Муҳаммад Шариф. Сафар дафтаридан ҳангомалар

ЎЗБЕКИСТОН ҚАЙДАДУР?

Лондонга келганимдан кейин дастлаб қиладиган ишим банкка бориб ҳисоб рақами очиш эди, шу сабаб эрта турдим. Меҳмонхонанинг чоғроқ ошхонасида нонушта қилиш учун ҳаммадан биринчи бўлиб тушибман. Йўқ, бу китобларда ўқиганим, киноларда кўрганим анъанавий инглиз нонуштаси эмасди: столда инглизлар тухумнинг учини айрича эпчиллик билан пиёланинг тагидек силлиқ кесадиган пичоқ ва тухумдон тугул тухумнинг ўзи ҳам йўқ эди. Жавдар нони, сариёғ, мураббо, сут ва бўтқа учун қуритилган мева бор, ва албатта апелсин шарбати, қора чой ва қаҳва.
Метрогача анча масофа. Лондоннинг тирбанд ва тиғиз кўчаларини тасвирлаш ва ҳис қилиш учун пиёда юриб кўриш керак. Машинадан эса худди телевизорда кўргандек бўлади  киши. Қадимий бинолар қад ростлаган тор, лекин батартиб кўчалар, Лондоннинг рамзларидан бирига айланган икки қаватли қизил автобуслар бекатларга кетини кетига улаб келади. Ҳаракат тиғизлигидан имиллаб юрадиган бу автобусларнинг орқа эшиги йўқ, шошилган йўловчилар юриб кетаётган автобусга ҳам сакраб чиқиб олади ёки тушиб қолади. Олтмишинчи йиллардаги “Волга” автомобилига ўхшаб кетадиган, Блэккаб дейиладиган қоп-қора таксилар, сон-саноқсиз пиёдалар ва велосипедчилар оқими ичида кетиб боряпман, ҳаракат йўлнинг чап томонида бўлгани учун бошим ҳам айланаётганга ўхшайди, айниқса йўлни кесиб ўтишда, чунки биз йўлдан ўтишда аввало ўнг томонга қарашга ўрганганмиз. Бирор машина тагида қолиб, ўлиб кетмасайдим шу жойларда, деб қўрқаман. Лекин тез орада имиллаб юрадиган автомобиллардан кўра ёнингдан шамолдек ғизиллаб учиб ўтадиган велосипедчилар хавфлироқ экан, деган хулосага келаман.
Йўлакларда одамлар издиҳоми, шовқин-сурон, моторларнинг тинимсиз гувиллаши қулоқни батанг қилади. Бунақа шовқинда одам йўлини йўқотиш у ёқда турсин ақлини йўқотиб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас. Лекин бир жиҳатдан дунёга донғи кетган шаҳарнинг қоқ марказида кетиб боряпман, деган ўйдан кишининг боши етти осмонга етгандек бўлади. Хуллас, чексиз ҳаяжон, бироз ҳадиксираш ва анчагина бегонасираш. Шаҳардаги бинолар аксар кулранг, устига-устак ҳаво ҳамиша тундлиги боис осмон қўрғошиндек оғир туюлади ва бу ҳол қуёшли ўлкадан келган мендек бир мусофирнинг юрагини бироз сиқиб туради. Лекин кулранг осмонда балиқдек оппоқ қорнини жимирлатиб самолётлар тўхтовсиз учиб ўтаверганидан киши ўзини худди денгиз тубида юргандек ҳам ҳис қилади.
Метронинг қизил линиясидаги Ҳолборн бекатидан чиқиб, қўлимдаги харитага қараб банкка томон йўл олдим. Ҳамкасбларим “қайси банкда ҳисоб рақами очиш ихтиёрий, лекин Ллойдс банки хорижийлар билан ишлашда анча тажрибаси бор” деб тавсия берганди. Пиёда ўн беш дақиқалик йўлдан кейин ўрта аср инглиз меъморий обидаси ҳисобланмиш бинода жойлашган банкка етиб келдим.
Банк ходимларидан бирига яқинлашиб нима мақсадда келганимни айтдим. Ходим хушмуомалалик билан бироз кутиб туришимни айтди. Беш дақиқалардан сўнг ёш, кўҳликкина банк ходимаси қўлида қора жилди билан келиб мени ҳашаматли залнинг чап томонидаги компютерлардан бири ёнига таклиф қилди. Шахсий ҳужжатларимни олгач, бир талай қоғозларни тўлдириш асносида турли саволлар бера бошлади. Онангизнинг турмушга чиқмасидан аввалги фамилияси қандай дея сўраганида чинакамига ажабландим. Уларда тартиб-қоида шу экан. Кейин ходима мендан қайси мамлакатдансиз, деб сўради.
“Ўзбекистонданман”, дедим фахр туюб.
У менинг юзимга бир тикилиб олди ва ҳеч нарса бўлмагандек саволини такрорлади:
“Қайси мамлакатдан келгансиз деб сўраяпман”.
Мен ҳам унинг юзига тикилиб олдим ва талаффузимни иложи борича инглизларга яқинлаштириб:
“Uzbekistan”, дедим.
Қизгина тушмагур ҳеч нарса бўлмагандек ёки менинг гапимни эшитмагандек яна ўша саволни такрорлади.
Мен анча баланд пардада “Uz-be-kis-tan”, дедим ҳижжалаб.
У менинг юзимга қараб жилмайди, лекин бу жилмайиш унга малол келаётгани шундоқ кўриниб турарди.
“Мен сиздан мамлакатингиз номини сўраяпман. Мана масалан, мен Британияликман, миллатим инглиз, мамлакатим Британия”.
Шундагина мен гап нимадалигини тушундим. Қизгина тушмагур жўғрофияни мактабда яхши ўқимаган ёки кейинги йилларда дунё харитасида юз берган оламшумул ўзгаришлардан буткул бехабар. Мени эса инглиз тилини тушунмаяпти, деб ўйлади чоғи. Мен энди унга бошқача тушунтириш мажбуриятини сездим.
“Менинг миллатим ўзбек, мамлакатим Ўзбекистон, бундан роппа роса олти йил аввал мустақилликка эришганмиз, аввал собиқ Совет Иттифоқи республикаларидан бири бўлганмиз. Жўғрофий жиҳатдан мамлакатим Марказий Осиёда жойлашган”.
Бу гапларимдан кейин қизгина компютерини бироз титкилади, менинг ҳам кўнглим жойига тушгандек бўлди. Бироқ, не ажабки, банк ходимаси яна ўша-ўша аввалги нигоҳ ила эски саволини такрорлаб турибди-ку!
Босиқлик билан яна ўша жавобни такрорладим. У мендан Ўзбекистон номини инглиз тилида ёзиб беришимни сўради. Сўнг компютерни бироз титкилагач, бояги саволомуз нигоҳи билан менга  тикилиб қолди. Шунда у томонга энгашиб компютерида жаҳон  мамлакатлари рўйхати тургани ва унда Қозоғистонга кўзим тушди.
“Қаранг, мана Қозоғистон! Бу давлат бизга қўшни бўлади, чегарадошмиз, у ҳам собиқ Иттифоқдан ажралиб чиққан мамлакат, демак компютерингизда Ўзбекистон ҳам бор,” дедим анча дадиллашиб.
У эса соатига бир қараб олди, демак шошиляпти, бошқа мижозлар кутмоқда чоғи.
“Биласизми, ҳисоб рақами очиш учун аслида мамлакатнинг у қадар аҳамияти йўқ, келинг сизни Қозоғистондан деб ёза қолайлик, айтдимку, бу жудаям аҳамиятсиз,” деди у менга умидвор мўлтираб.
“Кечирасиз, лекин бу мен учун жудаям аҳамиятли,” дедим унга қатъий қилиб. Кейин “агар мумкин бўлса компютерингизга шундоқ кўз ташласам майлими”, дея сўраган эдим, у рози бўлди. Мен компютер тугмачасидан пастга қаратилган белгини бетўхтов босиб рўйхатнинг охирига келдим:
“USA
Uruguay
Uzbekistan”
“Мана Ўзбекистон”, дедим унга елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлиб, ва айни пайтда чексиз ғурур билан.
Қизгина бир муддат сўзсиз қотди.
“Буни қаранг-а, охири топдик-а!,” деди минг бир хижолат ила жилмайиб. Бу гал унинг жилмайишида самимийлик бор эди.
Банкдан чиқар эканман қизгинани нафақат жўғрофия, балки жаҳон сиёсий майдонидаги улкан ўзгаришдан бохабар этганимдан ўзимча хурсанд эдим.  

