Муҳаммад Салом. Табиат оҳи (ҳикоя)

Ҳусния эшикни очдию димоғига урилган таниш ҳидни туйиб жилмайди: «Палов! Нечук, менга айтишмовди-ку?»
Очиғи, Ҳусния паловни унчалик хуш кўрмайди. Ошқозони боис ўзини ҳам, атрофидагиларни ҳам шунга ишонтиришга уринади. Айниқса ўзи пиширган ошдан иштаҳа билан еёлмайди: ҳидидан «тўядими», шоша-пиша тайёрлаб, маромига етказмайдими, ўзи ҳам билмайди. Гоҳида ошқозонида оғриқ қўзғалади-ю, айбни паловдан кўради, ўзини пазандаликда нўноқ санайди. Шунинг учун ҳам бу таомни кўнгли тусаганида у эрига маъноли қарайди. Бунақа имконият эса фақат дам олиш кунларидагина насиб этади. Юнусжон бошқа барча ишларда, қалам тебратишда вақтини қизғанса ҳам паловга киришганда ичи «уммонга айланиб кетади» — бирорта ишни бошқага юкламайди, ошхонага ҳеч кимни йўлатмайди — қозон атрофида куймаланиб айланаверади. Фақат сузишни хотинига юклайди. Ҳусния ошга капгир уриши биланоқ эрини, сўнг паловни мақташга тушади. Бундан Юнусжон сариёғдай эриб, дили яйрайди, иштаҳаси яна ҳам очилади. Унинг ҳолати Ҳуснияга ҳам «юқади», лекин, нечундир, бунақа пайтларда ўзида безовталик ҳам, қорнида оғриқ ҳам сезмайди.
Ҳозир Юнусжон ишда. Эҳтимол паловдан бехабардир. Балки эрталаб қайнонаси билан келишиб қўйгандир. У Ҳалима холанинг паловига тан беради — уни зўр пазанда ҳисоблайди. Ҳусния эса авваллари онасидан бошқанинг овқатини ёқтирмасди, қўшниларникидан чиқадиган таомларга қўл ҳам урмас эди. Эрга теккач, илгариги инжиқлиги энди ўтмаслигини англаб ҳаммасига кўникди. Онаси жуда олисда, ўзга шаҳарда — онда-сондагина дийдор кўришадилар. Ўшанда ҳам мириқиб гаплашолмайдилар. Ота-она нафақали ҳордиққа чиқишди ҳамки, ўзларидан ортмайдилар. Чунки, ҳали турмушга чиқарилмаган, уйлантирилмаган фарзандлари бор. Фақат шу сафаргина Ҳусния онасини кўпроқ муддатга қолишга кўндирган. Кўнмай иложи ҳам йўқ-да. Наргизани ҳар кимларга ишониб бўлмайди. Боғчасига эса ҳали-бери рухсат тегмайди. Ойига эллик сўмга шартлашиб, биринчи қаватда ёлғиз яшайдиган Аня бувига беришган эди. Эплолмадими, ўз ҳолига ташлаб қўйдими, Наргиза икки марта парҳезни бузди, бир марта ўйинга берилиб, каравотдан йиқилди, бурнини қонатди. Буни эшитиб, Юнусжоннинг ҳам, Ҳусниянинг ҳам ҳушлари бошдан учиб, дарҳол районга сим қоқишди: «Сизлар ўзи невараниям ўйлайсизларми?» «Ҳа, ўйлаймиз, — дейишди ота-она. — Келтириб беринглар, ўзимиз қараймиз».
Уларнинг неварага кўз қорачиғидай қарашларига Ҳусния шак келтирмайди. Бироқ, Наргиза дардга чалинганидан буён, айниқса Аня бувининг уйидаги воқеадан кейин қизчасини ҳеч кимга ишонмайди. Бу сариғ деганлари жуда инжиқ, маккор дард, эҳтиёт бўлмаса заиф вужудида яна қайталайди-да, жигарни батамом ишдан чиқаради. Ҳусния ишхонада, беморларни қабул қилаётган дамларда ҳам қизини хаёлидан ўчиролмайди. Ахир сўққабош Аня бувики уни йиқитдими, қандай қилиб жигаргўшасини олисга ва гавжум хонадонга юборади. Бирда бўлмаса бирда холаю тоғалари суюб, эркалатиб, унга қовурилган нарсалар едириб қўйишлари ҳеч гап эмас…
— Паловми? — негадир ҳафсаласиз сўради Ҳусния белига фартук таққан онасини кўриши билан.
— Ҳа, палов, — деди Ҳалима хола шахди синган мисол паст овозда. — Айтмай кетибсан, нима қилишимни билмай… Охири…
— Ажаб қилибсиз, онажон. Наргизингизгаям бирор нима қилиб берармиз.
— Уникиям тайёр: қийма — катлет. Ўзи айтди болагинам.
— Қандай яхшисиз-а, онажон, — у ўгирилиб, онасининг юзидан чўлпиллатиб ўпди. Ҳалима хола ҳам беихтиёр қизини бағрига босди. Айни чоғда бугун қизида анча қувноқлик кўриб, дили равшан тортди:
— Қаёқдан кун чиқди — хурсанд кўринасан? Вақтлироқ ҳам қайтибсан.
