Абу Али ал-Муҳассин ат-Танухий. Гувоҳ (ҳикоя)

Саховатпеша ва серзавқлиги билан машҳур бўлган Амир ар-Расибий ўз мулозимларига зиёфат бермоқда. Бир чеккада машшоқлар куйлаб турибди. Давра аҳли деярли гап-сўзсиз тановул ила машғул экан, улкан мис товоқ кўтарган хизматчи кирди. Товоқдан қуюқ буғ ва димоғни қитиқлагувчи хушбўй ҳид тараларди. Бу давранинг жонланишига сабаб бўлди.
Мис товоқ Амирнинг олдига қўйилди. У мийиғида кулимсираб, даврани бир қур кўздан ўтказди-да, кўп маҳтал қилмай, рухсат маъносида бош ирғади. Қовурилган беданалар қўлма-қўл узатила кетди. Амир Расибийнинг ўзи ҳам бир беданани қўлига олди-да, давра этагида тамшаниб, оҳ-оҳлаб турган шоп мўйловга итқитди.
— Жобир, ушла!
Жобир ўзига аталган туҳфани мушукдай илиб оларкан, дарҳол тиззасида туриб, таъзим қилди.
— Қуллуқ Амир жаноблари!..
— Ош бўлсин, — деди Амир илжайиб. Кейин созандаларга юзланди. — Машшоқларнинг машқи пастроқми, дейман-а?!
— Шундай, шундай, — дея қувватлади давра.
— Уларга шаробдан қуйинг, ҳа, шундоқ бўлсин!.. Беданадан узатинг, мана, оҳ-оҳ жонивор-а!..
Машшоқлар мусиқа бошларкан, этакдан кимнингдир ҳиринглаб кулгани эшитилди. Ҳамманинг диққати ўша ёққа қаратилди. Кулаётган Жобир эди. Машшоқлар иккиланиброқ давом этишди.
Амир ар-Расибий Жобир тарафга нохушроқ қараб қўйди. Жобир пайқамади.
— Ҳм, Жобир, шайтонинг қўзидими, дейман! Кулгили гап бўлмади чоғи!..
— Узр, Амир жаноблари!.. Манови бедана кулгумни қистатди… — гапини тугатмай яна хохолаб кулиб юборди. Амирнинг қовоғи баттар уюлди. Машшоқлар куйлашдан тўхташди. Жимлик чўкди. Амир даврани совутмаслик учунми, ҳазиломуз деди.
— Шунча кулгили экан, бизни ҳам огоҳ эт. Биз ҳам кулайлик. А, нима дединглар?!
— Албатта, албатта! — деган пичингли хитоблар эшитилди.
— Амир жаноблари! — Жобир қўлидаги беданани таоми устига қўйиб, кўзачадан шароб хўплаб олди-да, давом этди:
— Бу воқеа босар-тусаримни билмай гуриллаб юрган пайтларим содир бўлган эди… Бир кун десангиз, овлоқ тоғ йўлидан кетаётсам, бир шўринг қурғур учраб қолди. “Тўхта-чи!” дея хўмрайган эдим, тўхтади. ”Ҳамёнингни чиқар!” дедим, миқ этмасдан чиқариб берди. Қарасам, чўғи камроқ. ”Яна борми?” десам, ”Бори шу эди” дейди. ”Эмасам, кийимларингни еч”, дедим. Яна индамасдан ечинди. Бошқа иложи ҳам йўқ эди-да, қўлимда исфаҳоний ханжар ярқираб турибди… Хуллас, битта иштонда қолди. ”Энди, бор, кет!” дедим. Кетди.
Ҳалиги кетиб боряпти-ю, юрагимга олов тушди. Э, дедим, нега миқ этмади, дод-вой қилмади!.. Демак, бир балоси бор. Ҳозир шерикларини топиб келади-да, менинг додимни беради. “Тўхта!” деб ҳайқирдим-да, орқасидан чопдим. Индамай кутиб турди шўринг қурғур. Лекин важоҳатимдан энди тамом бўлишини билдими, дағ-дағ титрашга тушди.
— Ҳамёнимни олдинг, кийимларимни олдинг, яна менда нима қасдинг бор?! Мени қўй энди, йўлимга кетай, — дея ёлвора бошлади.
— Мени сендамас, сени менда қасдинг бўлиши мумкин, сени ўлдираман, дедим. Тўғриси ҳам шу-да, айтиб бўладими!.. Кейин нима бўлди, денг, ҳалиги бечора атрофга аланглай бошлади, қаники бирор зот кўринса-ю, уни чангалимдан қутқариб олса. — Жобир қиқирлаб кулди. — Бир пайт денг, ҳов ўнгирда юрган беданага кўзи тушиб қолди бечоранинг. Ўшанга қараб бақира кетса бўладими!
— Ҳой, бедана, кўриб қўй, мени бегуноҳ ўлдиришяпти. Оллоҳ олдида сен гувоҳ бўлгин!
Мен бўлсам кула-кула уни чавақлаб ташладим-да, йўлимда кетавердим.
Жобир сўзидан тўхтаб, ютоқиб шароб симирди. Бу пайтда Амир Расибий қаршисида турган беданага тикилган кўйи оғир хаёлга ботган, бундан давранинг нафаси ичига тушиб кетган эди. Фақат лақма Жобиргина вазият қалтислигини фаҳмламай, лақиллашда давом этди.
— Ишонсангиз, Амир жаноблари, қачонлар эсимдан чиқиб кетган эди бу гап. Ҳозир манавини кўришим билан лоп этиб эсимга тушди-да, кулиб юбордим. Ростданам кулгиси қистайди-да одамни, шундай эмасми, Амир жаноблари?! Ҳеч бир замонда тилсиз бедана ҳам гувоҳлик бера олармиди!
Амир бошини кўтариб, унга қаҳрли нигоҳини қадади.
— Гувоҳлик бериб турибди-ку!..
Жобир Амирнинг авзойидан довдиради.
— Қўйсангиз-чи, Амир жаноблари, қанақа қилиб тилсиз, забонсиз жонивор…
— Аллақачон гувоҳлик бериб бўлди! Биз сенинг қароқчилигингни кечирган эдик. Лекин қотиллигингни Оллоҳ кечирмаган экан. Мана, мендек бир қули олдида сени ўз қотиллигингга иқрор қилди!
— Амир жаноблари, мени кечиринг, мен…
— Оллоҳ кечирмагандан кейин менинг иложим йўқ!.. Жаллод!..
Икки барзанги кириб ғоз турди.
— Буни олиб чиқиб, бошини танидан жудо қилинг!
Жобирни додлатиб олиб чиқиб кетдилар. Амир дастурхонга тикилганча жим қолди. Сукунат. Орадан бир-икки лаҳза кечгач, аллақаердан бедана сайроғи қулоғига чалингандай бўлди-да, чеҳраси хиёл ёришди…

Орзиқул Эргаш таржимаси