Муҳаммад Шариф. Парвоз (ҳикоя)

– Айбланувчи Бозоров Адҳам, ўрнингиздан туринг! Марҳамат, ўзингизни судга таништиринг: қачон, қаерда туғилгансиз, касбингиз нима? Ҳозир ўқиб эшиттирилган айбловномадаги жиноятга нега қўл урганингиз, яъни самолётни қандай қилиб ва нима мақсадда олиб қочганингиз ҳақида батафсил гапириб беринг. – Қирра бурун, тиканак соч, икки юзига қон тепиб турган ҳакам пистоқи бўйинбоғини тўғрилаб, залнинг чап бурчагига ярим ўгирилди. Темир панжара ортида кўзлари жовдираганча кафтларини жуфтлаб, тиззалари орасига олиб ўтирган маҳбус бир қалқиб олди.
Қорамағиз, сийрак қошлари остидаги қўйкўзлари чўккан ўрта яшар киши ўзини дадил тутишга ҳаракат қилар, лекин униқиб, титилиб кетаёзган шимининг почаси шабадада қолгандек тинимсиз ҳилпирарди. У ўрнидан тургач, суд залининг салобати босибми ёки ҳозиргина ҳакам ўқиб эшиттирган айбловнинг залворидан гангибми, қийналиб ютинди, негадир кўйлагининг тугмаларини бир-бир пайпаслаб ушлаб чиқди.
– Мен… мен… айбланувчи Бозоров Адҳам Тўқлиевич, бир минг тўққиз юз олтмиш тўққизинчи йили шу ўзимизни қишлоқда…   
– Номини айтинг, қайси қишлоқ?! – Ҳакам унинг сўзини чўрт кесди.
– Мен, Бозоров Адҳам Тўқлиевич бир минг тўққиз юз олтмиш тўққизинчи йили шу ўзимизнинг… Саккизқўрғон қишлоғида деҳқон оиласида туғилганман.  Шу қишлоғимиздаги ўттиз бешинчи мактабда ўн йил ўқидим. Кейин тумандаги касб-ҳунар билим юртида ўқидим, маълумотим ўрта-махсус. Шу қишлоқда униб-ўсиб вояга етдим. Ғамхўр ҳукуматимиз яратиб берган шароит туфайли астойдил ва ҳалол меҳнат қилиб…ота-онамга ёрдам бердим, уйландим, ҳозирда тўрт нафар фарзандни вояга етказмоқда эдим… – У тутилиб, адвокатга бирров ер остидан кўз ташлади. Тепакал, кирпимўйлов адвокат унга тасдиқ маъносида билинар-билинмас бош ирғаб, кўзойнагини кўрсаткич бармоғи билан кўтариб олди.
Адҳам карра жадвали ёдига тушган ўқувчидек бироз руҳланди:
– Шу… тўрт нафар фарзандни элимизга, давлатимизга яхши хизмат қиладиган фарзандлар қилиб тарбиялаш мақсадида тиним билмай механик-уста сифатида меҳнат қилиб… элга беминнат хизмат кўрсатиб  келаётган эдим. Шу…шу икки минг ўнинчи йилнинг тўққизинчи июл куни эрталаб соат ўнда умримда энг катта хатога йўл қўйдим…ва кутилмаганда шу ҳозир айтилган ўша ишни қилдим, ўша самолётни олиб қочдим…бундан қаттиқ пушаймонман. Одил суддан менга шафқат қилишни, вояга етмаган тўрт нафар фарзандим, кексайган, қаровга муҳтож ота-онам борлигини ҳисобга олишини сўрайман…
Адвокат ўсиқ қошларини чимирганча Адҳамга норози тикилиб, унга имо қилмоқчи эди, улгурмади, ҳакамнинг овози янгради:                                                             
– Айбланувчи Бозоров, сизга ҳали охирги сўз берилгани йўқ. Ҳали улгурасиз бу гапларни айтишга. Ҳозир  бу оғир жиноятга сизни нима етаклагани, кимлар билан тил бириктириб, қандай мақсадда бу ишни содир этганингиз  ҳақида судга гапириб беринг. Хўш,  бу жиноятга сизни нима ундади?