— Уйга чақирувчилар бугун кам экан. Тўрттагина уйга бордим. Чарчаганим йўқ, — деди Ҳусния очиқ чеҳра билан ва жавондан анор гулли халатини олиб кийди. — Бунақаси жуда кам бўлади. Гоҳида касал шундай кўпайиб кетадики, кишининг тинкаси қурийди, — у, ўз одати бўйича, сездирмасдан, учала хонага ва ошхонаю айвонга бир-бир бош суқиб чиқди — кайфияти кўтарилди. Чунки онаси йўргакда теккан қилиғи — «озода касал»лигини намойиш қилган эди: ҳаммаёқ озода, саранжом-саришта, поллар ярақлайди, дераза ойналари гўё йўқдай, ҳавога сингиб кетгандай ғуборсиз. Болалар ойнаи жаҳон рўпарасида — қўғирчоқ филимга маҳлиё.
— Чарчамадингизми, онажон? — сўради Ҳусния онасининг ёнига, ошхонага қайтиб киргач. Ҳалима хола турп тўғраб, жомдаги сувга соларди. —Жуда кўп уринибсиз-да, кошки соғлиғингиз яхши бўлсайкан.
— Бекор ўтирсам, сиқиламан, касалим қўзийди.
— Шунга ўрганиб қолгансиз. Майли, сиз энди дамингизни олинг. Менгаям иш қолсин-да, онажон, — Ҳусния чинни товоқ ва ликобчалар олиб, жўмракдан оқаётган иссиқ сувга қўйди. — Бунақада мени ёмон ўргатасиз.
— Бўпти, ошни ўзинг суза қол, — Ҳалима хола ортига бурилди. —Ҳали замон куёв ҳам келиб қолар. Еттида етиб бораман, деган.
Ҳусния маъноли кулимсиради: «Ҳа-а, палов буюртма экан-да».
Чиндан ҳам палов соғинчи ҳадемай ҳаммани дастурхон атрофига жамлади. Наргизанинг парҳези туфайли бу суюмли таомга эътибор сусайган, хаста қизалоқ кўзларини мўлтиратишни ҳеч ким истамас эди. Тўғри, каттароқ болалар гоҳида хархаша қилишарди, аммо кенжа сингиллари эсга тушиб, дарҳол лабларига бармоқ босишарди. Бу сафар эса бечора Наргизанинг ўзи йўлини топди: палов сузилиши арафасида ҳеч кимнинг ишорасини кутмай, қиймадан тўйиб олди, сўнг ойнаи жаҳон рўпарасига чўнқайди. Негадир Юнусжоннинг кўнгли бузилди, Ҳусния лабини тишлади. Катта қизлари: «Наргизниям чақирайлик», деди йиғламсираб. Ҳалима хола бош тебратди. Ўғил болалар, эсинг борми, дегандай сингилларига жеркиганнамо қарадилар.
— Шуниси ҳам маъқулдир. — деди Юнусжон. — Нафс тийишни ўрганар балки…
Бу гап унинг ўзига ҳам далда берди-ю, бироқ палов қанчалик яхши бўлишига қарамай, иштаҳаси бўғилди, тезда қўлини тортиб, чой ичишга ўтди. Қайнанасию хотини ҳам гўё ундан андаза олдилар. Дастурхон йиғиштирилгач, Наргиза ҳеч нима кўрмагандек, аввал отасига, сўнг онаси ва бувисига суйканди. Юнусжон қизини бағрига босиб, пешонасидан ўпди. Бирор соатча чойхўрлик қилиб, суҳбатлашиб ўтирдилар. Бу орада болалар уйқуга кетишди. Юнусжон чойнакни кўтарганча иш кабинетига йўналди. Лекин ишлолмади — ўйлаб қўйган лавҳасини қандай бошлаш хусусида бош қотирди, аммо тузукроқ жумлалар тутқич бермади. Ҳалигина автобусда келаётганида миясида фикрлар қандай чарх урган эди-я! Энди бўлса, Наргизанинг овқат маҳали индамайгина улардан узоқлашгани, ўзини ойнаи жаҳонга алаҳситгани — шу гўдаккинанинг ажиб қилиғи нуқул кўз ўнгидан ўтаверди. Охири ҳозир ҳеч нима ёзолмаслигини англаб, хонадан чиқди. Ошхонада кичкина курсида ўтириб, аллақандай қоғозларни тиззасига қўйганича кўздан кечираётган, гоҳо унга бир нималар ёзаётган Ҳуснияга дуч келди.
— Иш пайтида шуларга улгурмайсанми? — деди унинг ёнида тўхтаб. — Ўша ёқда бажариб, уйда дам олиш ё бир нималар ўқиш маъқул эмасми?
— Билмагандай гапирасиз-а, — Ҳусния эрига гинали нигоҳ ташлади. — Ҳа, маъқул. Бу — орзуим-ку, ахир. Лекин улгуриш… Рост, бугун улгурардим: қабулдаям, уйга чақирувдаям беморлар кўп эмасди. Фақат… — У ниманидир айтишга тортинди. Юнусжон унинг ёнига чўнқайди. — Мақтовдан қувониб кетдим чоғи.
