Муҳаммад Исмоил. Янги ой чиққан кеча (киноқисса)

Малика эшик тақиллашидан чўчиб уйғонди. Соат тунги иккилар бўлганди. Рўмолини бошига илишга улгурмай қўнғироқ жиринглади.
-Ҳозир!
Одатда эри Санжарни аяб, қўнғироқни босмасди. Ҳозир иши шошилинч, шекилли.
-Келинг!
-Келдим, ҳозир кетаман. Бухоро амирининг қиличи қани?
-Жойида тургандир.
-Тез топ!
Малика кўрпаларни йиқитиб, сандиқни очмоқчи эди, эри “қоч” дегандай, уни четга сурди.
-Керак бўлиб қолди.
Қосимхон қилични қинидан чиқараркан, ўткир тиғ чироқ нурида ярқираб кетди. Малика эрининг гандираклаб турганидан кайфи борлигини, лекин ароқ ҳиди йўқлигидан миясига совуқ фикр келди: “Наша чекдимикан?”
Қосимхон қилични ўйнаб, хонасига кириб кетди. Малика кўрпаларни тахларкан, ташқари эшик қаттиқ ёпилганини эшитди. “Яна кетдими?”
Малика эрининг хонасига кирди. Деразадан пастга қараркан, Қосимхон машинага ўтираётганини кўрди. “Қилич қолиб кетибдими?” У эрига кўр-кўрона итоат қиларди. Қилични кўтарганча, машина ортидан югурди. Тор йўлакдан зўрға бурилиб олган машина юрай деганда, эшикка тирмашди.
-Мана бу қолиб кетибди!
Орқа ўриндиқда ўтирган Қосимхон қўлини ёнидаги қизнинг бўйнидан олиб, унга ўгирилди. Қўлида қоғозга ўроғлиқ нарса бор эди.
-Э, опке!
-Бу ким?
-Ўртоғимнинг хотини.
-Нима, ўртоғингизнинг хотинини қучоқлаб ўтирасизми?
-Бунга фарқи йўқ, ким қучоқласа қучоқлайверади.
— Менга эса фарқи бор. Эрим ҳаммани қучоқлаб кетаверишига йўл қўймайман.
— Ҳе, камайиб қолармиди?
— Камаймайсан, камаймайсан, — гапга аралашди қиз.
Қосимхон эркалаб унинг юзидан ўпди:
— Асалим…
— Айт, бу чувринди уйдан кетсин.
— Эшитяпсанми, “кет” деяпти.
— Нима, мен кетайми?
— Кет, кет, кет! – Қосимхон бу гапларни қатъият билан айтмаса-да, “э-бор-э” деган тарзда айтди. Малика унинг тиззасида турган қиличга ёпишди. Қосимхон ҳали қилични тортиб олишга улгурмай, эшикни қарс этиб ёпди.
— Ҳайданг, шофер ака, бўлмаса бу тентак бизни бир нарса қилиб қўяди.
Шофёр жон ҳолатда газни босди.

***

Малика уйга қайтгач, ғазаб ва нафратдан танг ҳолатда эди. Машинанинг ортидан қувиб боролмасди. Кўчага тунги кўйлакда чиққанди. Машина ёллашга пули йўқ. Тўрт яшар ўғли ухлаб ётганди. Уй уй бўлгани билан тўртта девордан бошқа ҳеч нарсаси йўқ. Уйда очлик ҳукм сурар, ейишга бир тўғрам нон топилмас, Санжарнинг хархашалари кўча хандон эрига нисбатан нафрат ҳиссини қўзғатарди. Қўни-қўшнилардан қарз сўрайвериб, бошини кўтаролмай қолган, нимаики бўлса онасиникидан таширди. Эри ойлигини бермас, боланинг нафақа пули эса ҳеч нарсага етмасди.
Қосимхон институтни битирганларидан сўнг уни ишлатмади. Дастлаб фарзанд кўрдилар. Бола боқиш муддати тугаб, Санжарни боғчага берганларидан сўнг ҳам, эри уни ишлатишга унамади. Малика эрининг авзойига қараб рози бўлди. Эри врач бўлса-да, шифохонанинг ҳўжалик ишларига ўзини урди. Кўпроқ топаман деб ўйлади шекилли, лекин топиш-тутишида барака кўринмасди.
Оила зўр-базўр кун кечирарди. Қосимхон уйга нарса кўтариб келмас, гоҳо маст ҳолатда Маликани урар, сўкарди. Малика куну тун оилам бузилиб кетмасин деган ташвиш билан яшарди. Оилам бузилмай турса, ҳаммаси из-изига тушиб кетади, ҳаммаси бир кунмас бир кун яхши бўлиб кетади, деган хаёлда эди.

***

Малика стол устига ишга кириш ҳақидаги аризани қўяркан, бош врачнинг кўзларида эрини ҳамиша рашк ва саросимага солган қандайдир тийиқсиз иштиёқни кўрди.
— Майли, синглим, аризани ташлаб кетинг-чи, бирор чорасини топармиз.
— Жавобини қачон билсам бўлади?
— Эртагаёқ ишга чиқаверинг. Сал қийналиб қолган кўринасиз.
— Раҳмат. Бу яхшилигингизни унутмайман.
— Раҳмат.
Малика унинг бу жавобини “Рози бўлганлигингиз учун олдиндан раҳмат” деган маънода қабул қилди. Лекин нимага рози бўлди у, унинг истакларини қондиришгами? Ўлдими, унчаликка бормас?!
Малика эртасигаёқ ишга чиқиб кетди.
Қосимхон ўша куни эмас, эртасига кун оққанида худди ҳеч нарса бўлмагандай кўчанинг гапларини гапириб кириб келди. Эшик олдида жимгина турган Малика ичида “вой, разил-ей” деб қўйди. Индамай турганига яна бир сабаб, ишга кириш учун Қосимхоннинг розилигини олиш эди. Қосимхон Санжарни эркалаб кўтараётганида:
— Ишга кирмоқчиман, — деди.
Қосимхон агар ҳозир розилик бермаса, катта жанжал бошланишини сезиб: “Ўзинг биласан”, деб қўя қолди. Малика ошхонага югурди.

***

Бош врач Шуҳрат Аҳадович дастлаб уни кўрганда анчайин бепарво эди. Кейинчалик сезилар-сезилмас илтифотлар қила бошлади. Малика ҳам бу илтифотларни кесиб ташламади. Ишни юмшоққина қилиб, орқага суриб келаверди.
Бир ой бўлмай, бош врач уни операция столи тепасига келтирди-да, чиқиб кетди. Малика операцияни муваффақиятли якунлади.

***

Малика ақлни лол қолдирадиган даражада гўзал аёл эди. 17-18 ёш қизлар ҳам унинг қўғирчоқдай қомати олдида надоматда қолишарди. Ҳеч ким уни йигирма еттига кирган деб ўйламасди. Ўғлини етаклаб юрганида, укасини ўйнатаётгандир-да, дейишарди.

***

Малика хонасига кириб, кийимларини алмаштирмоқчи бўлган эди, эшик чертилди.
— Киринг.
Эшик олдида биринчи курс талабаси, шифохонага амалиётга келиб юрадиган Собитжон исмли йигит турарди.
— Иш тугадими?
— Ҳа, кетмоқчи бўлиб турувдим.
— Кузатиб қўйсам майлими?
— Бирон режангиз борми?
— Бор.
— Шу ерда айтаверинг.
— Шунчаки йўл-йўлакай айтиладиган гап эмас-да. Агар кузатиб қўйишимни ҳоҳламасангиз, имкон топилганда айтарман.
— Эрим келиб қолиши мумкин.
— Нега дарров эрингиз ҳақида гап бошладингиз?
— Мен эри чизган чизиқдан чиқмайдиган аёлларданман, Собитжон.
— Ҳар қалай, менинг гапим сизни бу чизиқдан чиқариб юбормаса керак.
— Унда оддий гап экан-ку, айтаверинг.
— Мени гапим оддийй гап эмаску-я, лекин сиз уни оддий гап деб қабул қилишингиздан қўрқаман.
— Менга бунчалик сирли гап айтиш фикри сизда қаердан пайдо бўлиб қолди?
— Билмайман. Лекин сизга айтмасам бўлмайди. Бошқа иложим йўқ.
— Қўйинг, Собитжон ҳаммаси ўтиб кетади.
— Мен эса ўтиб кетишини истамайман. Умуман, мендаги бу ҳис-туйғулар ўтиб кетмаса керак. Тўғрисини айтсам, сизни яхши кўриб қолдим.
— Собитжон, ундай деманг. Ҳаммасини кўриб-билиб юрибман. Ахир, сиз ҳали ёшсиз. Ҳарбий хизматга ҳам бормагансиз. Ўқишни ҳам битирмагансиз. Мен сиздан қанча каттаман, биласизми?
— Бунинг аҳамияти йўқ. Ахир, сизни яхши кўраман-ку.
— Яхши кўрганингизда бунчалик тез севги изҳор қилмас эдингиз.
— Ҳозир ўз ҳолатимни яшириб ўтирадиган, даражада эмасман.
— Унда сизга қийин бўлади.
— Малика, илтимос, менинг таклифимни яна бир бор ўйлаб кўринг.
— Нимани таклиф қиляпсиз?
— Агар ҳоҳласангиз, сизга уйланаман.
— Ахир, бошимда эрим бор-ку?
— Эрингиз аллақачон сизга хиёнат қилиб бўлган.
— Собитжон, ҳаётимизга бунчалик чуқур аралашасиз, деб ўйламагандим.
— Энди сизнинг ҳаётингиз меники бўлади.
— Буни осонгина гапириб бўлмайди. Мени севиш ҳуқуқини сизга ким берди?
— Нима учун яшаётганимни англолмай юрардим. Энди билсам, сизни бахтли қилиш учун туғилган эканман.
— Собитжон, илтимос, шу ерда хайрлашайлик.
— Фақат эртагача!
— Хайр!
— Яхши етиб олинг.

