– Қанча бўлди касал бўлганингга, Кулдиргич?
– Уч йил.
– Биринчи касал бўлган кунинг зўр-а!? Ҳамма сени кўргани келади!
– Ҳа, ҳақиқатан ҳам, зўр бўлади… роса кўпчилик келади биринчи кунлари. Сендаям шунақа бўлганми, Бойбўта?
– Ҳа, шунақа бўлган, ҳамма қариндошларимиз келган. Бир кунда етти-саккиз киши келарди. Опкелган нарсалардан маза қилардим.
– Менга кичкина аммам қарарди, ўзи ҳам касал эди, лекин рўзғорни эплай оларди. Турмуши бўлмагани учун бизникида яшарди, сиқилавериб, менга ўхшаб касал бўлганди… Характери зўр эди-да, аммо-лекин… Кейинроқ касал кўргани келган одамлар камаяди. Агар касалинг бирдан ёмонлаб қолса, қариндошларинг яна янгитдан келишни бошлайди.
– Мендаям худди шунақа бўлган! Бориб-бориб ҳеч ким келмай қўяди. Айтдинг-ку, қачон оғирлашиб қолсанг, одамлар яна ҳар куни келишни бошлайди. Охири зерикади шекилли, кам келади, келганлари ҳам фақат қуруқ нон кўтариб келади. Бир куни анча оғир ётганимда бирданига кўп қариндошларимиз келган. Ярим тунгача ўтиришган. Уларнинг гапларини эшитиб ётардим, кўнглим айниб, қайт қилаверганимдан ҳеч нарса емаганман кун бўйи. Улар дастурхон атрофида ўтиришиб пўрр-пўрр овоз чиқариб кўк чой ичар, алланарсаларни ғўнғиллаб гапирарди: уйга худди қовоқари қамалиб қолганга ўхшарди. Баъзан ҳамма жимиб қоларди: қовоқари ойнага урилиб, дераза токчасида турган гултувак ичига қулади деб ўйлардим ўзимча. Онам шунда жимликни бузиб, тўхтовсиз: “Дастурхонга қараб ўтиринглар, меҳмонлар, олинглар, олинглар!” дерди. Кейин отам ҳам қўшилиб “Олинглар, олинглар,” деб қўярди. Энамнинг кўзи кечқурун яхши кўрмасди, лекин у ҳам меҳмонларга “Қани, олмайсизларми? Қаранглар дастурхонга!” дерди. Шунда меҳмонларнинг ҳам “Қани? Қани? Олиб ўтиринглар-чи!” деган овози келарди. Мен ярим тунда улар нима ейишяпти экан деб бош ўгириб қараганимда, дастурхонда қўшнимиз Сойиб тегирмончи куйдириб чиқарган ачимсиқ-тахир ундан ёпилган қора ноннинг қотган бўлтамларидан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Нонга ҳеч ким қўл узатмас, лекин ҳамма “Ҳа, оляпмиз!” деб бош ирғаб қўярди, холос. Фақат шаҳарлик тоғам уялганидан қўлига нон олиб, тиши ўтмаганидан чойга ивитиб еб ўтирарди. Шунда тоғам ноннинг гардишини тишлаб ўтирганини кўрдим. “Ҳа, тоғам энди шаҳардан эмас, қишлоқдан уйланар экан”, деб ўйладим. Биласанми, Кулдиргич, ноннинг четини тишласанг, қишлоқнинг четидан уйланасан, ўртасидан тишласанг, ўртасидан. Шуни тоғамга айтмоқчи бўлдим, лекин ўшанда тилим айланмаган. Ичим ёмон ачиб, яна қайт қилиб юборганман.
– Комага тушишингдан аввал шунақа бўлар экан, дўхтир айтишича, қонда ацетон кўтарилиб кетиб, бутун баданни заҳарлар экан. Бойбўта, ўзи сен қачон биринчи марта комага тушгансан?
– Икки йил бўлди. Бир кун комада ётганман. Сен комада ётганингда нималар бўлишини биласанми? Мен ҳеч нарса эслай олмайман. Кейин бошқалар сенга нима бўлганини гапириб беради-а?