— Мақтов? Ким мақтади?
— Э, ўзи кўпам мақтайдиган иш эмас. Кўпиртириб юборишди-да.
— Қани, биз ҳам эшитайлик-чи, хўжайин, — Юнусжоннинг чеҳраси очилди.
— Битта беморим қаттиқ шамоллаб, ўпкаси ҳилвираб қолувди. Касалхонага боргиси келмади. Антибиотиклар, горчичник буюрувдим. Гап охирида, агар топсангиз, прополис эритмасидан томчилаб ичинг, девдим. Бугун ўша киши гулдаста кўтариб келибди. Яна бир нарса тутқазди. «Фаранг атири», дейди. Топилмас мато-я?
— Ҳм, — Юнусжоннинг қовоғи осилди. — Олдингми?
— Ана шу-да, мени ҳалиям билмайсиз. Фақат гулдастасини олиб, тувакка солдим.
— Хайрият.
— Гапнинг қизиғи бу ёқда. Ҳалиги одам ҳузуримдан чиқиб, бош врачга кирибди. Воқеани айтиб, атирниям кўрсатибди. Таклифлар дафтарида мени кўпиртириб мақтабди. Бир вақт, тушлик охирида бош врач ҳаммани йиғиб, менга раҳматнома эълон қилса бўладими? Аслида прополисниям битта врачдан эшитувдим. Кўп дардларга даво бўларкан…
— Ҳар қалай, журналистнинг хотинисанда, жоним, — деди у ёқ-бу ёққа қараб олгач Юнусжон, сўнг Ҳусниянинг юзидан ўпди. — Мана энди яна ўзимга келдим. Кабинетимни сенга бўшатиб берсамми, девдим, фикримдан қайтдим, — у ортига бурилиб, ишхонаси томон йўрғалади.
— Кабинетингиз ўзингизга буюрсин, дадаси, — дея шивирлади Ҳусния эрининг ортидан ва у ҳам қоғозларига эгиларкан, қўшиб қўйди. — Ишқилиб, илҳомингиз қайнаб турсин-да…
Иштаҳанинг — «дарз» кетишидан ҳеч ким ошкора нолигани йўқ, албатта. Аммо табиатан ҳар нарсани ўзига олаверадиган Ҳалима холанинг дилига ўша «дарз» орасидан тутун ўрмалаб кирди: «Палов қилмай мангина ўлай, неварамнинг кўнгли кетдиёв. Мустаргина бўлиб ўтирди. Шуни хаёлимгаям келтирмабман». Бу фикр миясида айланишавериб, у ўзини айблайверди. Оқибатда уйқусида ҳаловат сезмади, эртасига боши гаранг, чарчаган ҳолда уйғонди. Шоша-пиша
ишга жўнаётган қизидан кечқурунга қанақа овқат исташларини сўради. Кечикишидан ҳадиксираган Ҳусния эрига имо қилди. Юнусжоннинг ҳали вақти бор эди. Бироқ, ҳар куни овқат буюришдан ўзини соқит тутишни истарди. Хотини эса бу истак билан сира ҳисоблашмас, саволини ҳеч тўхтатмас эди. Мана энди жавоб топиш зарур. Ҳадеб такрорланадиган бирортасини айтсинми?
— Менга барибир, — деди у ниҳоят ишга кетиш олдидан. Кейин кулганча ўз ниятини айтди. — Ўзингиз биласиз, ойи, мен овқат танламайман: оқдан оҳак, қорадан кўмир бўлмайди бизга.
— Мастава қилайми бўлмаса?
— Майлингиз, — суст жавоб қайтарди Юнусжон ва яна савол кутмаёқ ўзини эшик орқасига олди. Ҳалима хола елка қисди. У куёвининг ёлғондакам мулозаматини сезгирлик ила англаган эди. Юнусжоннинг овоз оҳангида сал-пал хушламаслик йўқ эмасди. Аслида ҳам у овқат танламас бўлиб кўринса-да, хушхўр, мазали, ранг-баранг таомларни кўрганда ўзида кўтаринкилик сезарди. Ҳафтада ҳадеб такрорланадиган овқатлар иштаҳасини қўзғайвермас эди. Буни ўзича бирор марта таҳлил қилмаган, Ҳусниянинг-ку эсига ҳам келмаган — бу борада эрини ўрганмаган. У батамом беморлар билан бандга ўхшар, бошқа майда-чуйда ишларга гўё вақт тополмас эди. Касаллар эса жуда кўп, ҳамиша янгилари қўшилиб турарди. Деярли барчаси унга халоскордай қарашарди, ҳурматини жойига қўйишарди. Ҳамма врачлар каби у ҳам эъзозлардан кўнгли кўтариларди. Лекин ўзининг ҳам соғлиги тобора орқага кетиб борардики, бу ҳақда деярли қайғурмасди. Унинг ранг-рўйига қараб, онаизор изтироб чекарди, ҳар хил туркона дориларни тавсия қилар эди. Бундай дамларда ўзининг ҳам асаби чатоқлиги, сарғайма туфайли жигарни жароҳатлагани эсига тушарди-да, юраги сиқилиб, боши оғрий бошларди. Қизиқ, мана ҳозир ҳам кўнгли беҳузурга ўхшайди, ичига чироқ ёқса
ёришмайдигандай. У юмшоқ курсига ўтираркан:
— Э, шуниям ўйлаб ўтираманми, — деди қўл силтаб. — Кечгача бир гап бўлар. Қизингники барибир ўз уйингдай бўлмаскан-да. Ўз уйингда кимнидир қовоқ тумшуғига қараб ўтирмайсан. Тўғри, эр билан ҳисоблашасан. Аммо унинг мижози ўзингга беш панжадай маълум… —у айни шу топда эрини жуда кўргиси келаётганини, уни дарров соғинганини ҳис этди-ю, чуқур хўрсинди. — Чоли тушмагур улфатларга ўралашиб қолдимикан, сим ҳам қоқмаяпти. Ўшаларга қўшилиши менга ёқмайди-да…
— Бийи, кимга гапираяпсиз?