– Мен Бозоров Адҳам шу… икки минг ўнинчи йилнинг ёз кунларида, июннинг ўрталари эди, аниқ куни эсимда йўқ, шу… фуқаро Маннопов Орифни уйимга таклиф қилдим.
–    Маннопов Ориф ким эди ўзи?
– Шу… учувчи Маннопов, ўша самолётни бошқарадиган киши. У таклифимга рози бўлди. Кейин уйдаги даканг хўрозимни сўйиб ошга босдим. Ош едик, ичдик. Шу…
– Нима ичдиларинг, чойми, сувми? – ҳакам кинояли луқма ташлади.
– Шу… ўзимизни ароқ-да… Кейин учувчи Маннопов Ориф билан анча яқин бўлиб қолдик. Кейин… шу жиноят йўлида уни чалғитиш илинжида ўн беш кун давомида ҳар куни товуқ сўйиб, ошга босдим ва унга едирдим, буни орасида спиртли ичимлик ҳам қуйиб бердим, хуллас, шу тариқа унинг ишончига кириб, кейин самолётни олиб қочдим… бундан жудаям қаттиқ пушаймонман.
– Бозоров, сиз оилангиз аҳволи оғирлиги,  қарамоғингизда вояга етмаган фарзандлардан ташқари кекса ота-онангиз  ҳам борлигини рўкач қилиб,  афв сўраяпсиз. Лекин ўн беш кун учувчи Манноповга зиёфат бергансиз, бунча пулни қайдан топдингиз? – ҳакам ўсмоқчилади.
– Шу… фермерларнинг тракторларини, қишлоқда одамларнинг машиналарини тузатишдан чойчақа тушиб туради, шу… рўзғордан сал тежаб… Товуқлар ҳам унчалик товуқ эмасди, уч ойлик жўжа эди, холос. Ҳокимият баҳорда қишлоғимиздаги камхарж хонадонларга янги тухумдан чиққан жўжаларни текин тарқатган, ҳалиги… ҳа, радиода айтгандек, дунёда иқтисодий инқироз деган нарса кетяпти, озиқ-овқат нархи ошиб боряпти, шунга тайёр туриб, томорқа даромадини оширинглар деб жўжа берганди, шундан бизга ҳам элликта текканди, ўлганидан қолгани йигирматача эди.
– Дастлабки тергов жараёнида берилган гувоҳларнинг кўрсатмаларидан маълум бўлишича, сиз жиноятни содир этиш арафасида улфатларингиз орасида бир неча марта «қараб туринглар, ҳали яна учаман!» деб айтгансиз. Қишлоғингизда ҳам фалончи яна учармиш, деган гап тарқаган экан. Айтинг-чи, сиз аввал ҳам учган эдингизми? Қачон ва қаерда, нимада учгансиз?
–    Шу… болалигимда бир марта ракетага осилиб учганман.
Залда гурр кулги кўтарилиб, дарров сўнди. Ҳакам чимирилди.
– Бозоров?! Сиз суд залида ўтирибсиз, жиноятингиз нақадар жиддийлигини биласизми?
– Ўртоқ судя, ростдан ҳам учганман. Парашутли ракета бор-ку, ўшанга осилиб учганман. Бешинчи синфда ўқирдим, далада мол боқиб юргандим. Кечга яқин кучли шамол туриб, кунботиш томондаги тоғ ортидан қоп-қора булутларни ҳайдаб чиқиб келди. Роса қаттиқ жала ёки дўл келяпти, деб мен уйга шошилдим. Бу ҳалиги… бизда дўлни эритиш учун отадиган замбараклар бор. Аввал еру кўкни зириллатиб замбаракдан роса отишди, дўл қаттиқ шекилли, кетидан  беш-олтита ракета ҳам қўйиб юборишди.
Ҳакам энсаси қотгандек ён-атрофга таажжуб аланглади. Ёнидаги халқ маслаҳатчиси ёндошиб унинг қулоғига пичирлади: “Бизда авваллари дўлга қарши шунақа ракета отишган, дўлни аэрозол билан эритиб, кейин ўзи парашутда ерга тушиб келарди, ҳозир ҳам отишади, фақат парашутсиз, «Алазан» деган ракета отишади, ракетанинг ўзи ҳавода парчаланиб, ёниб кетади,” деди.  Ҳакам “ҳа, шундайми” дегандек бош ирғаб, айбланувчининг сўзларига энди бироз қизиқиш билан қулоқ сола бошлади.
