла ўрашга келганда улар инжиқ, даста танлайди, дея нолишади катталар. Пилла ўрашга энг яхши даста читир экан. Шунга колхоз машина ажратибди, ҳар бир хонадондан бир бекорчи бўлса, тоққа читир ўришга бориши мумкин. Дадам, акаларим чопиқда бўлгани учун уйда қолган ёлғиз эркак мен эдим.
Ҳаяжондан туни билан уйқум келмади. Тонг саҳар онам бир белбоққа битта нон, бир ҳовуч туршак ва яна бир ҳовуч жийда тугиб бериб, қўлимга ўроқ тутқазар экан, тоғда тошдан тошга сакрамаслигим, қоя ва даралар ёнига яқин йўламаслигимни қаттиқ тайинлади. Тез орада колхознинг “Газ-53” юк машинаси сигнал чалиб қишлоқ оралади. Кўчага отилиб чиқдим. Машина юкхонаси тўлай деб қолибди, аксарияти катталар, аёллар ҳам бор. Чамамда йигирма дақиқалардан сўнг Қирғизистонга ўтдик, атрофни томоша қилиш учун ўрнимдан туриб олгим келади, бироқ катталар ўтириб ол, дея бошимдан пастга босади. Илкис ҳамма ўрнидан туриб, эрталабки қуёш нурларида жилваланиб турган улкан кўлга ишора қилди: “Ана! Ана Косонсой сув омбори!”
Уйимдан бу қадар узоқ келганим, атроф-тўгаракнинг дақиқа сайин ўзгариши мени тўлқинлантириб юборганди. Бирор соатлардан кейин машина кучаниб тоққа ўрлай бошлади. Одамлар Тераксойдан ўтдик, шу кетишда Оқтомга етиб қолсак керак, дея муҳокама қилишарди. Машина тоғ ўркачининг ярмига чиқиб, улкан тик қоя остида тўхтади. Узоқ кетиб қолсак қайтишимиз қийин бўлади, шу ерда тушиб ишга киришинглар, деди ҳайдовчи.
Орзуимдаги арчали тоғ! Тоғ ёнбағирлари кўм-кўк ўтлоқ, тепасида осмонўпар чўққилар. Қарасанг бошдаги дўппинг сирғалиб тушади. Катталар дарҳол ишга киришиб кетди, мен эса тик қояларга, бошим узра қўл узатса етгудек сузиб юрган булутларга суқлик билан тикиламан, ўтлоқда узала тушиб, бу азим тоғларга тикилганча қилт этмай ётгим келади. Лекин вақт тиғиз, улгурганимча читир ўришим лозим. Қуп-қуруқ қўл билан қайтиб боролмайман-ку. Читир деганлари яккам-дуккам ўсар экан, ҳали юқорига, ҳали пастга чопаман, қидираман, ора-сира лолалар чиқиб қолади, териб олгим келади, лекин читир тўплаш керак. Тоғнинг улуғворлиги ич-ичимда бир нималарни жўштириб юборади, шартта ўроқни улоқтириб, қия ўтлоқда ҳайқирганча чопгим келади-ю, қияликда ўзимни тўхтата олмай пастга, чуқурликка қулаб кетишдан қўрқаман. Ҳаяжон, ҳайрат ва қўрқув бир дамнинг ўзида юрагимни ҳаприқтиради.
Йўл узоқ, ҳайдовчи ҳаммани тезроқ ишлашга ундайди, қоронғуга қолмай йўлга тушишимиз керак, дейди. Ҳаш-паш дегунча кун кеч бўлди, ҳамма ўриб келган читирини боғлаб, машинага ортди, кейин устига ўзимиз чиқиб олдик. Мен ҳаммадан кам, уч боғ ўрибман, лекин шунга ҳам хурсанд эдим.
Тоғдан қайтгач икки-уч кун ҳаяжоним аримай юрдим. Шодмоннинг дуч келган жойда оғиз кўпиртириб мақтаниши бежиз эмас экан. Нега бизнинг қирғизимиз йўқ, деб ўйлаб қолдим. Қишлоқда кўпчиликнинг қирғизи бор, қишда бирор ҳафтага тоғдан тушиб келиб қўноқ бўлади, шаҳарга тушиб бозор-ўчар қилади, мезбонининг етовида тўйма-тўй юради. Ёзда эса булар тоққа, қирғизиникига меҳмонга боради. Қимиз ичиб, тоғда сайр этиб, дам олиб қайтади. Эрта баҳор бериб юборган қўйлари кўпайган бўлса, танлаб-танлаб семизини етаклаб келади.