Ҳалима хола орқасидан келиб, тик турган Наргизани пайқамабди. У тўла уйғониб улгурмаган, қўлининг орқаси билан кўзларини уқаларди.
— Э, ўзим билан ўзим-да, болам, —деди буви неварасининг елкасига қоқиб. — Борақол, аввал бетингни юв. Ювинмасдан гаплашмайдилар.
— Ювинмай гаплашса нима бўлади, бийи?
— Увол. Бор энди, ширчойинг ҳам совугандир.
— Увол нима, бийи?
— Увол… — каловланди бувиси, — жуда ёмон дегани. Ёмон ишларни ҳеч кимга ёқмайдиган қилиқларни увол дейдилар. Увол иш қилганларни ҳамма ёмон кўради.
Наргиза негадир қўрқиб кетди-ю, довдирагансимон бир неча одим отиб, бувисидан узоқлашди. Кейин даҳлиздан унинг:
— Мен ҳеч қачон увол бўлмайман, бийижон, — деган сўзлари эшитилди.
— Айланай сандан, болагинам, ҳеч қачон увол бўлмагин-а, — деди-ю, Ҳалима холанинг кўзида ёш айланди. — Ёмон одамлар увол бўлсин…
Шу тариқа кунлар ўтаверди… Наргиза кундан-кунга тетиклашиб, дард асоратидан қутула борди. Бошқа невараларнинг уйга кўмаклашувларида ҳам жонланиш сезилди. Айниқса Ҳусниянинг ўз касбидан нолишлари камайгандай эди. Юнусжоннинг учта лавҳаси газеталарда босилиб, тилга тушди.
«Уйингда ҳамиша кексалар бўлишига нима етсин, — ўзича ўйларди Юнусжон. — У айниқса саранжом-сариштали, меҳрибон бўлса, нур устига аъло нур. Ҳориб-толиб келганингда баҳри-дилинг очилади, ярим тунгача қорин тўйғазиш ташвишини қилмайсан. Ҳаммасидан ҳам болаларинг нима еди, нима ичди, кўчага чиқиб бевош болаларга қўшилмадимикан, деб ишхонада ҳам хун бўлиб юрмайсан…»
Ҳалима холанинг муваққат ташрифи ниҳоясига етиб борарди. Олисда қолган бошқа фарзандларини, эрини, қадрдон шаҳарчасини соғинган эди кампир. Бироқ бу уйдан ҳам кўнгил узолмасди. Гўё Наргиза билан Ҳусния унга мунғайиб қарайдилар. Сўнгги чоқларда кизининг ишлари яна кўпайган — хизматдан шираси шимиб олинган ҳусайни узум донасидай бўлиб қайтарди, бирор нимага қўл уришга, ҳатто сўзлашишга мадори етмаётгандай кўринарди. Бугунгиси эса ҳаммасидан ошиб тушди…
Одатдагидай эрталаб буви билан невара етаклашиб, магазинга боришди — сут, қатиқ, қаймоқ олишди. Уруш қатнашчиси ва шахсий нафақачилар Ҳалима холанинг навбатини орқага сурганини, сал бўлмаса, керакли нарсалардан қуруқ қолишлари мумкинлигини ҳисобга олмаганда, «очиқ ҳавода юриш» ишлари бирор хафагарчилик келтирмади. Харидларини ёнига қўйганча у ҳовлидаги узунчоқ курсида бирпас ўтирди. Наргизанинг темир арғимчоқда учишини, ўзича ўйнаб, хумордан чиқишини айрича диқкат билан кузатди. У қизчанинг қаттиқ ҳаракат қилиб зўриқишидан, оқибатда касали қайталашидан қўрқар эди. Ҳар қалай, беш ёшли қизалоқ ҳам эҳтиёткорликни унутмасди, танбеҳ эшитишни истамасди.