– …Молимни судраб қайтаётиб Туятойдига етганимда пушти ранг парашутли ракета осмондан қиялаб тушиб қолса бўладими? Ўша пайтлар қишлоғимизда кўпчилик парашут тутиб оларди, ундан спорт дарси учун кийим тикиларди, пишиқ бўларди-да, шу… ипи молга зўр арқон бўларди, уч-тўрт йил бемалол хизмат қиларди. Хурсанд бўлганимдан сигирни қишлоққа қараб ҳайдадим-да, ўзим ракета кетидан чопдим. Энди ерга қўнайин деганда шамол кучайиб, ракетани парашут тортиб кетди, қарасам, қўнмоқчи эмас, яна кўтарилиб боряпти. Шартта ракетага осилдим, қизиб турган экан, сассиқ ҳидиям ҳали кетмаганди. Ўзи унча катта эмас, йўғонлиги юз элликталик қувурча, узунлиги бир ярим қулоч келади, каллаги бироз тутаб турибди. Ерга қўндиришга кучим етмади, ўзимам чиллашир бола эдим-да… Бир гуриллаб келган шамолда парашут ҳаволаб кетди, мен ракетага маҳкам чирмашиб олдим. Қарасам, ердан бир метр, кейин икки метр баландладик. Шу… шамол зўрайиб, учиб кетавердим. Туятойди баландликда эмасми, қишлоғимиз  устидан ўтаётганда нақд эллик-олтмиш метр тепада эдим чамамда… – у гапида бироз тутилиб, негадир бир қизариб олди, кейин тараддудланиб, завқ билан гапида давом этди. – …Қишлоқни тепасидан кўрдим, пастда шамол чанг-тўзон кўтарган, томлардаги ғўзапоялар учган, кимнидир шифери қўпорилиб томи очилган, тераклар чайқалиб-чайқалиб турибди, ора-сира қарсиллаган товуш ҳам чиқади. Ҳамма ўзи билан овора бўлгани учун тепада мен ҳар қанча бақирмайин ҳеч ким эшитмайди. Шу алпозда учиб кетавердим… чамамда ўн беш минутча учдим. Юзимга шатирлаб ёмғир ура бошлаганда Илонқирдаги пахта даласига қўндим. Шийпонда ўтирган сувчилар узоқдан ракетани кўриб замбаракчиларга телефон қилган экан, ҳали парашутни йиғиб улгурмасимдан машинада етиб келишди, ракетага қўшиб парашутни ҳам олиб қўйишди. Йўл-йўлакай мени уйимга элтиб, отамга бу бола заҳарланибди, бирор ҳафта қатиқ ичиринглар, деб кетишди. Шу… парашутни олиб қололмадим, шунга бўлса керак қишлоқ устидан учиб ўтганимга ҳалигача ҳеч ким ишонмаган.  
– Бозоров, сиз ракетани кўрган киши унга яқинлашмай, зудлик билан «Дўлга қарши ҳарбийлашган бўлинма»га хабар бериши лозимлигини билмасмидингиз? – Энди халқ маслаҳатчиси Адҳамни саволга тутди.
–    Йўқ, ўша пайт билмаган эканман, – деди Адҳам аланглаб.
Халқ маслаҳатчиси ўзича маъноли бош ирғаб, бошқа саволим йўқ, дегандек ҳакамга қаради.
– Ўртоқ прокурор, сизда айбланувчи Бозоров Адҳамга саволлар борми? – ҳакам пастда оқловчи билан юзма-юз ўтирган тўқ зангор формадаги прокурорга юзланди.  
Прокурор стол устидаги тергов ҳужжатларини варақлаганча Адҳамга юзланмасдан салмоқланиб гап бошлади:
– Бозоров Адҳам, қани айтинг-чи, учиш аппаратларини бошқариш учун сиз махсус ўқув машғулотлари ўтаганмисиз ёки парвоз учун тегишли идоралардан рухсатнома олганмисиз?
Адҳам овози чиқар-чиқмас «йўқ» деди.  
– Сиз ҳеч қандай малакасиз ва тегишли давлат идоралари рухсатисиз самолёт бошқариш жиноят эканини билардингиз, шундайми?