Ҳа шунақа, кўпчиликнинг қирғизи бор, бизда эса йўқ. Бу ҳақда дадамга айтишга чўчийман, унча-мунча гапларни айтавермаймиз, онамга айтсам бўлади, лекин кўнглини чўктиргим келмайди. Ёки бобомга айтсаммикин?
Ўша йили қишда ниҳоят мен кутган воқеа юз берди. Дадам бир қирғиз меҳмон бошлаб келди.
“Энди бизнинг ҳам ўз қирғизимиз бўлади, онаси! Ошни катта дамлайвер”, деганини эшитиб қолдик. Уйда ҳаммамизнинг қувончимиз ичимизга сиғмай кетди. Ҳар ким ўзича турли саёҳат режасини тузишга киришди.
Қўрғонимизнинг жануб томонида меҳмонхонамиз бор эди, ичкари хона, даҳлиз, ромли айвон ва бир кичик ётоқхонадан иборат, айби фақат қуёшга тескарилиги эди, қишда иситиш қийинроқ, кўп ўтин кетади. Ёзда аксар меҳмонларга хизмат қилади. Отам бошлаб келган қирғиз киши ўша уйнинг ётоқхонасига жойлашди. Ҳаммамиз ётоқхона деразаси остидан қизиқсиниб бўйнимизни чўзиб ўтамиз. Энг катта акам тўнғиллаб бизни жеркийди: “Бўлди-да, нима, одам кўрмаганмисанлар?”
Онам ошни сузиши олдидан ниҳоят қирғиз кишини кўриш вақти келди. Меҳмон келганида овқатдан олдин уларнинг қўлига сув қуйиш менинг вазифамга кирарди. Елкамда сочиқ, чап қўлимда чилобчин, ўнг қўлимда обдаста, эшикни аста очиб, салом бериб кириб бораман. Дадам бу маросимга жиддий эътибор беради: дастурхоннинг четини қайириб эҳтиёт қадам босишиму тиззалаб, чилобчинни паст тутишим, сувни меҳмоннинг ҳовучидан тоширмай, уч карра узиб-узиб қуйишимни кўз остидан кузатиб туради. Бу бир имтиҳондек гап. Қўрқмасам ҳам бўлади, бобом тез-тез уюштириб турадиган мавлуд ва қурбонликларда чолларнинг қўлига сув қуявериб тажрибам ошиб кетган. Чоллар қўлини ювиб бўлгач, “Тахаракаллаху мин жамийн иззунубика”, дейди. Мен дарров жавоб дуони ўқишим лозим, йўқса ювилган қўл ҳалол бўлмай қолар экан. Бобом ўргатган арабча “сеҳрли” сўзларни одатда ичимда айтаман. Бироқ баъзида қитмир чоллар учраб қолади, жавоб дуони эшитмагунча сочиққа қўл узатмай, узун ва қоқсуяк бармоқларини чилобчин устида муаллақ осилтириб, кўзимга синовчан тикилганча тураверади, шунда мени ҳам қитмирлигим тутиб, атай индамайман. Қайсар чол эса катта товоқда ҳовури чиқиб турган қайнатма гўштни бўлаклаётган бобомга қараб: “Мулла Муҳаммадқул ака! Ўзингиз илмдан гапирасиз, лекин неварангиз дуони билмас экан-ку,” демоққа чоғланиб оғиз жуфтлаганида мен илкис “Валака мисли залика”, деб юбораман. Ўжар чолнинг бобомга қаратилган истеҳзоли луқмаси бўғзида қолади, мен ичимда севиниб қўяман.
Ичкари хонада узоқдан келган меҳмондан ташқари, отамнинг уч жўраси ҳам бор, пахта экиладиган ерлар тобора кенгайиб, мол-қўй боқиш қийинлашгани, ем-хашакнинг нархи кўтарилиб бораётгани ҳақида гаплашиб ўтиришибди. Қирғиз киши тўрда, биқинига ёстиқ қистириб, негадир елкасини деворга қаттиқ тираб ўтирибди, ёки менга шундай туюлди. Дастурхоннинг четини қайириб, тўрга ўтдим ва қирғиз кишига чилобчин тутар эканман, зимдан афти ангорини кузатдим: икки юзи қип-қизил, бўйни ва бармоқлари калта, кўз қараши қаттиқ, мўйлови тамаки тутунидан сарғайган миқти киши экан. Зиёфатма-зиёфат юравериб тўйиб кетган шекилли, гоҳ кекириб қўяди, гоҳ тиш ковагидаги гўшт қолдиқларини чиқармоқчи бўлиб “чирт” этиб лаби билан лўнжини сўриб қўяди. Дадамнинг жўралари ҳам унга жўр бўлади, “чирт-чўлп-чирқ” этган товушлар чиқади.