Жиддий танбеҳ ва можаро тушдан кейин рўй берди. Мактабдан қайтган кичик акаси нохосдан ошхона йўлагида Наргизага туртилиб, кўлидаги ликопчани тушириб юборди. Ликобча чил-чил синди. Сингил акасини жеркиди. Акаси енгилроқ мушт туширган эди, Наргиза бор овоз билан чинқирди. Орага бувиси тушиб, уларни муросага келтиролмади. Бунақа пайтда, шубҳасиз, «ёнғин»ни бир зарб билан ўчириб бўлмайди. Танбеҳлар ҳам, уришишлар ҳам невараларни тезда битимга келтиролмади. Бунга Наргизанинг узоқ вақт касалхонада ётганию уйда ўтириб, зериккани ҳам, доимо ён беришлару эркалашларга ўрганиб, тантиқлангани ҳам ўз таъсирини кўрсатарди. У акасининг жазо олишини ёки ялинишини кутарди. Акаси эса унга асло ён бермасди, бунга гурури йўл қўймас эди. Ҳалима хола шуни тушунарди-ю, аммо қандай йўл тутишни билолмай хуноб бўларди. Натижада юраги санчиб, бошидаги оғриқ кучайди — гўё миясида алғов-далғов бошланди. Сабри чидамай:
— Вой, ман бу ерга келмайгина ўлай, — деб йиглаб юборди у. — Ўз уйим — ўлан тўшагим, тинчгина ўтирмайманми? Қайтага ўзимга касал орттирдим.
Иккала невара ҳам бирдан жимиб қолишди. Наргиза югуриб келиб, бувисини ачомлади. Униси бир нафас талмовсираб турди-да, сўнг уён-буённи йиғиштиришга тутинди. Ҳалима холанинг кўнгли жойига тушган эсада, бош оғриғи пасаймади. Бир неча марта аналгин ичишни мўлжаллади, бироқ врачларнинг сўзларини эслаб, ўзини тийди. «Сиз жуда кўп дори ичгансиз, — деганди улардан бири. — Дорилар жигарга ёмон таъсир этган. Энди табиий воситалардан кўпрюқ фойдаланинг». Аммо ҳозир чойдан бўлак табиий восита уйда йўқ. Аччиқ кўк чой эса дардини енгиллаштиролмади. Бошининг орқасида, пешонаси атрофларида нималардир жимирлар, боши бировникига ўхшарди.
Сал мизғиган эди, ваҳимали туш кўриб, чўчиб уйғонди. Қайта ётолмади — биқини оғриди. Энди яна қанақа овқат қилиш муаммоси оромини бузди. Бироқ, қалампиру мурчлар унга зарарли. Ундан кейин шу алфозда сабзи тўғраш осон эмас. Гўшт ҳам оз. Борини ишлатиб, уйни қуритиб қўйиш — ёмон одат. Юнусжон икки кундан бери магазиндан гўшт тополмаяпти. Бозорники жуда қиммат: икки марта харид қилсанг, чўнтак қоқланади. Иссиқ овқатсиз қолиш мумкин эмас. Болалар нима деркин?
— Э, билмасам, — деди каттаси.
— Ўзингиз биласиз, — бўйин қисди иккинчиси.
— Мошкичири қилинг, — деди учинчиси.
— Э, мошкичири ойимга бўлмайди-ку, — уни инкор этди биринчиси. Эсингдан чиқдими, жиғилдонларини қайнатади. Бўлмаса, палов бўлақолсин.
Ҳалима хола кулимсираб, Наргизага қаради.
— Майли, қилаверинг, бийижон. Менга ширгуруч қилиб берасиз.
— Паловга гўшт кам. Яхшиси, ҳаммабоп мошхўрда қиламиз…
Ҳалима хола инқиллаб-синқиллаб, овқатга уннади. Ҳар қанча пазанда саналса-да, мошхўрдани кўнгилдагидай келиштиролмади. Аввало аҳволи-руҳияти халал берди, сўнгра бу улар тарафда деярли тайёрланмайди. Шуни ўйларкан, у куёвини кўз олдидан ўтказди. Юнусжоннинг пешонаси тиришгандай туюлди-ю, қайнананинг бош оғриғи яна кучайди, ўнг биқинида санчиқ бош кўтарди. Нафас олиши қийинлашди. Овқат оловини кескин пастлатиб, дарҳол кўрпачага ёнбошлади. Болалар ўз машғулотлари билан банд, ҳатто шивирлаб гаплашардилар. Фақат эшик қўнғироғи жиринглаганда Наргизанинг «ойим келдилар» деганча чопқиллаб ўтгани осойишталикни бузди. Бунақа пайтда Ҳалима хола ҳам неварасига эргашиб, эшик ёнига борарди, қизига пешвоз чиқарди.
— Бийинг қанилар? — Ҳусниянинг ҳоргин товуши эшитилди.
— Бийим ётиптилар, — деди Наргиза гуноҳкорроқ овозда. — Бошлари оғрияпти.