– Ҳа, шунақа. Комага тушсанг ҳеч нарсани эслолмайсан. Мен эрталаб соат ўнда комага тушганман. Етти соат комада бўлиб, кечга бориб ўзимга келганман. Менга ҳам бошқалар гапириб беришган нима бўлганини. Ўшанда мен жуда кўп югуриб юборганман-да ўзи. Қанақа касалга чалинганимни дўхтирдан эшитган отам билан онам туни билан йиғлаб чиққан. Мен бўлса эрталаб туриб чопаверганман. Адирга чиқиб олиб югурганман. Шувоқларни шатиратиб, чиртиллатиб узиб чопганман, қомғоқларнинг устидан сакраб-сакраб ўтганман, оёқларимни янтоққа юмталатиб югурганман. Шимимнинг почасидан тиззамгача қўйтиканга тўлиб кетган. Мен бетўхтов чопаверганман. Шамолдан, қуюндан ҳам тез чопаётгандек эдим ўшанда. Чопаверсам тузалиб кетаман, деб ўйлаган бўлсам керак-да! Оёқларим қонталаш бўлиб уйга етиб келганман-да, комага тушганман. Аммо-лекин касалхонада ғира–шира бир гавда кўзимга кўринганда, худо бўлса керак, деб ўйлаганим эсимда бор. Кўп югурганим учун менинг олдимга келди, деб ўйлаганман. Кейин билсам, у дўхтир экан. Комадан чиққан пайтим ёнимга келиб: “Мени кўриб кулганинг эсингда қолдими?” деб сўраган.
– Сенга Кулдиргич деб эмас, “Югуронғич” деган лақаб қўйиш керак экан. Лекин укол олганингда ҳам куласан-а, нега?
– Оғримасин деб куламан. Кулаверганимдан кўкрагимга катетер қўймоқчи бўлган ҳамширалар ёмон қийналади, бир гал биттаси жаҳли чиқиб катетерни оёғимдаги томиримга қўйган.
– Ҳозир катетерни қўлдаги томирга ҳам қўяди. Охирги марта реанимацияда ётганимда пластик игнали катетер қўйган, эгиладиган, юмшоқ бўлгани учун қимирлаб кетсанг ҳам оғримайди, темир игна ўша пластик игна ичига тиқилади. Бу ерни реанимацияси яхши экан, дўхтирлари ҳам яхши. Мен ўзимизнинг тумандаги касалхонада ётганимда онам туни билан деразадан қараб ўтирган экан. Эрталаб нега уйга кетмаганини сўрасам, онам “Болам, комада ётганларнинг қонини ўғирлаб сотишади, деб эшитганим бор эди, қонингни, жонингни ойнадан қараб қўриқлаб турдим,” деган. Одамнинг жонини ўғирласа бўладими-а, Кулдиргич?
– Керак бўлса жонингни ҳам ўғирлайди-да! Мен ўтган йили ўзимизда реанимацияга тушганимда саксон ёшли бир момо ёнимда ётганди. Ўша момо нуқул: “Индамай турсанг, жонингни ҳам ўғирлайди булар”, деб бақирарди. Менга кўзи тушиб қолса: “Сен тирранча, нима қилиб ётибсан бейда? Тур ўрнингдан, бориб энангни ўчоғига ўт қала, муштдек бошинг билан пишириб қўйибдими сенга бу ерда ётишни?” дерди. Ўша пайт мени яна югургим, шартта кўчага чиқиб кенг далага қараб чопгим келарди. Дим эди-да ҳаво, агар ғизиллаб чопаверсам, кўйлагимнинг этакларидан кўтарилган шамол ҳавони қўзғатиб юборади, деб ўйлаганман. Лекин ўрнимдан туролмаганман. Момо эртасига ўлган. Ҳеч ким билмай қолган ўлганини. Битта янги ишга келган ҳамшира бор эди, ўша келиб момонинг билагига укол қилмоқчи бўлган, аммо лекин терисига игна кирмаган сира. Охири у катта ҳамширани чақириб келган. “Жонинг чиққур, кампир ўлиб бўпти-ку, энди терисига игна кирармиди”, деган бўтқа ҳамшира кичкинасига бақириб. Ўшанда момонинг жонини тунда кимдир ўғирлаган бўлиши мумкинмикин, деб ўйлайман баъзан. Чунки реанимациядан кимдир ўлиб чиқади, кимдир тирик чиқади. Худойим ўзи билиб кимнидир жонини бошқа бир зориққанроқ кимсага бериб юборармикин… Киноларда борку, кимнингдир жони қайтиб келади ёки бировнинг жони бошқасига ўтиб қолади. Тўғрими, Бойбўта?
– Ҳа, баъзан ҳайвон ёки қушларга ҳам ўтади, деб эшитганман. Мен қачон қўрқиб кетсам, одамни жони ўлганидан кейин шер ёки йўлбарсга ўтса зўр бўлади-да, деб ўйлардим. Чунки кейин у ҳеч нарсадан қўрқмайди-да.
– Қўрқади барибир. Овчидан қўрқади. Мен тез югураман-ку, шунга жоним шамолга ўтса зўр бўларди, лекин шамолнинг жони бўлармикин, деб ўйлаб қоламан. Қушга ўтсаям ёмон бўлмасди, пирр этиб учасан-да кетасан, ҳеч ким тутолмайди. Хоҳлаган томонингга қараб учасан.
