Ким бўлди экан тонг саҳарда безовта қилган?! Намунча дағдаға қилмаса?! Қуёш ҳали бош кўтардими йўқми ўзи?! Ёзнинг бунақанги узун кунларида қуёш соат саккиздан кейин, кунчиқардаги икки қаватли уйнинг томи оша унинг ҳовлисига мўралайди. Бунга қадар унинг серсоя ҳовлиси тонгги сокинлик ва салқинлик оғушида мудраб ётади.
Ким бўлди экан, миршаб эмасмикин? Аввал қўнғироқни босим ушлаб, ортидан темир дарвозани ҳам даранглатиб урди. Бундай дағдаға миршабда бўлиши мумкин, холос. Нега келди экан? Яқин ўртада қишлоқдан қариндошлари келгани йўқ. Одатда миршаб байрамлардан олдин келади, уйда бегона борми йўқми, деб. Уйда хотин, бола-чақам бўлса, бегонага пишириб қўйибдими, дегинг келади. Баъзан ўз уйингда ўзинг рўйхатда турасанми йўқми деб бошингни қотириши ҳам бор гап. Байрамларга ҳали анча бор. Маҳаллада бегоналардек ялт кўзга ташланадиган узоқ қариндошлар ҳам яқин ўртада келмади. Демак бошқа биров бўлса керак!?
Маҳаллабоши бўлиши мумкин. Унда ҳам баъзан ўдағайлаш одати бор. Халқнинг дарвозасини даранглатиб тепадиган салобати бор. Йўғ-эй, ошириб юборди чоғи, назарида ташқаридаги кимса дарвозани тепгани йўқ, муштлаб урди, холос. Лекин тепгандек бўлди ўзиям. Нима иши бўлиши мумкин унинг. Анов куни келганда жаҳлини ёмон чиқарди. Нима эмиш, катта ўғлинг қаерда, деб сўрайди. Ҳа, қаерда бўларди, эл қатори Россияга ишга кетган деса, манзилини айт, қачон кетган, қайси шаҳарда ишлайди, деб эзворди. Ҳа энағар, бола меники бўлса, сени нима ишинг бор, деди жаҳли чиқиб. Ҳокимдан буйруқ тушган, қолаверса, буйруқ бўлмаган тақдирда ҳам биз билишимиз керак, ким қаерда юрганини, дейди. Ўғлим телефон қилса, Тамбовдаги манзилини аниқ сўраб қўяман, деб қутилди. Шу манзилни сўраб келдимикин, лекин ўғли ҳали телефон қилгани йўқ.
У уст-бошига бир қараб олди. Эгнида енгил, кулранг йўлли пижама, шу кийимда чиқаверсам бўлса керак, деб ўйлади. Лекин чап оёғидаги пайпоқдан бошмалдоғи мўралаб турганини кўриб, иккиланди. Туфли кийиб олса, пайпоқнинг йиртиғи кўринмаса керак. Пижамага туфли ярашмайди-ку, майли чап оёғини дарвозадан ташқари чиқармайди. Лекин одатда маҳаллабоши бетоқат бўларди, қўнғироқни чалгандан кейин “ким бор уйда?” деб бақириб қўярди, майлида, бақирса бақирсин, борадиган жойи кўп унинг. Бақирмади-ку, демак бошқа одам.
Лўли бўлса-чи!? Лўли ёмон кўпайди-ки шу кунларда. Бирининг изи қуримай туриб иккинчиси келади. 200 сўм берсанг жаҳли чиқади, беш минг бер, дейди юзингга бақрайиб. Дарвозангга қулф солинмаган бўлса, кириб келаверади тап тортмай. Ичкаридан овоз чиқмаса, кўзи тушган нарсани кўтариб кетади, айниқса эски мис ва алюмин идишларга ўч бўлади, энағарлар. Лўли бўлса дарров билинарди. Дарвозани қоққандан кейин бақириб қўяди, садақа қилинг, деб. Қолаверса, лўли тонг саҳардан келмасди шекилли. Соат тўққиздан бошланади уларнинг кўчама-кўча юриши. Худди идорада иш бошлагандек, соат белгилаб олгани-чи буларнинг. Ҳали галстук тақиб келмаса бўлди булар. Лекин барибир лўли келишига ҳали эрта. Ким экан?
