Муҳаммад Али. Улуғбек Мирзо шарофати (парча)

Мордин қамали қарийб икки ойга чўзилди.
Икки ой давомида жувонмарг ўғли Умаршайх Мирзонинг сиймоси Амир Темур кўз ўнгидан кетмади. Шартаки, бироз қўрс табиатли, юмалоқ юзли, кўзлари онасиники — соҳибқирон канизак Тўлун оқани жайронники сингари чиройли чашми шаҳлоси туфайли дилдан суярди. Исмига муносиб тўлин ойдай гўзал аёл эди Тўлун оқа!
Кўнгли бесаранжом бўлиб ҳар уч кунда Султонияга чопар йўллар, янгиликлар борми, деб сўратар, келишини кутмай, яна янгисини юборар, Сароймулкхонимдан хабарлар тиларди. Кенжа келини, Шоҳруҳ Мирзо хотини Гавҳаршодбегимнинг ой-куни етиб турибди… Оллоҳ қандай набира ато этар экан? Берса, умри билан берсин ишқилиб…
Барча маликаларнинг онахони бўлиб йиғлай-йиғлай, Умаршайх Мирзонинг дастлабки маросимларини ўтказган Сароймулкхоним, Шероздан Султонияга тезроқ қайтиш чорасини излади. Унинг ташвиши ҳам ўша… ўн беш ёшли келинчак, салтанатнинг нуфузли амирларидан Ғиёсиддин тархоннинг қизи Гавҳаршодбегим… Шоҳруҳ Мирзо хонадонида биринчи фарзанд кутилмоқда….
…Милодий 1394 йил Наврўз кунлари бутун Турон мамлакати учун қутлуғ келди:
— Соҳибқирон келинлари, малика Гавҳаршодбегим салтанатга паҳлавон ўғил ҳадя этдилар! — суюнчилади чодирдан чиққан доя хотин.
— Вой, ўғил!.. Ўғил!.. Оҳ-оҳ! — Сароймулкхоним қичқириб юборди. У ўзидан кўра ҳам, соҳибқироннинг қанчалар қувонишини хаёлидан ўтказди.
Маҳди улё дояга тайёрлаб қўйган суюнчи — попукли гулдор ҳамённи узатди. Чақалоқнинг қулоғига азон айтдириб, Турон тупроғидан олдириб турпоқлатди. Ирим қилиб, кичик чилласини ўтказгачгина, соҳибқиронга чопар йўлламоқни кўнглига тугди. Кейин ўйлаб-ўйлаб, хушхабарни ҳазратга биров орқали эмас, ўзи етказиши лозимлигини англади. Ўзи бориб қутласин, соҳибқироннинг Умаршайх Мирзо мусибатидан чўкиб қолган кўзларида шодлик учқунлари чақнаганини кўриб, ўзи ҳам қувонсин… Чақалоққа исм айтсунлар, суюнчисини ҳам узатиб қўйсунлар… Кейин, бошқа зарур гапи ҳам бор катта маликанинг…
Мордин қалъаси эса ҳамон бўй бермасди. Баланд қоядаги шоҳчодирда машварат чақирилди. Кечагина Андхойдан қайтган пири муршид Мир Саййид Барака, валиаҳд Муҳаммад Султон, Мироншоҳ Мирзо, амирлар, саркардалар соҳибқирон сўзларини эшитишга муштоқ эдилар.
— Оллоҳ шоҳиддурки, инсофга чорлаймиз, деб шунча вақтни бой бердик. Сабр этагини тутдук… Қалъа бамисоли бокира қиздек ёнига кимсани яқинлаштиришни истамайдур… қўрғонимиз энг баланд қояда жойлашган, бировнинг қўли етмайди, деб хомтама бўлғонлар шекилли… Энди ўзларидан кўрсунлар! Қалъа таг-тугидан қўпорилсун! Мордин ҳам, ичиндағи қалъаи ал-Боз ҳам! Манжаниқлар ишга солинсун! Кўчма миноралар тиклансун! Шафқат қилинмасун!