— Чарчаган бўлсалар керак-да, — деб қўя қолди Ҳусния лоқайдроқ оҳангда. Унинг ранги оқарганди, оёқда зўрға турганга ўхшарди. Эҳтимол шу боисдир, қизини ҳам эркаламади. Гўё у ўзи билан оворадай кўринарди — ё қаттиқ толиққан, ё ўз ишидан қаноатланмаган. Агар бир кунда ўн, ўн бешта, борингки, йигирмата кишининг дардини тинглаб, уларни синчиклаб кузатса, фойдали муолажа буюрса, врач ўзидан қаноатланиши мумкин. Унда мушоҳада юритишга, китобу журнал титкилашга ҳам озроқ вақт қолади. Ҳоримайди. Аммо қирқ-элликлаб хаста одамлар кўнглини олиш, деярли ҳар куни шу ҳол такрорланиши ман-ман деган шифокорни ҳам лоқайдликка мубтало этади ёки ишдан бездиради. Кошки ўша ёқнинг ўзида оҳ-воҳлару бошқа ташвишларни бир ёқлик қилиш иложи топилмаса. Агар касаллик тарихини эмин-эркин, мулоҳазалар билан тўлғазиб ўтирса, қабулда қанча бемор қолиб кетади, тўс-тўполон бошланади. Асли «тарих» бемор ҳузурида, аниқ хулосалар асосида тўлгазилиши зарур. Йўқ, Ҳусния бундай қилолмайди. Вақтни тежаш учун беш-олти минутда шоша-пиша фикр айтиб, муолажа буюришга мажбур. Варақа — «тарих»га қисқача қайдлар белгилайди, холос. Кейин уни гоҳида, қоидага хилоф иш тутиб, сумкасига солганча хонадонма-хонадон изғийди. Улар сафига уйга врач чақирган кимсаларнинг ҳам «тарих»лари қўшилади. Уйлар эса битта-иккита эмас — гоҳида ўнлаб — паст-баланд, лифтли, зинали, бешинчи қаватга кўтарилгунча кўзлари тиниб, боши айланади, дармонсизланиб, деворга суянади. Юрак титрайди. Ўша титраш пардаси ортидан хаста бировнинг нолиши қалбига урилгандай туюлади. Сўнгги кучини тўплаб, юқорига интилади. Ўзининг аҳволини биров сўрамайди. Қорин очган, ични нимадир таталайди. Йўл-йўлакай бирор нима тамадди қилай деса, иштаҳа йўқ. Салгина шовқин, ортиқча гап-сўз қулоққа ёқмайди. Тишни-тишга босиб, ҳаммасига чидайди….
Бугун биттаси касаллик варақасини уч-тўрт кунга чўзишни, яхшилигини қуруқ қолдирмаслигини шама қилиб жонига тегди. Ўзи истамаган ҳолда унга бақириб берди, хонадан ташқарига қувди… Кечагиси бундан ҳам кўнгилсиз — бир бемори шифохонада вафот этибди. Бунда Ҳусния ўзини айбдор санайди — биринчи ташрифдаёқ уни синчиклаб кузатолмаган, зудлик билан касалхонага йўлланма топиб беролмаган. Бир ҳафта ўтиб, у оғирлашгандан сўнггина масалани жиддий қўйди. Агар ўша аёл уйда ўлганида маломат тошлари маҳалла врачига отиларди. Мана энди барибир мустар кўзлар уни таъқиб этгани-этган…
— Ҳусни… — инқиллаган товуш уни ўзига келтирди. Аста юриб, онаси ётган хонага мўралади. Ҳали Наргиза айтган гапга унчалик эътибор бермаган, онасини шунчаки дам олиб ётгандирлар, деб ўйлаган эди.
— Ҳа, она, нимага ётибсиз? Чарчадингизми? Сира тиниб ўтирмайсиз-да.
— Йўғ-э, ўзи мазам йўқ, — Ҳалима хола тетикроқ гапиришга уринди, — Қон босимимни бир ўлчаб қўйсанг, бир бало бўлган га ўхшайди.
Ҳусниянинг томоғига нимадир тиқилган дай бўлди-ю, секин «уф» тортди.
— Хўп, ўлчайман ҳали… Ўзи ваҳимачилигингиз ҳам бор-да.
— Эҳтиёт яхши, болам…
Лекин бу сўз Ҳусниянинг қулоғига етиб бормади. У ярим карахт ҳолда ошхонага кириб, қозонни кўздан кечирди. Ҳалигина, йўлда судраб қадам ташлаётган кезда, бугун тушлик қилмаганини, очлик сездирмай тинкасини қуритганини эслаган эди. Энди бўлса, овқатга қарагиси ҳам келмаяпти.
Тузини татиб кўрай-чи, зора иштаҳам очилса, — деб ўйлади-ю, у қозон қулоғига суяб қўйилган ёғоч қошиқда хўрдадан озроқ олиб, ичди. Оғзига бемаза туюлиб лабини бурди. — Гап овқатдами, ўзимдами?»
Бироқ, овқатланиш маҳалида ҳам буни аниқлай олмади. Коса тагини эгаллаган озгина мошхўрдани тугатиш анча машаққатли кечди. Доим назорат қиладиган онаси ҳозир дастурхон бошидан йироқ эди — ўзини қорни тўққа чиқариб, кичкина уйда ётганди. Ишдан кеч қайтган Юнусжон эса бу сафар овқатнинг фарқига бориб ўтирмади. У бугун газета топшириғи билан Бўстонлиққа борганди, Чирчиқ бўйларидаги ҳар хил нишоотлардан дарёга тушаётган чиқиндилару оқоваларни кўриб, кўнгли чўккан — ҳам жисман, ҳам маънан чарчаган эди. Кўрганлари ҳақида боплаб танқидий мақола ёзишни мўлжаллаб қўювди. Аммо, уйдаги вазият…
— Нозим, — Ҳусниянинг заифроқ овози эшитилди.