***

Қосимхон ўзидаги ноҳуш ўзгаришлар, аста-секин зўрайиб бораётгандан оғриқлар аламидан танг ҳолатга тушиб, энди касални яширишнинг ортиқча иложи қолмагани туфайли шаҳар четидаги Теританосил касалликлари шифохонасига йўл олди. Врач йигит Қосимхонни текширувдан ўтказаркан, лаборатория берган натижаларни яшириб ўтирмади.
— Бу касал сизда қачон пайдо бўлди?
— Чамамда, 15 кунлар оралиғида.
— Охирги марта ким билан ётгансиз?
— Хотиним билан.
— Ундан олдин-чи?
— Иккита-учтаси билан.
— Бир кундами?
— Йўқ, икки-уч кун оралатиб.
— Бу касални кимдан юқтиргансиз?
— Билмадим.
— Уни ҳам топиш керак. Бўлмаса, у сизга ўхшаганларга юқтириб юраверади.
— Уларнинг аниқ манзилини билмайман. Қолаверса, менга деса ўлиб кетмайдими, қайси бирини судраб юрай?
— Ҳеч кимни олиб келмасангиз ҳам, янгани олиб келишингиз шарт.
— Нега?
— Ахир, яқин кунлар ичида у киши билан жинсий муносабатда бўлгансиз-ку, бу жуда юқумли касаллик. Хотинингизга юққан бўлиши табиий. Агар уйда тозаликка риоя қилмасангиз, болангизга ҳам юқиши мумкин.
— Хотинимни бу ерга қандай олиб келсам экан-а?
— Бу касаллик фақат жинсий алоқадан сўнг пайдо бўлади. Юқтиришнинг бошқа йўли йўқ. Сиз эса касал аёлнинг қўйнига киргансиз. Биласиз, аёллар ҳамма камситишларни кечирса ҳам, ҳиёнатни кечирмайди. Сиздаги касаллик эса ҳиёнатнинг аниқ далили.
— Сиз қайси кунлари ишда бўласиз?
— Мана, кун тартибим қуйидагича белгиланган…

***

Шуҳрат Аҳадович, иш куни тугаётганлиги сабабли қабулига кирувчиларнинг сийраклашиб қолганидан ўзи ҳам анча толиққанидан дераза ортида ботаётган қуёшга қараб, бир оз тин олиш ниятида креслога суянганича хаёлга ботиб ўтирарди. Эшик оҳиста тақиллади.
— Мумкинми?
— Келинг, Малика Муродовна…
— Яхшимисиз, Шуҳрат Аҳадович, чарчамадингизми?
— Йўқ, қайси шамоллар учирди?
— Сизнинг яхши шамолларингиз!
— Хўш, хизмат?
— Мен бир таклиф билан олдингизга келувдим. Бизнинг шифохонага борганингизда сиз ҳақингизда жуда кўп яхши гапларни эшитганман. Шу туфайли қўллаб-қувватлаб юборасиз деган умиддаман.
— Агар имкон бўлса, бажонидил.
— Мен ўз соҳам бўйича номзодлик диссертациясини ёзмоқчиман.
— Жуда яхши таклиф. Мен ҳам сиз ҳақингизда жуда кўп яхши гапларни эшитиб юрибман. Операцияларингизнинг ҳаммаси муваффақиятли чиқаётган экан. Буни мақтамай илож йўқ.
— Мақтовларингиз албатта мени қувонтиради.
Шу пайт эшикдан бехос шошилиб бир киши кириб келди.
— Шуҳрат Аҳадович, бўлмайсизми энди, пастда кутиб турибмиз-ку…
— Хўп, ҳозир, нима гап ўзи?
— Боя келишдик-ку, улар ҳам келган.
— Ким у, улар…
Шуҳрат Аҳадович Маликанинг олдида ҳеч нарсадан хабари йўқдек турарди.
— Анаву иккаласи-да, ўзингиз айтган!…
Малика хонадан отилиб чиқиб кетди. Шуҳрат Аҳадович саросимага тушиб, унинг ортидан ирғиб тураркан, бирор сўз айтишга улгуролмай қолди. Йўлак ойнасидан унинг пастда югуриб кетаётганига қараб, оғайнисига ўшқириб берди:
— Э, бор-э, галварс, одам ўтирибди ҳам демайсан-а… Шу гапни сал ётиғи билан айтсанг бўларди-ку.
— Э, шошиб тургандан сўнг…
— Энди ўзинг кетавер. Мен бормайман.
— Шуҳрат Аҳадович, ахир, улар қараб туришибди, шунақа жононлар…
— Уларнинг жавобини бериб юбор.
Шуҳрат Аҳадович қалбига баҳор нафасидай илиқлик олиб кирган Малика ҳақида ўйлар, юраги ёввойи сархушликни сезиб, Майин энтикиб кетарди.

***

Малика эрининг сўзларини эшитиб, ҳаммасига тушунди. Демак, эри касал, демак, эри ўз касалини унга ҳам юқтирган. Болалигида одамнинг боши тошдан деса, тушунмасди. Оиласидаги ғурбатлар, жанжаллар, хўрликлар, кўчадаги фисқу фасод гаплар. Кимдир бошингга мана шундай кўргуликлар тушади деса, ишонмасди. Бунчалик ситамларни кўтаролмасам керак, деб ўйларди. Лекин бошга тушганни кўз кўрар экан. Кўрганда ҳам шу қадар кўрдики, назарида дунё остин-устун бўлиб кетадигандай эди. Ҳаётнинг чархпалак айланишидан кўз олди тиниб кетди, уни бу дунёда олиб қолган куч назарида фақат ҳали тирик экани, ҳали яшашга мажбур экани, ҳали куч-ғайратининг борлиги-ю ёшлигининг тийиқсиз шижоати унга хаётнинг бу қадар аччиқлигини кўп ҳам сездиравермасди. Хаёт уни тошларга урса-да, ҳали иродаси синмаган, ҳали кўзлари ҳам кўр бўлмаган эди. У мана шуларнинг ҳаммасини изтироб билан ўйлар экан, ҳали шундай яшайинки, одамлар омад нима эканлигини менинг тимсолимда кўриб қўйишсин, дея ўзига таскин изларди.
Улар касалхонага қарийиб бир ой қатнаб юришди…

***

Шуҳрат Аҳадович узун йўлак бўйлаб кетар экан, муюлишда шундоқ қаршисидан чиқиб қолган Маликани кўриб таққа тўхтади, оғиз жуфтлашга улгурмай, унинг шиддат билан ўгирилиб кетганини кўриб, эсанкираб қолди. Бир фикри, ортидан югурмоқчи, хонасида рўй берган хосиятсиз вазият учун кечирим сўрамоқчи ҳам бўлди. Лекин ёшгина жувоннинг кетидан югуриб юришни ўзига эп кўрмай, ҳасрат билан мийиғида кулиб қўяқолди. Кўнглида менга нисбатан нимадир бор шекилли, аччиғи чиқиб юрибди, бўлмаса менинг бошқа жувонларга боришимни бунга нима даўли бор? Бир жойда ўтириб, аҳду паймон қилишмаган бўлсак. Мени яхши одам деб ўйлаб юрибди шекилли. Ёки кўнгли бормикин-а! Қанийди, шундай бўлса!
***
Малика Собитжоннинг қистовларидан кейин “учрашишга” деб ваъда берди-ю, ўзининг бўшанглигидан, раҳмдиллигидан, итоаткорлигидан ўзи ранжиди. “Бекорга ваъда берибман, нима кераги бор эди?” деб ўйлади. Агар ҳозир бу хатони тузатишнинг иложи бўлса, албатта тузатарди. Кейин яна ўйлаб қолди. “Қани, бир гаплашиб кўрайчи, яна нима дер экан? Буям бир ўйин-да…”
Малика Амир Темур хиёбонига борганида соат бешдан ошганди.
Собитжон унга кўзи тушиши билан қўлидаги гулдастани силкитиб, тез-тез қадам ташлаб кела бошлади. Маликанинг назарида, у югуриб келаётгандек туюлди. “Қизиқ, гулдаста кўтарадиган замонлар ўтиб кетди десам, бу анъаналар ҳалиям борга ўхшайди. Бир пайтлар Қосимхон ҳам ортимдан мана шундай югуриб юрарди. Кейин у ўзгарди..”
— Келдингизми, ҳайрият!
— Собитжон, агар ваъда бериб қўймаганимда келмасдим.
— Нега?
— Нима кераги бор, ахир, тушунасиз-ку, мен оилали аёлман, эрим, фарзандим бор. Ҳозир бизни биров шу ҳолатда кўриб қолса нима деб ўйлайди?
— Мен эса сизни келади, деб ишонгандим.
— Сизда бу ишонч қаердан пайдо бўлди?
— Менга гапираётганингизда овозингизда мойиллик бор эди.
— Сизга ачинган бўлишим мумкин.
— Балки ўзингизга ачингандирсиз?
— Ўз умримга ачинганим билан давосини, балки сиздан изламасман.
— Нега?
— Нега деганда, сиздан сиз ўйлагандан кўра, кўпроқ нарса талаб қилишим мумкин.
— Мени бажаролмайди деб ўйлайсизми?
— Қўлингиздан келмайди деган истиҳоладаман.
— Малика, очиқроқ айтаверинг, мендан нимани истайсиз.
— Собитжон, келинг, шу ерда хайрлашамиз.
— Нега?
— Гап-сўздан қўрқаман. Яхшиси, телефонлашамиз.
— Малика, сизга уйланаман ва нимаики керак бўлса қиламан.
— Мени яхши кўрасизми?
— Сизсиз яшасам, ичган она сутим ҳаром бўлсин.
— Собитжон, ундай деманг. Сўзингизни қайтариб олинг.
— Йўқ, энди сўзимдан ҳам, қиладиган ишимдан ҳам қайтмайман.