Лондон. 1997 йил

“WELCOME TO LONDON!” ЁКИ ҲАММА ЙЎЛЛАР ҲАМ РИМГА ЭЛТМАЙДИ

Мен яшаётган тўрт қаватли, хоналари тор ва зиналари тик Бамонт Ҳауз номли кичик меҳмонхона Лондоннинг маркази, сайёҳлар шаҳарчасида жойлашган. Сайёҳлар шаҳарчаси дейишим боиси, атроф тўла меҳмонхоналар, эрон, араб, турк ва яна бир қанча миллий ресторанлар билан гавжум, кўчалар сайёҳларга ғиж тўла.
Меҳмонхонага дастлаб қўнган куним эшикларнинг кўплиги мени ҳайратга солганди. Кўча эшикдан кириб иккинчи қаватдаги хонамга етгунча саккизта эшикни очиб-ёпдим. Бизда бунинг учун фақат иккита эшикни очиш кифоя. Кейин билсам бу ёнғин хавфсизлиги учун қилинган экан. Иккинчи қават дейишим ҳам бу ўринда нотўғри, инглизлар биринчи қаватни “граундфлор” яъни, ерқават деб, саноқни иккинчи қаватдан бошлар экан.   
Кўчага чиқилса, Бобил минораси қурилаётган замонга келиб қолдимми, деб ўйлайди киши. Бу дунёда неки тил бўлса барчаси бирдек қулоғингга чалинаётгандек бўлади. Айниқса, метрога тушишда, дўконлар, ресторанлар ёнида бир пайтнинг ўзида ўнлаб тиллардаги сўзлашувлар эшитилади. Ким қайси тилда гапираётганини англаш тугул бу тилларнинг оҳангини илғашнинг ўзи бир муаммо.
Бу ерга келганимнинг биринчи якшанбасида Квинсвей атрофидаги кўчаларда дайдиб, сайёҳлар шаҳарчасини ўзимча кашф эта бошладим. Ҳар қадамда ҳайрат, ҳар бурчакда бир янгилик, бироқ бу ҳаяжонли таассуротларни ўртоқлашай десанг ўз тилингда гапирадиган бирор таниш йўқ. Тўхтовсиз ва чексиз таассуротлардан баъзан мия зўриқиб, шууримда ҳимоя қобиғи ҳосил бўлади, завқланиш ўрнига барча нарсага тунд қараш бошланади. Кейинчалик Лондонда яшаб қолган жўрам Хайрулло келганидан сўнг бу кўчаларни қайтадан кашф қилиб чиққанмиз, албатта. Бироқ ҳозир ёлғиз эдим. Лондонни “забт” этган илк ўзбеклардан бири бўлмиш Ҳамид акага қўнғироқ қилиб ҳаяжон ва ҳайратимни айтишдан ийманардим.
Бир кийим дўконига кириб борган эдим, сотувчининг қиёфаси ўзимиз томонларнинг одамини эслатди. У ҳам мени кўриб кимнидир эслади чоғи юзига илиқлик югурди. Марказий Осиё ёки бизга яқин минтақадан, юз-кўзи ўхшаб турибди-ку, мусулмон бўлса керак, бу ҳам бўлмаса мусофирлиги аниқ деб ўйладим. Мендан аввал у гап бошлади.
“Ҳа, ҳамюрт, қаердансан?”
“Ўзбекистондан, ўзингчи?”
“Афғонистондан…бизда ўзбеклар кўп”
“Ўзбекча биласанми?”
“Бир-икки сўз айта оламан, лекин ўзбекча гапирсанг оз-моз тушунаман. Нима қилиб юрибсан бу ерларда?”
“Олти ойга келганман. Ўзингчи, қачон келгансан?”
“Акам билан бирга Афғонистондан чиқиб кетганимизга беш йил бўлди. Аввалига Францияда яшадик. Икки йил бўлди бу ерга келганимизга.”
“Юртингни соғингандирсан?”
“Нима десам экан, у ерга қайтиб боришни тасаввур ҳам қила олмайман, уруш, ҳамма томон вайрона, хароб бўлган. Ҳозирча шу ер яхшироқ менга. Ўзингчи?”
“Келганимга икки кун бўлди, ҳозироқ юртимга қайтиб кетгим келяпти”.
“Ҳа, ёлғиз бўлсанг қийин бўлади, зериксанг кириб тургин. Нариги кўчадаги дўконда ҳам афғонлар бор”.
У билан хайрлашиб кўчага чиқдим. Яна оломон, ранг-баранг қиёфалар, ажабтовур ҳидлар, турли тилларда гурунглар…
Меҳмонхонадан чиқиб беш дақиқа юрилса, Лондониннг марказий кўчаларидан бирига чиқилади. Йўлнинг нариги бети каттакон парк – машҳур Ҳайд Парк. Адл қайинлар, заранг ва арғувонлар тиғиз, ям-яшил хиёбон,  ўртасида саёзроқ бир кўл. Кўлда оққушлар, ғозлар ва ўрдаклар сузиб юрибди, тепасида чағалайлар тинимсиз чарх уради. Йўлаклардан олмахонлар чопқиллаб ўтиб қолади, баъзан таққа тўхтаб, йўловчиларга бир лаҳза тикилиб олади-да, яна забардаст қайин дарахти танасидан тепага тирмашиб, қалин шохлар орасида кўздан ғойиб бўлади.
Хиёбоннинг бир четида ўша пайтлар “Халқ маликаси” деб ном қозонган малика Диана яшайдиган қаср қад ростлаб турибди. Парк марказ томон бир-икки чақирим чўзилган бўлиб, у бошқа бир паркка уланиб кетар экан. Кўлларнинг эса саноғи йўқ. Майсазорнинг яшиллигидан кўзлар жимирлаб кетади.
Бирор кун Бэйсвотердаги спорт кийимлари дўконидан  эрталаб югуриш учун зарур бўлган уст-бош сотиб олишга қарор қилдим. Ҳартугул малика Дианани ҳам кўриб қоларман. Қолаверса, эрта тонгда шудринг босган кўм-кўк майсазорда чопиш, ёввойи ёнғоқ меваларини тераётган олмахонларни ҳуркитиб ўтиш, қаршингдан югуриб келаётганларнинг жилмайиб бош ирғашига жавобан кулиб қўйиш, кўл бўйида бироз нафас ростлаб, чирпирак учаётган чағалайларни томоша қилишга не етсин.
Мен тушга қадар паркни бир-бошдан айландим. Тушдан кейин боғннинг марказий Оксфорд Стрит кўчасига туташ бурчагидан чиқдим. Оксфорд Стрит Лондоннинг энг гавжум савдо кўчаларидан, ҳар икки юзи дунёнинг донғи кетган брэндларига қарашли дўконларга тўла: “Дебенҳам”, “Маркс энд Спенсер”, “Гап” каби.