– Йўқ, – Адҳамнинг ранги ўчди ва ҳимоячи томонга илтижоли боқди.    
– Бозоров Адҳам! Сиз яшаётган қишлоқ қўшни давлат чегарасидан бор йўғи ўн километр узоқликда холос, – прокурор сўзида давом этди. – Қани айтингчи, сизда учиш, аэронавигация бўйича махсус билим ва малака бўлмагани туфайли мамлакатимизнинг давлат чегарасидан ташқарига чиқиб кетишингиз, қўшни давлат ҳаво ҳудудини бузиб кириб, давлатлараро можарога сабабчи бўлишингиз  мумкинлигини билармидингиз?
Адҳамнинг нафаси ичига тушиб кетди, бир қанча пайт муз қотиб турди. Кейин бирдан тилга кирди:
– Йўқ, мен ҳеч кимнинг ҳаво ҳудудини бузмоқчи эмасдим, қишлоқдан ҳам кетмоқчи эмасдим. Умрим бўйи шаҳарга ҳам бир неча марта тушганман, холос. Шу… қишлоқ устидан бир марта учиб ўтиш эди холос ниятим.
– Бозоров, сиз дастлабки тергов пайти самолётни олиб қочдим дегансиз, ҳозир ҳам шу гапни такрорлаяпсиз. Ваҳоланки, айрим гувоҳларга кўра учувчи Маннопов Ориф сизга ўн беш кун учишдан сабоқ берган, эвазига сиз уни ҳар куни ош ва ароқ билан сийлагансиз. Шундай экан, фуқаро Манноповнинг ўзи сизга самолёт рулини тутқазмаганми?
– Йўқ, сира ундай бўлмаган. У фақат мен берган саволларга жавоб қайтарган холос. Мен ўзи касбим механик бўлгани учун техникага қаттиқ қизиқаман, ёшлигимда ҳам биров менга ўйинчоғини беришга қўрқарди, дарров майдалаб, ичак-чавоғини ағдарардим-да. Қишлоғимизда Ҳаким бойвачча биринчи бўлиб шу… ўзимизда ишлаб чиқарилган “Тико” машинасини олганда, синфдошларим билан гаров ўйнаб, эрталабгача машинани сочиб, кейин кечгача қайта йиққанман, битта гайкасиям ортиб қолмаган. Ўша “Тико” ҳозир ҳам юрибди ғизиллаб. Бу қурғур самолётни ҳам кўриб ичимга ўт тушди-да. Бу нима, у нимага керак деган саволларимдан Маннопов роса безор бўлиб, ҳаммасини бир бошдан гапириб берган. Шу мижғов одам менга бошқа савол бермасин, қутулайин, деган-да.
– Бозоров! Дастлабки суриштирув пайтида берилган гувоҳларнинг кўрсатмаларига биноан тергов пайти исмини аниқлашнинг имкони бўлмаган, қўшни қишлоққа турмушга чиққан бир аёлнинг номини учиш билан боғлиқ ҳолатларда сиз кўп марта тилга олгансиз. Қани айтинг-чи, сиз содир этган жиноятга ўша шахснинг алоқаси бўлганми?
– Йўғ-э… Мен сира бундай демаганман… Ҳеч кимнинг номини тилга олган эмасман. Ҳалиги… Мен балки мастлик пайти болаликда бўлган воқеаларни гапирган бўлсам, буни кимдир бошқа нарсага йўйган бўлиши мумкин.
Прокурор менда бошқа савол йўқ дегандек, ҳакамга қараб бош чайқади.
– Адвокатда саволлар борми Бозоровга? – ҳакамнинг овози янгради.
Адвокат ўрнидан турди, стол устидаги даста қоғозлардан бирини олиб, синчиклаб кўздан кечирган бўлди ва айбланувчига ўгирилди.
– Бозоров Адҳам, ҳозир суд залида самолёт деб аталаётган ўша учиш аппаратини биринчи марта қачон кўрдингиз?
– Биринчи марта шу… июн ойининг ўрталарида эди, эрталаб осмонда бир нарса тариллаб учиб ўтди, қишлоқда ҳамма кўчага югуриб чиқди, болалар ана самолёт, деб қичқирди, ўшанда узоқдан кўрдим.