***

Бир куни Шуҳрат Аҳадович ишдан қайтишида қўярда-қўймай уни машинасига миндириб олди. Ҳар қалай, бошлиқ айтгандан кейин йўқ дейиш учун мингта баҳона ҳам камлик қиларкан.
— Малика, ростини айтинг, нега салом берсам алик олмайдиган бўлиб қолдингиз? Ёки анави оғайнимнинг гапидан хафа бўлдингизми? Ўша куни у айтган жойга бормадим. Сиз бошқачасиз, Малика!
— Нега ундай дейсиз? Мен ҳам ҳаммага ўхшаганман. Мен ҳам ҳаммага ўхшаб сизни кўрганда қуллуқ қилиб салом бераман.
— Энди мен сизга салом бераман, хўп деяверинг.
— Нега энди?
— Мен бошқаларга қилган муомаламни ҳеч қачон сизга қилолмаслигимни тушундим. Сизни таниганимдан бери негадир ёшлигим, беғубор йилларим ёдимга тушади. Мен ҳам қачонлардир, кимнидир севганим, меҳр қўйиб унинг ортидан кўз ёшлар тўкканим эсимга тушади. Худди қариб қолган шер ўзининг чаққон, абжир, кучли пайтларини эслаб, эти увишгандай, қўлимдан ҳеч нарса келмайдиган бўлиб қолган бўлса ҳам, эркалик қилиб кузатиб қўйишга журъат этдим.
— Йўғ-эй, сизни ҳали жуда ёш деб биламан ва бир марта кузатиб қўйиш билан чекланишингизга кўзим етмайди.
— Албатта, агар сизда мойиллик бўлса, ҳар куни кузатиб қўйишга тайёрман.
— Йўқ. Бўйнингизга ҳеч қачон бундай масъулиятни юкламоқчи эмасман. Чунки бундай манзиратлар ҳеч нарсани белгиламайди. Мен учун осонроғи шу-да. – Шуҳрат Аҳадович жилмайиб нажот кутгандай, Маликанинг қўлини сиқиб қўйди. – Ҳис-ҳаяжонга берилишдан қўрқиб қолибман.
— Юрагингизни ёғ босишдан сақланг. – Малика ишва билан жилмайди.
Шу пайт қора “Волга” келиб, машина олдини кесиб чиқди ва “тўхтатинг” ишорасини қилди. Шуҳрат Аҳадович машинасини четга олиб тўхтатди. Қора “Волга”дан Қосимхон тушиб кела бошлади:
— Ҳа, бобой, ўлгинг келдими? Нега менинг хотинимни олиб юрибсан?
— Торт қўлингни, эшшак!
— Кўзойнак таққан кўзингни ўйиб олайми?
Шуҳрат Аҳадович Қосимхонни итариб юборди:
— Йўқол. Қўл кўтаришга ёшлик қиласан. Умуман, бу шаҳардан сенинг изингни қуритиб юборайми?
— Нима, нима? – Қосимхон Шуҳрат Аҳадовичнинг ёқасидан ушлаб, капотга букчайтириб олди. Малика ҳар иккисини ажратиб қўйиш тараддудида машинадан тушди.
— Қосим ака, эсингизни едингизми, бу киши бошлиғимиз-ку…
— Бошлиқ бўлса ишхонада бошлиқ. Менинг хотинимга кўчада кўз олайтирадиган бошлиқнинг онасини…
— Э, қўйворинг… — Малика Қосимхонни силтаб-силтаб Шуҳрат Аҳадовични унинг остидан чиқариб олди. Шуҳрат Аҳадович машина ичида турган уяли телефонни олиб, рақамларни тера бошлади:
— Алло, Бурҳон Ўктамович, бу ерда бир маст безори бизга ҳужум қилмоқда, инспекторларингиздан жўнатинг, тартибга келтириб қўйишсин. Ҳа, ҳа. Қодирий кўчаси, Марказ 14-нинг муюлишидан ўтгач ўнг қўлда… Раҳмат, раҳмат.
— Болакай, ҳозир шу ерда тура тур. Озгина жисмоний тарбия дарсларини ўташга тўғри келиб қолди. Мабодо қочадиган бўлсанг, ҳозир ГАИга телефон қиламан, маст ҳолатда рулга ўтирганинг учун жазоингни беришади. Билиб қўй, тиз чўкиб оёғимни ўпсанг ҳам, сени кечирмайман.
— Сендан кечирим сўрайдиган аҳмоқ йўқ. Меш қорнингни ёриб қўймаганимга шукур қил. Ҳали шаҳарга эгалик қилишга қўлинг калталик қилади.
Шу пайт айлана чироқларини чириллатиб, милиция машинаси кўринди. Ундан тушиб келган инспекторлар Шуҳрат Аҳадовичга салом беришди. Шуҳрат Аҳадовичнинг ёқаси очиқ, тугмалари узилган, шимлари чангга беланган эди. Улар Қосимхонни ушлаб, машинага судрашди. Малика Шуҳрат Аҳадовичга ялиниб, қўйворишларини ўтина бошлади. Шуҳрат Аҳадович “Майли, қўйворинглар” ишорасини қилгач, инспекторлар четлашди. Малика Қосимхоннинг машинасига миниб, жўнаб кетди.

***

Собитжон хонасига кириб, ўзини каравотга ташлади. Неча кунлардан буён уни ўйлантираётган масала кундан-кун чигаллашса чигаллашдики, ечими топилмасди: “Маликани қаерга олиб келаман? Шу уч хоналик уйгами? Бу уйда дадаси, ойиси, акаси, янгаси, синглиси, акасининг икки яшар ўғли – етти киши яшайди-ю, Малика ўғли билан уларга қўшимча бўлиб келадими? Аввало, Малика унга тегишга рози бўладими? Ҳеч қачон рози бўлмаса керак. Уни рози қилишнинг биргина йўли – бир хоналик бўлса ҳам уй сотиб олиш. Кейин бир амаллаб кўндирса бўлади. Лекин уйни қаердан оламан? Қайси пулимга? Стипендиямгами? Дадамнинг ойлигигами? Ахир, ойлик жонивор ҳам рўзғорнинг уёғидан буёғига зўрға учма-уч етиб турибди-ку. Ёки ижарага уй олиб чиқиб кетсамми? Бунга ким рози бўлади? Қолаверса, Маликага кичкинагина тўй қилиб уйланиш керак. Бу тўйга ким рози бўлади? Дадамми? Ҳеч қачон. Ойимми? Ҳеч қачон. Йўқ-йўқ. Уларни кўндириш мумкин. Маликанинг бирор айби борми? Бузуқми? Ғилайми? Йўқ, у ҳар қандай ўн саккиз яшар қиздан пок ва тарбия кўрган қиз. Мен кўрган, мен таниган қизларниг биронтаси унга на ҳуснида, на муомалада, на меҳр-оқибатда тенглаша олади. Ундан чиройлироғини, ундан ақллироғини ҳеч қачон кўрмаганман ва бошқа кўрмасам ҳам керак. Нима қилиб бўлса ҳам, унга уйланишим керак.
Собитжон туриб, магнитафонни қўйди. Магнитафондан қўшиқ таралди.

“Мен йўқсил, не бўлиб уни суйубмен,
Унингчун ёнибмен, ёниб куйибмен.
Бошимни зўр ишга бериб қўйибмен,
Мен суйиб, мен суйиб кимни суйибмен?
Мен суйган суюкли шунчалар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал”.

***

Қосимхон уйга кириб келаркан, ғазабдан ўзини босиб ололмасди.
— Қани айт, ким у?
— Бирга ишлаймиз. Бош врачимиз.
— Нега миндинг машинасига?
— Шунчаки, бекатда турувдим, тўхтади.
— Айтиб қўяй. Мен бунақа иснодни кўтаролмайман. Агар сен ҳақингда бир гап эшитсам, чавақлаб ташлайман.
— Аввал ўзингизни билиб олинг. Кечалари дайдиб юриб, кимлар билан нима ишлар қилганингизни ўз кўзим билан кўрганман. Ўша ишлар учун сизни ҳеч қачон кечирмайман.
— Кечирмасанг, йўқол бу ердан.
— Керак бўлса, сиз йўқоласиз бу ердан. Уй меники. Уйнинг бузилишига ҳам сиз биринчи сабабчисиз.
— Агар сен мен билан тенглашмоқчи бўлсанг, хато қиласан. Билиб қўй, эр киши адашса, аёл ҳамма вақт кечиради. Лекин аёл адашса, эркак ҳеч қачон кечирмайди.
— Менда энди сизни кечиришга ундайдиган бирор фазилатингиз ҳам, бирор хислатингиз ҳам, қадр-қимматингиз ҳам қолмаган. Беш йил давомида ҳаммасини ичиб-чекиб, ҳаром-ҳаришлар билан айшу ишрат қилиб тугатиб бўлдингиз. Менда энди сизни кечирадиган сабру тоқат ҳам, раҳму шафқат ҳам қолмаган.
— Ҳали шунақами?
— Шунақа!
— Шунақа бўлса, энди ўзингга бошқа эр топиб ол! – Қосимхон костюмини елкасига илди-да, эшикни тарақиллатиб чиқиб кетди.