Кўча тирбанд, йўлакларга одам сиғмайди, бу талотўпу оломонни кўрган киши беихтиёр ернинг киндиги шу ерда бўлса керак, деган ўйга боради.
Дўконларга кирмай фақат кўчадаги ҳаракатни бирор соат кузатгач, ортга қайтдим. Ётоқхонагача икки метро бекати бор экан, пиёда юришни маъқул кўрдим, каламушдек ер тагида юргандан кўра, кўчаларни томоша қилиб кетишга нима етсин. Лекин бир чақирим юргандан кейин чарчаганимни сездим, қадамимни секинлатиб, катта йўл ёқасидан бамайлихотир кета бошладим. Бир пайт ёнимга қора “Мерседес” келиб тўхтади ва ҳайдовчи мени ишора билан ўзига чорлади.
Қизиқ, Лондонда “Мерседес” миниб юрадиган таниш орттиришга улгурганим йўқ эди. Лекин барибир машина ёнига бордим. Ҳайдовчи тим қора ипак костюм-шимда, тўқ ҳаворанг кўйлак ва алвон шойи галстук таққан, сочлари силлиқ таралган ва гел суртилгани туфайли ярақлаб турибди. Банк ходими бўлса керак, деб ўйладим.
“Италяно?” деди у менга қараб.
“Но”, дедим унга.
“Испанола?”
Унинг мушкулини осон қилиш учун “Ўзбек” дедим.
Табиийки, у ҳали ўзбекни учратмаган чоғи анча тушунтиришга тўғри келди.
“Собиқ Совет Иттифоқини биласанми, ўша империянинг бир катта бўлаги эдик, ҳозир мустақил бўлганмиз, билмаган бўлсанг билиб ол, Ўзбекистон”.
Собиқ иттифоқ номини эшитгандан сўнг у қаердандир ўрганиб олган бир-икки русча сўзларни айтди:
“О, друг, товариш!”
Унинг калласида не режа борлигини билолмай бетоқат бўлганимдан “Тезроқ мақсадингни айта қолгин, шошиб турувдим,” дедим.
“Буни қара, менинг рус дўстларим кўп эди, сен ҳам ўша томондан экансан, майли ҳозир бошқа-бошқа мамлакат бўлсаларинг ҳам аввал битта бўлгансизлар-у. Буни қара-я, деярли дўст эканмиз. Биласанми, мен италянман, ҳозир ўз шаҳримга, Римга кетяпман”.
Ҳарқалай, Римга қандай борса бўлади дея йўл сўрагани тўхтатмагандир, деган фикр яшиндек ўтди. У гапида давом этди:
“Биласанми!? Бензиним жуда оз қолган, Римга бориш учун ҳали менга анча бензин керак. Хуллас, бензин олишга пулим ҳам тугаб қолган, қарз оладиган танишларим йўқ. Сенга ўхшаган мусофирман”.
Англия орол мамлакат бўлса, машинасини денгизнинг устидан ҳайдаб ўтмоқчими, деган фикр ярқ этиб хаёлимдан ўтди.  
“Йўқ-йўқ, сендан қарз сўрамоқчи эмасман”,  гапида давом этди у: “Менда иккита тоза теридан тикилган куртка бор. Агар шуларни сотиб олсанг, оғиримни енгил қилган бўлардинг. Мана, қара бири “Версаччи”, иккинчиси “Армани”. Дўконда бу курткаларнинг ҳар бири олтмиш беш паунддан туради, сен эса иккови учун олтмиш паунд берсанг бўлди”.
У охирги фасонда тикилган бири қора ва иккинчиси тўқ жигарранг чарм курткани кўрсатди. Томдан тараша тушгандек бу таклифга нима дейишимни билмай аввал ҳайрон қолдим, кейин бу ерда бир гап бўлса керак деган шубҳага бордим. Боя унинг сўзларини қизиқиш билан тинглаган бўлсам, бирданига ундан кўнглим совиб кетди.
Мени аҳмоқ қилмоқчи, ё курткалар аслида бир чақага қиммат ёки унинг калласида бошқа бир режа бор. Эҳтимол унинг ҳозир Римга кетаётгани ғирт ёлғон, лекин нияти бор-йўғи ўша курткаларни солиқдан ташқари сотиш бўлгандир. Майли, агар кейинги гал учраб қолса шу одамнинг кўнгли учун бирортасини сотиб олганим бўлсин, дея хаёлан ўзимни овутдим. Бу воқеа туфайли кўзимга энди илиқ кўрина бошлаган Лондон яна ўша тунд ва совуқ ҳолатига қайтди.
Ўйланиб қолганимни кўриб унинг ғайратига ғайрат қўшилди, курткаларни яна мақтай кетди. Ёнимда пулим йўқлигини айтиб, гапини чўрт кесдим ва ўз йўлимга кета бошладим. У эса машинасини ўт олдириб, мен билан бақамти ҳайдашга ўтди.  
“Ёнингда бўлмаса, банкингда бордир, ўтир машинага, яқинроқдаги банкоматга борамиз”, деди ойнадан калласини ташқари чиқариб.
Шунда томоғимга аччиқ бир нима тиқилгандек бўлди, ростмана жаҳлим чиқди.
“Банкда ҳам пулим йўқ”, дедим унга.
“Бу ерда пулсиз яшаш мумкин эмас-ку, қандай тирикчилик қиляпсан?”
Унинг хира пашшадек ёпишиб олгани аччиғимни ўн чандон оширди. Беихтиёр метро бекатларига тушишдаги “Beware of pickpockets!” (Чўнтаккесарлардан эҳтиёт бўлинглар!) деган ёзувлар кўз олдимга келди. Унинг ёнига яқинроқ бордим ва энгашиб, аста қулоғига шипшидим:
“Чўнтак кесаман”.
Унинг кўзлари қинидан чиқиб кетаёзди, машинасини бўкиртириб газ босганча хайр-мазурни насия қилди. Ярақлаб турган янги “мерседес” ортидан тикилганча кулиб юбордим. Бу Лондонга келганимдан буён илк марта кулишим эди. Сўнг худди Ҳолливуд киноларида кўрганимдек “Welcome to London!” деб қўйдим.