– Хўп, кейин сиз бу учиш аппаратини кўргани боргансиз. Ўшанда нимани кўрдингиз, батафсил гапириб беринг-чи, нима экан ўша нарса?
– У кичкина, худди ўзимизнинг уч ғилдиракли мотоциклга ўхшайди, илгарилари “Муравей” деган мотоцикл бўларди, далага бўлка нон ташийдиган, ўшанга ўхшаш, фақат тепасида кўршапалакка ўхшаш қаноти бор, сим билан тортилган. Қаноти ҳам шу… ўзимизни брезентдан. Ўриндиғи орқасида катта парраги бор. Номини делтаплан, ҳа… моторли делтаплан дейишди.  
– Хўш, сиз шу делтапланга ўхшаш бошқа учиш аппаратларини аввал кўрганмисиз, қачон, қаерда?
– Телевизорда кўрганман спортчилар учганини. «Оламга саёҳат»га ўхшаш бир кўрсатув бор, ўшанда олимлар Сибирдан келаётган турналар билан ёнма-ён учганини ҳам кўрганман, кейин бойвачча саёҳатчилар ҳам эрмакка учади деб эшитганман.
– Сиз ўша учиш аппаратига ўтирганингизда нимани бошқаряпман деб ўйладингиз, самолётми ёки бошқа нарсами?
– Шу кичкина уч ғилдирак мотоцикл, фақат қаноти бор, деб ўйладим.
– Ҳурматли судя, қўлимда Россияда ишлаб чиқарилган учиш аппарати ҳақида интернетдан олинган тўлиқ маълумот бор, бу ерда у «Ветер» русумидаги учиш аппарати, қисқа қилиб “Делтамотор” ёки «Делталёт» деб аталган. Яъни у биз биладиган  катта самолёт эмас, шу сабаб бу маълумот суд тергови материалларига илова қилиниши ва бу учиш аппаратини самолёт деб эмас, делтамотор деб қайд этилишини сўрайман.
Ҳакам маъқул дегандек бош ирғади. Адвокат ҳакамга узатаётган қоғозга прокурор шубҳа билан қаради, «интернет иғвонинг уяси-ку, у ердан олинган маълумотга ишониб бўлармиди?!» дея димоғида тўнғиллади, лекин ошкора эътироз билдирмади.
– Агар Бозоровга бошқа саволлар бўлмаса, иш бўйича асосий гувоҳ суд залига кирсин.     
Ўрта бўй, сочлари тим қора, бурни бироз пачоқроқ киши эшикни оҳиста қиялатиб, эпчиллик билан сирғалиб кирди. Кўйлагининг ёқаси сарғайиб ёрилган, шимининг тиззаси сузилган, титилиб кетган қайишининг учи ёнбошида пичоқ қинидек осилиб қолган киши суд залининг ўртасига эҳтиётлик билан қадам ташлаб келди, тўрдаги баланд курсида ўтирган ҳакам, ёнидаги халқ маслаҳатчиси, аксари ҳамқишлоқларидан иборат залдаги одамлар ва панжара ичидаги Адҳамга югурик нигоҳ ташлаб олди.
Ҳакам ундан ўзини таништиришни сўради, сўнг ёлғон гувоҳлик берганлик учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилишини эслатиб, тилхатга қўл қўйдиртирди.   
– Отажонов Собит, даслабки тергов жараёнида сиз гувоҳ сифатида ўтгансиз, судга ҳам гувоҳ сифатида чақирилдингиз. Энди шу ишга тааллуқли бўлган, яъни иш бўйича билганларингизни судга гапириб беринг-чи!
– Мен ўзим пахта завўдда ўт ўчирувчи бўлиб ишлайман. Шу йили ёзда анови Фарғонадан шу кичкина самолётни обкелишди. Завўднинг ичида учадиган-қўнадиган асфалт йўл бор дейишди. Бу самолёт…
– Делтамотор, – ҳакам унинг сўзини тўғрилади.