Қирғизимиз ҳақидаги илк тасаввурим шунақа омухта бўлса-да, келажакда унинг ўғиллари билан танишиш, тоғма-тоғ чопа-чоп ўйнаш орзуси боис хурсанд эдим. Қирғиз киши беш кун меҳмон бўлди, орада дадам билан шаҳарга тушиб, анча бозор-ўчар қилди. Кетишида қўйхонамиздаги учта қилтириқ қўзини етаклаб кетди. Дадамнинг режасича, эти устихонига ёпишган бу қўзилар келаси кузда тоғу тошнинг доривор гиёҳларига тўйинган, серкиллаган қўйларга айланиб қайтиши керак эди.
Ёзга чиқиб қирғизимизни йўқлаб борадиган бўлдик. Қувончимнинг чегараси йўқ. Жигули машинамизнинг юкхонасини меваларга тўлдириб йўлга чиқдик. Ўзимизнинг тақир, қўнғир тоғ ўркачларидан ошиб ўтгандан сўнг Қирғизистон бошланди. Юқорига ўрлаб-ўрлаб Шакафтар, ундан сўнг Сумсардан ҳам ўтиб, қайдасан Кўктош деб кетяпмиз. Мен бу номларни билмасдим, йўлма-йўл дадам тушунтириб борди. Биз – онам ва сингилларим ташқаридаги манзарадан кўз узолмаймиз: муаззам тоғлар, тик қоялар, улкан ва силлиқ тошлар, кўм-кўк ўтлоқлар, шарқираган жилғалар, лекин дарахтлар кам. Онда-сонда йўл четида ўн-ўнбеш туп терак ёки қайрағоч учраб қолади, бошдан-оёқ қушлар инига тўла. Инларнинг кўплигидан шохлари ғиж-ғиж мева туккан дарахт каби эгилиб қолган. Бунақанги кўп қуш уясини кўриб ўзимни машинадан ташқари отгим келади, лекин дадамнинг жиддий қиёфасига қараб дамимни чиқармайман. Дадам машина ҳайдай бошлаганига кўп бўлгани йўқ.
“Қирғизнинг милисаси учраб қолмаса бўлди, бир “жўқ” дедими, тамом, қайта гапга кўндириб бўлмайди. Қош қораймай манзилга етиб олишимиз керак,” деб қўяди бизга хавотир билан.
Кўктошга яқинлашган сари тоғ ёнбағирларида арчалар кўпая борди, булутлар пасайиб, биз билан тенглашгандек эди. Мен олазарак музли булутларни қидираман. Шодмон мақтанарди: “қирғизим билан тоғ чўққисига чиққанимизда музли булутдан бир парча кўчириб олиб, музқаймоқдек ялаганмиз”. Яна айтардики, “қоп-қора булутларнинг четида мўмиё осилиб туради, қирғиз овчилари уларни милтиқда отиб тушириб, бизга келтириб сотишади”.
Бобомнинг тоби қочганда энам мўмиё эритиб ичирарди. Шодмондан эшитган гапимни бобомга айтганман. “Мўмиёни овчилар ҳам уриб туширади деб эшитганман, лекин булутдан эмас, тик қоялардан. Мўмиё қоялар остида сумалакка ўхшаб осилиб турар экан, силлиқ қоятошларга чиқиш имконсиз бўлганидан мерганлар мўмиёни уриб туширади”, деганди бобом.
Манзилга яқин қолди шекилли, аҳён-аҳёнда оппоқ уйлар кўзга ташланиб қолди. Бу уйлар бизнинг далаларда қурилган, одамлар “типовой” дейдиган, тўрт томонида ҳам деразаси бор замонавий шийпонларга ўхшарди. Лекин уйлар бир-биридан узоқда. Отам йўлма-йўл отлиқлардан қирғизимизнинг манзилини сўраб, ниҳоят унинг уйини топиб бордик.
Қирғизимиз яшайдиган оққа бўялган уй тоғ ёнбағридаги текислик ўртасида экан, сал нарида жарлик ва даралар. Уйнинг олд томонида эса тоғ чўққисига қараб ўтлоқлар ястанган, юқорида арчали ўрмон. Юрагим қувончдан қинидан чиқиб кетишга чоғланади.