Лондон, 1997 йил.

“MAMMA MIA!”

Крисмис, яъни, Мавлуд байрами кунлари бутун Британия кўзни қамаштирадиган ялтир-юлтур чироқларга кўмилиб деярли бир ҳафта дам олади. Одамлар ҳафталик озиқ-овқатни олдиндан ғамлаб олади, чунки дўконлар сурункасига тақа-тақ ёпилади. Ичадиганларнинг куни туғади: ишга чиқмай бир ҳафта ичади кўпчилик. Ижарада турган жойимда қўшним бор эди, Чандра деган, асли Шри Ланкалик ҳинд аёл. Доктор бўлгани учун кўп фойдали маслаҳатлар олиб турардик. Кичкина хусусий шифохонаси бор эди. Суҳбатлашиб қолсак, нуқул инглизларни ёмонларди:
“Одаммас булар! Ичишдан бошқа нарсани билмайди. Шунинг учун мен бирорта инглизни ишга олмайман. Мана ўзинг айт, ижарага уй қидиришда роса қийналдингми? Ҳа, ана! Боланг борлигини эшитса, бирортаси сени ижарага қўймайди. Йўқ, буларга боланг эмас, ит-мушугинг бўлса яхшироқ. Чунки болалар деворнинг қоғозгулига сурат солиши ёки йиртиб юбориши, оромкурси устига чиқиб сакраши мумкин-да. Устига устак эрта-кеч дўпир-дўпир югуриб қўшниларни безовта қилади. Ит-мушук бўлса айтган жойингда туради, хархаша қилмайди. Буларнинг аксарияти, айниқса, кекса ёшдагилари болаларга худди ўзга сайёрадан келиб қолган мавжудотдек қарайди. Булар невара боқмайди-да, шу сабаб кўпчилиги ҳатто болалардан қўрқади.”
Ёши олтмишларга яқинлашиб қолган, сийрак мошкичири сочлари доим патраб турадиган, бироз букчайиб, лекин дадил қадам ташлайдиган, зумрад рангли  “Тойота-Королла” хэчбек машинасига ўтирганида калласи зўрға кўриниб турса-да, газни қўрқмасдан гувиллатиб босадиган бу кампирнинг сўзларини тинглаб турар эканман, бироз ошириб юбормадимикин, дея мулоҳаза қиламан. Лекин ўзим ижарага уй қидирганда дуч келган қийинчиликлар, ҳар тонг туриб ижара эълонлари чиқадиган, сариқ қоғозда чоп этиладиган, бир паундлик “Loot” деган газетани шошилинч варақлаб, аксар эълонлар шартида “No children” деган ёзувга кўзим тушиб жиғибийрон бўлган пайтлар ёдимга тушади. Кўчада бир эмас, беш-олтита ит етаклаб юрадиган кампирларни эслаб, Чандра хонимнинг гапида ҳам жон бор, дейман.
Индамай унинг сўзларига қулоқ солиб турганимни кўриб, кампиршо гапида давом этади:
“Мана, Крисмис келяпти, бу ердаги ичувчиларга худо беради. Биласанми, баъзи инглизлар шунақанги ичади-ки, пули қолмаса, бировнинг уйига тушиб, бор-будини кўтариб чиқиб, сотиб ичади.”
“Чандра хоним, сиз ўзингиз шу мамлакатга келиб докторлик мақомини олдингиз, олти ўринлик хусусий шифохонангиз бор, яқинда қизингиз ҳам янги шифохона очганини айтгандингиз. Бир муҳожир бу юртга келиб эришган даража шунчалик бўлар-да, бу шўринг қурғур инглизларни намунча танқид қиласиз?” деган гап тилимнинг учида туради, лекин индамайман, майли, бир дардини тўкиб солсин, дейман. Кампир эса муддаога кўчади:
“Қизим янги шифохона очганини сенга айтган эдим. Ҳали ишга тушмаган, лекин яқинда таъмирдан чиқардик, ҳамма нарсаси тахт. Мен қизим ва куёвим билан беш кунга Шри Ланкага кетяпман. Сендан илтимосим шуки, ҳар куни кечқурун бориб бир хабар олиб келсанг, чироғи ёниб-ўчиб турса, уйда одам борлиги билиниб турарди, ўғрилар яқин келмасди. Айтдимку, бу Крисмис пайти дайди ва алкашлар ичкилик учун ҳеч нарсадан тоймайди. Шуни сендан илтимос қилишни ўйлаб юрувдим. Бу ердан узоқ эмас, бензин пулингни ҳам тўлайман. Қани айт, нима дейсан?”
Доктор бўлгани учун кампирга ишимиз тушиб туради, қолаверса, айтган жойи узоқ ҳам эмас экан, рози бўлдим. Эртасига Чандра хоним икки қаватли, Виктория русумида қурилган бежирим бинодаги янги шифохонасини кўрсатди ва менга калитини қолдирди.
Ҳар куни кечқурун бораман, хонама-хона юриб, безакларини томоша қиламан. Ижарага зўрға уй топган пайтларим ёддан кўтарилиб бегона юртда беш хонали, бизда вилла дейиладиган уйнинг хўжайинидек ҳис қиламан ўзимни. Ҳеч қурса тўрт кун шу уйга хўжайинлик ҳиссини совға қилгани учун Чандра хонимга хаёлан раҳмат айтаман.
Йигирма бешинчи декабрь Мавлуд байрами куни, инглизларда совға-салом улашиш ва зиёфатлар палласи, ким энг катта курка товуқ пиширгани ҳақидаги баҳслар авжида. Шу куни кечқурун менга ишониб топшириб кетилган уйга соат ўндан кейин бордим. Хонама-хониб кезиб, “хўжайинлик” ҳиссига тўйганимдан кейин ижарагоҳга қайтдим. Йўлнинг икки чети бора-боргунча бир-бирига деярли тиркаб қўйилган турфа русумдаги автомобилларга тўла бўлса-да, кўчаларнинг ўзи бўм-бўш, на бир тиқ этган товуш бор, на бир ҳаракат қилган машина, на бирор одам зоти кўринади, ҳамма уйидан чиқмай зиёфат қилиб ётган. Ўзимни ҳатто кўчага ҳам хўжайин сезиб, тор, лекин чароғон кўчалардан яқинда 300 паундга сотиб олган “Ford” компаниясининг икки эшикли, лекин тўрт ўриндиқли алвон ранг “Fiesta” машинасини гувиллатиб ҳайдайман. Ҳа айтганча, бизда икки эшикли дейилса-да, инглизларда уч эшикли дейилади, орқасидаги тепага кўтарилиб очиладиган эшиги ҳам ҳисобга ўтади.