– Тўғри, тўғри! Анови делтамотор завўддан учиб, адирдаги тутқаторларга дори сепди. Қишлоқда шу делтамотор пайдо бўлгандан кейин ўртоғим, яъни   Бозоров Адҳам тинчини йўқотди. Уни болаликдан бери биламан, бир синфда ўқиганмиз. Бир куни ёнимга келиб, учувчи билан таништириб қўйгин, деди. Мен таништирдим. Кейин уни уйига меҳмонга чақирди. Завўдга, анови учувчи Орифнинг ёнига ўн беш кун қатнади, анови делтамоторни томоша қилгани. Ўртоғим ўзи техникага муккасидан кетган, умр бўйи қўли мойдан чиққан эмас. Шуни орасида бир куни келиб, ўртоқ, мен учмасам бўлмайди, деди. Ўртоғим ўзи ёшлигида бир учган, анови ракетага осилиб учган.
Залда бирров кулги кўтарилди. Ҳакам столга ястанганча иягини кафтига тираб, Собитга тикилди.
– Ҳа, анови парашутли ракетага осилиб учган. Бироқ бунга қишлоқда ҳеч ким ишонмаган. Мактабда қизлар ҳам ишонмаган, айниқса…
Собит бир тутилиб олди, кимнингдир исмини айтмоқчи бўлдию, кейин шаштидан қайтиб, гапида давом этди.
– …Айниқса, анови синфимиздаги баъзи болалар, кейин қишлоқдагилар калака қилгани ўртоғимга қаттиқ ботиб кетган. Кейин ўртоғимни кўча-кўйда кўрганлар «ҳа, ракетачи» деб мазах қиладиган бўлди. Ўшанда ўртоғим барибир учаман, деб кўнглига тугиб қўйган бўлиши мумкин. Шундан бўлса керак, ҳар куни келиб анови делтамоторни томоша қиларди. Кейин ўриндиғига ўтириб, худди учаётган одамдек лабини дўриллатиб овоз чиқарар, анови чорчўпга ўхшаш  алюмин рулини ҳали у томонга, ҳали бу томонга тортгандек бўларди. Учувчи йигит ўртоғимга учаётганда қанотлар қандай бошқарилиши, шамол ёнбошдан урганда чорчўпни қайси томонга кўпроқ тортиш кераклигини гапириб берарди. Амолекин учишни ўргатган эмас, анови ўртоғим учмаса ҳам учгандек бўлиб, мазза қилсин, деганда. Ўртоғим учаман деган билан унга биров рухсат бериб қўярмиди… Асли бир омади гап эди-да бу. Бир куни, анови июл ойининг тўққизинчи куни эрталаб дори келмай қолди. Соат ўнлармидийкан, учувчи бола қоровулхонада кўк чой ичиб ўтирганди.  Ўртоғим ҳар галгидек ўзича учаётгандек бўлиб анови делтамоторда овуниб ўтирганда билмасдан калитни бураб юборган, мотор тариллаб ўт олиб, анови нарса бирдан юриб кетган. Ҳаяжонланган бўлса керак, ўртоғим адашиб газни босиб юборгану шундан кейин учиб кетган. Учгандан кейин қўндиришам керагу, қанотларини буриб қайтаришга уринган, шуни орасида қўшни қишлоққа ўтиб кетган. Кейин қайтишда қулаб тушди. Кўрган-билганларим шу-да энди.    
Ҳакам гувоҳга саволлар борми дегандек пастга қаради. Прокурор томоқ қириб олиб, сўроққа тутди:
– Тергов жараёнида олинган баъзи гувоҳларнинг сўзларига кўра, Бозоров учгандан кейин сиз унинг ортидан мотоциклда қувиб, йўл-йўлакай «Адҳам учяпти», деб бақириб кетгансиз. Сиз Бозоровнинг ниятидан хабардор бўлгансиз, унинг учиши тасодиф эмаслигини билгансиз, шундайми?
– Йўғ-э, бу тасодиф бўлган бўлиши мумкин. Ўртоғим учиб кетганини тасодифан билиб қолиб, анови мотоциклимни ўт олдириб, ортидан қувганман. Ҳа тўғри, бақирганман, одамлар ёрдам берсин деганман-да.   
– Унда нега тўппа-тўғри қўшни қишлоқдаги врачлик пунктига бориб, у ердаги аёлларга Бозоровнинг учаётгани ҳақида айтгансиз. Улар ишонмаган, кейин сиз ҳаммасини ташқарига чақириб чиққансиз, шу тўғрими?
– …Ҳа, тўғри. Мен уларни кўчага чақириб чиққанман. Худо кўрсатмасин, мабодо ўртоғим қулаб тушса, биринчи тез ёрдам кўрсатсин деганман.