Амир Темурнинг қарори қатъий эди. Худди Умаршайх Мирзонинг ўлимига Хармотур қалъасидагилар эмас, балки мординликлар айбдордай туюлди соҳибқирон назарида… Шу топда ўзи ҳам жангга отиладигандай алфозда, сабрсизланганча у ёқдан-бу ёққа юрарди.
— Ҳали улар бизни яхши билмайдурлар, билғонларида кеч бўладур! — деди қалъа ёққа тикиларкан соҳибқирон.
Гарчи ҳукмдорнинг айтган сўзи отилган ўқ эканлигини билса ҳам, Муҳаммад Чуроға додхоҳ ноумид-шайтон, қабилида иш тутиб, бир уриниб, соҳибқиронни ниятидан қайтармоқчи бўлди. Аммо Амир Темурга боқиб даҳшатга тушди! Ҳамиша соҳибқирон чеҳрасини безаб турадиган мулойим нигоҳлар йўқ, аксинча, кўзлар қисилган, қўл соқол учида, пурғазаб ҳукмдор фавқулодда жунбушга келган… Шундай ҳолат Исфаҳон воқеасида, даставвал исфаҳонликларнинг уч минг солиқчини ноҳақдан ўлдирганларини билганида, кейин эса ўлганлар калласидан минора ясаганларини эшитганида юз берганлигини Муҳаммад Чуроға додхоҳ ўз кўзи билан кўрган.
Додхоҳнинг кўнглини, шубҳасиз, амирзодалардан бири, Мордин ҳокимининг беадаблиги туфайлигина шундай мустаҳкам қалъа бузилиб ташланадирму, салтанатга мустаҳкам қалъалар ҳам керак-ку, афв этингиз, дея сўрайди, деган умид илитиб турарди. Балки пири муршид сўзга оғиз очарлар?
Аммо ҳеч ким сўз қўшишга ботинмади. Ўзи энди гапирмоққа тараддудлана бошлаган ҳам эдики, соҳибқирон буюрди:
— Мамат! Фармон қўшинга етказилсун!
Ортиқча гапга ўрин йўқ эди. Машварат тугагач, барча қалъа тараф йўналди.
Амир Темур шоҳчодир олдидаги муваққат тахтда асаби таранглашган ҳолда ўлтирар, кенг пешонасидаги тириш сира кетишни истамасди. Мир Саййид Барака тахтнинг ўнг томонида, Муҳаммад Чуроға додхоҳ чапда ёзилган тўрт қават ипак кўрпачаларга тиз чўкдилар.
Бурғулар ўкраб, ноғоралар чалиниб, карнайлар садо берди. Даҳшатли жанг бошланди. Одатда, навкарлар қалъа рўпарасига тўрт қаватли даббаба — кўчма миноралар ўрнатишар, уни юрувчи қалъа ҳам дейишарди; журъатли навкарлар қўрқмасдан мустаҳкам сандиқларда қалъа оғзигача кўтарилишар, мардона жангга киришардилар. Ҳозир ҳам шундай бўлди… Қалъанинг тўрт томонида кўкка бўй чўзган адил тераклардай ўсиб чиққан миноралар мординликлар юрагига қўрқув солди. Тепаликларга ўрнатилган арродалар1 тинимсиз ёғдирган тошлардан қалъа деворларида рахналар кўпайиб борар, ҳар жой-ҳар жойда шотини шотига улаб, деворга тирмашаётган жасур жангчилар кўзга ташланарди. Борлиқни чанг-тўзон қоплади, сурон қўпди.
— Мамат! Миср султони Барқуқ “ҳе” йўқ, ”бе” йўқ, ҳали бунинг жавоби бор, деб ўйлаб ўлтирмасдан, Бағдоддан юборилган элчимизни қатл қилдирибдур, элчилик русумида бу оқланмайдур… Сабаби нимада эркан? — сўради босиқ Амир Темур. — Мактубларимизга жавоб юбормайдур. Ғуломимиз Отламишбек бир йилдан ўтди, ҳамон зиндонда ётибдур… Наҳот яхшилик йўли бирлан буни ҳал этиш мумкин эрмас?