***

Шуҳрат Аҳадович эртасига эрталаб Маликани ўз хонасига чақирди:
— Маликахон, нима бўлди, тинчликми, кечаси билан ухлолмай чиқдим.
— Эрим ўзи шунақа, жаҳли сал тезроқ.
— Уйда жанжал кўтармадими?
— Йўқ. Ҳаммаёқ тинчлик. “Сал қизишиб кетибман, Малика, бирга ишлар экансизлар, жуда ноқулай бўлди-да”, дейдилар. Мен ҳам иккинчи бировнинг машинасига ўлсам ҳам минмайман деб, ваъда бердим.
-Жуда тўғри қилибсиз. Энди ҳеч қачон бировнинг машинасига ўтирманг. Одамлар дарров гап қилади. Тили билан юрадиганлар кўп. Лекин менинг тун бўйи жаҳлим ҳеч босилмади.
— Нега?
— Айтаверайми?
— Айтинг.
— Мен агар сизга шу сўтақўзи эрингиз қўл кўтарадиган бўлса, ўзим сизга уйланишга аҳд қилиб қўйдим. Билиб қўйинг, шу гапим гап. Гапимнинг исботи сифатида эртагаёқ қўлингизга янги “Нексия”нинг калитини тутқазишим мумкин. Агар паспортингизни тозалаб келсангиз, икки хонали уй меники деяверинг. Ҳечқиси йўқ, сизни боқиб олишга ҳам, сизга ёқиб қолишга ҳам қурбим етади.
— Вой, Шуҳрат ака, нима деяпсиз. Эримдан ажралиш фикри менда умуман йўқ. Ўлсам ҳам, эрим билан бирга ўламан. Лекин сизга ҳам раҳмат. Хаётимда мен учун шунчалик сахийлик қилган одамни сира учратмагандим. Худо бойлигингизни бундан ҳам зиёда қилсин.
— Малика, гап бойликда эмас. Мен сизни ёқтириб қолдим. Ўлай агар, негалигини сира билмайман. Сизни эсласам, бутун борлиғимни қувонч эгаллаб олади. Ўзимда йўқ шодланиб кетаман. Шунча йил умр кечирдим. Аммо хаётимнинг бахтли дамлари энди бошланаётгандай. Бутунлай яшариб кетгандайман. Хаётимдаги бу янги давр учун сиздан миннатдорман, Малика.
— Шуҳрат ака, ундай деманг. Мен ҳали ўзим бахтга зорман. Ўзим бутун умр қувонч нималигини билмай ўтяпман. Мен ҳақимда бунчалик ширин ҳаёларга берилиб, хато қиляпсиз. Бошимда эрим бўлатуриб, сиз билан савдолашиб ўтиришимнинг ўзи аҳмоқлигимни билдирмайдими? Ўз эрини бахтли қилолмаган, кўча-кўйда уриштириб юрадиган мендай нотавондан ҳафсалангиз пир бўлади ҳали.
— Малика, ўйлаб кўринг. Мен ўзимнинг қатъий қароримни айтдим.
— Шуҳрат ака, бу ўйлаб кўрадиган гап эмас. Сиздан бошқа одам айтганида бу кунимдан ўлганим афзал дердим. Лекин сиз…
— Малика, ҳозирча ишингизга боринг. Мен ҳам мажлис чақирганман. Яна бафуржа гаплашамиз, хўпми?
— Яхши қолинг.
— Қўнғироқ қиламан.
Малика бир ҳафтадирки эрининг уйга келмаётганидан хавотирда эди. Санжарни ҳар куни боғчадан ўзи олиб келар, ўғли йўл-йўлакай “Нега дадам келмаяптилар?” – дея ҳархаша қилгани қилган эди. Эрини ҳамма қариндош-уруғ, яқин ўртоқларидан сўраб чиқди. Ҳеч ким кўрдим демайди. Милицияга қўнғироқ қилай деса, гап-сўз кўпайиб кетишидан истиҳола қилади. Ишхонадагилар эса, “Жавоб сўраб кетган, қаёққалиги номаълум, хотини бўлиб, сиз билмасангиз, биз қаёқдан билайлик?”, дейди. Дугонаси Марямга дардини очувди. “Юр, фолбинга борамиз”, — деб қолди. Қизиқ, “Фолбинга бало борми?” – дейдиган одам йўқ. Бошқа биров билан яшаб юрган бўлса-я? Қосимхон бошқа бировнинг қўйнига кириб кетган бўлса-ю, уни бу йўлдан қайтариб олиш ўрнига лаллайиб ўтирса!
Эшик қўнғироғи жиринглади. Малика эшикни очаркан, Марямни кўриб, дарди енгиллашгандай бўлди.
— Юр, борамизми?
— Унинг уйи қаерда?
— Юрсанг-чи, ўзим олиб бораман.

***

Фолбин ўзининг руҳлари билан гаплашиб, ҳаммасини очиқ-ойдин айтди қўйди.
Қосимхон шу атрофда юрганмиш. У хотинини яхши кўрар экан. Аммо ораларидаги можаролар ҳали анча чўзилар экан. Бу қўйди-чиқдилардан Қосимхон қаттиқ хафа. Уни иккита душмани йиқитишга пайт пойлаб турганмиш.
— Қизим, кел, елкаларингни қоқиб қўяй. Атрофингда инсу жинлар кўпайиб кетибди. Улардан эҳтиёт бўлмасанг, ёмон аҳволга тушиб қоласан.
— Майли, холажон, билганингизни қилинг. Иложи бўлса, эримни ўзимга иситиб беринг. Бало-қазо нари кетсин. Худойим туҳматдан асрасин.
— Қизим, атрофингда кўп гаплар айланиб юрибди. Сени бу гаплардан воқиф қилмасам бўлмайди. Агар истамасанг, айтмайман.
— Йўқ, айтаверинг, хола. Бошимда бор экан, олдиндан билганим яхши.
— Қўй, айтмаганим маъқулдир.
— Айтинг, холажон, энди барибир, эшитмасам кўнглим жойига тушмайди.
— Қизим, кўряпсанми, ой бугун янги чиқди. Ҳали унинг чиққанига бир соат ҳам бўлгани йўқ. Менинг париларим айтяптики, мана шу ой тўлганида, сен тўппа-тўғри жаҳаннамга гирифтор бўласан. Сени дўзах ўз қаърига тортиб кетади. Мана, айтмай десам, айттирдинг, энди ўзинг шу гапга қараб тадоригингни кўравер. Балки эҳтиёт чораси чиқиб қолар. Балки омон қоларсан. Яратган эгам тавба қилганларни кечиргувчидир. Шояд, мағфират топсанг…Маликанинг қулоғига ортиқ гап кирмади. Бир ой умри қолганлигини эшитиб қалтираб кетди. Бутун аъзойи баданини титроқ босди. Фолбин кампирни қарғаб, чанг солмоқчи ҳам бўлди, лекин инсу-жинлар билан алоқаси бор парихонга тегиниб бўларканми?
Фақат Марямгина эшикдан чиқар-чиқмас:
— Ўзинг ўша жаҳаннамга равона бўл, қари кампир, — дея қарғанди.
Кампир ҳам жавобан:
— Оёқни тўғри босиш керак, ойимтиллалар, ҳар ким ўзи учун жавоб беради. Бу дунё ўткинчи, ҳар икки дунё саодатини кўрувчиларгина бахтиёр инсонлардир.

***

Малика фолбиннинг гапларига дастлаб парво қилмади. “Менга бу дунёнинг ўзида чеккан жафоларим етмасмиди, — деб ўйлади. – Ахир, фолбинга ишониш ғирт аҳмоқлик-ку? Бир ойлик умрим қолган эмиш. Ой тўлганидек, сенинг ҳам паймонанг тўлиб боради эмиш. Қани, ойга бир қарай-чи? Ой бўёқчининг чизиғидай ингичка. Тавба, умрим бино бўлиб, ойга эътибор билан қарамаган эканман. Ойнинг гўзаллигини қаранг. Бунча чиройли! Мен эса бир ойдан кейин бу гўзалликнинг баридан маҳрум бўламан. Ер тагида адойи тамом бўлиб, қурт-қумурсқалар емишига айланаман. Шўрлик онам, менинг ҳасратимда ғам-ғуссага ботиб, қарийди. Қолган сочи ҳам оқариб, азоб-уқубатдан кўзлари кирганди. Ҳеч бўлмаганда, онам дард чекмаслиги учун ҳали яшашим керак. Унга ким қарайди? Бечора ўғлим! Шундай ширин ўғлимни кимга ташлаб кетаман? Йўқ-йўқ, мен ҳали яшашим керак. Қосимхон-чи, Қосимхон, у уйланади. У шуни кутиб юрибди.
Йўқ, у ҳеч қачон мендан бошқага уйланмаслиги керак. Йўқ, йўқ, ҳеч ким билан хайрлашмайман, ҳеч ким билан!

***

Малика уйғонаркан, ўзида чуқур хокисорликни ҳис қилди. Қабулга келган беморларни шу қадар мулойимлик, ширинсуҳанлик, очиқ чеҳра билан кутиб ола бошладики, бу сўзамоллигидан ўзи ҳам ҳайрон қолди. Ҳатто кўзига парда тушган бир бемор кирганида, устамонлик билан очиқдан-очиқ операция учун юз минг сўради. Кўзи юз фоиз тикланишига кафолат берди. Маликанинг меҳрибонлигидан амаки ҳам хурсанд бўлди. Ўғилларига пулни келтиришни буюрди. Малика, “Бир ой бўлса ҳам яхши яшашим керак”, — деб ўзининг бу қилмишини оқлади.

