Муҳаммад Исмоил. Оппоқ гулдай ойдин хотира (ҳикоя)

Ёшинг ўтгач, шахсий муносабатларда шу қадар инжиқлашиб қоларкансан-ки, эҳтимол-у-шубҳаларни бирма-бир тусмоллаб чиқиб, ҳадиксирашга хожат йўқлилигига ишонч ҳосил қилмагунингча, бир ишни бошлашдан хайиқиб туравераркансан киши. Худди, ҳужжатли фильмларда қариган шер кўзини лоқайд юмгани каби, сен ҳам қаршингда турган киши ҳали оғиз очмасдан, унга нима деб жавоб бериш кераклиги бўғзингда етилиб турган бўлади. Ким нима демоқчи, бундан унга нима фойда-ю, сенга нима зиён, ҳаммаси бетиним равишда тарози палласига тушиб-чиқиб тураверади. Ва ниҳоят чарчайсан. Дунёда беминнат бирон нарса борми ўзи? Биров сен учун ўзидан кечиб, бирон нарса қилганми? Хотираларинг бу яқин оралиқдан ҳеч нарса тополмай, олисларга, ёшлик, болалик йилларингга етаклайди.
Бу воқеа миямга шу қадар муҳрланиб қолган-ки, агар шу кетишда борса, вақти келиб, дорилбақога сафар қиладиган бўлсам, бундай ўтмиш билан яратган Парвардигор олдида нима деб жавоб бераман экан-а, дея ўйланиб қоламан. Лекин, нима қилайлик, ёшликнинг кўзи кўр дейишади, олдинда бизни нималар кутаётгани ети ухлаб тушимизга кирмасди.
У замонларда бундай ташвиқот поездлари бутун Ўрта Осиё бўйлаб санғиб юрар, ёшлар қўмитаси томонидан ташкил этилгани учун, қандайдир маърузалар ўқилар, кейин концерт, икки-уч соатга чўзилган йиғин, дискотека билан якунланарди.
Туркистон шаҳридаги йиғинимиз ҳам аввалдан белгилаб қўйилгандай кетаётганди. Мен ҳам ўртага чиқиб шеър ўқиган, менга ҳам чалинган қарсакдан хижолат тортиб, елкамдан тоғ тушгандай, четроқда айланиб юрардим. Кеч туша бошлаганди. Поездимиз яна икки-уч соатдан сўнг, кечаси билан йўл юриб, бошқа шаҳарга етиб бориши керак эди.
Мусиқа қаттиқ чалиниб, ўйинга чорлай бошлади. Қоронғу тушиб улгурмаган, ранг-баранг чироқлар, умум хурсандчилигига қоришиб, мислсиз файзли оҳанграбони ташкил этарди.
Шу пайт, оппоқ кўйлакли қиз, йиғин ташкилотчиларидан шекилли, барчани даврага тортиб юрганига кўзим тушди. Қиз маликаларга ўхшарди. Сочлари кесилган, юзлари оппоқ, қора кўзлари ёқутдай жилваланарди. Атроф шу қадар ғариб туюлиб кетди-ки, нақадар афтодаҳол, юпун, сафарда юравериб, кир-чирларига ботиб кетганим ва олам бу қадар ҳам гўзал бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйламаганимдан, ўзимни бутунлай йўқотиб қўйгандим. Орадан бир лаҳза ўтмаган эди-ки, қиз айланиб ёнимга келиб қолди.
-Юр, ўйингга тушамиз!
-Э, мен билмайман.
-Ўзим ўргатаман, келсанг-чи.
Бир сония иккиланиб турсам, бу қиз бошқа ҳеч қачон келмаслигини сезиб, беихтиёр эргашдим:
-Агар чақирмаганингда, олдингга келлмасдим.
-Нега?
-Негаки сен жуда чиройли экансан.
-Сени меҳмон дедим-да!
– Раҳмат, сен меҳмон деяпсан-у, лекин сен билан ўйнаётганимни кўриб, анови болалар, калтаклашга шай туришибди.
-Энди, бу ердан ташқарига чиқма. Кетар чоғингда ҳам, ўртоқларингнинг ўртасида кет.