— Тинғчиларнинг хабарлари рост чиқди, Амир соҳибқирон! — вазиятни изоҳлашга уринди Муҳаммад Чуроға додхоҳ. — Сизга айтсам, Миср султони Барқуқ Рум императўри Боязид Йилдирим билан тил топишган шекилли. Бир-бирларидан ис олишгани аниқ. Шунга ишониб, ножўя хатти-ҳаракатларга бормоқда. Йилдирим Миср билан дўстлашиш баҳонасида қўшинларига ҳамма чегараларни бузиб, Мосулгача боришни буюрибди. Синжар ва Қайсария ҳокимлари султон Барқуққа элчи юбориб, ўзларининг тобеъ эканликлари ва унинг номи хутбага қўшиб ўқилаётгани ҳақида суюнчиладилар… Султон Барқуқ Султон Аҳмад жалойирни тағин Бағдод тахтига ўтқазиш ниятидадур…
— Оқил кенгашингизга қулоқ солмаса, бу уларнинг яхши-ёмоннинг фарқига бормай қолғонларидан далолатдур, Амир соҳибқирон! — деди хаёлларга берилган Мир Саййид Барака.
Жимлик чўкди. Қалъа томонга тикиларкан, Амир Темур ниҳоят сўзга лаб очди:
— Миср султони душманимиз Султон Аҳмад жалойирга бошпана берди, уни ўз мамлакатидан чиқариб юбориш ҳақидаги талабимиз ҳам бежавоб қолди…
— Кеча сўнгги мактубимизга Султон Барқуқдан жавоб олдик, Амир соҳибқирон…
— Шундайми?
— Билдиришга журъат етмади… Бу бадхоҳ элчиларимизни ўлдиртирадур, зиндонга ташлатадур, ўзини осмон фаҳмлайдур, борган одамларимиз олдида: ” Мен фақат Боязид Йилдиримдан қўрқамен! Бошқаси писанд эмас!” — дер эмиш ҳар гапида…
— Бировдан қўрқиш-қўрқмаслик ҳар кимнинг кўнгил хоҳиши, аммо ҳурмат айламоғи шарт! — деди соҳибқирон, кейин ўйланганча қўшиб қўйди: — Ҳа, улар бизни билмайдурлар, аммо билганларида кеч бўладур.
Жанг рафт-омадини кузатар экан, Амир Темурнинг кўзи, иттифоқо, кунчиқар томонга, Кўкча денгиз йўлига тушиб қолди. Олисда катта уғруқ қораси кўринди. Туя устида маҳобатли яшил тахтиравон чайқалиб келарди. Юраги бир қалқди. Наҳотки, бу, ўша азиза-ю мукаррама маҳди улё Сароймулкхоним маофаси?! Туғи ўхшаб турибди. Ўшамикин? Соҳибқироннинг юраги қаттиқ-қаттиқ ура бошлади.
Шу палла мулозим Муҳаммад Чуроға додҳоҳга Ширвон султони Шайх Иброҳимдан чопар етганлигини билдирди. Додхоҳ мактубни икки қўллаб соҳибқиронга тутар экан, ташвишланганини яшира олмади:
— Тинчлик бўлсин, ишқилиб… Худо пошшо эгам, деганлар.
— Савоғини еч-да, мактубни оч! — буюрди хотиржам Амир Темур.