— Ҳа, нима дейсиз?
— Ўша ёқдан ўшқирасанми, ялқов? — Ҳусния энди овозини баралла кўтарди. — Бу ёққа кел. Дастурхонни йиғиштириб, идишларни юв.
— Мени дарсим кўп, — дея тўнғиллади Нозим ёндаги хонадан чиқиб келаркан. — Эртага «Икки» олсам майлими?
— Кундузи нима қилдинг, аҳмоқ? — Ҳусниянинг овози титраб, бўғилди. Йўталиб, товушини тоблади. — Шу телевизорни кўчага улоқтирсам, қутуламанми?
— Ҳой, секинроқ гапирсанг-чи, — ўз хонасидан шошилиб чиқди Юнусжон. — Қўшнилар эшитса, нима дейди?
— Жа ўша қўшниларингиз оппоққина-да, товуши сираям чиқмайди!
— Ўшаларга тенглашиш шартми? Ҳар кимнинг ўз обрўси бор. Дўхтирсан…
— Дўхтир ердан чиққанми, ақалли боласигаям иш буюролмайди. Бирор иш айтдимми, баҳона топади.
— Баҳона эмасдир, хўжайин, жаҳл чиққанда ақл қочмасин-да, энди. Ўша идиш-товоқларни мен ювақолай, — Юнусжон ошхона сари йўналди. Унгача Нозим иссиқ сув жўмрагини очиб, ишга киришди. Отаси изига қайтди.
— Мана шунақасиз, дарров болангизнинг юзини ювасиз. Бўйи теракдай, ақли кўракдай ҳам эмас. Одамга раҳми келмайди.
— Болани ҳадеб ерга ураверса, баттар бўлади, — деди ўғли эшитмайдиган товушда Юнусжон. — Ишдаги машмашаю аламларни уйга кўтариб келмаслик керак.
— Э, жонимгаям тегди шу иш! — Ҳусния қўл силтади. Кипригида ёш кўринди. Бироқ, тезда ўзини тутиб, яна эрига нишини санчди. — Сиздай тараллабедод қилиб юрганимда шу аҳволга тушмасдим.
Юнусжоннинг миясига бир нима «тўп» этиб урилгандай бўлди-ю, ўзини босиш учун ичида йигирмагача санади. Сўнг нариги хонадан секин чиқиб келаётган қайнанасига бир қараб қўйди-да, кулимсираганча:
— Ҳай, ишдан бўшайқол, тинчийсан, — деди. — Ўзи қумурсқадай жонинг бор, сенга ким қўйибди бир ярим ставка ишлашни. Одамга пул эмас, соғлиқ керак.
— Қўйинг, менга ақл ўргатманг. Сизнинг икки юз сўмингиз билан кун кўриб бўлса эканки, мазза қилиб уйда ўтирсам, бола тарбияси билан шуғуллансам! Ҳафтада икки кило гўштни эплаб тополмайсиз, бозордаги қимматига чопасиз. Неча кун бўлди, болаларнинг оғзига мева тегмаганига. Гапираверасиз-да…
Юнусжон қулоқларигача қизариб, пешонасига тер тошди. Лекин хотинига лом-лим демади. Энди Ҳалима хола орага тушди:
— Кўпам ношукур бўлма, болам, ойлаб гўшт емайдиган, мева татимайдиган оилалар бор. Ман қишлоқни айтмай, шаҳардаям истаганча топилади ундайлар.
— Ишни ташласам ё камроқ ишласам, биз ҳам ўшалар аҳволига тушамиз.
— Ишни зинҳор ташлама, — деди Ҳалима хола ўйчанлик билан. — Лекин касбингга озроқ меҳр қўйсанг бўларди.
— А? — Ҳусния анқайиб қолди, ранги ўчди. — Бу нима деганингиз-а, она? Касбимга меҳрим бўлмаса, қандай ишлайман ахир?
— Ўз ишини севадиган кишининг ранг-рўйи, аҳволи бунақа бўлмайди. Ҳар бир ишидан қувониб, руҳланиб ишлайди. Ишиям, соғлиғиям ривож топаверади. Сеники тескари: асабинг жойида эмас, ошқозонинг ярамией.
— Қўйинг-э! — Ҳусния тескари қаради. Аммо онасининг сўзларини лоақал чуқурроқ ўйлаб кўрмади. — Сиз мени қаёқдан биласиз — ҳар битта беморим соғайгунча ҳаловат билмайман. Ҳурматим бор… Соғлигим йўқолишига…
— Ҳа, бунга нима дейсан? Узинг айбдорлигингни тан оласанми?
— Ҳа, ўзимниям айбим бор, — Ҳусния чуқур хўрсинди. — Лекин сизниям, отамниям айбларингиз йўқми?
— Куёв, эшитаяпсизми? — Ҳалима хола Юнусжонга юзланиб, кулиб юборди. — Ўзимиз емай, ичмай бунга тиққанмиз.