– Бозоров ўша жойдан икки-уч марта пастлаб учиб ўтган, нега айнан ўша жойда айланган?  
– У мени таниб қолиб пастлаган, “эй каллаварам, сен нима қилиб юрибсан бу ерда, бор, тез учувчини топиб кел, бу матоҳни энди қандай қўндираман”, деган. Мен унга завўдга қайтиб уч, деганман. Кейин завўдга қайтишда анови делтамотор пастлаб кетиб, қаноти Маҳкам буванинг бақатерагини шохига тегиб, айланиб кетди, шундан ўша чолнинг ҳовлисига тушди.
Прокурор менда бошқа савол йўқ дегандек қўл силтади. Ҳакам қўлидаги «Ролекс» соатига бир қараб олиб, гувоҳга бошқа саволлар бўлмаса, иш бўйича жабрланувчилар чақирилсин, деди.
Залга тим қора костюмда, тўқ қизил бўйинбоғ таққан пўрим бир киши кирди. Ўзини таништириб, салмоқ билан сўз бошлади:
– Бизнинг «Мовий осмон» қўшма корхонамиз қишлоқ хўжалигига катта зиён келтирадиган зараркунандаларга қарши кимёвий дори сепишда Россия Федерациясидан келтирилган тўртта делтамотордан фойдаланади. Бунга тегишли ташкилотлардан олинган махсус рухсатномамиз бор, – у шу сўзларни айтиб, ҳакамга бир муддат тикилиб турди. – Шу тумандан олинган буюртма бўйича тутқаторларни дорилаш учун битта делтамоторни жўнатган эдик. Тўққизинчи июль куни мазкур делтамотор мана бу шахс томонидан олиб қочилган, кейин унга шикаст етказилган.
– Ширкатингиз қанча зарар кўрди бу жиноят орқасидан?
– Энди… аппаратнинг мотор ва паррак қисми бутун, қанот қисми ва ғилдираклари  шикастланган. Ўзимизда қанот қисмини таъмирлашнинг имкони йўқлигидан янгисига буюртма берганмиз. Бизга маълум бўлишича, айбланувчи Бозоров етказилган барча зарарни тўла қоплашни ўз зиммасига олган.  
– Айбланувчига суд қандай жазо қўллашини сўрайсиз?
– Қонунда белгиланган жазо берилишини сўрайман.
Прокурор менда савол бор деб, қўшма корхона вакилига юзланди:
– Айтинг-чи, учувчи Маннопов Ориф сизнинг қўл остингизда ишлайдими?
– Ҳа, худди шундай.
– Маннопов дастлаб гувоҳ сифатида ҳужжатларда кўрсатилган. Лекин суд мажлисига чақирилганда унинг Россияда хизмат сафарида экани айтилган. У қандай хизмат сафари билан кетган?
– Маннопов энг тажрибали учувчиларимиздан бири. Биз янги “Ветер- 2” делтамоторини харид қилганмиз, ҳозиргиларидан кўра икки баробар кўп дори олиб учади. Янги аппаратда тажриба машқларини ўташи учун уни Россияга жўнатганмиз. Биласиз, ҳозир қишлоқ хўжалигида энг долзарб палла, ҳар бир дақиқа ғанимат, Манноповни шошилинч жўнатишга тўғри келди.
Прокурор чўзиб «тушунарли-и» деди, адвокат ҳам саволим йўқ дегандек, бош чайқади.     
Залга ёши саксонларга яқинлаган, мошкичири соқоли калта кузалган, эгнига енгил кулранг чакмон илган, қўлидаги дўлана ҳассасига оғирлигини тўла ташламай юришидан тетиклиги сезилиб турган чол «бисмилло» деб кириб келди.  Қария ҳакамнинг ўзингизни таништиринг деган саволига ажабланиб, «мен Рихсиев Маҳкамбой бўламан, тузукми», деб ҳаммага эринмай, синчиклаб қараб чиқди. Панжара ичидаги Адҳамни танимай бироз тикилди, сўнг таниб, бошини сарак-сарак қилди.  
– Отахон, сиз шу жиноий иш бўйича жабрланувчи деб топилгансиз. Жиноят содир этилган куни нима бўлди ўзи, нимани эслай оласиз, шуни қисқа қилиб гапириб беринг судга.