Соҳибқирон мактубни ўқий бошлади, у қисқа ва лўнда ёзилган эди:
“Соҳибқирони комкор Абулмузаффар Амир Темур Кўрагон ҳазрати олийларига етиб маълум бўлғайким, Оллоҳнинг паноҳида тўрт кўз тугал юрибдурбиз. Юрту эл омонда, сарҳадлар тинчу дориломон… эрди. Бутун фикру хаёллари, саъю саботлари Оллоҳнинг бандаларини бахтли айламак янглиғ оламжаҳон ташвиш бирлан банд валинеъмат соҳибқирон фароғатларини бузмакка журъат этғонимдан бағоят озурдамен… Бир ой аввал Олтин ўрда хони Тўхтамишхон оқибатини ўйламай, Ширвон тупроғига оёқ қўйди… Иддаоси кучли, қатли ом қилмак анинг мақсуди эрди. Юртга адашиб кириб қолғон дайди шамолға тоғдек рўбарў бўлдук. Оқибат ул бадбахт Тарак суйи ортига чекинди. Нобакорнинг тутумини кўрсунларким, Шайх Иброҳим Дарбандийнинг Соҳибқирони муаззам ўғли ва тобеъини, Ширвоннинг эса сояи давлатларида эрконлиғини била туриб, писанд этмай бадкорлиқ йўлини танлабдур…
Тинғчиларим сўзларига қараганда, Тўхтамишхон, Ироқ пошшоси Султон Аҳмад жалойир, қорақуюнлилар ҳокими Амир Қора Юсуф ва Миср султони Барқуқ, Рум султони Абу Язидлар бирлан, бир қошиқ қонимдан кечсунлар, ўзларига қарши от сурмакчи эрмишлар… Хаёл қилурбизки, ростдан ҳам ул бебошвоқнинг танобини тортиб қўймак фурсатлари келибдур! Балони қанчалар тез даф қилинса, шунчалар савобдур, дейдилар. Агар ўзларининг табаррук қадамлари тупроғимизга етиб, муборак нафасларидан қувватлансак эрдик, суянган тоғимиз ёнимизда эрконлиғидан ўзимизни нақ осмонларда сезиб, садоқату ихлос камарини белимизга яна ҳам қаттиқроқ боғлағон бўлур эрдик… ”.
— Икки қилич бир қинга сиғмайди-ю, булар тўрттаси бир қуюшқонга сиғмоқни ўйлабди! — заҳархандали кулди Амир Темур қўли иягига чўзиларкан. Додхоҳ унинг кенг пешонасида яна тириш кўрди. — Эшитдингизму, ҳазратим?.. Бандаси кўрнамак эрса, унинг чораси йўқ эркан-да… ҳадисда айтилмиш, ёмон одам ўзига яхшилик қилган одамга то ёмонлик билан жавоб бермагунча бу дунёдан кетмайди, деган ҳикмат нечоғлик ҳақ… Душманларни ҳам дўстга айлантиришга тиришмоқ керак, бунинг учун мол-дунёни аямасмен, ҳамиша кечиримлик мақомини маҳкам тутамен, муросага борамен, урушнинг олдини олиш учун элчилар юборамен, кенгашамен…
— Бор саъй-ҳаракатларингиздан Оллоҳнинг ўзи шоҳид, Амир соҳибқирон, — деди пири муршид. — Кўнгулни кенг тутсунлар!
— “Тузуклар”да битғон эрдингизки, Амир соҳибқирон, — эслатди Муҳаммад Чуроға додхоҳ соҳибқиронни чалғитиш мақсадида. — Менга ёмонлик кўргизиб, бошим узра шамшир кўтариб, ишимга кўп зиён етказғонларни ҳам илтижо билан тавба-тазарру айлаб келгач, ҳурматлаб ёмон кирдикорларини хотирамдан ўчирдум, мартабаларини оширдум, деб…
— Бу — рост. Бироқ Тўхтамишхон бошқача хилидан чиқди. Тўхтамишхонни ўғлим деб атағонимдан кейин тўрт марта кечирибмен, нон-туз ҳурматини ўрнига қўймағон “ўғлим”нинг инсофга келишига ишониблар юрибмен мен содда… Ё раббий! Камина ҳали қафасда бўронни тутмоққа умид боғладимму? Ғалвирда сув оламен деб хомхаёлга бордимму ҳали?.. Аммо бирор марта ҳам унинг ношудлигини юзига солмадум, бу Тўхтамишхоннинг йигитлик, эркаклик шаънини ерга урғон бўлурди. Эркакнинг шаънини ерга урмоқ энг даҳшатли нарса. Эр кишининг бор давлати — унинг шаъни. Агар эркак шаъни поймол бўлса, у ҳолда унда нима қолади?..
Муҳаммад Чуроға додхоҳ соҳибқироннинг кенгфеъллилигидан яна ҳайратланди. Ўзи шамшир ўқталиб, душманлик кўргизиб турибди, бундай мурдорликни, қабиҳликни унинг бетига очиқ айтиш шаънини ерга уриш эмиш. Астағфурилло! қанақа шаън? Шаъни борми ўзи?.. Худо пошшо эгам, деганлар!