-Нима, уларнинг ичида йигитинг борми?
-Йўқ. Йигитим Москвада ўқийди.
-Булар-чи?
-Улар мени қизғанишяпти холос.
-Мен сени уйинггача кузатиб қўймоқчиман.
-Бунинг иложи йўқ. Улар кўпчилик. Қронғида аяб ўтиришмайди. Бу қилиғим учун, балки мени ҳам соғ қўйишмас.
-Уйинг узоқдами?
-Узоқда. Лекин сен мендан хавотирланиб ўтирма.
– Ҳеч нарсадан хавотирланганим йўқ. Сенга бор-йўғи бир гапни айтмоқчиман холос. Шунинг учун, албатта кузатиб қўяман. Мени қўрқоқ деб, ўйламай қўяқол.
– Сенга нима бўлди? Ахир сен йўлни қайтишда топиб келолмайсан-ку. Бу ернинг кўчалари қоронғу бўлсаям, чироқ ёқиб қўйишмайди.
-Бир гап бўлар. Илтимос, йўқ дема, сени кузатиб қўяй.
-Ўзинг биласан.
Сўнгра роса ўйинга тушдик. Ниҳоят, ҳеч кимга билинтирмай даврани тарк этдик. Рости, унга айтадиган ҳеч қандай гапим йўқ эди. Тилимга бирор тузукроқ гап ҳам келақолмасди. Фақат у билан ёлғиз қолишга ҳаракат қилаётгандим, холос.
Биз қоронғу кўча бўйлаб секин етаклашиб кетаётган эдик-ки, беш-олти бола биз тарафга югуриб келаётганини кўрдик. Шунда у қўлимдан ушлади-да, шиддат билан зим-зиё кўча қаърига бошлаб кетди.
Унга эргашиб югурар эканман, болаларнинг ҳаракатга тушиб қолганини, бақир-чақир қилиб сўкинаётганини, ниҳоят, қайсидир бири тош отганини, иш хавфли тус олаётганини англаб етдим. Энди, олдингидан ҳам тезроқ югура бошладик. Энди, унинг қўлидан ушлаб олган, қаерга бўлса-да, қочиб қутулиш пайида чопардик.
Тошлар зув-зув учиб, ёнимизга туша бошлади.
– Ниҳоятда жаҳлим чиқиб кетди. Агар биронта тош Заурет (у қизнинг исми шундай эди) га тегса, ҳаммасини уриб, бошини ёраман деган фикр чархпалак бўлиб хаёлимда айланарди. Шу пайт оёғим тош тўкилган уюмга тегиб, шартта тўхтадим. Атайдан, тошларни ҳар тарафга шу қадар кўп отдим-ки, уйларнинг ойналари, шиферлари синиб, итларнинг тинимсиз вовуллаши тўрт тарафни босиб кетди. Мен одамлар кўчага чиқса, анавилар қувишдан воз кечиб, қочиб қолишади – дея, жон жаҳдим билан зувуллатиб тош отардим.
Шовқин-сурондан саросимага тушиб қолган болалар, орқага қочишди шекилли, сўкинишлари узоқдан эшитила бошлади. Биз эса, уй эгалари югуриб чиқмасдан тун қаърига ғойиб бўлдик.
Бу шаҳарни мутлақо билмасдим. Юриб-юриб кичкина хиёбон ёнидан чиқдик. Хиёбон тепасида неон чироғи ёниб турар, хиралигидан, ҳайкалчанинг кимлигини билиб бўлмас эди. Ойнинг ярқироқ нури, шабодалар ғириллаб турган бўм-бўш кўчалар, бўм-бўш хиёбонни осмон билан юоғлаб юборганди.
Қаерга келиб қолганимизни чамаси Заурет ҳам билолмаётганди. Менинг эса поездим кетиб бўлганди.
-Сени роса излашса керак?
-Излашади. Хайфсан ҳам ёзиб қўйишгандир.
-Куатиб, бекор қилдинг.
Ҳеч ҳам бекор эмас. Ҳадемай тонг отиб қолади. Уйингни бир амаллаб топиб олсак, бўлди. Мен ҳам тонг отгунча сен билан шу ерда ўтираман. Уйга таклф қилардим-у, отам билиб қолса, нақд ўлдиради. Ҳозир мени узатиш пайига тушган.