– Энди мен нимаям дердим. Ўша куни эрталабдан роса офтоб қизиди, қисталоқ, ўтирган жойингда дув-дув тер оқади. Бир маҳал намози қазога бир думалаб олай деб таҳорат олиш учун обдастани қидириб қолдим. Болларим сув исиб турсин деб обдастани қўрғонни  ўртасидаги кунгайга қўйибди. Ҳалиги жойда бориб обдастани шундай ушлаганимни биламан, қисталоқ, дастаси қуёшда чўғ бўлиб турган экан, қўлимни жиз куйдирди. Ўрикнинг тагига ўтиб, қайноқ сувда бир амаллаб ҳаҳ-ҳаҳлаб таҳорат олиб, энди айвонга қараб юрганимни биламан, қисталоқ, бир пайт осмони палакдан бир нарса тариллаб келдию ҳовлига қарсиллаб тушди. Яна немис босди-ёв, қоча Маҳкам, деб бир ирғиб ўзимни айвонга урдим… Таҳоратам синди-да шу жойда…
Залнинг ҳар жойида пиқир-пиқир кулги кўтарилди. Ҳакам столга қаламнинг кети билан уриб, тартибга чақирган бўлди. Гувоҳ беътибор сўзини давом эттирди:
– Қўрғонни этагида бир ярим яшар новвос ётганди кавшаниб. Пенса пулимни йиғиб олган эдим бузоқлигида, неварамни тўйига атаб. Эти йилтираб, жир битиб қолувди. Шу денг, ҳалиги жойда  осмондан тушган палакатдан шайтонлаб қочаман деганда арқонга ўралиб, боши чотининг орасида қолиб, гупиллаб ағдарилди. Шу бўйи қайтиб одам бўмади, қассобга сўйдириб, гўштини сотдик энди, нимаям қилардик бошқа?!
– Айбланувчи Бозоровга даъвоингиз борми? Суддан ўзингизга етказилган зарарни ундириб беришни сўрайсизми?     
– Энди мен нима дердим. Давойи достоним йўқ бунга, ўзи, қисталоқ, рўзғори зўрға тебраниб турибди. Отаси бечора ишга ярамай қолган, бунда онаси касалманд, хотини боғчада ишлайди, олган пули нимаям бўларди, бу ёқда тўртта мишиқиси бор…Бу қорамойга ботиб трактир тузатади, фермерларни аҳволи бу бўлса… Буни қўли қачон ёлчиб пул кўради энди?! Биззи давлат халқпарвар, шу болага раҳм қилиб, енгилроқ жазо берилса, дейман. Бу бола ўзи бир аҳмоқлик қилди… Ҳаҳ даюс, осмонда пишириб қўйибдими сенга!? Учаман дейсан-а! Яна ҳукуматти осмонида-я?!
– Раҳмат, отахон, ўтиришингиз мумкин, – деди ҳакам гувоҳнинг сўзи тугар-тугамас, кейин томоғини бир қириб олиб суд музокарасидан аввал танаффус эълон қилди.    
Ҳакам залдан чиқиши билан ҳамқишлоқлар панжара томон гурр талпинди, лекин соқчилар яқинлашишга қўймай, ҳаммани суд залидан ташқарига ҳайдади. Ҳовлига чиқиб кимдир нос отди, кимдир тамаки тутатди. Сада тагида чўнқайиб ўтирган бир киши тиззасига таяниб ўрнидан турди-да, улар томонга юрди. Собит уни кўриб:
– Қайда юрибсан, ҳеч бўлмаса шу ерга вақтида келсанг ўлармидинг? – деди аччиғланиб.  
– Сал кеч қопман, залга киритишмади. Бир соатча бўлди, Латофат келиб мановини ташлаб кетди, – деди у қўлидаги қора елимхалтани кўрсатиб.  
– Нима экан бу? – Собит елимхалтани очган эди тубида икки юз сўмлик пул дасталари кўринди.
–  Агар анови учадиган матоҳга етказилган зарар қопланса, Адҳамни шартли жазо билан қўйиб юборишлари мумкин, деб эшитибди. Шу гапни айтди-да дарров қайтиб кетди.  

2011 йил.