— Турон салтанати шаъни-чи? Амир Темур Кўрагон шаъни-чи?.. — сўради додхоҳ, назарида рад этиб бўлмайдиган далиллар келтириб.
— Кечиримлилик расулиллоҳдан умматларга мерос, бунга қаттиқ риоя қиладурлар, Амир соҳибқирон. Лекин додхоҳ жанобларининг куйиб-ёнғонлари ўринли. Ҳар қандай тутумнинг ҳам чегараси бор…
— Чегараси бор, бор… Андишанинг оти қўрқоққа чиқмаслиги лозим. Мақсадингизни англадим, пирим! — деди Амир Темур. — Агар Тўхтамишхонга қарши юрилса, унинг Султон Барқуқ, Амир Қора Юсуф, Султон Аҳмад жалойир, Боязид Йилдиримлар каби иттифоқчилари билан бирлашишига йўл қўймай, амалга ошириш керак… Тобакай Олтин Ўрда бор экан, Туронга тинчлик келмас… Тинчлик учун урушмак лозим…Турон турса бўрон бўлишидан, афсуски, ғанимлар ғофилдурлар, билганларида кеч бўладур…
Тинғчиларнинг янги хабарлари ҳам бор эди, Муҳаммад Чуроға додхоҳ уларни ҳозирча айтмасликка қарор қилди.
Амир Темур яқин орада Самарқандга қайтиш фикридан энди аниқ умидини узди. Самарқандни, унинг боғларини, Ургут тоғларини, Тахти Қароча йўлларини, Шаҳрисабзни соғинди, осмонўпар Оқсаройни кўргиси келиб кетди, жулдурвоқига ўралиб пинҳона дарвеш сифат шаҳар кезиш одати эсига тушиб, кўнгли орзиқди. Оҳ, шундай эмин-эркин юрмоқ баъзан пошшоликдан минг бор афзал кўриниб кетади! Ажабо, салтанат маснадига ўлтирибдики, мамлакат осойишталигини асраш муаммоси олдида кўндаланг туради. Тўхтамишхонни ҳам ана шу ниятда “ўғлим” деб атаганди. Аслида Тўхтамишхон ёмон бола эмас, лекин унинг бузғунчилар йўлига юриши ёмон! Йигирма йилдирки, бундай хавфнинг олдини олиш керак бўлган “ўғил”нинг ўзи балойи офатга айланиб ўлтирибди!..
Соҳибқирон яна Кўкча денгиз йўлига қаради: яшил тахтиравон хийла яқинлашиб қолганди. Ҳа, бу Сароймулкхоним уғруқи экан!
Чиндан ҳам, мулозим Сафарберган виқорли малика маҳди улё Сароймулкхоним ташрифидан хабар етказди. “Не боис, қанчадан-қанча мулозимлар бор эса-да, шундоғ узоқ йўлга катта маликанинг ўзлари отланибдурлар?.. “ — деган фикр кечди Амир Темур хаёлидан.
Тахтиравондан худди ёш қизлардек чаққон ва назокат билан тушган Сароймулкхоним юзидаги ҳарир пардасини хиёл кўтариб, соҳибқиронни тавоф этди, тўнининг пешини уч марта ўпиб, кўзларига суртди. Қалқиб чиққан кўз ёшларини заррин чопон барига оҳиста артиб олишга улгурди. Амир Темурга хуш ёқадиган сириб кийилган тўқжигарранг кимхоб тўн, маликанинг хушбичим қадди камолини бўрттириб турарди.
— Суюнчи берсунлар, ҳазратим, суюнчи!.. — деди маҳди улё сал ортига чекинар экан таъзим қилиб.
Соҳибқирон шошилганча ёнчиғини қидирар экан, излаганини дабдурустдан топа олмас, “Ие!”, “Ие!..” дерди холос. Муҳаммад Чуроға додхоҳ кўрди: соҳибқироннинг ҳалигина ғазабдан чўяндай қорайиб кетган юзларига нур иниб, чеҳраси очилди. Пешонасидаги тириш ҳам ғойиб бўлибди.