Бу машинани бир қора танли олибсотардан олганимга ҳали кўп бўлгани йўқ эди. Машинани олган куним мақтаниб қўйиш учун Ҳамид акага қўнғироқ қилгандим. Кечқурун Ҳамид ака машинамни кўргани келганида “Лондрада мендан кейин машина олган иккинчи ўзбек сиз бўлдингиз” дегани ёдимда. Британияда ҳаракат йўлнинг чап томонида бўлгани боис дастлабки кунлари роса қийналдим. Фақат тунда чиқаман машина ҳайдагани, чап томонлама ҳаракатга кўникишим керак-ку. Чорраҳа ва бурилишларга келганда ўзимизнинг одатга кўра йўлнинг ўнг томонига ўтиб кетганимни билмай қолган пайтларим кўп бўлган. Шу пайтлар қарама-қарши томондан келаётган машина ҳайдовчилари қолиб, йўлакда сайр қилиб юрган инглиз чолу кампирлар ҳам менга бақирган пайтлари бўлган. Эсласам, ҳозир ҳам хижолатга тушаман, лекин юрак ҳам бўлган экан-да ўша пайтлар, деб қўяман тасалли учун.
Хуллас, кимсасиз кўчадан кетиб бораётган пайтим йўл четида уч-тўрт чоғли одам қораси кўринди. Улардан иккитаси менинг йўлимга чиқиб, тўхтатиш учун қўл силкий бошлашди. Иккови ҳам давангирдек, гандираклаб йўлга чиқиб келди.
“Ана, Чандра хоним айтган алкашлар шулар бўлса керак”, деб ўйладим-да, тўхтамай ғизиллаб ўтиб кетдим. Уларнинг ортимдан бақириб қолганини кўзгудан кузатар эканман, йўлакда яна бир аёл ва зўрға қадам ташлаётган қари кампир борлигини ҳам илғаб қолдим. Ўз-ўзидан тормозни босдим. Машина ғийқиллаб тўхтади. Ортимга ўгирилмай, кўзгу орқали бу одамларни синчиклаб кўздан кечирдим. Сўнг машинани ортга ҳайдаб, уларга яқинлашдим. Давангирлардан бири эшикни очди:
“Салом оғайни. Йўлинг шу томонга бўлса, илтимос бизни ола кетгин. Қара! Кўчада улов тугул одам зоти кўринмайди. Биз шу ердан бир чақирим нарида турадиган акамнинг уйига кетяпмиз.”  
Кампир олди ўриндиққа ўтирди, икки давангир ва бир аёл орқа ўриндиққа зўрға сиғди. Анчагина чўкиб олган эски машинам пўриллаб ўрнидан қўзғалиши билан елкамга гурзидек қўл тарсиллаб тушди:
“Ростини айт, оғайни, тўхтамоқчи эмасдинг, онамни кўриб қолиб қайтиб келдинг-а?”
Девдек одамнинг мени ўзига яқин олиб самимийлик билан қилган қилиғидан елкам оғриб, ғашим келса-да, унинг байрамона кайфиятини бузмай бош ирғаб қўйдим.
“Ана кўрдиларингми!? Мен айтдимку, кекса онажонимизни кўриб бу йигит шунча узоқдан ортига қайтиб келди. Ўзимизга ўхшаган қарияларни ардоқлайдиган юртдан шекилли. Оғайни қаердансан?”
Албатта, уларга Ўзбекистон қаерда жойлашгани ва қисқа тарихи ҳақида гапириб беришга тўғри келди. Бир қаҳва ичгулик вақт ўтмай эшиги тўқ сариқ, деворлари тўқ қизилга бўялган уй ёнида тўхтадик. Улар машинадан қийналиб чиқишди. Елкамга қўл ташлаган давангир “Оғайни кетиб қолмай тур, сени акамга таништирмоқчиман”, деди.
Эшик очилиб, ичкаридан бу икки давангирдан ҳам гавдали, елкасидаги пайлари футболкаси чокларини сўккудек бўртиб турган киши чиқиб келди. Шу аснода иссиқ ҳовур ичкаридан аччиқ ҳинд зираворлари ва майонезга бўктириб пиширилган мазали курка гўшти ҳидини ташқаридаги декабрнинг совуқ ва намчил ҳавосига олиб чиқди-ю, атрофга дув таратиб юборди. Уч ака-ука хушчақчақ бақириб-чақириб, қучоқлашиб кўришди, кампирни қўлидан аста етаклаб ичкари олишди. Кейин ҳалиги давангир акасига мени мақтай кетди.
Аввал буларнинг ҳой-ҳойлашига қарамай тўхтамай ёнидан ғизиллаб ўтиб кетганим, кейин имиллаб келаётган кекса онахонни кўриб қолиб, аллақанча узоқдан эринмай машинамни ортга тисалтириб келганимни завқ билан гапирди. Давангирларнинг каттаси мен билан қучоқлашиб кўришди, ичкари таклиф қилди, биз билан байрам дастурхонида ўтиргин, хурсандчилигимизга шерик бўл, деди. Мен уйда оилам кутиб қолганини айтиб кўнмадим. Пул бермоқчи бўлди, яна кўнмадим: ўзи йўлимнинг устида экан, арзимаган иш.
Шунда у шошмай тур, дея тор йўлакда чопаётган болаларни бошидан бир-бир ушлаб четга суриб, худди белга уриб қолган  экинни пайҳон қилмаслик учун эгатда ҳали ўнг ҳали чап ўгирилиб кетаётган деҳқондек ичкари кириб кетди-да, кейин қўлида бир шиша Шотланд вискисини кўтариб чиқди.
“Мана буни уйингга борганингда онажонимга кўрсатган марҳаматинг эвазига ичгин, онажоним соғлиғи учун ҳам бир марта кўтарсанг, яна миннатдор бўламиз”, деди у. Кейин учовлон қуюқ хайрлашди.
Кимсасиз кўчада яна машинамни елдек ҳайдайман, юз берган воқеа туфайли кўз олдимга Чандра хоним келади.
“Чандра хоним, мана булар ҳам жуда сиз айтгандек одамови эмас экан. Она иззатда, уй тала фарзанд. Беш қўл баробар эмас, деган ўзбек мақоли ҳамма ерда ҳам бирдек экан”, каби гаплар хаёлимдан ўтади ва вағиллатиб газ босаман, кўнглим тошади, қишлоқда қолган онажоним ёдимга тушади.