***

Кечқурун кузатиб қўйиш учун Собитжон келди. Собитжон очиқдан-очиқ: — “Янги уй сотиб олсам, мен билан яшайсизми?” – деди. Малика кулиб юборди: — “Сиз билан яшайман?” “Шундай, мен сизга уйланаман, ҳоҳласангиз тўй қиламиз. Никоҳдан ўтамиз, ҳаммани тўйга чақирамиз”. – “Собитжон, эс-ҳушингизни йиғиб олинг. Ҳали бошимда эрим бор. Ажрашмаганмиз. У кўнадими-йўқми, ҳали номаълум”. “Сиз-чи? Сиз ўзингиз розимисиз?”. “Мен сизни яхши кўраман. Чунки сизнинг яхши кўришингизга энди ишондим. Лекин бу – сиз билан бирга бўламан дегани эмас. Сиз хаёт ҳақида жуда жўн фикрлайсиз. Ҳаммаси сиз ўйлаганчалик оддий эмас. Хаётнинг бу мураккабликлари мени адойи-тамом қилди”. “Малика, бир умр сизни қўлимда кўтариб юраман. Сизга гард юқтирмайман. Сиз учун жонимни, бутун хаётимни бағишлайман. Фақат меники бўлинг. Фақат мен билан бирга бўлинг. Ёнимдан бир қадам ҳам силжиманг. Эртадан-кечгача кўзингизга қараб ўтиришга тайёрман”. “Собитжон, сиз юраги тоза йигитсиз. Ўзингизни эҳтиёт қилинг. Бу хаёт қалби бу қадар покиза одамларни ҳеч қачон кечирмайди. Бало-қазолар гоҳида шундай беаёв улоқтириб юборадики, мен ҳам ёмонликни озгина ўрганиб олсам бўларкан, деб орзу қилиб қоласиз!”. “Малика, ундай деманг. Ҳали биз сиз билан бахтли бўламиз, шу қадар бахтли бўламизки, хаётнинг бу қадар гўзаллигидан, юрагимиз гупуриб кетади”. “Собитжон бўлди, бас қилинг. Орзу қилиш яхши, лекин мен барибир сизга тегмайман”. “Тегасиз!”. “Мен сизнинг тенгингиз эмасман”. “Сиз мендан барибир яхшисиз!”. “Агар яхши бўлганимда, сиз билан бундай гаплашиб ўтирмаган бўлардим. Одамлар кўрса, нима дейди?”. “Мен яқинда бир жойдан озгина қарз кўтараман. Кейин, биргаликда уй излаймиз. Бир хоналик бўлса ҳам майли. Кейин бирга яшаймиз”. “Собитжон, хаёлингизга эрк берманг”. “Қарорим қатъий”. “Яхши боринг!”
“Туну кун фақат сизнинг хаёлингиз билан яшайман. Шунинг учун хайрлашишимизга ҳожат йўқ. Ўзингиз бу ерда қолсангиз ҳам, барибир хаёлимда мен билан кетасиз. Мен сиз билан ҳеч қачон хайрлашмайман, ҳеч қачон”.

***

Қосимхон Маликанинг кейинги ҳаётидан, унинг табиатидаги қатъиятдан ўзини қўярга жой тополмай қолди. Республикадаги энг катта шифохоналардан бирида унинг бирданига бу қадар баланд обрў-эътиборга эга бўлиб кетишини, шифокорларнинг ҳам, беморларнинг ҳам оғзига бу қадар тез тушишини, уни ҳурмат билан гапиришларини сира кутмаганди. Албатта, у Маликанинг талабалик пайтлари ҳам жуда заковатли, билимдонлигига қойил қоларди. Лекин ўқиш пайти кимлар аълочи бўлмаган. Қолаверса, у Маликани аълочи бўлгани учун яхши кўрмаганди. У Маликани Малика бўлгани, Худо уни хатосиз яратгани, ундан бирорта айбни кўрмагани, ундан ортиғи бу дунёда бошқа бўлмаслигини билгани учун уни яхши кўрганди, севганди, бутун борлиғи билан унинг пойига ўзини ташлаганди. Лекин кейинги йилларда у ҳақиқатдан ҳам Маликага хиёнат қилди. Агар буни хиёнат деб эмас, шунчаки бошқалар билан кўнгилҳушлик қилди деб аталса, тўғри таъриф берилган бўларди. Чунки Қосимхон ҳатто бировнинг қўйнига кирганида ҳам, ҳеч қачон Малика ҳақида ёмон ўйга бормаган, заррача бўлсин унга меҳру муҳаббати совумаган, уни ҳамиша ва ҳамма жойда севган, ардоқлаган, ҳурмат қилган. Ҳатто бу ҳақда ўйнашларига ҳам айтган. Баъзиларининг бундан жаҳли чиққан бўлса, баъзилари ҳақиқий эркаклар ҳам бор экан-ку, деб хурсанд бўлган. Қосимхон буларнинг ҳаммасини ўзининг табиатидан келиб чиқиб қилган. Ўзининг шўхлигидан, бебошлигидан, гоҳида шунчаки, булар Маликага хиёнат эмас, деб билганидан бу расвойи-радди бало ишлар бўлиб ўтган. Лекин оқибатини ҳеч қачон ўйламаган. Малика ундан нақадар йироқлашиб кетганини у биринчи бор хотини Шуҳрат Аҳадовичнинг машинасида кетаётганида тушунди.
Тушунди-ю, аъзойи баданига оғриқ югурди. “Наҳотки Малика унга хиёнат қилиши мумкин бўлса? Наҳотки қачонлардир Маликанинг орқасидан зир-зир югурган йигитларнинг тўполони беш йилдан сўнг яна қайтадан бошланса? Наҳотки Малика уни, Қосимхонни четга суриб, ундан зўрроғини, ундан чиройли, ундан келишганроғини топа олса? Бу, ахир, хиёнат-ку? Демак, менинг ҳам бошқалар билан юришимни бемалол хиёнат деб атайверсак бўлар экан-да. “Бекорга пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бировга ур” дейишмас экан. Мен Маликанинг менга хиёнат қилишига ҳеч қачон йўл қўймайман, ҳеч қачон. У ўлигимнинг устидан ҳатлаб ўтибгина хиёнат қилиши мумкин, лекин тириклигимда ҳеч қачон бунга йўл қўймайман”.
Қосимхон Шуҳрат Аҳадовичнинг машинасини кесиб ўтиб тўхтатганида, шундай азоблар алангасида эди.

***

Малика иш куни тугаб, энди йўлга отланмоқчи бўлиб турганида, Марям келиб қолди.
— Эшитдингми, Малика, анови бола бор-ку, сенинг орқангдан югуриб юрган практикант бола, ўша қамалиб қопти.
— Вой, қайси бола?
— Анови-чи, гул кўтариб, олдингдан чиқарди-ку, чиройли бола, Собитжонмиди, бир марта менга, илтимос, бугун мен Маликани кузатиб қўяй, сиз бошқа кун гаплашарсиз, деган.
— Нима қипти, унақа ёмон боламасди-ку?
— Факультет деканига милициядан хат жўнатишибди. Қанақа бола у деб, домлалардан сўраб чиқибди. Сўнг воқеани ҳаммага айтиб берибди.
— Нима бўлган экан?
— У ўзини холасиникигами, тоғасиникигами, ишқилиб бир бой қариндошиникига қарз сўраб борибди. Бир марта борганда бермабди. Иккинчи марта борганда, кейин деб қайтариб юборибди. Собитжон “қарз сўраб келганимни уйимдагиларга айтманг” деб илтимос қилибди. Хуллас, бир куни яна борса, ҳовлида ҳеч ким йўқ экан, уйни тит-питисини чиқазиб, пул, тилло тақинчоқларни олиб, энди ўғирлаб кетаётганда, келини келиб қолибди. Собитжон, келинни уриб, қочибди. Келин ҳушига келиб, милицияга телефон қилибди. Милиция уйни обдон текшириб, “Ўғрини танийсизми деса, ҳа, танийман, фалон қариндошимиз, уйи фалон жойда” деб ҳаммасини айтиб берибди. Собитжонни дарров ушлаб, қамаб қўйишибди. Қариндошлари, “даъвомиз йўқ” деса ҳам, қўйиб юбормаётган эмиш. Келин боши ёрилиб, шифохонада экан, эри: “Собитжон чиқса, соғ қўймайман”, деб оёқ тираб турган эмиш. Одам ҳам шунчалар пасткаш бўладими, яхшигина бола деб юрардим.
— Унақага ўхшамасди-ку.
— Қаёқдан билай?
— Ўзи ростми шу гаплар ёки ваҳимами?
— Нима, мен бировнинг устидан шунча туҳмат қилиб, ақлдан оздимми?
— Унга пул нега керак экан?
— Бу ҳақда ҳеч нарса демабди. Унинг ота-онаси ҳам зор йиғлаб, деканнинг олдига келган экан, декан мен у бола ҳақида ижобий тавсифномалар ёзиб бераман, деяётган эмиш.
— Марям, биз Собитжоннинг олдига борсак, бизани қўйишармикан?
— Жиннимисан, нима деб борамиз?
— Бечорага жавр бўпти-да, яхши бола эди, энди кесилиб кетса керак.
— Бу ишни ҳеч ким шундай қўйиб қўймайди. Энди жазосини тортиши аниқ.
— Бечора, сизни яхши кўраман деб юрувди. Ўлай агар, мен ҳам яъши кўриб қолгандим.
— Жаҳаннамга тушишинг ростга ўхшаб қолди. Ўзингни тутиб ол.