— Суюнчи сиздан айлансун, Биби!..
— Шоҳруҳ Мирзо хонадонида ўғил туғилди! Ўғил туғилди, ҳазратим!
— Қутлаймиз, Амир соҳибқирон! Умри билан берсун, илоҳи! — дуога қўл очди пири муршид. — Набира муборак, маҳди улё ҳазрати олиялари!
Сароймулкхоним “қуллуқ” дегандай бош эгди.
Амир Темур мамнун тахтда ўтирган жойидан турди. Халлоқи безаволга салламно! Ахир кечагина эди, Шоҳруҳ Мирзо дунёга келганида суюнчилар улашиб юргани! Энди эса ўғли ўғил кўрибди! Ё раббий! Замон елдек оқмоқда!.. Қувончдан кўзларига ёш қуйилиб келар экан, қўлларини очиб, худога шукурлар қилди. Аммо бир сўз демади. Дарҳол мунажжиму донишмандлар чақиртирилди:
— Қутлуғ амирзоданинг толеъ мавлудини кўздан кечирсунлар! — буюрди соҳибқирон.
Мунажжимлар кенгаша бошладилар. Чақалоқ туғилган пайтда буржларнинг жойлашиш ўрни, толе жадвалининг ҳолати, қуёшнинг қайси буржга бош қўйгани, саодатли кунларга тўғри келиш-келмаслиги ва ҳоказолар ҳақида баҳс кетди.
— Болагинамнинг боласи, қантак ўрикнинг донаси! Данагидан мағзи ширин, деганлари рост. Вой, бирам ширинки, ҳазратим!
Умаршайх Мирзо фожиасидан ҳануз дилгир юрган Амир Темурни фавқулодда қувонч чулғади. Оллоҳ берган умрнинг ҳаммаси ҳам кулфатдан иборат эрмас! Фароғатлари-да бор!.. Бир пайт эгачиси раҳматли Қутлуғ Туркон оқа, нима берса ўзи беради, ўзи олади, деганди. Шукурким, мана, ўзи олиб, яна ўзи берди…
— Амир соҳибқирон! — башорат қилди ниҳоят ёши улуғ мунажжим. — Толеъ мавлудидан аёндурки, шаҳзодаи олийнасаб дунёга подшоҳ бўлғай ва хату илм бобида беназири жаҳон аталғай! Ҳукумат русумида замон Луқмони мартабаси анинг насибасидур!..
— Насибасидур! Насибасидур! — деб қичқиришди бошқалар ҳам.
— Оғзингизга бол! — бош тебратди соҳибқирон. — Мамат! ғазначига буюргил, мунажжиму донишмандларга сарполар инъом этилсун!
Сароймулкхоним маъноли жилмайди:
— Энди исм қўйиб берсунлар! Тайёрлаб қўйғон отлари бор-ку…
— Оталар, боболар умрини фарзандлар, набиралар давом этдиражаклар! Оллоҳдан умидимиз шулдур, иншооллоҳ! Кеча… тонгга яқин бир туш кўрибдурмен, Биби… Падари бузрукворим бирлан юрғонмишмиз. Нечундир гапирмас эмишлар. Ташвишларга ботиб андак фаромуш этдик шекилли… — хижолат чекди Амир Темур. — Набирамизни эски удумларга кўра, отамизнинг исмлари бирлан атағоймиз! Токи ул зот руҳлари шод бўлсун, ҳар лаҳза, ҳар он ёдланиб турсунлар! Бас, унинг номи Муҳаммад Тарағайдур!
— Муҳаммад Тарағай!
— Муҳаммад Тарағай!
— Бироқ уни чорлағонда табаррук исмни улуғлаб, уринтирмаслик лозим, инчунин, лақабини “Улуғбек” деб танладук. Оллоҳ таоло анга улуғлик, буюк мартаба ато этсун!
— Ал-асмоу танзилу минас-само,2 Амир соҳибқирон! — деди Мир Саййид Барака. — Қўйилғон от азалийдур. Улуғбекнинг манглайини ёруғ қилсун!