У ҳовли ўртасига келиб даҳлизнинг деворида осиғлик турадиган соатга ойнаванд эшик оша қарамоқчи бўлди, лекин қуюқ баргли ўрик шохларининг ойнадаги акси боис ҳеч нарса кўра олмади.
Эски “Москвич” машинасида пиёз-картошка сотиб юрадиган майда савдогар бўлсачи!? Бозордан ҳаллослаб картошка кўтариб келгандан кўра, бироз қимматига бўлса-да эшик тагидан олгани маъқул иш. Сабзавотфурушга берилган бироз ошиқча пул барибир йўлкирага кетади-ку. Буни тушунмаган хотин зотининг тихирлик қилгани ёмон: “картошкаси майда, устига устак тахир, яна қиммат, бозорда ширин картошкаларни танлаб-танлаб олса бўлади,” деб эрталабдан кўнгилни хира қилади. Автобусда терлаб-пишиб, туртиниб-суртиниб бир халта картошка кўтариб келгандан кўра, хотиннинг ғишавасига чидаш осонроқ эмасми. У беихтиёр пижамасининг чўнтагини ковлади, ҳеч қурса уч-тўрт кило олиб қўйса, бозорга бориш бир-икки кун ортга сурилади-ку. Лекин дарвозани даранглатган “москвичли” сабзавотфуруш бўлса, маҳаллага кириши билан машинаси сигналини қисир молдек бўкиртирган бўларди-ку.
Йўқ, бу сут-қатиқ сотувчи хотин! Қатиқ ичиб туриш лозим. Айниқса ўзига ўхшаган кўп чекадиган киши. Баъзан ҳаяжонланган кезларда тамакини кетини кетига улаб чекади. Негадир ҳаяжонли дамлар ҳам тобора кўпайиб бораётганга ўхшайди. Анов куни кичик ўғли машинани берухсат ҳайдаб чиқиб кетибди. Қаттиқ сиқилди, кўп тамаки чекиб юборди. Машина-ку эски, лекин ўғил ҳали ёш-да, қизиққон, бироз ҳовлиқмалиги ҳам бор. Кўчада юришнинг ўзи бўладими бугун. Шу, қатиқ ичиб туриши керак, яхши ивитилганми йўқми, барибир ичиш керак. Иссиқ тафтини ҳам олади-да. У ҳовлининг ўртасида турганча, бир дам ўйланиб қолди, уйга кириб кийимини алмаштириб чиқсамикин ёки хотинини уйғотсинми, балки дарвозадан фақат калласини чиқарар, бор бўй-басти билан сутчи хотиннинг олдига чиқиб бориши шарт эмас. Лекин барибир ичкаридан пул олиб чиқиши керак. У ичкари қадам ташламоқчи бўлди, бироқ дарров фикридан қайтди. Аёл киши дарвозани бу қадар қаттиқ данғиллатмасди чоғи. Кейин сутчи хотин ҳам овоз чиқарган бўларди “Ёғли қатиқ, сут-қаймоқ келди” деб. Демак бошқа биров.
Очиқ-сочиқ жойлар бўлса экан-ки, ўтирган-турган жойингда “ким у?” деб бақирсанг. Лекин шаҳарда ҳеч ким бунақа бақирмайди. Оҳиста, залворли қадам ташлаб бориб, эшикни очмоқ жоиз. Чунки ҳар хил одам келади. “Ким у?” деб бақирганинг бировга ёқади, бировга ёқмайди. Қўшниларнинг ҳам ғаши келади. Ташида бўлмаса-да ичида айтади “бўларинг бўпти-ку, кетингни кўтаролмай қолдингми энди” деб.