***

Шуҳрат Аҳадович икки кишилик ўриндиқда ястаниб ётаркан, лабларидаги иссиқ ҳароратдан, сархуш кайфиятдан, ҳаёлидаги хотирасига қаттиқ ўрнашиб қолган маъсум сўзларнинг такроридан маст бўлиб ётар экан, ҳозиргина чиқиб кетган Маликанинг орқасидан югургиси, кўзларига термулиб ўтиргиси, ширин сўзларини яна ва яна эшитгиси келар эди. У қачонлардир худди Маликага ўхшаган қиз билан учрашишни, унга уйланишни истарди. Агар улар бундан йигирма йиллар олдин учрашганида Шуҳрат Аҳадович Маликанинг орқасидан зор-зор югурган, жону жаҳонини унутиб севган бўлар эди. Лекин, афсуски, Шуҳрат Аҳадовичнинг хаётига бундай қиз жуда кеч кириб келди. Бу пайтлар у ўғлимни уйлантираман, қизимни узатаман деб юрган пайтлар эди. Бироқ кўнгил ёш бўлиб қолаверар экан. Ҳарқалай, йигирма йил олдингидай бўлмаса-да, бу кўнгилнинг изтиробга тушиши, Шуҳрат Аҳадовичдай одамни эсанкиратиб қўйиши учун Маликанинг бир оғиз сўзию қиз болага хос бир қилиғи кифоя қилди. Дастлаб Шуҳрат Аҳадович кузатиб қўйиш баҳонасида Маликани анҳор ёқасида икки оғиз сўзлашиб ўтириш учун таклиф қилди. Малика орқа ўриндиқда эди. Кейин Шуҳрат Аҳадович ҳам орқага ўтиб олди. Беш дақиқага тўхтаган машина шу тахлит уч соатга яқин туриб қолди. Суҳбат сўнггида Шуҳрат Аҳадович Маликанинг қўлини ўпмоқчи бўлди.
— Қаршимда нақадар катта душман турганлигини ҳис қилиб турибман, — деди Малика.
— Нега ундай дейсиз?
— Юрагингиз аллақачон тошга айланиб кетган бўлса керак. Унда ўзимга нисбатан меҳр уйғотгунимча неча йиллар керак бўлади.
— Буни мен ҳам билмайман, Малика. Лекин ёлғон сўзлаб ўзимни ҳам, сизни ҳам алдамоқчи эмасман. Ҳозир сизга, сизни севиб қолдим десам ёлғон бўлади. Бундан кейин ҳам балки севишим гумондир. Балки эртага сизни бир дақиқа кўрмасам туролмайдиган бўлиб қоларман. Бунинг барини олдиндан айтиш қийин. Лекин шуни ҳозир аниқ айтишим мумкинки, сиз менга ёқасиз. Сизнинг ҳар қанча оғирингизни кўтаришга тайёрман. Ҳозирнинг ўзидаёқ сиз менинг дўстимсиз, дея чор тарафга жар солишга тайёрман. Чунки сизнинг юрагингиз, қалбингиз менга ўз болалигимни, ёшлигимни, ўй-хаёлларим, қилган ишларимни ёдга солади. Мен қачонлардир худди сизга ўхшардим. Шунинг учун бугун ўзимни қанча ҳурмат қилсам, сизни ҳам шунча ҳурмат қилишимга етарлича асос бор.
— Мен ҳам сизнинг кўнгил одами эканлигингизни билардим. Негадир узоқдан қараб, бир куни сиз билан бунчалик яқин бўлиб ўтиришимизни ҳеч ҳаёлимга сиғдиролмагандим. Қолаверса, сизнинг қаршингизда озгина бўлса-да, қадр топаман деб сира ўйламаган ҳам эканман. Энди мен ҳам ҳеч билмай қолдим. Биз бу ўйинларни нега бошладигу, у нима билан тугайди? Сиз билан мана шундай гаплашиб ўтиришимизнинг нима кераги бор?
— Мен ҳам шу ҳақда кўп ўйладим. Лекин ҳеч бир хулосага келолмадим. Бундай саволни бирор нарса харид қилаётганда берса тузук экан. Лекин сиз билан ҳеч нарсани савдолашмаяпмиз. Ҳеч ким ҳеч қандай фойдани ҳам кўзлаётгани йўқ. Қайтанга иккаламизнинг ҳам атрофимизда гап-сўз кўпайиши мумкин. Лекин нима қилай, зўр бериб у ишни бошини тутсам ҳам, бу ишга ўзимни андармон қилсам ҳам сизни ўйлайвераман. Сизни соғинаман. Кўргим келади. Бехосдан телефон гўшагини кўтараман. Ёки сиз ишлаётган бўлимга оёғим тортиб қолади. Кейин нима бўлса бўлди дейман. Ахир, одам ўз кўнгли, қалби учун яшамаса нима учун яшайди? Худо инсонга нима учун кўнгил беради? Инсон нега ўзининг ихтиёрисиз севади? Одам ҳаётга нима учун келади? Яшашдан маъни нима? Энг тўғри яшаш балки севиб яшашдир. Нима бўлганда ҳам, энди сизсиз туролмай қолдим.
Шундан сўнг Шуҳрат Аҳадович эгилиб, Маликанинг титроқ лабларидан ўпди.

***

Малика тун ярмида уйғониб кетди. Қосимхондан ҳали-ҳануз дарак йўқ эди. Қўрқув ва ваҳима аралаш деразадан юқорига қаради. Ой икки энлик бўлиб катталашганди. Фолбиннинг гаплари юрагининг тубида худди заҳардай бутун танасига, ақл-идрокига, гап-сўзларига, қилаётган ишига таъсир кўрсатаётганди. Айниқса, бу заҳар кечаси, у ўзи билан ўзи ёлғиз қолганда кўпроқ юрагини чақарди. У чарчоқнинг зўридан ухлар, аслида буни уйқу деб бўлмасди.

***

Марямнинг айтганлари тўғри чиқди. Бунинг ҳаммасини Малика судда ўз кўзи билан кўрди, ўз қулоқлари билан эшитди. Панжара ичида ўтирган Собитжонни кўриб, аламдан “дод” деб юборишига оз қолди. Собитжонга пул нима учун керак бўлиб қолганлигини фақат Маликагина биларди. Балки яна кимларнингдир бундан хабари бордир. Лекин судда бу ҳақда ҳеч ким оғиз очмади. Собитжоннинг онаси зор қақшаб йиғлаб ўтирди. Дадаси бошини кўтаролмасди. Шу икки соатлик суд мобайнида Маликанинг сочларига оқ тушди. Собитжон унга жуда кўп қаради. Илтижоли қаради. Умид билан қаради. Мени кутгин дея қаради. Малика ҳаёлан уни кутишга қасам ичди. Суд Собитжонни уч йил озодликдан маҳрум қилди. Малика уч йил кутишга қасам ичди. Шунинг учун орадан бир ҳафта ўтиб, Собитжондан келган хатга жавобан қуйидаги мактубни ёзди:
“Азизим Собитжон!
Бошимизга тушган бундай кўргуликни кўргандан кўра кўзим кўр бўлгани яхши эди. Лекин, нима қилайлик, одамнинг боши тошдан экан, бошга тушганни кўз кўраверар экан. Аввало, бу фалокатга чидай олмасам керак деб ўйлагандим. Лекин мана, ўлиб қолганим йўқ. Кун ўтишини пойлаб ётибман. Шунинг учун “вақт-ҳакам” дер эканлар-да. Сиз мендан кутишимни сўраб ёзибсиз. Албатта, сизни интизорлик билан кутаман. Мен учун шунча фалокатларга йўлиқдингиз. Буларнинг ҳаммасини фидойилик деб биламан. Мен сизни севаман. Сизнинг асирангиз Малика”.
Малика тилида ҳеч қачон иқрор бўлмаган муҳаббатга мактубида иқрор бўлди. Вазият шуни тақозо қиларди.

***

Қосимхон туну кун Шуҳрат Аҳадовичдан қандай қилиб ўч олиш мумкинлиги ҳақида ўйларди. Рашк ўти бутун танасини кемирар, мулоҳаза қилишга йўл қўймасди.
Ўшанда жаҳл билан уйдан чиқиб кетди-ю, бир-икки кундан сўнг ҳеч бир оғайниси, ҳеч бир қариндошининг уйига сиғмаслигини тушунди. Кейин ижарага уй топиб, яхшилаб ўрнашиб олди. Ичкиликка ружу қўйди. Дўсти Раҳимга кўнглини ёрди.
— Балки айб ўзингдадир, — деди Раҳим Қосимхоннинг кўнглига ботмайдиган қилиб, — Малика нима учун сени ёмон кўриб қолди? Сен Шуҳрат Аҳадовичдан ўч олган тақдирингда ҳам Малика яна сени яхши кўриб қолишига ишонасанми? Балки яна бошқасини яхши кўриб қолар. Кейин нима қиласан, ундан ҳам ўч оласанми? Ҳозирги замонда бировни бир чертсанг, сени қаерга ўтқизиб қўйишларини яхши биласан. Сен у ерда битингни териб ўтирганингда, Малика маишат қилиб юрган бўлади. Шунинг учун, авваламбор, Маликанинг кўнглини топ.
— Малика мени севади. Мен унинг қонуний эриман. Малика мендан бошқасини яхши кўришини тасаввур ҳам қилолмайман. Мендан зўрини икки дунёда тополмайди.
— Топибди-ю?
— У алдаб юрибди. Яхши гаплар билан лақиллатяпти. Ниятига етгач, ташлаб кетади. Лекин у Малика билан ётадиган бўлса. Малика менга ҳеч қачон керак эмас. Уни қўйвораман.
— Ўғлингни ўйла. Маликанинг олдига бор. Узр сўра. Энди мен қилган хатолар қайтарилмайди де. Тинчгина, осуда ҳаёт кечирайлик де, юпат.
— Мен у топган ўйнашдан ўч олмай қўймайман. Қасдимни олганимдан сўнг Маликанинг ўзи келиб, кечирим сўрайди.
— Агар келмаса-чи? – Раҳимнинг сўз оҳангида Қосимхонга ғамхўрлик, ён босиш бор эди.
— Агар келмаса, Маликадан ҳам ўч оламан.