“Улуғбек бўлсун!”, “Улуғ қилсун!” “Оллоҳу акбар!”, деган сўзлар эшитилди.
Мордин қамали давом этарди.
Пастдан шу палла Ахий Жаббор баҳодирнинг шоҳчодир томон югуриб чиқаётгани кўринди. У ўн қадам нарида тўхтади-да, тиз чўкди:
— Амир соҳибқирон! Чериклар тўрт тарафдан сурон солиб, итоб айлаб қалъа устига чиқдилар! Шаҳар тарафга йўл очилди, душман ҳар томон сочилди! Энг аввал қалъага шимол ёқдан валиаҳд шаҳзода Муҳаммад Султон лашкари қадам қўйди! Қалъа аҳли раҳм-шафқат сўраб ёлворишга тушди, сон-саноқсиз ҳадялардан тўққиз-тўққиз юборишга тайёрдурлар, ниёз йўлини тутиб, хирожу молу манол тўлашга ҳозир эканликларини билдирдилар! Шавкатли амирзода Мироншоҳ жаноблари ушбу хабарни муборак қулоқларига етказиб қўйишимни буюрдилар!
Амир Темур хушнуду масъуд, оҳиста кезиб юраркан, чангу тўзон ичида қолган қалъадан одамларнинг қичқириғи, хотин-халаж фарёди аниқ эшитиларди.
— Оллоҳ таоло бизга набира ато этди! — деди соҳибқирон Мордин тарафга кўз қирини ташлаб. — Ҳақ ўз бандаларига раво кўрган яхши одатлардан бири, шукур айламакдур. Алҳамдилуллоҳ, шукур қиламен, шукронасига Мордин элининг жони-молидан кечамен! Улуғбек Мирзо шарофатидан Мордин аҳлининг гуноҳларидан ўтдум! Қатли ом тўхтатилсун, барчага омонлик берилсун!
— Оллоҳ умрингизни узоқ қилсун, Амир соҳибқирон! — мамнунлигини яширмади пири муршид.
Қийқириқ атрофни тутди. Айниқса, бу Муҳаммад Чуроға додхоҳга жуда хуш келди. У Амир Темурнинг узугига пинҳона қараб қўйганини фаҳмлади.
— Амир соҳибқирон салтанатлари бардавом бўлсин, илоҳи! — дуога қўл кўтаришди елкаларига сарполар ташланган мунажжимлар. — Дориломон замонлар келғонига шукурлар этайлик!
Мунажжимлар таъзим-ла аста ташқарига чиқдилар.
— Баҳодир! — қаради Ахий Жаббор баҳодирга Муҳаммад Чуроға додхоҳ. — Шитоб бу фармонни черик аҳлига етказайлик! Токи бандалар қони тўкилмасун! Ажаб толеъи очиқ манглайи ёруғ банда, жавонмарддурсенки, ўлим ҳақида хабар эвазига ҳаёт ҳақида мукофот била қайтаётирсен!
— Қуллуқ! Қуллуқ! Яратганнинг буюрғони… Кўнглимиз очиқ, додхоҳ жаноблари!..
Улар Мордин томонга йўналдилар. Кўп ўтмай қалъа деворига чиққан жарчиларнинг ўктам саслари янгради. Йиғи ва кулгу овозлари эшитила бошлади.
Амир Темур катта маликани бошлаб шоҳчодирга кирди. У масрур эди, худди Улуғбек Мирзо туғилиб, салтанати умрини абадиятга улаб қўйгандай туюлиб кетди. Олам гўзал, дунё ширин, қутлуғ мужда еткизган Сароймулкхоним офтобдай балқиб, чодир ичини ёритиб юборгандай бўлди. Беихтиёр суюкли хотинини қучоғига олди, соқолини ботириб маликанинг ҳамиша бўсаларига муштоқ чап юзидаги чиройли қора холидан ўпиб-ўпиб қўйди. Сароймулкхонимнинг вужудига ширин титроқ югурди, ўзини таниш туйғулардан беҳол сезди…
______________
1 Аррода — жангда, қалъа деворини бузишга, катта тошларни узоққа отишга мосланган махсус қурилма.
2 Исмлар осмондан инади(арабча ибора)