Палмерс Грин, Лондон, 1999 йил.


ҲАРЛЕЙЧИ БАЙКЕР МЕТАФОРАСИ

Милвоки шаҳри АҚШ ва Канада чегарасидаги Буюк кўллардан бири, Мичиган кўлининг соҳилида жойлашгани туфайли денгизбўйи шаҳарлари каби эрта-кеч совуқ шамол эсиб туриши ва кучли ёмғирлари билан эсда қолади. Лекин кўл иқлими боис бу ерларда қиш илиқ келса-да, қор қалин ёғади, дейишди.
Шаҳарнинг номи ҳиндулар тилида Millioke, яъни “файзли ўлка” ёки “сув ёқасидаги қўналға” маъноларини берар экан.  
Милвокининг яна бир эсда қоларли жиҳати – бўм-бўш кўчалар. Бежирим ва ораста бу шаҳар маркази аксар талабалар туфайлигина гавжумга ўхшайди. Машҳур Марквет университети талабалари кўчага чиқмаса, шаҳар худди ҳувиллаб қолгандек.
Денгизмонанд кўл туфайли балиқчилик яхши ривожланган, жума кунлари барча ресторанларда дастурхонга фиш фрай, яъни  қовурилган балиқ тортилади. Шаҳарда  дастлаб олмонлар келиб пиво пиширувчи корхоналар очгани учун ҳозирга қадар уларнинг анъанаси сақланиб қолган. Икки аср аввал Милвоки “Пиво шаҳарчаси” номи билан ҳам танилган экан. Машҳур ва қадимий Лэйкфронт пивохонасида арпа ва буғдойдан ташқари ошқовоқдан ҳам пиво пиширилишини кўрдик, таъми чучук, лекин ёқимли.   
Шаҳарнинг сайёҳлар учун диққатга сазовор дея ҳисобланган яна бир манзили ташқаридан кичкина, лекин ичкарига кирилса хоналари ҳашаматли ва зиналари кенг уч қаватли, ҳозирда музейга айланган тарихий бино экан. Уйни икки юз йиллар аввал олмон денгиз капитани қурдирган ва хонадонида шаҳарнинг казо-казоларига зиёфат беришни одат қилган экан. Икки юзи ўзимизнинг “беш юлдуз” олмадек қип-қизил, семизлигидан ҳарсиллаб, бақбақаларини силкитиб, завқ билан гапирадиган кекса олмон хоним бизни хонама-хона етаклаб, ҳар бир нарсага батафсил таъриф беради.
“Мана бу ваннада капитаннинг ўн етти яшар қизи чўмилиб, кейин мана бу тошойнага қараб сочларини тараган,” дейди у гап орасида кўзгуга қўл текизмоқчи бўлган ҳиндистонлик ҳамкасбимга бетакаллуф танбеҳ бериб. Хонимнинг ортидан капитан қизлари ётоғига ўтар эканмиз ҳинд ҳамкасбим менга аста шипшийди: “Икки юз йиллик ёдгорлик… биз эса икки минг йиллик обидалар ўлкасидан келганмиз…”
Кейинги куни Мэдисон тиббий илмгоҳида саратон касалига қарши кураш йўлида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар билан танишдик. Илмий лабораторияда сунъий ўстирилаётган инсон ҳужайрасини заррабин орқали кўрдик. Агарда шундай ҳужайра ўстириш йўлга қўйилса, саратон касалига даво топиш мумкин бўлади, дейишди америкалик олимлар.  
Марквет университети журналистика факультетида бизни, яъни, Осиё ва Жануби шарқий осиё мамлакатларидан келган журналистларни жуда илиқ кутиб олишди, дарс жараёнини кузатиб ўтиришга таклиф этишди. Дарслар эркин ўтилар экан, талабалар дарс пайти қаҳва ичиб ёки бир марталик елим идишларда овқатланиб ўтиришибди. Асосийси натижа, баъзи дарслар талабаларга қулай бўлсин деб кечки овқатдан кейин ўтилади, дейишди бизга.
Университетда биз бир кунлик журналистика амалий курсини ҳам ўтадик. Бугунги журналистика анча илғорлаб кетган, бир пайтнинг ўзида хабар ёзиш, сурат ва  видеога ҳам олиш талаб қилинмоқда экан. Аксариятимиз текст билан ишловчи журналист бўлганимиз учун кун бўйи суратга тушириш, видеога олиш ва олинган тасвирни компютерда монтаж қилиш билан машғул бўлдик. Бу иш анчагина қийин экан, айниқса видеони монтаж қилиш. Уч кишилик гуруҳларга бўлиниб, ҳар бир гуруҳга биттадан орқага илинадиган оғир сумка тутқазишди, ичи тўла анжомлар, диктофон, микрофон, фотоаппарат, виедокамера ва компютер. Хуллас, бугунги америка журналистининг анжомлари. Эртасига якшанба бўлгани учун ҳар ким хоҳлаган мавзусида лавҳа тайёрлаб келсин, кейин муҳокама қиламиз, дейишди. Менинг гуруҳимдаги журналистларнинг бири қозоғистонлик, иккинчиси бутанлик эди.     
Эрталаб Висконсин штатининг фахри ҳисобланмиш Ҳарлей-Дэвидсон музейига йўл олдик. Музей бу икки ғилдиракли “дулдул отнинг” яратилиш тарихи ҳақида ҳикоя қилади. Болаликдан дўст бўлган Вилям Ҳарлей ва Артур Дэвидсон ўзларининг дастлабки моторли велосипедини 1920 йилда, шу ердаги кичик устахонада яратишган экан. Кейинчалик Америка йўлларини зир титратиб юрадиган дунёга донғи кетган мотоциклларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйишган. Биз шу ҳақда қисқа лавҳа тайёрламоқчи бўлдик.  
“Дулдул от” деб бекор айтганим йўқ. Музейдан ҳамкасбларимдан аввалроқ ташқари чиқдим. Шу пайт икки нафар байкер (мотоциклчи) охирги русумдаги, цилиндридан тортиб тутунқувурига қадар кумушдек ялтираб кўзни оладиган Ҳарлей-Дэвидсон мотоциклини ҳайдаб келиб қолди. Иккови ҳам соқол қўйган, узун сочини ҳиндулар каби орқасига турмаклаган ва пешонасига бири қора, бири қизил рўмол танғиган. Улардан бирининг қулоғида сирға, бармоқларида одам бошчаноғи шаклидаги кумуш узук. Эгнидаги қора чарм куртка ва шими  оғирлигидан аскарларнинг совутига ўхшаб кетади.
Лавҳа учун ажойиб қўшимча бўлади дея мен улардан интервью сўрадим, улар бажонидил рози бўлишди. Ҳамкасбларим музейдан чиққандан сўнг бири видеокамерани, бошқаси фотоаппаратни ишга солди. Мен қўлимга микрофон тутиб, байкерлардан Ҳарлей-Дэвидсон мотоциклари ҳақида сўрай кетдим. Интервьюни енгил ва жонли якунлаш учун уларнинг биридан мотоциклини ўт олдириб, бир газ босиб кўришни сўрадим. Байкерлардан бири буни қойиллатиб бажарди ва сўнг “энди ўзинг ҳам бир синаб кўр,” деди. Мен газни бураган эдим, мотоцикл бир гуриллади “дул-дул-дул” қилиб, бу қудратга тўла ва айни пайтда тиниқ овоз эди. Худди учар дулдул от пишқириб, ер депсиниб тургандек. Мотоциклнинг қудрат билан титраши баданимни зириллатиб, томирларимни ўйнатиб юборгандек бўлди. Гўё унинг моторидаги қувват менинг билагимда пайдо бўлмоқда.
“Катта йўлда бу “дулдул отни” чоптирсанг, завқи бошқача бўлса керак?” дедим унга микрофон тутиб.   
“You say it!? . It’s like as if … runs in your blood. You will forget everything, your work, your wife, your children,” деди у гўштдор бармоқларини бир-бир букиб, кейин бахтиёр илжайди.
Хуллас, буни катта йўлда ҳайдаганингда “қонингда … кўпириб оққандек бўлади, иш, хотин, бола-чақа, рўзғор деган нарсани буткул унутасан,” деди у.
Байкернинг бу гапини ҳозир эслар эканман, у метафора сифатида ишлатган ва мен юқорида уч нуқталар орқали ишора этганим сўзни ёзсамми, йўқми, деб узоқ ўйландим. Албатта, эртасига биз тайёрлаган лавҳада байкернинг гапи тўлиқ эди. Бироқ бизнинг жамиятда бу сўзни метафора учун қўллаш гиёҳвандлик ташвиқоти сифатида кўрилиши ҳам мумкинлиги ҳақида ўйлаб қолдим. Оқибатда унинг гапини “сензура” қилишга қарор қилдим, ёки бу ишим нотўғри бўлдими..? Яна билмадим…

Милвоки, Висконсин штати, АҚШ, 2008 йил.