***

Шуҳрат Аҳадовичнинг кайфияти чоғ эди. Қўлида “Некия”нинг калити ўйнар экан, Маликанинг ишхонадан чиқишини пойлаб турарди. Ниҳоят, ўзига оро бериб, бир-бир қадам босганча йўлакда Малика пайдо бўлди.
— Маликахон, бу сизга совға.
— Нима бу?
— Бу “Нексия”нинг калити.
— Менгами?
— Сизга!
— Вой, раҳмат!
Малика, катта кўчада, таниш-билишларнинг ўтган-кетганига қарамай, Шуҳрат Аҳадовичнинг бўйнига осилиб, юз-кўзидан ўпа бошлади. Шуҳрат Аҳадович ҳам худди шундай бўлиши керакдай Маликанинг белидан қучоқлаб, даст кўтарди-да, бир айлантириб ерга қўйди:
— Сизга шу нарсани совға қилаётганим учун ўзим ҳам беҳад хурсандман. Худога шукур, шундай кунларга етказганига шукур.
— Вой, мен ҳайдашни билмайман-ку. Фақат институтда ўқиб юрган пайтларим дадамнинг “Жигули”сини ҳайдаганман.
— Бўпти-да, бу унчалик қийин эмас. Орасида фарқи кам, ўрганиб кетасиз.
— “Машинани қаердан олдинг?” деб сўраганларга нима дейман?
— Лотореядан ютдим дейсиз, тамом-вассалом.
— Ҳа, жуда ҳам ишонишади-да.
— Ишонмаса, кўникиб кетишар.
— Кўникишмаса-чи?
— Ўзларига қийин.
— Эримга-чи, эримга нима дейман?
— Эрингиз билан ажрашинг, энди у одам бўлмайди. Ўзим сизни хотин қилиб оламан.
— У ажрашиб бўпти. Кейин, жа-а индамай кетаверадиганлардан эмас.
— Индамай кетмаса, гапириб кетсин. Менга фарқи йўқ!
— Суд аризамизни қабул қилмаса-чи?
— Мен айтаман, қабул қилади.
-Ажрашиб кетсам, қандай яхши бўларди-а! Ҳеч қачон афсусланмасдим. Агар эсон-омон ажрашиб олсам, халққа қўй сўйиб, худойи қилиб берардим.
— Худойининг каттасини тўйда қиламиз.
Шуҳрат Аҳадович Маликани қизил “Нексия”га ўтиргизди.

***

— Нима, бошингда эринг тирик туриб, уни машинага алмаштириб юбордингми? – Марямнинг жаҳли чиқиб кетди. – Эртага кўрса нима дейди?
— Кўрса кўрар. – Малика қилган ишидан пушаймон эмасди. – Ўзи ўн беш кундан бери йўқ-ку, арвоҳидан сўрайми?
— Ўзи бўлса, бўлмаса эр. Хали жавобингни бермаган. Қонуний никоҳидасан. Қолаверса, у лаллайиб, бу қилмишинг учун сени кечириб қўядиганлардан эмас.
— Нима, мен кечириб қўяманми? Кечаси ҳатто уйимгача ўйнашларини етаклаб келса. Беш йил чўридай хизматини қилдим. Оиласини оила ўрнида кўрмаса, боласини бола ўрнида кўрмаса, кийишга кийим тугул, ейишга нон тополмай ўтирардик. Биздан кўнгли совиб, қўлтиғига урганига анча бўлган.. Энди мен ишга кириб, рўзғор тебратишни бошлагандан кейин қиладиган ғамхўрлиги ўзига сийлов.
— Жуда ҳаддингдан ошма. Оладиган ойлигинг кўзингга тоғ бўлиб кўринмасин. Агар ойлик эрдан яхши бўладиган бўлса, Хотин зоти эр тутиб ўтирмасди. Оиланинг бутунлиги ҳар қандай мол-дунёдан устун туради. Чунки мол-дунё топиладиган нарса. Аммо оила бир бузилса, уни бутлаб бўлмайди. Оилангни сақлаб қоламан десанг, ҳозироқ борда, машинани қайтариб бер.
— Машинасини нега олдим, биласанми? Чунки уни яхши кўриб қолдим.
— Ёлғон, ўзингни алдама, Малика, — Марямнинг даҳшатдан кўзлари олайиб кетди. – Ахир, кечагина Собитжонни севаман, демаганмидинг?
— Собитжонни яхши кўрар эдим. Агар унинг уйи бўлганида унга тегардим ҳам. Энди бир кун бўлсин, яхши яшайман деб, ўзим яхши хаёт учун, унинг ҳар бир дақиқаси учун жонимни гаровга қўйсам-у, энди уни уч йил кутиш зарур кептими?
— Бўлмаса, севаман деб катта кетма.
— Нима деяй?
— Шуҳрат Аҳадовичга ўйнаш бўлиб қолдим, буёғи бузуқчилик деб қўя қол.
— Йўқ, бу сен айтганчалик, жа-а унақа бузуқчилик эмас. Севгига ўхшайдиган нимадир бор. Агар мен ЗАГСга бориб, никоҳимни бекор қилдирсам, у менга уй ҳам олиб беради. Қонуний иккинчи хотини бўлволаман. Ким менга нима дейди?
— Қосимхони ҳам Лайли-Мажнун бўлиб севгандинг-ку. Агар у эртага машина олиб берса, қайтиб келасанми?
— Бу ишнинг яқин ўртада бўлиши гумон. Мен эса ойнинг тўлишини кутяпман. Агар фолбиннинг гапларидан эсон-омон ўтиб олсам, элга ош бериб, худойи қиламан.
Маликанинг сўнгги сўзларида изтироб аралаш қўрқув бор эди.
— Ўтиб бўпсан. – Марям важоҳат билан унга ўгирилди. – Сен албатта дўзахга тушасан. Ўйлаб кўрсам, кампир сени ўлишингни эмас, дўзахга тушишингни башорат қилган экан. Сен шунчаки дўзахи бўлиб тирик юраверасан. Қачон ажалинг етса, дўзахга тушасан.
— Ростданми, мен ҳали ўлмайманми?
— Ростдан. Яна билмадим.
— Жон, дугонажон, ҳали ўлмайсан де!
— Ўлмайсан-у, лекин дўзахи бўлиш ундан ёмон.
— Энди бу Худонинг иши. Яна яшаб кетсам, балки жаннатга тушарман. Тирик қолсам бўлди.
— Бўпти, мен кетдим. Яна яхшилаб бир танангга ўйлаб кўр. Қосимхонни, Санжарни ўйла. Оилангни, маҳалла-кўйни ўйла. Узоқни ўйлаб иш қил. Мен эса сенинг яхши-ёмон кунингда ҳам содиқ дугонангман. Хайр.
Марям узоқ хайрлашмай, Маликанинг уйидан чиқиб кетди.

***

Ўша куни Маликанинг уйи шодиёнага тўла эди. Ҳамма келиб, Маликани “тойчоқ” билан муборакбод этар, топган кимхоб бахмал, гилам, топмаган шойи белбоғ ташлаб, машина устига ёпарди. Малика шундай шодиёнада жила қурса онасига Шуҳрат Аҳадович ҳақида гапиргиси келар, лекин байрам бошқача тус олиб кетишидан чўчирди. Бу тантаналарда Қосимхоннинг қораси кўринмасди. Малика эрининг келишини истамас, уни яхши кўрмайман деб, ўзини қаттиқ ишонтирмоқчи бўлар, лекин етарлича нафрат билан қарай олмасди. Бу эса кўнгил ришталари ҳали узил-кесил узилиб кетмаганидан далолат берар эди. Унинг бир ҳаёли Қосимхоннинг ҳам мана шу тантаналарда иштирок этиб, ҳайратдан ёқа ушлаб қолиши, Маликадан кечирим сўраб, сенинг қадрингга етмаган мен тентакни кечир деб тиз чўкиши, кейин Малика уни ҳайдаб юбориши, у эса вой-дод кетмайман деб, ҳамма томонга жар солишини кўриш, кейин уни ўзи истамаган ҳолда кечириши хаёлининг бир четида турар эди.

***

Ўша кунлари Малика Собитжондан хат олди. Хатни ҳаммадан яшириб ўқимоқчи бўлди. Уйда ҳеч ким бўлмаса-да, ётоқхонанинг эшигини ёпиб, титроқ қўллари билан конвертни йиртди.
“Азизим Малика!
Салом! Авваллари жуда ғўрла эканман. Хаётнинг худди танга сингари тескари тарафи ҳам мавжуд бўлишини ҳеч ўйламаган эканман. Катта, ёруғ йўлда кетаётиб, бирдан чуқурга тушиб қолгандай, дунёнинг қалтис ўйинларидан юрагим зирқирайди. Бу ерда аёллар ҳақида жуда ёмон гап айтишади. Лекин мен озодликда юрганимда сизни янада кўпроқ севмаганимга афсусланаман. Нега бепарво юрганман, нега ёнингизга кўпроқ бормаганман, нега ҳар бир кунимни фақат сиз билан ўтказмаганман? Шундай ҳаёллар мени қийнайди. Албатта, катта хато қилдим. Сизни ҳам, ота-онамнинг ҳам юзини ерга қаратдим. Бундай бўлишини истамагандим. Лекин, минг афсуски, фалокат оёқ остида экан. Агар кутсангиз, сизни бир умр бахтли қилишга қасам ичардим. Фақат сиз учун яшаган бўлардим. Энди уй олсак, ҳалол топган пулимизга оламиз. Мен энди оддийгина яшашнинг ўзи олий неъмат эканлигини тушуниб етдим. Борига шукур қилганимда бундай абгор ҳолатга тушмаган бўлардим. Сизни севиб, жавоб хатини интизорлик билан кутиб қолувчи Собитжон”.

***

Малика шу пайтгача бунчалар гўзаллик тўла осмонни кўрмаганига ҳайрон эди. Булутлар шамолдек елишар, гумбаздай қоп-қора осмонда ой сузиб юрарди.