— Лекин асосий дардни кўрмагансизлар.
— Қанақа дард? — Ҳалима хола кўзларини катта очди. — Дард-пард йўғиди-ку?
— Мен соғлиғимни ҳашарларда, пахтазорларда йўқотганман. Ҳар хил сувлар ичиб, дориларга тўйинган чанглар ютиб, вақтида сифатли овқатланмай, норма бажаролмаганда гаплар эшитиб, шу ҳолга тушганман.
— Ҳашарни мен чиқарганим йўқ, қизим. Ҳаммага келган тўй…
— Тўймиш? — Ҳусния онасининг сўзини кесиб, истеҳзоли кулди. — Кулфат денг. Бугунги азоблар, бугунги дардлар ўшанинг касофати.
— Тўғри, қўлимиз калталик қилган, сени ҳашардан олиб қололмаганмиз.
— Фақат мен билан иш битмасди, она, — деди Ҳусния алам билан. — Битта мен соғлом бўлган билан ҳаётни ўзгартириб бўлмайди. Бутун менинг авлодим, мендан каттароқлару кичиклар ҳам, ҳозирги гўдаклар ҳам дардга чалинган. Сизлар шунга йўл қўйгансизлар. Оғизларингизга мум солиб, миқ этмагансизлар…
Ҳалима холанинг миясида ёпиқ турган аллақандай пардалар қўққисдан кўтарилгандай, парда ортида ғалати манзаралар юз кўрсатгандай бир лаҳза лол қолди. Қизининг таъналарида жон бор эди. Аммо уни тўла қувватлай ҳам олмас ва бирор жўяли баҳона ҳам изламас эди. Онаю қизни жимгина кузатиб турган Юнусжон эса чуқур ўйга толганди. Шунақа мавзуда хотини билан бир неча бор баҳслашганини эслади. Мана энди баҳс мевага кираяпти. Аччиққина мева…
— Невлай, — ниҳоят тилга кирди Ҳалима хола, — тилимиз ҳам, дилимиз ҳам қулфланган эканми, ҳеч ниманинг фаҳмига бормабмиз. Ҳаммасини энг катта раҳбарларга қўйиб берибмиз. Оқибатини ким ўйлабди дейсан. Ҳай энди… — у бошини ушлаб сиқдию чуқур хўрсинди, — ўтган ишга салавот. Бу ёғига сизлар ҳушёр бўлинглар, бизга ўхшаб, кўзларни юмиб қадам ташламанглар. Иҳ…— у кўзини бир дам юмиб очди-ю, Юнусжонга қаради. — Куёв, сиздан илтимос, эртага мени бир амаллаб самолётга чиқариб қўйсангиз.
— Ҳа, нега? — Юнусжон шошиб сўради. — Хафа бўлдингизми?
— Йўғ-э, — у четга қаради. — Мана, Наргиза анча соғайди. Мениям бошқа ташвишларим бор. Ўзимни қаратишим ҳам керак. Кўриб ўтирибсиз, дўхтир билан бирга яшаяпмиз, лекин дўхтирга зормиз.
— Вой ўлай, онажон, эсимдан чиқиб кетибди, — Ҳусния довдираганча ўрнидан туриб, онасини қучоқлади-ю, ҳўнграб йиғлаб юборди. — Мени кечиринг, онажон…
— Қўй, йиғлама, сенинг айбинг йўқ… — онаизор қизининг ҳалитдан сийраклашиб, оқ оралаган сочларини сийпалади. Ўзининг ҳам кўзларидан томчилар думалади.
— Кимнинг айби бор? — ўзига ўзи деди Юнусжон хонасига қайтиб, курсига чўкаркан. — Менингми? Нимада? — шу топда у ўзини айблагиси келмади-ю, мақола ҳақида ўйлаб, ўзини чалғитди. Фикрлар қалашиб ётарди, аммо тузукроқ сўзлар миясида айланмас эди. Боши қизиб, кўкрагида санчиқ турди. — Нима бу? Менга ҳам касаллик айланишаяпти, шекилли. Ёпирай, нима қилдим энди? Ҳали мақола чала қолмасайди. Қизиқ, ҳамма касалманд, ҳаво ҳам, сув ҳам, тупроқ ҳам касал, ейдиган нарсаларимиз ҳам касал. Жамиятдан ҳам ишкалликлар чиқаяпти. Шундай экан, дардлардан қандай қочиб қутуласан?.. Даволашми?.. Ким даволайди?
Эшик қўнғироғи жиринглади. Юнусжон кўксини тутганча, оғриниб, эшикни очди. Нариги йўлакда, тўртинчи қаватда яшайдиган ёшгина жувон. Кўзлари жиққа ёш:
— Ил-илтимос, Ҳус-Ҳусни опамлани чақириб берсангиз, — деди у зўрға. — Адамизлани мазалари қочиб қолди. Ўзларини ён-ёққа отаяптилар…
Юнусжон унга ағрайиб қараганча, чайқалиб эшикка суянди. Нималардир деб пичирлади. Аёл бошқа хаёлга бордими, орқага тисарилиб, пастга чопиб кетди…

«Гулистон» журнали, 1990 йил, 6-сон