МАЛЬБОРО, БЕРЕТТА ВА РЕМИНГТОН

Гуруҳимиз кечқурун шаҳардаги театрда довруғи кетган янги мюзиклни кўришга таклиф қилинган эди. Эртаси тонгда эса нам ва сершамол Милвокига сафаримиз якунланиб, қайдасан қуёшли Сан-Диего деб мамлакатнинг жанубига, Мексика билан чегарадош шаҳарга учишимиз керак. Юнусободнинг “Уч қаҳрамон” бозоридан олган жомадоним сафар давомида самолётдан самолётга ўтиб, юкхоналарда ирғитилавериб силласи қурибди, қилтиллаб зўрға турибди, “ортиқ чидолмайман” дегандек. Янгисини олмай иложим йўқ эди, шу сабаб кечқурунги томошага бормайдиган бўлдим.
Автобус гуруҳимиздаги журналистларни театрга элтгач, мен ҳайдовчи билан ортга, савдо марказига қайтдим. Ҳайдовчи ёши олтмишларга яқинлаб қолган жуссаси кичик, камгап оқ танли киши эди. У билан йўлма-йўл суҳбатлашиб келдик, матбуот аҳволидан гап очилиб қолди.
“Бизда матбуот эркинлиги борлигига сира ишонмайман. Мана, Барак Обамани президентликка сайлашда матбуотда фақат бир томонлама  кампания бўлди. Обамага қарши бўлганларнинг овозини ҳеч ким эшитмади. Биров қулоқ солмади гапимизга. Бу катта ўйин, Америка матбуоти эркин дейилгани билан барибир шу  ўйиндаги асосий иштирокчилардан биттаси. Қани шу гапни мен айтиб кўрай, ким буни газета юзига чиқараркин, йўқ, буларнинг бари бир гўр”, дейди у қўл силтаб.  
Савдо марказига келгач, ҳайдовчи бу ерда тўхтаб туриш мумкин эмаслиги, лекин  дўкондан чиқадиган пайтимга қайтиб келишини айтди. Мен дўконда қанча вақт бўлишимни билмаслигим ва меҳмонхона узоқ эмаслиги, ўзим пиёда кетаверишимни айтдим. Лекин у мени тўхтатди:
“Сизларга бу шаҳар, айниқса, меҳмонхона атрофи хавфли ҳудуд эканини ҳеч ким айтмаган кўринади. Шаҳарда қурол кўтариб юрадиган беъмани одамлар талайгина. Майли, ўзинг кетмоқчи экансан, эҳтиёт бўл, зарур бўлса менга қўнғироқ қил”, дея ташриф қоғозини узатди.
Дўконга киргач ҳайдовчининг ташриф қоғозига кўз югуртириб, ҳайрон қолдим. У хусусий изқуварлик фирмасида ҳам ишлар экан. Кеча непаллик ҳамкасбим шу ҳақда гапираётганди, АҚШда доимий яшайдиган бир таниши кечаси кўчаларда ўта эҳтиёткор бўлиш лозимлиги ҳақида огоҳлантирибди. Мен унинг гапларига эътибор бермадим. Чунки ҳали Вашингтон шаҳрида эканимиздаёқ гуруҳимиз бошлиғи Райан деган йигитдан бу ҳақда сўрагандим.
“Сен сира хавотир олма! Мулоҳазакор,  сезгир, атрофдаги вазиятни ҳеч қурса ўрта даражада таҳлил қила оладиган одам ҳатто тунги Нью-Йоркда ҳам бехавотир юрса бўлади”, деганди у.  Лекин одам ёши улғая борган сари қўрқув ҳиссига кўпроқ берилар экан, эҳтимол бу ўта эҳтиёткорликдандир.
Бироқ ҳайдовчи-изқувар бекорга огоҳлантирмади-ку, изқувар бўлганидан кейин кўп нарсани билади-да. Шу ўй билан улкан дўконни кезар эканман, кеча кечқурун интернетда шаҳар тарихи ҳақида ўқиганим бир қизиқ воқеа ёдимга тушди. Америка тарихидаги энг шов-шувли ва жумбоқли воқеалар президентлар ҳаётига суиқасд билан боғлиқ. Милвоки шаҳрида 1912 йилнинг октябрида АҚШнинг йигирма олтинчи президенти Теодор Рузвелт жонига суиқасд қилинган экан.
Икки президентлик муддатидан сўнг учинчи марта ўз номзодини қўйган Рузвелт шаҳардаги Гилпатрик меҳмонхонаси олдида халқ билан  учрашаётган пайт бир киши унга яқин келиб ўттиз икки калибрли ўқ билан унинг юрагини мўлжаллаб отади. Буни  қаранг-ки, президентнинг чап ён чўнтагидаги кўзойнак ғилофи ва икки букланган маъруза матни туфайли ўқ секинлаб, унинг юрагига етиб бормайди. Рузвелт енгил эт жароҳати олади, холос. Президент  нутқини белгиланган вақтида бошлаш учун танасидаги ўқ билан сайловчилар ҳузурига йўл олади. Бир неча сўздан кейин у ён чўнтагидан тешилган ва қонга беланган қўлёзмани олади:
“Кўрдингизми? “Шохдор буғу”ни ўлдириш учун битта ўқ камлик қилади”, дейди у ва бир соатга яқин нутқ сўзлагандан кейингина шифохонага олиб кетилади.  Рузвелтнинг Республикачилар партиясидан ажраб чиққан Тараққиёт партиясига “Шохдор буғу” лақаби берилган. Рузвелтга “ўзингизни президентликка лойиқ деб кўрасизми” деган савол берилади, у эса “худди шохдор буғудек лойиқман” дея жавоб бергани туфайли бу лақаб келиб чиққан экан. Унинг “Шохдор буғу” партияси 1914 йилга келиб тарқаб кетади.
Рузвелтнинг жонига қасд қилишга уринган Жон Шранк (John Schrank) деган киши эса шаҳардаги ресторан эгаси бўлиб, у дарҳол ҳибсга олинади. У Рузвелтнинг учинчи муддатга сайланишига қарши бўлган экан. Шранк руҳий шифохонага жўнатилади ва 1943 йили ўша ерда вафот этади.          
Дўкондан ўзимга ёққани – пишиқ,  ялтироқ ғилдираклари худди спорт машинасини эслатадиган  жомадонни судраб чиқдим-да, меҳмонхона томон йўл олдим. Шу пайт йўлнинг нариги тарафидан сигнал чалинди, қарасам, автобус ҳайдовчиси қайтиб келиб, мени кутиб турган экан. Унга кўпдан-кўп раҳматлар айтиб, меҳмонхонага етиб келдим. Хонамга чиқиб, нарсаларимни янги жомадонга жойладим ва эскисини ташқарига, ахлат идишлари турган жойга элтиб, хурсанд ҳолда хонамга қайтдим. Мана энди сафарни давом эттиришга шайман. Бироқ тамаким тугаб қопти.