Қирғизимиз дарҳол қўй сўйди, катталар гўшт нимталаб зиёфат тадоригини кўра бошлашди, аёллар ўчоққа уринди. Мен эса қирғизимизнинг ўзим тенги ўғли билан танишмоқчи бўламан, лекин гапни нимадан бошлашни билмайман, у ҳам мени қизиқсиниб кузатади. Исми Турдиқул экан, мендан бир ёш кичик, лекин бўйи бўйимга баробар, пишиқ-пухта болага ўхшайди. Бир оз элакишиб қолганимиздан сўнг, кетдик чўққига чиқамиз, дейман. У эса кулади, яқин кўрингани билан аслида жуда узоқ, қоронғуга қолиб кетсак, тоғамизнинг қўлига тушиб, шўримиз қурийди, эртага эрталаб йўлга чиқсак бўлади, дейди. Тоғаси жуда жаҳлдор одам бўлса керак, деб ўйладим.
Кечқурун қовурдоқни паққос туширар эканмиз, қирғизимиз чорва ҳақида гапириб, дадамга шикоят қилди. “Кеча тунда тоғаларимиз яна иккита қўйни кўтариб кетишди”, деди. Менинг ҳайратим ошди, Турдиқулдан тоғаларингдан қўрқасизларми, нега қўйларингни кўтариб кетса индамайсизлар, деб сўрадим. У яна кулди: “Ҳа, тоғаларимиздан жуда қўрқамиз, улар ёмон,” деди кўзларини ола-кула қилиб. Кейин билсам, улар бўрини “тоға” дер экан.
Ўша тун минг хил ҳаяжон ва қувонч билан уйқуга кетдим.
Эрталаб кўзимни очганимда гўё эртакда яшаётгандек эдим. Нонуштага қандайдир тоғ гиёҳининг томиридан тайёрланган оппоқ бўтқа едик, худди картошка бўтқасига ўхшаш, лекин юмшоқ ва ширали. Катталар қимиз, биз эса қайнатилган эчки сутини ичдик. Дадам мезбон билан қишлоқ айлангани кетишди, онам ва сингилларим Турдиқулнинг онаси ва опалари билан уйда қолишди. Биз тўғримиздаги азим чўққи сари интилдик.
Тиззадан тепага урадиган ўтлоқдан кетиб борар эканмиз, Турдиқулдан отларинг йўқми, деб сўрадим шу чоқ роса от мингим келиб.
– Отларимизни чўпонларимиз миниб кетган, от мингинг келса, ҳозир топамиз, – деди у мени чап томондаги тепаликка бошлаб. Тепалик ортида яна бир кенг ўтлоқ бор экан, беш-олти чоғ киши от чоптириб юрибди. Турдиқул икки бармоғини оғзига солиб ҳуштак чалди, шундай чалдики, қулоғим чийиллаб кетди. Отлиқлар узоқдан бизнинг қорамизни илғаб, шу томон от қўйишди, биз улар томон тушиб бордик. Чавандозлар яқинлашганда уларнинг олдида итлар чопиб келаётганини кўриб, таққа тўхтадим. Назаримда, ҳўкиздек келадиган итлар эди. Турдиқул менга ҳайрон боқди, унга итлардан қўрқишимни айтдим. У менинг ёнимга келди ва итлар етиб келганида қаттиқ ҳаракат қилма, деди. Кейин ўзича ғудраниб, “Алимбек уларнинг орасида кўринмайди-ку”, деди талмовсираб. Яқинлашиб келаётган отларнинг тоғу тошни ларзага солгудек дупур-дупур шовқиними ёки отлиқларнинг ҳайё-ҳув деган чинқириғиданми, ҳарқалай юрагимга қаттиқ ғулғула тушди. Улар етиб келганида пешонамдан совуқ тер чиқиб кетганди. Мен Турдиқулнинг ортига яшириниб олгандим. Бизни ўраб олиб акиллаётган ҳайбатли, калласи катта-катта итларни Турдиқул ҳайдаб солди. От минганларнинг бари ўзимиз тенги болалар экан. Улар атрофимизда гир айланиб от чопишди, мени обдон кўздан кечиришди. Орасидаги ёши каттароқ бола қўлидаги қамчисини менга ўқталиб, ким бу, деб Турдиқулдан сўради. Турдиқул бу бола бизнинг қариндошимиз бўлади, от минмоқчи, деди. Болалар қий-чув қилиб мени масхара қилиб кулишди, атрофимда яна от ўйнатиб айланишди. Шундан сездимки, уларнинг нияти яхши эмас. Ўша ёши каттаси қўққисдан менга тиккасига от солди. Отнинг пишқиришидан чўчиб ўзимни ортга ташладим.