***

Қосимхон Маликанинг машина олганини эшитди. Бу унинг нафратини баттар алангалатиб юборди. Энди у айб Шуҳрат Аҳадовичда эканлигини, Маликанинг унга хиёнат қилганлигини англаб етди. Машина уларнинг орасидаги муносабат қай даражада эканлигини очиқ-ойдин ошкора этди. Токи, машина бор экан, Маликага шунчаки етолмаслигини, шунчаки уйига кириб боролмаслигини очиқ-ойдин тушуниб турар эди. Қосимхон, энди Маликадан ўч оладиган бўлса, Маликага шундай туҳфалар қилолмагани учун, аламдан ўч олаётгандай бўлиб чиқарди. Лекин Малика олмайман деса, Шуҳрат Аҳадович машинани зўрлаб бермасди-ку. Демак, Маликанинг Қосимхонга бўлган муносабати ўзгарган. Айб кимда. Қосимхондами?
Қосимхон уйида ётган Бухоро амирининг қиличини эслади. Энди шунча чигалликнинг ичидан ҳақиқатни топиб бўлмайди. Ҳақиқатни мана шу қилич топади. Қосимхон ҳақиқатни топмас экан, ер юзида яшашга жой қолмади. Бундай шармандалик билан яшагандан яшамаган, бош кўтариб юрмаган афзал. Ер юзида бирорта аёл Маликанинг ўрнини босолмайди. Маликага аччиқ қилиб, мингта аёлга уйланса ҳам, мингтаси Маликага тенг келолмайди. Малика ё фақат уники бўлиши керак ё ҳеч кимники. Бу дунё одамлари бўлак мулоҳазани тан олмайди.

***

Шуҳрат Аҳадович Маликани қучоқлар экан: “Менга вафодор ёр бўласанми?” – дея ваъдасини олмоқчи бўлар эди.
— Сен чиройли қизсан, Малика, шунинг учун ошиқларинг ҳам кўп бўлади. Сенга гап отувчилар сени севувчилар кўп бўлади. Мен эса инжиқ одамман. Хотиним хиёнат қилишини кўтаролмайман. Шунинг учун менга сўз бер. Сиздан бошқага қарасам, кўзларим тешилсин де. Сиздан бошқага сўзласам, тилларим кесилсин де. Агар айтгинг келмаса, айтма. Агар ўзингга ишонмасанг, айтма. Фақат менга хотин бўлишдан олдин ўйлаб кўр. Йўқ, сизга фақат ўйнаш бўламан десанг ҳам, ўзинг биласан. Мана, машинани миниб юравер. Уйингга ҳамма керакли нарсаларни етказиб бериб тураман. Алоҳида-алоҳида бўлса ҳам яшаб юраверамиз. Бир-биримизга муҳаббатимиз тугаган куни ажралиб кетаверамиз. Мен сендан ҳеч нарсани талаб қилмайман. Ахир, кўнгилга буйруқ бериб бўлмайди-ку. Фақат менга хотин бўлишдан аввал чуқур ўйлаб кўр. Хотинликнинг йўриғи бошқа.
— Шуҳрат ака, мен эртагаёқ Қосимхонни излаб топаман. Ажралиш тўғрисида судга ариза беришга уни кўндираман. Мен энди у билан яшашни истамайман. Ундан нафратланаман. Фақат судга бир оғиз айтиб қўйсангиз бўлди. Бизнинг аризамизни пайсалга солмай, тезроқ ҳал қилиб беришсин. Кейин мен бутунлай сизники бўламан. Фақат сизни деб яшайман. Сизни севиб яшайман.
— Малика, мени алдама!
— Шуҳрат ака, мен яхши яшашим керак. Ўғлим ҳам сизни ота дейди. Истасангиз, тўй қиламиз. Жуда катта тўй. Истасангиз, шу ҳафтадаёқ, ой охирига етмасдан. Бир оғиз нима десангиз, мен барига тайёрман.
— Майли, ишондим. Аввал эринг билан муносабатларни бир ёқли қилиб олайлик, кейин тўй қиламиз. Никоҳ ўқитамиз. Қуръонга қўлингни қўйиб, ҳеч қачон хиёнат қилмаслик ҳақида қасам ичасан.
— Хўп, Шуҳрат ака, хўп. – Маликанинг кўзлари қувончдан чақнаб кетди.

***

Малика Қосимхондан ажралиш тўғрисидаги аризани осонликча ололмаслигини яхши биларди. Шунинг учун дастлаб унинг ишҳонасига қўнғироқ қилди. Гўшакни кўтарган Қосимхон ўзига жуда таниш, умрининг бир бўлагига айланиб кетган овозни эшитиб қалтираб кетди.
— Яхшимисиз, Қосимхон ака!
— Ҳа, Малика, нечук?
— Мен бошқа одамга турмушга чиқаяпман. Судга ажралиш тўғрисида ариза берсак. Илтимос, аризани шу бугуноқ берсак дегандим.
— Бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман. Нега бунчалик тез? Нега бир оғиз фикримни ҳам сўрамаяпсан?
— Энди фикрингизнинг қизиғи йўқ.
— Бас қил. Менинг қўядиган хотиним йўқ. Сен мени яхши кўришингни унутиб қўйяпсан.
— Мен сизни аллақачон унутиб бўлганман. Хиёнат қилганимга ҳам кўп бўлди.
— Ўчир!
Малика телефоннинг қўйилган овозини эшитди. Сўнгра бир нафас ўйланиб турди-да, Қосимхоннинг бошлиғига қўнғироқ қила бошлади.

***

Ариза ёздириб олиш бир ҳафтага чўзилиб кетди. Ой охирлаётганди. Тўй кунини белгилашга улгура олишмади. Малика ой тўлишган сари юрагидаги ваҳима улғайиб, кичкинагина бўлса-да, шу кунларнинг ичида тўйни ўтказиб юбориш тараддудида эди. Ўйлаб қараса, тўйни кичкина қилишнинг сира ҳам иложи йўқ экан. Камида юз-юз эллик одамни айтиш шарт экан.
Суд, ажрим қоғозини берганда Малика жуда хурсанд бўлди. Талоғини ҳам сўрамоқчи эди, ўзи нима-ю, берган талоғи нима бўлар эди деб, индамай қўя қолди. Шуҳрат Аҳадович янги уй олиб бераман деб ваъда қилганди, ҳали янги уй ҳам излаш керак.
Малика янги сарполар сотиб олди. Санжарни кийинтирди. Уйини муборак бўлсинга келувчилар учун янги услубда таъмирлади. У худди қанот чиқазгудек учиб юрарди. Ишхонада ҳам қўли қўлга, оёғи ерга тегмасди. Уни кўрганлар табриклашар, у яқинда тўйимиз бўлади, ҳаммангизни таклиф қиламан, дея шодлигини баҳам кўрмоқчи бўларди.

***

Ойнинг энг сўнгги куни Малика Шуҳрат Аҳадовични тунаб қолишга таклиф қилди. Ой тўғрисидаги гаплардан Шуҳрат Аҳадовичнинг хабари йўқ эди. Зеро, фолбиннинг гапи бўйича бу тун Маликанинг ҳаётидаги сўнгги тун бўлиши керак эди. Ой ўша тун осмонда жуда тез кўздан ғойиб бўлди. Бирпасда ҳаммаёқни қоронғулик қоплаб олди. Барибир Маликанинг кўзига уйқу келмади. Шуҳрат Аҳадович билан гаплашиб ўтириб, тонг отиб қолганини ҳам билмади. Тун худди бир дақиқадай ўтиб кетган эди. Малика тонг отганини кўриб, устидан оғир юк ағдарилгандай тош қотиб ухлаб қолди.

***

Малика бир-икки кундан сўнг ваҳимадан халос бўлди. Шуҳрат Аҳадович икки кеча қолди-да, сўнг ўз уйига кетди. Бугун янги ой чиқиши керак эди. Унинг жуда ингичка бўлиб чиққанини кўрган Малика ўз ҳаётида янги давр бошланишидан дарак берувчи келган ҳилолни кўриб, янада суюниб кетди. Лекин шу билан бирга дилига маҳзун бир кайфият ўрнашиб қолди. “Нега Собитжонни йўлдан қайтармадим? Нега ёш боланинг абгор бўлиб кетишига сабабчи бўлдим? Унинг юрагини қиздирмаганимда бу балога йўлиқмасди-ку?” — деб ўйлай бошлади. “Нега Шуҳрат Аҳадовичга бу қадар қаттиқ ёпишиб қолдим? Нега севаман деб ёлғон ваъдалар бердим? Нега оиламни буздим? Агар Қосимхон ҳозир кечирим сўраб келса, кечираманми? Агар Шуҳрат Аҳадович эртага амалидан кетса, мен ким бўлиб қоламан? Яна бошқани севиб қолмаслигимга ким кафолат беролади? Шундай экан, нега ҳаммани алдаб юрибман? Эртага Санжар катта бўлса, унга нима дейман? Абгор бўлган хаётим, кечир мени. Мен сени рисоладагидай бошқара олмадим. Кечир мени, Қосимхон! Мен сенга яхши хотин бўла олмадим. Онажон, кечиринг. Мен учун чекан азиятларингизга арзимас бўлиб чиқдим. Кечир мени Марям. Сен мени дўст дегандинг, дўст бўлиб дўстлигингга лойиқ бўла олмадим. Эҳ, Художон, мен гуноҳкорни кечир. Яхши-ёмон кунларим учун баридан миннатдорман. Бахтли кунларим ҳам бисёр бўлди. Саодатли дамларга ҳам кўп маротаба гувоҳ бўлдим. Бари-бариси учун сендан миннатдорман. Яна бир марта ёлвориб сўрайман, кечир мени, Художон!”
Малика деразадан ойга маҳлиё бўлиб турар экан, эшик қўнғироғи жиринглаганидан чўчиб тушди. Ким экан? Онасими? Марямми? Шуҳрат Аҳадовичми? Хаёлига ҳеч бир ёмон фикр келмай, югуриб бориб эшик зулфини бўшатди. Ташқарида Қосимхон турар эди.
Малика эсанкираб ортга чекинди.
— Келинг!
— Мана, мен келдим!
Қосимхоннинг қўлида Амир Олимхон давридан қолган қилич ялтирарди. У ичкарига кириб эшикни беркитди…