-Кимга узатмоқчи?
-Бир йигитга. Лекин уни яхши кўрмайман.
-Биронтасини яхши кўрганмисан ўзи?
– Ҳар хил бўлган. Балки севгандирман. Балки йўқ. Билмайман.
Лекин кимга бўлса ҳам тегиб кетавериш ёқмаяпти.
-Ёқадигани топилмаса-чи?
Балки мени ёқтирадигани чиқиб қолар. Йигит севса, аёл киши яхши кўриб кетаверади.
-Мен сенга, яхши кўриб қолдим десам, ишонасанми?
-Йшқ.
-Нега?
-Негаки, сен тонг отишини кутаяпсан, холос.
Аксинча, шу ой сенинг юзингни тонг отгунча ёритиб турса, сен кулиб турсанг, тиз чўкиб ҳар оқшомни шундай ўтказишга тайёрман.
Заурет, бошимни кўкрагига қўйиб қучоқлади. Унинг кўкракларидан хушбўй ҳид келар эди. Белидан қучоқлаганча, оппоқ сийналаридан ўпа бошладим. Сўнгра унинг ҳароратли, куйдиргувчи, жазиллаб турган оташ лаблари, титроқ лабларим билан бирлашар экан, бутун аъзойи баданимни ўт бўлиб ёндира бошлади.
Кейинчалик, бу ҳолат хотирамда ногирон умримга берилган садақадай муҳрланиб қолди.
Туркистонда уч кун қолиб кетдим. Кун бўйи шаҳар айланардик, кечқурун у уйига кетар, мен меҳмонхонада тунардим. Кетар куним кечқурун уни меҳмонхонада қолишга ундадим. У “йўқ” деди. Уни ёзғириб, меҳрсизликда, бағритошликда айблай бошладим.
Унинг энсаси қотди:
Нима, мен билан танишганингга, афсусланасанми? Сен билан шунча гаплашиб юрганим етмагандай, ҳали ётмоқчи ҳам бўляпсанми? Муҳаббат деганинг шуми? Мен ҳали қиз боламан. Истасанг, сен билан ётиб қолишим мумкин. Агар мақсадинг шу бўлса, юр.
– Мени кечир, Заурет!
– Сен мени жисмимнигина эмас, қалбимни ҳам севишингни истайман. Шундай севгмиз абадий бўлади.
– Мени кечир, қўлингдан бир марта ўпганмнинг ўзига, бир умр қулинг бўлишга розиман. Ҳеч ким мени сенчалик севмаган.
– Севги ҳақида ҳали гапиришга эрта!
Билмадим. Сен менга ўзингни фидо қиляпсан. Мен эса… эртага кетаман.
– Нима қипти? Буёғини келажак кўрсатади. Истасанг, хабар оларсан, истамасанг, сени кутиб яшайвераман.
-Биз, албата кўришамиз!
Ўшанда, хайрлаша туриб иккимизнинг ҳам кўзимиздан ёш чиқиб кетганди.
Орадан минг-минг кунлар, худди бир сиқим қум сингари хотиралар йиғиндсига айланиб, ўтиб кетди.
Қанча азобли, изтиробли, омадли ва бахти қаро кунлар, юрагимга бир чангал заҳар ташлагандай, таҳлика ва саросималарга солиб ўтиб кетди. Ҳаётимдаги аёвсиз зирқиратган ёлғизлик силсилалари, абгорлик таҳликалари даври тугул, энг бахтли кунларда ҳам ўша тунни, ўша хиёбонни, унинг очиқ елкаларини, суюб эркалашларини унутолмадим.
У билан ўтган лаҳзалар, энди менга тентакликнинг учига чиққан кўриниши бўлиб туюлсада, нега ўша пайтларни кўп эслайман. Ҳаётимдаги ўша дақиқаларни нега соғинаман? Нега, юрагим орзиқиб кетади? Нега уни эслаган, дийдорини излаган, кўзларидаги оловли қарашлар ўртаган дамларда ўзимни қўйишга жой тополмай қоламан?