– Бул сага кандай тууган болот? – деди у отнинг жиловини тортиб. – Аттан коркот, иттен коркот, сарт-ко мунунг!
– Жок, тууганыбыз болот, – деди Турдиқул довдираб.
– Былжыраба. Сарттын баласы бул! – деди у ва отдан эпчиллик билан сакраб тушиб, ёнимга келди, кўзимга тикилди.
– Аттан коркосунг, иттен коркосунг, менден-да коркосунгбу, сарт?!
Яна қийқирув бўлди. Ҳамма жойда хўроз бир хил қичқирар экан, бу ерда ҳам муштлашиш шу гапдан бошланар экан-да. Ичимдан зил кетиб турган бўлсам-да “йўқ, қўрқмайман” дедим. Шунда у чап елкамга нуқиди, сездимки, зарбаси кучли эмас. Қараб турсам бўлмасди, мен ҳам унинг елкасига нуқидим. Атрофимиздаги болалар яна ҳайё-ҳуйт деб қичқиришди. У ортга тисарилиб менга мушт солмоқчи бўлди, мен энди олишмаган номард дея унга ташландим. Айтдимку, зарбаси кучли эмас, зуваласи ҳам бўшроқ экан, белидан қисиб даст кўтардиму оёғига чалиш бериб, йиқитиб олдим. Бироқ биров ортимдан бошимга мушт солди ва “ур сартни” деган ҳайқириқларни эшитдим. Мени уриб-тепкилай кетишди. Бошимни чангаллаб энкайиб олдим. Илкис қамчининг чийиллаган товушини, болаларнинг дод-войини эшитдим. Турдиқул боши узра қамчи сермаб, ҳамқишлоқларини мендан нари ҳайдарди, бир-иккитасини тарсиллатиб солди ҳам. Болалар биздан узоқлашиб, кейин Турдиқулга дўқ қилишга ўтди.
– Сарт кетет, сен каласынг, эненгди таанытабыз, – деди ўша каттаси. Турдиқул унинг гапига парво қилмади, аксинча қамчини янаям қаттиқ сермаб, мени ўтлоқ четидаги харсанг тошли сўқмоқ томон етаклади. Отлиқлар қирра тошли сўқмоққа чиқа олмасди.
– Кана бироонг жакындашып корчу менин сартыма! – деди Турдиқул биз тепага чиқиб олганимиздан сўнг.
Улар пастда туриб яна анча-мунча дўқ-пўписа қилгач, ҳали қўлимизга тушасанлар, дея қичқириқ ила пастликка қараб от чоптириб кетишди.
Тепки тушган жойларим зириллаб оғрирди, лекин бурним қонаб, янги кўйлагимни доғ қилгани алам қилди. Турдиқулнинг хижолатдан қизарганини кўриб, ҳеч нарса қилмайди, дадам билмаса бўлди, йўқса, қайтиб бу ерларга олиб келмайди, дейман уни юпатмоқчи бўлиб. Биз ҳеч нарса бўлмагандек яна қоя томон йўл олдик. Олдимиздан кичик бир жилға чиқди. Кўйлагимни ечиб, муздек сувда ювиб, тошларга ишқалаб доғини кетказдим. Турдиқул ўзининг кўйлагини менга бериб, ўзи майкачан қолди. Мен кўникиб кетганман, киявер ўзингники қуригунча, деди. Ҳансиллаб, тошдан тошга сакраб юқорига ўрладик.
Қуёш тиккага келганда биз қоя устида турардик. Оёғимиз остида сийрак булутлар сузади, лекин бир парчасини узиб олиб, музқаймоқдек сўрса бўладиган музли булутлар йўқ экан. Албатта, бу ҳақда Турдиқулдан сўраб ўтирмадим, мен гўё анча улғайиб қолгандек эдим. Шу пайт ўтган йилги воқеа, Шодмоннинг илтижоли нигоҳи, тагимга босиб олиб урганим – унинг қирғизи ёдимга тушди. Турдиқулнинг бундан хабари бўлмаса-да, негадир ўзимни жуда ўнғайсиз, мулзам ҳис қилдим. Турдиқул эса аллақачон қуёшда қизаришга улгурган елкаларини шамолга тутиб, қоя учида парвозга шай бургутдек турарди. Менинг қирғизим, дея унга ҳавас ила қарар, ўзимни шу азим тоғлардан-да юксакликда ҳис этардим. Кўнгилда эса қайтиш йўлида ғанимлар кутиб туришмаганмикин, деган жиндек ғашлик бор эди холос.