– Жонинг қушга ўтса шўринг қурийди, Кулдиргич! Анови палопонга ўхшаб, ана, қара! Анови мушукни қара, чумчуқ боласини тутиб олибди. Уйидан олиб тушдимикин?
– Чумчуқ эмас, олақанотнинг боласи шекилли. Мушук дарахтнинг учигача чиқолмаса керак. Кечаси роса шамол бўлди-ку, шунда уясидан тушиб кетган. Мушукка текин овқат бўпти-да энди.
– Қара, биздан қизғаняпти. Дарров еб қўя қолса бўлмасмикин, ҳаммага томоша қилдирмай.
– Кўзини қара, қўрқинчли-а, Бойбўта? Нима бўлсаям жонинг шу мушукка ўтмаса бўлди. Этим жимирлаб кетяпти… Хайрият кетди, ҳўв ошхона ортидаги катта темир ўчоқнинг тагига борса керак энди. Қушнинг жони чиқиб бўлгандир ҳозиргача, қаерга кетдийкин, кимга ўтдийкин?..
– Сен бунақа гапларга ишонаверма, фақат киноларда бўлади бунақаси… Лекин жонингни биров ўғирлаб олса, сени ҳам ўғирлайди-да!? Жонинг билан биттасан-ку ахир… Ҳали кечқурун Насиба опаш ғирчиллатиб думбангга игна санчганда ғилтиллаб кўзингдан ёш чиқарсанг, демак, жонинг ўзингники бўлади, ҳи-ҳи-ҳи…
– Ҳа, ўл-а, кул-а! Мен ҳар гал ўзимга инсулин урганимда жоним ўзимда эканимни билиб тураман.
– Сен яхши экансан, Кулдиргич, инсулинни ўзинг оласан. Уйда менга ҳали ҳам ойим укол қилади.
– Авваллари инсулин уколни менга кичкина аммам қиларди. Ўтган йили келганимда шу ердаги ҳамширалар ўргатди. Ўшандан бери ўзимга ўзим укол қила оламан.
– Менга ҳам ўргатишмоқчи, лекин мен сал қўрқяпман.
– Қўрқма, Бойбўта, бу ернинг дўхтирлари яхши, бирпасда ўрганиб оласан. Бу ерда овқатлари ҳам яхши. Менга айниқса котлети ёқади. Нега бизда ҳеч ким шунақа котлет пишира олмас экан-а? Агар кичкина аммам ҳам шу ерда даволана олганда эди, балки котлет пиширишни ҳам ўрганиб олган бўлармиди?
– Нима, амманг бу ерда даволанса бўлмайдими?
– Катталар учун даволаниш пулли, қиммат-ку. Менга бир йилда битта текин брон беради. Отам қишда обкемоқчи эди, кўнмадим. Баҳорда ё ёзда бораман дедим. Қишда совуқни ёмон кўраман, ёзда иссиққа чидолмайман, шамол бўлмайди-да умуман. Мана ҳозир шабадани қара, маза. Агар шунақа шабадага қарши югурсанг янаям маза қиласан. Қани энди ҳозир далага чиқиб чополсам, ортимдан кичкина аммам қичқириб қолардиёв: “Кулдиргичим кулдиргичмас куйдиргич бўлди”, деб.
– Нега сенга Кулдиргич деган лақаб қўйишган? Мен ёшлигингдан ҳаммани кулдираверганингдан сени ҳамма Кулдиргич деса керак деб юрардим. Бетингда кулгичинг ҳам йўқ-ку.
– Йўқ, мени эмас, кичкина аммамнинг юзида кулгичи бор. Менга кўп айтарди: “Шу кулгичим бошимга битган бало бўлди”, деб. Поччам аммамни кўп урган-да, нимага бегоналарга кулиб қарайсан деб. Лекин аммамнинг юзида худо берган кулгичи бўлса, унда нима айб, тўғрими, Бойбўта? Аслида бизда кулдиргич деб бошқа нарсани айтади. Сен ўзи кулдиргич нималигини биласанми?
– Йўқ, нима эди ўзи у?
– Кулдиргич адирда бўлади, тўпиғинггача ботиб кетадиган бўрсилдоқ майин тупроқда. Писта сотадиган кампирлар дафтарнинг варағини воронка қилиб ўраганини кўрганмисан? Ҳа, худди шунақа шаклда бўлади кулдиргичнинг ини. Чумоли келиб инга сирғалиб тушиб қолганда у тупроқ тагидан чиқиб чумолини пастга, тупроқ ичига тортиб кетади. Ўша ерда еб битиради чумолини.
– Зўр экан-у. Чумоли индамай келиб тушиб қолаверадими тузоққа?
