Муҳаммад Исмоил. Шаҳодат дафтари (бадиа)

Мисрдаги Хеопс эҳроми зиёратига келганлар: “Ҳамма вақтдан қўрқади, вақт эса эҳромлардан қўрқади”, дейишади. Қачонлардир, Мисрни забт этишга келган Наполеон Бонапарт Сфинкс соясида от кишнатиб тураркан: “Ўзимни минг йил аввалги замонда яшаётгандай сезаяпман”, деган экан.
Амир Темур бобомиз ҳақидаги китобларни ўқиганингизда шонли тарих узоқда эмас, худди кеча ўтгандай, умрингизнинг бир бўлагидай туюлиб кетади.
Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи яқинда “Амир Темур Европа элчилари нигоҳида” китобини чоп этди. Китоб муаллифларидан бири Испания қироли элчиси Руи Гонсалес де Клавиходир. Китоб 1403 — 1406 йилларда ёзилган. Маълумки, элчилар кундалик дафтар тутар эканлар, ўз олдиларига бадиий асар ёзишни эмас, балки ўз қиролларига маълумот тўплашни, ўзлари юборилган диёрнинг аниқ манзарасини чизишни мақсад қилиб қўядилар. Клавихо ҳам бундан мустасно эмас. Унинг кундаликлари содда, аниқ ва равон ёзилган.
“Биринчи жангда Ҳиндистон подшоҳи филлар туфайли Темурбек устидан ғалаба қозонди (Гарчанд, сиз саркарда бўлмасангиз-да, мана шундай ҳолатга ўзингизни солиб кўринг. Гарчанд, ҳаётлари давомида рўй берган уч юздан ортиқ жангнинг бирортасида мағлуб бўлмаган эсалар-да, бундай вазиятда бир қарорга келиш учун, барибир, юксак салоҳият керак). Эртаси кун жанг бошланишидан аввал Темурбек туни бўйи ўйлаб чиққан ҳийласини ишлатди, аскарларига туялар устига самон-хашак ортишни буюрди. Жанг бошланиши биланоқ, филларга қарши махсус туяларни қўйиб юборишди ва улар филларга яқинлашганида туялар устидаги сомонни ёқишди. Филлар ёнаётган туяларни кўргач, ҳаммаси ҳар тарафга қараб қочди. Айтишларича, филларнинг кўзлари кичик бўлганлиги учун оловдан қўрқишар экан”.
Клавихо буюк бобомиз ҳаётида бўлиб ўтган бундай воқеаларни кўплаб келтиради.
“Масжид қурилишини Соҳибқироннинг ўзи назорат қила бошлади. Ўзи бу вақтда юра олмасди, уни кўтариб юришарди. Уни ҳар куни бу ерга олиб келишар, у ишчиларга қурилишни тезлатишни, кейин бу ерга қайнатилган гўшт келтириб, хандақнинг ичида ишлаётганларга ташлашни, баъзида танга пуллар сочишни буюради. Айрим ҳолларда пиширилган гўштни бинокор ва меъморларга ўз қўли билан кесиб берарди. Шу йўсин қурилиш кечаю кундуз давом этарди”.
Китобда, буюк бобомиз ҳаётидан олинган бундай оддий ва ўта таъсирли ҳикоялар кўплаб келтирилган. Бу ҳикояларда хавф-хатарга қарши аниқ чора-тадбирлар қандай қўлланилгани, бобомиз афсонавий одам эмас, балки ўзларини кичик сарбоз сингари тутиб, матодан тўқилган кўйлакда жангчиларга қўшилиб, жангга кириб кетаверадиган, ҳар лаҳза, бошида юзта хатар айланиб турганда ҳам ақли олмослиги, заковати буюклиги туфайли нажот йўлини топа билганлиги тасвирланади.
Амир Темур бобомиз болаликларида ўртоқларига: “Сен фалон мамлакатга подшоҳ бўласан”, бошқасига: “Сен фалон шаҳарни бошқарасан”, яна бирига: “Сенинг измингда фалон амирлик бўлади” дер эканлар. Кейинчалик, шу ўртоқлари бир умр бобомизнинг ёнида юриб хизмат қилганлари, бирлари амир, бирлари ўзга вилоятда ҳокимлик қилганлари айтилади. Худди, шу рағбатлантириш усулини тўрт юз йилдан сўнг Наполеон Бонапарт ҳам қўллаб, бир ярим минг аскарга Фахрий легион орденини улашган, ўн саккиз генералга бирданига “Франция маршали” унвонини берган, қўшинини эса “Буюк армия” деб аташларини буюрган ва бу мақом Наполеонга улкан ғалабалар, сўнмас шон-шуҳрат келтирган.
Амир Темур ҳаётини ўрганиш қалбимизга битмас-туганмас ифтихор бағишлайди.
Китоб — мактуб. Олис ўтмиш қаъридан бизга юборилган мактуб. Оддий мактуб эмас, буюк бобомиз ҳақида ҳужжатнома — шаҳодат дафтари. Миллатимиз буюклиги ҳақида ёзилган достонларнинг бири.
Бир пайтлар Расул Ҳамзатов ўтмиш ҳақида ёзиб, танқид тўфонида қолганида: “Отни айбламанглар, йўлни айбланглар!”, деганди.
Бугун энди йўл ўзгарди, тузум янгиланди. Истиқлол шарофати билан буюк имкониятларга эга бўлдик. Энди ҳам баъзи замондош ёзувчиларимизнинг ўтмиш ҳақидаги китоблари ўқувчида эсноқ уйғотадиган бўлса: “Йўлни айбламанглар, отни айбланглар!”, дейишдан бошқа иложимиз қолмайди.