Ҳамшира бўлиши мумкин-ку. Ёз келди, бу фаслда улар ичбуруғдан огоҳлантирувчи варақа тарқатиб юришади. Сувни фақат қайнатиб ичинглар, дея тайинлайди. Ичбуруғдан огоҳлантиргани ҳақида қўл қўйдириб олади. Ҳозир нима кўп, касаллик кўп, Хитойда яна қуш тумови чиқибди, яна аллақайси мамлакатда безгак қайта хуруж қилганмиш, ўзимизда пашшанинг янги тури чиқибди, чаққан жойи катта ярага айланиб, бир умрлик чандиқ қолармиш, ишқилиб тинчлик бўлсин-да. Яқинда шу ҳамшира бегоналарга эшик очманглар, газ, электр ходимлари ниқоби остида ўғрилар тўдаси юргани, келганларнинг ҳужжатини кўриб, кейин эшик очиш ҳақида ҳам огоҳлантирган эди. “Илтимос, агар текширувчи келса, мен билан бирга миршаб ҳам келгани ҳақида айтинг,” деб сўради. Яна бошқа бир тўда товламачилар чиққандир-да. Ҳамширалар аввалгидек миршабларга ёрдамга чақирилган бўлса эҳтимол. Бироқ ҳамшира ёшгина, сабр тоқатли, тарбия кўрган қиз, дарвозани бу қадар қаттиқ тақиллатмайди. У дарвозани оҳиста чертгану узун йўлак товушни кучайтириб юборган чоғи. Лекин ҳамширалар соат саккиздан кейин иш бошлайди, ҳозир энди олтидан ўтди шекилли.
Газ, электр ҳақини яқинда тўлади, ер-мулк солиғига ўтган ҳафта келган. Кимдир қарз сўраб келган бўлсачи. Қариндошлар, танишлар, қўшнилар орасида ҳам қарз сўраб турадигани кўп. Жуда хижолатли иш, ҳеч ким аввал бошдан ўзи пулинг борми йўқми, деб сўрамайди. Гапни узоқдан айлантиради, нима иш бошлаганию қандай катта натижалар кутаётгани ҳақида эринмай сўзлайди. Сен эса гапнинг охири қарзга келиб тақалишини биласан, жавобинг ҳам аввалдан тайёр, бироқ одоб юзасидан қарз сўраб келган одамнинг узундан-узун ҳикоясини тинглашга мажбурсан. Айниқса меҳмонннинг юзидаги илтижоли ифода, кўзида йилтиллаб турган умид учқуни қай тариқа сўниб, ўрнини совуқ ва қўпол нигоҳ эгаллашини, юзи заҳил тортишини кузатиш оғир. Пулинг йўқлигидан, қарз сўраган кимса сенинг гапларингга заррача ишонмаганидан қизариб, хижолат тортасан. У эса бу хижолатпазликни ёлғон рўкач қилинганига далил сифатида қабул қилади. Жуда совуқ хайрлашади. Бу ноўнғай манзара анчагача ёдингдан чиқмайди. Зада бўлганингдан телефон жирингласа ҳам кўнглинг бир кўчиб тушади. Қарз сўраш эҳтимоли бор одамларнинг қўнғироғига жавоб берилмайди. Улар ҳам буни билади, шу боис тиккасига уйингга келади.
Лекин қайси аҳмоқ каллаи саҳарлаб қарз сўраб келади. Улар кечки пайт ёки кечқурун келади. Каттароқ қарз сўрамоқчи бўлгани тўртта нон, тўртта тузланган бодринг ва бир шиша ароқ кўтариб олади. Ва одатда жуда пўрим кийинган бўлади, туфлисига сурилган мой ва сочига сепилган гел ялтиллаб туради. Баъзан анчадан буён кўрмаган танишинг башанг кийинган ҳолда дабдурустдан келиб қолса, жуда бойиб кетибди, оладиган қарзни айтган вақтидан ҳам аввал, балки устамаси билан қайтарса керак, дея ўйлайсан. Аслида ҳам шундай йўл тутиш керак эмасми. Мана ўзидан қиёс, бировдан қарз сўрамоқчи бўлса гапни пўсткалласини айтади-қўяди. Шу сабаб бировдан қарз сўраб уддалай олган эмас.
Бир замонлар айиқдек ағанаб кун чошгоҳга келгунча ухларди. Хотиннинг дод-войи, бировнинг эшик тагида чақириб туриши парвосига келмасди. Қаерга кетди у ширин уйқулар!?