– Ҳамма чумоли ҳам тушавермайди. Ажали етгани тушади-да. Чумоли келиб пастда бир нима бор эканми, деб пайпаслаб кўради. Шунда ин лабидаги тупроқ тўкилиб, ичига чумоли қулаб тушади. Чиқмоқчи бўлади, лекин майин зарра тупроқ ўпирилиб тушаверади. Қизғиш чумолиларнинг баъзиси роса эпчил, кучли бўлади. Оёғи ва бели узунлиги учун тузоқдан чиқиб кетиши ҳам мумкин. Бу пайт кулдиргич тирс-тирс қилиб боши билан чумолига тупроқ отади. Тузоқдан энди чиқаман деган чумоли яна пастга сирғалиб-қулайди. Биз чумоли териб келиб кулдиргичнинг уясига ташлаб пойлаб ўтирардик. Кулдиргич ер тагидан чиқиб келиб чумолини оёғидан пастга торта бошлаганда уя атрофидаги тупроқни шартта ҳовучлаб, қорасақичи иссиқдан билқиллаб турган асфальт йўлга олиб чиқиб тўкардик. Кейин кичкина аммам эскирган уннинг митасини терганга ўхшаб тупроқни кафтимиз билан ёйиб, кулдиргични қидирардик. Топиш қийин эди, канага ўхшаш, лекин кесакранг, калта оёқлари ипдек ингичка, роса хунук нарса бўлади. Ким биринчи топиб олса, ўша дарров кулдиргични товонига эзғилаб суртиб оларди. Тез чопадиган қилади-да у одамни. Кейин катта йўлда кимўзарга чопардик.
– Ростдан ҳам ўша нарса одамни тез югурадиган қиладими?
– …Рост бўлса керак. Товонимга жуда кўп кулдиргич сурганман, чопағонлигим шундан-да. Э, шунақа чопардимки, шамолдан ҳам тез югурганга ўхшардим. Шунга мени аввал ўртоқларим, кейин ҳамма Кулдиргич деб чақирадиган бўлди. Чопағон бўлсанг яхши эди-да, қўйларни қайтариб келишга ҳам улгурардинг. Бировнинг пайкалига қўйинг кириб кетиб, кейин сўкиш эшитмасдинг-да. Биринчи марта касал бўлган куним ҳам роса кўп кулдиргич тутганмиз, кейин роса югурганмиз. Кечқурун ўзимни билмай тўшакка ётиб қолганимда қулоғимга фақат елкамдан ғизиллаб ўтаётган шамолнинг овози ғиз-ғиз этиб эшитиларди, холос. Шунда кичкина аммам айтиб йиғлаганди “Кулдиргичим куйдиргич бўлди” деб…
– Ҳа, зўр нарса экан бу кулдиргичинг. Яхшиям майда нарса, одамларни тортиб кетмайди.
– Энди эсимга тушди, қара, Бойбўта! Комага тушганимда нима бўлганини биринчи марта эслаяпман, шекилли… Ҳа, ўшанда мен кулдиргич эмас, боши айланиб тузоққа тушиб қолган чумолидек эдим назаримда. Тепага эмаклаб чиқмоқчи бўламан, бироқ пастга сирғалиб тушавераман. Бармоқларим орасидан шувиллаб тупроқ тўкилаверади, ҳеч нарсани ушлаб бўлмайди. Пастга қарашга қўрқаман. Калта, ипдек ингичка қўллар оёғимдан тортаётгандек бўлади. Мен чумоли эмас, Кулдиргичман деб бақирмоқчи бўламан, лекин тилим айланмайди. Қўлларимда тупроқни ғижимлаб ушламоқчи бўламан, лекин ушлайдиган ҳеч нарса йўқ. Тепада ғира-шира шарпалар кўринади, лекин тортиб олиш учун ҳеч ким қўлини узатмайди, чақирасан, эшитмайди. Росаям чўзилиб кетади бу, кейин, қани энди ҳаммаси тезроқ тугаса эди дейсан. Ҳа, шунақа, худди шунга ўхшаш бўлганди.
– Э, қойил! Сен ниманидир эслаяпсан-ку, мени эсимда ҳеч нарса қолмаган… Кулдиргич, қара! Анови найнов келяпти, ҳозир бир шумликни бошламаса бўлди…
– Ҳей, пандавақилар! Ҳалиям шўтта валақлашиб ўтирибсанларми? Кетту, қизларни ойнасидан мўралаймиз.
– Кетдик, кетдик! Чоп, Кулдиргич! Ўзиб кет-чи ундан!
– Чопдик, Бойбўта! Қани, ким менга етиб оларкин!?
«Шарқ юлдузи» журналининг 2012 йил 5-сонидан олинди.