Эрталаб ёнимиздаги супермаркет ёпиқ бўлади, ҳозир бориб кела қолай деган ўй билан олтинчи қаватдан яна пастга тушдим. Супермаркет меҳмонхонанинг орқа тарафида. Олдида автоуловлар қўйиш учун катта майдони бор, доим бўм-бўш туради, лекин ҳозир иккита машина турибди. Икковида ҳам  қора танли кишилар тиқилишиб ўтиришибди. Мусиқа баландлигидан машинанинг томини ўпирадиган жаҳди бор. Улар менинг ортимдан шубҳали кузатиб қолишди. Дўконга кираётганимда машиналардан бирининг эшиги очилиб, давангирдек бир қора танли ҳам дўкон томон йўл олганини кўрдим.
Дўконда ичида фақат  биргина, бўйи деярли икки метрга яқин оқ танли киши бор экан. Ўнг томондаги ойнавандли хона ичида бошига турбан ўраган ҳинд дўкончи ўтирибди. Афтидан сингх бўлса керак. Тўрт кун ичида ундан икки марта тамаки сотиб олдим. У ҳам мени таниб қолган, лекин сездирмайди. Бетакаллуф, бошидаги алвон ранг турбанини айтмаса, юзида истара деган нарса йўқ. Харидор дўкондаги ҳамма нарсани пештахтадан олиши мумкин, фақат тамаки мана шу ойнаванд хонанининг ичида, дўкончининг ортидаги токчага териб қўйилган. Шу сабаб, ёқмаса-да, дўкончига мурожаат қилишга тўғри келади. Ҳозир у компьютерда нималарнидир ҳисоблаб ўтирибди, лекин пештахталар оралаб юрган анови баланд бўйли, ёмғирпўшининг ёқасини тикка кўтариб олган оқ танли кишини зимдан кузатяпти.  
Мен дўкончидан бир қути Мальборо беришни сўрадим. Америкада тамаки қиммат, бир қутиси 11 доллар туради. Пулини тўлаш учун кармонимни очган пайт бояги баланд бўйли оқ танли киши ёнимга етиб келди. Қайтимини олаётганимда ҳинд дўкончининг кўзида пайдо бўлган хавотирдан ёнимдаги кишининг авзойи яхши эмаслигини ҳис этгандек бўлдим. Бундай пайтлар нотаниш кишининг кўзига қарамаслик керак, деган гап ёдимга тушди. Қандай воқеа юз бериши мумкин, деган ўйдан юрагим шувилларди.
“Ҳей, Оғайни! Менга уч дона сигаретангдан бер!” деган пихиллаш ва пишшишлаш аралаш йўғон овоз янгради қулоғим тагида. Шундагина бу оқ танли кишига ўгирилиб қарадим. Соқоли ўсиб кетган, ўткир, чағир кўзлари тикка боқадиган бу одам қўлидаги ғижим ва кирланиб кетган бир долларни менга узатиб турарди. Мен шоша-пиша тамаки қутисини оча бошладим. Аксига олгандек, қутини очишга доимгидек қўлим келмасди. Вақт роса чўзилиб кетаётгандек туюлди. Ҳинд дўкончи эса қилт этмай икковимизга қараб турарди. Ниҳоят тамаки қутини бир амаллаб очиб, уч дона сигарета чиқардим. Қўққис ортимдан оқ танли одамнинг овозидан ҳам йўғонроқ товуш момақалдироқдек гумбурлади:
“Тўхта! Бу ғирт аблаҳлик, ўта ғирромлик-ку!”
Боя ташқарида кўрганим девқомат қора танли киши тепамда турарди.  
“Қанақасига уч дона!? Бир долларга икки дона сигарета бўлади”, деди у оқ танли одамга қараб.
“Сени нима ишинг бор!? Бор, тезагингни тер!” деди оқ танли дарғазаб.
“Нега ишим бўлмас экан, сен ғирт аблаҳлик қиляпсан-ку.”
“Эй, сен мағзава! Бу ер Америка! Ҳар ким билганини қилади. Ҳамма эркин ва озод!”
“Ҳа, ҳа! Биз Америкада яшаймиз. Ҳамма эркин ва озод. Лекин ҳар ким ўз ҳаққини талаб қилишга ҳаққи бор! Адолат ҳамма учун.”
“Менга қара, мазе… Баркашдек башарангдан энангни ўчоғидек дарча очиб қўймасимдан туёғингни шиқиллат бу ердан”, деди оқ танли Беретта тўппончасини қўйнидан чиқариб.
Қора танли бўш келмасди:
“Куйдирган каллани кўрганмисан? Башарангни шанба кунлари онанг чорбоғда пиширадиган барбэкюга ўхшатиб қўяман”, деди у револьверини чиқариб, кейин  тепкисини чиқиллатиб юқорига тортиб қўйди.
Мен тепамда бир-бирига ўқталган икки тўппончага қараганча қотиб қолгандим. Бошига турбан ўраган ҳинд ҳамон миқ этмасди, учовимизга тикилганча серрайиб турарди.
“Бир дона сигаретага ота гўри қозихонами? Мана учта сигарета, пулинг ҳам керак эмас,” дедим ниҳоят ўзимга келиб.  
“Йўқ, пулини ол, икки дона сигарета бер!” деди менга қора танли оқ танлидан кўз узмай.
“Йўқ! Пулни ол-да, уч дона сигарета бер!” деди менга оқ танли қора танлидан кўз узмай.
“Қани ҳамманг ташқарига чиқ, йўқса ҳозир полиция чақираман”, деди ҳинд пештахта тагидан Ремингтон милтиғини чиқариб. Лекин у милтиқни кимга ўқталишини билмай  гарангсиб қолди.
Дўкончи қоронғу кўчага ҳайдаб солса, иш чатоқ бўлиши тайин эди, жон керак бўлса айни дамда “отни қамчилаб” қолиш керак.
“Тўхтанглар! Оғайнилар, ахир биз ёш бола эмасмиз-ку!? Мана, мен бир долларни оламан, унга икки дона сигарета бераман, ва учинчисини шунчаки, чин кўнгилдан унга ҳадя қиламан, розимисан?” дедим қора танлига қараб.
Қора танли бош ирғагандек бўлди, лекин ҳеч нарса демади. Оқ танлининг қўлига уч дона сигарета тутқазиб, эзғиланган бир долларни олдим-да, дўкондан зинғиллаб чиқиб кетдим.
Меҳмонхонага кириб хонамга қандай кўтарилганимни билмайман. Тамаки қутисини стол устига ирғитдим-да, ўзимни юмшоқ, лекин совуқ оромкурсига гуппа ташладим. Кейин тамаки қутисидаги ёзувга кўзим тушиб, негадир уни овоз чиқариб ўқидим:    
“Smoking kills.”

Милвоки, Висконсин штати, АҚШ, 2008 йил.