Эндичи, тонг билан тенг уйғонади, кўзлари ўз-ўзидан кирт очилиб кетади. Каллаи саҳарлаб ишга уринади. Иш бўлмаса, ҳовлининг бир четидаги сўрида ёнбошлаб, калласида минг битта ишни режалайди, оладиган даромадини сарҳисоб қилади. Минг битта ишдан биттаси ҳам дўнмаса-да, кўнглини кўтаргани қолади. Ҳарқалай интилиш, ғоя бор-ку. Бугун ҳам тонгнинг мусаффо ҳавосида хаёл суриб ўтириш учун олаҳакка ҳовли ораламай сўрига чиқиб олганди. Қўшнининг томига қўнган қушларнинг ҳаракатини кузатиб ётганди, бир ҳакка келади қағиллаб, бир олақонот қўнади шақиллаб. Кетма-кет чалинган қўнғироқ, кейин дарвозанинг даранглаши хаёлини чилпарчин қилди. Юраги ҳам бир қалқиб тушди, тавба, яқин-яқингача юрак қаерда жойлашган, билмасди.
Назарида, қарз сўрамоқчи бўлган одам бундай тиқилинч қилмайди, бироз ийманиб чақиради. Афтидан бу одам шошаётганга ўхшайди. Ким шошилиши мумкин тонг саҳарда? Шошилинч хабар келтирган одамми? Унинг бадани илкис жимирлаб кетди. Қишлоқдан бирор хабар келдимикин!? Тинчликмикин? Туни билан телефон қилиб туша олмаган бўлсачи? У каловланиб қолди. Дарҳол сўрига қайтиб, болиш тагида қолиб кетган қўлтелефонини шоша-пиша олиб, бирор қўнғироқни ўтказиб юбормадиммикин деган ўйда қўнғироқлар рўйхатини текшира бошлади ва шу аснода дарвоза томон йўналди. Икки кун бўлди онаси билан гаплашганига, қон босими ошиб турганини айтмаса, аҳволи дуруст эди. Отаси саксонга бориб қолган, охирги марта кўрганида жуда ориқлаб кетганди, лекин баданида тетиклик бор эди. Ҳа, тоғаси ўсал ётганди. Телефон бўлмади-ку. Аммо лекин ҳозир қўлтелефонларга ҳам ишонч йўқ, тўлқин бир бор, бир йўқ, баъзан кун бўйи мум тишлагандек миқ этмайди. Ҳарқалай биров каллаи саҳарлаб тўйга таклифнома ташлаб кетмас. Дастлаб аллақаердаги кишилар, майда-чуйда рўзғор ташвишлари хаёлига келганидан ўзини ўзи койиди, ўзидан ўзи хафа бўлди. Нега дарҳол онаси, отаси ҳақида ўйламади. Ўсал ётган тоғаси-ю хаёлининг бир чеккасидан ҳам ўтгани йўқ. Тоғасининг мотоциклини ўғирлаб мингани ёдига тушди, қўшнисининг тутига тикка бориб урганда мотоциклнинг олд ғилдираги қийшайиб кетганди, бироқ тоғаси ҳеч нарса демаган, ўзингга зарар етмадими деб, қўлларини, оёқларини бир-бир ушлаб кўрганди, холос. Лекин телефонда бирорта ҳам жавобсиз қолган чақирув йўқ. У дарвозага яқинлашганда қўнғироқ яна бир марта ошиғич жиринглади. “Ҳози-и-и-р!” деди у беихтиёр хавотирли овозда юраги титраб.
Чақиргувчи ким бўлишидан қатъи назар, у хаёлидаги минг бир гумон ва хавотирни сездирмаслик учун дарвозанинг кичик қанотини шиддат билан ланг очди.
Дарвоза тагида кунботишдаги қўшнисининг боласи тиржайиб турарди, қўлида бир шода калит. “Акам ўқишдан келса калитни бериб қўйинг, мен мактабдаги имтиҳондан кейин тўғри оппоқдадамларникига кетаман”, деди болакай ва калитларни унинг қўлига тутқаздию, кўча бошига қараб чопқиллаб кетди. У энди бош кўтараётган қуёш кўчани нурга тўлдириб юборгани, дарахтлар, уйлар, гулзорлар ёғдуга чулғанганини кўрди. Тутам-тутам нурларни тутамлаб олса бўладигандек эди гўё.
“Бугун ажойиб кун бўлади шекилли,” деди у қуёш томон чопаётган бола ортидан кўзлари қамашганча термилиб. Кейин бугун кимларга қўнғироқ қилиши лозимлиги ҳақида ўйлаб қолди.
2013.